Муҳаммаджон Холбеков. Карпентьер ҳақида сўз

Лотин Америкаси «Сеҳрли реализм» адабиётининг ёрқин намояндаларидан бири Алехо Карпентьер (1904-1980)нинг ижодий йўли 1920 йиллар Кубада бош­ланди. Ёш адиб, Гаванада чиқадиган бир нечта даврий нашрларда маданий ҳаётга бағишланган рукн­ни олиб бораркан, эрксевар Куба халқини Европада содир бўлаётган туб ўзгаришлар, жумладан, адабиёт ва санъатга оид янгиликлар билан таништириш кун тартибида турган энг долзарб вазифа эканлиги, бир сўз билан айтганда, “Лотин Америкаси соати Эски дунёнинг вақтидан анча ортда қолаётганини” теран ҳис этарди. У Марказий ва Лотин Америкаси халқлари учун маданиятлар яқинлашуви жараёнини фаоллаштириш қанчалик зарур ва муҳим эканлигини анг­лаб этган эди. Ёзувчи адабиёт ва санъатдаги янгиликлар, туб бурилишларнинг ўша давр мафкурасидаги ўзгаришлар билан чамбарчас алоқадорлигини ҳис этади, шу боис санъатда дадил новаторлик, ижодий изланиш, санъатга янгича руҳ олиб кириш учун жонбозлик кўрсатган ва Лотин Америкасининг бир нечта давлатларида ҳокимият тепасида турган ҳарбий хунталарни қулатиш, мустамлакачилик зулмидан озод қилиш ҳаракати учун жон фидо этишга тайёр бир гуруҳ ижодкорларнинг мурожаатномасига нафақат ҳамфикрлик билдиради, балки уларнинг ҳаракатида ўзи ҳам фаол қатнашади. Унинг бундай жасур фаолияти қимматга тушди: ўзининг биринчи романини адиб қамоқхонада ёзиб тугатди. Сафдош ва дўстларининг сайъ-ҳаракатлари туфайли озодликка чиққач, Кубада мустабид тузумни ўрнатган ва ҳокимиятни ўз қўлига олган Херардо Мачадо сиёсати таъқибидан хавфсираб, 1928 йил Кубани тарк этади. Ўша пайтдан бошланган “тобланиш даври” адиб тақдирини Европа билан чамбарчас боғлаб қўйганди. Карпентьер учун Париж янги, нотаниш шаҳар эмасди. Кубада туғилиб ўсганига қарамай у 1916 йил ота-онаси билан Парижга кўчиб келиб, мусиқа мактабида таҳсил олади ва яна ортга қайтади. Дунёнинг у четидан бу четига кўчиб юриш, ташвишларга тўла қўнимсиз ҳаёт, сарсон-саргардонлик адиб ҳаётида ўз изини қолдирмасдан ўтмади. Нима бўлганда ҳам Карпентьер икки қитъа ҳавосидан нафас олган ижодкор бўлган, десак муболаға бўлмайди.

Парижда Карпентьер сюрреализм адабий оқими билан яқиндан танишади. 1920-йиллар бошида шаклланган ушбу йўналишнинг асосчиси ва назариётчиси, француз адиби Андре Бретон (1896-1966) билан ижодий ҳамкорлик қила бошлайди. Дарвоқе, “сюрреализм” атамаси 1917 йил француз шоири, Европа шеъриятида майдонга келган авангард оқимлар етакчиси бўлган Гийом Аполлинер(1880-1918)нинг поэзиясида илк дафъа тилга олинган эди. Сюрреализм назариётчиси Андре Бретоннинг “Сюрреализм инқилоби” журнали таҳририятида фаол ижод қилган бир қатор ёш қаламкашлар (Луи Арагон, Поль Элюар, Филипп Супо)нинг адабиёт, санъат, фалсафа ва ижтимоий ҳаётга бағишланган танқидий мақола ҳамда эсселари чоп этиларди. Айниқса, адабиёт ва санъат оламидаги ўзгаришларга ўз муносабатини билдиришга шай бўлган Карпентьер ҳам журнал фаолиятидан четда қолмади.

