Мўминжон Сулаймонов. Шероз адабий муҳитида туркий шеърият

Тарихий манбалардан маълумки, 1409 йилда Амир Темурнинг тўнғич ўғли Шоҳрух мирзо ҳукмдорликни қўлга киритгач, пойтахтни Хуросоннинг маркази Ҳиротга кўчиради. Шу йили Темурнинг набираларидан бири Искандар Султон Форс ўлкаси маркази Шерозга ҳукмдор бўлади ва 1414 йилгача фаолият кўрсатади, шунинг учун уни Султон Искандар Шерозий деб аташган. “Махзан ул-асрор” достонининг муаллифи Ҳайдар Хоразмий айнан Султон Искандар ҳомийлигида ижод қилганлиги Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” тазкирасидан маълум: “Султон Искандар Шерозий ҳам набирадур. Салтанат тажаммулини, дерларким, салотиндин ўзи онча қилмиш бўлғай. Етти ё саккиз йиллиқ салтанатида гўёки уч ганж топибдур. Мавлоно Ҳайдар туркигўй, анинг модиҳи экандур”[1]. Шу ўринда Навоий таққослаш учун Ҳайдар Хоразмий маснавийсида бир байтни ва Султон Искандарнинг туюғини келтиради ҳамда Султон шеърини турконароқдур, деб баҳолайди:

Тўлин ойга нисбат этдим ёруми,
Ул хижолатдин кам ўлди ёруми.
Тори мўюнгнинг закотин мен берай,
Ё Мисрни, ё Ҳалабни, ё Руми[2].

Ҳайдар Хоразмий қаламига мансуб “Гул ва Наврўз” достони Мавлоно Лутфийга нисбат бериб келинган эди, 1996 йилда Шайх Аҳмад Тарозийнинг адабиётшуносликка оид “Фунун ул-балоға” асари топилгач, бу масалага ҳам аниқлик киритилди[3].

Искандар Султондан сўнг 21 йил давомида Шерозда Шоҳрух мирзонинг кичик ўғли Иброҳим Султон (1394–1435) ҳукмдорлик қилди. Иброҳим Султоннинг ҳукмдорлик даврида ҳам илм-фан ва бадиий ижод тараққий этган. Султон давридаги адабий-маданий ҳаёт ҳақида матншунос ва манбашунос олим Жалолиддин Жўраев мақоласида кенг маълумот берилган: “Иброҳим Султон ҳомийлигида туркий ва форсий адабиётнинг ажойиб намуналари яратилди ва нодир нусхалари кўчирилди. Унинг ҳукмдор ва ижодкор сифатида мунтазам адабий анжуманлар ўтказиб турганлиги ҳам маълум”[4].

Шарафиддин Али Яздий темурийлар тарихи ёритилган “Зафарнома” асарини Иброҳим Султоннинг топшириғига биноан ёзиб тугатган.

Машҳур шоир Ҳофиз Шерозий туфайли Шероз шоирлар юрти сифатида машҳур бўлди. Унинг ижоди бутун Шарқ халқлари адабиётига жуда катта ижобий таъсир кўрсатганлиги тарихий манбалардан яхши маълум. Бинобарин, шоирдан кейин кўплаб ижодкорлар Ҳофиз тахаллусини қўллаганлари ҳам бу таъсирнинг нечоғлиқ кучли бўлганлигини кўрсатади. Профессор Ҳамид Сулаймоннинг таъкидлашича, Ҳофиз номли шоирлар бўлганлиги ҳам табиий. Аммо уларнинг бирортаси туркий тилда ижод қилганлиги маълум эмас эди. 1975 йили Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги Салоржанг музейидан туркий тилда шеърлар ёзиб девон тартиб қилган шоир Ҳофиз Хоразмий қўлёзма девонининг топилиши бу масалага аниқлик киритди.

Иброҳим Султон саройида туркий тилда ижод қилувчи шоирлар ҳам бўлганлигини, айнан, Ҳофиз Хоразмий девонидаги қимматли маълумотлардан билиб оламиз.

Ўша даврда шоир девонининг топилиши, таркиби, жанр хусусиятлари, айрим бадиий ўзига хосликлари ҳақида бир қатор мақолалар эълон қилинди[5]. Бу адабий мерос бир неча нашрлар орқали оммалаштирилди, ҳатто маълум қисми рус тилига таржима қилинди ва тўплам ҳолида нашр этилди[6].

Демак, Иброҳим Султон ҳукмдорлиги даврида шоирлар юрти Шерозда туркий тилда ижод қилиш давом этган ва туркигўй шоирлар рағбатлантирилган.

Бу фикрларни хоразмлик Ҳофизнинг қуйидаги байтлари ҳам тасдиқлаши мумкин?

