Мунаққидлар, одатда, Хулио Кортасарнинг “Сополак ўйини” романини Жеймс Жойснинг “Улисс” ва Герман Гессенинг “Маржонлар ўйини” романлари билан бир қаторга қўйишади. Ва бу бежиз эмас, албатта. Негаки, бу роман Лотин Америкаси “сеҳрли реализм”ининг ўзига хос намунаси тарзида майдонга чиқди.
Тан олиш керак, Кортасарнинг “Сополак ўйини” романи хусусида ёзиш анча қийин. Романни ўқиб, кўп нарса ҳақида гапиришга тайёр турасан-у, лекин нимадан бошлашни билмай гангиб қоласан. Романнинг гоҳида тугалланмаган фикр, чала қолиб кетган жумла, гоҳида мавҳум ва пала-партиш чизилган лавҳалар шаклида намоён бўлувчи эпизодлари ноанъанавий тарзда воқеалар изчил алмашинувидаги умумий оқимда гўзал сўзанага тикилган олтин ипдек сержило рангларда уйғунлашиб кетади. Китобхон яна андак сабр қилса, навбатдаги боб ўз сирини очиб бераётгандек туюлади. Фасоҳатли жумлаларнинг оҳанграбо, сержило парда ортида яширилган, қадрли меҳмондек кутилган жавоб, аниқроғи, асарнинг асосий ғоясини, бош тугунининг ўта аниқ ҳал этилишини кўрсатиб бераётгандек бўлади. Лекин охиригача англанмаган, қўққисдан пайдо бўлувчи мажозий маъноларнинг лабиринти ўқувчини бошқа эпизодларга эргаштириб кетади. Устига устак, адибнинг ўша донғи чиққан “фикр толалари”нинг тугуни янада чигаллашиб боради ва шу йўсинда давом этаверади. Демак, биз худди романнинг бош қаҳрамони – Орасио Оливейра каби мубҳам, шакл-шамойили йўқ нарсанинг алоҳида қисмларини ўзаро боғлашга, тартибга солишга, таснифлашга ҳаракат қиларканмиз, марказга, бошланғич нуқтага интиламиз, бироқ биз матн парчалари билан ўйнаймиз, Орасио Оливейранинг ўйини эса – унинг ҲАЁТИ, ўртага унинг БАХТИ тикилган. Шу тариқа шакл максимал даражада мазмунга мос келади. Ҳар бир эпизод – ажралмас қисм, ерда чизилган катакчалардан биридир: ўқувчи катакчалардан катакчаларга “сакрайди”. Адиб услуби романнинг асосий ғоясини, яъни объектив воқеликнинг тартибсизлигию палапартишлигини, инсоннинг ҳаёт маъносини абадий ахтаришга маҳкум этилганлигини, одатга айланган ҳаёт, кўникиб кетилган яшаш тарзининг абсурдлигини алоҳида таъкидлайди. Мубҳамлик, аниқ ифодаланмаганлик ва ихтиёрий талқин яна бир муҳим фикрни рамзий маънода бизгача етказади. Бу фикр асосида мураккаб сюжет қурилади, яъни воқелик субъектив тарзда идрок қилинади. Романнинг якуний қисми – хотимаси очиқ, натижада ўқувчи конфликт ҳал этилишининг аниқ формуласини тополмайди. Охирги сўзни айтиш, охирги нуқтани қўйиш китобхон зиммасига юкланган.