Дарҳақиқат, Андре Бретон атрофида ёш ва истеъдодли ижодкорлар тўпланишган эди. Уларнинг сайъ-ҳаракати туфайли “Сюрреализм инқилоби” журнали санъат аҳли эътиборини ўзига қаратди: бунга чоп этилган мақолаларнинг долзарблиги, кескин танқидга йўғрилганлиги эмас, балки ёш ижодкорларнинг шов­қин ва машмашали шеърий машқларида авангард ғоя­ларнинг кўтарилгани сабаб эди. Нафақат Франция, балки бутун Европа буржуа тузуми ва унинг мафкураси ёш қаламкашларнинг бу каби “ижодий фаолияти”га бир вақтнинг ўзида ҳам қизиқиб, ҳам ҳадиксираб қа­рарди.

Сюрреализм адабий оқим сифатида, Европа ада­­­биёти ва санъатида ўзига мустаҳкам қўрғон қу­ролмаган бўлса-да, анча вақт давомида шеъриятда етакчилик қилди, кўпгина мусаввир, бастакор, шоир ва драматурглар ижодига таъсир кўрсатди, десак янг­лишмаган бўламиз. Муҳим жиҳати шундаки, сюрреализм – бу нафақат ўз дастурига эга бўлган адабий оқим, қисқа давр бўлса ҳам, гуркираб яшнаган бадиий услуб, балки кўпгина ёш санъат ихлосмандлари учун ўзига хос “яшаш тарзи”, дунё манзараларини янгича “кўриш” ва “ўқиш”нинг маҳорат мактабига айланди. Бретон, санъат ихлосмандларига сюрреализм сирли ва нафис таърифлаган “номаълум ерлар”ни кашф этишга ҳаракат қилишни уқтираркан, “Катта кашфиётлар ҳар доим ҳаёт учун таҳлика туғдиради, ҳар бир ижодкор ўзининг “Одиссея”сига отланиши ва уни шон-шараф билан адо этиши лозим”, деб ёзади. Шу тариқа сюрреализм ҳақиқатга қанчалик яқин эканлигини намоён этади. Бироқ сюрреализм, таъбир жоиз бўлса, жамоавий ҳодиса, кўпинча мазкур йўналиш ичидаги ижод ҳам жамоавий характерга эга бўлди. Бошқа адабий йўналиш тарафдорларидан фарқли ўлароқ, сюрреалистлар ўзаро ҳамжиҳат бўлишиб, янги режалар хусусида фикр алмашади. Янги асарларни муҳокама қилишиб, бир сўз билан айтганда, маслакдош бўлиб, биргаликда ижод қилган эдилар. Сюрреализм аста-секин адабиёт доирасидан чиқиб, санъатнинг бошқа турларида, хусусан, рангтасвирда муқим яшаб қолди.

Тақдир тақозоси билан ўтган асрнинг 20-йилла­ри­да Парижга келган шоирлар, мусаввирлар, ҳай­кал­­­­­­тарошлар ва бастакорлар шаҳарнинг энг хуш­ман­­­зарали Монмартр тепалигида жойлашган қаҳ­­­­­­­­­вахоналарда умргузаронлик қилишни ҳаётнинг бир қис­­ми деб билдилар. Монмартрда Винсент ван Гог, Поль Гоген, Анри Матисс, Пабло Пикассо каби му­сав­вир­лар, Андре Жид, Жак Превер, Жан-Поль Сартр, Анд­­ре Моруа, Поль Элюар, Натали Саррот сингари адиб­­лар ўз ижодига илҳом топдилар.

Сюрреализм адабий оқимига асос солган шоирлар “адабий инқилоб” доирасига сиёсий ва ижтимоий инқилобни қўшдилар. Улар ижтимоий ҳаётда фаол қат­нашиб, ҳамжиҳатлик билан бир қатор мамлакатлардаги мустамлакачилик сиёсатини, айниқса, ўзининг жирканч башарасини намоён қила бошлаган фашизмни ҳам аёвсиз қораладилар. Айнан сиёсий ва ижтимоий фаолиятлари кейинчалик сюрреалистлар ўртасида ўзаро хусумат ва адоват, ишончсизлик уруғини сепди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида сюрреалистларнинг кўпчилиги АҚШда бошпана топди. Бу эса, ўз навбатида, у ерда ҳам сюрреализм ғояларининг тарқалишига олиб келади. 1950 йилларда улар, худди олдиндан келишилгандек, Парижга олдинма-кейин қайтиб келиш­ди, бироқ эндиликда мустаҳкам эътиқод, бир жон ва бир тан гуруҳдек ҳамжиҳат ижод қилмадилар. Фа­қат Андре Бретон, 1957 йил сюрреализмни “янгича кашф этилган сеҳр” дея номлаб, то ҳаётининг охиригича ўзининг мақола ва чиқишларида ўзи раҳнамолик қил­ган сюрреализмнинг ҳаётийлигини таърифлаб ўтди.

