Миразиз Аъзам. Миртемир

Миназини бузмай ларзакор ва жарангдор полапон қушдай оҳиста
Ясси бўйлаб чўнг алп сингари зайтунзор аро девкор ва ёвқур
Шеър ёбонларида ёвшан чечакларини терган ёзуқли қайсар
Сулув шеъриятнинг туғин кўтариб
Жиндай ғазалхон, танти шоир Миртемир келаётир!..
Ғафур Ғулом

Мен энг олдин шоир Миртемирнинг “Тўйчи Эрйигит ўғли”, “Олег ва ўртоқлари” деган шеърларини мактаб дарсликларидан ўқигандим. Ўша шеърлар орқали Миртемир табиатидаги жасорат ва собитликни кўрганман.
Ҳаётда Миртемирни, янглишмасам, 54–56 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида кўрдим. Кийим-бошидан тортиб муомаласигача ниҳоятда камтар ва самимий бир инсонлиги кўриниб турарди. Дўпписининг қиррасини олдинга қилиб кийган эди, бу унинг руҳида бир қадар чапанилик, ҳурлик, мардлик мавжудлигини ҳис қилдирар эди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ёш ижодкорлар тўгарагини Миртемир ака олиб борган кезларда мен ҳам тўгаракка бир-икки бор қатнадим. Ёш шоирлардан Эркин Воҳидов, Хайриддин Салоҳ, Раззоқ Абдурашид, Сайёр, Тўлқин, Юсуф Шомансур кабилар фаол эди. Назаримда, уларнинг шеърлари қаршисида менинг ёзганларим ўртага чиқиб ўқишга арзигулик эмасди. Бундай тўгаракка қатнаша олиш учун ҳали кў-ў-ўп шеър машқ қилишим керак эди. Шу боис тўгаракка қатнамай қўйдим.
Тошкент давлат университетида (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетини битиргач, 1958 йилда Тошкент телестудиясига, 1959 йида “Ғунча” журналига ишга келдим. Хизматим тақозоси билан болалар дунёсига кириб қолдим. Ширин-ширин фарзандлар отаси бўлиб, мактаблар ва боғчалар ҳаёти билан танишиб, болаларга меҳрим тушиб, шеър ёза бошлаганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Бу шеърларим тез танила бошлади.
Янглишмасам, 1966 йили эди, республика ёшлар ташкилоти қандайдир муносабат ­билан энди адабиёт майдонига кириб келаётган ижодкорларни устоз шоир ва ёзувчилар ­билан бирга мактаб ўқувчилари ҳузурига тез-тез учрашувларга чиқара бошлади. Тўйте­пада бўлиб ўтган шундай шеърхонлик тадбирларида Миртемир ­домла ҳам қатнашди.
Мен болаликдан одамларга қовушимсиз эдим, онам мени “шўртумшуқ” деб уришар, “бундай бўлма, киришимли, дадил бўл” дерди. “Нима қилай, қовушмасам, киришимли бўлолмасам? Биров менга “кел” деб айтмаса, давраларга қўшилолмайман”, дердим. Бу ердаги учрашувларда ҳам, Хайриддин Салоҳ, Юсуф Шомансурлар Миртемир домла билан аскиялашиб, апоқ-чапоқ гаплашардилар. Мен қўшилолмасдим. Мен фақат домлани, унинг ёндафтар варақлаши ва ё қулоғига овоз кучайтиргич тақиб, ёш шоирларнинг шеърларини диққат ила тинглаётганини кузатар эдим. Сўз менга текканда ўқувчилар авжабтовур қизғин қарши олди. 2–3 шеърдан кейин ўтиришимга йўл қўймай, қайта-қайта минбарга чиқардилар. Ўқувчилар билан учрашув охирлаб қолганда: “Сўз севикли шоиримиз, устоз Миртемир домлага!” деган овоз янгради. Домла минбарга яқинлашатуриб, дўпписига бир қўл югуртириб олди-да, аввал “Қуш тили” деди, сўнгра “Мўмин Бобонинг яхши невараларидан митти Алишерга атаганларим” дея шеърни ўқиди:

Қушлар, ҳей, кетманг узоқ,
Қўймайман сизга тузоқ.
Бўзтўрғай,
бўзлашайлик.
Қалдирғоч,
қувлашайлик.
Бетилмоч
қувнашайлик.
Саъваой,
сайрашайлик.
Сойма-сой
яйрашайлик.

Шеърда яна шундай мисралар ҳам бор эди:

Ўйламангки, отгум тош,
Ўйламангки, мен бебош…
…Узоқлашманг қушлар, ҳей,
Гўё ёруғ тушлар, ҳей.
Қафасга солмайман, йўқ,
Кўнглингизни тутинг тўқ.
Тотув, иноқ бўлгум бор,
Тилингизни билгум бор…
Тилингиз биларкан-ку
Ахир Алишер бобом.

