Наим Каримов. Дўстлик дарахтининг яшил барглари

Инсон ҳаётини безайдиган, унга маъно ва мазмун бағишлайдиган, унинг яхши кунида қувончига қувонч, шодлигига шодлик қўшиб, ёмон кунида эса суянч тоғи бўладиган мўъжиза бу – дўстликдир. Ҳар бир инсон шу мўъжиза туфайли ҳаётнинг асл лаззатини, нашъу-намосини, қадр-қимматини чуқур ҳис этиб яшайди.

Халқ – ўзида миллий ва умуминсоний қадриятларни мужассамлаштирган ва ҳатто мужассамлаштирмаган кишилардан иборат. Ҳар бир халқнинг қўшни халқлар билан аҳил ва тотув яшаши айни пайтда ҳам миллий ва умуминсоний қадриятдир. Халқлар ўртасидаги дўстлик кимнингдир иродаси билан эмас, ҳаёт тақозоси билан юзага келади. Шота Руставели, Низомий Ганжавий, Алишер Навоий сингари даҳо шоирларнинг бир миллат вакили бўлмиш йигитнинг бошқа миллатнинг соҳибжамол қизига бўлган муҳаббатини олқишлаб, ўлмас асарлар яратгани бежиз эмас. Улар учун турли тилларда сўзлашадиган, турли урф-одатларга эга бўлган миллатларни ўзаро яқинлаштириш, улар қалбига меҳр-муҳаббат уруғларини сочишнинг бирдан-бир йўли шундай муҳаббатни тасвирлаш эди.

Мухтор Авезов ва Ойбек, Собит Муқонов ва Ғафур Ғулом, Абдулла Тожибоев ва Миртемирлар билан бир даврда яшаган бизнинг авлодимиз улар ўртасидаги буюк дўстликни ўз кўзимиз билан кўриб, улар сиймосида ўзбек ва қозоқ адабиётлари ўртасидаги ва умуман, икки халқ ўртасидаги дўстлик боғининг меваларидан баҳраманд бўлиб улғайди. Шунинг учун ҳам бу дўстлик биз учун катта ва завол билмас қадриятлардан бири бўлиб қолган.

1946 йили қардош қозоқ халқи буюк Абай таваллудининг 100 йиллик юбилейини нишонлаб, собиқ Иттифоқдаги барча машҳур ёзувчиларни Олмаотага таклиф этган. Урушдан ҳориб-тўкилиб чиққан, ҳали шинелларидан порох ва қон ҳиди кетмаган ёзувчилар бир-бирларининг дийдорларига тўйиб, бир-биридан гўзал қадаҳ сўзларини айтиб, бу адабиёт байрамида ёш болалардек яйраб қувонганлар.

1948 йили эса навбат ўзбек ёзувчиларига келди. Алишер Навоий туғилган куннинг 500 йиллигига бағишланган Тошкент шаҳридаги юбилей тадбирларида ҳам рус, украин, белорус ва бошқа ёзувчилар билан бирга қозоқ ёзувчилари ҳам иштирок этиб, адабий дўстлик дарахтининг гуллаб-яшнашига ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Шундай адабий байрамлар кейин ҳам давом этди. Турли адабий ўнкунлик ва ҳафталиклардан ташқари, Тошкентда Ғафур Ғулом, Ойбек ва Миртемирнинг, Олмаотада эса Мухтор Авезов, Собит Муқонов, Ғабиден Мустафин ва бошқа адибларнинг юбилейлари ўтказилди. Қаламкаш биродарлар ўртасидаги дўстлик алоқалари икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг равнақ топишида муҳим омил бўлди. Қозоқ китобхонларининг ўзбек адабиёти дурдоналарини қозоқ тилида ўқишга, ўзбек китобхонларининг эса қозоқ адабиёти жавоҳирлари билан она тилида танишишга муяссар бўлишлари икки халқнинг янада яқинлашишига катта имконият яратди.

Шу нарса ажойибки, улуғ ёзувчилар ўз халқларининг буюклигини, жаҳон маданияти хазинасига ҳисса қўшган сиймоларнинг бўй-бастини кўрсатувчи асарлар ёзганлар. Мухтор Авезов ижодий фаолиятининг қаймоғи бўлган “Абай йўли” романи жаҳон халқларига нафақат буюк қозоқ шоирини, балки қозоқ халқининг қалбини ҳам кашф этиш имконини берган. Худди шунингдек, жаҳон халқлари, шу жумладан, қозоқлар ҳам Ойбекнинг “Навоий” романи орқали нафақат буюк ўзбек шоири, балки ўзбек халқи тарихининг “олтин давр” – XV асрдаги ижтимоий-маданий ҳаёти билан ҳам яқиндан ошно бўлганлар.

