Жоржо Стрелер. Брехт билан сўнгги учрашув

 ХХ аср хорижий мамлакатлар театрлари қиёфасини асосан Бертольт Брехт, Шон о’ Кейси­ ва Гарсиа Лорка белгилаб берган.

Н.Свищева

У яшайдиган уй сиртдан оддий, деворлари оппоқ, камтарона кўринишда бўлиб, уйнинг ичида эса қимматбаҳо ёғочдан ясалган стол-стуллар, қамишдан тўқилган курси, дид билан танланган антиқа нарсалар, бўм-бўш деворда эса ҳажм жиҳатдан унчалик катта бўлмаган картина осиғлиқ турарди. Стол устида бетартиб ётган китоблар ва театрга алоқадор қоғозлардан ташқари, яхшигина ишланган бюст ҳам бор эди. Хонадон соҳибининг турмуш тарзию ички дунёсини шуларнинг ўзидан ҳам билиб олса бўларди.

Брехтнинг бошқаларникига ўхшамайдиган, ўзига хос маърузалари ҳамон ёдимда. Хонада ўтирибмиз. Қўққисдан, баланд овозда “кимдир чой тайёрласин”, деб қолди. Бу ҳамиша такрорланиб турадиган одатий ҳол эди. Хонада жиддийлик, ўзаро ишонч ва самимийлик ҳукмрон. Муҳими, мен сира ҳам ҳазм қила олмайдиган сохта мулозаматлардан асар ҳам йўқ эди.

Биз унинг “Уч мирилик опера” пьесаси хусусида суҳбатлашаяпмиз. Менинг илк маротаба саҳналаштираётган асардаги актёрлар, мусиқачилар, уларнинг ўзаро бир-бирларига таъсири, театр ва репетициялар сони ҳақидаги саволларимга Брехт жавоб ҳам бермади. Тўсатдан, ғаладондан мазкур асарнинг биринчи саҳналаштириш жараёни акс этган бир даста фотосуратларни чиқариб, гўё уларни энди кўриб тургандай, бир бошдан синчиклаб қараб чиқди-да, залдагиларга мурожаат қилди: “Сизлар мана бу шляпага бир қаранглар… мана бу нусха бу ерда нима қилиб юрибди… ахир бу ерда оркестр бўлиши керак-ку…” Шу зайл, уларни менга узатар экан, “сиз ҳам бир кўриб чиқинг-чи, балки бирор фойдаси тегиб қолар”, деб сўзини тугатди.

Шу дақиқалардан орамизда дўстона ришталар боғланганини ҳис этган ҳолда, уни қайтадан кашф қила бошладим. Биз юзлаб соатларни театрда ўтказганмиз. Брехт муваффақиятлар билан ёнма-ён оғир машаққатли йўлни ҳам босиб ўтган. Бироқ у чеккан заҳматларию машаққатларининг асл сабаби ва улар қандай содир бўлганини шу топда эслай олмасди ҳам. Бунақанги ҳолатлар менда ҳам содир бўлиб турарди.

У келажакка хизмат қиладиган буюк ишларни амалга оширишга шайланган эди. Ўшанда янги театр бунёд этиш, янги асарлар, янги изланишлар, янгидан-янги муаммолар кутарди уни. У қачонлардир эришган ютуқлари билан чекланиб, хотиржамликка берилишни ёқтирмасди. Эҳтимол, театр аталмиш машинанинг узлуксиз ҳаракатини таъминлаб туриш учун унинг раҳбаридан кўп нарсалардан воз кечиб, ўзини шу йўлда фидо этиш талаб қилинар. Фақат шу йўл билангина театр ўз мавқеини сақлаб қолиши мумкиндир, балки.

Мен спектакль прологи ҳақида Брехтга сўзлаб бердим. Пьесанинг ғояси бугунги кунда ҳар биримиз дуч келиб турган муаммолардан йироқлиги, унда кўтарилган масалалар, гарчи ҳаётимизда учраса-да, асарда бироз тумтароқ тарзда ифода этилганлиги хусусидаги андишали мулоҳазаларимни айтдим. Балки мазкур пролог пьеса ғоясини англаб етиш учун томошабинга ёрдам берар.

