Жеймс Жойс ҳаёти ва ижод тамойилларига бир назар
Айни пайтда жаҳон адабиётининг ўзбек тилида чоп этилаётган намуналарини тадқиқ этиш, уларнинг маъно-моҳиятини, услуб ва шаклларини тадқиқ қилиш орқали кенг китобхонлар оммасига бу дурдона асарлар ва уларнинг муаллифлари ҳақида маълумот бериш адабиётшунослар, тадқиқотчилар зиммасига долзарб вазифаларни юкламоқда. Бу вазифаларни адо этишга бел боғлаган олимлар қаторида филология фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Холбековнинг изланишлари ҳам эътиборга лойиқ.
Олимнинг “Ўзбек адабиёти Францияда”, “Ўзбек мумтоз адабиёти XVII—XX аср француз манбаларида”, “Ўзбек-француз адабий алоқалари” номли рисола ва монографиялари адабий ва илмий жамоатчиликка маълум. Истиқлол йилларида чоп этилган Амир Темурнинг Европа қироллари билан ёзишмалари”, “Алишер Навоий асарлари француз тилида” номли рисолалари, долзарб мавзуларга бағишланган тадқиқотлари таржимашунослик ва қиёсий адабиётшуносликка қўшилган муносиб ҳисса бўлди. Сўнгги йилларда М.Холбеков жаҳон адабиётида кечаётган жараёнлар, таржима назариясининг лингвистик муаммолари хусусида бир қатор мақолалар эълон қилди. Қуйида олимнинг машҳур ирланд адиби Жеймс Жойс ҳаёти ва бадиий-эстетик қарашлари тадқиқига бағишланган мақоласини ўқийсиз. Дарвоқе, ўзбек тилига таржима қилиниб чоп этилган “Улисс” ва “Навқирон санъаткорнинг сийрати” романлари муаллифи Ж.Жойс ҳаёти ва ижод тамойиллари китобхонларимизда қизиқиш уйғотиши табиий.
XX аср модернизм адабиёти дарғаларидан бири Жеймс Жойс 1882 йил 2 февралда Дублин яқинидаги Ратгар шаҳарчасида таваллуд топди. Жойслар хонадони Ирландия жамиятининг ўрта табақасига мансуб бўлиб, бирмунча ўзига тўқ яшарди. Кўп ўтмай, Жойснинг отаси омадсизликка учраб, бир неча бор касбини ўзгартиришга, оиласи билан Дублиннинг у даҳасидан бу даҳасига кўчиб юришга мажбур бўлади. Шунга қарамай, ёш Жеймсга яхши таълим олиш насиб этади. Бироқ камбағаллик ва беҳаловат кунлар унинг хотирасида умрбод муҳрланиб қолади. Болалик чоғларидаги руҳий кечинмалари, хотиралар кейинчалик адиб асарларида ўз аксини топган.
Болалигидан тил ва адабиётга бўлган қобилиятини намоён этган Жойс, фундаментал ва гуманитар фанлардан чуқур сабоқ олади. 1899 йил Дублин универстетига ўқишга киради. Бу даврда унинг отаси касодга учраб, оиласи қашшоқлашиб қолган эди.
1900 йили Дублиннинг даврий нашрларидан бири — “Икки ҳафталик шарҳ” газетасида Жойснинг норвегиялик машҳур драматург Ҳенрик Ибсен қаламига мансуб “Биз марҳумлар, уйғонганимизда” номли пиесасига бағишланган илк эссеси босилади. Илм ва ижодга бўлган орзу-ҳавас туфайли 1902 йили Жойс Европа цивилизацияси бешиги — Парижга келади. Дастлаб у газеталарда журналист, мактабларда оддий ўқитувчи бўлиб ишлайди, Парижда муқим ўрнашиб, адабиёт ва тиббиёт сирларини ўрганишга астойдил киришади.