Ойбек билан Мухтор Авезов бир-бирига руҳан яқин инсонлар бўлишган. Болалик кезларида отаси билан Тошкент атрофидаги қишлоқларга бориб, ўша ерда умргузаронлик қилган қозоқларнинг турмуш шароити, тўю тантаналари билан яқиндан танишган Ойбек сўнгги нафасига қадар қўшни халққа нисбатан меҳр-муҳаббат туйғуси билан яшади. Ундаги шу туйғу “Болалик хотираларим” хотира-қиссасида, “Бахтигул ва Соғиндиқ” достонида, Мухтор Авезовга бағишланган шеър ва мақолаларида ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Ойбек дўсти Мухтор Авезов билан илк бор Тошкентда, бўлажак қозоқ адиби Ўрта Осиё Давлат университетида таҳсил олган йилларида танишган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Аммо бу ҳақда бирор хотира ёки бирор из қолмагани сабабли, биз, адабиётшунослар, бу икки улкан адиб дўстлигини 1929 йилда Ленинградда бошланган, деб келамиз. М.Авезов ўша вақтда Ленинград университети филология факультетининг сўнгги курсида, Ойбек эса Плеханов номидаги Халқ хўжалиги институтининг иккинчи курсида ўқиётган эдилар. Уларнинг ўша йилларда тез-тез учрашиб, адабий мавзуларда узоқ суҳбат қурганлари, бир-бирларининг илк асарларини ўқиб самимий фикр-мулоҳаза билдирганлари ҳақида хотиралар ёзилган. Олис 20-йилларда экилган бу дўстлик ниҳоли кундан-кунга ўсиб, шундай зўр дарахтга айландики, улар ҳаётдан аллақачон кўз юмганларига қарамай, бу дўстлик дарахти, назаримизда, ҳамон шовуллаб тургандек бўлади.

Бу дўстлик аҳён-аҳёнда бўлиб ўтадиган адабий байрамлардаги учрашувлардангина иборат бўлмаган. Улар бир-бирларининг ижодларини кузатиб, бир-бирларидан ўрганганлар. Бир-бирлари билан учрашганларида эса, чой совиб қолганини ҳам, кабобнинг хушбўй ҳиди анқиб турганини ҳам сезмай, Шарқ адабиёти ва фалсафаси денгизида сузишда давом этганлар.

50-йиллар охирида Тошкентда, Ойбек хонадонида бўлиб ўтган шундай суҳбатларнинг бирига ўша йилларда ёш ёзувчи бўлган Анвар Олимжонов гувоҳ бўлган эди. У ўз хотираларида шу унутилмас учрашувни эслаб, жумладан, бундай сўзларни ёзган:

“…Суҳбат давомида икки донишманд, бу икки гўзаллик ошиғи дам-бадам хотираларга берилиб, форс ва араб, ўзбек ва қозоқ тилларида шеърий сатрларни дафъатан ёддан ўқишар эди. Улар ўтмишда ўтган, шунингдек, ҳозир ҳаёт бўлган Шарқ шоирлари, олим ва саркардалари, файласуф ва рассомларининг номларини тилга олишарди. Меҳмоннинг фикрини мезбон шу ондаёқ давом эттирар, мезбон ўқий бошлаган сатрни меҳмон дарҳол илиб кетарди.

Икки дўстнинг шеърият ва фалсафага доир дилкаш суҳбати шу алфозда узоқ давом этди. Улар гўё ўз билимларини намойиш қилишар, бундан роҳатланишар ва ўзаро бойишар эди. Бу жуда қалин ва маслакдош дўстларнинг суҳбатлари эди. Уларнинг Шарқ маданияти ва шеъриятига меҳр-муҳаббатлари беадад, бинобарин, уларнинг ҳар бири ўз халқлари тарихи, адабиёти ва моддий маданиятининг қомусий билимга эга бўлган донишмандлари эдилар…”

Ойбек нафақат Мухтор оға билан, балки бошқа қозоқ адиблари билан ҳам дўстона алоқада бўлган. Маълум бўлишича, ўша 1929–1930 йилларда Собит Муқонов ҳам Москвада бўлиб, навқирон ўзбек шоири билан танишган ва у билан бир умрга дўст бўлиб қолган. Атоқли қозоқ адиби ўзбек дўстининг 60 йиллиги муносабати билан Тошкентда бўлиб ўтган тантаналарда иштирок этиб, бундай дил сўзларни айтган эди:

“Мана, сен ҳам олтмиш ёшга кирдинг!