Кутилмаганда бу фикрим Брехтга маъқул тушди. Бироқ пьесасини қандай тушунишим ва мақсадимни қандай амалга оширишим уни мутлақо қизиқтирмасди. Менга ишонгани учун ҳам шундай қиларди, чоғи.

1956 йил. Милан шаҳри. “Уч мирилик опера”нинг бош репетицияси кетаяпти. Брехтни кутиб олиш ва репетицияни давом эттиришдай масъулиятли вазифани қандай уддалай олганимга ўзим ҳам ҳайронман. Мен ўшанда спектакль билан боғлиқ бўлмаган нарсаларга деярли аҳамият бермасдим ва буни кўрганлар мени ўз ишимга нисбатан ҳафсаласиз деб ўйлашарди. Мен залнинг қоронғироқ бурчагидаги қадрдон курсида спектаклни кузатиб турган пайтим Брехт билан Элизабет Гауптман[1] кириб келишди. Брехт қоронғиликдаги курсилар оралаб оҳиста келар экан, кўз илғамас имо-ишора ва хатти-ҳаракатларидан ҳам қандай касб эгаси эканлиги сезилиб турарди. Брехт қўлини елкамга қўйганча: “Сиз асло ташвиш чекманг, мен шу ерда халақит бермай, жим ўтираман”, деди. Мен ўшанда спектаклнинг қайси кўриниши кетаётганини ҳам сезмасдим, саҳнадаги темпо-ритм ва ҳаракатларга танқидий кўз билан қараб турардим, холос. Тўсатдан Брехт баланд овозда кула бошлади. Мен нима бўлаётганини тушунолмай унга қарадим. Брехт ўзида йўқ хурсанд, шу қадар завқ билан кулардики, гўёки “Уч мирилик опера”ни у эмас, бошқа биров ёзгандай. Бундан саҳнадаги актёрларнинг аччиғи келиб, кимдир менга қарата ўшқирди: “Партерда ўтириб олиб, ҳаҳолаётган ким ўзи, ахир биз меҳмонларингни кулдиришга хизмат қиладиган масхарабозлар эмас, актёрлармиз-ку!”. Мен бу гапдан хижолат ҳам бўлмай: “Бу – Бертольт Брехт”, дедим-да, жойимга ўтирдим.

Премьера… Спектакль сўнгида актёрлар таъзимга чиққач, томошабинлар муаллиф ва режиссёрни саҳнага чақира бошлашди. Актёрлар режиссёрлар ўтирадиган кулислар орасига кўз ташлаб, уларни излай бошлашди. Удумга кўра, актёрлар билан бирга саҳнага чиқиб, томошабинларга таъзим қилиш шарт. Брехт шу тобда худди мен каби ночор аҳволда эди. Айни пайтда, саҳнага чиқишдан бошқа чора йўқлигини англаб, унга ачиниб кетдим. Бу ҳолатни сўз билан таърифлаш маҳол. Спектаклдан сўнг атрофдагиларга бефарқ бўлиб қоларкансан. Бу жуда мураккаб туйғу – ноқулайлик, толиқиш ва қалбингда қандайдир бўм-бўшлик. Лекин нима бўлганда ҳам, иккаламиз саҳнага чиқиб, актёрлар билан қўл ушлашганча, бир неча бор таъзим бажо келтирдик. Брехтнинг кўзларида ҳаяжон, ўзим ҳам шундай аҳволда эдим. Биринчи бўлиб Брехт орамиздан ғойиб бўлди. Уни “Бадиий кенгаш раҳбарлари бюроси” хонасидан топдим. Эшикдан кириб борганимда, у курсида индамай, жим ўтирарди. Биз иккаламиз эшикни ёпиб олиб, бир неча дақиқа чурқ этмай, жимгина ўтирдик. Брехт ўз пьесаларининг саҳналаштирилиши ҳақида гапиришни унчалик хушламаса-да, суҳбатимиз иккаламиз учун ҳам қизиқарли кечди. Назаримда, фақат Паоло Грассигина[2]  спектакль бошланишидан олдин Брехтни саҳнага чиқиб, маъруза қилишга кўндира олганди. Чунки Брехт баъзи театр арбоблари сингари сипо ва тортинчоқ эди. Бироқ репетиция пайтида бутунлай ўзгарар, тортинчоқлик йўқолиб, даҳшатга солувчи, баджаҳл ҳокими мутлаққа айланса-да, барибир у севимли раҳбар эди.