Адиб 1901—1903 йилларда “Эпифаниялар”, 1907 йили “Камерли мусиқа” номли лирик тўпламларини нашр эттиради. Ҳали Дублинда пайтида у “Мусаввир портрети” (1904) номли эссесини ёзиб тугатган, анча муфассал ва мазмунан кенгроқ “Стивен-қаҳрамон” (1904-1905) номли асарини ёзишга киришган эди; кейинчалик бу асарлар “Навқирон санъаткорнинг сийрати” (1916) романига асос бўлди. Муаллифнинг бу асарлари услубан оддий автобиографик китобларга ўхшамасди. Ғарб адабиётида анъанавий тус олган “санъаткор ҳақида миф”ларнинг мазмуни, мафтункор тароватига асир бўлиб қолмаган Жойс, “ҳаёт”ни “ижод”га айлантирмоққа қодир бадиий ниятига шахсий биографиясида юз берган воқеа ва ҳодисалар ичидан материал топиш мақсадида ўзига четдан туриб разм солишга ҳаракат қилади.
Талабалик йилларида, ҳали идеал санъаткор қандай бўлиши кераклиги ҳақида тасаввурларини инкишоф қилгунга қадар, Жойс адабиёт ва санъатга ҳаққоний хизмат қилган санъаткорлардан ибрат олди. Айниқса, унинг учун Ҳенрик Ибсен ҳаёти ва ижоди муҳим аҳамият касб этди. Жойс норвегиялик драматургни жамиятдаги анъанавий одоб-ахлоқ қоидаларига қарши чиққанлиги, ўз дунёқарашини, шахсий нуқтаи назарини қатъий ҳимоя қилганлиги, шунингдек, драматургияга янги ғоя ва мавзулар олиб кирганлиги ҳамда новаторлик услубларни жорий этганлиги боис юқори баҳоларди. Ибсен асарларини аслиятда ўқиш мақсадида у норвег тилини ўрганишга киришади. Ўзининг устози деб ҳисоблаган Ибсенга таҳсинлар ўқиб, завқу шавққа тўла мактублар битади ва унинг таъсирида ўзининг “Порлоқ карьера” (1900) номли пиесасини ёзишга тутинади. Замондошларидан бирининг гувоҳлик беришича, Жойснинг бу пиесаси Ибсеннинг “Биз марҳумлар, уйғонганимизда”, “Қўғирчоқ уйи” ва “Ёшлар иттифоқи” драмалари парчаларидан иборат қоришиқ асар бўлган.
Жойс Ҳенрик Ибсен тимсолида шундай бир санъткорни кашф қилдики, унинг учун юксак санъат олий ҳақиқатни ахтаришдек аҳамиятли бир маъно касб этди. Шу боис, у ўз даврига хоc одоб-ахлоқ, дин ёки миллатчилик руҳидаги мафкура сингари шахсий ва жамоавий “ўз-ўзини алдаш”ларни рад этди. Жойс “Драма ва ҳаёт” (1900) эссесида ҳаётдаги ўткинчи, тасодифий нарсаларни қайд этувчи “адабий” (санъатдан қуйида турувчи – М.Х.) шакл ва инсон руҳининг санъатга бўлган инстинктив интилишини тақозо этгувчи эстетик (бадиий) “драма” ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини алоҳида таъкидлайди. Драма, унинг фикрича, нафақат ҳар қандай “маънавият”, “одоб-ахлоқ” ва ҳаттоки “гўзаллик”дан, балқи санъаткорнинг шахсиятидан ҳам устун туради.
Ирландия адабий уйғониш оқимига мансуб ёзувчи ва шоирларни бефойда ва беҳуда уринишларда айбласа-да, Жойс аслида улар билан ҳамнафас ва маслакдош эди. У ҳам ўз замонига афсона ва ривоятлар кўзгуси орқали қарар, қадим афсоналарда ўзи яшаган даврнинг аксини кўрарди. Эътиборга молик томони шундаки, XVIII—XIX асрлар давомида Ирландияда ҳукмрон бўлган ижтимоий-сиёсий муҳит миллий интеллигенциянинг “кўзини парда қоплаган” даври саналиб, объектив воқеликни, реал ҳаётни мавҳум-рамзий, маънавий-ахлоқий аснода идрок этишга ҳаракат қилишини тақозо этган. Шу боис Жойс ижодида ҳам рамз ва тимсоллар асосий ўрин тутади. Унинг бадиий услубидаги бу муҳим жиҳат Ибсен ижоди таъсирида янада ривожланди. Зеро, жузъийлик ва умумийликнинг узвий алоқадорлиги, маънавий-ахлоқий муаммоларга алоҳида диққат-эътибор қаратиш Ибсен пиесаларида реализм ва бадиий рамзийлик уйғунлашиб кетишини таъминлаган. Ўз навбатида, бу хусусият Жойснинг услубига, қолаверса, бутун ижодига ҳам хосдир.
