Эдгар Аллан По ижоди ХIХ аср Америка ва Европа романтизм адабиётида залворли ўрин эгаллайди. Адиб ўз замондошлари Ф.Купер, Н.Хоторн, Х.Лонгфелло қаторида АҚШ адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшди, унинг яратувчиларидан бири бўлди. 1809 йилнинг 19 январида Бостон шаҳрида театр актёрлари оиласида дунёга келган Эдгар По икки ёшида ота-онасидан етим қолган. Болакайни Виржиния штатида яшовчи Жон Аллан исмли бадавлат савдогар асраб олади. Эдгарнинг болалик даври Англияда кечади. Бўлажак адиб у ердаги нуфузли мактабларда саводини чиқарди ва илк даъфа Чосер ва Шекспир асарларини мутолаа қилади. 1820 йил Алланлар оиласи АҚШга қайтгач, ёш Эдгарни Ричмонддаги коллежга ўқишга берадилар. Коллежда лотин тили ва қадимги юнон-рим адабиёти чуқур ўргатиларди. Шу ерда у Вергилий ва Овидий шеърияти билан танишади, айниқса, инглиз романтизм шеърияти салафлари Р.Саути, У.Водсворт, С.Колридж, Байрон ва Шелли ижодини зўр бериб ўрганади, ўзи ҳам улар йўлида ижод қила бошлайди. Коллежни тугатгач, Эдгар По Виржиния университетида ўқишни давом эттиради. Афсуски, унинг талабалик даври ва ташвишсиз ҳаёти узоққа чўзилмади. 1826 йили ўгай отаси Жон Аллан билан жанжаллашиб қолиб, университетдан кетади ва Бостонга йўл олади. Бу ерда у бор маблағини сарфлаб, дўстлари ёрдамида ўзининг «Темурбек ва бошқа поэмалар» номли биринчи шеърий тўпламини чоп эттиради.
Муаллиф китобчага ёзган сўзбошисида таъкидлашича, мажмуадан ўрин олган поэма ва шеърлар унинг болалик ва ўсмирлик даврида яратган илк машқлари бўлиб, уларда ёшлик сурури, жўшқин ҳиссиётлар байронона кайфиятда тараннум этилган. Тўпламдаги бош асар — «Темурбек» поэмаси Байрон ижоди таъсирида ёзилган. Асарда буюк соҳибқирон, Шарқу Ғарбда ном чиқарган саркарда, ҳукмдор Амир Темурнинг кексалик даври ўй-хаёллари ёш романтик шоир тасаввурида қаламга олинган. Эдгар Понинг «Темурбек» поэмаси мазмунан Байроннинг «Шарқ поэмалари»га кирувчи достонлари ва «Наполеонга бағишланган ода»сига ўхшаб кетади. Бу асарлардаги романтик туйғулар, жўшқинлик ҳамда руҳий изтироблар тасвири бир-бирига жуда яқин. Шунингдек, шоир поэмасида Байрон қўллаган тўрт стопали ямб услубидан ҳам фойдаланган.
Бостонда на турар жойи, на тайинли машғулоти бўлган ёш Эдгар бошпана топиш илинжида ҳарбий хизматга ёлланади. Бир йилча хизмат қилгач, аскарлар ҳаёти бадига уриб, ўгай отаси Алланга кечирим сўраб хат ёзади. Аллан рафиқаси қистови билан Эдгарни тавон тўлаб, ҳарбий хизматдан халос этгач, адиб Балтиморга келиб, ижодини давом эттиради ва биринчи китобига кирган «Темурбек» поэмасини қайта ишлайди, шунингдек, романтик руҳдаги ”Ал-Ааъроф” номли иккинчи поэмасини. 1929 йили шоир ўзининг иккинчи шеърий китоби “Ал-ааъроф; Темурбек поэмалар» (Al Aaraaf; Tamerlan and minor Poems, 1829) тўпламини чоп эттиради. Тўпламдан ўрин олган «Ал-Ааъроф» поэмаси Жон Милтоннинг «Йўқотилган жаннат» («Paradise Lost», 1667) достонига ҳамоҳанг услубда ёзилган бўлиб, шоир унда астроном Тахо-де-Браге кашф қилган, кўкда бир неча дақиқа кўриниб, сўнг ғойиб бўлган Ал-Ааъроф юлдузининг сеҳрли қисмати ҳақида ҳикоя қилади. Самода ногоҳ кўринган бу юлдузнинг илоҳий куч-қудрати ва жаннатмисол инкишофи шоирнинг эстетик дунёқараши, фалсафий мушоҳадаларига асос қилиб олинган.
