Ҳаёт ғаройиб воқеаларга бой
Биз узоқ ва яқин ўтмишда яшаган ўрта осиёлик машҳур сиймоларни қанчалик билмайлик, франтсуз адиби Стендал ифодаси билан айтсак, тасодиф жанобларининг амри билан фан ва маданият оламида чуқур из қолдирган янги-янги олимлар, шоир ва Ёзувчиларнинг номлари тарих қаъридан чиқиб келаверади.
Шундайлардан бири ушбу мақоламиз қаҳрамони Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзодадир.
Ғаройиб топилма
Ўтган асрнинг сўнгги йилларида Шуҳрат Абдухолиқов исм-шарифли самарқандлик йигит ота-бобосидан қолган уйини таъмирлаётган вақтида ертўладан чириб, чанг босиб кетган каттагина жомадонни топиб олади. Бу кутилмаган топилма Шуҳратни довдиратиб қўяди. Жомадон ичида нима бўлиши мумкин? Николай давридан қолган тилла тангаларми ё қимматбаҳо маъданлардан ясалган буюмлар-у, дуру гавҳарларми? Агар жомадон ичидан кимларнингдир бош чаноқлари-ю суяклари чиқса, унда нима бўлади?..
Шуҳратжон дарҳол ҳушёр тортиб, акасига қўнғироқ қилди. Адлия соҳасида хизмат қилаётган акаси зудлик билан етиб боришини айтди. Шуҳратжон акаси келгунича юраги хаприқиб, гоҳ ташқарига чиқиб, уни кутар, гоҳ ертўлага тушиб, жомадоннинг жойида турган-турмаганини текширар эди. Кўп ўтмай, Талъат Абдухолиқов етиб келиб, ака-ука жомадонни секин оча бошладилар. Жомадондан сарғайиб, аксар саҳифалари титилиб кетган 200 дона дафтар чиқди. 12 ва 24 варақли бу дафтарларга араб Ёзувида нималардир битилган эди. Талъатжон ҳам бу дафтарларнинг кимга тегишли экани ва уларда нималар ёзилганини билмасди. У ҳаяжонини бироз босиб олганидан кейин, укасининг савол аломати бўртиб турган юзига қараб, деди:
— Болалик пайтларимда раҳматли дадам ўз оталари тўғрисида кўп ғаройиб гапларни айтиб берардилар. Афсуски, бу гапларнинг кўпи ёдимда қолмаган. Аммо дадамнинг айтишларича, бобомиз ўз даврининг пешқадам кишиларидан бир бўлганлар. “Самарқандда ўша пайтлар отамдек донишманд, маърифатпарвар, бир неча тилларни билган адиблар кўп бўлмаган. Отамиз ўша улуғлардан бири бўлганлар”, — дер эдилар дадам…
Талъатжон шу гапларни айтгач, дафтарлардан икки-учтасини олиб, чангини қоқиб, букланиб қолган саҳифаларни силаб-текислаб, аста варақлай бошлади. Араб Ёзувидан хабарсиз бўлгани учун дафтарлар унга гапирмади. У дафтарларда нималар ёзилганини билолмади.
— Университетда таниш домлалар бор, араб Ёзувини биладиган. Шуларга кўрсатсак, бу дафтарларда нималар ёзилганини айтиб беришади. Балки дадам айтганларидек, бобомиз адиб бўлгандирлар. Агар шундай бўлса, бу дафтарлар фақат биз, набираларнигина эмас, балки олимларни ҳам қизиқтириб қолса ажаб эмас.
1997 йилнинг куз ойларида таниқли тожик адабиётшуноси Расул Ҳодизода ўғли билан бирга Талъат Абдухолиқовнинг уйида меҳмон бўлади. Мезбон бир пиёла чой атрофидаги суҳбат чоғида бояги дафтарлардан сўз очиб, қизиқиб қолган меҳмоннинг илтимоси билан уларни кўрсатади. Меҳмон дафтарларни варақлар экан, қаттиқ ҳаяжонга тушиб:
— Бобонгиз забардаст адиб бўлган кўринадилар. Мана бу дафтарда “Намоз”, мана бунда “Тоғ қизи” романлари, мана буларда эса “Жиззах қўзғолони” ва бошқалар ёзилган. Назаримда, бу асарлар ҳозир ҳам ўз қийматини йўқотмаган. Имкон топиб, уларни нашр қилинг. Бу сизнинг неваралик бурчингиз, Талъатжон, — деди.
Шундан кейин кўп ўтмай, Расул Ҳодизода янги топилма ҳақида “Гули мурод” журналида мақола эълон қилди.