Одатда унинг ёнига сигаретасининг кулини тўкиш учун каттакон челак келтириб қўйишар, гоҳо у тутаб турган сигаретасини ўчирмасдан ҳам ташлаб юбораверарди.

Ора-сира актёрлар Брехтнинг жиғибийрон ҳолатларини бўрттириб гапириб қолишарди. Шундай кезларда у: “Мен бу ерга энди қайтиб келмайман”, деб зарда билан чиқиб кетар ва бироздан сўнг ортига қайтиб, яна репетициясини давом эттираверар экан.

Иш жараёнида қанақанги мураккаб вазиятлар бўлиб туришини яхши биламан. Баъзан қуюшқондан чиқиб кетувчи бундай ҳолатлар инсоннинг қайтадан куч йиғиб, мулоҳаза юритиб кўриши, тўсиқларни енгиб ўтиши учун ҳам керак бўлар экан. Брехт қайтиб келганидан сўнг, одатдаги ижодий муҳит танқидий қайта тикланар, янги ечим топиларди. У ҳеч қачон саҳнага бирор янгиликсиз кириб келмасди.

Кейинги учрашувимиз Брехтнинг жўнаб кетиши арафасида бўлди. Ўшанда у янги харид қилган ихчамгина “Оливетти” ёзув машинкасини кўрсатиб, болаларча беғуборлик билан, “у бахтли” деб қўйганди. У бундан ниҳоятда мамнун эди. “Уч мирилик опера”нинг мен актёрларга ўқиб берган вариантини ана шу машинкада ёзиб берганди. Мазкур пьесанинг сўнгги қисми Берлин театридагидан бошқача бўлиб, уни муаллиф биз учун махсус ёзиб берганлиги Берлинлик дўстларимизни ҳайратга солганди, чунки улар пьесани ўзгартиришнинг мутлақо иложи йўқ, деб ўйлашарди.

Тунги репетицияда соатлаб банд бўлсанг, кўп нарсаларни юракдан ҳис қилиб, англаб олар экансан. Шундай кезларда дунёни англаш воситаси, ҳақиқат манбаи, фикр ва мулоҳазалар жарчиси, инсон кўнглининг нималарга мойиллигию нозик қирраларини кўрсатиб бера оладиган ажойиб соҳа – театр ҳақида ўйлаб қоламан.

Брехт ёнимда ўтириб гапираяпти:

“Бегоналашиш жозибаси” мен ўзим саҳналаштирган “Кураж она”дан ҳам “Уч мирилик опера”да кўпроқ қўл келган.

Стрелер: Қандай қилиб?

Брехт: Бунинг ажабланарли жойи йўқ, сиз менинг асаримни қайта ишлаб, бутунлай ўзгартириб юборибсиз-ку.

Стрелер: Менда ҳамма нарса ҳамиша ўзгаришда. Ҳозиргина кўриб турган нарсамиз бир ҳафтадан сўнг бутунлай бошқача бўлиб қолиши мумкин.

Брехт: У ҳолда мен бироз фурсат ўтиб, одамларимни сизнинг ҳузурингизга жўнатишим керак бўлар экан…

Соатлар худди дақиқалар сингари шиддат билан ўтиб борарди. Хонага бошларида беретка, замонавий кийинган, илғор фикрловчи зиёли ёшлар киришди. Улар Брехтнинг “ишқибоз”лари бўлиб, қўлларидан “Органон” тушмасди. Бир куни Брехт ўзининг қисқагина мулоқоти билан уларнинг бутун ички дунёсини ағдар-тўнтар қилиб юборганини эсладим.

Ёшлар: Ана маҳорат, турган-битгани истеъдод!

Брехт: (йигитлардан бирига мурожаат қилиб) Уларга айтинг, мен ҳеч қанақа истеъдод эмасман.