Болалар бу шеърни ҳардамхаёллик билан тингладилар. Кўнгилдагидек қарсак урмадилар, назаримда, шеърнинг маъносини тушунмадилар. Диққат-эътибор сал тарқоқроқ бўлди. Шунда мен бизнинг ҳар биримиз Миртемирни яхши тушунишимиз ва ҳаммага тушунтиришимиз керак, деган қарорга келдим.

Шоирни тушуниш

Миртемирнинг энг яхши шеърларида, ҳатто “Сурат” достонида менинг ўзим учун ҳам англашилмас баъзи бир жиҳатлар бор эди. Масалан, 60-йилларда Ҳадия Юсупова ижросида радиодан деярли кунора бериладиган “Бир гўзал” қўшиғи, кўнглимга қанчалик ўтиришмасин, бироз тушуниксиз кўринарди.

Дейдиларки, шаҳримда бир гўзал бормиш,
Ҳар оқшом боққа кириб мени сўрармиш.
Изларимни тополмай оҳлар урармиш –
Гир-гир юрармиш,
Ҳайрон бўлармиш…

Ҳолат бир менга ғалати кўринадими, десам, бошқалар ҳам ҳар хил хаёлларга боришаркан, бир куни Ёзувчилар уюшмасида Эркин Воҳидов сўзга чиқиб, “Миртемир домла уйларида, дераза ёнида: “Дейдиларки, шаҳримда бир гўзал бормиш, Ҳар оқшом боққа кириб мени сўрармиш”, деб хаёл суриб ўтирадилар, боққа чиқа қолсалар бўлмайдими?” – дея лутф қилди. Домла хохолаб кулди, аммо жавоб бермади.
Яна мен “Онагинам” шеърини ҳеч ҳаяжонсиз ўқий олмасдим. Шеърда онасига фарзандлик бурчини адо этолмаган, унинг хизматини қилолмаган ўғил тимсоли бор. Миртемир ака ҳақида ўйлар эдим: нима,Туркистон шунчалик бориб бўлмас олис жойдами, Тошкент билан Ийқон ораси нари борса 300–400 киолометр келар, онасини ё ўлимидан олдинроқ ёнига олиб келса ва ё Ийқонга бориб хизматини қила қолса бўлмасдими? – дердим ўзимча.
“Сурат”да эса юракни зир титратувчи дастлабки аккордлардан бошлаб ўқувчи кўз ўнгида англашилмас бир манзара тикланарди:

Тошлон ўлди, деган ким ахир?
…………………………………………….
Гуноҳим не? – Жангда бўлганим,
Қон кечганим, юз бор ўлганим.
Дийдорингни унутолмайин
Ўлимлардан ҳатлаб келганим…

Юқорида намунаси келтирилган “Қуш тили” шеърида қайта-қайта:

Қушлар, ҳей, кетманг узоқ,
Қўймайман сизга тузоқ,

дея таъкидланиши ҳам қандайдир муносабатсиз айтилган жумла бўлиб кўринарди. Бу ва бошқа шунга ўхшаш шеърларнинг ҳаммаси ярим асрдан ортиқ давр мобайнида, ҳатто шоир вафот этган 1978 йилдан кейин ҳам бутун ўқувчиларга тушуниксиз бўлиб қолаверди. Чунки Миртемир ҳаётининг энг драматик томонлари қулфлоғлиқ темир сандиқларда сақлаб келинган, ҳатто шоирнинг ўзи ҳам бу ҳақда умрининг поёнигача ҳеч кимга ҳеч нима демаган эди. Бу темир пардалар фақат мустақиллик давримизнинг шарофати билан олиб ташланди. Энг олдин бу ишни забардаст олимимиз, устоз Наим Каримов амалга оширди. 2008 йилда унинг “ХХ аср адабиёти манзаралари” китобида Миртемирнинг 1932–1935 йилларда қатағонга учраган фасллари ҳақида маълумот берилди. Кейин 2012 йилда “Миртемир” номли маърифий-биографик романида шоир ҳаётининг фожиалари билан бир қаторда унинг бутун умр саҳифалари ҳам гавдалантириб берилдики, бу сир биздан 80 йил давомида яшириб келинганини англадик.
Шоирнинг умр баёни билан ижод намуналари бирга берилмаса, китобхонда асарлар борасида аниқ тасаввур ҳосил бўлмаслиги аён бўлди.
Миртемир 1932 йилнинг 7 августида ноҳақ қамоққа олиниб, олдин Самарқанд ертўласида, сўнг Тошкент ертўласида қаттиқ тергов қилингач, уч йил озодликдан маҳрум этилиб, 1932 йил 14 сентябрдан меҳнат-тузатув лагерига, Москва–Волга канали қурилишига этап қилинган эди.
Миртемир ўша ердалигида 1933 йил 5 октябрда онаси оламдан ўтган. “Онагинам” шеъридаги армон манзараси ўша даврдаги иложсизлик ҳолатининг ўзгинаси эди. Албатта, Москва – Волга канали қурилишида жазо муҳлатини ўтаётган шоир ўлаётган онасининг қошига учиб боролмас, ўғиллик хизматларини адо этолмас эди.
Шунингдек, севгилисининг қучоғидан юлиб олиниб, олис-олисларга жўнатилган Миртемир гўзал ёрининг аҳволи қандайлигини ҳам, қаердалигини ҳам билмас, “Дейдиларки, шаҳримда бир гўзал бормиш” деб армон билан куйлар, шубҳасизки, у дераза олдида хаёл суриб ўтирмаган, “боққа чиқиб уни кўриш” имконидан маҳрум этилган, оддий инсонлик қувончи оёқости қилинган бир мазлум, зулмга маҳкум этилган инсон эди.
Миртемир озодликка чиқиб келаркан, тезда севгилиси Ҳалима Раҳимовани кўражагига, бутун ҳижрон азобларини унутиб, қайта топишув қувончларига ғарқ бўлажагига ишонган эди. Аммо у қайтиб келганида Ҳалима бошқа эрга тегиб кетган, “Нега мени кутмадинг?” деган саволига, “Сени ўлди дейишган менга”, жавобини берган. Ана энди “Тошлон ўлди деган ким, ахир?” ҳайқириғининг сабаби бутун бўй-басти билан қад кўтаради. Энди “Сурат” достонини ўқисангиз, унинг замирида ётган драмалар ёрқин аксланиб кўринади. Фақат шоир достон қаҳрамони Тошлонни Иккинчи жаҳон уруши жангчиси қилиб берадики (албатта, у ўз қаҳрамонини меҳнат-тузатув лагерининг маҳбуси этиб беролмасди!) бу ҳам китобхонни анча-мунча чалғитарди.
“Қуш тили” шеърида Миртемир улуғ мутафаккир шоиримиз Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достони йўриқларидан фойдаланиб, ўзи яшаган даврнинг белгиларини рамзий тарзда кўрсатади:

Қушлар, ҳей, кетманг узоқ,
Қўймайман сизга тузоқ –

сатрларида озод инсонларга тузоқ қўйишга асосланган тузумни ёдга солади:

Бетилмоч қувнашайлик –

мисраси орқали турли миллат вакилларини тергов жараёнларида тилмочлардан фойдаланиш хуқуқини кўз-кўз қилишларини кўрсатади:

Ўйламангки, отгум тош…
Қафасга солмайман, йўқ… –

каби мисраларда ўша-ўша бегуноҳ одамларга тош отиш, қафасга солишлар, ҳамма қушлар (яъни ҳамма одамлар) бир-бири билан тотув, иноқ яшашлари мумкин бўлатуриб бунга имкон йўқлигига ишоралар қилинар эди. Бу гапларни, албатта, болалар тушуниши қийинлиги, ҳатто, қатағон ҳодисаларидан бехабар, кўр-кўрона, шиббалаб тарбияланган ёшлар ва катталар ҳам англамас эди.
Бу келтирилган мисоллар хусусийроқ характерга эга. Ўртада яна шоирнинг ярим асрлик ижод намуналари ичида шундайлари ҳам борки, уларни ҳам тушуниш ва тушунтириш керак, назаримда.
Илм оламида, хусусан, Наим Каримовнинг тадқиқий ва маърифий ишларида шу нарса қайд этилганки, 1927 йилда шоир Сотти Ҳусайн ўзи муҳаррир бўлган газета атрофига ёш қаламкашларни тўплаб, адабий тўгарак ташкил этган ва газетада “Кўрмана” номли рубрика остида ёш шоирларнинг шеърларини эълон қилиб турган. “Кўрмана” 20-йиллар адабиётига тузуккина ҳисса бўлиб қўшилган” (Н.К.). Сотти Ҳусайн “Кўрмана”ларнинг бирида Миртемирдан умиди катта эканини айтган. Сўнгра у 1928 йилда Миртемирнинг биринчи шеър тўплами “Шуълалар қўйнида”га ҳам жуда яхши сўзбоши ёзганди. Кейин шоирнинг “Зафар” (1929), “Қайнашлар” (1931), “Бонг” ва “Коммуна” (1932) номли тўпламлари, бир қатор дос­тонлари чиқдики, Сотти Ҳусайн улар ҳақда ҳам ижобий мақола ёзди. Аммо бу Миртемирнинг бошига бало бўлди. Бир қатор ичи қора унсурлар, унинг устига туҳмат-маломат тошлари ёғдирдилар.
Аммо гап бу ерда бошқа масала устида: Сотти Ҳусайн “ёш шоирларни янги тарихий давр талаблари руҳида тарбиялашга интиларди” (Н.К). Табиийки, ўз мустақил қарашлари ҳали камол топмаган, сиёсий-миллий позицияси шаклланмаган 17 ёшли ўсмирга бу таълимлар ўзлашмай қолиши мумкин эмасди. 17–22 ёшларда сингдирилган билимлар ёш ижодкорнинг хотирасидан сира ўчмайди. Социалистик реализмми – соцалистик реализм. Эски турмушми – эски турмуш: қоронғилик, қолоқликдан иборат. “Асрий фиғонлар, дарё қонлар!” “Ёшлигимнинг энг ширин даврларида чирик бўйрага ўтқаздингиз мени!” дейди шоир бобосига ёзилган “Сўнгги хат” шеърида. Ҳолбуки, Миртемир тўрт-беш ёшдалигида Исомиддин бобосидан (онасининг отаси) араб алифбосини ўрганган, сўнгра шу беш ёшида янги усул, яъни жадид мактабида дарс бераётган нўғой домла Салоҳиддин Асфандиёровдан замонавий илмлар ҳам ола бошлаган эди. Фақат 11 ёшида тоғаси уни Тошкентга олиб кетиб, “Алмаий” меҳнат мактабига берган эди. Қарабсизки, совет тузуми – энг илғор тузум: унда бахтсизлик бўлиши мумкин эмас. Бахтсизлик фақат эски замонларда бўлади.
Шоир “Сўнгги хат” сочмасида: “…бобожон… Мен комсомол бўлдим, Ленин ўғли бўлдим. Тўппа-тўғри айтаман: мен даҳрийлар сафида…”
“…Мен, сизча – осий, динсиз. Майли, мен Ленин йўлида – чин йўлда! Сўнгги хатим бу!..” – деб ёзади. Кўряпсизми, уни қандай тарбиялаганлар, тарашлаганлар… У энди меҳнатни улуғлайди, унингча, илгариги меҳнатлар сармояга асир эди. Энди меҳнат эркин… “Бошқалар учун сарой яратмайди”. “Меҳнат қуёши порлашда”. Капитализм эса даҳшатли зулмлар ватани. Унда Сакко-Ванцеттилар электр стулларга ўтқазиб ўлдирилади. Шўрликкина Миртемир! Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан бахтли ҳаёт асосчиси – советларнинг – ўз бошига солган зулмларини кўрмадими?
Зулмларни кўргандан кейин ҳам шоиримиз оғзига тош солиб яшади. Тўғри, кичкина бир имконга дуч келса ҳам ўз қалбининг ҳолатларини куйлади. Айтайлик, Лермонтовнинг “Шоҳ Иван Васильевич, навжувон ясовул ва азамат савдогар Калашников ҳақида қисса”сини таржима қиларкан, севгисиз, жуфтсиз яшашнинг машаққатларига ўз дардини ҳам қўшиб қоргани ҳақида ўйлайди, киши:

“… ёруғ жаҳонда
Якка юриш – қайғу, машаққат бўлди.
Ихлосим қайтипти арғумоқлардан,
Ихлосим қайтипти кимхоб тўнлардан,
Менга даркор эмас олтин – хазина,
Ким билан бу мулкни кўраман баҳам?
Кимга кўрсатардим тантилигимни?
Кимга мақтанардим кийиб кимхоблар?”

Миртемир озодликка чиққанда, меҳнат-жазо йилларида кўрган-кечирганлари ҳақида ҳеч оғиз очмади. У ерда ўзига “ҳаёт китобини варақ-варақ ўқитиб”, “бир аскардай ботирликка ўргатган”, “йўл кўрсатган бир падар” ҳақида хайрлашув манзумасини ёзади, шоирлик жабҳасида содиқ аскар бўлишга онт ичади. “Ҳам юмшоқ, ҳам жиддий”, “тарбиячи”, “бошлиғи”нинг ҳар не деганларига “хўб” жавобини беради. Москва – Волга канали қурилишида кўрганлари ҳақида ҳеч қачон ҳеч нарса демасликка онт ичган, деб ўйлайман:

Хайр, қўл бер, зўр иншоот, канал қирғоқлари,
Ёз кунлари ёд этганим ўрмон қучоқлари,
Юлдузларнинг рақсига саҳна бўлган дарёлар,
Юрагига меҳнатимиз раҳна солган қоялар,
Аҳд этаман қаршингизда аскардай туриб,
Ҳарна деган бўлсангиз, жавобимдир: хўб!..

Миртемир шу йили битган “Қадаҳ” шеърида ёзади:

Шу йўлларда мардона кечганим учун,
Шу сувларни ёна-ёна ичганим учун,
Ғуссаларимга кафан бичганим учун
Ичаман гул сувлари тўлиқ бир қадаҳ.