Талъатжон эса Моҳира Бобоева ва Вафо Назаров сингари самарқандлик шарқшунос олимлар ёрдамида бобосидан қолган адабий меросни ўрганиш ва кирилл Ёзувига ўтказишга киришди… Бадиий асарларнинг аксари тожик тилида ёзилганлиги учун у истеъдодли адабиётшунос ва носир Шавкат Ҳасановни таржима ишларига жалб этди. Нотаниш Ёзувдаги асарлар компютерга туширилгач, у бобоси асарларини ўқиб, ундан тилла билан баравар, балки ундан-да қимматли мерос қолганидан боши осмонга етди.
* * *
Камина Чўлпон ҳаёти ва фаолиятига доир маълумотлар ахтариб, давлат архивларидан бирида ишлаб юрардим. Шундай кунларнинг бирида бир хуфяномага кўзим тушиб қолди. Унда қуйидаги сўзлар ёзилган эди: “…1927 йили Самарқандда Қўқонбой Абдухолиқнинг уйида бўлиб ўтган зиёфатда мен, Вадуд Маҳмуд, Чўлпон, Мунаввар қори ва хонадон соҳиби иштирок этганмиз. Зиёфат Мунаввар қорининг Самарқандга келиши шарафига берилган эди… Қўқонбойнинг шу уйига кейинчалик Чўлпон кўчиб кирган. Қўқонбой Мунаввар қори гуруҳига мансуб эски жадидлардан биридир…”
Хуфяномадаги шу сўзларни ўқигач, Қўқонбой Абдухолиқ ёки Абдухолиқов ҳам 30-йилларда ҳибсга олинган бўлса керак, деган хаёл билан унинг жиноий-архив ишини ахтаришга киришдим. Лекин на унинг “дело”сини, на бошқа “дело”лардан у ҳақдаги бирор маълумотни топишнинг иложи бўлмади.
Шундай армонли кунларнинг бирида Мунаввар қори Абдурашидхонов шарафига дастурхон ёзган, Самарқанддаги ўзбек давлат театрида адабий эмакдош бўлиб ишлаётган Чўлпонга бошпана берган кишининг адабий мероси топилганлиги ҳақидаги хабар каминани ларзага келтирди.
Самарқандлик номаълум адиб
Мирзо Қўқонбой Абдухолиқовнинг рус тилида ёзилиб машинкаланган, бир саҳифадан мўлроқ таржимаи ҳоли мавжуд. Ундан маълум бўлишича, у 1869 йили Қўқонда туғилган. У самарқандлик машҳур шоир ва Ёзувчилар — Сидқий-Ажзийдан 5 ёш кичик, М.Беҳбудийдан 6 ёш, Садриддин Айнийдан 9 ёш, ҳожи Муиндан эса 14 ёш катта бўлган. Балки шунинг учунми ё бошқа сабаб биланми, Мирзо Қўқонбойнинг бу қаламкаш биродарлари билан яқин алоқада бўлганлигини тасдиқловчи маълумот ҳозирча учрамади.
У Самарқандда эски мактабни тугатиб, икки-уч йил давомида мадраса таълимини олгач, ҳамшаҳар биродарларидан фарқли ўлароқ, шаҳардаги рус билим юртининг 4 синфини тамомлаган. Отаси тожик, онаси эса ўзбек бўлган.
Мирзо Қўқонбойнинг маҳаллий ёшлар орасида рус тилини яхши билган йигитлардан бўлиши унинг кейинги ҳаёт тарзини белгилаб берди. У 1893 йилдан эътиборан суд ва маъмурий муассасаларда таржимон бўлиб ишлай бошлади. Ўзбекистон Марказий Давлат архивидаги ҳужжатларга қараганда, у 1908 йил 12 августдан 1918 йилга қадар Самарқанд уезди бошлиғининг девонхонасида таржимон бўлиб хизмат қилган. Унинг таржимонлик фаолияти 1917 йил воқеаларидан кейин ҳам давом этди. Ўзбекистон Адлия халқ комиссарлиги томонидан 1925 йил 10 сентябрда берилган ҳужжатдан аён бўлишича, Қўқонбой Абдухолиқов шу йилларда шўро давлатининг турли топшириқларини бажаради. Чунончи, аҳолидан ноқонуний равишда солиқ олган волост ва қишлоқ ижроия қўмиталарини текшириш ҳамда тегишли чоралар кўриш учун Нурота уездига кенг ваколат билан юборилади. 20-йилларнинг ўрталарида рус тилидаги дарслик ва ўқув қўлланмаларини маҳаллий тилларга таржима қилиш масаласи кун тартибига қўйилгач, шу соҳада жонбозлик кўрсатиб, биология, антропология, шунингдек, зоология, ботаника каби фанлар бўйича яратилган дарслик ва ўқув қўлланмаларини ўзбек ва тожик тилларига таржима қилади. Қўқонбой Абдухолиқовнинг таржимонлик фаолияти “Тожикнашр” нашриётининг Самарқанд шўъбаси иш бошлаган 1925 йилдан то умрининг сўнгги кунларига қадар узлуксиз давом этади.
