Нурбой Абдулҳаким. “Фирдавсу-л-иқбол”нинг адабий-эстетик қиймати

Қарийб бир ярим асрдирки, Мунис томонидан бошланиб, Огаҳий ниҳоясига етказган “Фирдавсу-л-иқбол” асари адабиётшунос, матншунос ва тарихшунослар эътиборини тортиб келади.

“Фирдавсу-л-иқбол”нинг тўққизта қўлёзма нусхаси мавжуд бўлиб, улардан иккитаси, Россия Фанлар академияси Санкт-Петербург Шарқ қўлёзмалари интитутида (инв. С 571 (590 оа), Е-6-1 (590 ов), олтитаси Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти хазинасида (инв. 821/1, 5364/1, 9979/1, 5071, 7422, Ҳ. Сулаймонов номидаги фонд. 275/1), яна бир нусхаси эса Хельсинкида сақланмоқда.

“Фирдавсу-л-иқбол” бадиий-тарихий насрда Огаҳий учун катта тажриба мактаби бўлгани, шубҳасиз. Бу асарни ёзиш жараёнида орттирилган тажриба кейинчалик шу турдаги бошқа асарларини ёзишда унга қўл келгани аниқ.

Муниснинг ёзишича, Хива хони Элтузархон уни ўз саройига чақириб, бундай амр қилади: “…керакким, бизнинг насаби ҳумоюнимизни сўз девонида курсинишин ва аждоди амжодимиз асомийсин тарих хотамида нақши нигин қилсанг ва ўз ҳолотимиз ва баъзи футуҳотимиз билаким, зийнати афсона ва носихи “Шаҳнома”дур, назм риштасиға дурри макнун терсанг ва наср бисотиға гуногун зийнат берсанг, то бўлғайким, даврон саҳоифи фано тундбоди била паришон бўлуб, олам кошонаси адам сели била вайрон бўлғунча авсофи ҳамидамиз замон авроқида боқий қолғай ва зикри писандидамиз жаҳон мажолисида салотин базмиға шўриш солғай”. (Munis Shir Muhammad Mirab and Agahi Muhammad Riza Mirab. Firdaws al-iqbal: History of Khorezm. Ed. by Yu. Bregel. Leiden: Brill, 1988, Р.18. – Мақола Юрий Брегель тайёрлаган ана шу илмий-танқидий матн асосида ёзилди – Н.А.).

“Фирдавсу-л-иқбол” дебоча ва муқаддимадан ташқари беш бобдан таркиб топган. Бу ҳақда Мунис қуйидагича маълумот беради: “…бу мухтасар шуруъиға хомаи ибтидо сурулди, чун баҳори иқболи соҳибқироний била фирдавсдек зийнат топиб эрди, биноан алайҳ “Фирдавсу-л-иқбол”ға мавсум бўлди. Бир муқаддима, беш боб, бир хотимаға тақсим топти. Ҳазрат Изиди комбахшдин умид улким, унвони ифтитоҳин татаммаи ихтитомға мавсул ва муқаддимаи оғозин хотимаи анжомға машмул қилғай…. Муқаддима баъзи махсусоти аълохоқоний зикридаким, осори иқболи соҳибқироний эрди. Аввалғи боб ҳазрат Одам алайҳиссалом ижодидин (яратилишидан – Н.А.) Нуҳ алайҳиссалом авлодиғача мазкур бўлур. Иккинчи боб Ёфас алайҳиссаломдин қўнғирот шўъбасиғача мўғул подшоҳларининг зикрида. Учунчи боб Қурлос авлодидин подшоҳлиқ маротибиға етганлар зикридаким, сўнги Абулғозихон ибн Ёдгорхондур. Тўртунчи боб ҳазрат подшоҳи соҳибқироннинг аждоди киром ва абои зу-л-эҳтиромининг зикрида. Бешинчи боб ҳазрат подшоҳи соҳибқироннинг валодати ҳумоюнидин бу рисолаи саодатмақола итмомиғача ҳар вақоеъким осори соҳибқиронийдин вуқуъ топмиш ва вуқуъ топғусидур – зикр қилилур. Хотима авлиёйи изом ва уламои киром ва умарои зу-л-эҳтиром ва соҳибдавлат беклар ва закийтабъ шоирлар ва донишманд фозиллар ва фалотунфитрат ҳунармандлар ва баъзи умури ғарибаким, ҳазрат подшоҳнинг айёми майманатанжомида вуқуъ топибдур, алар ҳикоётиға махсусдур”.

Мунис асарнинг композицион тузилишини ана шундай режалаштирган. Бироқ бир қанча сабабларга кўра, муаллифга асарни ушбу режа асосида ниҳоялаш насиб этмаган. Биринчидан, адиб асарнинг энг қизғин воқеалари тасвирини ёзаётган кезда Муҳаммад Раҳимхон унга Мирхонднинг машҳур “Равзату-с-сафо”сини ўзбек тилига таржима қилиш вазифасини топширади.