Тўйинг муборак бўлсин, дўстим. Тани-жонинг соғ бўлсин, касби коринг бундан ҳам камол топсин, умринг узоқ бўлиб, бахтинг боқий бўлсин, бола-чақангнинг, невара-чевараларингнинг роҳатини кўравер!..

Мен сени биринчи марта бундан ўттиз беш йил илгари Москвада, қизил профессорлар институти биносида кўрган эдим. У маҳалда сен юзларинг ол-ол ёнган, қалин, жингалак, қора сочли, кўзларингда ёшлик, навқиронлик ўти порлаб турган йигит эдинг.

Кеча бола эдинг, бугун келдинг талай ёшга,

Кўз етди бир қолипда тура олмасга,

деб, Абай оғам айтмоқчи, мана сен ҳам ўзбекларнинг боласидан оғасига айландинг, халқингнинг кекса ёзувчилари қаторига қўшилдинг.

Аммо сен фақат ўзбек халқининг кекса ёзувчиларидан бири бўлибгина қолмадинг… Иттифоқдош қардошларимиз орасида сенинг ажойиб, баркамол асарларингни, романларингни ўқимаган китобхон йўқ. Мана шунинг учун ҳам улар сени ўзларининг севимли, туғишган ёзувчиси деб билади.”

Бундай ҳароратли сўзларни фақат яқин дўстгина, жигаргина айтиши мумкин. Собит Муқонов Ойбек билан ҳам, Ғафур Ғулом билан ҳам шундай самимий дўст эди.

1962 йилнинг май ойида қозоғистонда ўзбек адабиёти кунлари ўтказилади. Ўша вақтда Ойбек оғир хасталикдан кейин соғайиб улгурмаган, аммо шунга қарамай, Қозоқ дўстлари билан дийдорлашув истагида қаламкаш биродарлари билан бирга Олмаотага боради. қозоқ пойтахтида бир-икки кун турганларидан кейин делегация аъзолари ижодий учрашувларда иштирок этиш учун қозоқ диёрининг турли шаҳарларига йўл оладилар. Хаста Ойбек эса Собит оғанинг уйида меҳмон бўлиб қолади. Кунларнинг бирида Собит оға дўстини қозоқ диёрининг ўша йиллардаги кўрки – Медеога олиб бориб, табиатнинг бу гўзал мўъжизаси билан таништиради. Олатовнинг оппоқ қор билан бурканган чўққисидан жилдираб оқиб тушаётган кумуш жилғалар пастроқда бир-бири билан туташиб, улкан сойни вужудга келтирган, шу сойнинг ўртасида эса ўтовдек катта ва юмалоқ тош чўнг ҳайкалдек қотиб турарди. Бу фусункор манзарадан ҳайратланган Ойбек тошнинг олдига келиб, уни худди тирик одамдек қучоқлаб, силаб-сийпайди. Адиб отасининг исми Тошмуҳаммад, яъни Тош эди. Балки хаста адибнинг кўзига ҳайкал – тош унинг отаси бўлиб кўрингандир, ўшанда. Ҳар қалай, у шу тошдан қандайдир маънони ўқийди. Буни кўрган Собит оға ҳайкал – тошни ўзбек дўстига бағишлаб, унга совға қилади. Бу совғани бериб юборишнинг иложи бўлмагани учун, орадан бир неча кун ўтгач, Ойбек жўнаб кетганидан кейин, Медеога тоштарош устани олиб бориб, унга шу сўзларни ёздиради:

“Бул жумир тости баурим Муса Айбекке сийға тартам.
Сабит Муқан улы.
  1. VI.1952 жыл”.

Афсуски, Медеони олиб кетган даҳшатли тошқин бу совға тошни ҳам ўз қаърига тортган.