Қўқонбой Абдухолиқов айни пайтда Бутуниттифоқ бинокор ишчиларининг касаба иттифоқи Ўзбекистон марказий идорасида таржимон бўлиб ишлайди (1928 йилдан), Ўзбекистон илмий ходимлар уюшмасининг Самарқанд бўлимига аъзо бўлади (1932), тожик тили терминологиясини ишлашда фаол иштирок этади (1934 йилдан), Тожикистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо этиб қабул қилинади (1941).
Мирзо Қўқонбойнинг отаси самарқандлик косиб бўлиб, 1868 йили чор Россияси Самарқандни босиб олганида, оиласининг кейинги тақдиридан хавотирга тушиб, Қўқонга кўчиб борган. Орадан бир йил ўтиб, тўнғич фарзанди дунёга келганида, унга Абдулҳақ деб ном берган. Аммо қўни-қўшнилар, уларга қўшилиб Абдухолиқ отанинг ўзи ҳам фарзандини Қўқонбой деб чақиришган. Бу ном ҳатто расмий ҳужжатларда ҳам Қўқонбой Абдухолиқов тарзида ўз аксини топган.
1875 йили Қўқон хонлиги ҳам рус қўшинлари олдида таслим бўлади. Абдухолиқ ота шундан кейин яна она шаҳрига кўчиб бориб, Қўшҳовуз маҳалласидан уй-жой сотиб олади. Мирзо Қўқонбой Самарқанддаги мадрасаларнинг бирида араб ва форс тилларини, рус билим юртида эса рус тилини қунт билан ўрганиб, 1891-1893 йиллар орасида Москвага сафар қилади.
Ана шу сафар чоғида Қўқонбойнинг рус тилини билиш даражаси синовдан ўтиб, маъмурий идораларда таржимон, суд жараёнларида эса котиб бўлиб ишлай бошлади.
Мирзо Қўқонбой суд ва маъмурий муассасаларда ишлаш чоғида, бир томондан, оддий ва жабрдийда халқ ҳаётини яқиндан ўрганиш, иккинчи томондан, мустамлакачиларнинг асл қиёфасини, мақсад ва маслагини кўриш ва тушуниш имкониятига эга бўлди. Шу икки нарса адиб дунёқарашининг шаклланиши, ватанпарвар, халқпарвар, эркпарвар ва тараққийпарвар бўлиб улғайишида муҳим омил бўлди.
* * *
Камина Мирзо Қўқонбой ҳаёти ва ижоди саҳифаларини назардан ўтказар эканман, унинг ХХ аср бошларида яшаган бошқа жадид маърифатпарварларидан кескин фарқ қилганини кўрмай иложим йўқ. У уезд бошлиғи девонхонасида таржимон, суд жараёнларида котиб бўлиб хизмат қилгани, бинобарин, русларга яқин бўлгани сабабли, худди машҳур адвокат Убайдулла Хўжаев сингари, рус қизига уйланган. Унинг хотини Анна Карповна воронежлик аёл бўлган.
Мирзо Қўқонбойнинг хотира ва эсселари билан танишган киши унинг нафақат Пётр И давридан бошлаб ХХ асрнинг 40-йилларигача Россия империяси, Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигида бўлган ва аксар ҳолда ўзи гувоҳ бўлган воқеаларни, балки Европадаги сиёсий-ижтимоий ҳаётни ҳам яхши билганидан, ўзбек халқи тақдирига алоқадор воқеалар ривожини эса чуқур таҳлил қилганидан ҳайратга тушади. Аммо у бадиий асарлар — роман ва қиссалар ёзганида унинг табиатидаги европапарастлик излари тобора хира тортиб, ХХ аср бошларидаги ўзбек ва тожик халқлари ҳаётини тасвирлаш хоҳиши марказий ўринга чиқади.
Бу ҳол бадиий ижоднинг бирор жойда ёзилмаган “темир қонун”и туфайли рўй берган бўлса ажаб эмас.