Иккинчидан, 1929 йили Муниснинг вафот этиши, бу режанинг амалга ошишига монелик қилади.

Ана шу сабабларга кўра асарни Огаҳий давом эттирди ва ниҳоясига етказди. Бироқ, адиб бу ишга орадан ўн бир йил ўтгач киришган. Сабаби, Мунис вафотидан кейин Огаҳийга “Равзату-с-сафо” таржимасини давом эттириш вазифаси юклатилади. Шундан кейингина Элтузархоннинг ўрнига Хива тахтига чиққан Оллоҳқулихон даврида, унинг фармонига кўра Огаҳий “Фирдавсу-л-иқбол”ни давом эттириб, ниҳоясига етказади.

“Фирдавсу-л-иқбол”нинг тарихий илмий асар эмас, бадиий-тарихий наср намунаси экани нималарда кўринади? Биринчидан, ҳар қандай асарнинг хусусияти унинг тилида, ифода усулида намоён бўлади. “Фирдавсу-л-иқбол” сажъли насрда, бадиий услубда ёзилган. Ахир, унда тарихий воқеалар баён қилинганку, тарихий асар деб номланиб келгани сабаби шуку, деган эътирозга жавобан айтиш керакки, гап қандай материал қаламга олинганида эмас, унинг қай тарзда ифодаланганидадир. Ушбу фикр исботи учун асардан биргина парча келтириб, таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз: “…жаҳон фозилларининг афзали ва замон комилларининг акмали, фазлу дониш тенгизининг тимсоҳи, ақлу биниш сафинасининг маллоҳи, илм қуёшининг матлаъи ва камол аҳлининг маржаъи, ҳаллоли мушкулоти дақойиқ, кашшофи ғатоёйи ҳақойиқ, фазоилмаоб, камолотинтисоб, яъни Мунис мироб…”

Огаҳийнинг устози Мунисга бўлган эҳтироми ифодаси бўлган ушбу иқтибосда ўн бир сажъланувчи қисм мавжуд: жаҳон – замон, фозилларининг – комилларининг, афзали – акмали, фазлу – ақлу, дониш – биниш, тимсоҳи – маллоҳи, матлаъи – маржаъи, ҳаллоли – кашшофи, мушкулоти – ғатоёйи, дақойиқ – ҳақойиқ, фазоилмаоб – камолотинтисоб – Мунис мироб.

Улардан биринчи, учинчи, бешинчи, олтинчи, еттинчи ва ўнинчи сажъланувчилар мутавозий (ҳам вазн, ҳам қофияда мослашувчи); ўн биринчиси мутарраф (вазнда мослашмаган), иккинчи, тўртинчи, саккизинчи ва тўққизинчиси эса мутавозиндир (вазнда мос, қофияда мослашмаган).

Маълумки, сажъ ҳосил қилувчи сўзлар «фосила» деб аталади. Ҳар бир фосила ўзидан олдинги сўзлар бирикмаси билан сажънинг бир бўлагини ташкил қилади ва «қарина» деб юритилади» (шеъриятдаги, аруздаги фосиланинг бунга алоқаси йўқ). Огаҳий насрида сажънинг юқорида баён этилган барча шаклий сифатларини кўриш билан бирга, сажъланувчиларнинг жойлашишида ҳам ўзига хослик кузатилади. Юқоридаги жумлада тимсоҳи ва унга сажъланувчи маросими фосилаларининг ҳар биридан олдин биттадан сўз қўлланган. Баъзан фосиладан олдин бир ва унга сажъланувчидан аввал бир неча сўз қўлланиши ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Юқоридаги иқтибосда аксар сажъланувчилар орасида қарина мавжуд эмас.

Асарнинг бадиий-тарихий наср намунаси эканига иккинчи далил, юқорида таъкидланганидек, Муниснинг уни ёзишга амр этилганида хон тилидан битилган: “назм риштасиға дурри макнун терсанг ва наср бисотиға гуногун зийнат берсанг”, сўзларидир.

Учинчидан, бадиий-тарихий наср намунаси худди халқ оғзаки ижодига мансуб достонлар каби, Мунис ва унинг буюк салафлари Рабғузий, Мирхонд, Хондамир ва Абулғозининг шу сирадаги асарлари анъанасига кўра назм билан зийнатланиши шарт эди. Асар худди шу усулда ёзилган. Ундаги назм намуналари сажъли насрда битилган фикрларни тасдиқлаш, тўлдириш, уларга изоҳ бериш ва, ниҳоят, асарнинг бадииятини, поэтик жозибасини ошириш мақсадларига хизмат қилади.

“Фирдавсу-л-иқбол” матнига қасида, ғазал, маснавий, қитъа, рубоий, фард, таркиббанд, таърих сингари жанрларга оид қарийб олти минг мисра шеър киритилган. Шундан беш минг мисрага яқини асарнинг Мунис ёзган қисмидан, 1022 мисраси эса Огаҳий ёзган қисмидан ўрин олган.