Жойс прозаси кўп жиҳатдан мусиқий асарни эслатади, пухта ўйланган, муайян бир қолипга солинган куй асосидаги симфонияга ўхшаб кетади. Ушбу лейтмотив (мусиқий асарда бошдан-охир мунтазам такрорланувчи асосий куй, оҳанг) техникасини Жойс машҳур немис бастакори Рихард Вагнердан ўзлаштирган эди. Илк асарларидаёқ адиб бу усулни такомиллаштиришга, маромига етказишга уринди, унинг воситасида турфа ранг, узуқ-юлуқ парчалар ва турли ҳодисларни бир жойга жамлаб, кундалик ҳаёт билан рамзийлик ўртасида ўзига хос “кўприк” қурди. “Мен китобимни жуда пухта ўйлаганман ва уни санъатнинг мумтоз анъаналарини қандай тасаввур этсам, шундайлигича қабул қиламан”, деб ёзади адиб.
Жойс ижодида тўлиқлик, уйғунлик ва англаш муҳим аҳамият касб этади. Тўлиқлик – бу инсон ва жамият ҳаётининг кенг қамровли тасвири, жузъийлик ва умумийликнинг мустаҳкам бирлиги бўлиб, асарда ижтимоий ва психологик тафсилотлар кўплигини англатади. Уйғунлик – бу ҳикояларнинг қатъий изчиллиги, муҳим ғоя ва мавзулардан иборат мураккаб мажмуаси, нутқ оҳанги ва стилистик хусусиятларнинг ўзаро мутаносиблиги, яъни абзац (хат бошидан)дан тортиб токи нуқтагача мувофиқлигидир. Адиб “Дублинликлар” китобига кирган ҳикояларини ўзи муайян тартибга солиб, жойлаштиргани бежиз эмас, албатта. Дарҳақиқат, “Опа-сингиллар”, “Учрашув”, “Аравия” – беғубор болалик ҳақида; “Эвелин”, “Пойгадан сўнг”, “Икки рицар” ва “Пансион” – ёшлик мавзусида; “Кичик булут”, “Ниқоблар”, “Ер”, “Ачинарли воқеа” – етуклик даври хусусида; “Печак кунида”, “Она” ва “Тангри шафоати” – жамият ҳаётини ҳақида. Англаш эса, бу тўлиқлик ва уйғунлик бирикмасидир. У “Епифаниялар”нинг ҳар бир ҳикоясига хос, қолаверса, ўзига хос прозаик хотимадир. “Дублинликлар”даги энг сўнгги ҳикоя – “Тангри шафоати”да Жойс хунук ва номақбул, совуқ ва зимистон, шафқатсиз ва бераҳм ҳаёт қиссасига гўё якун ясайди. Ҳикоянинг бош қаҳрамони Кернан гуноҳларига тавба-тазарру қилиш ниятида келган черковда бошқа ҳикоялар қаҳрамонлари, яъни турли тоифаларга мансуб риёкор буржуалар, порахўр мутасадди ва судхўр корчалонлар, иккиюзламачи ва тилёғлама кишиларга дуч келади. Илгари тасвирлаган ва тавсифлаган персонажларига қайтиш Жойсга ҳикоялар силсиласи изчиллиги давомида мавжудликнинг такрорланмаслигини яна бир карра истоблаш имконини яратади. Муҳими шундаки, Жойс яратган бадиий олам эволюцион тараққиётдан тўхтаб қолган олам эмас, балки тўхтовсиз ривожланаётган, ҳаракатдаги дунёдир. “Дублинликлар”ни ўқиётган китобхон кимнингдир жойига ўтираётганини, яна кимнингдир шляпасини кўтариб саломлашаётганини, бировнинг черковнинг шифтидаги суратларга разм солаётганини кўриб туради. Оддий сўзларда жонли ҳаёт таассуротини ярата олиш имконига Жойс монтаж (турли парчаларни уйғунликда бир бутун ҳолга келтириш) воситаси орқали эришади ва илк даъфа бу услубни ўз ҳикоясида юксак маҳорат билан қўллайди. Таъкидлаш жоизки, “Улисс” романида бу муҳим жиҳат Жойс поэтикасининг асосий мезонига айланади.