Кортасар ижоди хусусида умумий манзарани тўлдириш мақсадида бевосита роман проблематикасига тааллуқли жиҳатларга эътибор қаратайлик. Ишончимиз комилки, ҳаёт парчаланиб, вайронага айланиб, барбод бўлиб бораётган бир пайтда ваҳима ва саросимага тушиш, ўзини йўқотиб қўйиш ва овоз чиқармай йиғлаш, ички норозилик билдириш барчага баробар даражада танишдир. Шубҳасиз, реалликда эмас, балки вақтинчалик ранж-алам, ғазаб ва шунга ўхшаш салбий ҳис-туйғулар чулғаб олган онгимизда қиёмат-қойим бошланади. Аммо биз бор кучимизни жамлаб, секин-аста ёки шу заҳотиёқ ўзимизнинг табиий ҳолатимизга, ақли расо, эс-ҳуши жойида одам қиёфасига қайтамиз. “Сополак ўйини” романи бош қаҳрамони эса, табиий ҳолатини аллақачон йўқотган, ҳаёт ва табиатни мувозанатда сақлагувчи ҳар қандай меъёр, мезон, тамойилларни инкор этувчи шахс сифатида гавдаланади. У дунё ва кишилик жамиятини бошқариб турувчи қонуниятларни мутлақо қабул қилмайди. Орасио Оливейра машъум хатога қачон йўл қўйган? Уни муқаррар ҳалокат жари ёқасига олиб келган саҳв-хатосини энди тўғрилаб бўладими? Уни қайта-қайта хато қилишга ким ёки нима мажбур этди?
Орасио Оливейра жамият тартиб-қоидаларини назар-писанд қилмайди. У атрофдаги кишиларнинг эс-ҳушини, фаҳму фаросатини, бир сўз билан айтганда, бутун қалбини эгаллаган (эзгу ёки ёвуз) интилишларида иллюзия, азалий ва абадий сароб, алдаш ва алданишларни кўради. У ҳар қандай фаолиятдан қочади, ҳаттоки элементар юмушларни бажаришдан ҳам бош тортади. Унинг фикрича, бундай тутилган йўл, яъни “ортиқча” нарсаларни миядан чиқариб юбориб, беҳуда уринишларни унутиб, асл моҳият, орзу қилинган “марказ”, “ибтидо нуқтаси”гача етиб бориш мумкин. Бу – Оливейранинг “ҳаёт кемасидан ирғитиб ташланиши”, “тўхтовсиз оқаётган ҳаёт дарёсининг қирғоғида қолиши”нинг асосий сабабидир. У маҳбубаси Магани қўйиб юборади, биргаликда тинч-тотув яшаш ташаббусини қўлдан бой беради, Мага муҳаббатини сезмайди. Ҳаётини тўғрилаш учун аниқ бахтга элтувчи тўғри йўлдан юролмай, Маганинг нажотбахш маслаҳатларини, қийинчиликлардан халос этувчи интилишлар тизгинини қўлдан чиқариб юборади. Умуман олганда, тақдир унга кулиб боққанда ва одамлар унга меҳр кўзи билан қараган бир пайтда қулай фурсатдан фойдалана олмайди. У гуркираб яшнаётган гўзалликни, тўлиб-тошиб оқаётган ранг-баранг ва хилма-хил ҳаётни, реаллик ва юксак орзуни, бир сўз билан айтганда, ҳар бир ҳодисада ва ҳар бир лаҳзада яширинган воқелик сирини қўлдан бой беради. Шунинг учун ҳам у астойдил ахтарган, орзуманд бўлган жавоб, қанчалик “товланиб турган нақшинкор” катакчалардан сакраб ўтмасин, етишиб бўлмас мақсадга айланиб қолаверади.
Орасио Оливейра – ёлғиз. Бу ёлғизлик фожиали вазият ҳисобига эмас, ҳалокат жари ёқасида тургани учун эмас, уни севикли аёли, яқин дўстлари, содиқ ўртоқларидан жудо қилган сабаблар ҳисобига ҳам эмас. Ҳамма гап – унинг ўзида. Меҳрибон ва ширинсўз Мага билан Парижда яшаганида ҳам, бегона бўлиб кўринган, носоғлом тасаввурида адоватли бўлиб туюлган, совуқ шамоллар эсаётган бу дунёда у ўзига жой тополмади. Ҳаттоки, дўсти Травеллернинг беғараз кўмагини, ҳар қандай вазиятда ёрдам қўлини чўзишга тайёр эканлигини, самимий хайрихоҳлигини сеза туриб ҳам, руҳан эзилиб, азоб-уқубат чекади. У бутун борлиқдан ўзини олиб қочади. Романнинг охирги бобида муаллиф худди шахмат тахтачасида доналарни териб чиққандек, позицияларни аниқ қўйиб чиқади – Орасио Оливейра энг яқин дўсти ва севгилисига ишонмай қўяди, кичкина хонасининг эшигини ичкаридан занжирлаб олади, бузиб бўлмас ғов-тўсиқ ўрнатади. Энг даҳшатлиси, хонасида турли қалинликда, турли рангларда, ҳар хил узунликдаги ипларни осиб ташлайди, худди ипак қурти пилла ўрагандек, ўзига қобиқ ясайди ва унда яшириниб олади. Рамзий маънода иплар бу – ечилмас даражада чигаллашиб кетган қўрқувлари, даҳшатли тасаввури, шубҳа ва гумонларидан ҳосил бўлган “фикрлардан тўқилган тўрлар”дир. Унинг “ҳудуди” ва ўзга одамлар “ҳудуди” ёки “қора шарпа ҳудуди” ўртасида алоқа ҳам, БИРЛИК ҳам, ҳамжиҳатлик ҳам йўқ.
