Муҳаммаджон Холбеков. Сўлган атиргулнинг абадий номи

Адабиётшунос олим, адиб ва файласуф Умберто Эко 1932 йили Италиянинг Пемонт вилоятига қарашли Александрия шаҳрида таваллуд топган. Ҳозир Милан шаҳрида яшайди. У дастлаб ўрта асрлар тарихи, санъати ва семиотика (semeion — белги, аломат) илмига бағишланган тадқиқотлари билан танилди. Ўтган асрнинг 70-йилларида АҚШнинг Гарвард университетида, 80-йилларда Европадаги Оксфорд, Кембриж, Сорбонна, Саламанка каби номдор университетларда маърузалар ўқиди.
Умберто Экога оламшумул шуҳрат келтирган «Атиргул номи» (Il Nome della Rosa) романи франциялик кинорежиссёр Жан-Жак Анно томонидан экранлаштирилгач, адиб янада машҳур бўлиб кетди. «Атиргул номи» — мураккаб услубда битилган, фалсафий рамзларга бой ҳикоя ва тавсифлар, адабий ва маданий тасаввурлар, детектив ва тарихий роман жанрларининг қоришувидан юзага келган асар. Бу асар катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Қолаверса, «мароқли адабиёт», деб ном олган бутун бир адабий назарияга асос солган муаллифга китобхон эътиборини қаратди. Эко ўзининг ноодатий ғоялари, «реаллик» ва «абсолют ҳақиқат» тушунчаларига нисбатан танқидий муносабати билан замонавий интеллектуал насрнинг тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатди.
Адибнинг таъкидлашича, «Атиргул номи» романининг жаҳоний шуҳратидан кейин, номдор нашриётлар унинг илк асарларига ҳам эътибор қаратган. Ҳатто илк тадқиқоти «Фома Аквинский таълимотида эстетика муаммолари» (Il problema estetico in San Tomasso, 1956) номли диплом иши ҳам европа тилларига таржима қилиниб, нашр этилди. Ёзувчининг 1960-йиллардаги тадқиқотлари, асосан, эстетика ва адабий танқид муаммоларига бағишланган эди. Улардан эътиборга моликлари «Ўрта асрларда санъат ва нафосат эстетикаси», «Камтарин қайдлар», «Жойс поэтикаси», «Санъатни тушуниш» трактатлари ҳисобланади.
1970 — 1980-йилларда Эко ўзининг семиотикага доир «Белги», «Умумий семиотика», «Тил семиотикаси ва фалсафаси» номли муҳим тадқиқотларини ёзади. Шунингдек, адиб ижодининг бу даврида «Китобхон ва тарих», «Интерпретация чегараси», «Ёлғон ва истеҳзо ўртасида» каби структурализм ва постмодернизм тамойилларини белгиловчи, матн талқинига бағишланган тадқиқотларини эълон қилади.
Дарвоқе, ўтган асрнинг эллигинчи йилларида, ҳали Ролан Бартнинг «Мифологиялар»и ёзилмаган пайтда, Умберто Эко умумбашарий маданият, телевидение ва матбуотни таҳлил қилишга илк бор киришган эди. Унинг тадқиқотларида танқидчиликнинг долзарб вазифаларидан бўлмиш матн тушунчаси, матннинг муаллиф томонидан қай ҳолатда яратилганлиги китобхоннинг унга билдирган муносабати билан баҳоланиши зарурлиги қайд этилади. Эко бу талабни ўзининг «Ошкора матн» рисоласида баён этади. 1976 йили олим ўзининг шу мазмундаги «Оммавий адабиётда қудратли шахс образи» эссесини нашр эттиради. «Фуко маятниги» романида таърифланганидек, замонавий «постмодерн»га муккасидан кетган «компютер одами»нинг маънавий-руҳий ҳолати, ахлоқ-одоби ва эътиқоди қанақа бўлиши Эконинг «Ишониш ва ишонмаслик», «Этика мавзусида беш трактат», «Библиофиллик ҳақида ўйлар», «Адабиёт хусусида» рисола ва мақолаларида ўз аксини топган.
Бугунги кунда Умберто Эко постмодерн адабиётининг энг йирик вакилларидан ҳисобланади. «Атиргул номи» романи эса семиотика (матншунослик) илмида постмодернга хос матннинг энг сара намунаси, дея тан олинган. Романни синчиклаб ўқисак, Эко ўзининг семиология ва маданиятшунослик ҳақидаги фикрларини бадиий адабиёт тилида изҳор қилишга интилганини англаймиз. Зеро, асарда ҳар хил шарҳлаш мумкин бўлган, хилма-хил маънолар билан бойитилган изоҳли матнга гувоҳ бўламиз. Семиотика назарияси тарафдорларидан бири, профессор Ю.Лотман таъкидлаганидек, «Эконинг бу романини ўқиб, унинг муҳокамасига бағишланган давра суҳбатларда иштирок этган китобхонлар суҳбат чоғида тамомила бошқа асарни мутолаа қилгандай фикр юритадилар. Уларнинг кўпчилиги суҳбатдан сўнг: ўқиганим бошқа роман эмасмикан, деб иккиланиб ҳам қолади».