У.Йейтс, Ж.Мур, Ж.Рассел, Э.Мартин, Ж.М.Синг, П.Колм каби мутафаккирлар номлари билан боғлиқ Ирландия адабий уйғониш ҳаракатини Жойс қабул қилолмади. Аслида, бу инсонлар XIX–XX асрлар оралиғида Ирландияни бирлаштириш, ирланд халқини жипслаштиришга қодир идеални ахтаришда жонбозлик кўрсатишган, ўз ижодларида мифология ва фолклорга мурожаат қилиб (Йейтс), халқнинг анъанавий маданиятига (Синг) асосий эътиборни қаратган эдилар. Аммо Жойс фикрича, униси ҳам, буниси ҳам замонавий санъатнинг ҳақиқий вазифаларидан баб-баробар узоқ. Устига устак, умумэътироф этилган, русум бўлиб қолган қадр-қимматларга берилиб ижод қилишни Жойс ҳақиқий ижодкорга хос эмас, деб ҳисобларди.
Дублинда яшаган пайтлариданоқ Жойс пойтахтликлар ҳақида ҳикоялар ёза бошлаганди. Кейинчалик бу ҳикоялар “Дублинликлар” китобига киритилди. Ушбу китоб 1907 йили ёзиб тугатилган бўлса-да, адиб уни нашр этиш ниятида 1909 йил Италиядан Ирландияга қайтиб келади. Аммо ношир Жон Эглинтон китобни чоп этишга журъат қилолмайди. 1912 йили Ирландияга сўнгги бор келганида Жойснинг ўзи, таъқибдан хавотирга тушиб, тайёр бўлган нашрни йўқ қилдиради. Орадан икки йил ўтгачгина, ношир билан узоқ баҳслардан сўнг, “Дублинликлар” (1914) дунё юзини кўради. 1916 йили Жойснинг биринчи романи — “Навқирон санъаткорнинг сийрати” босилиб чиқади. Муаллиф лондонлик ноширига йўллаган мактубида “Дублинликлар” китобини Ирландия пойтахтининг “маънавий-ахлоқий тарихидан бир боб”, деб таърифлайди.
Бироқ “Дублинликлар”даги ҳикоялар мазмунини ижтимоий танқидга боғлаб қўйиш нотўғри бўлар эди. Жойснинг натуралистик тафсилотларга интилиши ортидан шаклланган эстетика назариясига асосланган бадиий дастури бор эди. Бу дастур нафақат Ибсен ижодидан, балки бошқа санъткорлар, масалан, санъатнинг объектив воқелик мазмун-моҳиятига тааллуқли жиҳатларини намоён қилувчи принциплари хусусида кўп ёзган инглиз эстетизми асосчиси Уолтер Пейтер (1839-1894) дунёқарашига, воқеликни идрок қилиш тамойилларига ҳам асосланган эди. У.Пейтер таъсирида Жойс Уйғониш даври файласуфи Фома Аквинскийнинг гўзаллик ҳақидаги таълимотига изоҳлар кўринишидаги ўз эстетик назариясини ишлаб чиқади. Бу назария негизида илоҳиёт ҳақидаги муқаддас китоблардан олинган таассурот ва иқтибослар ўрин олган. “Епифания” (юнонча epiphбneia – кўриниш, ваҳий) Жойс талқинида худонинг марҳамати ила инъом этилган руҳий-маънавий ҳиссиёт эмас, балки ижодкорнинг бадиий (нафис) интуициясидан. Унинг тушунчасида, ижодкорнинг ботиний туйғуси нарсалар устидан пардани (ниқобни) олиб ташлашга ва уларнинг гўзаллиги, нафислигини очиб беришга қодир.
Тириклигидаёқ классик ёзувчи сифатида тан олинган буюк ирланд адибининг ҳаёти ва ижоди, бадиий-эстетик қарашлари, асарлари атрофидаги баҳс-мунозаралар, тадқиқотлар ҳануз давом этаётгани Ж.Жойснинг ХХ аср адабий ҳаётида чинакам феномен сифатида намоён бўлганидан далолатдир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 15-сонидан олинди.