ХХ аср ўзбек адабиётининг барча атоқли арбоблари ижодига назар ташласак, улар адабий меросида таржиманинг муҳим ўрин эгаллагани кундек равшан бўлади. Ойбекнинг адабий мероси ҳам шу маънода истисно эмас. Ўз ҳаётлари ва ижодларини миллатни уйғотишдек буюк ишга бағишлаган адибларнинг Шарқ ва айниқса, Ғарб адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига таржима қилишлари нафақат миллий адабиётимиз бадиий уфқлари ва имкониятларининг кенгайиши, балки айни пайтда миллат бадиий онгининг юксалиши, тафаккурининг кенг қанот ёзиши, адабий-эстетик дидининг сайқал топишида катта аҳамиятга молик бўлган. Шунинг учун ҳам ўзбек бадиий таржима мактаби ХХ аср бошларида Туркистонда, сўнгра Ўзбекистонда янги тараққиёт босқичига кўтарилиб, ўзбек халқига рус ва жаҳон адабиётининг буюк намояндалари ижоди билан яқиндан танишиш, янги бадиий оламни кашф этиш имкониятини яратди. Ойбек устозлари бошлаб берган шу муборак ишни меҳр билан давом эттириб, ижодий ҳаётининг қарийб барча босқичларида бадиий таржимага алоҳида эътибор ва муҳаббат билан қаради.
Бадиий таржима – бир миллий адабиёт дурдонасини иккинчи миллий адабиётнинг, бинобарин, бошқа бир халқнинг бадиий мулкига айланишига, шу миллий адабиётнинг бадиий имкониятлари ва тасвир аслаҳаларининг бойишига имкон берадиган санъат соҳаси. Айни пайтда таржима, В.Жуковский ифодаси билан айтсак, “шоирнинг қули” ёки “рақиби” бўлган таржимоннинг меҳнатини қадрлайдиган, уни иқтисодий жиҳатдан таъминлайдиган муҳим моддий манба ҳамдир. Шунинг учун ҳам таржимага одатда турли мақсадда ёндошилади.
1937 йилнинг бўронли кунларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан ўчирилиб, асарлари матбуот юзини кўрмаган, Тил ва адабиёт институтидан ҳайдалиб, маош нималигини унутган Ойбекнинг бир-икки йил мобайнида кимларнингдир номларидан бир неча ижтимоий-сиёсий рисолаларни таржима қилиб, тирикчилик ўтказгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо қатағон бўрони ҳийла тиниб, 1938 йил сўнгида Ўқув-педагогика давлат нашриётига таржимон-муҳаррир бўлиб ишга кириши билан у катта хайрли ишга қўл урди: “Антик адабиёт хрестоматияси”нинг Рим адабиётига бағишланган махсус жилдини қисқа муддатда ўзбек тилига таржима қилди. (Дарвоқе, бу хрестоматиянинг Юнон адабиётига бағишланган русча нашри нима сабабдандир чоп этилмай қолган.) Ойбек шу таржима асари билан ўзбек китобхонига антик Рим адабиёти билан илк бор танишиш имконияти ва нашидасини берди.