Ҳа, ғуссаларига кафан бичган, кўмиб юборган, ҳеч қачон улар ҳақда ҳеч нима демайди. “Мен ҳаётда янги бир саҳифа очдим”, “Ичаману, демайман “во ҳасрат, эвоҳ!”дейди. Яна илгаригидай совет даври романтикасини куйлашда давом этиб кетди.
Мен, айниқса, Миртемирнинг тил бойликлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтгим келади. У халқ иборалари, сўз бойлиги, хусусан, ўсимликлар, ҳайвонлар, уй-рўзғор буюмлари, жиҳозлар ва этнографияга оид шу қадар кўп туркий сўзлар ишлатадики, уларнинг кўпчилиги, икки жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да йўқ. Бу изоҳли луғатда ўзбеклар ишлатмайдиган ва тушунмайдиган араб-форс сўзлари тиқилиб ётгани ҳолда, нима учун Миртемирнинг ўзбекларга тушунарли туркий сўзлари луғатга киритилмаганлиги мутлақо тушунарсиздир.
Мана, ўша машҳур “Онагинам” шеърини олайлик:

Товонимга чақир тиканакдай ботгувчи – ғашлик,
Бедаво сизловиқдай сизлатгувчи – ғашлик. – дея бошланади у.

Байтдаги ҳар ўзбекка тушунарли бўлган сизловиқ, сизлатгувчи сўзлари “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да йўқ.
Ёки:

Зангламиш болталар, синиқ сунгулар, – деган сатрни учратамиз.

Бу ердаги сунгу руслар “штык” деб атайдиган сўзнинг ўзи эканлиги тушунарли эмасми, нега луғатга киритилмаган? Ёки худди шу шаклдаги суйгу сўзи севги, ёқтириш эканлиги англашилмайдими?

Зулмларнинг бормикин чеки,
Қандай совуқ, зўравон суйгу? –

бу ерда гап зўрлик билан севиш, биртомонлама севиш устида бораётгани беш қўлдай аён бўлиб турибди-ку! Нега ўзбек сўзлигимиздан ўрин олмаган?
Яна Миртемирнинг таржималарида:

Ё савдогар ўғли оёқ чалдими –
Москва-рекада, мушт жангларида?
Жавоб берар шунда Кирибеевич,
Жингалак сочларин силкитиб туриб:
– Ўшандоқ зўр юдруқ туғилгани йўқ –
На савдогар ва на бояр зотида, –

каби сатрлар аро келган, бир неча карра ишлатилган ажойиб туркий сўзимиз “юдруқ” ҳам луғатимизда учрамайди.
Ёки яна бир мисол. Миртемир домла қирғиз дўстларга бағишланган бир шеърида “бовурдошлик” сўзини ишлатади. Бу ердаги “бовур” “бағир” деган сўзнинг ўзи. Шоир ўзбек тилига “бағирдошлик” маъносида “бовурдошлик”ни олиб кирмоқчи бўлган. Луғатда худди шу сўз кириши мумкин бўлган жойга ўзбекларнинг 70–80 фоизи тушунмайдиган ва ишлатмайдиган “бовужуд” сўзи қўйилган. Боринг, ана, “бовужуд” ҳам кира қолсин, аммо нега ўзбек тилида Ўзбекистон халқ шоири амалда ишлатган “бовурдошлик” сўзини киритмаслик керак!
Ёки “ўба” сўзини олайлик. Шоир ёзади:

Мени чорлар ҳатто ёзнинг ёлқини…
Яйлов, ўба, пахтазорлар салқини…

Ўба сўзининг маънолари кўп. Туркий халқларнинг деярли ҳаммасида энг кўп тарқалган маъноси: қир, текислик, ташқаридаги ердир. Шоир ҳам шу маънода қўллагани кўриниб турибди. (Бир дафъа Усмон Носир қабрини зиёрат қилгани Кемерово вилоятига борганимизда, ўша ерлик бир киши Кемерово – Кўмирўба дегани, яъни ўша текислик кўмир кони бўлганини, сўнгра ўша ерда қад кўтарган шаҳар ҳам шу номни олганини айтиб берганди) Бу сўз ҳам ўзбекча сўзлигимизда йўқ.
Яна бир оддийгина сўз: қумлоқ, тошлоқ сингари тузлоқ.

Бўлган экан бу жой бир кез каттакон тузлоқ
Оқ кийиклар бунда тез-тез соларкан сўқмоқ.
Келар экан туз ялашга тунда сиртлонлар,
Келар экан туз ковлашга ташна карвонлар.

Йўқ-йўқ, бу сўзни ҳам луғатимиздан қидириб овора бўлманг.
Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Аммо бу ёғига шундай сўзларнинг айримларини келтириб қўя қоламан: елпирамоқ, донғил, янғироқ, утта, ёпоғи, элтир, чалқи, чалқимоқ, диргизлаш, отоқ, кетмонлик, кетмонтепа, қапчиғай, ачитгулик ва ҳоказолар. Бу сўзларнинг барчаси бир-икки ўтиришда кўзимга чалинганлари холос. Менимча, луғатчи олимларимиз “Навоий асарлари луғати” тузганлари каби “Миртемир асарлари луғати” ҳам тузишса, туркий тилимизнинг бойлигини кўрсатувчи бир ватанпарварлик бурчини адо этган бўлардилар.

