Абдулла Авлоний 1878 йилнинг 12 июлида Тошкентда Мерганча маҳалласида дунёга келди. Бобоси Мирнеъматбой асли қўқонлик ўқчи-ёйчилардан эди. Отаси Миравлон ака майда ҳунармандлик — тўқувчилик билан шуғулланган. Пиёнбозорда (ҳозирги Навоий театри майдони), Ярмарка бозорида (ҳозирги Санъат музейи атрофи) бўз ва чит билан савдо қиларди. «Онамнинг оти Фотимадир», деб ёзади адиб ўз таржимаи ҳолида.
Абдулла 7 ёшдан Ўқчидаги эски мактабда Акрамхон домлада савод чиқарди. 1890 йилда шу маҳалладаги мадрасага ўтди. Сўнг Шайхонтоҳурдаги Абдумаликбой мадрасасида Мулла Умар Охундда таҳсил кўрди. Аммо тирикчиликнинг оғирлашуви ўқишга имкон бермайди. «1891 йилдан бошлаб, фақат қиш кунларида ўқуб, бошқа фаслларда мардикор ишладим» — деб ёзади Авлоний. Кўп ўтмай, бу ҳам барҳам топди. У бутунлай ишга шўнғиб кетди. Ўзи айтганидек, «бинокор»ликни ўрганди, «ғишт қуйиш, сувоқчилик, печкачилик, дурадгорлик ишлари» билан машғул бўлди.
Адабиётга ҳавас унда шу йиллари уйғонди.
1900 йилда Авлоний тошкентлик савдогар бир хонадоннинг Саломатхон деган қизига уйланади. Шу йили отаси вафот этади.
Ҳозирги Миробод маҳалласи ўрнида Мирнеъматбойнинг боғ ҳовлиси бўлган. Тошкент босиб олиниб, Туркистон генерал губернаторлигининг марказига айлантирилгач, Миробод шаҳарнинг янги — «рус» қисмига қўшиб олинади ва турли иморатлар, корхоналар қуриш учун бўлиб берилади. Сапёрний, Госпитальний кўчалари пайдо бўлади. Миравлонбойнинг икки ўғли — Абдулла ва Мирсиддиқ ҳам шу ерда ҳовли-жой қиладилар. Сапёрлар кўчасида 70, 72, 74-уйлар қад кўтаради. Абдулла Авлонийнинг ўз қўли билан қурилган, жуда кўплаб воқеаларга гувоҳ бўлган 74-уй кейинги йилларда шаҳарни қайта қуриш даврида бузилиб кетди.
1904 йилда Авлоний Мирободда усули жадид мактаби очади. 1907 йилда ўз ҳовлисида «Шуҳрат» газетасини чиқара бошлайди.
Газетанинг йўли аён бўлиши билан дўстидан душмани кўпайди. Натижада 10-сони чиқиб бекилди. Сўнгги 14 февраль 10-сонида «Данўси намима» (чақмачақарлик) сарлавҳаси билан идоранинг бир хабари босилган. Унда шундай гаплар бор:
«Эшитилмиш хабарларга қарағонда ўз мусулмонларимиздан баъзи «данўсчи» наммомлар пайдо бўлиб, газетамиздан «началь-ство»ға «данўс» қилмак фикрида елка қилғон эмишлар…
Газетамизнинг маслаки миллий, бетараф сиёсий ўлуб, «умеренно-прогрессивная политическая» газетадур. Ёзгон мақолаларимиз ҳам ушбу маслакимиз ўлгон эътидол ва ҳаққоният доирасида ўлуб, нозир ва дензурлар тарафидан ҳакдик узра таржима қилинуб, тегишли маҳкамаларда кўрилуб турилибдур. Шул сабабли «начальство»нинг сизни(нг) «данўс»ларга ҳеч бир эҳтиёжи йўқдур».
Газетанинг ёпилишига қараганда, бу «данўс»ларга «эҳтиёж» бўлган кўринади. Ва, эҳтимолки, улар газетанинг такдирини ҳал қилганлар. Авлоний газетанинг ёпилишини ўз таржимаи ҳолида «яширин ташкилотлар» билан алоқага, «Рафиқ Собиров» деганнинг хиёнатига боғлайди.
Хуллас, газета ёпилди. Редакдия асбоб-ашёлари, қогозлар ва материаллар ҳаммаси мусодара қилинди. Лекин Авлоний бўш келмади. А.Бектемиров номига рухсат олиб «Осиё»ни чиқара бошлади. Шоир таъкидлаганидек, бунинг идораси ҳам унинг уйида (Сапёрная, 26) жойлашган эди.
Бу газеталар ўзбек миллий матбуотининг дастлабки намуналари бўлиши билан ҳам муҳим эди.
1914-15 йилларда адвокат Убайдулла Хўжаев билан «Садойи Туркистон» газетасида ҳамкорлик қилади. Газетадаги шеър ва мақолаларнинг аксарияти Авлоний қаламига мансуб. Бу ҳол унинг таҳририятдаги мавқеъ-эътиборининг анча баланд бўлганлигини кўрсатади. Лекин газета узоқ давом этмади. 66 сони чиқиб, моддий аҳволнинг танглигидан ётиб қолди.
Умуман, Авлоний 1904—1905 йиллардан ҳам ижодий, ҳам амалий иш билан қизғин шуғулланди. Ўз шеърларини «Ҳижрон» тахаллуси билан эълон қилди. Мақолаларини эса «Мулла Абдулла», «Авлоний», «Абдулла Авлоний» номлари билан бостирди. Сўнгроқ унинг кўп ишлаттан лақабларидан бири «Индамас» бўлган эди.
1909 йилда «Жамияти хайрия» очди ва маҳаллий халқ болаларининг ўқиб билим олиши учун пул йиғиб, мактабларга тарқатди. Бу ҳақда ҳатто Оренбургдаги «Вақт» газетаси ёзиб чиқди.
1913 йилнинг охирида тошкентлик машҳур жадидлар-тараққийпарварларнинг ташаббуси билан «Турон» жамияти майдонга келди. Унинг муассисларидан бири Авлоний эди. Жамият қошида театр труппаси тузилди.
Авлоний труппаси саҳналаштирган биринчи асар Беҳбудийнинг «Падаркуш»и бўлди.
1914 йил 27 февраль Тошкентнинг 2000 кишилик муҳташам «Колизей» театри томошабинлар билан тўла. Галерея ва йўлакларда ҳам одам қайнайди… Саҳна очилади. Ўрта бўй, миқти, европача кийинган киши пайдо бўлади.
– «Муҳтарам жамоат! – гап бошлайди у. – Бугун Тошканд халқи ҳаётида тарихий кундир…» Нотиқ театр ва унинг жамият ҳаётидаги ўрни ҳақида сўзлайди. Томошабинлар унинг ҳар бир гапини берилиб тинглайдилар.
«Театру ўюнбозлиқ эмас! Масхарабозлиқ ҳам эмас,— давом этади у. – Театр бамисоли ойнаванд бир уйким, кирган ҳар бир кимса ўз ҳусну қабиҳини кўра олур… Юзига ун суртиб масхарабоз шаклига кирган зотлар табиби ҳозиқдирлар…» Нотиқ театрни ҳар бир халқ миллий тараққиётининг муҳим белгиларидан деб ҳисоблайди, рус француз, турк, татар, озарбойжон турмушидан мисоллар келтиради. У машҳур тараққийчимиз Мунавварқори эди.
Спектакль бошланди. У маҳаллий халқ турмушидан олинган, ерли ҳаваскор ёшлар томонидан қўйилган биринчи саҳна асари машҳур «Падаркуш» эди. Спектакль декламадияга уланиб кетди.
Тараққийчилик туғён уриб турган «Оила мунозараси» тингланди. Халқ миллий куйларига солиб ёзилган, ижтимоий дард билан ёниқ қўшиқлар янгради. Ниҳоят томоша тугади. Кишилар театрдан олган таассуротларини қизғин муҳокама қилганча тарқалдилар. Шоир Тавалло бу тарихий воқеани завқ-шавқ билан ҳикоя этувчи шеър ёзди.
«Турон» ўз фаолиятини шундай бошлаган эди. Труппа ишида қардошлар ҳам иштирок этдилар. Жумладан, Авлоний таниқли татар режиссёри Заки Боязидский, машҳур озарбойжон санъаткори Сидқий Руҳилло билан ҳамкорлик қилди. Масалан, труппанинг спектаклларини Заки Боязидский саҳнага қўйган эди. Сидқий Руҳилло эса 1916 йилда Авлонийнинг таклифи билан Тошкентга келади ва шоирнинг уйида труппа кўмагида «Лайли ва Мажнун» спектаклини қўяди. Мажнун ролини Сидқий Руҳиллонинг ўзи ўйнайди. Маллуни Авлоний ижро этади.
Труппанинг ғоявий-бадиий раҳбари Авлоний эди. 1914 йилнинг 26 декабрида труппа «Туркистон» номи билан Фарғона водийси бўйлаб сафарга чиқди, бир қатор шаҳарларда гастролда бўлди. Агар сиз ўша йиллари чиқиб турган вақтли матбуот саҳифаларига кўз ташласангиз, тругшанинг Кўқон (1915 йил 7 янв.), Наманган (21-24 янв.), Ўш (29 январь)да қўйган спектакллари ва уларда Авлонийнинг фаол иштироки, хусусан ижрочилик маҳоратига оид эҳтирос билан ёзилган мақолаларга дуч келасиз. Улардан айримлари театршунос М.Раҳмонов ва адабиётшунос Ш. Ризаев тадқиқотларида келтирилган.
Адибнинг ўзи ушбу сафар муносабати билан ёзган «Саёҳат самараси» шеърида, «Андижону Марғилону Ўшу Намангану Хўқанд ёшлари»нинг «бир-бирлари билан сирдош» бўлиб, «миллий ишларга ташаббуслар» қилаёттанларини, «интиҳоб (уйғониш) даври» келганини мамнуният билан тилга олган эди.
Авлоний труппа учун «Адвокатлик осонми?!», «Пинак», «Биз ва Сиз», «Икки севги», «Пўртугалия инқилоби» каби драмалар ёзди, «Қотили Карима», «Уй тарбиясининг бир шакли», «Хиёнаткор оиласи», «Бадбахт келин», «Хўр-ҳур», «Жаҳолат», «Ўликлар» каби саҳна асарларини татарча, озарбойжончадан таржима қилди. Афсуски, буларнинг ҳеч бири ўз даврида босилган эмас. Тўғри, уларнинг кўпчилиги бадиий заиф. Қораламага ўхшайди. Ҳатто шундай таассурот туғиладики, муаллиф бирор мавзуга зарурат сезгану, оёқ устида ёзиб қўя қолган. Бир нафас-да, бир ўтиришда ёзган. Бу асарларнинг ўз даврида аҳамияти катта бўлган. Ундан айримлари 1979-1998 йилда нашр қилинди.
1916 йилда Тошкентда бўлган таниқли шарқшунос А. Самойлович «Колизей»да Авлоний таржима қилиб саҳналаштирган «Ўликлар» (Жалил Мамадқулизода асари)ни кўриб, ўз таассуротларини шундай ёзган эди: «Тошкентнинг улкан «Колизей» театрида озарбойжончадан сарт тилига таржима қилинган «Ўликлар» пьесаси қўйилди. Ижро жуда яхши эди…». Тўғри, Тавалло ёзганидек, театр «тараққийнинг хабари», «миллатнинг ҳаёт асари» эди. Лекин, умуман олганда, театрчилик ишлари осон кечган эмас. «Кимики саҳнада кўрсанг, ани жасорати бу!» деганда Тавалло мутлақо ҳақ эди.
«1915 йилда маҳалла халқи домламиз «театрчи» бўлди», «масхарабоз бўлди», – деб мени мактабдан қувиб, Миробод маҳалласидаги бошланғич мактабни ёпдилар», – деб ёзади Авлоний ўз таржимаи ҳолида.
Иккинчи томондан ҳукумат сиқарди. Театрчиликнигина эмас, янги мактабни ҳам. «Усули жадид», «ўсули савтия» номи билан тарихга кирган бу мактаблар аслида чинакам фидойилик намуналари эди.
Шуларга қарамай, Авлоний ижтимоий фаолиятда қизғин давом этди. Жумладан, унинг шу йиллари «Нашриёт», «Мактаб» каби ширкатлар тузишда бош-қош бўлганини эслаш кифоя. Адиб буларни кейинроқ ўз таржимаи ҳолида шундай изоҳлайди: «Бу вақтларда бизнинг мақсадимиз зоҳирда театру бўлса ҳам ботинда Туркистон ёшларин сиёсий жиҳатдан бирлаштирув ва инқилобга ҳозирлов эди». Ушбу жамиятларнинг иштирокчилари, хусусан, Мунавварқори, шоир Тавалло, Низомиддин Хўжаев, Убайдулло Хўжа, ака-ука Саидазимбоевлар Туркистоннинг маълум ва машҳур кишилари эдилар.
Авлоний 1917 йил Февраль воқеаларидан кейин «Яшасин халқ жумҳурияти!» шиори остида «Турон» газетасини чиқарди. Газета ўз маслак-мақсадини «Мусулмонлар орасида кўп йиллардан бери давом ўлан умумға зўрлик, бидъат одатларни битирмак, келажакда бўладурғон жумҳурий идорага халқни тайёрламоқ» деб эълон қилди. Бироқ газета жуда катта қийинчиликлар билан дунё юзини кўради; 2-сонидаёқ Мирмуҳсиннинг бир мақоласи атрофида жанжал чиқади. Муҳаррирни вазифасидан четлатадилар, эскипараст уламолар матбаа эгаларининг уйларига вакиллар юбориб, «агарда сиз Авлоний газетасин матбаангизга боссангиз, ўлсангиз сизга жаноза ўқутмасмиз» деб қўрқитиб, газетани яккалаб қўядилар. Авлоний Тифлисдан «Мулла Насриддин» матбаасидан ҳарф ва ҳарф терувчи олиб келади. Барибир йўл бермайдилар. Авлоний газетадан кетишга мажбур бўлади.
Газета бойқот қилинди. Бу ҳодиса катта шов-шувга сабаб бўлди. «Улуғ Туркистон» газетасида Андижон татар мусулмон «Жамияти хайрия»си номидан Ҳофиз Ямғулатов, ўзбек (турк) ёшлари номидан Абдулҳамид Сулаймоний (Чўлпон)лар имзо чеккан «Туркистон Протопоповлари» (Александр Дмитриевич Протопопов, 1917 йиллардаги Русия ички ишлар министри – Б. Қ.) деган кескин «протест» босилди. Оренбург ва Уфада чиқиб турган газета ва журналлар ҳам бу шармандали воқеани бутун тафсилотлари билан ёритган ва Мирмуҳсин билан Авлонийни ҳимоя қилиб чиққан эдилар. 1917 йилнинг апрель-май ойларида Туркистоннинг жуда кўп шаҳарларида маҳаллий меҳнаткашларнинг касаба уюшмалари ва ташкилотлари майдонга келди. Масалан, Тошкентдаги мингга яқин ўзбек ишчисини жипслаштирган бинокорлар (Усталар жамияти, ташаббускорлари: олмазорлик Очил Бобожонов, мерганчалик Султонхўжа Қосимхўжаев), қора ишчилар (охунгузарлик А. Абдурашидов), металлистлар союзи (Қулмат Холмуҳамедов) шундайлардан эди. Авлоний «1917 йилда Тошкентда ерли халқдар орасида бошлиқ бўлиб, «Ўқитувчилар союзи» ва бошқа бир неча рабочий союзлар ташкил қилдим», — деб ёзади ўз таржимаи ҳолида.
