Мафтуна Муҳаммадаминова. Абдулла Қодирий ва театр санъати

Улуғ адиб Абдулла Қодирий миллатнинг зиёлиси ўлароқ, ўз даврида ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари ривожида фаол иштирок этгани маълум. Ёзувчи ижодий меросининг бир қисмини ижтимоий-сиёсий, маданий жабҳаларга муносабати акс этган публицистик асарлари ташкил этади. Қодирийнинг кичик асарлари орасида санойи нафиса, хусусан, театр санъатига оид қарашлари алоҳида ўрин тутади.

Номма-ном санаганда, театр масаласи кўтарилган мақолалари кўп эмас, лекин уларнинг мазмуни, мулоҳазаларининг долзарблиги бугун ҳам аҳамиятлидир. Адибнинг “Иштирокиюн” газетасида эълон қилинган “Эски шаҳар театру ҳаваскорларига” (1919), “Бизда театру ишининг бориши”(1919) мақолалари, “Бозор суриштирмайдир” (1920) фельетони ва бошқа ҳажвиялари бизни унинг театр борасидаги закоси билан юзлаштиради.

Маълумки, ХХ аср туркий миллатларнинг уйғониш даври бўлди. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашишни ижтимоий-сиёсий, маиший турмушнинг ўзи тақозо этди. Бу ғоя барча зиёлиларни бирлаштириб, жадидчилик ҳаракатининг юзага келишига олиб келди. Батафсилроқ ифода этганда, мустақиллик ҳаракати раҳнамоларидан бири Мунаввар қори ўз хотираларида баён этганидек, “бу даврнинг ўзи миллатчилик майлларининг кучайишига туртки бўлди. Миллатчиликнинг ўсишини ҳамма жабҳаларда – оммада ҳам, матбуотда ҳам, адабиётда ҳам, ижтимоий ҳаётнинг ҳамма соҳаларида кузатилди. Бу ҳолатдан миллийликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун фойдаланиш” зарурати юзага келади.

Бу ҳаракатларни амалга оширишда маориф, матбуот,  адабиёт ва театр соҳалари асосий минбарга айлангани табиий. Даврнинг сиёсий-иқтисодий аҳволи ва халқнинг онг даражаси билан боғлиқ мушкулотларга қарамай, дунёвий билимларга ихтисослашган миллий мактаблар, газета ва журналлар, театр труппалари жадал шаклланиб борди. Театрчилик ҳаракатларига ҳам миллат келажаги учун қайғурувчи бир қатор маърифатпарварлар йўлбошчи бўлади. Ҳаракатнинг бошланиши кўплаб ҳаваскор кучларни ўзида бирлаштирди. “Шу боис жадидчилик ҳаракатининг аксарият йирик намояндалари драматургияга, театр ишларига алоҳида аҳамият бердиларДраматургия ва театр маърифат, миллат тараққиёти, озодлиги, маданияти, мустақиллиги ғояларини ташувчи энг асосий маънавий қуроллардан бири бўлиб қолди[1].

“Турон” театр-студиясининг ташкил топиши Европа типидаги профессионал театрнинг тамал тоши қўйилиб, маҳаллий ҳаваскорлар томонидан турли пьесалар ёзила бошлайди. Беҳбудий бошлаган ёзма драматургия тажрибаси кўпгина янгича фикрли ёшларни руҳлантиради. Қодирий айтганидек, “Падаркуш” рисоласи Туркистоннинг умуман деярли катта кичик шаҳарларида мавқиъ томошага қўйилиб, ёшлар учун бир даража театру мақсади онглашилувига” йўл очди.

Нусратилла Қудратилла, Абдулла Авлоний, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Ҳожи Муин, Ғулом Зафарий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Шамсиддин Хуршид каби ўнлаб маърифатчилар миллий драматургиянинг дастлабки намояндалари бўлиб майдонга чиқади.

