Ажойиб инсон, меҳрибон ота, беназир устоз, атоқли олим ва жамоат арбоби Озод Шарафиддиновнинг орамиздан кетганларига салкам саккиз йил бўлди. Домла ўзларидан кейин ноёб мерос – ажойиб илм боғини, иймонли, эътиқодли, кенг мушоҳадали, теран фикрлайдиган, қалами ўткир шогирдларни, адабиётшуносликка оид нодир тадқиқотлару ўқувчи эътиборини тортадиган таржималарни, ўткир публицистик мақолаларни қолдирдилар. Шу билан бирга, домланинг турли учрашув ва анжуманларда, радио-телевидениеда миллий маънавиятимиз, аждодларимизнинг бой мероси, мустақилликнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш ҳақидаги кўплаб маъруза ва суҳбатлари ҳамон хотирамизда.
Устознинг фикрича, ҳаёт тарзимизни пухта ўйланган андозаларга мосласак, одамлар ҳаром-харишдан ҳазар қиладиган бўлса, улар ўртасида адоват ва ҳасад йўқолиб, шафқат ва мурувват қарор топса, ҳар бир одам ўзининг инсоний шаънини ҳар нарсадан юқори қўя билса, виждонини пок сақласа, иймон-эътиқодли бўлса, жамият маънан бой, мамлакат эса қудратли бўлади. Лекин бу фазилатлар жамиятга осмондан тушмайди. Бунинг учун меҳнат ва ҳаракат қилмоқ керак. Инсон маънавий дунёсини бойитадиган, ақлини пешлайдиган воситалар эса кўп. Шулардан бири китобдир. Китоб билан сирлашмоқни инсон ўзи учун ҳаётий заруриятга айлантирмоғи зарур.
“Лекин минг афсуски, – деган эдилар домла, – ҳозирги кунда адабиётга, китобга бўлган эҳтиёж сезиларли даражада пасайган. Тўғри, ёшлар замонавий техник воситалар – кино, видео, компьютер орқали муайян маълумотга эга бўлишлари мумкин, бироқ буларнинг бари фикрни ифодалаб беришга хизмат қилмайди. Ваҳоланки, инсонни фикрлашга ундайдиган восита бу китобдир’’. Фикрлаш, китоб мутолааси бу – меҳнат. Домланинг назарида ёшлар айнан ана шу меҳнатдан қочишяпти. Билишмайдики, китоб инсон онгини тарбиялайди, зеҳнини, нутқини, ривожлантиради.
Мен рус мактабида ўқиганман. Мактабимиз математикага ихтисослашган бўлишига қарамай, адабиёт фани ҳам жуда кучли ўтилар эди. Синфдошларимиз билан ҳеч бир қистовсиз китоб ўқир эдик. Ўқитувчиларимиз фақат йўналиш берарди, холос. Оилада ҳам худди шунақа ижодий муҳит бор эди. Ота-онам зиёли инсонлар бўлганлиги учун уйимизда жуда катта кутубхонамиз бор. Устознинг китоб жавонларидан болалар учун нашр этилган “Қизиқарли математика”, “Болалар учун физика” каби китоблар, “Жаҳон халқлари эртаклари” туркумлари, шоҳмот ўйинига оид китоблар ҳам ўрин олган. Домла болаларнинг айнан шундай китоблар билан ошно бўлишига катта эътибор берар эди.
Айниқса, набираларининг шоҳмот ўйини сирларини чуқур эгаллаши, бу ўйинга жиддий қизиқиши у кишини ниҳоятда қувонтирарди. “Шоҳмот ўйини хотирани пешлайди, вужудга келган мураккаб вазиятлардан чиқиб кетишнинг тўғри йўлини топишга ўргатади”, дердилар.