Май ойидан уруш орқасидаги қора хизматга олинган мардикорлар қайтиб кела бошладилар. Уларнинг уюшмалари пайдо бўлди. Авлоний уларда иштирок этди. 6 июнда Тошкент ишчи ва солдат депутатлари Советига сайланиб, Эски шаҳар озиқ-овқат комиссияси аъзоси қилиб тасдиқланди. Шу йилнинг 30 сентябридан 10 октябригача бўлиб ўтган ишчи съездига вакил сайланди. Бу таш-килотларда эсерларнинг таъсири кучли эди. Эсерларнинг ўзида ҳам келишмовчиликлар юз бериб, «сўл» гуруҳи ажралиб чиқди. Авлонийнинг инқилоб билан боғлиқ жўшқин шеър ва мақолалари, айниқса «Икки севги» номли драмаси унинг эсерлар ҳарака-тига унчалик бефарқ бўлмаганини кўрсатади. Лекин эсерларнинг айни шу пайтлари Еттисувда қозоқ ва қирғизларнинг ҳосилдор ерларини тортиб олиб жойлашаётган рус муҳожирларини қўллаб-қувватлашлари маҳаллий зиёлиларни улардан совутди. Большевиклар эса бундан усталик билан фойдаландилар. Уларни ўзларига қўшиб олиб, вазиятга ҳоким бўлдилар ва пировард-оқибатда ҳокимиятни қўлга киритдилар.
Авлоний даврнинг мана шу шиддатли оқими измида борар эди.
Мактаб иши, халқ орасида маърифат тарқатиш Авлонийнинг 1917 йилгача бўлган фаолиятининг бош йўналишини ташкил қилди. У бу йўлда катта фидойилик кўрсатди. Шоирнинг Мирободда катта қийинчиликлар билан очган мактаби бутун Тошкентда довруқ қозонди. Лекин иш оғир кечди. Чор мустамлакачилик сиёсатини оғишмай амалга ошириб бораётган ўлка маъмурияти мактаб масаласида қаттиқ турди. Ҳар бир янги усулдаги мактабнинг ўқитувчиларигина эмас (уларнинг уй адресларигача талаб этилган), ўқувчиларнинг ҳам кимлиги, айниқса, дастур ва дарсликлар ҳамда уларнинг муаллифлари қатъий назорат қилинди. Авлоний шахсий архивида сақланиб қолган Сирдарё вилоят халқ мактаблари нозирининг 1914 йил 19 февраль 538 ҳамда 24 майдаги 1118 рақамли талабномалари (чамаси, бундай ҳужжатлар ҳар йили тўлдириб борилган) шундан дарак беради.
1908 йилда Авлонийнинг Мирободдаги мактаби ёпилди. Бунинг сабаблари кўп бўлиши керак. Авлоний, назаримизда, ўз таржимаи ҳолида шулардан биттасини тилга олади:
«Мактабимда ер, одамлар, тоғ-тошлар, дарё, осмон ҳақинда суҳбатлар ўтказмоққа ҳаракат қилганимни Миробод жоҳил кишилари билишиб, мени кофир бўлдинг деб, мактабимни ёпдилар…»
Адиб 1909 йилда Дегрез маҳалласида яна мактаб очади. Авлоний дарс бериш жараёнида очилаётган янги усулдаги мактаблар учун ҳар жиҳатдан қулай бўлган кўплаб дарсликлар яратиш заруриятини ҳис қилади. У ёзади: «Бизим Туркистон макотиби исломиясинда аввалдан охира қадар таълим ўлинажак китоблар: «Саботул-ожизин», «Фузулий», «Навоий», «Хўжа Ҳофиз», «Бедил», «Маслакул-муттақийн»лар каби шеър китоблари ўлдиғи жумланинг маълумидир. Бу китобларнинг баъзилари эътиқод ва амалиёти исломга тааллуқ мушкул масалалардан иборат ўлғонларидин ҳамда аксарлари форсий тилда ёзилғонлари учун ёш болаларнинг онлардан истифодалари, бир нарса англамоқлари имкон хорижинда эди».
Шунинг учун ҳам адибнинг 1909-17 йиллар давомида махсус мактаб болалари учун ёзилган ўндан ортиқ китоби майдонга келди. Унинг «Биринчи муаллим», «Иккинчи муаллим», «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ», «Мактаб гулистони» сингари дарсликлари, «Адабиёт ёхуд миллий шеърлар» тўплами 10-йилларда бир неча бор қайта босилиб чиқди ва Туркистоннинг жуда кўп янги усул мактаблари учун қўлланма бўлиб хизмат этди. «Муаллим афандилар ва адабиёт муҳиблари баним бу асари ночизоналаримни ил-тифотсиз қолдурмадилар. Туркистоннинг энг машҳур муаллимлари дарс жадвалина киритуб, майдони таълима қўйдилар»,-деб ёзган эди Авлоний мамнуният билан. Маълум сабабларга кўра, босилмай қолган «Учинчи муаллим», «Мактаб жўғрофияси», «Ҳисоб масалалари» сингари дарслик китоблари ҳақида ҳам адибнинг замондошлари жуда илиқ фикрларни айтадилар.
Дарсликлар яратиш йўлида
Асримиз бошларида янги мактаблар учун тузилган алифбелар анчагина бор. Агар унинг рўйхати тузиладиган бўлса, бошида, шубҳасиз, Саидрасул Азизийнинг «Устози аввал»и билан Мунавварқорининг «Адиби аввал»и туради. Авлонийнинг «Биринчи муаллим»и ҳам ўзининг маълум ўрнига эга.
«Биринчи муаллим» 1917 йилга қадар 4 марта нашр этилган.
«Иккинчи муаллим» юқоридаги китобнинг бевосита давоми, «Алифбодан сўнг ўқутмак учун» ёзилган, «ахлоқий ҳикоялар, адабий шеърлар ила зийнатланган». Бинобарин, у дарслик-мажмуа. Китоб дастлаб 1912 йилда Тошкентда Ғулом Ҳасан Орифжонов литографиясида босилиб чиқди.
1913 йилда Авлонийнинг «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» асари босилди. 1917 йилда иккинчи марта нашр қилинди. Китоб мактабларнинг юқори синф ўқувчиларига дарслик сифатида ёзилган. Лекин асримиз бошларидаги ўзбек жадид маърифатчилигининг ноёб ҳодисаларидан бўлган бу асарнинг аҳамияти фақат мактаб доираси билан чекланмади. У адабиёт ва ахлоқ ҳаваскорлари учун ҳам қўлланма бўлиб хизмат қилди.
Асарда инсонларни «яхшиликка чақирувчи, ёмонликдан қайтарувчи бир илм» — ахлоқ ҳақида фикр юрйтилади.
Ахлоқ, бу — хулқлар мажмуи. Хулқ эса, эзгулик ёхуд разилликнинг муайян бир инсонда намоён бўлиш шакли. Бинобарин, ҳар бир хулқ эзгулик ва олижанобликнинг ёки разиллик ва бадбинликнинг тимсоли. Шу жиҳатдан кишида хулқнинг у ёки бу қўриниши ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Уларнинг шаклланиши учун маълум бир шароит, тарбия керак. Кишилар туғилишдан ёмон бўлиб туғилмайдилар. Уларни муайян шароит ёмон қилади. Демак, ҳамма нарса тарбияга боғлиқ. Тарбия «ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё садоқат, ё фалокат масаласидур».
Тарбия туғилган кундан бошланади ва умрнинг охирига қадар давом этади. У икки босқичдан — уй ва мактаб тарбиясидан ташкил топган.
Авлоний тарбиянинг доирасини кенг тушунади. Уни биргина ахлоқ билан чегаралаб қўймайди. «Соғ танда соғ ақл» деган ҳикматнинг бежиз эмаслигини яхши билади. Гапни, биринчи навбатда, боланинг соғлиғи ҳақида қайғуриш лозимлигидан бошлайди.
«Баданнинг саломат, қувватли бўлмоғи инсонга энг керакли нарсадур. Чунки ўқумоқ, ўрганмоқ ва ўргатмоқ учун инсонга кучлик, касалсиз жасад лозимдур».
Авлоний масаланинг фалсафий асосига кўчади. Жисм билан руҳнинг узвий бирлиги ҳақида гап очади: «Бадан тарбиясининг фикр тарбиясига ҳам ёрдами бордур. Жисм ила руҳ иккиси бир чопоннинг ўнг ила терси кабидур. Агар жисм тозалик ила зийнатланмаса, ёмон хулқлардан сақланмаса, чопонни устини қўюб, астарини ювуб, овора бўлмоқ кабидурки, ҳар вақт устидаги кири ичига урадур». Яна бир ўринда эса «бадан элак каби кўзлуқдур» деган гап учрайди.
Жисм билан руҳ, шакл билан мазмуннинг узвий бирлиги ва уларнинг ўзаро бир-бирига таъсири масаласи жуда муҳим ва мураккаб бўлиб, Авлоний уни асосан тўғри тушунади ва тўғри талқин қилади.
Болаларда фикрлаш иқтидорини ҳосил қилиш, фикр тарбияси бениҳоя зарур ва муқаддас бир вазифа. Бинобарин, у муаллимларнинг «диққатларига суялган, виждонларига юкланган» бўлиб, уларнинг «ёрдамига сўнг даражада муҳтож». Негаки, «фикрнинг қуввати, зийнати, кенглиги» муаллимга кўп жиҳатдан боғлиқ. Болаларнинг фикрлаши тарбиячининг ўзини фикрлаш ва интилиш доираси, савияси билан ҳам алоқадор. Бу хусусда адибнинг кескин мулоҳазалари бор.
XVIII аср француз маърифатчилари ақл ва онгнинг ролига жуда юксак баҳо берган эдилар. Жаҳон адабиётидаги маърифатчилик босқичи билан шуғулланган тадқиқотчилар бу давр Европа маданиятининг умуман ҳамма жабҳаларида унинг маълум даражада илоҳийлаштирилганлигини эътироф этадилар. Бу, табиийки, Европа мамлакатларида капитализмнинг ривожи, феодал-патриархал муносабатларнинг тараққиётга тўғаноқ бўлиб қолиши, жамият ҳаётида илм-фан ролининг бирдан кучайиб кетиши каби қатор омилларга боғлиқ эди.
XX аср бошларидаги Туркистонда ҳам шунга яқин шароит майдонга келди. Назаримизда, ўлкамизда 1905 йилдан кейин яққол кўзга ташланган фикрий уйғониш ва маданий кўтарилиш ўз моҳияти билан XVIII аср француз маърифатчилигига кўп жиҳатдан ўхшаш эди. Авлоний маърифатчилигининг илдизи ҳам шунга бориб тақалади. «Туркий гулистон…»да ақл ва илмнинг, маънавий-ахлоқий оламнинг фавқулодда эҳтирос билан улуғланиши адиб маърифатчилигининг бевосита мазмунидан келиб чиқади. Мана у нима деб ёзади:
«Ақл инсонларнинг пири комили, муршиди ягонасидур. Руҳ ишловчи, акд бошловчидир…»
Муаллиф ўз фикрини янада аниқроқ ва равшанроқ англатиш учун шундай муқояса келтиради:
«Ҳайвонлар ўзларига бўлаклар тарафидин келадургон зулм ва жабрларни шох, тиш, тумшуқ ва тирноқлари ила қайтарурлар. Лекин инсон… ақл ва идроки соясида ўзига келадургон зарар ва зулмлардан сақланур. Ер юзидаги ҳайвонларни асир қилуб, бўйнидан бойлаб, ипларининг учини қўлларига берган инсонларнинг ақлидур». Ҳукамолардан бири: «Ҳар нарса кўпайса, арзон бўлур, ақл эса илм ва тажриба соясида қанча кўпайса, шунча қимматбаҳо бўлур», — демиш.
Адибнинг қарашларида Навоийнинг инсон ҳақидаги машҳур «инсон — хилқат тожи» нуқтаи назари (кондепдияси)нинг таъсири яққол сезилиб туради. Унинг фикрича ҳам ақл фақат инсонгагина насиб этган сифатдир, жаҳоннинг зийнати оқил инсонлардир.
Юқорида Авлоний ақлнинг илм ва тажриба соясида камол топишига ишора қилган эди. Дарҳақиқат, булар узвий тушунчалардир. Илм ҳам «инсонларнинг мадори ҳаёти, раҳбари нажоти», борингки, «дунёнинг иззати». У — «инсон учун ғоят олий ва муқаддас бир фазилат».
Муаллиф бу фазилатларни шунчаки қайд этмайди, унинг конкрет ҳаётий, амалий аҳамияти устида ҳам тўхтаб ўтади. Унинг ин-сонни камолотга етказишда бош омил эканлигини атрофлича да-лиллашга ҳаракат қилади.
Илм эгаллаш эса ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. У ҳар бир кишидан муайян лаёқат ва қобилиятни талаб қилади. Чунончи, синч-ковлик, ҳар бир нарсага ибрат назари билан қарай олиш, саъй-ғайрат, шижоат кабилар шундай сифатлар жумласига киради.
«Инсон ибрат назари ила боқуб, дунё китобидан ўз қадр-ҳиссасини билиб олмаги лозимдур, — деб ёзади Авлоний. — Шунинг учун ақл соҳиблари, фатонат эгалари ўзларига фойдаси бўлса-бўлмаса, синчиклаб қарағон нарсаларидан бир ҳисса олмай қўймаслар».
Зийраклик, очиқ фикрли бўлишга интилишнинг ҳам аҳамияти катта. Булар ҳаммаси ёшликдан бошланади. Умр — ғанимат. Уни беҳуда ишлар билан ўтказиб юбориш жиноятдир. Адиб зеҳн ва идрокни қувватлантириш учун ўқиш-ёзишни ўрганишга улгурган ҳар бир болани ҳар хил китоблар, газета ва журналлар ўқишга ва шу орқали дунёнинг борди-келдисини англаш, у ҳақда фикр юрита олиш даражасига эришишга чорлайди.
Илм олиш риёзат чекишни, саъй-ғайратни талаб этади. Адибнинг образли ифодасига кўра, илм бамисоли бодомнинг ичйдаги мағиз. Уни қўлга киритиш учун меҳнат қилиш, чақиб пўчоғидан ажратиб олиш керак.
Авлонийнинг виждон ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ҳам диққатга сазовор. Унингча, виждон — ақл ва тафаккур мезони. Умуман олганда, бундай ёндошиш виждоннинг аҳамиятини ва мо-ҳиятини тўғри тушунишга ёрдам беради. Лекин унда бир оз конкретлилик етишмайди. Виждон тарозисининг «ақл ва ҳикматга мувофиқ» ишларга «муҳаббат» қўйдириб, «қабоҳат ва ёмон» ишлардан «нафрат» эттириши аслида тўғри тушунтириш. Бироқ унинг тўғрилик даражаси яхши ёки ёмон деб номланадиган муайян ҳодисага нисбатан қўлланилгандагина конкретлашади. Адибнинг «яхши» ва «ёмон» тушунчаларини англашида эса маълум мавҳумлик йўқ эмас. У буларни талқин қилганда, кўпинча, ақлга мувофиқ келадиган, мувофиқ келмайдиган деган приндипдан келиб чиқади.
«Агар аҳмоқ одам бўлса, ўз туғишган биродарингни ҳам севмаслигинг мумкин, лекин Ватанни, у қандай бўлмасин, севмаслик мумкин эмас. Аммо бу муҳаббат унинг мавжуд аҳволидан бир умр мамнунлик бўлиб қолмаслиги, балки уни мукаммаллаштиришга чанқоқ интилишдан иборат бўлмоғи лозим», — деган эди донишмандлардан бири.
