Ўтган асрнинг 10-йилларида ижод қила бошлаган шоир ва ёзувчилар мадраса таҳсилини олганлари сабабли, туркий тиллардан ташқари, форс ва араб тилларини яхши билишган. Бинобарин, улар ўз асарларини ўзбек тилида яратиш билан бирга, шу тиллардаги бадиий адабиёт намуналарини ўқиш ва ҳатто таржима қилиш имконига ҳам эга бўлишган. Лекин бу шоир ва ёзувчилар ижоди шакллана бошлаган давр ўзбек халқи тарихининг мустамлакачилик даври бўлиб, Туркистон чор Россиясининг мустамлака ўлкаларидан бири сифатида яшаётган эди. Шунинг учун ҳам улар чекига форс ва араб тилларини мукаммал ўрганиш, шу тилларда ижод қилган адибларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилиш эмас, балки рус тилини ўрганиш ва рус ёзувчилари асарларини ўзбек тилига таржима қилиш вазифаси тушди.
Абдулла Қодирий боғбон-деҳқон оиласида туғилган. У болалик ва ёшлик чоғларида отасига ёрдам бериб, деҳқончилик, вассачилик юмушлари билан машғул бўлган. Аммо эски тузум асосларини бирма-бир янгилаб бораётган замон бошқалар қатори, Қодирийлар оиласидаги турмуш тарзини ҳам ўзгартириб юборди. Бўлажак адиб Расулмуҳаммад деган бир бойнинг қўлида приказчиклик қилиб, унинг даъвати билан 1912 йилда рус-тузем мактабига ўқишга кирди. Лекин шу мактабда кечган бир ярим-икки йил ичида рус тилини на у, на унинг мактабдошлари ўзлаштирган бўлмасалар керак. Аммо агар 1913-1914 йилларгача адабиёт оламидан узоқда яшаган йигитнинг 1914-1915 йилларда “Жувонбоз” ва “Улоқда” ҳикоялари ва “Бахтсиз куёв” драмасини ёзиб, ўзбек адабиётига дадил кириб келгани, 1919 йилдан бошлаб эса “Ўтган кунлар” романини ёзишга шайланганини эсласак, унинг мутолаа йўли билан ижод “сир”ларини ўрганганлиги, луғат устида ишлаш ва русча китобларни ўқиш йўли билан Пушкин ва Толстой тилини пухта ўрганганлиги кундек равшан бўлади. Ҳар ҳолда у Фердинант Дюшаннинг 1927 йилда Зариф Баширий томонидан ўзбек тилига таржима қилинган “Тамилла” ва “Қамар” романларини русча нусхаларига қараб, таҳрир қилган.
Ҳозирги Ўзбекистон Миллий академик драма театри 1935 йили ундан буюк рус адиби ва комедиографи Н.В.Гоголнинг “Уйланиш” асарини ўзбек тилига таржима қилиб беришни илтимос қилган.
Миллий театримиз тарихидан шу нарса маълумки, “Уйланиш” комедияси 1926 йил 22 апрелда номаълум ёзувчи таржимасида “Намуна” труппаси томонидан саҳнага қўйилган. Аммо бу асарга режиссёрлик қилишган Камол I ҳам, машҳур кулги устаси Миршоҳид Мироқилов ҳам актёрларнинг бадиий матндан чиқиб, бадиҳагўйлик қилишларига кенг имконият беришган, ҳатто М.Миршоҳидовнинг ўзи ҳам асарга кўплаб ичакузди репликаларни киритган. Натижада, комедия Гоголь нусхасидан анча-мунча фарқ қилган ва бу ҳол айрим нозиктаъб тақризчиларнинг эътирозларига сабаб бўлган. Шунинг учун театр бу ўлмас комедияга иккинчи марта мурожаат этганида Қодирийдан асарни муаллифнинг ғоявий мақсадидан узоқлашмаган ҳолда таржима қилишни илтимос қилган.