Бунинг ўрнига қатъиятли норизолик, воқеликни узил-кесил қабул қилолмаслик, “назокатли” эркпарварликка интилиш, тақдирга бўйсунишдан кўра, охиригача курашишга тайёр туриш каби фазилатларни кучли ирода ва букилмас руҳ соҳибининг олижаноб исёнкорлиги деб бўладими? Бизнингча, йўқ. Адолатсиз бўлиб кўринган воқеликка қарши чиқмоқчимисан – ҳаракат қил, фидойи бўл.
Орасио Оливейра эса, кўриниб турганидек, ўзини ўзи “қуриш”, мукаммалликка интилиш, ўзининг феъл-атворида мустаҳкам ирода, ягона мақсадга эришишни, эркинликка талпиниш, энг муҳими, севиш ва севилиш ҳиссиётини сабот ҳамда матонат билан тарбиялаш ўрнига ўзини телбаликка солишни афзал кўради. Орасио Оливейра атрофдагиларга иззат-икром кўрсатишга шошилмайди, яқин кишиларининг раъйини қайтармаслик, уларнинг фикрига қулоқ солиш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Қолаверса, инсоният минг йиллар давомида тўплаб келган тажрибани ҳам у хато, янглиш деб ҳисоблайди, бошқа одамларнинг ҳаётий тажрибасини ҳисобга олиш, ўзига ўрнак деб билишни хоҳламайди. Ваҳоланки, одам жамиятда яшайди, фақат жамиятда шаклланади, такомиллашади. Ўзининг субъектив баҳосига эмас, балки ҳамма учун ягона бўлган мустаҳкам пойдеворга таяниб ижод қилади ва янгиликларни кашф этади.
Тан олиш керак, Орасио Оливейра ўқимишли, айниқса, санъат соҳасида унинг билими юқори даражада. Аммо шу билан бирга, у ўзининг кенг билимларини мос келувчи оқимга йўналтира олмайди. Эгаллаган билимлари унга халал бераётгандек, ортиқча юк бўлиб уни толиқтириб қўяётгандек туюлади. Орасио Оливейранинг армонлари, эзгу истак-хоҳишлари, орзу-умидлари ноаниқ, худди тумандек тўрт томонга ёйилиб кетганга ўхшайди. Шундай бўлса ҳам, у ушбу тартибсизлик, палапартишликдан ва қаердандир сиртдан, ташқаридан янги, мукаммал, бенуқсон система туғилади, деб ишонади. Гарчанд узоқ кутилган ва қимматга тушган мутлақ ҳақиқат, бутун мавжудотнинг азалий ва абадий ўзгармас бирламчи асоси бўлмиш руҳ, юксак ғоя объектив воқеликда муайян меъёр ёки мезон эмас, балки бизларнинг садоимиз, шаффоф биллурдек тоза кўзгудаги аксимиздир. Таъбир жоиз бўлса, ҳиссий, ақлий ва маънавий-ахлоқий тажрибамизнинг мағзи, аждодларимиз ва замондошларимиз қўлга киритган юксак муваффақиятлар ҳосиласидир.