С.Рўзимбоев ва А.Аҳмедовларнинг “Фирдавсу-л-иқбол”даги адабий жанрлар ҳақида” (“Ўзбек тили ва адабиёти” журнали, 2009, 6-сон, 19–24-бетлар) мақоласида асарга кирган шеърларнинг жанр хусусиятларига оид анча керакли маълумотлар берилиши баробарида, бир қатор нуқсонларга ҳам йўл қўйилганини қайд этиш керак.

Биринчидан, мақолада жанр истилоҳи ноўрин қўлланади, муаллифларнинг шеърий жанрлар ҳақидаги тасаввури чала кўринади. Масалан, улар бундай ёзишади: “Мунис томонидан асарда истифода этилган поэтик жанрлар орасида (?) назм, шеър, мисра, абёт, манзума, матлаъ, мақтаъ каби атамалар учрайдики, бу номланишларга муайян изоҳлар беришга тўғри келади”. Таъкидлаш керакки, назм, шеър, мисра, абёт, манзума, матлаъ, мақтаъ каби истилоҳларнинг “Мунис томонидан асарда истифода этилган поэтик жанрлар”, дейилиши мутлақо тўғри эмас.

Назм номи остида берган шеърлари шаклининг маснавийдан фарқи йўқдек кўринади”, дея, гўёки, муаммога ойдинлик киритишмоқчи бўлишади муаллифлар. Бу ҳам ҳолва. “Бироқ айрим ҳолларда назмнинг қофияланиш тизими ўзгаради ва ғазал шаклига ўтади” ёки бошқа ўринда, “Тарихнависнинг “шеър” номи остида берган намуналари ҳам кўп ҳолларда маснавий шаклида битилган, айримлари ғазал шаклида қофияланган”, дейишар экан, улар, гўёки, янги-янги “илмий кашфиёт”ларни очишади. Мунис бу сарлавҳалар остида баъзан маснавийни, айрим ҳолларда ғазал ва исталган бошқа жанр намунасини бериб кетаверган. Бир вақтлар келиб, “мутахассис”лар “Фирдавсу-л-иқбол”да “назм”, “шеър” сарлавҳаларида тақдим этилган асарларнинг қайси жанрга мансуб эканини ажрата олмаслигини адиб қаердан ҳам билсин, ахир?!

“Мунис назм ва шеър номи остида берилган намуналарни умуман шеърият сифатида қараган ва воқеалар характерига қараб, уларни турли шакллар воситасида ўқувчиларга ҳавола қилган”, деган хулоса эса янада ажабланарли. Савол туғилади: Мунис назм ва шеър номи остида берилган намуналарни умуман шеърият сифатида (?) (таъкид бизники – Н.А) қараган бўлса, бошқа ном остида берилган намуналарни нима деб қараган экан?!

Мумтоз шеъриятда фард деган жанр бор. “Фард” атамаси “якка, ёлғиз, ажралган” маъноларини англатиши, мумтоз шеъриятда ягона байтдан иборат тугал маънони англатган жанр экани ҳеч кимга сир эмас. Юқорида қайд этилган мақола муаллифлари ҳаммага аён ана шу ҳақиқатга “ислоҳ” киритадилар. Улар: “Асар таркибидаги фардлар асосан икки мисралик бўлиб, бир-икки жойда унинг тўрт қаторлик шакли (?) ҳам учрайди”, дея қуйидаги шеърни мисол қилиб келтирадилар:

Олиб қаҳр ила ул жаҳон кишварин,
Қилиб қатл аҳли замон аксарин.
Жаҳон ичра балким киши қўймади,
Улус қонидин ўлгунча тўймади.

Тўғри, “Фирдавсу-л-иқбол” матнида ушбу шеър “Фард” сарлавҳаси билан берилган. Бироқ, мумтоз асар устида тадқиқот олиб бораётган мутахассис бу котибнинг хатоси бўлиши мумкинлигини, мазкур шеърий парча жанр хусусиятларига кўра фард эмас, маснавий (!) эканини ажрата билиши керак эмасми?! Синчков тадқиқотчи зарур ўринларда котибнинг хатосини ҳам тузатиши лозимку, ахир!

“Асарнинг Мунис қаламига мансуб қисмида насрий жанрларга ҳам ўрин берилган. У асарни анъанага мувофиқ наът билан бошлайди ва уни насрий тарзда Қуръон оятлари воситасида баён этади”, дейилади яна мақолада. Аввало, наътни насрий жанр сифатида таърифлаш илмий ҳақиқатга ҳам, оддий мантиққа ҳам зид. Наът – жанр эмас. У – мазмун, у – моҳият. Наът –пайғамбаримиз сифатларининг таъриф-тавсифи. У нафақат насрда, назмда ҳам ёзилиши мумкин. Ғазал, маснавий, қитъа сингари шеърий жанрларда ёзилган маснавийлар учрайди мумтоз адабиётимизда. Илмий мавзуда мақола ёзаётган мутахассис ҳар бир сўзини тарозига солиб, ўйлаб, фикрлаб, кейин қоғозга тушириши зарур. Акс ҳолдаги, юқорида тахлит ноўрин мулоҳазалар, саёз хулосалар келиб чиқади.