Ватан туйғуси энг инсоний, энг мўътабар туйғулардан бири. Ватанни шунчаки севиш мумкин эмас. Унинг дарди билан яша-моқ, унинг бахтидан қувонмоқ, у билан фахрланмоқ керак. Ва-тан Онадек муқаддас. Уни қадрлаш, эъзозлаш, унинг шодлик ва қувончига шерик бўлиш, ғам-ҳасратини баҳам кўриш фарзанднинг бурчи. Авлоний Ватан ва унинг олдидаги бурчни шундай тушунади.
Фарзандлар ҳам ҳар хил бўлади. Онанинг бахтига шерик бўлиб, бахтсизлигида ёлғиз ташлаб кетувчи фарзандлар ҳам топилади. Ватаннинг ҳам фусункор табиатини, боғ-роғларини хуш кўрадиган, лекин ташвиш ва ғамларини ўйламайдиган фарзандлари йўқ эмас. Ватанни, у қандай бўлмасин, севиш керак.
«Биз туркистонликлар ўз ватанимизни жонимиздан ортиқ суйдиғимиз каби, араблар Арабистонларини, қумлик, иссиқ чўлларини, эскимў(с)лар Шимол тарафларини, энг совуқ қор ва музлик ерларини бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши, тириклик осон ерларга ўз ватанларини ташлаб, ҳижрат қилурлар эди. Боболаримиз «Киши юртида султон бўлгунча, ўз юртингда чўпон бўл», – демишлар».
Муаллиф ўз фикрини хилма-хил мисоллар билан асослашга ҳаракат қилади. Масалан, у шундай тамсилни келтиради. Айрим кишилар ўз ҳовли-жойларини, мол-мулкларини сотиб, Маккага зиёратга боришади. Ҳатто шуларнинг ҳам аксари яна ўз ватанларига қайтиб келадилар. «Бунинг сабаби, яъни буларни тортуб кетургон қувват ўз ватанлари тупроқларининг меҳру муҳаббатидур…», дейди.
Шоирнинг «Мактаб гулистони» (Т., 1916) га кирган шеърларида бу фикрлар давом эттирилган.
Сенинг исминг бу дунёда муқаддасдур,
Ҳар ким сенинг қадринг билмас – ақли пастдур, –
деб бошланар эди ундаги «Ватан» шеъри. «Ҳижрон сўзи»да эса она-юртнинг кўркам, бой ва улуғвор манзараси чизилади.
Бас, шундай экан, унинг учун жонларни фидо этмоқ керак:
Ватан, ватан дея жоним танимдан ўлса равон,
Банго на ғам қолур, авлодима ўю ватаним.
Ғубор(г)а дўнса таним, йўқ вужуди зери ваҳм,
Чароки, ўз ватаним хокидур гўру кафаним.
Тилга, маданиятга муҳаббат эса ҳар бир кишининг халқига бўлган муҳаббатидир. «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойнаи ҳаёти тил ва адабиётидир», — ёзади адиб.
Сўз — ноёб гавҳар. Унинг шарафи бениҳоя. Ҳар қандай қимматбаҳо гавҳар унинг олдида садаф ҳам бўла олмайди:
Сўз гуҳариға эрур онча шараф, –
Ким бўла олмас анга гавҳар садаф.
Алишер Навоийнинг «Ҳайратул-аброр»ида сўз таърифига бағишланган боб шу сатрлар билан бошланади.
Буюк мутафаккир сўз қудратига юксак баҳо берди, хилма-хил тамсил ва тадбирлар билан уни кўкларга кўтарди, тилни пўлат ханжарга, сўзни унга қадалган инжуларга қиёс қилди. Ёки мана бу муқоясаларга эътибор қилинг: Масиҳ (Исонинг лақаби) яхши сўз билан ўлганни тирилтиргани учун «жонбахш» лақабини олди. Сўз Халилуллоҳни ўтга ташлатди.
Энди бошқа бир мисол. Сиз ғунча оғизлик, шакарлаб дилбар билан биргасиз. Унинг алвон ёноқлари юрагингизга ўт солади. Лекин сўлим дилбарнинг оғзидан бирор садо чиқмаслигини тасаввур қилиб кўрингчи?!
Сурат ила бўлса маҳи осмон,
Сурати девор ҳамон, ул ҳамон.
М. Ю. Лермонтовнинг:
У дилбар жанубнинг қизғин боласи
Сурган хаёл каби гўзалдир ғоят, —
деб бошланадиган бир шеъри бор. Унда баркамол соҳибжамол ҳақида гап кетади. Ҳассос шоир гўзалликни уйғунликда кўради. Унингча, ҳар жиҳатдан мукаммал дилбаргина гўзалликда мумтоздир.
Ким изоҳ қилибди ҳусн нимаси:
Келишган кўкракми, хушбичим қомат?
Ё шахло кўзларми? Лекин гоҳо биз
Буларнинг ҳеч бирин ҳусн демаймиз.
Сўз билмас лабларни мумкинмас севмак;
Оташсиз нигоҳ у – ҳидсиз бир чечак!
Ажиб ўхшашлик. Баркамол инсон тушунчаси тамом бошқа муҳит ва даврда яшаган икки буюк шоирда деярли бир хил татқин қилиняпти. Иккинчи томондан эса, бунга ажабланмаслик керак, чунки умуминсоний ғоялар давр ва муҳит билан чекланиб қолмайди. Табиийки, сўз ҳали ўзлигича ҳеч нарса англатмайди. У муҳим ва керакли маънони англатгандагина маълум аҳамият касб этади.
Мутафаккир адиблар масаланинг бу жиҳатини ҳеч қачон диққатдан четда қолдирмаганлар. Ҳатто сўз таърифи ҳақида гап юритганларида ҳам унинг муайян яхши ҳамда фойдали мазмун англатишини кўзда тутганлар.
Авлоний ҳам сўзнинг инсон қадр-қимматини белгилашдаги ролига умуминсоний қарашлардан келиб чиқиб баҳо берди. Сўзнинг маъносига алоҳида диққат қилди. Тил ва сўз одоби ҳақидаги умуминсоний фикрларни давом эттирди: «… сўз инсоннинг даража ва камолини, илм ва фазлини ўлчаб кўрсатадургон тарозудир. Акл соҳиблари кишининг дилидаги фикр ва ниятини, илм ва қувватини, қадр ва қимматини сўзлаган сўзидан билурлар…»
«Агар сўз ақл ва ҳикматга мувофиқ бўлуб, ўзига ёки эшитувчига бир фойда чиқадургон бўлмаса, асаларилар орасида ғўнғиллаб юрган қовоқари каби қуруқ ғўнғилламоқ, фақат бош оғриғидан бошқа бир нарса эмасдир. Бошимизга келадургон қаттиқ кулфатларнинг кўпи юмшоқ тилимиздан келадур. Шунинг учун «кўп ўйла, оз сўйла» демишлар».
Инсонни безайдиган сифатлар кўп. Чинакам инсон ялқовлик ва дангасаликни ўзига номус деб билади. Ёшлигидан илм-маърифатга, ҳунар ва санъатга меҳр қўяди. Меҳнатнинг айби йўқ. Қора ишчи билан олимнинг заҳмати кўринишдагина ҳар хил. Уларнинг иккиси ҳам меҳнат. Меҳнат билан кун кечириш эса буюк саодат. Аксинча «…бу — кўмурчилик, бу — темирчилик — менга муносиб иш эмас, деб дангасалик қилуб, ишсиз юрса, зўр айб, ғайратсизликдур…»
Инсон моддий неъматларни яратишдан ташқари, уларнинг қадрига ҳам ета билмоғи даркор. Булар ўзаро жуда яқин, бири иккинчисидан келиб чиқадиган тушунчалардир. Кимки бир парча нонни меҳнат билан топса, унинг қадрига ҳам етади. Авлоний уларнинг ҳаммасини иқтисод мафҳуми билан беради. Унингча, «иқтисод деб пул ва мол каби неъматларнинг қадрини билмакни айтилур. Мол қадрини билувчи кишилар ўринсиз ерга бир тийин сарф қилмас, ўрни келганда сўмни аямас. Саховатнинг зидди бахиллик ўлдиғи каби иқтисоднинг зидди исрофдир…»
Чопар ҳаётини таҳликага қўйиб тоғу тошлар, қир ва чўллар ошади. Хабарни етказади. Чопар олиб келган хабар, эҳтимол, мудҳиш бўлиши мумкин. Шунда ҳам акл эгалари уни ўлдирмайдилар. Чунки у ҳақиқатни етказади. Авлоний «Ҳаққоният»’деб аталган бобда юқоридаги мисолни ибрат қилиб келтиради. Ростлик ва тўғрисўзликни инсоннинг энг инсоний сифатларидан бири деб билади.
Ҳаё, иффат – ўйлаб чиқарилган тушунчалар эмас. У асрлар бўйи инсон тушунчаси билан биргаликда шаклланган. Авлоний ҳаё деганда «ишда, сўзда адабни риоя қилмоқ»ни тушунади, уни инсонийликнинг муҳим белгиси деб билади.
Ҳамма нарсанинг маълум бир меъёри бор, албатта. Инсоний виқорни суиистеъмол қилиш кишини такаббурликка олиб келиб қўяди. Ҳаддан ошган юмшоқ кўнгиллик — ҳалимлик кишини хор қилади. Камтарлик эса хокисорликка элтади. Бу ерда ҳам шакл ва мазмун мутаносиблигининг темир қонуни ўзига хос ҳолда намоён бўлади. Чинакам инсонлик виқори кишида олимлик, фозиллик ва юксак одоб жамлангандагина намоён бўлади. Иккинчи томондан эса, ҳар бир хулқдаги меъёрни ҳис қилиш, ўз феъл-атвори, хатти-ҳаракатининг инсоният қонунларига монанд бўлишига эришишнинг ўзи юксак ахлоқ ва фозиллик белгисидир.
Авлоний хулқ ҳақида умуман гапириб қўя қолмай, унга конкрет ёндашишга ҳаракат қилади. Адибнинг диққат марказида ҳамиша умуминсонийлик мезони туради. Бу мезон исломий ахлоққа суянади ва у кишиларни шу пайтга қадар ота-боболаримиз тарбиясига хизмат қилиб келган турмуш қоидалари билан боғлайди. Шундай тушунчалар бор, уларнинг номини эшитганингиздаёқ борлиғингизни илиқ ва ёқимли ҳислар чулғаб олади. Улар бўлмаганида ҳаёт зулматдан, тирикчилик ваҳшиёна кун ўтказмоқдан иборат бўлиб қоларди. Муҳаббат, садоқат, хайрихоҳлик, олижаноблик кабилар ҳаётга нур, умрга мазмун бахш этади. Инсоннинг шарафли мавқеида буларнинг ўрни алоҳида.
Муҳаббатнинг қамрови кенг. Ватанга муҳаббат, халққа муҳаббат, дўстга муҳаббат, ёрга муҳаббат… Лекин унинг мазмунида бир нарса жуда аниқ. Муҳаббат кимгадир, нимагадир чанқоқ бир интилиш. Уни ўзининг жон-жаҳони деб билиш, бутун борлиғини унга бахшида этиш туйғуси билан ёниш. Уни бахтиёр ва шодон этмоққа бўлган буюк иштиёқ. У саҳрони бўстонга айлантира олади, тошдан гул ундиради. Авлоний «Муҳаббат» деб номланган бобни шундай сатрлар билан бошлайди:
«Муҳаббат деб бир нарсани суймакни айтилур. Дунёдаги инсонлар меҳр ва муҳаббат соясинда яшарлар. Ҳар бир ишни муҳаббат орқасидан ишларлар. Муҳаббатсиз кишилар ҳеч бир ишни ишламакға ғайрат ва жасорат қилолмас, дунё неъматидан лаззат ололмас. Агар бир шогирд илм ва муаллимни суймаса, иштаҳо ила ўқумаса, мақсудга етолмас. Ер юзидаги инсонларни уруш-маталошмаларга қовушдирғон, сийналарини душман ўқиға нишон қилдурғон нарса дин ва миллатларининг, ватан ва давлатларининг муҳаббатидур. Кишини(нг) кеча ва кундуз тиндурмасдан қул каби меҳнат ва машаққатларига кўкрак беруб ишлатадурғон нарса ватан ва бола-чақаларининг меҳру муҳаббати эмасми?!»
Кишиларни яхшиликка ундаш, ёмонликдан қайтариш, дунёдаги барча инсонларга эзгулик истаги билан яшаш чинакам олижанобликдир. Одамлар умр бўйи бир-бирлари билан алоқада бўладилар. Ўзаро ёрдамга, ҳамкорликка ҳожат сезадилар. Шундай экан, хайрихоҳлик, олижаноблик инсонлар ҳаётида катта аҳамият касб этади.
Кишилар феъл-атворларига, орзу-интилишларига кўра бир-бирларига яқинлашадилар ёхуд узоқлашадилар. Яхшилик дўстликни вужудга келтиради. Агар бу дўстлик маслак ва манфаатлар бирлиги асосига қурилса, мустаҳкам ва самарали бўлади. Умрни хуш ва мазмунли ўтказиш учун бундай дўстлик жуда керак.
«Мунислик деб ҳар ким ўз тенгги, маслакдошини топуб, улфат бўлмакни айтилур. Дунёнинг лаззати содиқ дўстлар ила суҳбат қилмакдан иборат», — деб ёзади Авлоний.
Дўстлик дейилганда, ҳамиша садоқат кўзда тутилади. Негаки, бу тушунчалар бир-бирига бениҳоя яқин. Адиб садоқатни шундай таърифлайди:
«Садоқат бир файзи маънавийдурки, у файздан ҳиссасини олмак ҳар бир кишининг муқаддас вазифасидур…»
Улуғ Навоий «Ҳайратул-аброр»ида ёзади:
Ҳар кишига етса фалакдин ғаме,
Бўлмаса ҳамдарди анинг ҳамдами.
Рози лабин тиккон ипин сўкмаса,
Ҳарнеки қўнглида эрур тўкмаса.
Дард ёқиб шуълаи нобудини,
Чархдин ўткаргай анинг дудини.
Тиғи бало кўксини чок айлагай,
Дард они бир дамда ҳалок айлагай…
Бас, кишига умр хуши ёр эмиш,
Умр деган ёри вафодор эмиш.
Демак, дўстлик биринчи навбатда, ҳамдардлик, ҳамкорлик, ҳамдастлик. Дўстлик ўз вафоси, садоқати билан мустаҳкам. Навоий буни ҳайратомуз тамсиллар билан берган эди. Масалан, вафосиз ёр—зиёсиз шам; зиёсиз шам – муз сумалак каби.
Инсон учун ёлғизлик энг оғир жазо. Сўққабош ҳеч қачон бах-тиёр бўлган эмас. Бир қўлдан ахир қачон садо чиққан? Ёлғиз кишининг ҳаёти ғамдангина иборат. Тоқ кишининг маишат уйи вайрон—бутун бир уйни ягона устун кўтариб турганини ким кўрган? Бургутнинг бир қаноти синса, қанча тез учмасин, ҳаёти лаҳзадан ошмайди. Буюк мутафаккир мана шундай қиёсларда дўстликнинг ҳаётий асосларини аниқ ва тиниқ деталлар билан кўрсатиб берган эди.
