Мутафаккир шоир ва насрнавис Сўфий Оллоҳёрнинг тасаввуф руҳида ёзилган тўртта китоби мавжуд. Улар: “Маслак ул-муттақин” (Тақводорлар маслаги), “Сабот ул-ожизин” (Ожизлар саботи), “Махзан ул-мутиъин” (Мутелар хазинаси), “Мурод ул-орифин” (Орифлар-донолар муроди). Бу асарларнинг қўлёзмалари Шарқшунослик институти кутубхонаси ва айрим кишилар қўлида сақланиб келади, уларнинг ҳажми, ёзилиши сифати турличадир.
Маслак ул-муттақин
“Маслак ул-муттақин” (Тақводорлар маслаги) асарини форс тилида Сўфий Оллоҳёр йирик мутасаввуф олим ва фақиҳ сифатида, айни камолга етган даврида яратган. Унинг ижодида алоҳида ўрин тутадиган бу асар фиқҳ, шариат аҳкоми, маънавият, ахлоқ қоидалари, ислом тарихи масалаларига бағишланган шеърий шаклда, арузнинг ҳафиф баҳрида ёзилган.
Асарнинг умумий ҳажми ўн икки минг байтдан ортиқ, 135 та катта-кичик боблардан таркиб топган. Бу ҳақда шоирнинг ўзи шундай дейди:
Битибмен форсий тилда китобе, Тамом анда масоилнинг жавоби. Ҳама тақвову фатвонинг баёни, Ўн икки мингдан ортиқ байти они.Сўфий Оллоҳёрнинг “Маслак ул-муттақин” китобини “Ҳидоят ул-муттақин” номи билан ўзбек тилига насрий таржима қилган шахс Қўзибой Ҳофиздир. Ана шу таржимани “Маслак ул-муттақин” номи билан заҳматкаш олимлар Сайфиддин Сайфуллоҳ ва Акрам Деҳқон нашрга тайёрлади. Шайх Абдулазиз Мансур таҳрири остида мазкур асар 2008 йили “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилди ва халқимизнинг маънавий мулкига айланди.
Бу китоб мадрасаларда махсус ўқитилган. Мадрасаларда талабалар ушбу китобни “Маслак” деб ҳам атаганлар.
Сўфий Оллоҳёр мазкур асари фиқҳ, шариат масалаларига бағишланган юздан зиёд китобни чуқур ўрганиш асосида юзага келганини айтган. Китобнинг тош босма ва қўл ёзма нусхалари Марказий Осиё, Афғонистон, Покистон, Туркия, Чин, Бошқирдистон, Татаристон, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларга кенг тарқалган.
“Маслак ул-муттақин”да кўтарилган ҳар бир масала шариат ҳукми, Қуръони Карим ва Ҳадиси шариф асосида шарҳлаб берилади.
Суфий Оллоҳёрнинг «Маслак ул-муттақин» асари бадиий, илмий, фалсафий ва тарбиявий қимматини бугунгача сақлаб келмоқда.
“Сабот ул-ожизин”
Суфий Оллоҳёрнинг иккинчи китоби «Сабот ул-ожизин» назмда ёзилган. Лекин унинг биринчи китобидан фарқли ўлароқ, тили ўзбекчадир. Мазкур китобда ҳам сўфийлик тариқатининг айрим жиҳатлари ҳамда умуминсоний қадриятлар, одоб-ахлоқ масалалари бадиий талқин этилади. Бу ҳақда шоир шундай ёзган:
Аниким кўрдилар туркий ёронлар, Дедилар гар дуо қилса эранлар. Битилса туркий тил бирла ақида, Кўнгуллар бўлса андин орамида.Мазкур таклиф шоирга маъқул тушади ва у юртдошларининг бу саъй-ҳаракатларини матонат деб баҳолайди ҳамда уларнинг истакларини бажаришга бел боғлайди:
Агарчандеки бўлсам мағзи йўқ пўст, Ишорот қилдилар чун бир неча дўст. Ақида сўзларини қилдим исбот, Анга қўйдим «Сабот ул-ожизин» от. Ўзумдек хасталар бўлғайму деб шод, Насойиҳдин ҳам андак айладим ёд.Таъкидлаганимиздек, «Сабот ул-ожизин» асари Тошкентда 1882, 1884, 1905, 1915 йилларда, Когонда 1910 йилда, Қўқонда 1890 йилда қайта-қайта нашр қилинган. Шу фактнинг ўзиёқ Сўфий Оллоҳёр адабий меросининг халқ орасида машҳурлигини, унга эҳтиёж кучлилигини кўсатади. Оллоҳёр ижодининг маърифатимиз тарихи учун муҳим жиҳатларидан бири шундаки, эски усул мактабларида аввал тўрт китоб, яъни «Чаҳор китоб», «Ҳафтияк», «Сўфий Оллоҳёр» сўнгра «Ҳофиз» ўқитилиши шарт бўлган. Кексаларнинг хотирлашларича, XX acp бошларида ҳам турли жойларда ўзига хос «оллоҳёронликлар» бўлиб турган.