«Атиргул номи» романининг бош қаҳрамонлари — зеҳни ўткир роҳиб Вильгелм Баскервиллик ва унинг ёш, ғўр ҳамроҳи Адсон детектив оламида машҳур жуфтлик — Шерлок Холмс ва доктор Ватсонни эслатади. Романнинг илк воқеалари (Вильгелм йўқолган отни кўрмай туриб тасвирлаб бергани; тафсилотлар асосида қотиллик манзарасининг тикланиши) Артур Конан Дойл ижодига тақлидга ўхшайди. Бироқ кўп ўтмай, детектив жанри қоидалари бузилади: черковда содир этилган жиноятлардан бирортаси ҳам фош этилмайди, сабаби жиноятчи сўнгги сонияларда изқувар Вильгелмни ғафлатда қолдириб, кўздан ғойиб бўлади.
Воқеалар чизиғи иккинчи планга чекиниши билан китобхон диққати тарихий мавзуга кўчади, яъни ХIII асрда камбағал-художўйлар иттифоқи воситачилигида Рим папаси ва императорни яраштиришга уриниш, черков ҳудудидаги камбағаллик ва бойлик ҳақидаги баҳслар, сиёсий фитналар, бидъатчилар билан кураш ва ҳоказо муаммоларга қаратилади. Чунки роман воқеаларида тўқима образлар, хаёлий персонажлар билан бир қаторда, тарихий шахслар ҳам иштирок этган. Ўзини «италиялик Вальтер Скотт» деб атаган Эко роман муқаддимасида асарнинг «тарихийлиги»га даъво қилгандек туюлади. Муқаддиманинг «Шубҳасиз, қўлёзма», деб таърифланишида ҳам киноя бордек. Асарни мутолаа қилганимиз сари, ундаги романтик прозага хос хусусиятларнинг йўқолиб бораётганини сезамиз: воқеалар руҳонийлар истиқомат қилувчи маскандагина кечади, ишқий сюжет деярли кўринмайди, матннинг аксарият қисми турли-туман мавҳум тасодиф ва мушоҳадалар, фикр-мулоҳазалардан иборат.
Демак, одатдаги мутолаа қоидасига риоя қилинса, роман матни қатига яширилган сир-асрорни очиб бўлмайди. Китобхон асарни ўқиган сайин, ўзини лабиринт ичига тушиб қолгандек ҳис қилади. Натижада образларнинг бари рамзий кўриниш касб этади. «Менинг матним — аслида лабиринтлар тарихи, фақатгина фазовий лабиринтлар эмас, балки метафизик конструкция пойдевори — фаразнинг тарихи ва структурасидан иборатдир», деб ёзади муаллиф.
Демак, изқувар руҳоний Вильгелм — семиотик, ХIII асрга бадарға қилинган матншунос олим. У «кодланган қўлёзма»ни ўқиш билан банд, парчалар асосида яхлит мазмунга эга матнни тикламоқда, истиора ва рамзларни изоҳлаб бермоқда ва талқин (интерпретация) қилмоқда. Айниқса, унинг шериги Адсон кўрган тушни изоҳлаб бериши алоҳида мазмунга эга. Чунки бу изоҳ бутун бир даврнинг «маданий ғайришуурийлиги»ни ифодалайди. Тушдаги ҳиссиётлар чалкашлиги (хаос) Вильгелм керакли «калит»ни топган пайтдаёқ ечила бошлайди. Модомики, Адсон тушида черковдаги қонли воқеаларни кўрган экан, Вильгелм сатира воситасида шу воқеаларнинг кейинги ривожини олдиндан сезиш мумкин, деб башорат қилади. Хуллас, матн объектив реалликка таъсир кўрсата бошлайди.
Умберто Эко романи ҳаворий Иоанн инжилидан олинган: «Даставвал Сўз бўлган» иқтибоси билан бошланиб, лотин тилида келтирилган «Stat rosa pristinа nomine, nomina nuda tenemus», яъни «Атиргул сўлиб битди, бироқ «атиргул» номи абадий яшайди», деган жумла билан якунланади. Профессор Ю.Лотман фикрича, романнинг чинакам қаҳрамони — Сўз. «Одамлар сўзларни яратадилар, лекин сўзлар одамларни бошқаради. Сўзнинг маданий ҳаётдаги ўрнини ўрганаётган, сўз ва инсон муносабатларини, уларнинг бир-бирига дахлдорлигини таҳлил этувчи фан семиотика, деб аталади. «Атиргул номи» айнан сўз ва инсон муносабати ҳақидаги семиотик романдир», дейди олим.