Бу орада ўгай отаси қистови билан олий маълумот олиш учун ҳарбий академияга ўқишга кирган адиб у ердаги қаттиқ тартиб-интизомга тоқат қилолмай, академияни тарк этади ва отаси билан яна урушиб қолади.
1831 — 1833 йиллар Эдгар По ҳаётида энг оғир давр бўлди, ишсизлик туфайли ёш шоир Балтиморда холаси Клемм хоним ва унинг қизи жажжи Виргиния билан яшай бошлайди. Турмуш қийинчиликларига қарамай, ижодни давом эттириб, янги шеър ва новеллалар ёзади. 1833 йили Балтиморда чиқадиган «Шанба меҳмони» (“Saturday visitor”) ҳафталиги энг яхши ҳикоя ва поэма учун танлов эълон қилади. Эдгар По ҳам бу танловда ўз новеллалари билан иштирок этиб, ғолиб бўлади. Унинг «Бутилкадан топилган мактуб» (“MS. Found in the Bottle”) новелласи ҳафталикда эълон қилингач, қалам ҳақи оч-юпун муаллифга бир қанча вақт асқотади. Аммо тузукроқ кийими бўлмаганидан адиб ҳафталик муҳаррири Жон Кеннедининг танлов ғолиби шарафига уюштирган тушлигига ҳам боролмайди. 1833 йили шоирнинг ўгай отаси Жон Аллан вафот этади. У бадавлат бўлса-да, Эдгар Пога бир тийин ҳам мерос қолдирмаганди. Танловда ғолиб бўлган адибни Ричмонддаги Томас Уайтнинг «Жануб адабий журнали»(“Southern Literary Messenger”)га ишга таклиф қилишади. Эдгар По журнал саҳифаларида ўзининг «Морэлла», «Береника», «Ганс Пфалл саргузаштлари» каби бир нечта новелласини эълон қилади. 1836 йили холаси Клемм хонимнинг ўн тўрт ёшли қизи, соҳибжамол Виргинияга уйланган адиб Т.Уайт таклифи билан Нью-Йоркка кўчиб келади ва «Жануб адабий журнали»нинг бош муҳаррири лавозимида фаолият кўрсата бошлайди. Тез орада унинг саъй-ҳаракати туфайли журналнинг адади ошиб, муштарийлар эътиборига тушади. Бироқ ҳафтасига беш-олти доллар маош ва арзимас қалам ҳаққи оиласини боқишга зўрға етар, уч кишилик оила катта шаҳарда бир амаллаб кун кечирарди.
1838 йили Эдгар По хотини ва холаси билан Филаделфияга кўчиб келиб, «Жентлменлар журнали»(“Gentlmen`s Magazine”)га муҳаррирлик қилади. Муҳаррирлик маоши ҳафтасига ўн доллар эди. Адиб муҳаррирлик билан бирга бадиий ижодни ҳам канда қилмайди. Унинг «Артур Пимнинг саргузаштлари», «Юлия Родман хотиралари» қиссалари журнал обрўсини ошириб юборади, муштарийлар сони кўпаяди. Эдгар По 1841 йили эътиборли журналлардан бири «Греэм журнали»(“Graham`s Magazine”)га муҳаррир этиб тайинланади. Ёзувчининг фаоллиги туфайли тез орада журнал тиражи 40 000га етгач, Эдгар Понинг обрўси янада ортади.