Шунинг учун ҳам фарзандларимиз Шаҳнозахон, Саодатхон, Музаффар Мирзо ва Ширинхонни Озод бувалари олдига тез-тез бориб туришини истардик. Чунки бувалари ҳар бир дийдорлашувда набиралари қайси китобни ўқигани ва у нима ҳақида эканига қизиқиб, саволга тутишлари сабабли болалар бундай суҳбатларга алоҳида тайёргарлик кўришарди. ‘‘Бу сафар нималарни сўрашлари мумкин?’’ деб, бир бирлари билан баҳслашиши, бизга маслаҳат солиши завқимизни уйғотарди. Шу тариқа донишманд бобо набираларида ўқиш, масъулият, хотира ва китобга муҳаббат кўникмаларининг шаклланишига сабабчи бўлган. Домла болаларнинг ўқиган китоблари мазмунини айтиб беришинигина эмас, балки олган билимларидан тўғри хулоса чиқариш ҳамда мустақил фикрлаш қобилиятини ҳам синовдан ўтказарди.
Маълумки, ҳаётларининг сўнгги ўн йиллигида “қанд” касаллигининг зўрайиши туфайли Озод домланинг соғлиқлари ёмонлашди. Шунга қарамасдан, бу йиллар хайрли келди, дейиш мумкин. Чунки домланинг атрофларида юксак шуурли, истеъдодли ҳамкасблари, дўстлари, шогирдлари бор эди. Устоз улар билан мулоқот қилишни хуш кўрардилар, уларда ҳам бундай суҳбатларга катта иштиёқ бор эди. Ижод қилиш, ижоддан бўш пайтларда эса мана шундай ўзаро мулоқотлар у киши учун ниҳоятда ёқимли онлар ҳисобланарди.
Озод домла вақтни беҳад қадрлайдиган инсон эдилар. Ким биландир учрашув тайинланса, эрта ҳам, кеч ҳам бормасдилар. Бу қадар аниқ вақт билан юришларининг сабабини сўрасак, кулиб: “Эрта бориб ўз вақтимни, кечикиб бориб уларнинг вақтини йўқотишни хоҳламайман’’, дердилар. Аниқлик – у кишининг қатъий талаби эди. Шу фазилат домланинг ҳаёт ташвишларини, ижодий ишларини, муносабатлар ва алоқаларини ҳам қамраб олган эди. Ҳатто дардлари кучайган йилларда ҳам бу талабчанлик ва аниқликдан чекинмадилар. Биз дам олишларини илтимос қилсак, қўлларидаги таржима қилинаётган китобга ишора қилиб, “Мен ахир дам оляпман, ҳузур қиляпман”, деб жавоб берардилар.
Агар дадамнинг кутубхонасига диққат билан назар солсак, китоблар нашр қилинган вақтга қараб адабиётда кўтарилган муаммолардан, жаҳон маданияти тарихидан хабардор бўлиш мумкин. Шу тариқа, китоб жавонидан жой олган нашрлар ҳам шунчаки сотиб олинмаганлигига гувоҳ бўламиз. Бу ерда антик даврдан ҳозирги кунгача бўлган Ғарб адабиётини ҳам, қадимги Шарқ адабиётини ҳам, турли жанрларга оид фундаментал тадқиқотларни, дунё динлари, тарих, география, санъат, меъморчилик борасидаги китобларни ҳам учратиш мумкин. Бу – олимнинг билим доираси нақадар кенглигидан далолат беради. Шўро даврининг сўнгги йилларида таъқиб этилган шоир ва ёзувчилар асарларининг нашр қилина бошлаши муносабати билан ёзилган тадқиқотлар олимга XX асрнинг 20-30-йиллар адабиётини кенг китобхонлар оммасига таништириш имконини берди. Бир сўз билан айтганда, китобхонга қайтарилган адабий мерос туфайли домла янада ишга шўнғиб кетдилар.
Китобни жону дилидан севган аллома республикамизнинг деярли ҳар бир вилоятидаги ҳатто кўзга ташланмайдиган китоб дўконларигача жуда яхши билар эдилар. Сотувчилар қишлоқ шароитида зарурияти камроқ бўлган ёки ўқувчисини тополмаган, лекин мутахассис учун ноёб ҳисобланган адабиётларни домла учун китоб омборларида атайлаб сақлаб қўярдилар. Озод домла ўзларининг деярли барча маблағларини ана шундай китобларга сарфлардилар. Устознинг китобсеварлиги ҳақида-ку ўзбек халқининг ардоқли ёзувчилари Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимов кўп ва хўп ёзишган. У кишининг китобларга нисбатан ички туйғуси, муҳаббати ниҳоятда кучли эди. Домла ўша вақтлардаёқ ўзбек ўқувчиси учун зарур, бироқ тақиқланган адабиётларнинг, ҳамма ўқиши шарт бўлган китобларнинг рўйхатини тузиб қўйган эдилар. Бу муҳим иш билан у киши бутун умр шуғулландилар.