Ёшлар: Сиз “Органон” асарингизда эпик театр ҳақида…

Брехт: “Органон”да мен илгари сурган фикрни асарнинг кичик бир бўлаги деб қараш керак. Театр фақат саҳнадагина яратилади, иш давомида эса кўп нарсаларни тушунтириб ўтишга тўғри келади. Буларнинг барини тажриба, синов, изланиш деб қабул қилишларингиз мумкин.

Ёшлар: У ҳолда “Бегоналашиш жозибаси” ва сиёсий ишлар нима бўлади?

Брехт: Булар аслида шунчаки гаплар эмас. Театр ўз тарихини яратиб борса, тарих ўз ўрнида тараққий этиб, ривожланаверади. Театр яратиш, бу сиёсатга эришиш демакдир. Фақат буларни қадрлай билиш ҳам керак.

Ушбу мулоқотдан ёшлар ҳайратининг чеки йўқ эди. Брехт менга кўзини қисиб, имо қилганди, мен хонадан чиқдим. Бироқ ўшанда уни сўнгги бор кўриб турганим хаёлимга ҳам келмаганди…

У жўнаб кетаяпти, мен актёрларга роль тақсимлашдек муҳим иш билан банд бўлганлигим сабабли, уни кузатиш учун вокзалга чиқолмадим. Кузатишга чиққанларнинг сўзларига қараганда, у ўзида йўқ хурсанд экан, чунки шу галги келишида ҳатто ўзи танимаган қанчадан-қанча одамларнинг меҳрига, ҳурматига сазовор бўлганди. Шу зайл кўтаринки руҳда яхши кайфият билан жўнаб кетар экан, “Галилей”нинг премьерасидан кейин ҳордиқ чиқариш ҳақида ўйларди.

У юрагининг хасталигига қарамай, саҳналаштираётган сўнгги асари устида бир ой давомида қаттиқ ишлади. Шу боис Элизабет Гауптман “Уч мирилик опера”нинг бош репетицияси чоғида уни деярли оналарча ғамхўрлик билан кузатиб турди. Брехт кейинги таьтилни икки ой давомида Италияда ўтказиб, бизникига келмоқчи эди. Биргалашиб янги режалар ҳам тузиб қўйгандик.

Кузатиш чоғида Бертольт Брехт доим кийиб юрадиган берети билан вагон деразасидан бошини чиқарган ҳолда ҳамма билан хайрлашар экан, ўрнидан аста қўзғалган поезд қоронғилик қаърига сингиб, кўздан ғойиб бўлганлигини маъюслик билан менга тасвирлаб беришганди.

Ёз пайти Елена Вейгелни[3] Лондонда учратганимда, Брехт ҳаётдан кўз юмиб бўлганди. 14 август, яъни мен туғилган кунда қоронғи залнинг бир бурчагида ўтириб олиб, Гольдонининг “Икки бойга бир малай” пьесасининг репетициясини ўтказаётган пайтим, кутилмаганда Елена Вейгелдан қуйидаги мазмунда нохуш хабар келди: “Бугун Бертольт Брехт вафот этди!” Тамом, бошқа бирор сўз йўқ. Саҳнада эса репетиция давом этмоқда. Оғир бу мусибатни ич-ичимдан ҳис этган ҳолда, актёрларга қарата: “Биз уни муносиб хотирлашимиз учун аъло даражада ўйнашга, ижод қилишга, образлар яратишга қодирмиз”, дедим ва бунинг уддасидан чиқдик ҳам. Ушбу репетиция хотира репетицияси бўлди. У тугагандан сўнг бир лаҳза партерда туриб қолдим, шу пайт ёритувчилар чироқларни ўчириб қўйишди. Бир зумда ҳаммаёқ зулматга чўмди. Мен олисда эшикдан мўралаб турган ёруғлик томон қадам ташладим…

(“Театр”журнали, 1975 йил, октябрь сони)

Рус тилидан Бобониёз Қурбон таржимаси

Жаҳон адабиёти, 2015 йил, 9-сон

[1] Элизабет Гауптман – ёзувчи, сценарийнавис.

[2] Паоло Грасси – итальян театр ташкилотчиси.

[3] Елена Вейгель – актриса, Брехтнинг хотини.