Бугун “Жаҳон адабиёти” муштарийлари эътиборига ҳавола этилаётган машҳур итальян лирик шоири Кай Валерий Катуллнинг шеърлари бундан камида икки минг йил аввал ёзилган. Ойбек “Даққи Юнус”дан қолган бу шеърларни таржима қилишда шоир “ҳис-туйғулари ҳақиқати”ни сақлашни, сақлабгина қолмай, уни бадиий ҳақиқат либосига ўраган ҳолда ўзбек китобхонига тақдим этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Шундай шеърлар бўладики, агар уларни ўқиб, тушуниб, ҳис қилиб, ўзингизни завқ-шавқнинг жўшқин булоғида ҳис этсангиз, уларнинг шоирона гўзал ва бетакрор таҳлил ва шарҳларини ўқиб, шундан ўн-йигирма баравар ортиқ завқ-шавқ булоғига ғарқ бўласиз. Камина ўтган асрнинг 40–50-йилларида В.Г. Белинскийнинг шеърият ҳақидаги мақолаларини ўқиб ва шу мақолаларидаги Пушкин шеърларининг нозик эстетик таҳлили билан танишганимдан сўнг, унинг “Тун нури соҳир…” шеъри жаҳон лирикасининг мислсиз дурдоналаридан бири эканига амин бўлганман. Шу шеър ўзбек тилига Ойбек қалами билан таржима қилинган. Билмадим, балки унинг бошқа таржималари ҳам бордир. Аммо Ойбек шу шеърни эркин таржима қилмагани, аксинча, рус шоирининг ҳар бир сўзи ва образини айнан сақлаб қолганига қарамай, шеър шундай ўқиладики, унинг рус тилидан таржима қилингани хаёлингизга ҳам келмайди. Шеърнинг ички мусиқаси сизни ўзининг сеҳрли оғушига тортиб олади. Ҳатто “гвадалквивир”нинг нимани англатаётгани ҳам сизни қизиқтирмай қўяди.
Буюк рус танқидчиси бу шеърни келтириб, бундай ёзган эди: “Бу нима? – сеҳрли картинами, хаёлий кўринишми ёки кўкдан янграган ва шайдо қилувчи испан қизининг муҳаббат ва орзулар билан ҳорғин боши устидан учиб ўтган мусиқий аккордми?.. Зийнатли, эҳтиросли жануб кечасининг сирли, шаффоф қоронғилиғида янграган серенада садоларими, балконга лоқайд суялиб, гўзал кечанинг хушбўй ҳавосини чанқоқлик билан ютиб, нозанин испан қизи эшитган, интизор ва туйғуларга тўла серенада садоларими?..”
Агар Ойбек таржимасидаги “Тун нури соҳир…” шеърини ўқисангиз, Пушкин шеъридаги Белинскийни ҳаяжонга солган барча ҳолатлар таржимада ҳам айнан сақланганини кўрасиз.
Пушкиннинг бу икки лирик дурдонаси Белинскийнинг “Поэзиянинг хил ва турларга бўлиниши” мақоласида тўла келтирилган. Ойбек 1939 йилда шу мақолани бояги шеърлар билан бирга ўзбек тилига таржима қилган. Аммо шу воқеадан роса уч йил аввал унга – ҳали бадиий таржимада катта ижодий тажриба ҳосил қилмаган шоирга рус шеъриятининг шоҳ намуналаридан бири – “Евгений Онегин” шеърий романини ўзбек наволарида янгратиш вазифаси топширилган эди. Ойбек улуғ шоир вафотининг 1937 йилда нишонланажак 100 йиллиги муносабати билан бошланган шу ижодий маъракада иштирок этиш учун Элбек, Шайхзода, Усмон Носир, Темур Фаттоҳ сингари қаламкаш биродарлари билан бирга Чимён тоғининг ҳушҳаво этакларида тикилган ўтовлардан бирини ўзига маскан қилиб олади. Пушкин асаридаги романтик ҳарорат билан хушманзара Чимён тоғлари ўртасида буюк уйғунлик мавжуд эди. Шу уйғунлик унинг Пушкин асари руҳига киришида ўзига хос калит бўлиб хизмат қилди.
Мазкур асар қаҳрамонлари яшаган даврда рус жамиятини Франция маданияти, француз тили, француз таомларидан четда тасаввур қилиш маҳол. Асар тили француз ёзувчилари ва асарларининг, ҳатто француз таомларининг номлари билан тўла. Бунинг устига, асар 9 ҳижоли ямбда 14 сатрдан иборат, абабввггдеедёё тарзида қофияланган “Онегин банди” билан ёзилган. Таржимон Пушкиннинг романтик руҳ билан йўғрилган асаридаги бадиий латофатни ўзбек тилида ёрқин ифодалашдан ташқари, “Онегин бандлари”нинг темир панжасидан четга чиқмаслиги, иложи бўлса, 9 ҳижоли сатрдаги жўшқин руҳ ва суръатга риоя қилиши, киши ва таом номларини ўзбек китобхонига тушунарли тарзда етказиши лозим эди. Бу фавқулодда оғир ва машаққатли вазифани Ойбек шараф билан бажарди.