Сюрреализмга кенгроқ тўхталиб ўтганимизнинг боиси шундаки, Лотин Америкаси адабиётининг бир қатор вакиллари ўша йиллар Европада қўним топиб, сюрреализм таъсиридан халос бўлолмади, шу жумладан, Карпентьер ҳам. Бошида сюрреализмдан сармаст бўлиб ижод қилган Карпентьер, кейинчалик кўзи очилиб, юқорида номи зикр этилган “Мурда” памфлетига ўзининг қатъий норозилигини билдиради. Эҳтимол, ёшлигида тўғри қабул қилган бу қарори бутун умри давомида ҳақиқий француз адабиёти ва санъатига бўлган ҳурматининг сабабидир.

Жанубий Америка қитъасининг туб аҳолиси – ҳинду кўзлари билан кўриш, асрлар мобайнида қо­ри­шиб, аралашиб кетган уч ирқнинг хотирасини “жонлантириш” – бу мураккаб вазифани нафақат Астуриас, балки Карпентьер ҳам ўз олдига қўйган. Карпентьерга бу оҳанглар бегона эмас эди. У ҳиндулар, Африкадан мажбурлаб олиб келинган қора танлилар, испан ва португаллар, улардан туғилган метис ва мулатлар ҳаёти билан яқиндан таниш бўлган. Маълумки, йил бўйи қуёш чарақлаган улкан маконда, яъни Кариб денгизи ҳавзасида ўзига хос маданият шаклланган эди. Унинг негизини ноёб қоришма: Ер юзидан йўқолиб кетган қадим цивилизациялар, европалик истилочилар, Африкадан қулликка олиб келинган қора танлиларнинг тили ва маданияти ташкил қиларди. Карпентьернинг “Экуэ-Ямба-О!” (Eque-Yamba-O!, 1933) номли романида икки маънавий-ахлоқий ўлчов, яъни қора танли ва оқ танлиларнинг олами бир-бири учун мутлақ ёпиқ тарзда намоён бўлади. Бир-бирига умуман ўхшамайдиган ҳаёт, аниқроғи, дунёқараш, дунёни ҳис этиш, яшаш ўртасида қандай боғловчи ришталар мавжуд бўлиши мумкин? Улар вақти келиб бирлашармикан? Инсоният пайдо бўлганидан то бугунги кунгача мавжуд бўлган зиддиятлар бартараф этилармикан? Инсоният бу чигал муаммони еча олармикан? Шу ва шу каби саволларнинг ечимини топишга ҳаракат қилган Карпентьер ўзининг қачонлардир бошлаб қўйган, лекин маълум сабабларга кўра якунланмай қолиб кетган ушбу жумбоқларини айнан Парижда охирига етказди.

Париж ва Мадриддан ўзининг эссе, репортаж ва очеркларини Гаванага жўнатаркан, Карпентьер Европада жўш уриб турган маданий ҳаёт сийратини океан ортида қолиб кетган “она юрт” қиёфаси билан қиёслайди. У қайси янгиликлар, қайси кашфиётлар Лотин Америкаси муҳитида қабул қилиниши мумкинлигини олдиндан башорат қилмоқчи бўлади. Энг муҳими, икки маданият кесишган нуқталарни, икки маданиятни озиқлантириб турувчи ягона манбани, илдизларни топишга ҳаракат қилади.

