Жаҳон миқёсида кечаётган интеграция ва глобаллашув жараёнида ўзбек тилини дунёвий тиллар даражасига олиб чиқиш ҳаётий заруратлардан бири бўлиб қолди. Мазкур катта, масъулиятли, ўта муҳим мақсадни амалга оширишда компютер технологияларига, хусусан, компютер лингвистикаси (КЛ)га бўлган эҳтиёж яна ҳам ортиб бормоқда. Чунки айнан КЛ ўзбек тилининг жаҳон миқёсига олиб чиқилиши, ўзбек тилининг ҳам дунёвий тиллардан бирига айланиши, уни ўрганиш ва ўргатиш ишларининг такомиллашуви учун зарур имконият яратади.
Унинг асосий мақсади лингвистик масалаларни ечишнинг компютер дастурларини ишлаб чиқиш ва уларни ҳаётга татбиқ этишдир.
КЛ тилшуносликнинг алоҳида мустақил бўлими бўлиб, компютер ёрдамида матнларга ишлов бериш билан боғлиқ кўпгина мураккаб вазифаларни бажариш учун хизмат қилади. Бугунги кунда ўзбек тилшунослигининг компютер билан боғлиқ ҳолда ҳал этилиши лозим бўлган қуйидаги масалаларини таъкидлаб кўрсатиш ўринли.
1. Ўзбек тилининг ўзига хос компютер услубини яратиш.
2. Ахборот матнларидаги қолиплилик, қисқалик, аниқлик мезонларини ишлаб чиқиш.
3. Ўзбек тилида интернет сайтларини яратиш меъёрларини белгилаш.
4. Компютер ёрдамида изоҳли ва таржима луғатларини ишлаб чиқиш.
5. Ўзбек тили ва адабиёти дарсликларининг электрон версияларини ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш.
6. Компютерда инглизча-ўзбекча ва ўзбекча-инглизча таржима дастурларини яратиш.
7. Ёзма матнларни компютерда таҳрирлашнинг дастурларини ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга татбиқ этиш кабилар.
Шу ўринда ҳал қилиниши долзарб бўлган мазкур муаммоларнинг энг аҳамиятлисига, яъни ўзбек тилининг ўзига хос компютер услубини яратиш масаласига алоҳида урғу бермоқчимиз. Негаки, бу масала юқорида саналган барча муаммоларнинг асоси, яъни муҳим ечими ҳисобланади.
Биз ўзбек тилининг барча имкониятлари, маъно бойлиги, асрлар давомида шаклланган луғат заҳираси, унинг гўзаллиги билан Алишер Навоий ҳазратлари таъкидлаганидек, бошқа тиллардан устун жиҳатларидан ҳақли равишда фахрланамиз. Аммо услубида бадиий-тасвир воситаларига, турли нутқий жилолар ва ўзига хос ибора ва окказионализмларга ўрин бўлиши мумкин эмас. Бу услуб бадиий (ёки санъат) услуби билан параллел равишда шаклланиб, ривожланиб бораверади, аммо уларнинг қўлланиш соҳаси бир-биридан фарқ қилади. Ҳар икки услубда (яъни, бадиий услубдан ва компютер услубидан) турли соҳа вакиллари фойдаланишади. Компютер услубида жаҳон андозалари талабларига монанд ҳолда фикрлар аниқ, қисқа, лўнда, дисплейда қайта ишлашга мослаштирилган бўлади. Шундай услубни яратмас эканмиз, мамлакатимиздаги турли идора ва муассасаларда ўзбек тилида тўлиқ иш юритишга ўта олмаймиз. Бизнингча, бадиий услуб билан биргаликда компютер услубини ҳам мактабларда, литсей ва коллежларда ўқитишни бошлаш зарур. Шунда ўқувчилар ҳам ўзлари учун оптимал бўлган вариантни танлаб олиш имкониятига эга бўладилар: қайсидир ўқувчи ҳаётий эҳтиёжлари асосида санъат услуби ёки бадиий услубни, бошқа ўқувчи эса компютер услубини чуқурроқ ўрганади. Масалан, бир қиёсий фактга мурожаат қилайлик. Тошкентда ЎзМУ олимларининг ташаббуси билан “Дунёвий ўзбек тили” асарининг 1-китоби босмадан чиқди (2003). Унда ўзбек тилидаги битта феълнинг (ишламоқ феълининг) тахминан 100 000 та шакли (лексик-граматик парадигмалари) рус ва инглиз тилларига ўгирилган. Инглиз тилида эса ҳар қандай феълнинг тахминан 100 та шакли борлиги ҳаммага маълум. Компютер услубида ушбу 100 000 та шаклдан фақат энг зарурий, энг мақбул (оптимал) варианти танлаб олинади, қолганлари эса имконият даражасида инсон хотирасида сақланади.