Миртемирнинг тавсияномаси

1971 йилга келиб, учта китобчам дунё юзини кўрганда, катта-кичик устозлар менга Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлишим кераклигини айта бошладилар. “Миртемир акадан тавсиянома олинг”, дейишди. “Миртемир ака мени танимаслар-ов, бир-икки учрашувда бирга шеър ўқиганларимизни ҳисобга олмаса, ўртамизда яқин муносабат йўқ, китобчаларим пиёзнинг пўстидай бўлгани учун домлага тақдим этмаганман”, деб ўйладим. Шундай бўлса-да, дўстларнинг қатъий тавсиясига кўра, бир таваккал қилиб кўрдим: бордим, домла ҳузурига. “Ёзиб бераман”, дедилар, эртасигаёқ ёзиб бердилар. Қуйида рус тилида ёзилган ўша тавсияноманинг ўзбекча матнини келтираман.

Тавсиянома

Ўзбекистоннинг болалар ёзувчилари орасида Миразиз Аъзам алоҳида ўрин эгаллайди: унинг ижоди кичик ёшдаги болалар орасида катта шуҳрат қозонган. Шоир болаларнинг ҳаёти ва ёшига хос хусусиятларни, уларнинг сажиялари ва қизиқиш доирасини, орзу ва майлларини жуда яхши билади ва ўз шеърларидаги қаҳрамонларни характерли қилиб, чинакам ҳаётийлик билан гавдалантиради, бу эса ўз навбатида болаларнинг эстетик ўсишига ва умуман етишаётган авлоднинг тарбиясига катта ёрдам беради. Шунинг учун ҳам Миразиз Аъзамнинг шеърлари тиниқ, ўзгача ширали, жонли, болалар томонидан тез ёдланадиган, эрталабки йиғинларда, кичкинтойларнинг байрамларида декламация қилинадиган шеър­лардир. Мен унинг шеърлари кичкинтойлар орасида қанчалар машҳурлигига гувоҳ бўлганман. Болалар мактаб саҳнасида, байрам оқшомларида, катта-кичик йиғинларда уларни завқ билан ўқиганларини эшитганман. Мен унинг уч шеърий китобчасини ва ҳали тўла нашр этилмаган шеър туркумларини, шунингдек, қардош халқлар шоирларидан қилган таржималарини ўқиб чиқдим. Таржималари юксак савияда адо этилган ва муаллиф матнини яхши англаб қилинган таржималардир. Миразиз Аъзам изланувчан ва излаган нарсасини топмагунча тинчимайдиган, бой истеъдодга эга шоирдир. У сира ўзини ўзи такрорламайди, ҳаммавақт ўзгача. Тайёр андозаларга яқин йўламайди. Шеърларининг мазмунан янгиликка, тимсолларга бойлиги, оҳангдорлиги кичик ўқувчилар муҳаббатига сазовор бўлишига олиб келди.
Мен уни ёзувчилар сафига тавсия қиларканман, у ёзувчи деган юксак ва масъулиятли унвонга ҳеч қачон доғ тушурмаслигига ишонаман.
1971 й. Имзо (Миртемир Т.)

Энди-энди, ёшим бир жойга бориб қолганида ўйласам, мен фақат одамови эмас, қандайдир беэътибор, бепарво, бир қадар тарбиясиз ҳам эканман. Домладан тавсиянома олишга олибману, уюшмага аъзо бўлганимдан кейин, буни домлага айтиб қўйиш, ҳеч бўлмаса, телефон орқали раҳмат айтиш хаёлимнинг бир четига ҳам келмабди. Мен ўзим эндиги ёшларга арзимас бир яхшилик қилсам, улар мени дарҳол устоз деб атаб, ҳар байрамда табриклаб қўйишни ёддан чиқармайдилар, ҳамда мени кўргани келиб-кетиб турадилар.
Болалигимда онам бизнинг қорнимизни тўйғазиш учун кун бўйи куйманиб юрар, отам урушда ҳалок бўлган, мен кўпроқ кўчада сандироқлаганим, муомала маданиятидан оилавий тарбия кўрмаганим сабаблимикин, шу нарсаларга аҳамият бермаган эканман. Хотирамнинг бир чеккасида Миртемир ака мендан: “Уюшмага аъзо бўлдингизми?” деб сўрагани, мен “Ҳа” деганим лип-лип кўриниб кетади, Миртемир ака “Яхши” деган, мен эса, нега сўради, деб ўйлаб юрганларим, сабабини аниқлаёлмаганим кўз ўнгимда жонланади.