Шеърлар, ҳикоялар билан ижодини бошлаган Абдулла Қодирий ҳам ўн тўққиз ёшида “Бахтсиз куёв” (1915) номли театр рисоласини ёзади. Адиб бу саҳна асарига қўл уришини кейинчалик қуйидагича шарҳлайди: “1913 йилда чиққан “Падаркуш” (1911 йилда ёзилган) таъсирида “Бахтсиз куёв” деган театр китобини ёзиб юборғанимни ўзим ҳам пайқамай қолдим” (1926 йил 15-17 июнда бўлиб ўтган судда сўзлаган нутқидан.)[2]

Бу даврда ёзилган драматик асарларда илмсизлик, халқнинг саводсизлиги асосий мавзу сифатида кўтарилиб, илму маърифат ғояси олға сурилган. Қодирийнинг “Бахтсиз куёв” пьесасида ҳам жамиятдаги хурофот ва илмсизликнинг оқибати акс этади. Катта тўй бериб, сўнг ҳисобсиз қарзга ботиб, охир-оқибатда ўз жонига қасд қилган камбағал йигитнинг ҳаётидан олинган мазкур пьеса 1915 йилда “Садои Туркистон” газетасида чоп этилади ва “Турон” театр-студиясида саҳналаштирилади.

А.Қодирий ижодининг кейинги даврларида бошқа саҳна асари ёзмаган, аммо бу у театр санъатининг моҳиятини англамагани ёки бу унга нисбатан қизиқиши бардавом бўлмаганини билдирмайди. Бизнингча, адиб  адабий тажрибаларининг натижасида ўз салоҳиятини назм ва драматургияга нисбатан фикрни ифодалаш имконияти кенгроқ бўлган наср ва публицистикага йўналтиради.

Туркистонда театрчилик ҳаракатининг жадаллашуви (Самарқанд, Тошкент, Қўқонда театр труппаларининг ташкил топиши) табиий равишда зиёлилар орасида унга бўлган муносабатни ҳам шакллантиради. Қўйилган томошалар хусусида матбуотда ахборот ва танқидий муносабатлар ­эълон қилина боради. Бундай мақолаларда асосан дастлабки таассуротлар ифодаланиб, бу кейинчалик мустақил йўналиш сифатида шаклланган ­театр танқидчилигининг бошланиши эди. Матбуотда зиёлилардан асосан, Мунаввар қори, Беҳбудий, Мирмулла, Ғози Юнус, Чўлпон, Фитратлар кўрилган томошалар юзасидан чиқишлар қилиб, театр санъатининг хос табиати ҳақида оммага тушунча беришга интиладилар.

Қодирий кейинги фаолиятида театр билан махсус шуғулланмаган бўлса ҳам, санойи нафисанинг барча турларини нозик тушунувчи шахс сифатида миллий адабиёт, кино, мусиқа ва театр масаласини эътибордан четда қолдирмайди.

Қодирий ёзганларида ўлкада миллий театрчилик ҳаракатларининг юзага келишида аввало татар театр труппаларининг ижодий сафарлари таъсири борлигини айтиб ўтади. Шунингдек, театр деган санойи нафисанинг Туркистон жадидчилик ҳаракати таркибида 1912 йилдан бошланди, деб маълумот беради. Тарихий шарт-шароит тақозоси билан европача шакл­даги театр юзага келиши ўтган асрнинг 10-йилларидан сўнг жадал тус ола бошлайди. Адиб кўрсатган йил, театр тарихига оид бошқа манбаларда ҳам  профессионал миллий театрнинг туғилиш вақти деб қаралса-да, бу унга қадар изланишлар, кураш ва ташаббуслар бўлмаган, деган маънони англатмайди. Адабиётшунос олим Ш.Ризаев ўз тадқиқотида изоҳлаб ўтганидек, бу сана дастлабки профессионал театр томошаларининг ёзилиш эмас, оммалашган вақтини билдиради.

Адибнинг юқорида номлари келтирилган мақолаларида ўша даврдаги театр томошалари аҳволоти баёнида сўз юритилган бўлиб, фикрлар моҳияти театр санъатининг тарихий-умумназарий мезонлар билан ҳамоҳанг келади. Мақолаларда акс этган фикрларни мазмунан қуйидаги йўналишларда таснифлаш мумкин:

– Театр санъатининг моҳияти, ғоя ва бадиият масаласи;

– Драматургия ва жанрлар;

– Замондош драматурглар ижодига муносабати;

– Театр танқидчилиги ва танқид мезонларига оид қарашлари;

– Театр соҳасининг ижодий-ташкилий муаммолари;

– Аниқ тизимни шакллантириш мезонлари ва бошқа масалалар.