“Уйланиш”нинг 1935 йил 28 августда бўлиб ўтган премьераси томошабинлар томонидан ҳам, театр танқидчилари томонидан ҳам ғоят самимий кутиб олинди. Чунончи, Сотти Ҳусайн “Гоголнинг “Уйланиш” асари ўзбек саҳнасида” (“Совет адабиёти ва санъати” журнали, 1935 йил, 11-12-қўшма сон) деб номланган тақризида спектаклга ҳам, Қодирий таржимасига ҳам юқори баҳо берди. Афсуски, таржима матни ўтган асрнинг 70-йилларига қадар на театр архивидан, на хусусий архивлардан топилмай келди. Унинг кейинчалик атоқли олим ва драматург Иззат Султон архивидан топилган нусхаси фақат биринчи пардадангина иборат. Аммо шу номукаммал матн асосида ҳам Қодирий Гоголнинг ўлмас комедиясини юксак бадиий савияда таржима қилган, деб баралла айта оламиз. Мазкур матнни 1972 йилда биринчи бўлиб эълон қилган таржимашунос олим Жуманиёз Шарипов Қодирийнинг таржимонлик маҳорати тўғрисида бундай сўзларни ёзган: “…Таржиманинг сифатига келганда шуни айтиш мумкинки, Абдулла Қодирийнинг бу таржимаси ўз даврининг энг яхши таржималаридан бири бўлибгина қолмай, ҳозирги даврда ҳам қимматини йўқотмаган нодир таржима обидасидир. Таржимон Гоголь услубини яхши бера олган. Биз бу ҳақда иккинчи китобимизда махсус тўхтамоқчимиз” (Ж.Ш а р и п о в. Бадиий таржималар ва моҳир таржимонлар. – Т.: Фан, 1972, 226-бет).
Шу муаллифнинг “Ўзбекистонда бадиий таржима тарихидан” (Т.,1985) номли мақолалар тўпламидан жой олган Абдулла Қодирий ҳақидаги мақоласида ёзади:
“Ўзбек ва рус тилларини мукаммал билган ёзувчи Абдулла Қодирий “Уйланиш” комедиясини таржима қилишга киришар экан, даставвал асардаги ҳар бир жумла, ҳар бир сўз, ҳар бир образ ва персонажни ўрганиб чиқди. Шу билан бирга асарни саҳналаштириб, ижро этувчи актёрларга қулай бўлиши учун “Уйланиш”ни ниҳоятда эҳтиёткорлик, масъулият билан ўзбек тилига ўгирди. Шунинг учун комедия ўзбек актёрларига қулай бўлган қисқа, ихчам жумлалар асосида таржима қилинган.
Биринчи парданинг учинчи фаслида бош қаҳрамонлардан бири Подколесин уйланишнинг борди-келди томонларини ўйлаб, хаёл сурар экан, саҳнага хизматчиси Степан кириб келади.
Шу кичик лавҳа аслиятда бундай берилган:.
“П о д к о л е с и н. А едь хлопотливая, чёрт возьми, вещь женитьба! То, да всё, да это. Чтобы это, да это было исправно – нет, чёрт побери, это не так легко, как говорят, Эй, Степан! (С т е п а н в х о д и т.) Я хотел еще тебе сказать…» (Н.В. Г о г о л ь. Сочинения в пяти томах. Т. IV. М., 1952. – С. 218).
Бу лавҳа А.Қодирий таржимасида бундай жаранглаган:
П о д к о л е с и н. “Ҳой, шу уйланишнинг даҳмазаси қурсин-да. Ҳали униси, ҳали буниси дегандек. Унисини тузатсанг, буниси қолиб боради, бунисини битирсанг, яна бошқаси чиқиб қолади. Дарвоқе, айтганларича, сабил бу уйланиш ҳазил гап эмас. Эй Степан. (С т е п а н киради.) Сенга айтадиган яна бир сўзим бор экан…”
Кўчама-кўча совчилик қилиб юрган Фекла Ивановна эса бўлажак куёвларни келинга бундай таърифу тавсиф қилади:
“Ф е к л а. А славные все такие хорошие, аккуратные. Первый Балтазар Балтазарович Жевакин такой славный, во флоте служил – как раз по тебе придется. Говорят, что ему нужно, чтобы невеста была в теле, а поджаристых совсем не любит. А Иван-то Петрович, что служит езекухтаром, такой важный, что и приступу нет. Такой видный из себя, толстый, как закричит на меня: «Ты мне не толкуй пустяков, что невеста такая и эдакая, ты скажи напрямик, сколько за ней движимого и недвижимого?”