Абдулла Авлонийнинг ахлоқий қарашлари мумтоз адабиётимизнинг бой заминида шаклланди. Унинг дўстлик ва садоқат ҳақидаги фикрлари адабиётимиздаги ахлоқий қарашларнинг тад-рижий давоми эди.
«Илми ахлоқ юзасидан чин дўст ва ёри содиқ ила улфат қилмак лозимдур. Чунки баъзи касалларнинг юқиши бўлгонига ўхшаш нодон ва аҳмоқ кишиларнинг урфу одатлари ва ёмон хулқларининг таъсири, сирояти юқиши муқаррардур. Баъзи дўст суратида кўринмиш иккиюзлама, мунофиқ душманлар ҳам кўп бўлурлар. Шунинг учун ҳар бир кишига синамасдан, билмасдан дўстлик қилмак, сир айтмак зўр ақлсизликдур. Чин дўст бўлган киши бошингга кулфат ва қайғу келган вақтларида сан билан баробар қайғурур, хотирангдаги қайғунгни бўлушуб олур. Сирингни ноаҳил ва нодон кишиларга айтмас, айбингни орқангдан сўзламасдан юзингга айтур. Шодлик вақтингда сан билан баробар шодланур. Ёлғон дўст сандан бир фойда умидида ёки ўз бошига келган зарарни қайтармак учун мунофиқона дўстлик қилур. Сирингни ноаҳил кишиларга сўзлаб, қадру эътиборингни поймол қилур. Бундай кишиларга дўст бўлмакдин дўстсиз (ўтмоқ) яхшироқдур».
«Туркий гулистон…»да «Ёмон хулқлар» деб номланган бўлим бор. Унда кишиларга хос 18 қусур ҳақида гап кетади. Муаллиф наздида уларнинг аксарияти учун хос бўлган хусусият жоҳилликдир. Шу боисдан адиб танқид тиғини асосан жаҳолатга қаратади. Уни инсоният учун энг катта иллат деб билади. Ғазаб — шақоват, бузуқлик—сафоҳат, ҳамоқат, ялқовлик—атолат, хасислик—хасосат, танпарварлик—раҳоват, такаббурлик-анонийят, ҳасад, ёлғончилик — кизб, нифоқ, тама кабилар кўпинча шундан келиб чиқади.
Жаҳолат, содда қилиб айтганда, илмсизлик, нодонликдир. Ундай киши фикрлашдан, мушоҳададан маҳрум бўлади. У моддий қанчалик бой, сарватдор бўлмасин, маънавий шунчалик тубан ва қашшоқ. Муҳтожлик—мусибат, бироқ жоҳиллик мусибати ундан даҳшатлироқдир. Авлоний жаҳолатни қоралар экан, у ҳақда айтилган кўпгина маълум ва машҳур фикрларни мисол қилиб келтиради:
«Суқрот ҳаким: «Дунёда энг ҳазар қилинадурган иллат жаҳлдур. Мен жоҳилга ачинганимдек кўрга ачинмайман, зероки жоҳилнинг ўз ихтиёри ила қилғон ҳаракати аъмонинг ихтиёрсиз қилюн ҳаракатидан менинг назаримда хунук», — демиш.
«Афлотун ҳаким: «Жоҳилнинг яхши нияти фозилнинг хусуматидан зарарлироқдур. Инсон энг юқишлик бир касалдан сақланган каби жоҳилдан ҳазар қилмак лозимдур»,—демиш.
Адиб бу фикрларнинг маъносини чақишга, ундан хулоса чиқаришга, авлодларни «жаҳолат ва нодонлик балоларидан қутқармоқ учун «жон борича», «куч еткунча» «чолишмоқ»қа чорлайди. Жаҳолатнинг ҳам икки тури бор,—дейди муаллиф. — Бири — жаҳли басит, иккинчиси жаҳли мураккаб. Биринчиси у қадар даҳшатли эмас. Улар бир нарсани билмасалар, билмасликларини эътироф қиладилар. Унинг давоси у қадар қийин эмас: астойдил қунт қилинса, масала ҳал бўлади. Иккинчиси — ёмон. Улар бир нарсани билмайдилар ва бунга иқрор ҳам бўлмайдилар. Уларни халқ «ўзи билармон» деб атайди. Ҳамоқат шунинг бир кўриниши. У ақл ва маърифат камлигидан ҳосил бўлади. У жаҳолатдан ёмонроқ. Чунки жоҳилда биргина нодонлик бор. Аҳмоқда эса неча ақллини алдайдиган ёлғон-яшиғ сўзлар бор. Уларни ҳеч бир ишда на ақлий, на нақлий далиллар билан кўндириб бўлади. Дарҳақиқат, бу давоси мушкул бўлган иллатдир!
Лекин давосиз дард йўқ. Унинг ягона дармони ақл ва фикр. Инсон ўзини қўлга олиб, нафсини жиловлаб, ён-атрофига ибрат назари билан боқса, саъй-ғайрат қилса, ундан халос бўла олади. Авлоний мана шундай оптимистик хулосага келади.
Ғазаб инсондаги табиий туйғу, «махсус бир қувваи мудофаа». У шу орқали ўз номусини четдан келадиган зарар ва ҳалокатдан сақлайди, лекин уни жабр ва зулм тариқида ишлатмоқдан эҳтиёт бўлиш лозим. Нафс ғуруридан пайдо бўладиган бу ҳол инсонни аламли азобларга гирифтор қилиши мумкинки, у худди шу нуқтада жаҳолат тимсолига айланади.
Адиб ғазабни физиологик-психологик асосларда кўрсатиб беришга ҳаракат қилади: «… шиддат ва ҳароратнинг таъсири вужуддаги қонни бузуб, ҳаракат қилдуруб, димоғига ҳужум қилуб, ақлни паришон қилурда, кишини(нг) ихтиёрини қўлдан олур. Бу сояда ўзини ёхуд бошқа кишини ҳасрат ва надоматта дучор қилур».
Авлоний ҳар бир ҳолатда ҳам оқилона иш тутишга чақиради.
Дангасалик, ялқовлик — кишилар бахтини шикастловчи катта офат. Бахт учун эса курашмоқ, ғайрат ва шижоат билан «чолишмоқ» керак. Табиийки, ҳаракат ва меҳнатнинг самараси бирданига кўриниб қўя қолмайди. Лекин инсон саъй-ҳаракатда, сабот ва матонатда завқ-шавқ билан давом этмоқдан бир дам бўлсин чекинмаслиги лозим. Улар, албатта, самара кўрсатади. Ахир дарахт ҳам тўрт-беш йиллик меҳнатдан сўнггина ҳосилга киради-ку! Шогирдчи? Маънавий саодат фақат ғайратли ва меҳнаткаш кишигагина насиб этади. Ибн Сино айтганидек, ғайратсиз киши тирик ўликдир. Ўликлар эса, тириклар орасида эмас, тупроқ орасидадир. Ҳа, Белинский айтмоқчи, «Яшамоқ фалон йил еб-ичмоқ, мансаб ва пул учун солишмоқ, бўш вақтларда эса, мудраб пашша қўримоқ ва қартавозлик қилмоқдан иборат эмас. Бундай ҳаёт ҳар қандай ўлимдан ҳам ёмон, бундай одам эса ҳар қандай ҳайвондан ҳам тубандир… Яшамоқ бу ҳис этмоқ ва фикрламоқ, изтироб чекмоқ ва роҳат қилмоқдир. Булардан бошқа ҳар қандай ҳаёт ўлимдир. Бизнинг туйғу ва тафаккуримяз қанчалик катта мазмунни қамраб олса, изтироб ва роҳатланиш қобилиятимиз қанчалик кучли ва теран бўлса, демакки, биз шу қадар кўп яшаймиз. Бундай ҳаётнинг лаҳзаси майда-чуйда ишлару икки пуллик мақсадлар билан руҳсиз мудраб ўтказилган юз йилдан аҳамиятлироқдир».
Китобдаги дангасалик ва ялқовликни қораловчи «Атолат» ва «Раҳоват» бобларида умрни ана шундай мазмунли қилишга инти-лиш кераклиги ҳақида гап кетади.
Хасисликни ҳеч ким алқаб тилга олган эмас. Халқ оғзаки ижодида бу ҳақдаги ҳажвиялар сон-саноқсиз. Ёзма адабиётда ҳам улар истаганча топилади. Фирдавсийнинг буюк «Шоҳнома»сида Бераҳам номли бир персонаж бор. У меҳмонни уйга киритмайди. Киритганда ҳам – бу дунёнинг ишлари шунақа, биров овқат ейди, иккинчиси эса томоша қилади,-дейди-да, оч меҳмон олдида овқатланишга тушиб кетади. У меҳмон эса шоҳ Баҳром эди. Шундан Муқимийнинг зиқна гумаштасига қадар уларнинг қанчадан-қанча салбий тимсоллари яратилди. Сахийлик ва бахиллик муқоясаси адабиётнинг доимий масалаларидан бўлиб келди. Мана шу анъаналар руҳида тарбия топган Авлоний хасисликни жуда содда, аниқ ифода ва деталлар ёрдамида ўқувчига етказишга уринди.
Ипак қуртининг тақдирини кўз олдингизга келтиринг. У пилла ичида ўралиб, ҳаётини маҳв этади. Қанчалар машаққат билан ҳосил бўлган ипак бошқаларга насиб этади. Умрини мол-дунё ҳирси билан ўтказган инсонлар тақдири ҳам худди шундай, дейди адиб.
Шундай бир иллат бор, темирдаги зангга ўхшайди. Занг темирни еб ишдан чиқарганидек, у ҳам қалбни изтиробга солади, сўнг барбод этади. Бу адоватдир. Бу дарахтдан фақат хусумат мевалари етишади. Оқил инсонлар уни вақтида кесиб ташлаб, меҳр, дўстлик новдаларини улайдилар ва ундан муҳаббат, улфат мевасини олишга муваффақ бўладилар. Авлоний адоватни шундай тушунтирган эди.
Муаллиф намиматчақимчилик, ғийбат, ҳасад, кизб-ёлғончилик, нифоқ-иккиюзламалик ҳақида алоҳида-алоҳида тўхталади ва уларнинг инсонлар ҳаётидаги зарарини атрофлича кўрсатиб беришга ҳаракат қилади.
Ғийбатчи ва чақимчи кишиларни Авлоний бузоқбошига ўхшатади. Бузоқбоши дарахт илдизини кемириб қуритгани каби чақимчи ва ғийбатчилар ҳам кишилар ўртасидаги меҳр-муҳаббатни емирадилар. Донишмандлардан бири айтганидек, «мол ва ашё ўғриларидан кўра кўпроқ одамлар орасидан дўстлик, улфат, муҳаббатни ўғирлайдиган одамлардан сақланмоқ лозим».
Авлоний ғийбатчилик ва унинг оқибатини шундай таҳлил этади. «Инсон бошқа гуноҳларни нафснинг лаззати учун қиладур. Аммо ғийбат соҳиби лаззат ўрнига ўз бошига ёки бир бошқа кишининг бошига бало ҳозирлайдур. Чунки сўз боруб, ғийбат қилинмиш кишининг қулоғига етар. Ғазаб қони ҳаракатга кирар. Ғийбатчидан ўч олмак фурсатини пойлар. Шундай қилуб, ғийбат соясида икки мусулмон орасига зўр душманлик тушар. Охири ўлумгача боруб тира-лур. Шул тариқа, ғийбатдан туғулгон адоват чўзулмоқға оид бўлуб, душманлик зўраюб, ўз ароларидаги хусусий жанжалларла азиз умрларини ўздируб, умумий халқ фойдаси учун ишланадурғон миллий ишлардан маҳрум бўлмаклариға сабаб бўлурлар».
Ахлоқ илмининг алломалари ҳасад ҳақида ғоят диққатга сазовор фикрлар билдирганлар. Авлоний шулардан характерлиларни тўплаб, китобида келтиради, изоҳлайди. Ҳасад ва унинг зарарини кўрсатишда улардан унумли фойдаланади. Жумладан, уларнинг бири ҳасадни оташга ўхшатган экан: «Оташ ўзидан-ўзи ёнуб кул бўлгони каби ҳусудларнинг жасади ҳасад ўти ила эруб, маҳв ва барбод бўлур».
Суқротдан эса қуйидаги гап келтирилади: «Ҳасадчи киши бир он ва бир замон роҳат ва фароғат юзини кўрмас. Дунёда қанча меҳнат ва мусибат бўлса, барчаси ул бечорани ўраб олмишдур».
Арастунинг фикри ҳам жуда ибратли: «Дунёда ҳаммадан ҳосиднинг юки оғирдур, чунки ул бечора бутун дунёдаги шод ва мас-рур одамларнинг қайғуларини ўз устига юклаб юрийдур».
Асарнинг ширали тили, келтирилган хилма-хил мақол-ҳикматлар, равон, таъсирчан услуб уни ўша даврдаги кўпгина таълимий-ахлоқий асарлардан ажратиб туради. У, айтиш мумкинки, ўзига хос бадиий асар ҳамдир. Авлоний дорини асалга қўшиб беморга егизган табибга ўхшайди. Ўзининг ахлоқ ва таълим, борлиқ ва жамият ҳақидаги қимматли фикрларини ўқувчига нафис ва гўзал либосда тақдим қилади. Баъзан ҳайратомуз образли иборалар, чиройли лирик, эпик парчалар келтириб, китобхонга эстетик завқ ҳам етказади. Ундаги ибратли, мазмундор, айни пайтда, ихчам ҳикоялар китобхоннинг хотирасида узоқ сақланиб қолади. Бу ерда биз шулардан фақат биттасини келтириш билан чекланамиз. Бу «Назари ибрат» бобидаги «Луқмон ва кўр» ҳикоясидир. Мана ўша ҳикоя: «Бир кўр ҳазрати Луқмоннинг олдиларига ке-луб, агар кўзимни очсангиз, ман сизга қул бўлурман, демиш. Ҳаким кўрни(нг) маърифат соҳиби эканин билуб, «Жоним, кўзингни пардасини очмоқ мумкин, лекин назари ибратни очмоқ қўлимдан келмайдур»,-демишлар. Кўр: «Ё Луқмон! Сизнинг шуҳратингиз фақат парда очмоқдан иборат бўлса, сизни ҳаким демай, табиб демак лозим экан»,—деб ҳазрати Луқмоннинг ибрат кўзини очмишдир».
Шарқ адабиётида ахлоқ ва одоб фавқулодда катта ўрин эгаллайди. «Адабиёт» мафҳумининг ўзи ҳам одоб сўзига бориб тақа-лиши бежиз эмас. Шарқда бу мавзуга тўқинмаган шеър аҳлини топиш қийин. Ёзма адабиётимизнинг биринчи йирик намунаси «Қутадғу билиг» ўрта асрнинг ахлоқ қомуси эди. Алишер Навоийнинг бу масалага қанчалар эътибор берганлиги ҳаммага маълум. Шарқда ахлоқилмининг буюк алломалари етишиб чиқдилар. Саъдий Шерозий шундай буюк рутбага мушарраф бўлганлардан эди. У ўзининг «Гулистон» ва «Бўстон» асарлари билан бадиий ижодда янги бир йўл очиб берди…
Авлоний ўз асарини яратишда Шайх Саъдий изидан борди. Китобнинг «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ« деб номланганлиги бе-жиз эмас. Авлоний буни китобнинг 1917 йилги иккинчи нашрига ёзган сўнгсўзида алоҳида таъкидлаб кўрсатади. У шундай ёзади: «Туркистон мактабларида ўз шевамизда ёзилмиш мукаммал «Ахлоқ» китобининг йўқлиги, афроди миллатнинг шундай бир асарга ташна ва муҳтож эканлиғи, ўзум муаллимлар жумласидан ўлдуғимдан, манга ҳам очиқ маълум ўлди. Шунинг учун кўп вақтлар тажриба сўнгидан адиби муҳтарам Шайх Саъдий усулинда ёзмакни, гарчи оғир иш бўлса ҳам, ўзимга муқаддас бир вазифа адо қилароқ ва бу камчиликни ародин кўтармакни муносиб кўрдим».