Домла ҳаётий зарур нарсалар орасида китобни энг муқаддас билар, ниҳоятда эъзозлар эдилар. Айниқса, китобларни қўлларида ушлашларини бир кўрсангиз эди, юзлари ёришиб кетарди!
Ҳар бир сотиб олинган китобни синчиклаб варақлар эдилар. Даставвал мундарижа, кириш ва хулоса қисмларини диққат билан кўриб чиқар, шундан сўнггина ўқиш учун ажратиб қўйилган китоблар қаторига жойлардилар. Замонавий ёшлар орасида китоб ўқишга бўлган эътиборсизликни у киши “энг катта фалокат” деб атардилар. Чунки дадамиз инсон дунёқараши, ҳаёт тарзининг шаклланишида китобнинг ўрнини беқиёс деб билар, бундан ташқари, турмуш ҳар куни олдимизга қўядиган кўплаб саволларга ҳам фақат китобдан тўғри жавоб топиш мумкин, деб ҳисоблардилар.
Ойим ҳам уйда ўзбек тилидаги ҳамма китобларни ўқиб чиққанлар десам, муболаға бўлмайди. Бир куни ойим касалхонада даволанаётган эдилар. Кўргани бордим. Дадангга айт, эртага келсалар, менга китоб олиб келсинлар, дедилар. Дадамга айтсам, қайси китобни олиб бораман, ҳаммасини ўқиб бўлган-ку, деганлар. Бу гаплар ойимга дадам томонидан берилган энг катта баҳо, назаримда.
Ҳозирги ёшлар шундай ёшда ҳам одам китоб ўқийдими, деб ҳайрон бўлишади. Ойим эса китобсиз тура олмайдилар, ҳали-ҳанузгача ҳар жума “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасини олиб келсинлар келмасак, бир нарсаларини йўқотгандай бўладилар. Янги чиққан китоб ва янгиликлардан хабардор бўлиб турадилар.
Ўқувчи ёзувчи тасвирлаган воқеликни қабул қилиши ёки қилмаслиги мумкин. У ҳолда ҳам, бу ҳолда ҳам, барибир китобхон мутолаадан озми-кўпми маънавий озуқа олади. Шунинг учун ҳам китоб инсоннинг энг содиқ дўсти эканлигини домла ўз мақолаларида доим таъкидлаб келганлар. В.Белинский, Н.Добролюбов, Л.Толстой, О.Уайльд, И.Бунин, А.Крус, П.Коэльо, И.Бунич ва бошқа ижодкорлар дунёқараши унинг тафаккурига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Натижада айнан мана шу беқиёс заковат унга яшаш ва ишлаш, ўзини кимлар учундир нафи тегадиган инсон деб ҳисоблаш имконини берди.
Дадам ҳеч қачон дангасалик кўчасига кирмаганлар. У киши тонгги соат олтида ўриндан туриб, олти яримгача бадан тарбия билан шуғулланар, сўнг ижодий иш, мутолаага киришар, соат саккиздан саккиз яримгача нонушта қилиб олиб, яна ишга шўнғирдилар. Сўнг бир яримгача тушлик. Бир яримдан уч-уч яримгача дам. Шундан сўнг бешгача яна ишга шўнғирдилар. Соат бешдан шоҳмот бошланар эди. Шериклар ҳам доим топилар, чунки эшикдан албатта кимдир кириб келар эди. Домланинг ҳар бир куни деярли шу тарзда ўтарди.