Мазкур кўчирмада яна бир хатолик бор. Муаллифлар фикрича: “У (яъни, Мунис) асарни анъанага мувофиқ наът билан бошлайди”. Аслида, “Фирдавсу-л-иқбол” наът билан эмас: “Олиймакон султонларнинг дабдабаи ҳашамати ва гардунтавон хоқонларнинг кавкабаи давлати ул подшоҳи алалитлоқнинг қуллуғи билан интизом топарким…”, дея бошланган ҳамд (таъкид бизники – Н.А.) билан очилади.

“Фирдавсу-л-иқбол”га кирган турли жанрларга оид шеърий матнлар ҳар бири композицион тугаллиги билан алоҳида асар сифатида баҳоланиши мумкин. Шеърий матнлар воқеликнинг насрий талқинини бирор-бир жиҳатдан такрорламайди, аксинча, улар матн яхлитлигини таъминлаши, асарнинг асосий ғоясини ёрқин бадиий бўёқларда, поэтик жозибадорликда ифодалаш ва изоҳлашга хизмат қилиши жиҳатидан юксак адабий-эстетик қийматга эга.

“Фирдавсу-л-иқбол”нинг Огаҳий ёзган қисмидаги шеърий матнлар мавзуига кўра қуйидагичадир: 1) асарнинг ёзилиш сабаби таърифи; 2) хон ва унинг аъёнлари васфи; 3) бунёдкорлик ишлари тавсифи; 4) ҳарбий можаролар тасвири; 5) шикор – ов тавсифи; 6) тўй, спорт ва халқ ўйинлари талқини.

1. Асарнинг ёзилиш сабаби таърифи. Огаҳий “Фирдавсу-л-иқбол”ни давом эттириш вазифаси ўзига юклангани ҳақида, аввал, насрда мана бундай изоҳ беради: “…ҳазрат соҳибқироннинг жулуси саодат маънусининг ўн бешлончи йиликим, сана минг икки юз эллик бешда (1840 милодий йил – Н.А.) эрди, бу бандаи бебизоат ва қалилу-л-иститоат ва бу гўшанишини вайронаи алам ва малолат, аҳқари ибоди малики-л-ваҳҳоб, заифи нажиф Муҳаммадризо мироб ал-мутахаллис би-л-Огаҳий ибн Эрниёзбек биродарзода ва дастпарвардаи Мунис мироб ғафароллоҳу зунубаҳум ва сатара уйубаҳумким, ул ҳазратнинг хизматкори қадимий ва жонсипори самимийи эрдим, ногоҳ жабҳаи аҳволимға дийдаи марҳамати ва носияйи авқотимға айни иноятидин назари кимёасарин солиб, бу паришон авроқким, таркибидин кўнгул мутаҳаййир, балки ақли кулл мутааззирдур, жамъ қилиб, итмомға еткурмакни буюруб, бу дилхастани мазаллат туфроғидин кўтарди ва ифтихорим бошин фалаки даввордин ўткарди”.

Дарҳақиқат, муаллиф олдида масъулиятли вазифа турарди.

Асарни давом эттиришга киришар экан, Огаҳий маснавий йўли билан муножот ёзади. Муножотда шоир жуда қийин, туганмас ишга қўл урганини таъкидлаб, уни поёнига етказишда аллоҳ таолодан мадад сўрайди:

Илоҳо, ман ожизу бенаво,
Туганмас иш этгум дурур ибтидо.
Ҳазин хотиримни етур комиға –
Ки, яъни, ишим етур анжомиға.

2. Хон ва унинг аъёнлари васфи. “Фирдавсу-л-иқбол” бадиий услубда ёзилгани учун унда муаллифнинг адабий-эстетик идеали талқини масаласини ўрганиш зарурати юзага келади. Таъкидлаш керакки, асарда худди шундай идеал хон тимсолида тасвирланган. Бу туркум шеърларда васф этилишича, хоннинг адолати шу даражадаки, адлидан жаҳон мулки обод, у шунчалик сахийки, хайру эҳсонидан улус хотири шод. Биргина мисол:

Ҳотами Тойики карамдур иши,
Халқға бермак бўлубон варзиши.
Ул дағи баҳра олиб эҳсонидин,
Зилласитондур карами хонидин.

Муаллифнинг бу туркум шеърларда муболағали тарзда таърифу тавсиф этишича, агар султони соҳибқирон қаҳр қилса, зулм уйи вайрон, лутф этса, даҳр эли шодон бўлади. Хоразм хонларининг, жумладан, Муҳаммад Раҳимхоннинг салтанат ишларида адолатга интилган маърифатли ҳукмдор эканига шубҳа билдирмаган ҳолда, таъкидлаш керакки, Огаҳий хон ва унинг аъёнлари тасвирида реал воқеликдан кўра кўпроқ ўзининг идеалини васф этган. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, юксак назмий маҳорат билан ёзилган бу туркум шеърлар шоирнинг ижтимоий-эстетик идеалини белгилаш ва ўрганишда принципиал аҳамиятга эга.