Умберто Эко «Атиргул номи» ҳошиясидаги битиклар», деб номланган романга ёзган шарҳларида асардаги постмодерн насрига хос белги(аломат)ларни санаб ўтиб, китобхон назарида постмодернизм назариётчиси ва амалиётчиси сифатида гавдаланади. «Атиргул рамзий образ сифатида шу қадар кўп маънолики, бамисоли унинг маъноси йўқдек», деб ёзади муаллиф асар номи ҳақида. «Атиргул» ва унинг «номи» ўртасидаги тафовут белги(нишона)нинг постструктуралистик назариясини тасдиқлайди: объект (атиргул) йўқ бўлиб кетади, ундан фақат белги, яъни «ном» қолади; китобхон уни истаган мазмун, маъно билан тўлдириши мумкин. Асарда «роман ичидаги роман» шаклини қўллаган Эко ўз романини маданиятнинг замонавий шакл-шамойилига мос, деб ҳисоблайди: «…барча китобларда бошқа китоблар ҳақида гапирилади, ҳар қандай тарих илгари гапириб берилган тарих ҳақида сўзлайди». Шу боис, Эко романни топиб олинган қўлёзма таърифидан бошлайди: «Мен зудлик билан муқаддимани ёздим ва ўз қиссамни тўрт қаватли конвертга жойладим, уни эса бошқа учта қиссам билан ҳимоя қилдим: Адсоннинг деганини, Мабийоннинг гапирганини, Валленинг айтганини мен ҳикоя қилмоқдаман», деб ёзади муаллиф. Демак, «Атиргул номи» романида бир неча ёндош воқеалар, бир неча ҳикоячилар — аббат Валле, Мабийон, Адсон бор. Ўз ўрнида Адсон бир вақтнинг ўзида ёш шогирд ҳамда ёшлиги ёдига тушаётган саксон ёшли мўйсафид.
Романнинг тили мураккаблигини Эко адабий анъаналарнинг мураккаблиги билан изоҳлайди. «Постмодернизм — бу модернизмга жавоб: ўтмишни йўқ қилишнинг иложи йўқ, негаки уни йўқотиш тилни йўқотишга олиб келади, ўтмишни соддадиллик, ҳазил-мутойиба билан қайтадан тушуниб етмоқ зарур», дейди адиб. Эко постмодернизм даври одами ҳолатини ўқимишли, зукко аёлга ошиқ эркак ҳолатига қиёслайди. Бу ошиқ ўз севгилисига: «Сени телбаларча севаман», деб айтолмайди. У: «Фалончининг таъбири билан айтганда, сени телбаларча севаман», дейишга мажбур. Афтидан, бундай дил изҳоридан сўнг, аёлга айтилган жумланинг турли-туман маъноларини излашга тўғри келади: бу ҳазил эмасми? Ёки бу шунчаки иқтибосми? Ёхуд ҳақиқатан ҳам севги изҳорими? Пировард натижада аёлнинг диққат-эътибори «севги мактубини жўнатувчи» ошиқу беқарорга эмас, балки ҳар хил маъноларга тўла жумла, яъни матннинг ўзига қаратилади.
Шундай қилиб, матн муаллифи, гарчи унинг ёзгани қисқагина дил изҳори ёки бус-бутун роман бўлса-да, «матн қабул қилиб олувчи» (рецепиент)да деярли қизиқиш уйғотмайди. Демак, муаллиф асарни ниҳоясига етказгач, уни тушуниш йўлида ғов бўлмаслик учун, четга чиқиши лозим. Асар битгандан кейин, матн ўз ҳаёти билан яшайди, муаллиф ўйламаган янги талқинларни келтириб чиқаради: «Материал ўз табиий хусусиятларини намоён қилади, айни пайтда, уни шакллантирган маданият ҳақида ҳам сўзлайди» (Р.Барт). Натижада асар жаҳон маданияти «кутубхонаси»ни акс эттирган интерматн (интертекст)га айланади.
«Атиргул номи»ни тарихнинг ҳаққоний (реал) ёки кўчма (адабий) маънода рўёбга чиқиши, ижод, ҳаёт, номлар, хаёллар, орзулар, ёлғон-яшиқ, уйдирмалар, ясама вазиятларнинг муайян тарзда пайдо бўлиб, бир-бирига сингиб кетиши ҳақидаги фикр-мулоҳазалар, дейиш ҳам мумкин. Истаган пайтда уларнинг ортидаги «ҳақиқат» ёки «ёлғон»ни кўриш мумкин. Бироқ Эко назарида, бу рамзий борлиқнинг туғилиши китобхонга эстетик лаззат, ҳузур-ҳаловат бахш этиши муҳимроқдир.
Хулоса қилиб айтганда, У.Эко ўз олдига етарлича муаммоли ва шунга қарамай, ўта мароқли роман ёзиш вазифасини қўйган. Кўнгил очувчи, вақтни чоғ этувчи сюжетнинг мавжудлиги «Атиргул номи» романига детектив асар тусини берса, ўрта асрлардаги ҳаёт манзараларининг аниқ гавдалантирилгани уни тарихий тадқиқотга, истеҳзо, илмийлик ва бадиийликнинг уйғунлиги эса постмодернизмга хослигини англатади.

Муҳаммаджон ХОЛБЕКОВ,
филология фанлари доктори, профессор
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 38-сонидан олинди.