Улуғ рус адиби Н.В.Гоголнинг биографияси билан танишсангиз, унинг дунёга келиши, умр кечириши, асарларининг ёзилиш тарихи, замондошлари билан муносабатлари ва, ҳатто вафоти борасида ҳам ажабтовур маълумотларга дуч келасиз.
Николай Васильевич Гоголь туғилишидан бирмунча олдинроқ (тахминан ХIХ аср бошларида), отаси Василий Афанасьевич Гоголнинг қайлиғига – Мария Ивановнага ёзган хатидан бир парча манбаларда сақланиб қолган: “Азизим Машенька! деб ёзади ёш ошиқ ўз маъшуқасига, – Орамизга тушган кўпгина тўсиқлар бугун мени сизнинг ёнингизда бўлишдек бахтдан мосуво қилди. Соғлигимнинг заифлашаётганлиги кўнглимни даҳшатли хавотирга солаётир, юрагимни ғам-ташвиш емириб ташлаётир. Алвидо, эй дунёдаги энг аъло дўст! Саломат бўлинг, мен ҳақимда ҳеч хавотирланмаслигингизни ўтинаман. Шуни комил ишонч ила айта оламанки, сизнинг содиқ дўстингиз – бу бандайи бахтиқора Василий дунёда ҳеч кимни сизни севганчалик сева олмагай ва иззат қила олмагай… Ушбу маҳзун мактубимни ота-онангизга кўрсатмаслигингизни ўтинаман. Нималар деб ёзаётганимни ўзим ҳам билмайман”. Мазкур парча кўпчилик гоголшунос тадқиқотчиларнинг тахминича, айнан мана шу ошиқ – маъшуқлар (яъни, адибнинг ота-онаси)нинг назокатли, ноёб – нодир муомалалари ёзувчининг “Миргород” китобидан ўрин олган “Қадимги замон помешчиклари” қиссасидаги Афанасий Иванович ва Пульхерия Ивановналар тимсолида тасвирланган.
Н.В.Гоголь 1809 йил 1 апрель куни Миргород уездининг Катта Сорочино қишлоғида мана шу аслзода помешчиклар оиласида таваллуд топди. Унинг бобоси Афанасий Гоголь – Яновский Киевдаги диний академияни тамомлаб, Миргороддаги полк девонхонасида ишлаган. Уйланганида хотини учун бир қишлоқни сеп ўрнида олган (бу қишлоқ кейинчалик Николайнинг отаси Василий Афанасьевичнинг шарафига “Васильевка” деб аталиб кетади). Василий Афанасьевичнинг ўзи ҳам украин тилида комедиялар ижод қилгани маълум. 1805 йилда у қўшни қишлоқлик помешчик Косяровскийларнинг қизи Мария Ивановнага уйланади. Бу оилада бирин-кетин ўғил-қизлар (Николай, Иван, Анна, Елизавета, Ольга) туғилиб, вояга ета бошлайди. 1818 йилда Николай ва Иванни Полтавадаги уезд билим юртига ўқишга берадилар. Кейинчалик Николай ўқишини Нежин шаҳридаги Олий фанлар гимназиясида давом эттиради. Бадиий ижодга қизиқиш, халқ оғзаки ижоди намуналарини йиғиш иштиёқи Гоголда ўша йилларда бошланганини сезиш мумкин. Гимназиячи Николай шу йиллари боболарининг фамилиясидаги полякча-украинча оҳангдаги “Гоголь – Яновский” деган сўзларни қисқартириб, ўзига фақат “Гоголь” деган сўзнигина фамилия сифатида қолдиради. Николай 16 ёшга тўлганида отаси вафот этади.
Николай 19 ёшида Нежиндаги гимназияни тамомлагач, актёр бўлиш умидида Петербургга йўл олади. Шу шаҳарда яшаб юриб Украина деҳқонлари ҳаёти тасвирланган “Диканка қишлоғи оқшомлари” китобини ёзади. Энди унинг нияти Украинанинг ўрта асрлардаги тарихига бағишланган китоб ёзиш эди. Гоголнинг нияти амалга ошмади-ю, лекин у шу ниятда тўплаган материаллари асосида Петербург университетида талабаларга маърузалар ўқийди. Гоголнинг “Малороссия тарихидан парчалар” асари ўша йиллар меҳнатининг самарасидир. Унинг “Миргород” китобига кирган “Тарас Бульба”, “Вий”, “Шинель” ва бошқа қатор ҳикоя ва қиссалари ёш адибни тезда Россия зиёлилари орасида маълум ва машҳур қилиб юборди.
1836 йилда унинг шоҳ асари – “Ревизор” дунёга келди. “Ревизор” (1835 йилда ёзилган, сўнгги таҳрири 1842 й). “Бир ажойиб комедия яратайки!” деб, Пушкиндан сюжет сўраб олган Гоголь энди ёзилажак комедиясининг “дунёдаги энг ғаройиб томоша” бўла олишини башорат қилди. Гоголь бу комедиясини икки ой ичида ёзди, бир неча маротаба таҳрир қилди. Ниҳоят, 1842 йилги олтинчи таҳриридан сўнг бу комедияни эълон қилди.Асар Россиядаги йироқ шаҳарлардан бирига “инкогнито” (яширин, махфий) тарзда ташриф буюрган, махфий кўрсатмаларга биноан келган тафтишчи ҳақида. Агар адиб бу шаҳардаги амалдорлар тафтишчи деб гумон қилинаётган киши олдига келиб, ўзларининг иш фаолиятларида йўл қўяётган, амалга ошираётган жиноятлари учун пора таклиф қилишларини, атрофида минг айланиб, ўргилиб, парвона бўлишларинигина тасвирлаб қўя қолганида эди, комедия жўнгина бир асарга айланиб қолган бўларди. Йўқ, Гоголнинг маҳорати шундаки, уларнинг хатти-ҳаракатлари орқали замона амалдорларининг ниҳоятда нодон ва думбуллигини ҳам, беқиёс жирканч қилмишларининг сабабини ҳам, қаҳрамонларнинг ҳам аянчли, ҳам кулгили қирраларини дунё кўзи олдида фош қилиб ташлади.