Адабиётшунослар ҳақли эътироф этганларидек, эски ўзбек мак-табларида асосий дарсликлардан бири сифатида ўқитилиб келинган «Гулистон» форс классикасининг энг кўркам, энг «баржастаси» эди. Унга эргашиб ёзилган асарлар кўп бўлди. Абдураҳмон Жомийнинг машҳур «Баҳористон»и, Мўйнилдин Жўвайний ва Ибн Ка-молпошшонинг «Нигористон», Мажидилдин Хавофийнинг «Гулистон»и ҳам мана шу буюк обидага ўзига хос назира, ўзига хос жавоб, шогирднинг устозга таъзими эди. Авлоний устоздан биргина «усул»ни олмади, унинг юксак инсонпарварлик руҳи билан тўлиқ шеъриятидан ҳам озиқ олди. Уларнинг айримларини таржима қилиб асарига киритди.
Саъдий билан Авлоний даврини 600 йилдан ортиқроқ вақт ажратиб туради. Ўрта асрнинг буюк гуманисти билан XX асрдан нафас олган Авлонийнинг қарашларида, туйғуларида анчагина фарқ бор, албатта.
Авлоний ахлоқ тўғрисида «Гулистон»га ўхшаш бир асар ёзар экан, шу баҳонада замонасининг муҳим, дардли масалаларини унга ғоят усталик билан сингдириб кета олди. Булар ҳуқуқсизлик эди. Мустамлакачилик асоратлари билан боғлиқ тутқунлик ва тур-ғунлик эди. Дин — диёнатнинг, миллат — миллиятнинг бузилиши эди.
Адибни халқнинг ночор, ғариб турмуши чуқур ўйга солади:
Ҳар кун ўлурам шомғача ман ғамга гирифтор,
Ҳар шаб ёнурам оташа парвона каби зор.
Ҳеч кимса эмас бу мани аҳволима воқиф,
Ман хастаяму миллатим ўлмиш нега бемор?
Асарнинг илк саҳифасида келтирилган бу тўртлик унга бема-лол эпиграф бўла олади. Шоир ҳар бир ахлоқий тушунчани тал-қин қилар экан, уни бевосита ўз даври масалалари билан боғлайди ва китобга замон нафасини олиб киришга муваффақ бўлади. Масалан, асарда «Тарбиянинг замони» деган қисм бор. Унда тарбиянинг уйда, сўнгроқ мактаб-мадрасада олиб борилиши ҳақида гап кетаркан, бундай ишга имконсиз халқнинг оғир моддий ти-рикчилиги ачиниш билан қайд қилинган. «Мақсади пул, маслаги шуҳрат, юқори мактабларда ўқимаган, «усули таълим» кўрмаган муаллимлар», «матлаблари ош, мақсадлари чопон, дарслари беимтиҳон, ислоҳ яқинидан юрмаган мударрислар» ўткир ҳажв остига олинади. Ёки «Тамаъ» бобида замонасида «тамаъ нони бирла қорин тўйғузадургон кишиларнинг ҳисоби йўқ»лигини фош этади. Яна бир ўринда эса мустамлака Туркистонидаги эрксизлик, чоризм тазйиқи, меҳнаткашнинг машаққатли тирикчилиги ҳақида сўз очади: «Биз осиёликлар, хусусан туркистонликлар думба сотуб, чандир чайнаймиз, қаймоқ беруб сут ошиймиз, нон ўрнига кесак тишлаймиз…»
Авлоний адолатни, ҳар бир миллатнинг озод ва бахтли бўлиш ҳуқуқини дунёнинг асоси деб билди, бировга «жабр қилувчининг ёқаси ҳеч қачон жазо қўлидан қутула олмас»лигини айтди. Зулмни қоралар экан, мазлумнинг оҳидан ўткур нарса йўқ:
Ҳазар қил оҳидан, афғонидан у мазлуми(нг)
Бир оҳ бирла солур бошинга бутун аросат,-
дея, «қувватсизлар» ғамини еди.
«Туркий гулистон…» асримиз бошларидаги педагогик фикр тараққиётидагина эмас, балки умуман бу давр ижтимоий-эстетик тафаккур ривожида ҳам сезиларли из қолдирди. Унинг бу ерда бошлаб қўйган жуда кўп фикрлари шеъриятида давом этди.
Маърифатпарвар шоир
Авлоний «1894 йилдан бошлаб шеър ёзишга тутинган» бўлса-да, у шеърлар бизгача етиб келмаган. Унинг 1917 йилгача бўлган поэтик мероси, асосан, «Адабиёт» номли 6 қисмдан иборат шеърий тўпламларида жамланган. Уларнинг ҳар бири 1909-1917 йиллар оралиғида алоҳида-алоҳида бир неча маротаба нашр қилинган. Шунингдек, ўша давр вақтли матбуоти саҳифаларида ҳам шоир шеърларини кўплаб учратамиз. Бу шеърларнинг деярли ҳаммаси мазкур тўпламларга киритилган. Аксарияти шоирнинг 1905 йилдан кейинги ижодига мансуб бўлиб, миллий-ижтимоий характердадир. Сатрлар – шиорнамо, деярли ҳамма ўринда даъват, чақириқ руҳи ҳукмрон:
Аё эй соҳиби урфон! Ватан боғинда фарёд эт,
Отиб ташла ародин эски одатларни барбод эт.
Маорифла фунун таҳсилина қил раҳнамолиғ сан,
Қоронғуда қолан миллатни нури илма иршод эт.
Ватан меҳри агар бўлса – дилингда ишқ савдоси,
Отил нури маорифга ўзингни мисли Фарҳод эт!.
Миллатнинг равнақи эмас, яшаши учуноқ илм керак. Усиз ҳозирги шароитда тириклик мумкин эмас. Демак, уни эгаллаш лозим. Бу муҳим фикр анъанавий ифодаланмоқда. Маърифатга муҳаббат эълон қилинмоқда. Бу биргина Авлоний эмас, умуман шу давр шеъриятининг хос хусусиятларидандир. Дарҳақиқат, уларнинг ўй-фикрини гул-булбул ташбиҳи эмас, маҳбубасини ағёр йўлдан урган ошиқ кечинмалари ҳам эмас, аср бошидаги афтодаҳол Туркистоннинг аянчли қисмати, йилдан-йил эмас, кундан-кун аждодлар хотирасини, ўзлигини унутиб, тариҳдан узилиб бораётган авлод банд қилди. Улар ҳуқуқсиз халқ бахтли бўла олмаслигини англадилар. Худди шу сабабли Сиддиқий АжзиЙ ўзининг «хуштабъ»лик билан ёзилган ишқий шеъриятидан воз кечди, уларни куйдириб ташлади. Авлонийнинг 90-йилларда ёзилган, эҳгамолки, ишқий характерда бўлган шеърларининг бизгача сақланмай қолганлиги сабаби шундандир.
Бундай ҳол фақат бизнинг адабиётимизда эмас, балки бошқа халқлар адабиётида ҳам учрайди. Масалан, Панамада мустақиллик учун кураш авж олган 60-йилларда Модесто Мохиконинг:
Ортиқ куйламасман ишқ-муҳаббатни,
Илоҳий шеърларга бормайди қўлим.
Ватанда эрк ва бахт бўлмагунича,
Ашувламиз битга: Озодлик ё ўлим!
шеъри жанговар шиорга айланиб кетган экан.
Авлоний эрк ва озодликни ҳар нарсадан баланд тутаркан, унга олиб борадиган бирдан-бир йўл деб илм-маърифатни билди. Шу сабаб Ватани, халқи учун заррача манфаат етказишни ўйлаган кишини маърифатга даъват этди. Илм-фанни эгаллашга, озгина бўлсин, халақит бериши мумкин бўлган ҳар қандай тартиблар, шу жумладан эски ўқитиш усули кескин танқид қилинди. Илм-маърифат, айниқса, Европа маданияти илҳом билан тарғиб этилди.
Лекин бу ерда бир нарсани ҳисобга олиш керак. Русия Туркистонни забт этар экан, ўзини ўлканинг пушти паноҳидек тутди. Мустамлака ҳукумати давлат идора усулида, фан-маданиятда кескин илгари силжиган Русия ва Европа ҳаётини ибрат-андоза қилиб кўрсатишга зўр берди. Булар, аксарият, миллатнинг ўтмиши ва асрий анъаналарига қарама-қарши қўйиб борилди. Буларнинг ҳам-маси миллатни ичдан емириш, ўзлигини йўқотиш, пировард-оқибатда руслаштиришга қаратилганини дастлабига энг пешқа-дам зиёлиларимиз ҳам пайқай олмадилар. Шуларни кўзда тутиб, А.З.Валидий ёзади: «Космополитларимизча, ўлканинг кашф эти-лиши маданият учун буюк ғалабадир. Уларга кўра, русларнинг кўплаб кўчиб келиши натижасида Туркистонда маданий тараққиёт инкишофи таъмин этилганмиш. Ўлкадаги қайси қавмнинг ва тилнинг ўрнига у келяпти, бу улар учун аҳамиятсиз. Инсонларнинг саодати миллатлардан бирининг бошқаларини ютиб ёхуд атрофида ушлаб, бир андозага солиши билан амалга ошмайди; айниқса Ўрта Осиё қавмларининг ўртадан сурилиб, улар ўрнига Русия ва Хитойнинг ҳукмрон бўлиши миллионларча ерли аҳолининг асрларча изтироб чекишларига олиб келадики, бу ўлка тарихининг энг қора ва энг бахтсиз саҳифаларини ташкил этган бўлур эди».
Шунинг учун «Европа маданияти» тушунчаси ва унга муносабат ижодкорларимизда бир хил эмас.
Авлонийда ҳам «маданият ваҳшийлари» деган ибора бор. «Маданият» сўзининг «ваҳшийлик» билан ёнма-ён қўйилиши ушбу масалага ёндошишда унинг Гаспринский ва Фитрат билан бир позидияда турганини кўрсатади. Бу, албатта, жаҳоний ҳодиса бўлган илғор рус маданиятидан воз кечиш дегани эмас. Уни сиёсий мақсадларга хизмат қилдирилганини англаш, холос.
Аёллар аҳволи ҳамиша жамиятдага эркинлик даражасининг мезонларидан бўлиб келган. Бу масала Авлонийда қандай ҳал қилинган?
Илму дониш яхши зийнатдур хотин-қиз аҳлина,
Қўй қадам илм уйина, тумору маржонни унут.
Унинг мактабида қизлар ҳам болалар билан ёнма-ён ўтириб таҳсил оладилар. «Туркистон вилоятининг газети» 1910 йил сонларидан бирида ўша йили 23 майда Авлоний мактабида бир неча уламолар, шогирдларнинг оталари ва кўплаб томошабинлар ҳузурида бўлиб ўтган имтиҳон ҳақида тўхталиб, бир ёш шогирд -қизнинг ўз ақли ва тарбияси билан ҳаммани ҳайратга солганини хабар қилган эди.
Маърифатнинг аҳамияти миллат, жамият тарбиясида бемислдир. Уни амалга ошириш асосан зиёлилар, биринчи навбатда, олиму муаллимлар, шоиру санъаткорлар зиммасидадир. Агар миллат ҳақ-ҳуқуқини йўқотган, асрий илму маърифатидан узоқлаштирилган, ўзлигини унутаёзган бир ҳолга тушиб, жамият маъна-виятидан маҳрум даражага етган бўлса, зиёли зиммасидаги иш ўн, балки юз карра оғирроқдир.
Адабиётнинг тасвир объекти – ҳаёт, унинг долзарб масалалари. Унда ҳаётнинг барча қирралари – шиддаткор тўлқинларидан майин мавжларигача, нурли оҳангларидан ғамгин нидоларигача, тантанавор дамларидан фожиали дақиқаларигача тасвир этилмоғи керак. Улар инсон руҳида қатрадаги қуёшдек жамулжам. Адабиёт мана шу руҳнинг таржимони бўлмоғи лозим.
Авлоний «Адабиёт…» шеърий тўпламининг 3-жузига:
Қаламим қорасидур огоҳ достонимдан,
Ҳазин қайғум эшитинг у таржумонимдан,-
деган сатрларни эпиграф қилиб келтирган эди. Шоир ўз шеърларининг мазмунига ишора қилмоқда. Замонки ҳақсизлик асосига қурилган, атроф зулмат ва қабоҳатдан иборат экан, у шодон бўла олмайди. Буни у 1909 йилдаёқ «Адабиёт…»нинг 1-жузидаги сўзбошида таъкидлаб кўрсатган, «шеърга ҳарис» халқига «ҳасрат ва надоматлар»ини айтишга бел боғлаган, тасодифмаски, ўзига «Ҳижрон» тахаллусини танлаган эди.
Авлоний шеърларини ўқир экансиз, кўз олдингизда XX аср бошидаги Туркистон манзаралари гавдаланади. Шоир унга юк-сакдан, дунё халқлари ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар, Евро-падаги тараққиёт нуқгаи назаридан разм солади.
Мана, тараққиёт асридаги Туркистоннинг рангсиз, жонсиз ҳаётидан лавҳалар:
Самоварга чиқишуб, ёшу қари чулдирашур,
Эртадан кечғача чойни ичадур шўлдур-шўлдур.
Ўлтуруб мақташадур отини, эшакларини,
Бири дер – йўрға, бири дер:-сеники-дулдур-дулдур.
Уйда оч ўлтурадур хотини, эр – тўкма еяр,
Келтуруб бачча, базмларга кетар пулдур-пулдур.
Ўйнабон қарта-қимор, пулларини бой берибон,
Том тешиб, бўхча ўғирлаб, одам ўлдур-ўлдур.
Бу лавҳалардан аста-секин Туркистоннинг яхлит манзараси ҳосил бўлади. Дилни димиқтирувчи бу сўлғин ранг қанчалик жирканч бўлса, шунча аянчли ҳамдир. Бу туйғулар бора-бора шоирда жуда табиий эҳтирослар пўртанасига айланади: «Хонумони хароб», «бойқушларга ҳамдам», фарзандлари «ҳайкал»дек жонсиз, «вайрон» Туркистон! Йўқ! «Саҳни жонлик жаноза бирлан тўлгон» «буюк мазор!» Унга ўлик кимсалар—«мадфун зиндалар» қўйилган. Бу тирик ўликлар -Туркистоннинг бу кунги ноқобил авлодларидир. Унинг аҳволига ер ҳам, осмон ҳам йиғлайди. У — ҳам фақир, ҳам хақир. Бир тарафдан жаҳолат, иккинчи томондан хорлик. Шу аҳволда у «баданидан дои-мо қон олдиради» — мустамлакачилик жафосини тортади…
Маризинг бир тарафдан, бир тарафдан хорсан — миллат,
Бадандан доимо қон олдурар беморсан — миллат.
У на «тили», на «қулоғи» бўлмаган сурати девор. Бу мудҳиш ҳол шоирни ларзага солади. Бутун вужуди билан унинг «кўз очиб» дунёга разм солишини, «уйғон»ишини истайди:
Кўзинг оч, ётма, ғафлатдан ўсон, миллат, ўсон миллат!