Домланинг касали қанчалик оғир бўлмасин, бу ҳақда ўйламасликка интилар, касалликдан қутулишнинг бирдан-бир йўли – ижод қилиш, деб билардилар. Шундай қилганида, касаллик гўё чекингандек бўларди, шекилли. Куч-қудратни, иродани бундай йўналтиришни биз фақат Озод домла сиймосида кўрдик. Улар ижод билан яшадилар ва Оллоҳнинг бу иноятидан бахтли эдилар.
2002 йилнинг ёзида дадам кўкрак жарроҳлиги шифохонасида ётдилар. Қизилўнгач йўли ёпилиб, овқат ўтмай қолган эди. Устига-устак, қанд касаллиги туфайли у кишини операция ҳам қилиб бўлмасди. Бироқ бу сафар ҳам Худонинг ўзи яна қўллади… Шифокор профессор И.Струцкий қизилўнгачни кўздан кечириб, ҳеч қандай шиш йўқлиги, қон томирлари аниқ кўриниб тургани ва қизилўнгачнинг бундай ҳолати қанд касаллиги натижаси эканлигини, яъни қизилўнгач торайганини айтди. Профессор домланинг қизилўнгачини бир неча бор кенгайтириб, касалдан фориғ қилди. Айнан шу кунларда Озод Шарафиддиновга Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилиши ҳақида Президент Фармони чиқди.
Домла “Жаҳон адабиёти” журнали хусусида, унинг келажаги, босилажак янги таржималар ҳақида кўп ўйлардилар. Шу вақтда мен В.Набоков ижоди билан шуғулланаётганлигим туфайли дадамга адибнинг “Приглашение на казнь” романини журналда чоп этишни таклиф қилдим. Лекин домла “Набоков асарларини нашр этишга ҳали эрта, бунинг учун ўқувчини тайёрлаш керак, уни тушунмасликлари мумкин”, деган жавобни бердилар. В.Набоковни босиш учун унгача бўлган нарсаларни – адибга руҳан яқин бўлган бошқа ёзувчиларнинг асарларини таржима қилиб бериш лозимлигини таъкидладилар. Кўрамизки, у киши доимо ўқувчи ҳақида ўйлаган, яъни олдин журналхонни мутолаага тайёрлаш, қизиқтириш, сўнгра Набоковдай ёзувчиларнинг асарларини чоп этиш лозим, деб ўйлардилар.
Аҳволлари яхшиланиши билан домла дарҳол ишга киришиб кетдилар. Бу орада дадам Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Зулфия, Ғайратийга бағишланган мақолалар, тадқиқотлар чоп эттирдилар. Шу жумладан, “Тафаккур” журналида Ҳ.Ҳ.Ниёзийга бағишланган катта мақола чоп этилди. Ғайратий ҳақидаги мақола “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси саҳифаларидан ўрин олди. Ҳамзага бағишланган мақолада унинг ҳаёт йўли, ижодий изланишларида кўндаланг бўлган давр муаммолари, шоирнинг Туркистон маърифатчилик ҳаракатига қўшган улкан ҳиссаси мисоллар орқали кўрсатиб берилди. Шу маънода, Ғайратийнинг истеъдоди ҳам давр қурбони бўлганлиги изоҳлаб ўтилди.
Яна бир воқеа ёдимда. 2004 йилнинг сентябрида, шифокорлар дадамни навбатдаги операцияга тайёрлаётган бир пайтда у киши “Агарда Худо менга яна озгина умр берса, Ойбек домла ҳақида ёзган бўлар эдим. Мақола миямда тайёр бўлди”, деган эдилар. Дадам операциядан омон чиқдилар ва Ойбек ҳақидаги “Миллатни уйғотган адиб” номли мақолани эълон қилдилар. Ўша кунларни домла шундай хотирлаган эдилар: “Мен шифохонада ҳаётимдаги энг оғир кунларни бошдан ўтказдим. Дардчил тунларда неча марталаб ажалга рўпара келдим ва бу гал ҳам чоҳ лабидан омон қайтдим. Бунда адабиётни, адабиёт дунёсидаги тозалик ва покликни ўйлаганимми ёки қай бир сифатим маъқул келиб, ўша оғир кунларда Ойбек домланинг руҳий мадади мени қўллаган бўлса, ажабмас”. Мана шу биргина мисолда биз бу инсоннинг адабиётга бўлган муносабатини, ижодга садоқатини, миллатимиз олдидаги бурчни қай даражада англаганини кўрамиз. Шу даврда устознинг “Довондаги ўйлар” ва “Ижодни англаш бахти” номли китоблари нашрдан чиқди. Уларда замондошлар, Истиқлол ва унинг яқин-олисдаги жонфидолари, дарғаларининг образлари тасвирланди. Мақола ва бадиаларда меҳр-муҳаббат, инсоний мурувват масалалари кенг, асосли мушоҳада, ҳаётий воқеа-ҳодисалар орқали тасвирланди. Барча мақолалар муаллифнинг Олам ва Одам ҳақидаги кенг, теран ўйлари ила ўзаро боғлаган эди.