Отаёрнинг “Миртемир” номли эсселар китоби

1974–75 йилларда ўша вақт шеъриятининг фаол шоирларидан бири Отаёр Наҳанов Миртемирнинг оилавий ҳаёти ва ижодиёти негизларини синчиклаб ўрганди, у билан бирга Ийқонга сафар қилди, устоз ҳақда матбуотда янги-янги далилларга эга бўлган мақолаларини чиқарди. 1975 йилда домланинг бир қатор шогирдларини шоирнинг уйига тўплаб, суҳбатлар ҳам ташкил қилди. Машраб ­Бобоев, Рауф Парфи, Мукаррама Муродова, Отаёр, Абдулла Шер, мен Миртемир акани ўртага олиб бир ширин, хушчақчақ гурунг қилганларимиз биз учун унутилмас тарих бўлиб қолди. Отаёр бу шеърий гурунгимизни ҳам суратлаб газетада эълон қилди. Айни чоғда “Миртемир” деган китоб ҳам ёзди. Аммо китоби деярли битиб қолган кезларда, Миртемир ака тез-тез касаллана бошлади ва 1978 йилнинг 18 январида вафот этди. Отаёр катта тажрибали адабиётшунос олим Наим Каримов билан биргаликда “Миртемир замондошлари хотирасида” (1982) китобини тайёрлаб нашр эттирди. Кейин Отаёр 1986 йилда “Ажойиб кишилар ҳаёти” рукнида “Миртемир” эссесини, 1991 йилда Миртемир ҳақида “Қуёшни кўргани келдим” китобини чиқарди.
Эндиликда мен Отаёрнинг китобларини гоҳ у, гоҳ бу муносабат билан варақлаб ўтираман. Сўнгги марта Наим Каримовнинг “Миртемир” номли маърифий-биографик романини ўқиб чиққандан кейин, хаёлимда бирдан: “Ажабо, Отаёр Миртемирнинг фожиали йиллари тўғрисида бирон нима билармиди, билса китобида нималар деганди, шоирнинг Ҳалима Раҳимовага муҳаббати ҳақида гап очганмиди, йўқми?” деб ўйладим.
Салкам ўттиз йиллик танаффусдан кейин Отаёрнинг китобини янгитдан варақ­ларканман, Отаёр, Миртемирнинг фожиасидан хабардор бўлган, деб ўйладим. Аммо уни ошкор қилмаган, балки домланинг ўзи бу ҳақда ёзма, дегандир; балки ҳамон ҳукм суриб турган совет ҳукуматининг қиличидан ҳайиққандир… У фақат имо-ишоралар билан кифояланган. Китобининг 38-бетида домла билан бир суҳбатини келтиради…
Нега доим ёмон ҳақида гап кетса ижирғанасиз? – дейман…
Ёмон одам кесиб ўтган йўлдан илон ҳам ўтишга ҳазар қилади… Бир китобда кобранинг заҳари 10 та бошқа илонни, 25 та итни, 60 та отни, 300 минг каптарни ўлдиради, деб ёзишибди… Бошдан ўтганларни ўйлаб, шундай хулосага келдим: бу – туҳмат заҳари олдида ҳолва экан…
Яна китобнинг 76-бетида Миртемирнинг “ўрмон оралаган йиллари” “қурувчилар билан ўтказилган дамлар, ер қазгани”, Горькийга хат ёзиб, кейин йиртиб ташлагани, Горький ўрмон кесувчилар билан учрашгани келгани, “олатасир йилларнинг “гарди”дан омон қолгани” ҳам ёзилган.
Китобнинг 143-бетида эса “Миртемир “Хўрсиниқ” шеърини ўқиганда ўтган йўли, ўз қиёфасини кўргандай бўлади” деб, шеърни келтиради:

Қўлимдан ҳар нима келади, юртдош,
Ғариблик, юпунлик барин кўрганман.
Қўш ҳам ҳайдаганман, ўроқ ўрганман,
Айрилиқда кўздан тўкканман не ёш…

“Қирғиз шеърлари” туркумидаги “Азалик” шеърининг бир бандида шоир Жалолобод шаҳар хиёбонида, мангу олов ёнида йиғлаб турган она ҳайкалига мурожаат қилиб:

Мен учун ҳам кўзёш тўк,
Йиғлагин мен учун ҳам,
Мен ҳам ўша ўғлингдай
Жўн бир жангчи бўлганман.
Мен учун ҳам кўзёш тўк,
Йиғлагин мен учун ҳам,
Мен ҳам тўрт йил ичида
Қирқ тўрт йўла ўлганман, деб ёзганини эслатади.