Ижод боғининг мевалари
Мирзо Қўқонбойнинг таржимаи ҳолида қайд қилинишича, у 1925 йилдан бошлаб адабиёт билан шуғуллана бошлаган. Аммо у “адабиёт” деганда, бизнингча, шу йилдан бошлаб рус тилидан тожик ва ўзбек тилларига таржима қила бошлаган дарслик ва ўқув қўлланмаларини назарда тутган. Негаки, унинг “Намоз ўғри” деб номланган дастлабки романи 30-йиллар охири — 40-йиллар аввалида ёзилган. Бу асардан олинган айрим парчанинг 1940 йилда С.Айнийнинг “Тожик адабиёти намуналари” мажмуасида эълон қилингани, 15 дафтарга битилган роман қўлёзмасининг эса 1942 йил 14 июн куни Тожикистон Давлат нашриётига почта орқали юборилгани фикримизнинг тасдиғидир. Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзоданинг бадиий ижоди, шубҳасиз, 30-йилларнинг ўрталарида бошланган. Қўлимиздаги Шавкат Ҳасан томонидан ўзбек тилига таржима қилинган “Жиззах қўзғолони” хотира-қиссаси, “Истаджон” ва “Қамчинидан қон томади” қиссаларининг 1936-1937 йилларда ёзилганлиги ҳам шундан далолат беради.
Адиб бу тилга олинган асарлардан ташқари, “Тоғ қизи” романини ва яна бир қанча кичик ҳикоялар, эсдаликлар ва қайдларни ёзиб қолдирганки, улар муаллифнинг кексайган чоғида адабий фаолият билан самарали шуғуллангани ва қисқа муддатда бадиий ижоднинг юксак довонларини забт этганидан шаҳодат беради.
ХIХ аср охири — ХХ аср бошларида зулм ва адолатсизликка қарши бош кўтарган, эл-юрт ўртасида Намоз ўғри номи билан машҳур бўлган шахс тўғрисида кўплаб асарлар ёзилган. Маълум бўлишича, Самарқанд ва унинг атрофидаги қишлоқларда ҳаракат қилиб, зулм аҳлини ларзага келтирган бу халқ қаҳрамони ҳақида Мирзо Қўқонбой ҳам роман ёзган экан. Биз бу асар билан ҳали танишиш имконига эга бўлмаганимиз туфайли қуйида академик Ботирхон Валихўжаевнинг у ҳақдаги фикрини келтириш билан кифояланамиз. Атоқли адабиётшунос Намоз билан боғлиқ воқеаларнинг Ҳалвойи, Боғибаланд, Хожа Абдуйи Берун каби қишлоқларда содир бўлганини айтиб бўлгач, бундай ёзган: “Ёзувчи бу жойларни яхши билади ва содир бўлган воқеалар тасвирининг ҳаётийлигига эришади. Романда Намоз миллий қадриятлар билимдони, адолатни ёқловчи, муҳтож ва бечораларга ёрдам қўлини чўзувчи валламат, адолатсизлик ва зулмга дадил қарши турувчи образ сифатида тасвирланган”.
Ўйлаймизки, мазкур романнинг яқин йиллар ичида ўзбек ва тожик тилларида нашр этилиши бу асарнинг ғоявий ва бадиий хусусиятлари тўғрисида кенгроқ ва равшанроқ фикр юритиш имконини беради.
Ўтган йили “Зарафшон” нашриётида адибнинг “Тоғ қизи” романи тожик ва ўзбек тилларида нашр этилди. Биз бу асарнинг Шавкат Ҳасан таржимасидаги ўзбекча нашри билан танишар эканмиз, адибнинг ХХ аср бошларида Самарқанд ва Самарқанд атрофидаги қишлоқларда содир бўлган аянчи воқеаларнинг тирик гувоҳи бўлгани ва шу туфайли улар ҳақида келажак авлодлар учун бадиийлашган тарихий романни ёзиб қолдирганига ишонч ҳосил қиламиз.
“Минг афсуслар бўлсинки, — деб ёзади муаллиф мазкур романга илова қилган “Сўзбоши”сида, — бугунга ибрат бўладиган ва истибдод даври идора тартиботини кўрсатадиган ҳодисалар ному нишонсиз йўқликка юз тутиб кетмоқда. Ўша воқеаларнинг шоҳиди бўлганлар кундан-кунга камайиб бормоқда, натижада кечаги тарихимиз баъзан ойдинлашмасдан қолмоқда”.