Қодирий халқ турмушида қадимдан мавжуд қизиқчилик, масхарабозлик анъанавий томошалар росмана театр билан мавқе алмашинишини аввало, ижтимоий зарурат сифатида қарайди. Хусусан, “Бизда театру ишининг бориши” мақоласида “Ёшларимизнинг тарбия ери мактаб бўлса, катталаримизники театрулардир” дейди. Театрнинг зиммасида халқни тарбиялаш(!)дек улкан миссия борлигини теран англайди. Қолаверса, ҳар бир миллатнинг ўз театри бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Шунинг учун ўз даври театр санъати ҳали ёш, ярим маданий жамият ҳаётига энди кириб келган чоғларидаёқ, унинг асл вазифаларини белгилашга устивор масала сифатида қарайди.  Шу маънода театр тараққий этиши, халқ онгига таъсир кўрсата оладиган кучга айланиши учун, аввало, миллийлик ва бадиият сифатлари зарурлигини ҳис этади. Шунинг учун ўз даврида саҳналаштирилган томошалардан энг биринчи навбатда миллий руҳ ахтаради ва театр аҳли ишини ҳам шу нуқтаи назардан танқид қилади. Дарҳақиқат, театр труппаларининг дастлабки томошалари татар ва озарбайжон труппаларининг гастроль спектаклларига тақлидан ўз турмушимиздан йироқ мавзуларда бўлган. Қодирий “театр турмушимизда етишмайдиган ва ортиқча жиҳатларни акс эттирадиган бир оинадур. Иш шундағ экан, биз ҳам ўз театруларимизни кўрганимизда турмушимизнинг аксини кўрмагимиз керакдир” деганида театр замон ва халқ билан ҳамнафас яшаши кераклигини назарда тутган.

Дастлабки театр труппалари ҳаваскорлардан ташкил топгани боис, биринчи қадамлар тақлиддан бошланиши табиий ҳол, албатта. Аммо бу ҳол адиб сингари маънавият кишиларини ташвишга солади. Театр миллий руҳда, “адабий мактаб” бўлиб халқ онгига таъсир кўрсатишидан умид қилади. Шу боис, Қодирий ўз даври театри аҳволотига танқид назари билан қараб, томошалардаги шаклсизлик, бачканаликларни очиқ муҳокама қилади: “Театру бизим Тошканд мусулмон ёшлари орасинда жуда ҳам енгил бир иш онглашилғанликдан фавқулодда бир бузуқликда давом этмакда бўлиб, улуғлар мактаби бўлган театру саҳналари аллақандай сафсата ва ноаҳил кишилар қўлинда бир ўйинчиқ бўлиб келмоқдалар[3].

Дастлабки спектаклларнинг барида бу нуқсонларнинг такрорланиши, омма томонидан ҳам  бу санъат шунчаки эрмак, бекорчи бир иш каби қабул қилинишининг бирламчи сабаби – албатта, тажрибасизлик эди. Табиийки, бу даврда мутахассис кадрлар тақчиллиги катта бўлган. Қодирий кузатувларида бу омилни эътибордан қочирмаган ҳолда, муаммони бартараф этиш чораларини излайди ва“бунинг каби эътиборсизликларни орадан кўтарув учун бирдан бир чора бўлса, у ҳам танқид йўлидир”, деган хулосани ўртага ташлайди. Ҳаққоний танқид “асарни адабиёт ўлчовига солиб, операция қилиб чиқиш”, бадиий савия ва дидни шакллантириш демакдир.

Драматургия алоҳида, айни пайтда мураккаб адабий тур бўлиб, у билан қўлида қалами бор ҳар қандай киши ҳам шуғуллана олмайди. Адиб муаммонинг айни шу жиҳатларидан ҳам ечим ахтаради. Театр учун асарлар аҳлсизлар (соҳага бегона кишилар) томонидан эмас, ўз эгалари, яъни, драматурглар шуғулланиши лозимлигини таъкидлайди.

Аммо профессионал драматургия ҳали тетапоя қадамларини қўйиб, майдонга чиқиб келаётгани боис, театр рисолалари ёзадиган  ижодкорлар аниқ малакага эга эмасдилар. Шу боис, бирининг ёзганида халқ турмушидан яхши мавзу топилса, бадиий талқини, бошқасиникида талқини топилса, мавзу бегоналашуви каби камчиликлар кузатилган. Буларнинг ҳаммасини, аввало, адабиёт тарозисида ўлчаб баҳолаш Қодирийга хос хусусият эди. У бошқалардан ҳам шу нуқтаи назарни кутади. Драматургия ва жанрлар “адабиёт тарозуси”га солиниши унинг бадиий-ғоявий қийматини ўлчаш, муаллифларга ўз ёзганларининг камчиликларини кўриш имконини беради.