Одатда янги бино пойдеворига унинг қачон ва ким томонидан барпо этилаётгани ёзилган идиш қўйилади. Ўша тош ҳам балки келажакда янада камол топажак қозоқ ва ўзбек халқлари дўстлиги кошонасининг пойдевори бўлиб қолар…

Ўша адабиёт байрамида иштирок этган Ғафур Ғулом, инсоний табиатига кўра, ғоят шинаванда, ҳазил-ҳузулни қотирадиган, бир суҳбатга киришса, тонгни тонгга улайдиган ёзувчи эди. У сафар чоғида Қозоғистоннинг гуллаб-яшнаётган Қарағанда, Темиртов, Кўкчатов, ҳозирги Остона шаҳарларини кўрибгина, тенгдош дўстлари билан дийдорлашибгина қолмай, ёш қозоқ шоирлари билан ҳам танишган ва иноқлашган эди. Орадан кўп ўтмай, 1964 йили у қозоқ шоири Қувондиқ Шанғитбоевнинг хатига шундай жавоб хатини йўлладики, бу хатнинг ҳар бир сўзи бири-бирига устоз, бири-бирига шогирд бўлган халқнинг дўстлик дарахтига озуқа берадиган ҳаётбахш сўзлар эди.

“Ўзбек ва қозоқлар, – деб ёзган эди Ғафур Ғулом, – минг йиллардан буён бир-бирига туташган улуғ ер қитъасида бирга-бирга яшаб келадилар, бирининг тарихи иккинчисининг ҳам тарихидир. Қоплонбекда чироқ ёқилса, Тошкентда кўринади, Чимкентда тўй бўлса, ярим Тошкент кўчиб боради. Уйимга бирор ардоқли қўноқ келиб қолса, қимиз учун ё Сариғочга, ё Турбатга бориб келаман…

Қозоқ халқининг сахийлиги, бағри очиқлиги ўз ерига ўхшаб кетади. Ахир Шарқдан Ғарбга қараб, Хитой чегараларидан тортиб Каспийгача, қалмоқ чўлигача, Шимолдан Жанубга қараб, Оренбург саҳроларидан, Ўрол этакларидан тортиб Тошкентгача бўлган бепоён ҳудудда нималар йўқ!..”

Шоир қозоқ ва ўзбек халқларининг бир-бирига туташ ери ҳақида сўзлаб, шу ернинг бойликларини кўз-кўз қилиб, икки қардош халқни бирлаштирадиган қадриятларни таърифлаб шундай ёзганки, бу хат қоғозга улуғ ўзбек шоири қалбидан шеър бўлиб тушгандек таассурот қолдиради.

Ойбек билан Мухтор оға ўртасида бўлган гурунгда иштирок этган ёш Анвар Олимжонов улар суҳбатини “донишмандлар суҳбати” деб атаган эди, дея эсга олган эдик. Аслида бизнинг устозларимиз ўзаро учрашганларида улар ўртасида бўлиб ўтган ҳар бир суҳбат “донишмандлар суҳбати” бўлган. Одатда шундай суҳбатлар асносида кишиларни бирлаштирадиган ва улар қалбини бир умрга ўзаро боғлайдиган шоҳи ришталар пайдо бўлади. Шу суҳбатлар беиз кетмай, уларда кўтарилган, қаламкаш дўстларни ҳаяжонлантирган ва умумбашарий аҳамиятга молик бўлган масалалар уларнинг асарлари орқали дунё бўйлаб таралади.

Ўзбек ва қозоқ халқларининг адабий алоқалари тўғрисида сўзлар эканман, яна икки улуғ шоир номини тилга олмай ўта олмайман. Булар – Миртемир ва Абдулла Тожибоевлардир. Туркистон заминида туғилган, бир-бири билан тепишиб катта бўлган бу икки йигитнинг бири Олмаотага бориб, қозоқ шоири, иккинчиси эса Тошкентга келиб, ўзбек шоири бўлган. Агар тақдир бу икки биродарни Тошкентга олиб келганида, уларнинг иккиси ҳам ўзбек шеъриятининг икки чинорига айланиши ҳеч гап эмас эди. Худди шунингдек, агар уларнинг чеки Олмаотага тушганида, ҳозир биз Миртемирнинг асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилган бўлармидик.

Аммо гап бунда эмас. Гап шундаки, улар кейинчалик ҳам худди оға-инидек бир-бирлари билан дўстона муносабатда яшадилар. Миртемир Абдулла дўстининг асарларини қозоқ тилидан ўзбек тилига, Абдулла Тожибоев эса ўзбек дўстининг асарларини қозоқ тилига меҳр билан ўгирди.

