Истеъдодли шоирнинг ижодида бевосита ўз қисматига дахлдор, ўз тақдирини башорат қилган, ҳеч бўлмаса, битта шеър бўлади. Шавкат Раҳмонда бундай шеърлар кўп. Бироқ унинг “Авж” деб номланган, бошқа асарларига нисбатан қисқароқ — тўрт бандли шеъри шоир қисматини тўлиқ белгилаб берган, назаримда. Ҳа, белгилаб берган, деяпман.
Негаки бу шеър шоир айни кучга тўлган, шеър сарлавҳасига мутаносиб авж нуқтада ижод қилаётган паллада — ҳали ажал қўнғироғи сукунат қаърида мудраб ётган, уйғоқ тоғлар дунёга довруқ солаётган кезларда ёзилган эди.
Шеър шундай бошланади:
Мен, шубҳасиз, парчаланаман, Шундай тугар буюк хизматим. Кимга кўзим, кимга пешонам, Кимга тегар қизиқ қисматим.Шоир сохта камтарлик қилиб ўтирмайди. У “…хизматим”дан олдин “ажиб”, “сирли” каби бетараф сифатларни ҳам ишлатиши мумкин эди. Аммо у ўз қисматининг бошқаларникидан кўра қизиқ, фавқулодда кечаётганини ҳис қилади ва англайдики, тақдир уни буюк хизматга сафарбар қилмоқда.
Ғалаёнга тўла вужуддан охир дунё бўлардир халос. Ер остига кириб кетарман Барча мўмин бандаларга хос.Бу ерда изоҳга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Фақат икки хил товланишга эга бўлган охир сўзига эътиборингизни тортмоқчиман. Мустақил тарзда у ғалаёнга тўла вужуд қисмати якунини билдиради. Аммо ёнидаги дунё сўзига бирикар, охирзамон бирикмасини эслата бошлайди.
Бироқ ерда мангу яшайдир кўҳна юзим, ўйчан кўзларим, демак, ўлмас бу дунёда ҳеч худо берган эзгу сўзларим.Мана, шоир хотиржамлиги, мўминлигининг сири! Унинг эзгу сўзлари ер юзида шунчаки яшамайди, балки курашади. Шоирнинг сўзларини ялов қилиб кўтарган дилллар бу курашга камарбаста бўлади. Шоир сўзлари ёвқур бургутлар сингари тубан иллатларга чанг солади.
Улар янграб тинмай айланар Разолатнинг теварагида. Мен-чи, мангу кулиб ётарман Қулоқ солиб ернинг тагида.Дарҳақиқат, чин шоир охирдунёга эмас, Мангуликка дахлдор.
Бу — унинг ёзуғи.
Шеър эса, ҳадисга мувофиқ, ҳикматдан холи эмас экан, қисмат кўзгусидир. Унда Шоир, Замон ва Макон зиддияти, унсурлари акс этади.
Демакки, биз ҳам…
“Шавкат Раҳмоннинг илк шеърлари гўзал!”, дейди кимдир.
“Шавкат Раҳмоннинг сўнгги шеърлари ўтли!”, дейди бошқа биров.
Иккаласи баҳслашади. Гўё иккита шоирнинг тарафдорларидек…
Уларни жим кузатаман. Нимаям дердим: иккаласи ҳам ҳақ.
Ўзимга келсак, кайфиятимга қараб, гоҳ шоирнинг илк шеърларини, гоҳ кейинги даврда ёзганларини ўқийман.
Шоирнинг “Сайланма”сини бир бошдан варақларканмиз, дарадаги шаффоф булоқ бўйида гўзал табиат манзараларидан завқланиб юрган сайёҳнинг қандай қилиб хатарнок, илонизи сўқмоқлар орқали тоғ чўққисидаги вулқонлар қошигача чиқиб борганини кўрамиз. У бу йўлчилик мобайнида сокин кузатувчидан ёвқур жангчига айланиб боради. Олдин Сўз унинг учун мўйқалам бўлган бўлса, энди шамширга дўнади.