Асар бир неча бобдан ва ҳар бир боб ўнлаб “Онегин бандлари”дан ташкил топган. Воқеалар тасвири жараёнида Пушкин шеъри гоҳ шалола бўлиб тошади, гоҳ чуқур дарё ўлароқ салобат касб этади… Масалан, шоир Петербург театри саҳнасида жавлон урган раққосаларга нигоҳ ташлаганида, унинг ҳис ва туйғулари шалола ўлароқ шарақлаб оқади. Ойбек асарнинг шундай парчаларини ҳам, ҳис ва туйғуларнинг шиддатли ҳаракати секин-аста тиниб, фалсафий ўзанга тушгандаги ҳолатини ҳам ўзбек тилида шундай маҳорат билан акс эттира олганки, унинг Пушкиннинг “қул”ига эмас, балки том маънодаги “рақиб”ига айланганини кўриб, ҳайратга тушасиз.
Биз “Евгений Онегин”нинг бояги “ўт ва муз” аланга олган саҳналарини эмас, балки китобхонни бир оз ўйлантирадиган, Пушкин ва Ойбекнинг шеърий маҳорати “таъми”ни бемалол туйиш мумкин бўлган парчасини журналхонлар эътиборига ҳавола этишни мақбул кўрдик. Аммо бу ҳол таржиманинг бошқа саҳифалари бундай бадиий завқ уйғота олмайди, деган фикрни мутлақо англатмайди.
Одатда шоир ва ёзувчилар ўз асарларининг тезроқ китобхон қўлига етиб бориши ҳақида қайғурадилар. Зотан, шеър, ҳикоя ёки таржима, аввало, китобхон учун яратилади. Бу ҳақиқатни инкор қилишга бирор асос бўлмаганига қарамай, Ойбек унга айрим ҳолларда итоат этмаган. У Анна Ахматова ва Ондра Лисогорскийнинг юқорида эълон қилинган асарларидан ўзи завқлангани ва шу асарларга меҳр иплари билан боғланиб қолгани учун уларни ўзи учун таржима қилган. Бу асарларни бугун Ойбек таржимасида китобхонга бемалол тақдим қилиш мумкин. Зеро, уларнинг ҳам манглайига Ойбекнинг таржимонлик ва шоирлик муҳри босилганки, бу муҳр биз, авлодлар, учун табаррукдир.
Ойбек Пушкин асарларини таржима қилганида, аслият руҳини сақлаб қолишга, улардаги бадииятнинг олтин кукунлари таржимада ҳам товланиб туришига қандай йўллар билан эришган бўлса, Козлов, Ахматова, Лисагорский шеърларини ўзбек тилига ўгирганида ҳам шу йўллар ва тамойиллардан чекинмади. У, аввало, бу асарларнинг ўзидан катта эстетик завқ олди, ўзбек китобхонларининг ҳам улардан шундай завқ-шавқ олишлари лозимлигини бир дақиқа бўлсин унутмади. Аслиятнинг ғоявий мазмунинигина эмас, бадиий шаклини, поэтик образлар жозибасини, гўзаллигини ҳам таржимада ифодалаш Ойбек-таржимон учун энг муҳим шарт эди.
Агар ҳурматли журналхонлар эътибор берган бўлсалар, Ойбек-таржимон ўзбек халқини аввало жаҳон бадиий маданиятининг дурдоналари билан таништиришга, шу асарларнинг ўзбек адабиёти хазинасидан ҳам ўрин олиб, китобхонларнинг бадиий мулки бўлиб қолишига интилган. Бу, “Минг бир кеча”лар, “Калила ва Димна”лар, “Шоҳнома”ларни туркийга таржима қилган фидойи устозлардан қолган анъана эди. Ойбек ана шу муборак анъанани янги тарихий-маданий шароитда муваффақият билан давом эттирди.
Наим Каримов,
филология фанлари доктори
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 1-сон