Гулистон юзли, эй соқий, санинг ишқинг манга жондур.
Ичалим боданиким, даври Иброҳими Султондур…
Саноу ҳамд этадур яратқан биру борингға,
Ўшул султон замонинда бу Ҳофизким ғазалхондур.[7].

Ҳофиз Хоразмий девонда жами тўққизта қасида бўлиб, уларда ҳам шоир таржимаи ҳолига оид қимматли маълумотларни учратамиз. Зеро, олтинчи ва еттинчи қасидаларда шоирнинг тахаллуси ҳамда нисбаси келтирилган:

Вилоёту каромоту карам ўзиндин издаю,
Бўлубдур Ҳофизи Хоразмий жони била Кирмоний[8].
Иноят бирла сўз бобинда ёрий кўргузур бўлса,
Ошурғай Ҳофизи Хоразмий шеърин фарқ шуародин[9].

Юқоридаги қасидаларнинг келтирилган байтларидан кўриниб турибдики, шоирнинг тахаллуси Ҳофиз, нисбаси Хоразмий бўлган. Бошқа шеърларининг ҳаммасида тахаллус сифатида фақат Ҳофиз сўзи келтирилган, аммо бошқа бирор ўринда Хоразмий нисбаси қўлланмаган.

Шоирнинг исми Абдураҳим эканлигини девондаги олтита форсча[10] ва 199-ўз­бекча ғазалдан билиб оламиз, чунки Раҳим ёки Абдураҳим ҳали ўзига муқим тахаллус­ танламаган шоирнинг исми бўлиши мумкинлигини профессор Ҳамид Сулаймон ҳам таъкидлаб ўтган[11].

Хос ўз қулиға лутф этиб раҳм қилса ёр,
Мухлису қадимий қул анга Абдурраҳим эрур[12].

Шоирнинг Хоразмда туғилганлиги, ҳатто она юртидалигидаёқ машҳур бўлганлиги бир неча фахрияларида кўзга ташланади:

Тенг бўла билмас эди Ҳофиз била Хоразмда,
Туркий айта тирилур бўлса бу дамда Санжарий[13].

Ёки:

Ҳофиз, санинг қадрингни гар Хоразм аҳли билмаса,
Азми Ироқ айлаб равон, оҳанги Шероз этгасен[14].

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, шоир қандайдир сабабларга кўра Шерозга боришни орзу қилган ёки шунга мажбур бўлган. Бу фикримизга қуйидаги байтлар далил бўлади:

Шерозий туркларга элтунг бу шеърниким,
Сурдум бу тавр узра Ҳофиз бикин каломе[15].

Балки Абдураҳимнинг урушлардан холи Шерозга бориб ижод қилиш мақсади бўлгандир. Балки ўзи ҳавас билан тахаллусини қабул қилган ва устоз деб билган Ҳофиз Шерозийнинг юртига боришни, у ерда шоир билан учрашишини ният қилгандир. Бироқ икки Ҳофизнинг учрашганига ҳеч қандай ишора йўқ. Айни пайтда, туркий шеъриятда шерозлик Ҳофиздек бўлишни даъво қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермаган­лигини ҳам таъкидлашимиз зарур. Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ўзининг ғазал жанридаги устозлари ҳақида фикр юритиб, Хисрав Деҳлавий, Абдураҳмон ­Жомийлар қаторида Ҳофиз Шерозийни ҳам тилга олганлиги маълум.

Хоразмлик туркигўй Ҳофизнинг ҳаёти, девонининг қачон тузилгани ҳақида нисбатан аниқроқ хулосаларни унинг девонидаги ягона марсияни ўрганиш орқали ойдинлаштириш имкониятига эгамиз. Шоир девонининг кашшофи профессор Ҳамид Сулаймоннинг фикрига кўра бу марсия дастхати бошқа шеърларникидан фарқ қилади[16].

Марсиядан маълум бўлишича, шоир 1435 йилда ҳаёт бўлган, шу йил Шероз ҳукмдори Иброҳим Султон вафот этганда, у Султоннинг вафотига атаб марсия ёзади. Марсия 93 байт (186 мисра)дан иборат бўлиб, рамал (фоилотун фоилотун фоилотун фоилун) баҳрида ёзилган. Марсия 10 байтлик 9 та ғазал шаклини эслатади. Фақат шуни таъкидлаш керакки, 7-банд 12 байт, 8-банд эса 11 байт. Айтиш мумкинки, шоир таркиббандга ўхшаш шаклини танлаган. Марсия жанр талабларига риоя қилинган ҳолда маҳорат билан битилган бўлиб, шундай бошланади:

Бу вафосиз фони оламда бақони издаманг,
Дарди жонға эмдидин сўнгра давони издаманг[17].