“Курраи замин” (1949) романининг муқаддимасида Карпентьер европалик ижодкорларнинг сержило ва нафосатли услублари чатишувидан ҳосил бўлган образлар қуёш нури ва ёмғир томчиларидан сақловчи соябон ҳамда моҳир чевар қўлидаги тикув машинкасидан чиққан матонинг “чатишув”ига қараганда анча жозибали ва мафтункор бўлиб чиқди. Айниқса турли-туман маданиятнинг яқинлашуви, маданиятларнинг бир-бирини кузатиши ва ўрганиши, қолаверса “ўқиб чиқиш” жараёни ўта қизиқарли манзарани ҳосил этди. Дарвоқе, “Курраи замин” романида бу каби яқинлашув, яъни ҳар хил маданиятларнинг бир-бирига сингиб кетиши ва бир-бирини тўлдириши кузатилмайди. Ва бунинг мантиқий изоҳи мавжуд. XVIII асрга келиб ўз маданияти, санъати, тили ва анъаналарига эга халқ сифатида тўлиқ шаклланиб бўлган қора танлиларнинг яратувчан онги, замонавий афсона ва ривоятларни тўқишга қодир тафаккури ҳаётда тўхтовсиз содир бўлувчи воқеа-ҳодисаларга сеҳрли, таъбир жоиз бўлса, мўъжизали маъно бағишлади. Ловуллаган гулханда йўлбошчисининг ёнаётганини кўриб, қабиладошлар бу мудҳиш, ларзага келтирувчи ўлимда навбатдаги қайта тирилиш, янги қиёфада ҳаётга келиш, аниқроғи, тўхтовсиз оқаётган дарёга ўхшаган ҳаётнинг янги босқичини кўришади.

Карпентьер “қора танлиларнинг қироли” Анри Кристофнинг худди Франция императори Наполеон каби босиб ўтган ҳаётий йўлига назар ташларкан, романнинг бошқа персонажлари тақдирида бу йўлнинг вариантлари хусусида қайғу-ҳасрат ила мушоҳада юритади. Масалан, Анри Кристофга ҳокимият юксак эркинликка ўхшаб кўринади; тасаввуридаги эркинлик аломатлари шунчалик аниқ-равшанки, шунчалик моддийки, уларни гўё ушлаб кўрса бўладигандек туюлади. Эркинлик аломатлари шунчалик лаззатбахш, завқу шавққа тўла бўлганлигини қабиладошларига сўзлаб берган Анри Кристоф вазият кескинлашиб кетишини билмасди. Унинг Ти Ноэль исмли давангир хизматкори, ёши бир жойга бориб қолганига қарамасдан, ҳокимиятни қўлга киритишни орзу қилади ва бу йўлда ҳеч нарсадан тап тортмайди. Ти Ноэль тахтдан ағдариб ташланган золим Анри Кристофга тегишли Наполеон Бонапартнинг мундирига ўхшатиб қачонлардир тиктирилган йиртиқ-ямоқ мундирини кийиб кўраркан, ўзини ҳақиқий император, ҳокими мутлақ каби ҳис этади. Романда турли цивилизацияларнинг реалиялари, бир-бирига таъсир кўрсатиб, ич-ичига сингиб кетаркан, ғайриоддий, таажжубга солувчи манзарани ҳосил қилади. Ушбу манзарада замонавий одамзоднинг умумий касаллиги хуруж олиши динамикаси акс этади. Бу касаллик аломатларида эрксеварлик, ҳурриятпарварлик ғоялари ҳокимиятга эришишнинг асосий қуролига айланади, ундан кейин эса, ўзгаларнинг озодлигини поймол қи­лади, ҳар доим унга таҳдид солади. Бу касаллик вирусини ўзига юқтирган Ти Ноэль икки олам орасига тушиб қолиш хавфи остида, дунёга “сеҳрли муносабатда” бўлиш кўникмаларидан айрилиши мумкин, ҳат­то қабиладошлар доирасидан ҳайдаб чиқарилиши ҳам ҳеч гап эмас.

“Маърифат даври” (1961) романида Карпентьер Лотин Америкасининг “сеҳрли реаллиги”га Европадан “кўчирилган” афсона ва ривоятларнинг антиқа, гоҳида мудҳиш кўринишда гавдаланиши муаммосига синчков назар ташлайди. Француз файласуфи Жан-Жак Руссо ғоялари, инқилобга даъват этувчи шиорлар, социалистларнинг утопик орзу-умидлари Лотин Америкасининг “жаннат макон”ига замонавий мифларни яратиш қобилиятига эга, ишончга тўла бадиий тафаккур, ўзгача эҳтирос ва ҳаяжонни олиб келади. Қулликдан озод бўлиш, аниқроғи, қулликнинг бекор қилиниши ҳақида қабул қилинган қарорни Европага элтувчи кема ушбу фоний дунёда қўшиб, улаб, бирлаштириб бўлмайдиган нарсаларнинг маҳкам уланиш, бирлашиш ва мужассам бўлиши тимсолига айланади.