Домланинг асарлари эмас, ҳатто сарлавҳалари ҳам ўзгача маъно ва мазмун англатиши билан ажралиб турарди, назаримда. Биргина мақолаларининг сарлавҳаларини олиб кўрайлик: “Сизни соғиндим, Зулфия опа”, “Мағзи пуч сўзлардан бир тош нари қоч”, “Умарбековнинг ўлмас фазилатлари”, “Аъло ҳазратнинг ҳасратли кунлари” (Аъло Ашрапов ҳақида), “Иззатга муносиб отахон ижодкор” (Иззат Султон ҳақида), “Сўнгги жадид қиссаси” (Бегали Қосимов ҳақида).
Сўнгги йилларда унинг иш жойига айланган ётоқхонадаги китоблар бир қарашда бетартибдек кўринса-да, аслида ундай эмасди. Чунки китоблар домланинг ўзлари ўрнатган қатъий тартиб асосида жойлашган – ёзув столида, унинг ёнидаги стулларда ижод учун биринчи галда зарур бўлган нашрлар жой олган бўлса, сал нарида иш давомида керак бўлиб қоладиган китоблар турарди. Дадам китобларни ўзига қулай тартибда тахлаб қўйишни хуш кўрардилар.
Озод Шарафиддинов жамоатчиликка биринчи навбатда адабиётшунос – танқидчи сифатида танилган бўлса-да, у таржима билан ҳам фаол шуғулланиб келди. Таржима қилган асарлари орасида турли: роман, қисса, ҳикоя, фантастика каби жанрларга оид асарлар, эсселар, адабий-танқидий мақолалар, фалсафий изланишларни кўриш мумкин. О.Шарафиддиновнинг биринчи таржимаси 1955 йилда эълон қилинган. 1955 йилдан 2005 йилгача бўлган давр оралиғида 150 дан ортиқ (1955-1998 йилларда – 35 та, 1998 йилдан 2005 йилгача 120 га яқин) асар ўзбек тилига ўгирилган. Таржима қилинган асарлар орасида Хўжа Аҳмад Аббоснинг “Ҳиндистон фарзанди”, Э.Казакевичнинг “Кўк дафтар”, В.Катаевнинг “Девордаги кичкина темир эшик”, А.Рибаковнинг “Арбат болалари”, Генлиннинг “Сталин ва Булгаков”, Л.Толстойнинг “Иқрорнома”, Э.Савеланинг “Тўхтатинг самолётни, тушиб қоламан”и каби катта-кичик асарлар бор, яна, В.Белинский, Н.Добролюбов, Ларошфуко, Ж.Ж.Руссо, О.Уайльд, Х.Ортега, З.Фрейд, Ф.Саган, О.де Бальзак, Х.Вамбери, Ж.Голсуорси, Кобо Абе, Ҳ.Ҳессе, А.Моруа, В.Биков, Н.Гоголь, В.Войновичларнинг мақола, қисса, романлар, тадқиқотлар… бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Аслида гап рўйхатда ҳам, саноқда ҳам эмас, гап – таржимоннинг маҳорати ва меҳнатсеварлигида, халқ олдидаги бурчни ҳис қила олишида.