Чунончи, кунлардан бир кун Оливейра йўл-йўлакай Мага билан “метафизика дарёлари” хусусида баҳслашиб қолади. Маганинг иқрор бўлишича, у бу дарёларда бемалол сузади, Оливейра эса беҳуда уринади, нималарнидир бенатижа қидиради. Муаллиф, бир қарашда, таажжуб ва мужмал бўлиб кўринган иборанинг маъносини батафсил изоҳлаб бермайди. Бу образли иборада романнинг асосий метафораси мужассам бўлган, деб ўйлаймиз. Тахминимизча, “метафизика дарёлари” – бу бахтга олиб келувчи ёки ҳаминқадар, ўз-ўзи ва одамлар билан сулҳ тузиш, муроса йўлини кўрсатувчи нажотбахш дарёлардир. “Метафизика дарёлари” – бу онг оқими, ҳаёт маъносини билишга етакловчи оқим. Бу оқим ҳар бир инсон ҳаётига маъно-мазмун бағишлайди, сержило ранглар билан уни ярқиратиб юборади. Бу дарёлар Жаннат денгизига, уйғунликдаги ҳаёт уммонига қуйилиб кетгувчидир.
Теран фикрлаб кўрайлик. Орасио Оливейра қайси “метафизика дарё”сига тушиб қолган? Умуман, тушиб қоладими, йўқми? Жавобни биз беришимиз керак. Муаллиф ўз қаҳрамонига бундай имкониятни беради. Романда сурбетларча муносабат, беадабона хатти-ҳаракат, қўпол савол ва жавоблар тўлиб тошганлигига қарамасдан, якунловчи сўз кутилмаганда инсонпарварлик, одамохунлик руҳи билан суғорилган бўлиб чиқади. “Қора шарпа” ҳудуди эзгулик, меҳрибонлик, саховат, бир-бирини сўзсиз тушуниш, яқин дўстларнинг беғараз ёрдами ва муҳаббати орқали Оливейра ҳудуди билан яқинлашиб бораверади.
Тасаввур қилинг, асфальтда сополак ўйини учун чизилган катакчаларга кўзингиз тушиб қолганида миянгизга катта роман ёзиш ҳақида фикр туғилган бўлармиди? Албатта, йўқ. Хулио Кортасарга эса шундай фикр келган. Эҳтимол, ушбу болалар ўйинини кузатганда, унинг миясида “Сополак ўйини” романининг ғояси туғилгандир. Устига устак, зинҳор “болалар романи” эмас, балки “интеллектуал роман” ғояси келгандир. Бир қарашда, роман классицизм тамойиллари асосида яратилгандек, бир вақтнинг ўзида унда новаторлик хусусиятлари ҳам мужассам. Новаторлик дейилганда, энг аввало, унинг структурасини назарда тутмоқ лозим. Роман номи нафақат “катакдан катакка сакраб ўтиш” структурасини, балки муаллифнинг тасаввуридаги ўйинга ўхшаш “ҳаёт образи”ни ҳам ифодалайди. Муаллиф яратган ушбу “ҳаёт образи”ни қабул қиларканмиз, “Ер”дан орзу қилинган “Осмон”гача “сакрашга” ҳаракат қиламиз. Роман, шаклидан қатъи назар, ҲАЁТ ҳақида бошқа яна қайси шаҳар бундан гўзал, илҳомбахш маконга айланганлигини фаҳмлаш қийин эмас, назаримизда.