Маълумки, комедия, кулги жанри адиб ижодига яқин. Қодирийнинг бу жанрдаги маҳорати, чуқур билими “Муштум” журналида босилган кўплаб сатирик асарларидан маълум. Айниқса, “Калвак Махзумнинг хотира дафтари”, “Тошпўлат тажанг нима дейди” каби асарларида унинг комик характер яратиш маҳорати ёрқин намоён бўлган. Адибнинг жанрлар масаласида талабчанлиги ва айнан комедия деб аталувчи унча-мунча томошалардан кўнгли тўлмаслигининг боиси шунда.

Комедия сиртдан қаралганда, ниҳоятда енгил жанрга ўхшаб туюлади, айни вақтда энг қийини ҳам шу.  Драмада ҳақиқий кулгини шакл ва мазмун бирлигида ёзиш муаллифдан катта маҳорат талаб этади. Қодирий айтмоқчи “Комедия, дегич нима тўғри келса шундан кула бермак эмас, балки ўзининг туб шартига мувофик этиб кулмак, драма ёзғанда мавзуни турмушимизнинг нақ бир чирик жойидан олмоқ ва шунинг ила баробар адабиёт торозусига солиб ёзмоқ лозим”.

Жаҳон театри амалиётида комедиянинг асосий икки тури – ҳолатлар комедияси ва характерлар комедияси кенг оммалашган. Қодирий яшаган даврда опера, драма, комедия номи остида ёзилган ҳаваскорона пьесаларда жанр мезонларига тўла мувофиқлик бўлмагани учун эътирозли фикр­лар билдиради. Унинг комедия жанри ва унда характер яратишга оид қарашлари ҳамма замонда ҳам эътиборга моликдир. Қодирий кулгини қуйидаги уч турга бўлади: мутойиба, ҳажв (юмор) ва сатира. “Шу уч турлук кулгуни ифода қилишда ёрдамчи хизматини ўтағучи унсурлар эрса: ҳазил, киноя, муболаға, тасфир, ташбия, тамсил, халқ мақоллари таъбирлари ва шунга ўхшаш гаплар”[4] дея шарҳ берса, “Ёзишғучиларимизға” номли мақоласида эса  кулгининг бош омили “адабиётда бир неча хил кулги йўллари бўлса ҳам, лекин энг мўътабари характер кулгисидир” деб инсон сажиясидан туғиладиган кулгини баридан афзал қўяди. Комедияда характер топилса, кулгили ҳолатлар табиий равишда юзага келади. Адибнинг сажия хусусида айтган сўзлари Арастунинг “комедия инсон феъл-атворидаги ярамас иллатлар устидан кулувчи лирик унсур”дир, деган қарашлари билан ҳамоҳанг келади.

Қодирий  “Бозор суруштирмайдир” (1920 й.) номли фельетонида театрчилик ишларининг танг аҳволи ҳақида сўз боради. Саҳнага чиқиб ўз билганларича томоша қўйишга куч сарфлаётган ҳаваскорларнинг меҳнатини эъзозлаб, уларнинг ҳаракатини аниқ бир мақсад-мезонга йўналтирувчи масъул шахс ва ташкилотнинг йўқлигидан  арз этилади. Дарҳақиқат, театрларда савия масаласини ортга сурган яна бир жиҳат  – труппалар шакл­лангани билан аниқ бир ижодий тизимнинг йўқлиги эди.

Қодирий биринчилардан бўлиб масаланинг шу жиҳатларини қаламга олади. “Иштирокиюн” газетасининг 1919 йил 24 октябрь сонида босилган “Эски шаҳар театру ҳаваскорларига” номли мақоласида “улуғлар мактаби бўлган театру саҳналари аллақандай сафсата ва ноаҳил кишилар қўлинда ўйинчоқ бўлаётгани”ни,  саҳналаштиришдан аввал  асар тегишли жойларда ўқиб, тасдиқланиши, саҳналаштириш жараёнида ҳаваскорлар “Артистлар союзи”дан тажрибали мутахассис жалб этиб, маслаҳат олиши кераклиги айтилади. Табиийки, маълум бир тизимнинг шаклланиши театрлар фаолиятининг самарадорлигига таъсир этибгина қолмай, ижодкорларнинг кўпроқ изланиши, фикран ўсишига туртки беради.

