Нодир Рамазонов. Бир рубоий тарихи

Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” тазкирасининг еттинчи мажлисини Амир Темур зикри билан бошлайди. Унинг эътирофига кўра, гарчанд ул зот шеър айтмаган ва назму насрга иштиёқ кўргизмаган бўлсалар-да, муайян вазиятларда, ўша вазият тақозоси билан, баъзи байтларни шундай топиб ўқиганларки, “анингдек бир байт ўқуғони минг байт айтқонча бор”. Мисол сифатида Навоий бир воқеани келтиради. Мироншоҳ Мирзо Табризда ичкиликка ружу қўяди, давлат ишларини четга суриб, май, мусиқа ва айшу ишратга берилиб кетади. Самарқандга, ҳазрат Соҳибқиронга Мирзонинг уч надими (ҳамсуҳбат, маҳрами) бўлиб, шаҳзодани айшу ишратга ўшалар тарғиб этаётганини арз қилиб етказадилар. Улар Хожа Абдулқодир, Мавлоно Муҳаммад Кохий ва Устод Қутб Нойи эдилар. Жаллод зудлик билан бориб учаласининг бошини кесиб келтирсин, деган фармон бўлади. Кейинги иккинчи шахс — Мавлоно Муҳаммад Кохий ва Устод Қутб Нойига нисбатан ҳукм ижро этилади, Хожа Абдулқодир эса олдинроқ бу гапдан хабар топиб қочади ва дарвеш-девона суратига кириб, юртма-юрт кезиб юради. Ҳазрат Соҳибқирон яна Ироқ юриши қилганларида баъзилар Хожанинг қочиб юрганидан хабар топиб ул зотга етказадилар. Хожа Абдулқодирни тутишга фармон бўлади ва уни “девона”лигига қўймай олиб келадилар. Хожа Абдулқодир мукаммал эгаллаган илмлардан бири Қуръон ҳифзи ва қироат илми бўлиб, тахтда ўтирган Соҳибқирон ҳузурига олиб келингани заҳоти у баланд овозда, мукаммал қироат билан Қуръон ўқий бошлайди. Оятлар ва қироат таъсиридан Соҳибқирон кўнглидаги ғазаб ўрнини шафқат эгаллайди ва ҳозир бўлган фузалога қараб:

Абдол зи бийм чанг бар Мусҳаф зад, —

(Таржимаси: Дарвеш қўрққанидан Қуръонга чанг солди) мисрасини ўқийди. Шундан сўнг Соҳибқирон “Хожаға илтифот ва тарбиятлар қилиб, ўз олий мажлисида надим ва мулозим қилди”.
Ушбу воқеа билан боғлиқ баъзи тафсилотлар Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асаридан ўрин олган. Унга кўра, Соҳибқироннинг махсус фармони билан Табризга йўл олган Амир Сулаймоншоҳ Райга етганда, ушбу шаҳар доруғаси бўлган Амир Баён Қавчиндан амирзода Мироншоҳ табиатида салбий ўзгаришлар содир бўлганлиги хабарини эшитади ва вазиятга ойдинлик киритиш учун Ҳамадон шаҳрида тўхтайди. Абубакр Мирзо ва Мироншоҳ Мирзонинг амирлари машварат қилиб, Амир Сулаймоншоҳнинг зудлик билан Табризга келишини сўраб хат ёзадилар. Амир Сулаймоншоҳ Табризга келгач, икки кундан сўнг Мироншоҳ Мирзони Соҳибқирон ҳузурига юборади. Мироншоҳ Мирзо Соҳибқиронга ўн тўққиз пешкаш тортиқ этади, бироқ воқеадан хабардор Соҳибқирон уларга бурилиб ҳам қарамайди. Соҳибқирон давлат хазинасидан Мироншоҳ Мирзо томонидан сарф этилган моллар ҳисобини олиш учун Темурхўжа Оқбуға ва Жалолулисломни Табризга жўнатади. Улар Табризга етиб, девоннинг кирим-чиқим дафтарларини текширадилар, хазинага тушган ва сарфланган моллар ҳисобини олиб, Табриздаги ишлар ҳақида Соҳибқиронга ҳисобот берадилар. Шунингдек, Мироншоҳ Мирзонинг айшу ишратга берилиб кетишига унинг хос мажлиси маҳрамлари — Мавлоно Муҳаммад Кўҳистоний, Устод Қутбиддин Нойи, Ҳабиб Удий ва Абдулмўмин Гўянда сабабчи эканлигини етказадилар. Соҳибқирон бошқаларга ибрат бўлиши учун уларни дорга осишга буюради. Дор остига олиб келишгач, Мавлоно Муҳаммад зарофат ва мутойиба аҳли одатига кўра, Устод Қутбиддинга қараб: “Устод шу ерга (дор остига) келишимизга сабабчи бўлган барча ишларда бизнинг пешвомиз ва раҳнамомиз эдилар, бу мақомга кўтарилиш (яъни дорга осилиш)да ҳам ушбу русумга риоя қилинса (яъни раҳнамоликни охирига етказиб, бизни сўнгги мақому манзилга ҳам ўзингиз бошласангиз)”, — дея мутойиба қилади. Жаллод найнинг ичидан ип ўтказиб Устод Қутбиддинни дорга осади (чунки “Нойи” лақаби “Найчи”, демакдир). Навбат Мавлоно Муҳаммадга етганда у ўз ҳолини шарҳлаб, қуйидаги икки байтни бадиҳа тарзида ўқийди:

Поёни кор ва охири умр аст, ба худо,
Гар боядат ва гар на, ба даст ихтиёр нест.

Мансурвор гар бибарандат ба пойи дор,
Мардона пойдори жаҳон пойи дор нест.

(Таржимаси: Худо ҳақи, умр охирлаб, ишлар поёнига етганга ўхшайди, хоҳла-хоҳлама — ихтиёр қўлда эмас. Агар Мансур каби дор остига олиб келсалар, мард киши учун дор устуни жаҳон устунидан афзалдир.)
Қолган икки маҳкумнинг ҳаётига ҳам шу тахлит нуқта қўйилади. Эътибор берадиган бўлсак, бу ўринда Хожа Абдулқодир номи эсланмайди. Нега? “Зафарнома”нинг икки ўрнида Хожа Абдулқодир замонасининг етук мусиқа устози ва шоири сифатида зикр этилади, аммо Мироншоҳ Мирзони йўлдан урганлар орасида тилга олинмайди. Бизнингча, кейинчалик Хожанинг тўғри йўлга кирганлигини инобатга олиб, ҳурмат юзасидан ушбу нохуш воқеада унинг номи тилга олинмаган бўлса керак. Навоий воқеа ҳақида гапирганда “нақл қилурларким” дейишига кўра, у ёзма манбаларда мавжуд бўлмаган оғзаки маълумотлардан фойдаланган кўринади. Бу эса, гарчи кишилар номларида чалкашликни келтириб чиқарган бўлса-да, Навоий маълумотларининг қимматини яна бир карра оширади.
Маълум бўлишича, Амир Темур томонидан, Навоий ибораси билан айтганда, “ба вақт” ўқилган ушбу мисра Шайх Абу Саид Абулхайр (вафоти 4400 —1049 йил) рубоийсининг охирги мисраси бўлиб, унинг тўлиқ матни қуйидагичадир:

Ҳавро ба назораи нигорам саф зад,
Ризвон зи таажжуб кафи худ бар каф зад,
Як холи сияҳ бар он рухон мутраф зад,
Абдол зи бийм чанг дар Мусҳаф зад.