Топар сан бирла авлодинг омон, миллат, омон миллат! –
деб ҳайқиради шоир.
Муҳими шундаки, шоирдаги миллий ҳасрат нидолари ижтимоий оҳанг билан ҳамовоз жаранглайди. У бу «буюк мазор»нинг кимларгадир «боғи жинон» — жаннат гулшани эканлигини билади. Ҳа, у ҳаммага ҳам бирдай «аламзор» эмас. Унинг «фароғати» ҳам бор. Лекин уни «ҳукамо»гина кўради. Унинг «ғунчалари» ҳам кўп, бироқ уни «ҳукамо»гина теради. Аммо бизда қани ўша «ҳукамо?» «Фуқаро»нинг насибаси эса, гулнинг тикани («хор»)дир. Шу туфайли у оёқ остида — «хоки мазаллат»да. Бу «манзар» шоирга «маҳшар» азобини беради. Шоир унга ҳар назар ташлаганда, «бағри кабоб» бўлади. Аммо у — Она! Шоир унга фарзандки, унинг дардидан изтиробга тушади. Ўз навбатида она ҳам ўз фарзандининг тарбияси ва тақдири учун бурчли:
Эй модарим, чўжуқларинг ифлос, безиё,
Остингдан устинг ўлди биза тар(и)қа фуқаро.
Сандин умид шулмиди, жондан азиз оно?!.
Авлоний 1912 йилда босилиб чиққан шеърларидан бирини «Дунё фожиасиндан» деб номлаган эди. Шоир унда инсонлар дунёсида инсонча ҳаёт йўқлигини қаламга олди. Беҳуда тўкилаётган қонлар, инсоннинг ҳайвонча ҳам қадри қолмагани, «бечора-ю ожизлар», афтода етимлар» бошидаги «жабру ситамлар», «ҳақ пастда қолуб, ноҳақ пул бирла қувват топ»иши, унингча, бу фожианинг бир кўринишидир. Бас, у «ғам уйи»дир. Ғамхона эса, «барбод бўл»моғи лозим.
Авлоний ҳокимлар ва тобелар — «кучлилар» ва «кучсизлар» ўртасидаги муносабатларга эътибор берди. Бу муносабатларда инсон номига муносиб белги топа олмади. Аксинча, улар йиртқич ҳайвонларнинг зўри ожизини маҳв этиш асосига қурилган кун кечириш тарзини эсга туширади. Лекин йиртқич ҳайвон билан «инсон-дарранда» орасида фарқ бор. Бу фарқ шундаки, «инсон—дарранда» сўзлайдиган, фикрлайдиган йиртқичдир. У инсоф ва виждондан лоф уради. Дўстлик, биродарлик ҳақида соатлаб ваъз ўқий олади. Эгнидан тақво либоси тушмайди. Бу биргина Туркистонга хос ҳол эмас. У ҳамма ерда мавжуд. Шоир бундай ҳолни рақиб миллат ичида эмас, миллатлар орасида ҳам кўради. Масалан, мамлакатлар ўртасида бўлиб турадиган урушлар шунинг бир кўриниши, деб ҳисоблайди. Бироқ «бу кунда маданий миллатлар урушларини тижорат ва саноатга айландурдилар,—деб ёзган эди адиб,- ва бу сояда бир-бирларига ғалаба ва рақобат қила бошладилар. Сеҳргарлик ва жодугарлик ила эмас, тижорат ва саноатгирлик ила чолишқон Оврупо Африка ва Осиёни ўзига асир ва мусаххар қилмоқдадур». Замоннинг ранги ўзгарди, холос. Моҳияти ўша-ўша. «Кучлик» миллатлар — «жаҳон Жайҳунлари» «кучсиз»ларини ўз комига тортмоқда. Шоир шуларга «туьмаи тай-ёр» бўлишдан огоҳ қилмоқчи. Шунинг учун ҳам у миллатнинг ҳаёт-мамот масаласи ҳал бўлаётганини, унинг «явмул-ҳисоб» қаршисида турганини таъкидлайди. Хўш, шоир буларнинг олдини олиш, инсонларнинг инсонларча ҳаёт кечиришини таъмин қилиш, жумладан, Туркистонни озод ва бахтиёр этиш учун нимани таклиф қилади?
Аввало шуни айтиш керакки, шоир, гарчи одамлар муноса-батида ёввойи табиатнинг шафқатсиз қонунларига хос хусусиятлар кўрса-да, уларнинг бир кунмасбир кун меҳру муҳаббатга айланишига, Туркистоннинг эса озод ва обод бўлишига астойдил ишонади.
Гарчи ман маъюсу пурғам миллатим аҳволидан,
Қатъ уммид айламам таъмаи истиқболидан, –
деб бошланар эди шоирнинг «Истиқбоддан орзуларим» шеъри.
Келур улфат, адоват ўртадин қалқур, кетар бир кун,
Қаро кунлар кетуб, ўрниға равшанлик етар бир кун,
Адолат боғида гулҳойи тарбият битар бир кун,
Очиб ғунча даҳонин, шодлиғ изҳор этар бир кун,
Ўлур олам гулистон, қайғу-кулфатлар йитар бир кун,
Гулоби ҳуррият атри мусаффосин отар бир кун,
Дилим, ғам чекма кўб, бир кун келур, бедор ўлур олам,
Чиқиб булбуллари чаҳчаҳ қилур, гулзор ўлур олам… –
деб ёзади яна бир шеърида.
Сўнгги байт истиқбол орзуси билан тўлиқ мазкур мусамманнинг ҳар бандини якунлагандек такрорланиб келади. Бу шеър 1912 йилда босилиб чиққан. Шоир инсонлар ўртасида меҳру муҳаббат, дўстлик қарор топишига, адолат ва ҳақиқат тантана қилишига, ёруғ кунлар келишига ишонч билдирмоқда. Ҳатто озодлик — ҳуррият замони ҳақида орзу қилмоқда. Лекин табиийки, булар ўз-ўзидан содир бўлмайди. Шоир буни яхши тушунади. Худди шу шеър — мусамманнинг ўзида ҳам бунга ишора бор. Шоир гагши илм-маърифатдан бошлайди. Ундан кўп нарса умид қилади. Ҳатто уни салкам нурли ҳаётга олиб борувчи бирдан-бир йўл деб ҳисоблайди. Шеърда илгари сурилган бу фикр маълум мантиққа таянади, албатта. Жумладан, усиз кенг халқнинг ўз ҳуқуқини англай олиши мумкин эмаслиги табиий эди. Шоир ўлкадаги нодонликни қоралар экан, шу масалага алоҳида эътибор беради: «Ҳуқуқ(н)инг нўлдиғин идрок қилмас, жисмимиз бежон», — деган сатрни учратамиз шеърда.
Буни тахминан истиқбол учун курашдаги иккинчи босқич деб ҳисоблаш мумкин. Самарқандлик Сиддиқий Ажзий ҳам ўзининг «Миръоти ибрат» достонида бу масалага кенг ўрин ажратган эди. Лекин булар билан ҳам ҳеч иш битмайди. «Бир ғоя атрофида уюш-моқ, бир маслакни тутмоқ», маълум бир «идёл»ни ушлаб ўша учун «курашмоқ» керак. Бу ҳам ҳалиги мусамманда бор.
Абас бир ғоясиз дунёи дундан яхшилик кутмак,
Керак бир маслаку бир ғояу идёлни тутмак,
Биза бир йўлни ушлаб, нури мақсуда бориб етмак…
Бунинг учун эса халқ ўз ҳақ-ҳуқуқини англаган бўлиши, нима учун курашаётганини аниқ билиши ва у йўлнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиши лозим.
Авлоний 1914 йилда босилган «Мухотабим қалам» («Қаламга хитобим») шеърида қаламга хитобан «ожизлара имдод қил»ишини «миллат хонадонини тоза таъмир ила бунёд эт»ишини ўтинади. Диққат қилайлик, «тоза таъмир» билан, яъни қайтадан қуриб, янгитдан бунёд этиш устида гап кетяпти.
Дарҳақиқат, шоир шеъриятининг бош йўналишини миллатда миллий онгни шакллантириш ташкил этди. Бунинг учун у Туркистон турмушини бошқа халқлар ҳаёти билан қиёслаб кўрсатди.
«Боболаримизнинг «бўлса бўлар, бўлмаса ювлаб кетар» замонлари ўтуб, ўрнига «билғон битар, билмағон йитар» замони келди. Америкаликлар бир дона буғдой экуб, йигирма қадоқ буғдой олурлар. Ёвруполиклар ўзимиздан олган беш тийинлик пахтамизни кетуруб, ўзимизга 25 тийинга сотурлар!»
Биринчи Жаҳон уруши ва унинг асоратлари мавзуи ҳам Авлоний ижодидан кенг ўрин олган. Шоир бу мудҳиш фалокатнинг юзага келиш сабабларини таҳлил қилади, унинг мазмун-моҳиятини белгилашга уринади. Унингча, бош сабаб «рақобат», бўлинган дунёни бўлиб олишга уриниш, «олама ҳокимлиғ» дағдағаси эди.
Ниҳоят, мардикорлик воқеалари юз берди.
Чор ҳукумати ён беришга мажбур бўлди. Мардикорликка олинадиганлар сони қисқартирилди. Уларни жўнатиш кейинга сурилди. Туркистонни яхши билган А.Н.Куропаткин генерал губернатор қилиб тайинланди.
18 сентябрь куни мардикорлар тушган биринчи эшелонни тантанали жўнатиш маросими бўлди. Ғоят тадбиркорлик билан иш кўрилди. Мардикорларга ош тортилди, пул ва ширинликлар улашилди. Куропаткиннинг шахсан ўзи уларга оқ йўл тилаб, кузатиб қўйди. 18 октябрда эса, Николай II мазкур эшелоннинг «вакил»ларини ўз қароргоҳида қабул қилди… Шунақа хилма-хил усул ва тадбирлар оқибатида йил охирига келиб ўлкадаги қўзғалишлар пайсал топди. Сўнг эса қўзғолон қатнашчиларини шафқатсиз жазолаш бошланди.
Йигитларни фронтга жўнатиш мавзуида адабиётимизда ўнга яқин шеърий тўплам майдонга келган. Авлонийнинг «Мардикорлар ашуласи» китоби ҳам шулар сирасида. Халқ қўшиқлари йўлида ёзилган бу шеърлар ғоят дардли, ғамгин. Уларда осойишта ҳаётни чайқатиб, инсонлар тақдирини алғов-далгов қилиб юборган урушга, унинг ҳайбаракаллачиларига пинҳоний ғазаб яширинган. Шоир шеърлари билан ўзбек мардикорлик поэзияси деган ҳодисанинг майдонга келишида ўз ҳиссасини қўша олди.
Афсуски, Абдулла Авлонийнинг 1916 йил, айниқса 1917 йил Февраль-Октябрь оралиғидаги поэтик ижоди ҳақида жуда кам маълумотга эгамиз. Ҳозирча, 2 шеъри маълум. Бири «Қутулдик», иккинчиси «Ётма» деб номланган. Номиданоқ айтилмоқчи бўлган гап англашилиб турибди. Шоир Февраль воқеалари муносабати билан ватандошларини мустабид чор ҳукуматидан, «бадкирдор Романов», «думдор Распутин»лар зулмидан қутулгани билан му-боракбод этади. Чиндан ҳам самодержавиенинг ағдарилиши ул-кан ҳодиса эди. Олдинда вазифаларнинг энг муҳими ва асосийси – миллий, мустақил Туркистонни барпо этиш, ҳокимиятни ўз эгаларига олиб бериш турарди. Шоир буни тушунади ва «миллати нажиб»ни «ғайрат қил»ишга, «ҳур йўл»ни маҳкам ушлаб, барча зулмлардан халос бўлишта чақиради.
Инқилобий воқеалар Авлонийга таъсир этмай қолмади. У энди истиқболни фақатгина маърифат, илм-фан орқали қўлга киритиш мумкин эмаслигини англади, эрк ва ҳурриятга етмоқни йўли битта – бирлашиш, миллий демократик кучларни бирлаштириш деган хулосага келди. Шу умидда рус инқилобий ҳаракатчилиги, советлар билан ҳам боғланди. Афсуски, социалистик «идёл» деганлари сароб эканлигини, советлар йўли оқ империянинг моҳияти ўзгармаган «қизил» шакли эканлигини дафъатан англай олмади.
Шеъриятда эса янги ғоя ва тимсоллар учун янги шакл ва ифодалар излади. Эскиларига янги мазмун сингдирди. Уларнинг муҳимлари қуйидагилар эди:
- Вазннинг янгиланиши.
Маълумки, минг йиллик классик шеъриятимиз аруз вазнида ёзилган. Аср бошидаги шеъриятда ҳам у ягона ва асосий вазн эди. Лекин Навоийгача бўлган ва ундан кейин яратилган халқ оғзаки ижоди – бармоқ вазнида. Мумтоз адабиётимизда бармоқда ёзилган шеър деярли учрамайди. Лекин аруз мураккаб, бўронли даврнинг гоҳ шиддаткор, гоҳ бўғиқ нафасини кенг оммага етказишда унча қулай эмас эди. Шунинг учун ҳам Авлоний муҳим ижтимоий масалалардан баҳс очувчи кўпгина шеърларини бармоқда ёзди. Бармоқни халқ оғзаки ижодидан ёзма адабиётга олиб ўтди.
Авлонийнинг бармоқдаги илк шеърлари халқ қўшиқларига мослаб ёзилди.
Масалан, «Тўй ҳақида» шеъри «Реза» куйида:
Отма мани тошлар билан, ёр-ёр, ёр-ўв,
Учуб кетай қушлар билан, ёр-ёр, ёр-ўв1 —
деб бошланадиган халқ ашуласи йўлида ёзилган ва ҳоказо.
Бу қўшиқлар шоир ташкил қилган «Турон» («Туркистон») труппаси иштирокчилари ижросида гоҳ спектаклларга сингдириб юборилар, гоҳ антрактларда ижро этилар, гоҳ миллий концерт дастурларига қистирилар эди.
- Поэтик жанрларнинг янгиланиши.
Адабиёт шу йилларда халқ ҳаёти билан янада яқинлашди, янада халқчил, оммабоп бўлди. Адиблар янги жанрлар, шаклларда ўз кучларини синашга шайландилар. Кўҳна анъанавий шакллар янги хусусиятлар орттирди. Авлонийнинг «Оила мунозараси», «Шоир ила тўти» каби бир қатор шеърлари мунозара характерида ёзилган. Масалан, «Шоир ила тўти» шеърини олайлик. Шеър шоир билан тўти ўртасидаги диалогдан иборат. Асарнинг мазмуни қуйидагича: шоир жаҳонгашта тўтидан дунёда бўлаёттан ўзгаришлар, бошқа мамлакатлар, элатларнинг аҳволи ҳақида сўрайди. Тўти Туркистон халқи ҳали ҳам ғафлатда эканлигини, илм, маданият эгаллаш учун, ҳаётда ўзининг ҳақиқий ўрнини топиш учун қўзғалмаганини айтиб, «шоири ширин сухан»га «надомат» айтади.
- Поэтик образларнинг янгиланиши.