Ортидан келаётган маънавият аскарларига қарата хитоб қила бошлайди: “Сўзларни қайрайлик, обдон тоблайлик — идрок-ла совутиб тағин қайрайлик — ўзбекнинг қоракўз болаларига — битта дунё қолсин ҳайратлик…”. Негадир шоир ўзидан олдингиларга эмас, кўпроқ ортидагиларга суянади. Навқирон авлодга ишонгиси келади: “Ҳозирги ёшларда покизалик бор — тирик қалбларига диёнат эга, пок табиат ёмон кўзлардан — асраб қўйганларин шуларга берган…”.
Шоир лирик қаҳрамони энг қўрқадиган нарса бу — хиёнат, фитна. Негаки, “жангда ўлган эмас бирор баҳодир — бари ҳалок бўлган хиёнатлардан…”. Шу боис, аҳли мардумни мард бўлишга, сўнгги сонияда ҳам сабот кўрсатишга чақиради. Бироқ чиркин иғво-бўҳтонлар очиққалб қаҳрамонни баъзан толиқтиради: у яна бир пайтлардаги беғам ёшлигини, мусаффо табиат қўйнидаги тоза, рангин лаҳзаларни қўмсаб қолади.
Бир ойким арчазор тоғлар бағрида бир ўктам арчадай яшнадим қасддан. Бир синиқ булоқдай кунга қарадим, файласуфлик қилдим бамисли харсанг…Ҳа, у яна зулмсиз, беғубор боладай кунларга дил бергиси келади. Бироқ бу вақтинчалик ҳолат. Негаки, ўзи ҳам яхши билади, энди ортга йўл йўқ: кўксидаги гулханни бешафқат шамоллардан ҳимоя қилганча, олдга интилади у. Бераҳм қасирғаларга юз тутар экан, ўзига хайрихоҳ ахтаради: “Жувонмарг бўлгурлар, жўмардинг борми?!”. Ҳадеганда сас-садо келавермайди. Ниҳоят, у афсус-надомат комида тан олади: “Мен жангчи эмасдим — мен шоир эдим, дилимни қаритди бесамар жанглар…”. Унинг кўз олдида оқ сукунат портлаган саҳарда ялангоёқ чопиб юрган яшил дарахтлар жонланади. “Яшил шажар эдим… Қандоқ соғиндим… Кўзимни яшнатса рубобий ранглар…”, деб ич-ичидан ўксийди. Бир пайтлар ошиқлар бошидан тангачалар сочган шохларига қарар экан, эмранади; энди сокин туйғулар пинжидан асло ҳаловат тополмаслигини англаб тақдирга тан беради: “Воҳ, яланг шохларим қиличдай кескир — бир япроқ қолмаптир шивирлайтурғон…”.
Шавкат Раҳмон шеърларида табиатнинг рангин манзаралари акс этади. Шоирнинг туйғуси тонгги шабнамдек тоза. У капалак қанотидай ҳарир ҳаётидан баҳра олади. Энтикиб-энтикиб мусаффо ҳавони симиради. Севинч ёшлари зилол сувларга қўшилиб кетади. Завқланиб учгиси келади. Шамол — тоғ хўрсиниғи, гуллаган дарахтлар — оқ машъала. Кўзларини эриниб очаётган тонг, ёбонда гуркираб ўсаётган тун, довдираб ухлаётган боғ, яшашни ўргатувчи дарахт — ҳамма-ҳаммаси шоирнинг назаридан четда қолмайди. У бошқа мавжудотлар каби ўзини табиатнинг тенг ҳуқуқли фарзанди, деб ҳисоблайди.
Бу шеърлар беғубор қалбга дахлдор бўлиб, улардан тоза туйғу силқиб, товланиб туради.
Лирик қаҳрамон ўт-ўланлар, тоғ-тошлар, турли набототу ҳайвонот, ой-юлдузлар оламида мангу қололмаслигини, улардан фарқли ўлароқ, жамиятга боғлиқ бурчлари борлигини англаб ета бошлайди. Энди у табиат унсурларига мурожаат қилган тақдирда ҳам хулоса жамиятга тегишли бўлиб чиқаверади. Бир қўли билан майсадаги қўнғизни силаётган пайтда иккинчи қўли билан номуссиз одамнинг юзига тарсаки тортади. У энди аввалгидай фақат мусаффо манзараларни эмас, балки ўрмонга қўшоғиз милтиқ кўтариб кириб келган кимсанинг қандай қилиб бўрига айланишини; бетайин кимсалар номини кўтариб ўсаётган гунг қояларни; завол топаётган безабон, хокисор ернинг мунгли кўзларини; баланд дарахтларнинг ингроқларини ва шунга ўхшаш маъюс ҳолатларни кўра бошлайди, уларнинг ғамгин овози борлиғида акс-садо беради.