Адибнинг мақолаларини ўқиганда шуни пайқаш мумкинки, унинг қарашлари қўйилган томошаларнинг ички жиҳатлари – актёрлар ижроси, деталлару саҳна безаклари ҳақида эмас, асосан, театр аталмиш маънавий дунёнинг умумий концептуал асосларини ифода этади.

Миллат маданиятининг йирик бир бўлаги шундай мушкилот ва муаммоли томонлари билан тадрижий равишда келажак сари илдамлаб борди. 1920–1930-йиллар оралиғида жадид театрларининг қиёфаси шаклланиб, ҳаваскорлик труппаларидан бирин-кетин давлат мақомидаги театрлар юзага келди. Шунинг баробарида ёшлар орасидан ижодкорларнинг янги авлоди – драматург, актёр, режиссёрлар етишиб чиқиши ижодий муваффақиятларга йўл очди. Бу йилларда театр репертуарида мазмунан ўзгаришлар кузатила бошлади. Бунга бир жиҳатдан маҳаллий драматурглар анча тажрибага эга бўлгани, иккинчи тарафдан  жаҳон драматургиясининг сара намуналарини саҳналаштириб, халққа тақдим этиш анъанасининг бошлангани сабаб бўлади.  Хусусан, дунё драматургиясининг гултожи бўлган Шекспир асарлари кириб келади. 1935 йилда улуғ шоир Чўлпон таржима қилган “Ҳамлет” трагедияси Ҳамза (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма) театрида саҳналаштирилади.

Қодирий  бу даврда икки юксак романи, теран публицистикаси билан миллий адабиётимизга янги иқлим олиб кирган ва шунинг билан мавжуд ҳукуматнинг бошига солган долғали кунларда ҳам эътиқодида, маслагида собит эди.  У умрининг сўнгги йилларида таржима билан машғул бўлиб,  қатор татар ва рус ёзувчиларининг асарларни она тилимизга ўгиради. 1935 йилда рус ёзувчиси Николай Гоголнинг “Уйланиш” комедиясини таржима қилиб, театр учун яна бир хайрли ишга йўл очади. Унинг таржимаси ўша йилнинг ўзида Ҳамза театрида  саҳналаштирилади.

Адибнинг матбуотда эълон қилинган мақола ва фельетонлари бугунги театр тадқиқотчилиги учун керакли манба бўлибгина қолмай, замонавий театрлар фаолиятига қиёс этганда, оғриқли масалаларга айни жавоб бўлади. Театрни юқори мақомда кўришни орзулаган адибнинг барча танқиду мулоҳазалари ўзини шу касб “аҳлиданман”, театр деган дунёга дахлим бор, деган ҳар қайси ижодкорни ўз касбига яна ҳам муҳаббатли, бурчли бўлишга ундайди. Атроф-оламга, ўтмишу келажакка теранроқ, масъулиятлироқ, баландроқ қараш даркорлигини бот-бот эслатиб туради.

Адибни ўз даврида безовта қилган муаммоларнинг аксарияти бугунги кун театрларида ҳам мавжуд. Умуман олганда, Абдулла Қодирий ва бошқа маърифат элчилари бу соҳага ўзини масъул санаб, қай бир маънода жавобгар ҳис этиб не бир сўз айтган бўлмасин, замирида улкан бир асос ётади. У ҳам бўлса, уйғоқ ва озод миллатнинг ҳаётида мукаммал бир санъатни кўриш истагидир. Қодирийнинг ҳам бирдан-бир тилаги шундай эди: “Мен ўз тириклигимиздан кўпия бўлған шеърий асарларни кўпаювин тилайман. Тилаймангина эмас, ҳамон ҳарорат ила кутаман. Буни эса қўлидан ёзув келадурган ҳар бир кишидан эмас, ўзининг аҳлидан кутаман”.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил, 4-сон

________________

[1] Ш.Ризаев. Жадид драмаси. Т. : Шарқ. 1997 й. 8-б.

[2] А.Қодирий. Танланган асарлар. Т.: “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси. 2018 й. 798-б.

[3] А.Қодирий. Танланган асарлар. Т.: “Шарқ”. 2018 й. 536-б.

[4] Ўша манба. 791-бет.