Классик адабиётимизда минг йиллардан бери ишланиб келган гул, булбул, ёр, ағёр, май, чарх (дунё) каби образлар бу давр адабиётида, жумладан, Авлоний ижодида бошқача оҳанг, бошқача мазмун касб этди. Масалан, у гулни шундай «таъриф»лайди:
Хор алиндан бағри қон ўлмиш, бўянмиш қона гул,
Ғунча бағрин чок этуб, афғон қилур афсона гул…
Юздаги холи эмас, золим тиконнинг ёраси,
Кеча-кундуз захми ғам бирлан бутун ўртона гул…
Субҳидамда юзлариндан мавж уран шабнам эмас,
Хор зулминдан тўкар кўз ёшини дурдона гул…
Гар сабо тебратса гулни, хуш иси невчун чиқар,
Бағрига ботган тиканлардан келур афғона гул.
Найласун бечора гул ботмиш вужудига тикан,
Захмига марҳам учун яфроғига чулғона гул.
Дилдаги қайғуларин кўрганмусиз, чун заъфарон,
Чок этуб ғурбат яқосин кўрсатур инсона гул…
(«Таърифи гул»)
Бу ердаги гул анъанавий маъшуқа эмас. Субҳидамда юзига қўнган шабнам (кўз ёши) қат-қат алвон япроқлар (бағри қон бўлиши) ошиқ изтиробларини ифода этмайди. Бу ерда гап муҳаббат ҳақида эмас: гул ғурбат ва машаққатдан заъфарон бўлган юрагини чок этиб инсонга кўрсатади… Беихтиёр хор (тикан) мустамлакачи истибдодини, бағри қон гул эса жафокаш Туркистонни эслатади.
«Ҳижрони булбул», «Фиғони булбул» шеърларидаги булбул ҳам аксарият ҳолларда гул (маъшуқа) ишқида ёниб ўртанаётган ошиқ эмас. У кўп ўринларда мазлум Туркистонга карата: «Уйғон!» – деб, бонг ураётган лирик қаҳрамон – шоир образини ифодалайди.
Қўнуб гул шохига булбул, дер: «Эй инсонлар, инсонлар!
Қилурсиз тобакай ғофил ётиб афғонлар, инсонлар».
(«Садойи булбул»)
Жаҳон боғини гулзоринда фарёд этди бир булбул,
Ўтурди нағмазоринда гулин ёд этди бир булбул.
Кўруб гул яфроғини ҳажридан дод этди бир булбул,
Висоли ёр учун юз навҳа иншод этди бир булбул…
(«Фиғони булбул»)
«Ҳижрони булбул» шеъри бу ўринда жуда диққатга сазовор. Шеърнинг мазмуни қуйидагича: булбул – шоир гули – миллати ҳажрида кечаю кундуз фигон чекади. Бутун умрини унга бағишлайди. Лекин булбул гулзорда боғбон қўлига тушиб, қафасга ташланади. У энди қафасда «Гул!» деб, фарёд қилади. Золим «қафас» унга озор беради. Таажжуб! Унинг «фарёд»ини ҳеч ким тингламайди, ҳеч ким унга «раҳм» қилмайди. «Гул» ҳажрида унинг йўддоши фақатгина «ғам» бўлиб қолади…
Кейинги парчада гул образи ҳам бор. Булбул гулини ёд этяпти. У учун изтироб чекяпти. Қафас — замон. Миллатнинг «кар»лиги, эътибор қилмаслиги миллият туйғусининг сўнганлигидандир.
Кеча-кундуз қафасда, оҳ гул, деб айлаюр фарёд,
Омон бермас анго золим қафас озор ўлур булбул.
Таажжуб раҳм қилмас етмаюр фарёдина ҳеч ким,
Бу Ҳижронлиғда доим ғам билан ғамхор ўлур булбул.
Шу тариқа, Авлоний гул ва булбул образларига фақат янги маъно юклабгина қолмай бу образларни давом эттиради. Дарвоқе, Авлоний шеърларида ёр образи — илм, маърифат, тараққиёт, халқ тушунчаларини, ағёр — нодонлик, жаҳолат, зулм, истибдод аҳли маъноларини ифодалайди ва ҳоказо. Бу образларнинг акса-рияти ўзларининг илгариги маъноларидан бутунлай узоқлашган ва замон талабига мос янги мазмун, ўзга оҳанг касб этганлар.
- Шеърларнинг сарлавҳаланиши.
Авлоний ҳар бир шеърга сарлавҳа қўяди. Бу ундаги кайфият ва мазмунни ифодалашидан ташқари шоир лирикасининг умумий йўналишини белгилайдй. Мана, уларнинг айримларига эътибор қилайлик: «Эй, жаҳолат нори бирла ёнди жисми по-кимиз», «Ҳақиқат ўлсун бу хаёл», «Оқма, кўз ёшим», «Керакму ё керакмасму?», «Оҳ, бағри қоним», «Фалак бизни нелар қилди?», «Гуфтори ғам», «Жигарсўз», «Дунё фожиасиндан», «Ҳасратлик ҳолларимиз», «Гирдоби ғамдин бир пўртана», «Ғалат», «Истиқболимиз учун бир жигарсўз», «Истиқболдан орзуларим» ва ҳоказо.
Авлоний умуман сўзга катта эътибор беради. Унинг мўъжизавий кучини яхши билади. Дарҳақиқат, замона ҳаммани уйғотадиган, барчани ларзага солиб, олға ундайдиган сўзларни кўпроқ талаб этар эди.
- Анъанавий «ҳамд» ва «наът»лар мазмунининг ўзгариши.
«Адабиёт ёхуд миллий шеърлар» тўплами жузлари ҳам удум бўйича Оллоҳ мадҳи («ҳамд») ва пайғамбаримиз сифатлари васфи («наът») билан бошланади. Бироқ уларнинг барчаси охир-оқибат миллат ғамига келиб боғланади. Шоир Оллоҳга илтижо қилар экан, миллатнинг таназзулидан «нифоқ, буғз, хурофот»дан дод солади, Расули акрам руҳидан мадад тилайди.
Абдулла Авлоний татар, озарбойжон қардошлари билан яқиндан алоқа боғлади. Улардан кўп нарса ўрганди, ўргатди. Бу ўзаро ҳамкорлик унинг ижоди ва фаолиятида ёрқин излар қолдирди. Шоир машҳур озарбойжон куйчиси Муҳаммад Ҳодидан илҳом олиб, унга назиралар битди. Гоҳо бу таъсир, тамоман эргашиш, ғоя ва образгина эмас, ифода воситалари измида ҳам қолиш да-ражасигача етиб боради.
Авлоний шеърлари орасида енгил мутойиба билан ёзилганлари ҳам учрайди. Муқимий даврида бу хил шеърлар ёзиш жуда кенг тус олган эди. Авлоний мазкур анъанани давом эттиради. («Тўй ҳақида латифагўйга», «Кўкнори ва қиморбоз», «Қиморбозни(нг) қиморбозга насиҳати».)
Авлонийнинг 10-йилларда ёзган «Пинак» (1915), «Адвокатлик осонми?!» (1916) драматик асарларида шеъриятдаги ғоя ва фикрлар давом этди. Жаҳолат ва зулматга ботган Туркистоннинг чиркин манзаралари кулгили лавҳаларда саҳнада намойиш қилинди. Чунончи, «Пинак»да ғайрат ва шижоатлари билан дунёни ларзага солган, кунчикдрдан кунботишгача юрт сўраган буюк боболарнинг залолатга ботган авлодлари кўкнори ва қиморбозлар ҳаёти орқали фош этилади. «Адвокатлик осонми?!» нинг мазмуни қуйидагича: Давронбек Русияда етги йил ўқийди ва Туркистонга адвокат бўлиб кайтади. Лекин шу ўтган вақт ичида Туркистон турмушида бирор ўзгариш бўлмапти. Халқ ҳали ҳам илму маърифатдан йироқ. Фуқаролик қоидалари, давлат қонунлари, ҳуқуқий тартиблардан бехабар. Шу сабабли улар бахтсиздирлар. Давронбек шундай ўйлайди ва қўлидан келганча уларга ёрдам бермоқчи бўлади.
Масалан, Худойберди чол билимсизлиги, олди-сотдининг тар-тиб-қоидаларидан бехабарлиги оқибатида «чув тушади». Маълум муддатда қайтараман, деб тилхат бериб олган пулни «бепарволик қилиб» қайтармайди. Бундан фойдаланган бой тезлик билан унинг ерини ўзига хатлаб олиш чорасини кўради.
Бахтсиз Меҳриниса хола ўн беш йилдан бери қиморбоз эри қўлида «ўтга ёқилиб, тошга чақилади». Хуллас, ҳаммаёқ ғурбат.
Адибнинг «Биз ва Сиз» асари, номланишидан кўринганидек, турмушга икки хил ёндошишни ифода этади. Унда жаҳолат мавзуи билан ёнма-ён муҳаббат ҳам берилади. Асар марказида Европада ўн йил ўқиб «янги ҳаёт», «янги турмуш» ҳақидаги жўшқин орзулар билан қайтган Камолнинг тақдири туради. У «чуруб, билжираб кетгон» «эски турмуш»ни «тузатмоқ»чи. Унинг бутун фикри-зикри шу билан банд. У ўқимишли Марямни севади. Унинг севгиси ҳам, айтиш мумкинки, ғоявий-маънавий яқинлик асосига курилган. Бироқ «эски турмуш» кучлари устун келади. Камол ва Марям ҳалок бўладилар. Авлоний жуда муҳим бир масалани, инсоннинг бахти ва турмушини асар марказига қўяди ва жилдий ижтимоий зиддиятни кескин вазиятларда очиб беришга уринади.
Инқилобдан умид қилиб
Февраль инқилобидан сўнг воқеалар кизғин ва шиддатли кечди. 9 мартда Мунавварқори «Шўройи ислом» жамиятини тузди.
Низомиддин Хўжаев социал-демократлар билан яқинлашди. Озарбойжондан Меҳмед Амин Афандизода келиб қўшилгач, «Турон» «Турк федералист» фирқасига айланиб борди. Авлонийнинг Советларга ва улар орқали большевикларга яқинлашиши 1917 йилнинг июнига тўғри келади. Жумладан, 6 июнда «Эски шаҳар озиқ-овқат комиссияси аъзоси», 20 ноябрдан эса «Русиянинг бошқа вилоят ва губернияларига Сирдарё вилоятидан юбориладиган энг зарур озиқ-овқат маҳсулотларини ушлаб қолиш ва Эски шаҳар озиқ-овқат комитетига маълум қилиш ҳуқуқи билан назорат этувчи вакил» қилиб тайинланди.
Шундан бир ҳафта кейин Қўқонда Туркистон мухторияти эълон қилинди. Юрагида Ватан ва Миллат туйғуси қолган ҳар бир туркистонлик уни катта қувонч билан кутиб олди. Унга бағишланган ўнлаб шеърлар пайдо бўлди. Авлонийнинг қалбидан қандай кечинмалар кечди экан? Афсуски, мухториятнинг большевиклар томонидан инқилобга хиёнат сифатида баҳоланиб, қонга ботирилиши ва Авлонийнинг ўша пайтлари уни ботиришни амалга оширган Тошкент советида расмий хизматда бўлганлиги, адибнинг мазкур масалага доир бирор ёзма қайд қолдирмаганлиги бу борада аниқ фикр юритишга имкон бермайди. Лекин Ватан истиқлолини ҳар нарсадан муқаддас тутган Авлонийнинг Туркистон мухториятини дилдилдан олқишлаб, йўқ қилинганида қайғурганига шубҳа йўқ.
Авлоний 1917 йилда ўқитувчилик билан шуғулланишга ҳам имкон топди. Шоирнинг архивида сақданган паспортида унинг шу йили 31 июнь ва 3 август кунлари Қозонда «Болгар» меҳмонхонасида яшаганлиги қайд қилинган. Июнда нима муносабат билан боргани номаълум, лекин 1 августда Қозонда Бутунрусия мусулмон ўқитувчиларининг 2-съезди очилган ва Авлоний унга вакил эди. Шоир 1917 йилда маҳаллий муаллимлар ўртасида сиёсий ишлар олиб борувчи «Ўқитувчилар союзи»ни тузган эди. 1918 йилда эса Коммунистик партия сафига аъзо бўлиб кирди. Ўлка советига сайланди. Тошкент партия ташкилоти, шаҳар ижроия комитетида масъул вазифаларда ишлади. «Улуғ Туркистон» газетасининг 1918 йил сонларидан бирида босилган расмий хабардан Авлонийнинг ўша йили Эски шаҳар ижроия комитети раиси лавозимида ишлагани маълум бўлади. 17-29 декабрда бўлиб ўтган Туркистон Коммунистик партиясининг 2-съезди Авлонийни Марказий Комитетта аъзо қилиб сайлади. 1919 йилнинг апрелида Туркистон Марказий Ижроия Комитетига сайланди. «Иштирокиюн» газетасини юзага чиқарувчи ҳаммуҳаррири бўлиб ишлади.
1919 йилнинг июнида Авлоний РСФСР ҳукуматининг топшириғи билан Афғонистонга боради. 1919 йилнинг 28 сентябридан 1920 йилнинг 20 июлигача Ҳиротда бош консул бўлиб туради. Афғон сафари Авлонийдаги большевиклар ҳукуматига бўлган
шубҳани кучайтириб юборади. Ўзларини ҳақиқатчи деб жар солган рус большевикларининг собиқ чор генералларидан мутлақо қолишмаслигига амин бўлади. «Оҳ, на инсоният, на баробарлик, на социалистлик, на миллат тафриқа қилмайдурғон интернадио-налистлар дунё юзинда топилармукин? — ёзади «Афғон саёҳати» хотираларида.—Балки бордур, топилур, лекин вужуди анқонинг тухумидек камёб эканлиғин Афғонистон сафарига чиқғонда аниқ билдим. Афғонистонға чиқғон беш ҳайъати ваколанинг ичида биргина мусулмон ман ўлдиғимдан ҳар бир оғир меҳнатлар, ҳар бир кулфат ва азиятлар мени устимға юкланди… ўртоқ Бровин афғон туфроғига ўтгандан сўнг ўзини(нг) женерол чор ноил эълон қилмиш эди».
Авлоний 1920 йилда соғлиғи ёмонлашгани туфайли Афгонистондан чақириб олинади ва Туркбюронинг маданият бўлимига бошлиқ қилиб тайинланади. У шу йиллари «Касабачилик ҳарака-ти» журналининг муҳаррири, «Қизил байроқ» газетасининг таҳ-рир ҳайъати аъзоси сифатида иш олиб боради.
1921 йилдан маориф соҳасига ўтади. Ўша йили Тошкентдаги ўлка билим юртида, 1923 йилда Тошкент хотин-қизлар билим юртида мудир, 1924 йилда ҳарбий мактабда ўқитувчилик қилади.
1925—30 йилларда Ўрта Осиё Коммунистик университети (САКУ), Ўрта Осиё Қишлоқ хўжалиги мактабида (САВКСХШ) дарс беради. Ўрта Осиё Давлат университети (САГУ) педагогака факультетининг тил ва адабиёт кафедраси профессори, сўнг мудири бўлиб ишлайди.
Сўнгги пайтларгача Авлонийнинг Октябрдан кейин ёзган ва совет матбуотида босилган ўнтача шеъри ва бир нечта ҳикоя ҳамда мақолалари маълум эди, холос. 60-йилларда унинг ўша йиллари ёзилган талай қўлёзма шеърлари борлиги маълум бўлди.
Авлонийнинг шахсий архивида «Пўртугалия инқилоби» номли бир драматик асари бор. У адибнинг бошқа асарларидан ажралиб туради. 5 парда 10 кўринишли бу асарни муаллиф фожиа (трагедия) деб атаса-да, мазмунига кўра у қаҳрамонлик драмасига яқин. Кўлёзма муқовасига «1921 йил 23 январда ёзилди» деб қўйилган. 20-йилларда адабиётимизда «жаҳон революдияси» деган гап кенг тарқалган пайт эди. Шу жиҳатдан, буни ҳам шу йилларда ёзилган деб тахмин қилиш мумкин.