3. Бунёдкорлик ишлари тавсифи. Муҳаммад Раҳимхон табиатан бунёдкорликка мойил бўлган. У кўплаб масжидлар, мадрасалар, ёфлар (каналлар), кўприк ва работлар барпо этган. Маълумки, адабий анъанага кўра, бундай иншоотлар қурилиши муносабати билан таърихлар битилган. “Фирдавсу-л-иқбол”да бу мавзу, асосан, маснавийда қаламга олинган. Жумладан, муаллифнинг ёзишича, “Ул овони саодатнишонда Сайёд ҳовлининг иморатиким, ул ҳазратнинг меъмори давлатидин тоза бино топиб, матонат ва истеҳкоми “кааннаҳум бунйанун марсус” (“бамисоли туташ бинолардек”– Қуръони карим, Саф сураси, 4-оятдан) ояти била мансус эрди ва боғи ишратафзоси “ва ман дахалаҳу кона оминан” (“бу ерга кирган омонлик топади” – Қуръони карим, Оли имрон сураси, 97-оятдан) ишоратиға махсус”. Асарда ана шу маълумотдан сўнг қуйидаги маснавий матни келтирилган:

Рашки беҳишт эрди анга ҳар қусур,
Ошиқи онинг эди ғилмону ҳур.
Бош чекибон кўнгири Кайвонғача,
Зирваси ҳам гунбази гардунғача.
Манзари айвони бўлуб дилкушо,
Саҳни ҳавоси эди ишратфизо.
Боғи назоҳатда жинон ғайрати,
Ҳар шажари сарви равон ғайрати.
Беҳад эди меваи алвон анга,
Тенг бўла олмай мазаи жон анга.

Ҳар қандай мавзуда, ҳатто бунёдкорлик ишларининг назмий тавсифида ҳам Огаҳий сўзининг фасоҳати ва балоғати яққол намоён бўлиб туради.

4. Ҳарбий можаролар тасвири. Маълумки, ХIХ аср миллатимиз тарихига таназзул асри сифатида кирган. Хонликлар ўртасидаги зиддиятлар, ички низолар охир-оқибат юртни ижтимоий-сиёсий бўҳронга олиб келди, Русия мустамлакаси гирдобига туширди. “Фирдавсу-л-иқбол”да ана шу ички низолар, зиддиятлар, маънавий инқироз етилиб келаётган тарихий вазият қаламга олинган. Асардан ўрин олган бир қанча шеърларда Муҳаммад Раҳимхон қўшинининг Хуросон ва Дашти Қипчоқдаги, шунингдек, Хоразм атрофидаги кўчманчи қабилалар билан олиб борган ҳарбий ҳаракатлари, хон билан Бухоро ҳукмдори Амир Ҳайдар сипоҳи ўртасидаги жангу жадаллар, беҳуда қон тўкилиши воқеалари тасвирланган. Бу мавзудаги шеърларда зоҳиран Хива аскарларининг жасорати васф этилгандек кўринса ҳам, назмий матнлар замирида Огаҳийнинг бундай ҳарбий можароларни маъқулламаслиги сезилиб туради. Ҳатто, шу туркум шеърларнинг айримларида унинг панд-насиҳат руҳидаги қарашлари ифодаланади. Мана бу қитъа мазмуни фикримизнинг ёрқин далилидир:

Кўнгулни боғлама номард ваъдасиға даме –
Ки, ваъдасида анинг бўлмағай вафо ҳаргиз.
Мулойим ўлма даме душмани қадимингға,
Мулойимат била ул бўлмас ошно ҳаргиз.
Тоши йилоннинг агар ҳар нечаки базм дурур,
Ва, лек, бўлмас ичи заҳардин жудо ҳаргиз.

5. Шикор – ов тавсифи. Асарда муаллиф “ҳазрат соҳибқирони фирдавсмакон”, яъни, Муҳаммад Раҳимхон аксар вақтларда “шикор иродаси била ҳаракат кўргузуб, бу баҳона бирла атрофдағи фуқаро ва ажаза бошлариға сояйи марҳамат солиб, арзин эшитиб, додиға етмак”ни одатга айлантиргани ҳақида ёзади. Бир туркум шеърий матнлар ана шу шикор – ов тавсифига бағишланган.