Марсия қуйидаги байт билан якунланади:

Мустажоб айлаб Ҳофизнинг дуосин, эй Карим,
Раҳматингдан бер улуш сансан чу Раҳмону Раҳим[18].

Профессор Ҳамид Сулаймон бу марсия бошқа дастхат билан кўчирилиб девонга кейин қўшилганлиги сабабли, девон қўлёзмаси автограф бўлиши мумкин, деган қимматли фикрни билдирган[19].

Бинобарин, шоир девони 1435 йилга қадар тартиб берилган деб хулоса чиқарамиз. Шу ўринда шоирнинг марсияси туркиялик олим Режеп Топарли томонидан 1998 йил Анқарада нашр эттирилган Ҳофиз Хоразмий девонида эълон қилинганлигини ҳам таъкидлаб ўтмоқ жоиз[20].

Шоирнинг марсияси 2015 йилда Жалолиддин Жўраев томонидан “Шарқ юлдузи” ва “Шарқшунослик” журналларида эълон қилинди[21].

Ҳофиз Хоразмий марсияси 1435 йилда вафот этган темурий шаҳзода Иброҳим Султонга бағишлаб ёзилганлиги қуйидаги мисраларда яққол билиниб туради:

Фатҳу нусратлиғ ул Иброҳим Султон қандадур,
Ким фироқи заҳмидин ҳоли жигарлар қондадур.
Қурратул-айни шаҳаншоҳ Шоҳрух хоқон қани,
Молики мулки Сулаймон соҳиби фармон қани?[22]

Шунингдек, шоир Иброҳим Султоннинг Абдулло отли ўғли борлигини айтиб, Султонни эслаганда шаҳзодани ёд қилиш, хабар олиб туришни айтади.

Чун эрур шаҳзода Абдулло ўзиндин ёдгор,
Топмасангиз ўзини қойим мақомин ёд этинг.
Ашнуғи шаҳзодау шаҳларни аторғон аро,
Одил Иброҳим Султоннинг номин ёд этинг[23].

Марсияда тилга олинган Абдулло исмли шаҳзода 1433 йилда туғилган бўлиб, 1450 йил Мирзо Улуғбекнинг ўғли Абдуллатиф Мирзо ўлдирилгач, Самарқанд тахтига ўтиради. Унинг ҳукмдорлиги кўпга бормайди: 1451 йил июль ойида Султон Абусайид Мирзо (1424 – 1469) билан Булунғур даштида бўлган жангда ҳалок бўлади[24].

Ўзини “Иброҳим Султон замонасининг ғазалхони” деб ҳисоблаган шоир, шубҳасиз, ўша замон анъаналарига кўра марсия ёзганлиги табиий ҳол. Марсиядаги муболағали ташбеҳлар ҳам асарнинг жанр хусусиятига мос келади. Айниқса, қуйидаги байтлар характерлидир:

Боримиз банда эдук, ўртада ўзи шоҳ эди,
Ҳоли хуш эрди, барча ҳолидин огоҳ эди…
…Қўй билан бўри онинг давринда қардош эрдилар,
Чун онинг адли эди саҳронишинларга шўбон[25].

Бундай байтларни шоир замондоши Саккокийнинг Мирзо Улуғбекка бағишлаб ёзган қасидасида ҳам кўришимиз мумкин:

Раият қўй эрур, султон анга чўпону ё бўри,
Бўри ўлго-ю қўй тингай, чу Мусотек шўбон келди[26].

Ҳофиз Хоразмий марсияси ҳозирча ўзбек адабиёти тарихида Алишер Навоийгача бўлган даврда яратилган биринчи намунадир. Аммо шоир шеърлари нашрларининг бирортасига марсияси кирмай қолган.

Юқорида эслатиб ўтганимиздек, адабиётшунос олим Жалолиддин Жўраев “Шарқ юлдузи ”журналининг 2015 йил 6-сонида чоп этилган “Ўзбек адабиётидаги илк марсия” номли мақоласида шоирнинг бу асари ҳақида атрофлича маълумот берган, Иброҳим Султоннинг Шерозда олиб борган маърифатпарварлик ишларини кенг ёритган, шунингдек, марсия матнини ҳам эълон қилган[27].

Хулоса шуки Иброҳим Султон даврида Шерозда туркий тилли адабиёт ривож топган. Ўзбек мумтоз адабиётининг мумтоз намуналари яратилган. Бу фикрлар адабиётимиз тарихида жанрлар такомили ҳақидаги билимларимизни бойитади ва айрим муаммоли масалаларга аниқлик киритади:

Биринчидан, ҳозирга қадар Шерозда туркий тилда фақат Султон Искандар ва Ҳайдар Хоразмий ижод қилганлиги маълум эди, холос. Ҳофиз Хоразмий Шерозда ижодини давом эттиргани туркий адабиётнинг ҳудуди Форс ўлкасида мустаҳкамланганидан ва тараққий этганидан далолат беради.