Устоз жаҳон адабиёти ва маданиятининг билимдон мутахассиси сифатида ўзбек ўқувчиларига турли халқлар адабиётининг дурдона асарларини она тилида ўқиш имконини яратишга ҳаракат қилганлар. “Жаҳон адабиёти” журнали ташкил топгандан кейин (1997 й.) у нафақат адабий-бадиий, танқидий, ижтимоий-публицистик вазифани бажариши, шу билан бирга ўқувчи дунёқарашини кенгайтириши, унинг эстетик дидини юксалтиришга хизмат қилиши керак деб ҳисобларди. Домла, таржима учун асар танлай билиш – ижодий маҳоратнинг бошланғич нуқтаси, деб билганлар ва ўзлари ҳам ниҳоятда эҳтиёткорлик, юқори дид ва билимдонлик билан танланган асарни таржима қилишга киришганлар. Айтайлик, қайта қуриш даврида рус ёзувчиси А.Рибаков биринчилардан бўлиб Сталин шахсига сиғиниш масалалари кўтарилган “Арбат болалари” эпопеясини ёзганди. Домла ўша қайта қуриш йилларида (1988 й.) мазкур асарни босим ўтириб ўзбек тилига ўгирган эдилар. Озод Шарафиддинов таржималари нафақат “Жаҳон адабиёти”, балки “Тафаккур”, “Саодат” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Озод Обид, Шерзод, Нодирабегим, Музаффар Мирзо, Азизхон тахаллуслари билан ҳам босилиб турди. Домла “Жаҳон адабиёти” журнали ташкил қилингандан то вафотларига қадар журналнинг 100 та сонига бош бўлиб, имзолаганлар.
Кўрамизки, устоз амалга оширган тадқиқотларнинг ҳам, таржималарнинг ҳам мавзулари ниҳоятда ранг-баранг. Улар орасида бадиий адабиёт, деҳқон ҳаёти ва қишлоқ муаммолари, тарих ва инқилоб, машҳур шахслар, банкирлар, халқаро астронавтика масалалари, жаҳон халқлари ҳикматлари, латифалари, ёзувчилик касбининг сирлари, ислом ва бошқа динларга оид мавзулар ўрин олган.
2005 йил оиламиз учун жуда оғир йил бўлди. Укам Фарҳод қазо қилди. Ойим билан дадамнинг аҳволини тасаввур қилишнинг ўзиям оғир… Бу оғир кунларда ойим билан дадам бир-бирига суянчиқ бўлишди. Ойим Фарҳодникига кетсалар, чақириб олиб, арзимаган ишлар билан чалғитиб қўяр эдилар. Шунақа пайтларда ойим ҳайрон бўлиб, газета-журналларни набиралар ўқиб берса ҳам бўлади-ку, дердилар. Дадам ойимнинг эзилмаслиги учун шундай қиларканлар. Аммо фарзанд доғи дадамни қанчалар ўртагани ўзларига аён эди.
Дадамнинг бошидан нималар ўтмади? Буларнинг ҳаммасини полвон бўлиб кўтардилар, лекин фарзанд доғини кўтаролмадилар. 2005 йил 4 октябрда маърифатпарвар инсон, адабиёт фидойиси Озод Шарафиддинов оламдан ўтдилар. Вафотларидан аввал биз – оила аъзоларидан рози-ризолик сўрадилар. Менга қараб китобларни, қўлёзмаларни, расмларни асрашимни тайинладилар.
Хулоса ўрнида, бир пайтлар домланинг Чўлпон ҳақида айтган гапларини уларнинг ўзларига нисбатан ҳам айтиш мумкин: Озод Шарафиддинов “…бирон бошқа жанрда ижод қилмаганда ҳам, таржималарининг ўзиёқ унинг номини ўзбек адабиёти тарихининг энг мўътабар жойига қўйиш учун кифоя қилади. Унинг таржималари ўзбек халқи маданиятининг ривожига катта ҳисса қўшган ва аллақачон халқимизнинг маънавий бойлигига айланиб қолган”.
Муҳаббат Шарафутдинова, филология фанлари доктори
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 3-сон