“Биз Миртемир билан, – деб эслаган эди атоқли қозоқ шоири, – шонли Туркистон ўлкасининг файзиёб осмони остида туғилдик. Биз ўз ҳаётимизда кўрган илк нур Туркистон қуёши эди. Биз Миртемир билан ўз умримизда илк бор тинглаган ва ҳузур қилган қўшиқ Туркистон шамолларининг навоси эди. ўша пайтда соҳиллари тўлиб-тўлиб оққан Сирдарё тўлқинлари биз учун беланчак бўлди. Хуллас, бир қуёшдан нур эмган, қўҳна дарё сувларидан сероб бўлган, бир дастурхондан туз-насиба тотган қардошлигимиз туйғуси бизнинг ҳаётимизга бир умрга кирди ва бизнинг қонимизда яшади”.

Нақадар олтин сўзлар-а, бу сўзлар!..

Мен шоир Миртемирга яқин кишилардан бири сифатида унинг хонадонида бўлган талай меҳмондорчилик ва суҳбатларда ҳозир бўлганман. 60-йилларда бўлса керак, Тошкентда ўтказилган адабий байрамларнинг бирига қозоғистондан Муҳаммаджон Қоратоев ва Абдулла Тожибоев келиб, шу тантаналарда иштирок этган эдилар. Азиз дўстларининг Тошкентга келганларини кўриб, Миртемир ака ўзини қаерга қўйишни билмай қолган, ўшанда. Афсуски, уларнинг Тошкентда бўлиш вақти соатма-соат режалаштирилган эди. Шунга қарамай, у қозоқ дўстларининг тушлик учун ажратилган вақтини ўз уйида бирга ўтказишга кўндирди. Келинойига турли-туман таомларни тайёрлашни буюриб, бизларга меҳмонларга кўз-қулоқ бўлиб туришни тайинлади. Мен Миртемирнинг илтимоси билан олим ва драматург Иззат Султонни олиб келдим. Ёзилмаган сценарийга кўра, бу суҳбати ширин олим ўтиришга раислик қилиб, меҳмонларнинг қулфи дилини очадиган ғаройиб сўзларни, воқеаларни нақл қилиб туриши, биз эса, чой-пойдан хабар олиб, меҳмонларнинг яйраб ўтиришлари учун жавобгарлик ҳисси билан ҳамма нарсага шай бўлиб туришимиз лозим эди.

Хуллас, меҳмондорчилик кўнгилдагидек ўтди. Мезбон ҳам, меҳмонлар ҳам мамнун бўлдилар.

Бу воқеани эслашимнинг боиси шуки, Миртемир сингари устоз ва ёзувчиларимиз қардош қозоқ ёзувчиларини астойдил ҳурмат қилар, икки халқ адиблари ўртасидаги дўстлик боғига гард қўнмаслигини истар ва бу дўстлик кундан-кунга мустаҳкамланиши учун барча чора ва тадбирлардан фойдаланар эдилар. Қолаверса, у бизга: “Мана, дўстлик қанақа бўлади. Биздан кейин сизлар ҳам қозоқ олимлари ва ёзувчилари билан шундай дўстона муносабатда бўлингиз!” демоқчидай эди.

Афсуски, икки халқнинг адабиёти ўртасидаги дўстлик боғига асос солган ўзбек ёзувчилари ҳам, қозоқ ёзувчилари ҳам бу фоний дунёдан боқий дунёга ўтиб кетдилар. Аммо шу нарса қувонарлики, устоз Ойбек ва Мухтор Авезов, Ғафур Ғулом ва Собит Муқонов, Миртемир ва Абдулла Тожибоевлар бошлаб берган адабий дўстлик тарихи зарварақлари ҳозир ҳам уларнинг навқирон издошлари томонидан битилиб бормоқда.

Ўзбек ва қозоқ адабиётлари бахтига, Туркистон шаҳрида икки тилли яна бир заҳматкаш ижодкор туғилган. Бу қозоқ даштларида ўсувчи сариқ гулдек ижодкорнинг исм-шарифи Носир Фозилов бўлиб, унинг бир ўзи қардош адибларнинг қарийб барча машҳур роман ва қиссаларини, шунингдек, қатор саҳна асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 2007 йили қозоғистон Республикасининг ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида “Тириклик қўшиғи” деган қозоқ адибларининг насрий асарлари нашр этилди. Бу мажмуага кирган ўн етти адибдан ўн учтаси Носир Фозилов томонидан ўзбек тилига ўгирилган. Бу мажмуанинг қимматли томонларидан бири шундаки, ундан Мухтор Авезов, Собит Муқонов, Ғабиден Мусрепов сингари машҳур адиблар билан бирга ўзбек китобхонига ҳали мутлақо таниш бўлмаган Мухтор Мағавин, Дулат Исабеков, Бердибек Сўқпоқбоев сингари ёзувчиларнинг ҳам асарлари ўрин олган.