Шеърлар ҳам бироз бўйига қараб ўсгандай. Таассурот ҳам энди кўнгилдан онг томон кўчади. Яъни бу шеърлар кўпроқ тафаккурга дахлдор бўлиб, уларда лўнда фикр бўртиб туради. Унинг эътиборини табиатнинг мафтункор манзаралари эмас, балки жамиятнинг оғриқли ҳолатлари жалб қилади. Шу боис, ҳар сония ҳушёр туришга, ғафлатда қолмасликка мажбур у. Негаки, “қалтис лаҳзалар йўқ — қалтис умр бор”, бу умрни кўзлари тўймаган жобирлар ямлаб-ютишга тайёр… Бу шунчаки шахсий нола эмас, турфа фитналар исканжасида қолган, собиқ шўро истибдодига қарши улуғ элнинг Фарёди эди…
Сўзларни қайрайлик, обдон тоблайлик…
Кўз олдимизда сўзни қиличдай қайраётган шоир қиёфаси намоён бўлади.
Дарҳақиқат, Шавкат Раҳмон шеърдаги ҳар бир унсурни қайрашга, тоблашга астойдил ҳаркат қилган. Жумладан, бу бугунги кунда кўп шоирлар эътибор бермай қўйган қофиялаш санъатига ҳам дахлдордир. Шоир шеърларини ўқирканмиз, янгича, ўзига хос қофиялаш услубини кашф қиламиз: пайқамадими —пойқадамини, таширкан — асрга, ўзгариб — кўзлари, эргаш — ерга, ташлар — даштдай, куч-чидам — куйчилар, тинчланиб — синчларим, сўздан — ўзан…
Шоир тўлиқ қофиялардан имкон қадар қочади. Ўзи айтгандай, уларни “қайраб”, сийқа, оҳори кетган қирраларини йўқотади, яъни ташқи ўхшашликдан кўра ички уйғунликни юзага чиқаришга ҳаракат қилади. Тўлиқ қофиялар унга гўё мажбурият юзасидан ҳар куни ўн марта қучоқлашиб, юз марта ўпишадиган, бироқ аслида бир-биридан безган, носамимий одамлар сингари туюлади. У, яхшиси, бир-бирига суйкалавермайдиган, аммо бир-бирини олисдан бўлса-да қўллаб-қувватлайдиган қадрдонларга ўхшаш, бир қарашда бегона туюладиган, моҳиятан эса эгизак, руҳан яқин қофияларни танлайди: адирлар — қадимда, қасддан — харсанг, салтанат — алданар, дажжол — нажот, равоғин — жавоҳир, ажина — гажир-да, яхши — машриқ…
Бир сўз билан айтганда, Шавкат Раҳмон шеърияти баҳор осмонига ўхшайди: унинг рангин, гўзал камалаги жилоланиб, кутилмаганда кескир шамширга айланадики, булутлар бағри ситилиб, еру кўкни момақалдироқ овози, умидбахш чақинлар тута бошлайди.
Рангин лаҳзаларга тўлмоқда ҳаёт, Юрак қирралари бўртган чоғларда. Очиқ кунлар йўқлаб келаётир бот, Тошлар гулламоқда уйғоқ тоғларда…“Шоир” сўзи “виждон” атамасининг синонимига ўхшайди.
Шу боис, виждонига хиёнат қилган шоир яхши шеър ёзолмай қолади.
Яхши шоирлар ҳамиша виждон кўзгусига тик боқиб яшайдилар.
Шавкат Раҳмон каби…
Бундай шоирлар жисман бўлмасалар-да, маънан ҳамиша сафимизда. Уларнинг овози, нигоҳи бизни ҳамиша ҳалолликка чорлаб, мард яшашга ундаб туради.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 19-сонидан олинди.