Китоб 1986 йилда чиққан. Бу пайтда шахсга сиғиниш асоратлари фош қилинганига 30 йил бўлганди, маҳаллий сатраплардан ҳайиқиш шарт эмасди. Миртемирнинг 1932 йил 7 августда туҳмат билан қамалиб, тортган азоблари, руҳий изтироблари ҳақида ёзиш керак эди, деб ўйлайман.
Лекин, барибир, Отаёрнинг имо-ишоралари учун ҳам миннатдор бўламан, албатта.
Миртемир фожиаси тўла-тўкис очилиши учун яна 22 йил керак бўлди. Бу иш профессор Наим Каримовнинг зиммасига тушди. У энг олдин “ХХ аср адабиёти манзаралари” китобида (2008), сўнг “Миртемир” маърифий-биографик романида (2012) очиқ қолган ана шу бўшлиқни тўлатди.
Наим Каримов Миртемирнинг ҳали ҳеч бир китобида чиқмаган бир шеърини ҳам эълон қилди:

* * *

Ҳалиманинг дафтарига

Энг лирик шеъримнинг сен илҳомчиси,
Шеърки, юрагимнинг қайноқ томчиси.

Шеърим ҳам оҳимдир, ҳам фиғонимдир,
Томчи-томчи оққан юрак қонимдир.

Шеърки, азобларим, қора тунларим,
Бутун ҳасратларим, бутун мунгларим.

Шеърки, қайнаб турган юрак томчиси,
Бу мунгли ноланинг сен илҳомчиси.

1934 йил 16 январь

Миртемир ҳаётидан қизиқ воқеалар

Домланинг қулоғи оғир эди. Менинг ҳам қулоғим оғир. Менинг қулоғим тахминан 30 фоиз эшитмаса, домланики назаримда эллик фоиз, балки олтмишдир, эшитмасди. Аммо домланинг эшитмаслиги одамларда хушчақчақ бир кулгига сабаб бўларди, менинг чала эшитишим шеригимнинг аччиғини чиқаради, ҳеч бўлмаса ғашини келтиради.
Домланинг эшитмаслиги ҳамманинг кулгисини қистатган бир-икки воқеа:

* * *

60-йиллари Уюшмадаги йиғинларда ҳамма Абдулла Қаҳҳорнинг сўзга чиқишини орзиқиб кутарди. Чунки ҳар бир нутқи ўткир ибораларга бой, ҳаётимизнинг ҳамма биладиган, аммо айтишга ҳайиқадиган саҳналарини шундай жонлантириб гапирардики, зал гуриллаб кулиб юборар ва у гап оғиздан-оғизга ўтиб латифа бўлиб кетарди. Бир гал Абдулла аканинг яна битта гапи шундай кулгига сабаб бўлиб ўтди. Ҳамма кулди ва энди тинчиб гапнинг давомини эшитаётган, нотиқ бошқа, кулгили бўлмаган гапларни гапираётганда бирдан залда Миртемир аканинг “ваҳ-ҳа-ҳа” деган кулгиси янграб қолди.
“Носир (Носир Фозилов), Абдулла аканинг гапини айтиб берди, Миртемир акага гап энди етиб борди”, деди Ҳаким ака (Ҳаким Назир). Ўртада яна кулги бўлди. Абдулла аканинг ўзи ҳам кўзойнагини рўмолчасига артиб, лаблари чимрилганча димоғи силкиниб кулар эди.

* * *

Миртемир ака Уюшмада адабиёт тўгарагига раҳбарлик пайтида бир кун, келганларнинг ҳаммасига бир-бир шеър ўқиттирилди. Йиғилганлар орасида 17–18 ёшларга борган чиройликкина, аммо ўта уятчан бир қиз бор эди. Миртемир ака уни минбарга таклиф қилди. Қиз домла бир гап айтсалар керак, деб ўйлаганми, минбарга чиқиб домлага қараб, ундан савол кутиб турди.
– Бир шеърингизни ўқинг, – деди домла.
Қиз уялиб:
– Домла, мен шеъримни олиб келмагандим, ёддан билмайман, – деди.
– Майли, ўқинг…
– Ёд билмайман…
– Зиёни йўқ, ўқийверинг…
– Шеъримни олиб келмагандим…
– Майли деяпман-ку, қизим! Уялманг, ўқинг. Камчилиги бўлса ўзимиз айтамиз…
Охири домлага баланд овоз билан аҳвол англатилди.
– Шеърим йўқ, десангиз бўлмайдими? – деди домла.
– Айтдим-ку… Айтдим-ку…
– Майли, айби йўқ, бўлиб туради…

* * *

Носир Фозилов билан Миртемир домла ака-укадек устоз-шогирд эдилар. Носир ака ҳадди сиғиб домла ҳақида латифалар тўқиб юрарди. Бир куни шундай деганлари ёдимда қолган:
– Биласизми, Миртемир ака шаҳарга мэр бўлиб қолсалар…
– Нима бўларди? – деймиз шу ондаёқ.
Бир арзгўй келиб:
– Уй-жойга навбатга турганимга беш йил бўлди, – деб кўзёши қилса…
– Начора, бўтам, менинг ўзимгаям беришмаяпти… – деб, сизга қўшилиб, сиз билан қучоқлашиб, йиғлар эди…