Кўринадики, ўзбек тилининг компютер услуби айнан КЛ бўйича мутахассислар, компютер дастурчилари ва филологлар ҳамкорлигида яратилади. Унинг ижобий жиҳати ҳам айнан шунда кўринади: у филолог ва компютер мутахассисларининг биргаликда ишлашини тақозо қилади.
Ахборот асри бўлган ХХИ асрда олтиндан қимматроқ бўлган маълумотни, ахборотни зарар етказмай қабул қилиш билан бирга (бу йўналиш ҳам жуда зарурлигини инкор этмаймиз), унинг амалий томонларига ҳам катта эътибор беришса, мақсадга мувофиқ бўларди. Яъни, қуруқ назарий фикрларга тўла тадқиқотлар билан бир қаторда, халқимиз учун фойда келтирадиган компютер дастурлари – матнларни таҳрир қилиш, автоматик таржима қилиш, тилларга ўргатиш каби дастурларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этишлари лозим, деб ўйлаймиз. Масалан, ХХ асрнинг 30-40-йилларида бу ишни И.Киссен бошлаб, ўзбек лингвостатистикасининг асосчиси, деб тан олинган эди. 60-70-йилларга келиб лингвостатистик тадқиқотларни олиб бориш билан С.Ризаэв, С.Муҳаммадиэв, С.Отамирзаэва каби олимлар жиддий шуғулландилар, ЎзРФА Тил ва адабиёт институти ҳузурида шундай ишларни мувофиқлаштирувчи махсус лаборатория ташкил этилди. Кейинчалик бу лабораториянинг фаолияти ўз-ўзидан барҳам топган бўлса-да, мустақиллик йилларида бу соҳага яна эътибор берила бошланди. Эндиги вазифа ана шу ишларни янада жадаллаштириш ҳамда мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида келгусида “Математик ва компютер лингвистикаси” соҳаси бўйича талабалар қабулини йўлга қўйиш, магистратура, аспирантура босқичи билан юқори малакали кадрлар тайёрлашни изчил амалга ошириш лозим. Зеро, бу ишларни амалга оширишда компютер дастурчилари линвистик таъминотга жуда катта эҳтиёж сезадилар. Уни эса филологлар, аниқроғи, тилшунослар, шу соҳанинг етакчи билимдонлари яратиб бериши зарур.
КЛ нафақат ўзбек тилини, балки бошқа тилларни, хусусан рус ва инглиз тилларини ўрганишда ҳам асосий восита ҳисобланади. Шунингдек, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида илмий, бадиий, бизнес ва реклама бўйича ихтисослашган таржимонлар тайёрлашни йўлга қўйишда, ўзбек тилида инглиз тилини ва инглиз тилида ўзбек тилини тўлиқ ўргатадиган ўқув қўлланмалари ва компютер дастурларини яратишда ҳам КЛ бизга беминнат ёрдамчи бўла олади.
Юқорида саналган долзарб муаммоларни ҳал қилиш, яъни КЛни янги йўналишларда ривожлантириш мақсадида ЎзМУ компютер технологиялари факултетида 2001 йилдан бошлаб КЛ лабораторияси ташкил этилган эди. Лабораторияда ўзбек тилининг математик ва компютер моделларини яратиш, ўзбекча матнларни таҳрир қилиш, инглизча-ўзбекча ва ўзбекча-инглизча компютер таржима дастурларини ишлаб чиқиш бўйича илмий ва амалий дастурлар асосида муайян база яратилгани ҳолда КЛ бўйича кадрлар тайёрлашга ўтилди.
Худди шундай лабораторияларни, “Математик ва компютер лингвистикаси” кафедраларини мамлакатимизнинг бошқа олий ўқув юртларида ҳам ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Чунки бундай кафедралар ҳозирги вақтда мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларининг филология факултетлари ўқув режаларига киритилган. “Компютер лингвистикаси”, “Олий математика”, “Матнни ўрганишнинг лингвостатистик методлари”, “Лингвостатистика”, “Компютер лексикографияси” сингари ўқув предмедлари ва ихтисослик фанларидан дарс беришни, маъруза матнлари ва ўқув қўлланмалари яратишни ҳам ўз зиммасига олган бўларди.
Ўзбекистонда КЛга оид тадқиқотлар олиб борилмаганлиги учун бу соҳада унчалик катта тажриба тўпланмаган. Умуман, ҳар бир филолог интернетда сайт яратиш, телевидениэ ва радио тармоқлари орқали узатилаётган реклама роликларини тайёрлаш, кўча ва хиёбонларда, муассаса ва ташкилотларнинг пештоқига қўйиладиган пешлавҳа, шиор ва транспарантлар яратиш жараёнини ҳам ўзлаштириши лозим.
Ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларига кириб борган математик усуллар, компютер технологиялари филологияда ҳам қўлланила бошланди. Зеро, ривожланиш ва тараққиётнинг талаби шундай.
Бекмурод Йўлдошев,
филология фанлари доктори, профессор
“Маърифат” газетасидан олинди.