Романнинг биринчи қисми исёнкорлик руҳи билан суғорилган, лекин Орасионинг исёни реал исёнга қараганда, таъбир жоиз бўлса, эстетик ва бадиий тафаккур исёнидир. Руҳан, фикран бир-бирига яқин ижодкорлар гуруҳи, аксарият томонидан итоат қилинадиган меъёрларга, яшаш тарзини “ғайриинсоний меъёр”ларга қиёслаб яшашдан кўра, аниқроғи, катакчадан катакчага сакрашдан бош тортаркан, атрофида ўз қонуниятлари асосида яшовчи кичкина бир дунёни яратади. Аслида, биринчи қисм – бу бошқа матнларга ҳавола қилувчи, бошқа матнлардан тап тортмай олинган парча, ошкор ва яширин иқтибос, реминисценциялардан иборат кўламдор интеллектуал диалогдир. Уларни ҳаттоки энг ақлли, доно, билими беқиёс одам ҳам пайқаб олиши амримаҳол. Романнинг биринчи қисмида бош қаҳрамонлар, ўзларининг ёшларига умуман мос келмовчи хислат, яъни ўзига ва атрофдагиларга максимал талаблар қўювчи ёшлар қиёфасида гавдаланади. Табиийки, улар қуюшқондан чиқиб кетишади, эс-ҳушни қамраб олган ҳис-туйғулар охирги меъёргача боради. Ҳаётнинг бошқа томонида эса – Буэнос-Айрес. Орасио Оливейра – юраги яшаган макон – ватанига қайтади. Аргентинада эса вазият жиддий, ҳамма учун ягона тартиб-қоида ўрнатилган. Тартиб-интизомга риоя қилмаган ҳар бир фуқаро бешафақат жазоланиши муқаррар. Орасио бунга кўниколмасдан жамоат тартиб-интизомини бузади ва жазоланади. Шу тариқа у, ўзи сезмаган ҳолда, сополак ўйини иштирокчисидан “сопол тошча”га айланади. Аргентинада собиқ дўсти ва унинг хотинини тасодифан учратиб қоларкан, уларни “эгизак”, деб атайди. Тревеллер ва Талита, ўзига хос тарзда, Орасио ва Маганинг сеҳрли аксидир.
“Сополак ўйини” романини бир кунда, умуман, белгили бир муддатда ўқиб чиқиш мумкин эмас. Бу, Томас Манн таъбири билан айтанда, интеллектуал романдир. Уни худди Марсель Прустнинг “Йўқотилган вақтни ахтариб” туркуми, Жеймс Жойснинг “Улисс”, Томас Маннинг “Сеҳрли тоғ”, Герман Гессенинг “Чўл бўриси”, Франц Кафканинг “Жараён” ва “Қўрғон”, Жан-Поль Сартрнинг “Беҳузурлик”, Жон Фаулзнинг “Француз лейтенантининг аёли”, Уильям Фолкнернинг “Йокнапатофа хақида сага”, Натали Сарротнинг “Олтин мевалар”, Михаил Булгаковнинг “Уста ва Маргарита”, Паоло Коэлолонинг “Алкимёгар”, Умберто Эконинг “Атиргул номи” романларидек мутолаа қилиш, “мағзини чақиш” лозим. Бу романлар осонликча тутқич бермайди. Сабаби, уларни тушуниш, аниқроғи, нима билан тугалланишини олдиндан башорат қилиб бўлмайди. Улар сермулоҳазали, бамайлихотир ўқишни тақозо этади. Энг муҳими, роман чуқур ва кенг билим соҳиби бўлган ўқувчига бахтли, ҳузур-ҳаловатга тўла онларни ҳадя этади.
Аслида, Орасио Оливейра ўз онгининг имкониятларидан ташқари, ўзга нарсаларга ишонишдан маҳрум этилган. Ватани Аргентинадан фалак гардиши билан Парижга бориб қолган ажнабий Орасио Оливейра, Буэнос-Айресни сира унутолмайди. Бироқ ватанига қайтгандан кейин ҳам, ҳамма нарсага Европа ўлчови билан қарайди. Аргентинадаги ҳаётни Франциядаги ҳаётга таққослайди, гўё бутун умри Парижда ўтгандек.
XX аср адабиёти тарихига назар ташласак, нафақат Лотин Америкаси, балки АҚШ (Хемингуэй, Дос Пассос, Фицжеральд, Паунд, Стайн), Англия (Вульф, Олдингтон), Ирландия (Жойс, Беккет), Россия (Набоков, Шмелёв, Мережковский)даги шарт-шароитга мослаша олмаган ижодкорлар айнан Парижда қўним топганини кузатамиз.
Бироқ гўзал ва бағрикенг Париж Орасио Оливейра ишончини оқламайди, орзуларини саробга айлантиради. Гўё амалга ошгандек бўлиб кўринган орзу, аслида зерикарли ва мазмунсиз якун топган бўлиб чиқди. Аммо у орзусиз, мақсадсиз яшай олмайди. Хаёлида шафқатсиз бўлиб кўринган воқелик, ғам-ҳасратга тўла ҳаёт чангалидан Оливейра қочишга, олдинги ҳаётига нуқта қўйиб, янгича яшашга ҳаракат қилади. У ва унинг кам сонли содиқ дўстлари ҳаётни бир алпозда кечишига кўниккан одамларнинг яшаш тарзидан ўзларига ҳимоя қўрғонини қуришади, адоватли ва ваҳший дунё таъсиридан, ҳаётнинг бемаънилигидан сақлагувчи девор кўтаришади. Аргентинага қайтиш ҳеч нарсани ўзгартирмаса-да, бинобарин Оливейра ва унинг янги дўстлари олиб борган ўйин қоидалари ўзгаради, холос.