Сир эмас, Носир Фозилов қозоқ носирларининг асарларини таржима қилишга ихтисослашгани туфайли қозоқ шоирларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилиш ишида озми-кўпми оқсоқланишлар йўқ эмас эди. Ўзбекистонда “Жаҳон адабиёти” журналининг нашр этилиши билан бу борада ҳам кўзга кўринган ишлар амалга оширилди. Айниқса, шу журнал кутубхонаси сериясида “Сайра, дўмбирам” китобининг чоп этилиши ўзбек-қозоқ адабий алоқалари тарихида катта воқеа бўлди. Шоир ва таржимон Мирпўлат Мирзонинг ташаббуси ва ижодий меҳнати билан юзага келган бу мажмуага Абайдан тортиб Абдулла Аймоққа қадар бўлган эллик нафар қозоқ шоирларининг шеърлари киритилган. Бу асарлар билан танишган китобхон нафақат қозоқ шеъриятида кечган ва кечаётган ижодий жараёнлар, балки қардош қозоқ халқининг руҳий ҳаёти ҳақида, қозоқ шоирларининг дўмбираларини сайратиб юборган ватан, халқ ва ёрга бўлган муҳаббат туйғулари ҳақида ёрқин тасаввурга эга бўлади.

Шу мажмуадан жой олган истеъдодли қозоқ шоири Туманбой Мўлдағалиевнинг “Ўзбегим – ўз оғам” деб номланган шеърида бундай сатрлар бор:

…Ўртада баҳам орзу, қувонч, азоб,
Сен борсан, ҳеч ким мени этмас мазоқ.
Ўзбекнинг осмонида тонг балқиса,
Ҳаммадан бурун уни кўрар қозоқ.
 
Гинам йўқ, сен оғамсан – туғишгансан,
Тилагим – эзгуликка юрак қонсин.
Ҳазиллар файз берсин умримизга,
Саодат юлдузимиз мангу ёнсин!

Бу самимий сатрлар икки қардош халқ қалбини ўзида ифодалаган эзгу туйғуларнинг ҳарорати билан иситиб туради.

Биз, ўзбек ва қозоқ адиблари ўртасидаги дўстлик чаманзорини кўриб улғайган кишилар, сўнгги йилларда ана шу алоқаларнинг бир оз узилиб бораётганидан ташвишга тушмай иложимиз йўқ. Негаки, бир-бири билан оға-ини бўлиб келган халқлар ўртасидаги адабиёт аталмиш кўприк заифлашса, бундан оға-инилик алоқалари ҳам озор чекади.

Аммо бундай ўйлаб қарасак, ўзбек ёзувчи ва таржимонларининг, шунингдек, адабиётшунос олимларнинг бу алоқаларни давом эттиришга қаратилган ишлари бир томонлама уриниш бўлиб кўринади. “Қарс икки қўлдан чиқади”, деганларидек қозоқ дўстларимизнинг “а, лаббай” деган сўзларини эшитганимизча йўқ. Бирорта қозоқ таржимони на ўзбек шоирларининг, на ёзувчиларининг асарларидан иборат мажмуаларини она тилига ўгириб, нашр этмаган. Ҳолбуки, ҳозирги ўзбек шеъриятида кечаётган ижодий изланиш ва жараёнлар қозоқ шеъриятининг кейинги ривожига баракали таъсир кўрсатиши мумкин. Ўзбек адиблари қаламига мансуб энг яхши қисса ва романларнинг қозоқ тилига таржима қилиниши ҳам қардош қозоқ китобхонлари учун кашфиёт бўлиши ҳеч гап эмас.

Тарихий жараённинг қандай кечиши кўп жиҳатдан ҳар бир халқнинг виждони бўлган ёзувчиларга, уларнинг ўз фуқаролик бурчларини тўғри тушунишлари ва уни тўғри адо этишларига боғлиқ.

Аммо тарих шундан шаҳодат берадики, минг йиллар мобайнида синовдан ўтган, халқлар ўртасидаги тинчлик ва осойишталикка хизмат қилувчи абадий қадриятлар асло йўқолмайди. Халқлар ва адабиётлар ўртасидаги дўстлик шундай абадий қадриятлардан биридир.

Абдулла Тожибоев айтганидек, илоҳи, бир қуёшдан нур эмган, бир дарё сувларидан сероб бўлган икки қардош адабиётнинг ва икки қардош халқнинг дўстлик дарахти асло завол билмасин!

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 9-сон.