Алалхусус, Лотин Америкасининг исталган мамлакатида яшовчи кишининг ҳаёт сарчашмасидан, ҳа­ётга бўлган умид-ишонч манбасидан, ҳаётни илк инкишоф қилиш қобилиятидан ажралиб қолганлиги, абадул–абад айрилганлиги, ундан бир қултум сув ичиш ёки бир нафасли ҳаво олишдан маҳрум этилган онги ва тафаккури Карпентьернинг “Усулнинг нотўғрилиги” (1974) романида фақат инқирозга юз тутишдек эмас, балки хавф-хатар туғдирувчи, зиён-заҳмат етказув­чи онг ва тафаккурдек баҳоланади. Агар бундай таҳ­ликали онг ва тафаккур якка ҳукмрон, ҳеч ким даъво­гарлик қилолмайдиган ҳокимиятга эришган киши та­­­сарруфида бўлса, унда одамзодни нима кутиши фа­қат Худогагина аён.

Карпентьернинг сўнгги – “Соз ва шарпа” (Еl аrра у la sombra, 1979) романи муқаддимасида: “Арфа янграётганда учта нарса мавжуд: санъат, қўл ва тор. Инсонда эса – аъзои-бадани, қалби ва шарпаси”, дейилган. Америка қитъаси очилиши тарихини янгича, устига устак, янги Сўзни кашф этишдек талқин қилишга бағишланган ушбу романда Колумбдан олдинги ҳамда Колумбга замондош бўлган маданият, хусусан, адабиётдаги Сўз муаллифга гоҳ тасвир воситаси, гоҳ ишонч-эътиқод қуроли, гоҳ кароматли маъно сифатида хизмат қилади – ҳаммаси буюк жаҳонгашта Колумб қалбида у ёки бу лаҳзада ғалаба қозонган образ билан боғлиқдир. Муаллиф наздида, Колумб қалбида мафтуну шайдо Дон Кихот ва уддабурон Одиссей тинч-тотув яшайдилар. Жаҳон адабиётида кам учрайдиган ҳодиса – Колумб тилидан сўзлаётган Карпентьернинг ғайриадабий услуби, ҳижжалаб ўқишга мўжалланган антиқа услуби католик мазҳабининг пешволарига қарата айтилган Сўз бўлса ажаб эмас. Романнинг якунловчи қисмида тақдим этилган талқинларнинг талқини, яъни бетиним, ҳамиша осмонда чарақлаб турган Катта Айиқ Она юлдузи ортидан эргашган Христофор Колумб ва насроний дин йўлбошчиси – Ватикан папаси Пий IX нинг бир образда мужассам этили­ши ўқувчини ажаблантиради. Бизнингча, Сўз мавзуининг кўтарилиши, Сўзнинг бир нечта жиҳатлари теран му­шоҳада этилиши, қолаверса, Сўзнинг инсон онгига таъсири хусусида фикр-мулоҳаза юритиши – булар ҳаммаси Карпентьернинг бадиий ижодга бўлган жиддий муносабатидан далолат беради. Нима бўлганда ҳам, Карпентьерсиз “сеҳрли реализм” тараққий этишини тасаввур қилиб бўлмайди. Унинг Лотин Америкаси адабиётига қўшган ҳиссасини эса ҳеч қандай мезон ва ўлчовлар билан ўлчай олмаймиз. Ахир, Карпентьернинг фикрича, бу улкан қитъани “maravilloso”, “fabuloso” деб баҳолашга қодир, қитъани сеҳрли диёр, мўъжизали макон деб билган одам кашф этганлигини, Лотин Америкаси тақдири учун жуда катта, таъбир жоиз бўлса, ўлчовсиз аҳамиятга эгадир. Бу одам Колумб бўлган, унинг Янги дунёни шоирона ҳис этиши, Янги дунёга қадам босганиданоқ ўз она юртига келиб қолгандек ҳиссиёт уйғониши Лотин Америкасида туғилиб ўсган ижодкор аҳлига турли Боғи Эрам ва Утопия мамлакатларини кўра олишга имкон берди.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 1-сон.