Кортасар, сополак ўйини қоидаларини ўзгартирмасдан, китобхонни ўйинга қўшилишга ундайди. Аниқроғи, муаллиф ва унинг нозиктаъб ҳамда инжиқ фикрининг айни пайтда қай тарафга бурилишини, эгри-бугри йўлда юришини аниқлашга, олдиндан башорат қилишга “чақиради”.
Хорижий адабиётшуносларнинг якдил фикрича, Кортасарнинг “Сополак ўйини” – постмодернизм руҳида ёзилган матннинг ажойиб намунаси тарзида тан олинган. Матннинг қуйидаги хусусиятлари бу фикрни тўлиқ исботлайди: а) роман ёпиқ доирани ҳосил этмай, “очиқ” структурага эга, яъни матннинг чек-чегараси йўқ, унга сон-саноқсиз мазмун ва маънолар сингдириб юборилган, уни талқин қилишнинг жуда кўп йўллари мавжуд; б) роман матни “иккиламчи”дир, яъни у кўплаб иқтибос, реминисценция, ҳавола, бошқа матнлардан олинган бутун бошли парчалардан яратилган, бу эса, ўз ўрнида, матн ичидан “ёриб ўтиб”, ҳақиқий полифония (кўп овозлилик)ни ҳосил этади; в) матн “ўзгарувчан” хусусиятга эга, яъни сюжет замирида ётган воқеалар динамик тарзда бир-бирини алмаштиради; бунга ўқувчи билан доимий диалог олиб бориш ва узлуксиз тарзда маъно ҳамда мазмунни яратиш орқали эришилади; г) матн (анъанага зид равишда) муаллифга эга эмас, матн устидан “ҳокимлик” ўқувчи қўлида, айнан у матнни “бошқаради”, унинг роли бевосита фаоллашади; д) матн, таъбир жоиз бўлса, “эҳтиёж ёки зарурат”, “истеъмол ёки шахсий манфаат” объекти эмас, балки ҳузур-ҳаловат, завқу шавқ объектига айланади, ўйин биринчи планга чиқади, ўқувчи ўйинга “жалб этилади”; е) ёзув (бадиий тасвир усули) ва ўқиш (бадиий идрок қилиш) ўртасидаги масофа борган сайин қисқараркан ёки ушбу масофа бутунлай йўқ қилинар экан, “тежамланади”, яъни ёзув ва ўқиш яхлит белгиларнинг семантик тизимига бирлаштирилади.
Кортасар, романида анъанавий бадиий асар доирасидан чиқиб кетишга ҳаракат қилар экан, ўз олдига нафақат бадиият ёки эстетика нуқтаи назаридан нодир асар яратиш мақсадини қўяди, балки янги ўқувчи, маслакдош, ҳамфикр ўқувчи вужудга келиши учун замин ҳозирлайди. Қолаверса, пассив эмас, шунчалик ҳаваскор ўқувчини эмас, балки фаол, ижодкор, ”якунловчи қисм”ни,”энг сўнгги маъно”ни қатъиян рад этувчи, ўзаро тенг маданий тилларнинг беҳад кенг майдонига “кириша оладиган” интеллектуал ўқувчи учун астойдил меҳнат қилади. Кортасар ўз ўқувчисига ”буюртма адабиёт”, онг ва тафаккурнинг бир ёқлама, бир чизиқ бўйлаб ривожланиш ҳамда “бир қолип”га солинган санъат асаридан “енгиб ўтиш” йўлини кўрсатади. Хуллас, ёзувчининг асосий дастуриламали – серқирра мазмун ва маънога тўла дунёга кенг қараш, ўзининг бадиий оламини яратишдир.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 4-сон