Асар 20-йилларда саҳнага қўйилган. 1924 йилда ҳатто нашрга тайёрланган эди. Юқоридаги сана шу муносабат билан кўчирилган пайти бўлиши керак.
Бир-икки оғиз гап драманинг мазмуни ҳақида.
1910 йилнинг 5 октябрига ўтар кечаси Португалияда Англиянинг тазйиқидан, монархиянинг зулмидан тоқати тоқ бўлган халқ қўзғолон кўтаради. Унга республикачилар бош бўладилар. Уларни армия қисмлари ҳамда ҳарбий-денгиз флоти қучлари қувватлаб чиқади. Лиссабонда бутун халқ оёққа туради. Қирол Мануэл қочиб кетади. Шоҳлик тугатилиб, Португалия Республика деб эълон қилинади. Вақтли ҳукумат бошлиғи қилиб Брога тайинланади.
«Пўртугалия инқилоби» драмаси заминида мана шу конкрет тарихий воқеа ётади. Республикачилар ва шоҳпарастлар ўртасидаги шиддатли кураш – асарнинг бош конфликти. Асосий персонажлар Долқориё, Брога, Гарсио, Дифроролар тарихий шахслар бўлиб, улар бир мақсад йўлида – Португалияда шоҳликни тугатиб, Республика ўрнатиш учун курашадилар ва ғалаба қозонадилар. Асар инқилобчиларнинг «Марсельеза» садолари остида саҳ-нага қизил байроқ кўтариб келиши билан тугайди. Кўриняптики, Португалиядаги сиёсий озодлик ва мустақиллик йўлида бўлган қўзғолон билан Туркистондаги қўзғолишлар ўртасида маълум муштараклик бор. Асар бадиий жиҳатдан анча бўш.
Авлоний қўлёзмалари орасида «Икки севги» деб номланган тугалланмаган пьеса бор. Икки пардалик фожиа шаклида мўлжалланган бу драма 1908 йили Туркияда бўлиб ўтган ёш турклар ин-қилобига бағишланган. У ерда асар қаҳрамони Нозимбекнинг икки муҳаббати – ҳуррият ва ёрга муҳаббати ҳақида гап кетади. Нозимбек – «Иттиҳод ва тараққий»2 жамиятининг аъзоси. Кеч тунда унга эртага бўладиган ҳал қилувчи қўзғолон ҳақида хабар келади. Шу пайт хотини Холидахоним кириб қолади. Ҳурриятчиларнинг шаҳарда қилаётган ишларидан сўз очади. Нозимбек ич-ичидан Хо-лидахонимнинг хайрихоҳлигидан мамнун бўлса-да, эртанги қўзғо-лон ҳақидаги мактубни ундан бекитади. Унинг хатарлик бу ишга аралашишини истамайди. Бироқ уни бу йўлдан қайтаролмаслигига ишонч ҳосил қилгач, мактубни кўрсатишга мажбур бўлади. Эр-хотин фарзандлар тақдири ҳақида узоқ тортишадилар. Лекин уларнинг гражданлик туйғулари ҳамма нарсадан устун келади. Улар кураш ва ўлимни афзал биладилар.
Иккинчи пардада Нозимбекнинг жангда ярадор бўлиши ҳикоя қилинади. Воқеа ярадор Нозимбекнинг Холидахоним ҳалокати ҳақидаги хабарни эшитган жойда узилади.
Асарда Холидахоним анча фаол тасвирланган. Бу Нозимбекнинг «Айби йўқ, жоним! Ҳуррият эрлардан кўпроқ хотунларга керак эканлиғин билганингдан сўйлаюрсан» деган сўзлари билан далиллангандай бўлади. У Нозимбекни адолат ва озодлик учун курашга ундайди. Масалан, унга қарата: «Ҳуррият ўрдуси Истан-були муҳосара қилмишлар. Сиз на учун беғам ўтурасиз? Оё, бу ғариб миллатни(нг) асоратдан қутқармоқ сизнинг вазифа эмас-ми?! Бу золим истибдодпарастлари йиқмоқ учун қаҳрамон ҳуррият ўрдусига қўмаклашмоқ лозим эмасми?! (3-бет),-дейди. Инқилобни ҳар нарсадан муқаддас билади. Уни эрларнинг иши деб ўтирмайди. Ҳатто, «агар ҳуррият йўлинда ўлсам, баним учун энг саодатлу ўлумдир. Агарда бирорта мустабидлардан ўлдурсам, ўз вазифамни адо қилғон бўлурман» (4-бет), деб ҳисоблайди.
Парча шуни қўрсатадики, Авлоний бу асарида персонажларнинг руҳий дунёсига алоҳида эътибор берган. Масалан, улар ин-қилобни шунчаки бир қаҳрамонликка восита деб тушунмайдилар. Нозимбек унинг ҳаёт-мамот масаласи эканлигини, унинг ҳар лаҳзаси таҳлика ва хатар билан тўла бўлиб, қурбонсиз қўлга кирмаяжагини яхши ҳис қилади:
Оҳ, бу ҳуррият эҳсон истар,
Инқилоб қайда кезар, қон истар.
Ҳалқа-ҳалқа сочина ҳар кишини айлар асир,
Юзини руҳина қўймоқға қизил қон истар.
Кимки кўрди юзини, тоқат эта олмайди,
К-ена васлу дийдорина қурбон истар.
Ўйла бир маҳваши диддор эрур ҳуррият,
Ҳажри-да, васлида Ҳижрон истар.
У ҳурриятнинг мазмун-моҳияти, уни душманлардан ҳимоя қилиш, асраб-авайлаш ҳақида ҳам ўйлайди. «Ҳурриятни кўрмоқ ва қўлга олмоқ осон бир шайдур. Лекин қўдда ушлаб турмоқ, бу маккор маҳбубни ағёрдан, душмандан қўлда сақламоқ ниҳоятда қийиндур» (1-бет).
1908 йилдаги ёш турклар инқилоби ғалаба билан тугаган бўлса-да, мамлакат ва халқ қисматини енгиллатиш йўлида бирор жилдий ўзгариш ясай олмади. Бироқ бу ҳодисанинг халқ миллий онги тараққиётида изсиз кетмагани аниқ, албатта.
Хўш, Авлонийнинг мана шундай инқилобга мурожаат қилишининг сабаби нимада?
Аввало, шуни айтиш керакки, у ёш турклар инқилобининг мазмун-моҳиятини англаб етган эмас. Бу инқилоб Туркияда дастлабки пайтларда халқнинг барча қатламлари томонидан умум-халқ инқилоби сифатида кутиб олинган ва олқишланган эди. Масалан, Тавфиқ Фикрат «Миллат шарқияси»ни ёзиб, уни:
Миллат йўлидур, ҳақ йўлидур тутдигимиз, йўл,
Эй ҳақ, яша! Эй севгили миллат, яша, вор ўл! –
деб куйлади. «Дўғон гунаша», «Фердо» шеърларини ёзди. Деярли ҳамма шоирлар ва адиблар унга бағишлаб асарлар ёздилар. Унинг бениҳоя тор, чекланган, кенг халқ манфаатларига зид моҳияти сўнгроқ аён бўлди.
Турк адабиётидан яхшигина хабардор Авлоний ўша илк таас-суротлар таъсирида унга хайрихоҳ бўлган бўлиши мумкин. Лекин бизнингча, «Икки севги»га қўл урилишида ёш турклар инқилобининг мазмун-моҳияти у қадар муҳим роль ўйнаган эмас. Авло-ний учун энг муҳими инқилобий мавзу бўлган. Оммани ижтимо-ий-сиёсий уйғотиш, инқилобий кайфиятни тайёрлаш, маслак ва унинг йўлидаги фидойилик бўлган. Иккинчидан, тил, урф-удум, эътиқод ва турмуш тарзидаги яқинлик мавзу ва масаланинг кенг оммага етиб боришини енгиллаштирарди. Муаллиф шуни ҳам ҳисобга олган. Бу ҳам Авлонийнинг юқорида айтилган, «мақсадимиз зоҳирда театру бўлса ҳам ботинда Туркистон ёшларини сиёсий жиҳатдан бирлаштирув ва инқилобга ҳозирлов эди», деган гапларига яна бир далил бўлиб хизмат қилади ва унинг ин-қилобий фаолиятига мос тушади.
Шоирнинг инқилобий тўнтаришлар давридаги фаолияти қанчалар таҳликали кечган бўлса, ижоди ҳам шу қадар мураккаб, зиддиятли бўлди. У, бир томондан инқилобга катта умид билан қаради, ўз истеъдодини унинг хизматига қўйди. Иккинчи томондан, унинг ўзгаришларидан қаноатланмади. Тўғрироғи, юртнинг иқтисодий талон қилинаётганлигини, маҳаллий халққа ҳеч қандай ҳуқуқ берилмаганлиги, асрий тартиб-удумлар, миллий анъа-налар оёқости бўлаётганини, диндиёнат емирилаётганини кўриб изтиробга тушди. Мана бу сатрларга разм солайлик:
Ҳар сонияда ўзга алам, ўзга жафодур кўраман,
Ҳар соат ичинда неча бинг дард-аламдур кўраман.
Ҳар кеча тиларсан ўлажак, эртаси равшан,
Ул кундузи кечунда батар тоза фанодур кўраман.
Ҳар кун бошинга турфа бало тоши ёғилгай,
Ҳар гўшада бўлсанг-да, қудуратла қазодур кўраман.
Дерларки ойинг яр(и)си қаро, ярмиси равшан,
Ўттуз куни ҳам бизга букун қоп-қародур кўраман.
Дерларки қиёмат ўлажақ жумъа кунида,
Байрам кунимиз маҳшари ваҳм рўзи жазодур кўраман.
Ҳижрон ўтадур ҳасрат ила ою йилимиз,
Ҳар аср биза бир тўда ғам оҳ-наводур кўраман.
Инқилоб бахт, фароғат олиб келмоғи, зулмнинг илдизи қир-қилиб, адолат гуллари барқ уриши лозим эди-ку! Нега бундай бўлди? Наҳотки, «Инқилобни даҳолар тайёрлайдилар, мутаассиблар амалга оширадилар, муттаҳамлар роҳатини кўрадилар» деган Бисмарк яна ҳақ бўлиб чиқса?!
«Шонли инқилоб»нинг миллатлар бошига, биринчи навбат-да, руснинг ўзига қанча офат келтирганига оид янги-янги ҳуж-жатлар, материаллар чиқмоқда. Машҳур Достоевский бундан юз йилча оддин социализм деган ғоя юз миллион руснинг бошига етиши мумкинлигини айтган экан. Солженидин бир интервьюсида 1917 ййддан 1959 йилгача бўлган қатағонлар мисолида буни ҳисоблаб чиқариб берган эди2.
Лекин «шонли инқилоб» йиллари унинг фожиали оқибатлари жуда кам кишининг хаёлига келди. Деярли ҳамма инқилобнинг тантанавор оҳангларига масту мустағриқ эди, ихтиёрсиз у билан баравар қадам ташларди.
Авлоний кўплаб шарқия машқлар ҳам ёзди. Шарқиячилик ин-қилоб йилларида жуда кенг тус олган. Сабаблари маълум. Оммага руҳ бериш лозим эди. Авлоний ўша йиллари «Ҳуррият марши», «Қрзил таёқчилар марши», «Толиби илм марши» каби бир неча маршлар яраттан. Шоир «Ҳуррият марши» шеърида Туркистонни ҳуррият билан табрик этади, уни «Ҳур бўлиб яшашга», «бир бўлиб яшаш»га ундайди:
Ҳур бўлиб яша, бир бўлиб яша!
Ҳамла жавобни эмди сен таша!
Шонли ҳуррият – Туркистонники,
Шонли Туркистон – ишлагонники!
Барча ишчилар ҳуррият – сизинг,
Жаҳлу зулмдан барчангиз безинг!
Шонли ҳуррият – Туркистонники,
Шонли Туркистон – ишлагонники!
Ушбу «Ҳуррият»нинг «шонли» эмаслиги ва Туркистонники бўлмаганлиги унга ҳали маълум эмас.
Бу шарқиялар, жумладан, «Ҳуррият марши» унинг замондошларида катта таассурот қолдирган. Масалан, Садриддин Айний шеърдан ғоят таъсирланган ва ўзининг машҳур «Мактаб марши» («Иштирокиюн» газетаси, 1920 йил, 48-сон) шеърини ёзган. Айний ўз шеърига Ҳижроннинг «Ҳуррият шарқия»сига ўхшатма деб изоҳ берган.
Авлоний 17-йилдан кейин яна 17 йил яшаган бўлса-да, ижодда ҳам, фаолиятда ҳам инқилобдан илгаригидек серҳаракат бўлган эмас. Ҳатто бирорта ҳам адабий-бадиий китоб ёхуд тўплами босилмагани буни кўрсатиб турибди. Тўғри, «Набил», «Индамас», «Шуҳрат», «Тангриқули», «Сурайё», «Чол», «Аб», «Чегабой», «Абдулҳақ» каби имзолар билан газета-журналлар-да, айниқса, «Муштум»да кўплаб ҳажвий шеърлар, кулги ҳикоялар бостириб турди. Лекин катта, жилдий ишлар қилмади. Аммо шеърларида қочириқлар, таггаплар кўпайиб борди. Масалан, «Муштум»нинг 1923 йил 15-сонида босилган «Бир мунофиқ тилидан» шеърида бу яққол кўринади. Муаллиф шеърда бир кишини эмас, бутун зиёлини буқаламунга айлантириб қўйган инқилобни, шўро ҳукуматини нишонга олади.
Абдулла Авлоний Октябрдан кейин бир оз камнамо бўлгандек кўринса-да, адабиётдан чиқиб кетмади. Унинг 20-йиллардаги адабий ҳаракатчиликда, ёш қалам аҳлларини вояга етка-зишда, уларга ижод сирларини ўргатишда фаол йштирок этгани кўпчиликка маълум. Адабиётга ўша йиллари кириб келган атоқли шоиримиз Миртемир «Ёш ленинчи» газетаси қошидаги машғулотларда Абдулла Авлоний тез-тез иштирок этиб турганини хотирлаган эди.
Адиб истеъдодли ёш ҳамкасабаларига йўл-йўриқ кўрсатди. «Шеърида зўр маҳорат кўрсатган» Ҳамид Олимжон, «иқгидорли шоир ҳам ёзувчи» Ғафур Ғулом, «таниқли шоир» Уйғун ҳақида матбуотда фикрлар билдирди.
Форс, рус, озарбойжон, араб тилларини дурустгина бвдран, Шарқ ва Ғарб маданияти классиклари билан яхшигина танйш Авлоний 20-йилларда самарали илмий ишлар ҳам олиб борди. 1930 йилда САГУ педагогика факультетининг тил билими кафедраси бўйича профессор, сўнг мудир бўлиб тасдиқлангани бежиз эмас. Илмий ходимлар секдиясида, Ўздавнашрда, Республика терминология комитетида, Давлат илмий советида масъул вазифаларда ишлади.
1933 йил VII синф учун хрестоматия тузиб, нашр эттирди. Унга 20-30-йиллардаги ўнлаб ўзбек адиблари ҳамда рус, Европа адабиётининг қатор вакиллари ҳақида биографик маълумотлар киритилган, уларнинг машҳур асарларидан намуналар берилган эди.
1934 йил 25 августда вафот этди.