Иккинчидан, ХV асрнинг биринчи ярмида ҳам ўзбек адабиётида марсия жанрига оид асар яратилганлигидан хабардор бўламиз. Юқорида таъкидлаганимиздек, бу марсия шоир таржимаи ҳолини ҳамда ижодий меросини ўрганишда қимматли маълумот беради.

Учинчидан, Султон Искандар, Иброҳим Султон, Ҳайдар Хоразмий ва Ҳофиз Хоразмийларнинг адабий мероси ўша давр адабий жараёнининг даражасини аниқлашда катта аҳамиятга эга.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 3-сон

__________________

[1] Навоий, Алишер. “Мажолис ун-нафоис”// МАТ, 13-жилд. – Тошкент: Фан. 1997. 165-бет.

[2] Ўша бетда.

[3] Шайх Аҳмад Тарозийнинг “Фунун ул-балоға” асари Эргаш Очилов томонидан нашрга тайёрланиб, “Ўзбек тили ва адабиёти” журналининг 2001–2002 йиллардаги сонларида эълон қилинган.

[4] Жўраев Ж. “Ўзбек адабиётидаги илк марсия” “Шарқ юлдузи ”журнали 2015 йил 6-сон. 10–21-бетлар.

[5] Хоразмий, Ҳофиз. Шеъриятидан намуналар. //Адабий мерос, 1978. NЗ. – Б.23-44. Хоразмий, Ҳофиз шеъриятидан. – Тошкент: Ўз КПМК нашрёти, 1980. – Б.120.

[6] Из лирики Хафиза Харезми. – Ташкент: Изд-во ЦККП, 1981. – С.120.

[7] Хоразмий, Ҳофиз. Девон. 1-китоб. – Тошкент: Ўз КПМК нашрёти, 1981. 112-бет.

[8] Хоразмий, Ҳофиз. Қўлёзма фотокопияси. – Б.78.

[9] Хоразмий, Ҳофиз. Қўлёзма фотокопияси. – Б.82.

[10] Хоразмий, Ҳофиз. Қўлёзма фотокопияси. – Б. 83. шоирнинг форсча ғазаллари Девоннинг 1981 йилги нашрига киритилмаган.

[11] Хоразмий, Ҳофиз. Девон. 1-китоб. 1981. 6-бет.

[12] Хоразмий, Ҳофиз. Девон. 1-китоб. 1981. 6-бет.

[13] Хоразмий, Ҳофиз. Девон. 2-китоб. 1981. 226-бет Шоир тилга олган Санжарий ким эканлигини аниқлай олмадик.

[14] Хоразмий, Ҳофиз. Девон. 2-китоб. 1981. 72-бет.

[15] Хоразмий, Ҳофиз. Девон. 2-китоб. 1981. 232-бет.

[16] Хоразмий, Ҳофиз. Девон. 1-китоб. 1981. 10-бет.

[17] Хоразмий, Ҳофиз. Қўлёзма фотокопияси. – Б.52.

[18] Хоразмий, Ҳофиз. Қўлёзма фотокопияси. – Б.58.

[19] Сулаймон Ҳ. Ҳофиз Хоразмий. Девон. 1-китоб. Сўзбоши. – Т.: 1981. 3–15-бетлар.

[20] Harezimli Hafiz’in divani. – Ankara: Turk Dil Kurumi, 1998. 121–127-bet.

[21] Жўраев Ж. “Ўзбек адабиётидаги илк марсия” “Шарқ юлдузи” журнали. 2015. 6-сон. 10–21-бетлар. Яна. “Шарқшунослик” жур. 2015, 2-3-сонлар. 216–226- бетлар.

[22] Хоразмий, Ҳофиз. Қўлёзма фотокопияси. – Б.52.

[23] Хоразмий, Ҳофиз. Қўлёзма фотокопияси. – Б.56.

[24] Турғун Файзиев. Темурийлар тақдири. // Мулоқот, 6-сон, 1991. – 72–74 бетлар.

[25] Хоразмий, Ҳофиз. Қўлёзма фотокопияси. – Б.54.

[26] Саккокий. Танланган асарлар. – Тошкент: 1958. – 69-бет.

[27] Жўраев Ж. “Ўзбек адабиётидаги илк марсия” “Шарқ юлдузи” журнали 2015 йил 6-сон. 1021-бетлар.

______________

Мўминжон Сулаймонов – 1962 йилда туғилган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетида таҳсил олган. Ҳозирга қадар 200 га яқин илмий, илмий-услубий, илмий-оммабоп мақолалари, “Ўзбек халқ оғзаки ижоди” ҳамда “Мунаввар тонг қўшиғи” (Қ. Тўлабоев билан ҳамкорликда) рисолалари нашр этилган.