(Таржимаси: Ҳурлар нигорим теграсида саф тортдилар; ақл бундан ҳайратланиб, қарсак чалиб юборди. Ёрим юзидаги қора холни кўрган фаришталар ҳар тараф қочдилар; дарвеш қўрққанидан Қуръонга ёпишиб олди.)
Навоий рубоийга юксак баҳо бериб: “Идрок ва фаҳм аҳли билурким, йиллар, балки қарн(аср)ларда мундоқ латиф сўз воқеъ бўлмас”, — дея таърифлайди. Абу Саид Абулхайр Майҳанийнинг ушбу рубоийси шу қадар машҳур бўлганки, таниқли олим Б. Валихўжаевнинг аниқлашича, унинг шарҳига Сайид Неъматуллоҳ Валий уч рисола, Сайид Қосим Анвор бир рисола, Шайх Озарий бир рисола бағишлаганлар. Яна Хожа Яъқуб Чархий ва Хожа Аҳрор ҳам ушбу рубоийни шарҳлаб махсус асар ёзганлари маълум. Рубоий машҳурлиги ва мансубияти аниқ бўлганлиги сабабли Навоий унинг муаллифини эслатишни ортиқча, деб билади ҳамда Соҳибқироннинг маънавий қиёфасини гавдалантирадиган ёрқин мисол сифатида ушбу воқеага мурожаат қилади.
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор “Рисолаи ҳавроия”да ёзишича: ҳавро — ўлим тўшагида ётган беморнинг боши узра тўпланадиган ҳурлар; нигор — маҳбублик мақомига етган инсон руҳи; ризвон — ақл бўлиб, у макони инсон қалбида бўлган жаннатнинг қўриқчи ва посбонидир; таажжуб — холиқнинг махлуқда акс этганлигини англаган ақлнинг ҳайратга тушиши; холи сияҳ — ўлаётган кишига юзланадиган синиқлик, ожизлик ёхуд ҳақиқий фақирлик мақоми; абдол — инсоний қувватлар; мусҳаф — Ҳақ мазҳари бўлган инсоний ҳақиқат; чанг солмоқ — инсоннинг азалий руҳга мурожаат этиши (улувв)-нинг рамзидир. Рубоийнинг тасаввуфий мазмуни эса қуйидагичадир: ўлим тўшагида ётган Ҳақ ишқи беморининг теграсида ҳур ва фаришталар йиғиладилар. Ақл бу манзарани кўриб таажжубдан гўдакларча қарсак чалиб юборади. Ҳақ ошиғи юзидаги таслимиятни кўрган ҳурлар ҳар томонга қоча бошлайдилар. Бемордаги нафсоний қувватлар раҳмоний сифатларга айланади ва висол (Ҳақ васлига етиш) рўй беради.
Хожа Аҳрор ундан олдин ҳам ушбу рубоийга шарҳлар битилгани, бироқ улар бир саволга — нима учун мазкур рубоийнинг бемор боши узра ўқилиши ҳамда ўқилганда ижобий таъсир этиб, унинг соғайиб кетишига боис бўлишини тушунтириб бера олмаганларидан баҳс этади. Яъни уларда бемор ва рубоий мазмуни ўртасидаги ўзаро боғлиқлик изоҳлаб берилмаган. Муаллифнинг ёзишича, рубоийдаги асосий моҳият муҳаббат дарди, Ҳақ ишқи йўлига кирган кишига етадиган мушкулликлар ва уларни енгиш, Ҳақ васлига етиш йўллари баёнидан иборатдир. Оддий беморларга нисбатан “Ҳақ васлига етиш” — “Бемор йўлиққан дарддан халос бўлиш ва саломатликка эришиш” мазмунида талқин этилган. Айтиш керакки, бу билан рубоийнинг таъсир кучи ҳеч ҳам ўзгармаган, яъни у ому хосга баравар таъсир этган. Хожа Аҳрорнинг рубоийни беморлик ва дарддан қутулиш билан боғлаши бежиз эмас эди, чунки манбалар унинг ёзилиш тарихи айнан ушбу масала билан боғлиқлигини кўрсатмоқда.
Муҳаммад бин Мунаввар томонидан Шайх Абусаид Абулхайрнинг сўфийликдаги даражалари баёнига бағишлаб ёзилган “Асрор ут-тавҳид фи мақомоти Шайх Абу Саид” номли асарда айтилишича, кунлардан бир кун Шайхнинг хос муридларидан бўлган Устод Абу Солиҳ қаттиқ касал бўлиб, ётиб қолади. Шунда Шайх Хожа Абубакр Муаддаб номли муридига давот,қалам ва қоғоз келтиришни буюради. У айтилган нарсаларни келтиргач, Шайх юқоридаги рубоийни айтади, шогирди эса ёзиб олади. Рубоийни тўшакда ётган бемор Абу Солиҳ устида ўқийдилар ва қоғозни унинг танасига боғлаб қўядилар. Шу ондаёқ унинг ҳолида сиҳат аломатлари кўрина бошлайди ва шу куниёқ ўрнидан туриб ташқарига чиқади, Дард эса изсиз йўқолиб кетади. (Муҳаммад бин Мунаввар бин Абу Саид бин Абу Тоҳир Майҳаний. Асрор ут-тавҳид фи мақомоти Шайх Абу Саид. Нашрга тайёрловчи В.А.Жуковский. С:П-бург, 1899, 360-бет). Албатта, беморнинг “дарди” мажозий мазмунда бўлиб, у Ҳақ ишқи ва муҳаббат дарди маъносини ифодалайди. Рубоийнинг дунёга келиши билан боғлиқ ушбу маълумот унинг қавволлар томонидан хонақоларда ўқилиб, ўзини сайру сулукка ҳозирлаган сўфийларни важд ва сукр ҳолига етказгувчи дурдоналардан бири эканлигидан далолат беради. Рубоийнинг тарихий шахс ва воқеалар билан боғланиши, илмий-фалсафий асарлар учун объект бўлиши эса унинг таъсир доираси фақат сўфийлар ва тасаввуф аҳли билан чекланмаганлигини кўрсатиб турибди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 42-сонидан олинди.