6. Тўй, спорт ва халқ ўйинлари талқини. “Фирдавсу-л-иқбол”да Огаҳий Муҳаммад Раҳимхоннинг иккинчи ўғли шаҳзода Раҳмонқули тўрага “хатна суннатин жорий қилдирурға сури мавфуру-с-сурур ва жашни азим тартиб бергани” тавсифига анча батафсил тўхталади. Шоир:

Йиғналибон ул сифат асбоби сур –
Ким, бўлубон васфида ожиз шуур.
Сафҳае таърифиға сурмак қалам

Чархи барин авжиға урмоқ қадам, – дея тўй муносабати билан “адолат лаолийси уммони, саховат явоқитининг кони” бўлган хоннинг қўллари бамисоли денгиздек гавҳарлар сочгани, халойиққа сийму дирам улашиб, фуқаро ва раоёни хайру эҳсонидан комрон қилгани ҳақида ёзади. Бу туркум шеърларда хоннинг фазилатлари муболағали тарзда, пафос билан талқин этилади. Бундай талқин усули, биринчидан, муайян ҳаётий асосга эга бўлса, иккинчидан, уларда Огаҳийнинг адолатли, раиятпарвар ҳукмдор ҳақидаги идеали ҳам ўз ифодасини топганини таъкидлаш керак.

Асарда, шунингдек, бир қанча спорт ва халқ ўйинлари, жумладан, кураш, отчопар сингари томошаларнинг назмий талқини ҳам алоҳида ўрин тутади. Жумладан, юқорида зикр этилган тўйда отчопар томошаси уюштирилади, муаллиф сажъда ифодалашича, унда “саманди фалакҳайъату барқсуръат ва рахши девбоди сарсарниҳод” отлар иштирок этади.

“Фирдавсу-л-иқбол”нинг Огаҳий ёзган қисмидаги шеърий матнларни жанр хусусиятларига кўра қуйидагича тасниф этиш мумкин: 1) маснавийлар; 2) рубоий 3) қитъалар; 4) фардлар; 5) таърихлар.

Маснавийлар. Асар таркибига кирган шеърлар орасида сон жиҳатдан ҳам, салмоқ жиҳатдан энг кўп учрайдигани маснавийлардир. Улар 64 та бўлиб, 960 мисрани ташкил этади.

Ҳазрат Навоий маснавий жанрини “майдони восиъ” деб атагани маълум. Шайх Аҳмад Тарозийнинг қайд этишича, «…маснавийнинг шароитидин бириси улдурким, агар ҳикоятни назм қилур бўлса, керакким, дебочасин хўб иборат ва яхши тариқа бирла таъриф қилса ва саъйе кўргузсаким, фотиҳа бирла хотимаси писандида келгай. Ва бир шарт улдурким, мухтасар алфоз бирла шарҳга келтургай. Ва бир шарт улдурким, ҳар ердаким, разм ва базм бирла таъриф қилғай». (Шайх Аҳмад ибн Худойдод Тарозий. Фунуну-л-балоға. Тошкент, “Хазина” нашриёти, 1996).

«Фирдавсу-л-иқбол»даги маснавийлар туркий шеърият назариётчиси таъкидлаган талабларга тўлиқ жавоб бера олади. Асарда “назм” сарлавҳаси билан берилган 74 байтли энг катта ҳажмли маснавийнинг «фотиҳаси бирла хотимаси писандида келган»и бунинг далили. Мана, ўша маснавийнинг “фотиҳа”си:

Чарх золиким басе маккор эрур,
Золиму бераҳму кажрафтор эрур.
Доимо макру ҳиялдур пешаси,
Халқға бермак фириб андешаси.
Ҳайъатидин ошкоро шумлиқ,
Ҳам хиромидин аён мейшумлиқ.
Кимниким кўрса азизу комрон,
Қасди – хор этмак дурур ҳам нотавон.
Ким эса мақсуд ҳусули бирла шод,
Фикри они айламакдур номурод…

Мумтоз шеърият тарихида чарх золининг золим, бераҳм, кажрафтор экани ҳақида кўп ёзилган. Бироқ, ушбу маснавий “фотиҳа”си макру ҳийла пешаси бўлган, халққа фириб бермакни аъмолига айлантирган, кимники азизу комрон кўрса, хору нотавон қилмоққа қасд айлайдиган, мақсади ҳосил эканидан шод юрган одамни номурод айламак фикридаги чарх золи образи метафора, тансиқу-с-сифот, таносиб, тазод сингари бадиий санъатлар воситасида бетакрор тасвирлангани билан алоҳида ажралиб туради.

Таъкидлаш жоизки, маснавий хотимаси ана шу тасвирни хулосалаб келган. Модомики, чарх золи шунақа маккор ва раҳмсиз экан, оқил одамнинг унга муносабати қандай бўлмоғи керак? Қай йўл билан у давлату иқболга эришмоғи мумкин? Маснавий хотимаси ана шу сингари саволларга жавоб беришга ҳаракат қилингани билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади:

Оқил улким, даҳрдин силкиб этак,
Урса тажриду қаноат сори так.
Тарк тутса ҳар на йўқу борини,
Балки ўзлук бори-ю осорини.
Айласа маскан фано майхонасин,
Қилса нўш у фонилиғ паймонасин.
Бўлса мадҳуш уйлаким билмай ўзин,
Очмаса то ҳашр қўпғунча кўзин.
Бу дурур маъни элига шоҳлиғ,
Давлату иқболу соҳибжоҳлиғ.
Соқиё, бер косаи озодалиғ,
Лаб-балаб айлаб майи афтодалиғ.
То ичиб они ҳаловат айлайин,
Лаҳзае майли фароғат айлайин.