Муаллиф дилидаги ана шу армоннинг Абдулла Қодирий ва Садриддин Айний сингари адиблар туфайли қисман ушала бошлагани унда “яқин тарихимиз масалаларига эътибор бериб, мудҳиш воқеалар сир-асрори юзидан пардани кўтариш” ҳавасини уйғотган. Ва у “анча олдинроқ ёзиб қўйган қайдларини роман ё қисса шаклига солиш”, “китобхонларни кечаги нохуш воқеалар билан таништириш” ниятида мазкур романни ёзишга киришган.
“Тоғ қизи” романида Биринчи жаҳон уруши бошланган кезлардан 1917 йил воқеларигача бўлган ўзбек ва тожик халқлари ҳаётининг мураккаб даври қаламга олинган. Адиб бу асарида Моҳзода ва Қурбон ҳамда уларнинг жабрдийда оталари Жума билан Ниёзбой образлари орқали икки халқ ҳаётининг шу даврдаги “ваҳшатангиз” манзараларини ҳаққоний ва маҳорат билан тасвир этган. Биз бу асарда уни нафақат қаҳрамонларни мураккаб воқеалар силсиласида тасвирлаган, балки шу воқеалар ривожини тарихий давр контекстида тасвирлай олган, аналитик (таҳлилий) тафаккурга эга бўлган ижодкор сифатида ҳам кашф этамиз.
Мирзо Қўқонбойнинг ”Истаджон” ва “Қамчинидан қон томади” қиссалари юқорида тилга олинган ҳар иккала романдан мавзуси билан ҳам, услуби билан ҳам, уларда кўтарилган маънавий масала жиҳатидан ҳам кескин фарқ қилади. Ўзи айтмоқчи, “ёши бир жойга бориб қолган” вақтда роман ва қисса ёзишга киришган муаллиф учун оталар ва болалар муаммосидек ғоят муҳим масала йўқ эди. Адиб “Қамчинидан қон томади” қиссасида ўз даврининг тараққийпарвар кишиларидан бири сифатида шу масалада оталар тарафини олмайди, балки улар измидан чиқиб, янги тарихий давр билан баравар қадам ташлашни ва ҳаётини янгича асосда қуришни истаган ёш авлодни ўз ҳимоясига олади. “Истаджон” қиссасида эса ота-онанинг иссиқ бағрида бирор қийинчилик кўрмай ўсган, бинобарин, мустақил ҳаётга тайёрланмай улғайган фарзанд образини яратган. Адиб бу ношуд йигитнинг уйланганидан кейин ҳам ота ҳисобига яшашда давом этганида, ҳатто отаси дўкон очиб берганидан сўнг молни мутлақо бегона ва турар жойи ноаниқ кимсаларга насияга бериб юборганида ҳам уни эмас, балки отасини айбдор, деб ҳисоблайди. У мазкур қиссаси билан фарзанднинг қандай улғайиши ота-онага, улар берган таълим ва тарбияга боғлиқ, деган ғояни илгари сурган.
Мирзо Қўқонбойнинг адабий меросидаги яна бир муҳим асар “Жиззах қўзғолони” хотира-қиссасидир. 1916 йилги Жиззах қўзғолони қатнашчилари устидан бўлиб ўтган суд жараёнида шахсан иштирок этган адиб бу мемуар асарида Чор Россияси мустамлакачилик сиёсатининг ғайримиллий ва ғайриинсоний моҳиятини аниқ ҳаётий факт ва воқеалар тасвири орқали рўй-рост очиб ташлаган. Туркистондаги бу ва бошқа қўзғолонларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиб берган. Шу маънода бу асар мамлакатимиз тарихининг мустамлакачилик даври ҳақидаги муҳим тарихий ҳужжатдир.
Хулоса ўрнида
Ҳаёти ва ижодий фаолияти билан эндигина таниша бошлаганимиз Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзода ХIХ аср охири — ХХ аср бошларида Самарқандда яшаган маърифатпарварлардан биридир. У бошқа қаламкаш биродарларидан фарқли ўлароқ чор ҳукумати идораларида таржимон сифатида хизмат қила туриб, маҳаллий халқнинг ҳуқуқ ва манфаатлари шу ҳукумат томонидан топталганини ўз кўзи билан кўрди ҳамда мустамлакачилик сиёсатининг ваҳшатли оқибатларини бадиий ва мемуар асарларида ёрқин ифодалади. Шу нарсанинг ўзиёқ, бизнингча, унинг М.Беҳбудий, С.Айний, А.Шакурий, Ҳожи Муин, Саид Ризо сингари самарқандлик машҳур маърифатпарварлар қаторидан жой олишига тўла ҳуқуқ беради.
Наим Каримов,
филология фанлари доктори
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).