Адиб ўз новеллаларини йиғиб, 1841 йили «Гротесклар ва Арабесклар» (“Tales of the Grotesque and Arabesque”) номли икки жилдли китоб чоп қилдиради. Тўпламдан ўрин олган новеллалар илмий, фантастик ва саргузашт воқеалар тасвиридан иборат бўлиб, уларда инсон психологияси серқирра образлар орқали моҳирона ёритиб берилган.
1842 йилнинг баҳорида «Греэм журнали» муҳаррирлигидан бўшагач, яна ишсиз четдаги адибни эътибордан қолган «Шанба музейи» (“Saturday Museum”) журналига ишга таклиф қиладилар. Эдгар По журнал саҳифасида ўзининг машҳур «Тилла қўнғиз» (“The Gold Bug”) новелласини эълон қилади. Ушбу новелланинг босилиб чиқиши билан журналнинг обрўси кўтарилади. Муаллиф эса юз доллар қалам ҳаққи олади. Бу Эдгар По шу пайтгача олган энг катта қалам ҳаққи эди. Аммо 1844 йилга келиб яна қашшоқлик гирдобига йўлиққан адиб яхшироқ иш топиш мақсадида оиласи билан Нью-Йоркка қайтади ва бу ерда чоп этилган асарларидан тушган қалам ҳаққи эвазига баҳоли-қудрат кун кечиради. 1945 йилнинг январида «Тунги ойна» (“The Evening Mirror”) журналида адибнинг машҳур «Қора қузғун» (“The Raven”) номли поэмаси босилиб чиқади. Поэма учун муаллиф ўн доллар қалам ҳақи олади. Ваҳоланки, 1891 йил поэманинг муаллиф дастхати туширилган нусхаси ким ошди савдосида 225 долларга баҳоланганди.
1846 йили Эдгар Понинг сўнгги шеърий тўплами «Қора қузғун ва бошқа поэмалар» (“The Raven and other Poems”) китоби чоп этилади. Ушбу тўплам шоир ҳаёт пайтида тўрт марта нашр қилинган бўлса-да, устаси фаранг ноширлар, китоб жаллоблари муаллифга жуда кам қалам ҳаққи тўлайдилар. 1847 йилнинг январида адибнинг рафиқаси, соҳибжамол Виргиния йигирма беш ёшида оғир хасталикдан вафот этади. Бу жудоликдан сўнг адиб тушкун ва одамови бўлиб қолади, винога ружу қўяди. Лекин Эдгар По шу аҳволда ҳам ижодни тўхтатмайди. Умрининг сўнги йилларида «Улялюм» (Ulalume), «Қўнғироқлар» (The Bells), «Аннабел Ли» (Annabel Lee) каби энг сара поэмаларини ва «Эврика» (Eurika) номли фалсафий достонини ёзиб тугатади. Бироқ турмуш қийинчиликлари ва айрилиқ изтироблари адибни руҳий хасталикка мубтало қилган эди. 1849 йилнинг 7 октябрида адиб Балтимордаги касалхонада вафот этади.
Эдгар Понинг романтик туйғулар тараннум этилган поэма ва шеърлари, хаёлий ва саргузашт воқеаларга бой новеллалари жаҳон адабиётининг сара асарлари қаторидан ўрин олди. Ўзбек китобхонлари ҳам адибнинг ҳикояларини она тилида ўқидилар. Унинг «Темурбек» достони шоирлар Миразиз Аъзам ва Фахриёр таржималарида «Жаҳон адабиёти», «Жаннат макон» журналларида босилиб чиқди.
Муҳаммаджон Холбеков,
филология фанлари доктори, профессор
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 24-сонидан олинди.