Каромиддин Гадоев. Маҳмуд аз-Замахшарий

Буюк мутафаккир ва тафсирчи олим дея тан олинган Абдулқосим Маҳмуд ибн Умар аз-Замахшарий 1075 йилнинг 19 мартида Хоразмнинг Замахшар қишлоғида туғилган.Аз-Замахшарийнинг ёзишича, ёшлигида отдан йиқилиб, бир оёғи майиб бўлгач, отаси унинг тикувчилик касбини эгаллашини истаган экан. Дастлаб отаси қўлида савод чиқарган ва жуда чиройли ҳуснихатга эга бўлган Аз-Замахшарий шаҳарга, яъни Кўҳна Урганч (Журжон) мадрасасида таълим олишга қарор қилди. Кейинчалик Бухоро ва Хуросон илм даргоҳларида билим даражасини янада оширган.

Аз-Замахшарий ҳаёти давомида тинмай саёҳат қилган. Сайёҳ-олим Шарқ, хусусан, мусулмон мамлакатларини 1100-1122 ва 1127-1139 йилларда икки марта кезиб чиққан. Олим Хуросон, Эрон, Арабистон, Ироқ, Яман, Шом (Сурия)нинг Марв, Нишопур, Исфахон, Бағдод, Ҳижоз, Дамашқ ва Макка шаҳарларида бўлиб, асарлари учун бой манба тўплаган.

1109 йилда Аз-Замахшарий Бағдодга йўл олди. У ерда турли адабиётларни ўрганган ва мударрислик қилган. Бағдодда яшаган вақтида ислом оламининг таниқли олимлари билан ҳамсуҳбат бўлди. Бу унинг кейинги ижодига ўз таъсирини кўрсатган. Бағдодда бир фурсат яшагач, олим Маккага йўл олди ва Шом (Сурия), Арабистоннинг қатор шаҳарларида ва Яманда бўлган. Манбаларда ёзилишича, олим ўзининг кўплаб асарларини Маккада ёзган ва худди шу ерда буюк олим деб тан олинган.

Жумладан, дунё фани ривожига қўшган ҳиссасига эҳтиром сифатида Аз-Замахшарий “Жоруллоҳ”, яъни “Аллоҳнинг қўшниси”, “Устаз уд-дуня” — “Бутун олам устози”, “Фахру Хварезм” — “Хоразм фахри” деган фахрли номларга сазовор бўлган.

1139 йилда олим ватани Хоразмга қайтиб, умрининг охиригача шу ерда яшаган. Аз-Замахшарий Кўҳна Урганчда дафн этилган бўлиб, ХИВ асрда яшаб ўтган таниқли араб сайёҳи Ибн Батута ўзининг эсдаликларида Аз-Замахшарийнинг гумбаз томли мақбарасини ўз кўзи билан кўргани ҳақида ёзган.

Аз-Замахшарий сермаҳсул олим бўлиб, фаннинг турли соҳаларига оид элликка яқин асар ёзган. Шулардан йигирма бештаси бизгача сақланиб қолган. Тилшуносликка оид “Асос ал-балоға” (“Сўзга усталик асослари”, “Чечанлик пойдевори”), ислом оламида унинг 1134 йилда Қуръони каримга ёзган шарҳларини (тафсир) ўз ичига олган “Ал-Кашшоф” асарлари жуда машҳур. “Ал-кашшоф” асари Қуръон тафсирига оид асарлар ўртасида энг мукаммал эканлиги шарқшунос ва арабшунос олимлар томонидан тан олинган. Шу боис мазкур асардан дунёнинг турли мамлакатлари дорилфунунларида дарслик сифатида ҳалигача қўлланиб келинмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, Аз-Замахшарий тилшунослик, адабиёт, география, тарих ва бошқа қатор фанларни чуқур ўзлаштирган қомусий олим бўлган. Фаннинг мазкур йўналишларида мактаб яратган олимнинг 200 дан ортиқ шогирди бўлган. Асарларини бевосита ўрганиб, илму фаннинг сирларини эгаллаган 100 дан ортиқ олимлар ўзларини ғойибдан Аз-Замахшарийнинг шогирди деб ҳисоблашган.

Тил ва адабиёт, тафсирга оид асарлар билан бир қаторда Аз-Замахшарий “Асмоу ал-адвия вал жибол” (“Водий ва тоғ исмлари”) деб аталган машҳур географик асар ҳам ёзган. Китобнинг иккинчи номи “Китоб ал-амкина ва ал-жибол ва ал-мияҳ” (“Жойлар, тоғлар ва сувлар ҳақидаги китоб”) бўлиб, олим уни ўзи бевосита ташриф буюрган шаҳарларда олиб борган кузатишларига асосланиб ёзган. Асар араб тилида ёзилган бўлиб, илк бор 1855 йилда Нидерландиянинг Лейден шаҳрида нашр этилган.

Аз-Замахшарийнинг мазкур китоби Арабистон ярим оролидаги шаҳарлар, қишлоқлар, мақбаралар, мачитлар, зиёратгоҳлар, тоғлар, водийлар, сув ҳавзалари номларининг изоҳи берилган муҳим топонимик қомус десак, хато бўлмайди. Асарнинг эътиборли томони шундаки, муаллиф географик номларни алифбо тартибида берган, уларнинг маъноси, жойларга нега шундай номлар қўйилганлиги ва шунга боғлиқ қатор қизиқарли ҳикояларни келтиради. Китобда Фаластин, Сурия, Ироқ ва Миср каби мамлакатларнинг номи тилга олиниб, улардаги шаҳарларга оид маълумотлар киритилган. Унда Ўрта Осиёдаги баъзи жой номлари учраса-да, лекин уларнинг изоҳи йўқ. Шунинг учун мутахассислар Аз-Замахшарийнинг ушбу географик асари тугалланмаган ёки охиригача таҳрир қилинмаган деб ҳисоблайдилар.

Ҳозиргача сақланиб қолган асарларининг умумий сони ва уларнинг аҳамиятига таянган ҳолда Аз-Замахшарийни нафақат исломшунос олим, балки Шарқ географиясининг ривожига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган географ ва сайёҳ-олим деб айтиш мумкин.

“Жаҳонгашта сайёҳ-олимлар” китобидан олинди