Кўриниб турибдики, маснавийнинг «фотиҳаси бирла хотимаси писандида келган», яъни, “фотиҳа”да қўйилган поэтик муаммо “хотима”да ечилган, ҳал этилган. Муҳаммад Раҳимхон вафоти муносабати билан битилган бу маснавийда фано ва бақо фалсафаси ўзига хос бадиий талқин қилинган.

Рубоий. “Фирдавсу-л-иқбол”нинг Огаҳий ёзган қисмида биргина рубоий матни келтирилган.

Вусъат аро монанди анинг кам эрди,
Қоплон фалакка шердин рам эрди.
Андоқ қалин эрдики, йилон йўл топмай,
Ашжори авжи чархға муҳкам эрди.

Ушбу рубоийда Хоразмдаги Бодой тўқайзори тасвирланган. “Зубдату-т-таворих”да: «Бодой бир бешаедурурки, бағоят қалин ва зиёда васеъдурур. Ҳазрати қутбу-л-ақтоб, афзалу-л-асҳоб, зубдату-л-комилин, умдату-л-восилин Вайсу-л-Қараний розийаллоҳу анҳу ва ҳазрати ҳақиқатпаноҳ, ҳидоятдастгоҳ Шайх Жалил ота қаддаса сирраҳунинг қадамгоҳлари дағи тоғ била дарё ўртасида воқеъдурур”, деган маълумот берилади.

Кўриниб турибдики, “Фирдавсу-л-иқбол”даги рубоий ва “Зубдату-т-таворих”даги маълумот бир-бирига уйғун, бир-бирини тўлдиради. Вайсу-л-Қараний билан Шайх Жалил отанинг абадий манзили бўлган бу заминнинг табиати, ҳайвонот дунёси ўзига хос экани рубоийда гўзал бадиий талқин этилган. Яъни, бешаенинг “вусъат аро монанди кам”лиги – кенг ва улкан ҳудудни қамрагани, унинг қоплонлари шердан ҳам ҳайбатлироқ экани тасвири бу фикрнинг исботидир. Рубоийда ифодаланишича, Бодойнинг тўқайлари шу даражада қалинки, улар орасидан илон ҳам йўл топиб юриши маҳол, дарахтлари шу қадар юксакликка бўй чўзганки, чархнинг авжига – энг юқори нуқтасига етган. Бир вақтнинг ўзида муболағанинг таблиғ (“Вусъат аро монанди анинг кам эрди”), ғулувв (“Қоплон фалакка шердин рам эрди… Ашжори авжи чархға муҳкам эрди”) ҳамда ифрот (“Андоқ қалин эрдики, йилон йўл топмай”) турлари қўллангани рубоийнинг юксак бадииятини таъминлаган.

Қитъалар. “Фирдавсу-л-иқбол”да Огаҳий ижодидан бу жанрга мансуб етти қитъа матни ўрин олган. Шайх Аҳмад Тарозий қитъанинг аввалги мисраси одатда қофияланмаслиги, ҳажми “ақалли икки байт” бўлиши, “мунинг ҳам аксари муқаррар эрмаслиги, ҳар нечаким, қофия тобсалар» айтилиши мумкинлигини таъкидлайди. Бироқ, Огаҳий ижоди туркий шеърият назариётчисининг қитъа ҳақидаги бу назарий қарашлари ўзгармас ҳақиқат эмаслигини, ислоҳ этилиши мумкинлигини тасдиқлайди. Негаки, Огаҳий қитъаларининг “ақалли (энг кичик ҳажми – Н.А.) икки байт” эмас. Асарда келтирилган қитъалардан бири ягона байтдан иборат экани бу фикрни тасдиқлайди:

Ақл ила фаросатким, инсон шарафи андин,
Шаънида анинг гўё бир ояти мунзилдур.

Таъкидлаш жоизки, “Фирдавсу-л-иқбол”даги етти қитъа матннинг турли ўринларида бошқа-бошқа мақсадлар билан келтирилган бўлса-да, улар мантиқан ўзаро боғлиқдай, бир-бирининг узвий давомидай таассурот қолдиради. Бу етти қитъанинг моҳиятини қуйидагича мухтасар ифодалаш мумкин:

1) ақл-фаросат инсонни шарафлаши, шу муносабат билан оят нозил бўлгани;

2) хулқи неку (олижаноб хулқ) билан куфр эли ҳам исломга кириши;

3) шоҳга садоқат кўрсатиш фуқаронинг ўзига ҳам бахт келтириши;

4) номард ваъдасига кўнгул боғламаслик;

5) душман устидан зафар қозонишда хайл (қўшин) кўплигига мағрур бўлмаслик;

6) фалак бевафолиги ва умр бебақолиги;

7) сипеҳри жаллод бирор кимсани шод қўймаслиги, одам фарзандларига ададсиз ғам ёғдириши.