Қодирий “поджаристый”, “езекухтар”, “приступу нет” сингари мураккаб сўз ва иборалардан холи бўлмаган Фекланинг бу репликасини ўзбек тилига бундай ўгирган:
Ф е к л а. “Ҳаммалари ҳам яхши, сўзга етук, ваъдага вафолик, ақлга тўла. Биринчиси Балтазар Балтазарович Жевакин. Шундай одамки, ўзи фронтда хизмат қилган. Худди сенга буюртирилгандек, менга қовжираган гўштдек хотин керак эмас, менинг учун бадани тўла хотин зарур, дейди. Иван Петрович бўлса, езекухтар бўлиб ишлайди Ўзи шундай жиддий одамки, ҳеч нариги ёғи йўқ. Ўзи шундай тўладан келганки, менга бақиради: “Сен менга майда гапларни сўзлаб бидирлама, менга тўғридан-тўғри, жонли моли қанча, жонсизи қанча, ана шундан гапир!” дейди…”
Бу лавҳалардан аён бўлганидек, жонли халқ тилининг ажойиб қочирмалари, теша тегмаган ибораларини яхши билган Қодирий Гоголь асари таржимасига ғоят эҳтиёткорлик ва масъулият билан ёндашиб, муаллифнинг нафақат гоҳ масхараомуз, гоҳ киноявий, гоҳ кулгили тили ва услуби, балки қаҳрамонларнинг индивидуаллашган ўзига хос нутқларини ҳам ўзбек тилида аниқ, адекват ифодалашга интилган. Шунинг учун Сотти Ҳусайндек нозиктаъб танқидчи ҳам асар таржимасига юқори баҳо берган.
Рус ёзувчиларидан нафақат Гоголь, балки ундан кўра ҳам А.П.Чеховнинг заҳарханда тили ва услуби Қодирийга яқин эди. Шунинг учун бўлса керак, Қодирий 1936 йилда “Совет адабиёти” журнали таҳририятининг илтимоси билан буюк рус ёзувчисининг “Хамелеон” (“Буқаламун”) сатирик ҳикоясини ўзбек тилига таржима қилган. Бу таржима билан танишган китобхон унинг рус ёзувчиси қаламига мансуб эканлигига фақат персонажларнинг русча номлари туфайлигина иқрор бўлиши мумкин. Чехов бадиий асар тилига ғоят катта адабий мезонлар асосида ёндашган ёзувчи бўлгани учун “Буқаламун” тилининг ҳам, бошқа асарлари тилининг ҳам ғоят сиқиқ ва лўнда бўлишига интилган. Бу ҳол бадиий матндаги ҳар бир сўз, ҳар бир тафсилнинг кенг сиғимли бўлишига катта имкон яратади. Чехов асарлари тилига хос шу муҳим хусусият Қодирийга ҳам манзур бўлган кўринади. У ўтган асрнинг 30-йилларида тез-тез ўтказилиб турган ёш шоир ва ёзувчиларнинг семинарларида шу ҳақда сўзлаб, “Буқаламун” мисолида сўз ва тафсилнинг бадиий матндаги роли тўғрисида ғоят муҳим фикрларини баён қилган. Адибнинг шундай семинарларнинг биридаги нутқи “Совет адабиёти” журналининг 1936 йилдаги сонларидан бирида босилган.
Ўйлаймизки, “Буқаламун” таржимаси билан бирга қуйида эълон қилинаётган “Ўқиш-ўрганиш” мақоласи ҳам Қодирийнинг таржима ва таржимон ҳақидаги қарашларига равшанлик киритади.
А.Қодирий ҳаётининг сўнгги йилларида ижтимоий-сиёсий адабиётлар нашриётининг илтимоси билан хорижий ёзувчиларнинг бир қанча ҳикоялари ва “ёстиқдек-ёстиқдек” романларидан олинган айрим парчаларни ўзбек тилига ўгирди. Шундай асарлар орасида Дени Дидронинг “Роҳиба”, Боккаччонинг “Чопилло махдум”, Мазучионинг “Жириллама махдум” ва “Никола махдум иштони”, Алфонс Доденинг “Саодатли Августиннинг азиз дуоси”, Марк Твеннинг “Роҳибларнинг кароматлари”, Ярослав Гашекнинг “Худога мадҳия” ва “Эвергард авлиёнинг каромати” сингари, шунингдек, Эмиль Золянинг “Лурд” ва “Румо” романларидан парчалар бор. Совет давлати дин ва руҳонийларга қарши кураш авж олган 20-30-йилларда шундай асарлар орқали халқнинг Худодан, азиз-авлиёлар, диний ҳикматлар ва ажабтовур воқеалардан юз ўгиришига эришмоқчи бўлган.
Қодирий бугун бирор бадиий ва маърифий қимматга эга бўлмаган бундай асарларни таржима қилишга ё сиёсий зуғум, ёки моддий эҳтиёж орқасида мажбур бўлган кўринади.
Агар тақдир улуғ ўзбек адибига узоқ ва эркин ижод қилиш имкониятини берганида, у жаҳон адабиётининг буюк дурдоналарини ўзбек тилига қойил- мақом қилиб таржима қилган бўлармиди…
Наим Каримов,
филология фанлари доктори, профессор
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 4-сон