Бу комедиянинг саҳнага чиқиши Гоголнинг шуҳратига шуҳрат қўшди Шундан кейин у “Ўлик жонлар” романини ёза бошлайди, Россияда ёзила бошлаган роман кейинчалик Гоголь чет эл саёҳатига жўнаб кетган пайтда ҳам (1836 йил, июнь) давом этиб, муттасил олти йил мобайнида қоғозга туша борган. Бу йилларда Н.В. Гоголь Германия, Швейцария, Франция, Италия мамлакатларида (ўн икки йил) яшайди, ора-орада Россияга ҳам келиб- кетиб туради.
“Ўлик жонлар” асарининг сюжетини ҳам Гоголга А.С.Пушкин айтиб берган эди. Гоголь ўзини Пушкиннинг шогирдиман деб билар, “Ўлик жонлар”ни шоирнинг табаррук васияти деб атарди. Умуман олганда, бу асар – Пушкин ижоди билан ХIХ асрнинг иккинчи ярмида ижод қилган рус реалист адиблари ўртасидаги кўприкдир. Гоголь бу асари билан адабиётга танқидий руҳ бағишлади ва бу руҳ ижтимоий тафаккур тараққиётида жуда улуғ ўрин тутди. Китобнинг биринчи жилди 1841 йил май ойида “Ўлик жонлар ёки “Чичиковнинг саргузаштлари” номи остида чоп этилди.
Тадқиқотчилар фикрича, Гоголь умрининг охирларида асаб касаллиги, жиззакилик (неврастения) касаллигига йўлиқади, бу касалликдан қутулолмай, кўп ҳолларда оғир депрессия ҳолатига ҳам тушиб қолади. Ёшлик йилларида, камолот пиллапояларида теварак атрофга, ҳаётга, одамларга киноя кўзи билан қараб, оддий воқеалар мазмунидан ҳам ўткир кулги топа оладиган улуғ адиб энди сал нарсадан ғалва чиқарадиган, жиззаки, ҳаммани ахлоқсизликда айблайдиган одат чиқаради. Ҳаётининг сўнгги йилларида у “Ревизор”нинг давомини,”Ўлик жонлар” романининг иккинчи қисмини (Чичиковнинг қайта тарбияланиш жараёнини) ёзди, “Дўстлар билан ёзишмалардан танланган саҳифалар” (1847) китобини эълон қилди. Сўнгги асари учун у танқидчи Белинскийнинг кескин танқидига учради. 1850 йилнинг баҳорида графиня Анна Михайловна Виельгорская (1823 – 1861) га оила қуриш маъносида оғиз солади. Аммо унинг бу таклифи рад қилинади.
Шу каби муваффақиятсизликлар сабаб бўлиб, Гоголнинг ўзига бўлган ишончи буткул сўнади.1852 йил февраль ойининг совуқ бир тунида у ҳаётидаги энг қалтис ишга қўл уради – ўн йиллаб ёзиб келган “Ўлик жонлар” романининг иккинчи қисмини, бошқа асарларининг қўлёзмаларини оловга ташлайди. Уйида хизмат қилиб юрган Семён деган болакай хўжайини нима қилаётганини кўриб, оёқларига йиқилиб, бундай қилмаслигини сўраб йиғлаб-ёлворади. Аммо Гоголь ортга чекинмади. Қўлёзмалар ёниб, кулга айлангач, ақлдан озай деб қолган адиб, чўқиниб, Семённинг пешонасидан ўпади-да, тўшакка ағдарилиб, ҳўнграб юборади. Унинг яшагиси келмай қолган эди. Гоголь ҳолдан тойиб, энг даҳшатли депрессия ҳолатига тушиб қолади, етиб келган шифокорларни хонага киритмайди. Орадан ўн кун ўтиб, Гоголь дунё билан хайрлашади.
Гоголь қисқа, машаққатли ҳаёт кечирди. Шу қисқагина умри мобайнида ёзган асарлари биланоқ рус адабиётида ҳам, жаҳон адабиётида ҳам забт этиб бўлмас чўққи, моҳир адиб даражасига эриша олди. Гоголь ижоди ва ҳаётини тадқиқ қилган олимлар, адиблар унинг тақдирига хос бўлган бир-биридан ғаройиб воқеаларни қаламга олганлар. Ёзувчининг сўнгги кунлари, вафоти билан боғлиқ хотираларнинг қанчалик рост ё ёлғонлигидан қатьи назар, у ўлими олдидан ёзиб қолдирган иқрорномасида шундай дейди: “Биламанки, менинг номим ўзимдан кўра бахтлироқ бўлади…” Гоголнинг мана шу башорати ҳақиқат бўлиб чиқди.
Музаффар Аҳмад тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 4-сон