Реалистик роман жанрининг юксалишига катта ҳисса қўшган машҳур француз адиби, файласуф ва инсоний эҳтирослар назариётчиси Стендаль (тахаллуси, асл исм-шарифи Анри Мари Бейль) 1783 йилда 23 январда Греноблда адвокат оиласида дунёга келади. Анри Бейль саккиз ёшга тўлганда онаси вафот этади. Отаси Шерюбин Бейль ёш Анрини аббат Реян тарбиясига топширади. 1796 йилда у Гренобль Марказий институтига ўқишга киради. 1800-1801 йилларда Италияда ҳарбий хизмат ўтайди ва кичик лейтенант унвонини олади. Кейин ҳарбий вазирлик хизматига киради, Наполеон I армиясининг суворийлари сафида хизмат қилади (1806-1814). Бородино жангларининг гувоҳи бўлади. Бонапарт армияси инқирозга учрагандан сўнг Италияга келиб, у ерда машҳур инглиз адиби Ж.Байрон билан учрашади ва шундан сўнг адабиётга бўлган қизиқиши янада кучаяди. Итальян романтикларининг «Conciliatore» (“Муроса”) журнали билан ҳамкорлик қилади. 1815 йилдан Стендалнинг дастлабки асарлари эълон қилина бошлайди. Бу асарлардаги республикачилик руҳи ва черков шаънига айтилган номуносиб сўзлар Стендалга нисбатан шубҳа уйғотади. Ҳаёти хавф остида қолган Стендаль 1821 йилда Парижга қайтиб, мақолалар ёза бошлайди, романтизм ҳақидаги мунозараларга киришади ва публицистик рисолалар эълон қилади. 1830 йил Июль инқилобидан кейин Стендаль дастлаб Триестда, сўнгра Рим яқинидаги бир шаҳарчада француз консули лавозимида фаолият юритади. Стендаль ҳаётининг бу шаҳарчадаги сўнгги 10 йили қизғин ижод билан кечади. Стендаль ижоди XVIII-XIX асрларнинг туташ нуқтасида бошланганига қарамай, у империя ҳалокатга учрагунга қадар ҳаваскор ёзувчи даражасидан юқорига кўтарила олмайди. 1814 йилдан Реставрациянинг сўнгига қадар бўлган даврда Стендалнинг ижтимоий-фалсафий ва адабий-эстетик қарашлари узил-кесил шаклланади. У шу даврда “Гайдн, Моцарт ва Метастазио ҳаёти” (1817), “Италиядаги ранг-тасвир тарихи”, “Рим, Неаполь ва Флоренция” (1817), “Муҳаббат тўғрисида” (1822), “Россини ҳаёти” (1824), “Расин ва Шекспир” (1823-1825), “Рим бўйлаб саёҳат” (1829) сингари публицистик, фалсафий-психологик, шу билан бирга, санъат ҳақидаги асарлари ва йўл хотираларини эълон қилди.
Стендаль энди йирик бадиий асарлар ёзишга киришиб, “Арманс” (3 жилдли, 1927), “Қизил ва қора” (1831), “Парма ибодатхонаси” (1939) романлари, “Ванина Ванини” (1829) ҳикояси, “Виттория Аккорамбони”, “Ченчи” (1837), “Герцогиня Паллиано” (1838) ва “Кастролик аббатиса” (1839) сингари йўл хотираларини яратади. Бундан ташқари, адиб шу даврда “Худбиннинг хотиралари” (1832) ва “Анри Брюлар ҳаёти” (1835) номли автобиографик қиссалари, “Люсьен Левен” (1834-1836), “Ламьель” (1839-1842) романларини ёзади. “Ламьель” романи адибнинг сўнгги асари ҳисобланади. Стендаль 1842 йил 23 март куни юрак хуружидан вафот этади.
Танқидий реализмнинг шахс-га тарихийлик тамойили асосида ёндашиш, воқеалар ва характерларнинг ҳаққонийлигига эришиш, хулқ-атворларни синчковлик билан ўрганиш, онг-шуур ҳаракатини таҳлил этиш ҳақидаги талаблари Стендаль реализмининг асосини ташкил этади. Стендаль “Арманс” романида шу тамойилларга амал қилишга уринган бўлса-да, бу тамойиллар ёзувчининг шоҳ асари – “Қизил ва қора” романида ўзининг мукаммал ифодасини топган. Адиб номини дунёга машҳур қилган бу романидаги қизил ранг “эркинлик”, “республика” маъноларини англатса, қора ранг реакцион кучларни ифодалайди. Бу асарнинг яратилишига ўлимга маҳкум бир ўспирин ҳақидаги кичик мақола, айниқса, унинг ўлими олдидан “Ҳақиқатни севардим” деган сўзлари туртки бўлган. Асарда “салон ҳаётидан кўринишлар”гина эмас, балки Реставрация давридаги қарийб бутун Франциянинг ҳаёти ўз аксини топган. Стендалнинг тугалланмай қолган “Люсьен Левен” романида эса Июль монархиясининг дастлабки йилларидаги сиёсий-ижтимоий ва хусусий ҳаётнинг кенг манзараси тасвирланган.
Адиб ижоди француз адабиётининг кейинги тараққиётига катта таъсир кўрсатди ва жаҳон миқёсида шуҳрат қозонди. Стендалнинг тасвирлаш маҳорати, жамият ҳаётини бадиий таҳлил килиш санъати романдан романга ўсиб боради.
Ёзувчининг “Қизил ва қора” романидаги Жюльен Сорел каби “Парма ибодатхонаси” романининг қаҳрамонлари ҳам китобхон қалбини ўзига ром қилиш қудратига эга. Адиб асарларидаги ҳар бир қаҳрамон маълум давр ғояларини ўзида акс эттиради.
Стендаль ҳақиқат излаган адибдир. У миллионлаб китобхонлар қалбига ҳақиқат сўзини олиб кирган.
Стендалнинг аксарият асарларида ишқий саргузаштлар ҳикоя қилинади. Ёзувчи ўз қаҳрамонларини ишқ-муҳаббат савдосининг турли можароларига олиб киради. Аслида бу можаролар ҳаётнинг ўзида турли хил кўринишларда содир бўлмоқда эди.
Маҳмадиёр Асадов, Қарши ДУ ўқитувчиси
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 1-сон