Кўриниб турибдики, улар алоҳида-алоҳида мавзуларга бағишланган бўлса-да, моҳиятан яхлитлик касб этади. Бироқ, бу ҳол ҳар бир қитъанинг алоҳида назмий асар эканини инкор этмайди. Шу билан бирга, қитъалар ҳам умумматннинг таркибий қисми ўлароқ асосий ғояни ёрқинроқ тасвирлашга, асарнинг бадиий жозибасини оширишга хизмат қилади

Фардлар. Таъкидланганидек, бу жанрдаги шеърлардан иккитаси “фард” сарлавҳасида, қолган еттитаси эса “байт” номи билан берилган.

“Фирдавсу-л-иқбол” матнида “байт” сарлавҳаси билан келтирилган шеърлар тугал мазмунни ифодалаши, поэтик мукаммаллиги жиҳатидан ҳам фард жанри талабларига тўлиқ жавоб беради. Асарда “байт” сарлавҳаси билан берилган қуйидаги фард ушбу фикрни тасдиқлайди:

Берур ўлса агар худо қулиға
Матлабин келтуруб қўяр йўлиға.

Бундан ташқари, байт (фард)лар матннинг узвий қисми экани, юксак бадиияти билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Муҳаммад Раҳимхоннинг доруссалтанадан сафарга отланиши муносабати билан ёзилган қуйидаги фард бунинг ёрқин мисолидир:

Миниб иқболу давлат маркабиға,
Анингдекким, қуёш кўк ашҳабиға.

Бу сингари битиклар Огаҳийнинг чиндан ҳам “фасоҳат ва балоғат бобида нодир, маоний жақоҳирин назм этарга қодир”(шоирнинг ўз таъбири – Н.А.) эканини тасдиқлайди.

Умуман, “Фирдавсу-л-иқбол”даги байт (фард)лар асардаги насрда берилган тасвирни такрорламаслиги, аксинча, уни тўлдириб, ифодага бадиий сайқал бериши жиҳатидан ҳам юксак адабий-эстетик қийматга эга.

Таърихлар. Аввало, таъкидлаш жоизки, “Фирдавсу-л-иқбол”га кирган ҳар икки таърих Мунис қаламига мансуб бўлиб, асарда “вуфури фаросат ва фарти қиёсатда умарои изомдин мумтоз ва мустасно”, дея таърифланган Султон мироб вафотига бағишланган. Мазкур таърифдан ҳам кўриниб турибдики, Султон мироб Муҳаммад Раҳимхон саройининг хос аъёнларидан бўлган. Султон мироб асарда “фахру-л-миллати ва-д-дин”, дея васф этилган саййид Юсуф хожа нақиб билан бирга хоннинг қайнотаси Абдуллоҳ хожа эшон валади амжоди саййид Боқирхожа эшон саййид Отойининг тўйида асосий ташкилотчилардан бўлгани ҳам унинг саройдаги нуфузи нечоғлиқ баланд бўлгани далилидир. Асарда уларнинг “тўй устида муқаррар бўлуб, жашн муҳомининг интизомиға машғул”, экани таъкидланади.

Таърихларнинг биринчиси:

Беки гардунҳашам, мироби динпарвар, амири даҳр,
Ҳумоюн номи Султону султоннасл, дарёдил.
Баногаҳ тарки олам дода аз шавқи Худованди,
“Раҳи фирдавс рафт” ў ҳам аз он таърих шуд ҳосил.

Демак, таърих моддаси “Раҳи фирдавс рафт” жумласига беркитилган. Маълум бўладики, “Раҳи фирдавс рафт” жумласидаги ҳарфларнинг абжад ҳисобидаги йиғиндиси – 1235 га тенг. Асарда Султон миробнинг вафоти “зу-л-ҳижжанинг салхи”да содир бўлгани зикр этилади. Синхрон жадвалга кўра, бу воқеа милодий 1820 йил 7 октябрга тўғри келади. Таъкидланганидек, кейинги таърих ҳам худди шу сана муносабати билан ёзилган.

“Фирдавсу-л-иқбол”га кирган назм намуналари, биринчидан, асарнинг бадиий савияси юксак бўлишини таъминлаган. Иккинчидан, бу шеърлар асар умумматнининг таркибий қисми сифатида унинг асосий ғоясини тўлдириш, изоҳлаш, хулосалаш вазифаларини бажарган. Учинчидан, асарга поэтик жозибадорлик бағишлаб, ифоданинг санъаткорона бўлишига хизмат қилган.

Умуман, “Фирдавсу-л-иқбол” матни борасидаги кузатишлар асарнинг адабий манба сифатида филологик тадқиқотлар учун бой материал беришини тасдиқлайди.

«Шарқ юлдузи» журналининг 2010 йил, 5-сонидан олинди.