Китоб эътиқоднинг инсон, халқ учун аҳамиятини баён этиш билан бошланади. Унда ибратли насиҳатлар анчагина. Шунинг учун ҳам ёш замондошларимизни покиза хулқли қилиб тарбиялашда китобнинг аҳамияти катта.
«Махзан ул-мутиъин»
Улуғ аллома Сўфий Оллоҳёрнинг «Маслак ул-муттақин», «Сабот ул-ожизин», «Мурод ул-орифин» китобларини кенг жамоатчилик яхши биларди. «Махзан ул-мутиъин»нинг бир қўлёзма нусхаси ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида №=4982 рақамда сақланиши тадқиқотчи Жаҳонгир Абдуаҳадов томонидан эълон қилинди. Китоб араб тилида ёзилган бўлиб, 546 бетдан иборат. Унда ақида ва фиқҳий масалалар кенг ўрин эгаллаши баён этилади. Демак, Сўфий Оллоҳёр уч тилли ижодкор бўлган.
«Мурод ул-орифин»
Сўфий Оллоҳёрнинг «Мурод ул-орифин» номли асари форс тилида ёзилган. Бу йирик фалсафий асар бўлиб, тасаввуф таълимотини янги фикр, янги мулоҳазалар билан бойитган. Умуман, «Мурод ул-орифин» наср ва назм вобасталигида яратилган бир бутун фалсафий асардир. Ўзбекистан Фанлар академияси “Шарқ қўлёзмалар тўплами”да “Мурод ул-орифин”га ёзилган иккита шарҳ ҳақида ҳам маълумот учрайди.
“Мурод ул-орифин”нинг мундарижасини муаллиф шундай белгилаган: «Чун ин китоб дар баёни аҳамм сўфия ва қисми сўфия ва улуми эшон ва русуми эшон аст». Яъни бу китоб сўфийликнинг аҳамияти, сўфийларнинг қисмати, сўфийлик илмлари ва уларнинг одатлари ҳақидадир. Бундан шу нарса англашиладики, олимнинг мазкур китоби сўфийлик сулуки ҳақида махсус тадқиқот, муҳим қўлланмадир.
Сўфий Оллоҳёр ўз фаолияти билан Хитойдан Шом(Сурия)гача, Оқ Эдил(Волга) бўйларидан Ҳинд сарҳадигача бўлган минтақаларда яшовчи туркий ва форсий забон халқларни якқалам қилди. Яъни уларни бир фалсафий-эстетик мафкуравий ялов остида бирлаштирди. Бу эса ҳар қандай ижтимоий-иқгисодий давр ҳамда сиёсий муҳитларда унча-мунча мутафаккир ижодкор қўлидан келаверадиган иш эмас эди. Сўфий Оллоҳёр буюклигининг туб боиси, аввало, ана шундадир. Унинг бу саъй-ҳаракатлари туфайли курраи заминнинг турли минтақаларида яшовчи халқлар бир-бирлари билан яқинлашдилар, бир-бирларининг маърифатларидан хабардор бўлдилар.
Сўфий Оллоҳёр буюклигининг бошқа бир жиҳат ҳам бор. Маълумки, XIV асрнинг иккинчи ярми ва XV асрда Мовароуннаҳрда сўфия тариқати янги бир тараққиёт босқичини ўз бошидан кечирди. Машҳур Баҳовуддин Нақшбанднинг изчил фаолияти туфайли анъанавий тасаввуф янги назарий хулосалар билан бойиди, халқ ҳаётига анча яқинлашди. Бу тариқат Носириддин Убайдуллоҳ, Хожа Аҳрори Валий, Маҳдуми Аъзам Косонийнинг таъсири туфайли энг фаол амалий ҳаракатлар билан боғланди. Айниқса, Нақшбандийлик қарашларининг бу даврда бадиий адабиётга чуқур сингиб бориши санъатнинг бошқа турларида ҳам из қолдира бошлаши унинг бадиий-эстетик таъсир доирасини кенгайтирди. Буюк алломалар Абдураҳмон Жомий ва Мир Алишер Навоийнинг адабий, илмий, ижтимоий фаолиятларининг равнақи, эллар, юртлар аро шуҳрати, таъсир кувватининг беҳудудлиги кўп жиҳатдан ўша даврда Нақшбандия тариқатининг камолоти билан ҳам боғлиқдир.
Демак, мазкур даврда Нақшбандия тариқати ҳам бўйига, ҳам энига қараб тараққий этди. Сўфий Оллоҳёр ўз асарларида Нақшбандия тариқатининг ана шу фазилатларидан ижодий фойдаланди. Фақат бугина эмас, у «Мурод ул-орифин» номли йирик фалсафий асар яратиб, бу таълимотни янги фикр, янги мулоҳазалар билан бойитди. Агар Хожа Аҳрори Валий, Маҳдуми Аъзам каби аллома бобокалонларимиз Нақшбандия тариқати таълимотларини ижтимоий ҳаётга тадбиқ этишда намуна кўрсатган бўлсалар, Сўфий Оллоҳёр Нақшбандия тариқатининг барча даврлар учун долзарб, миллий-шарқона ва умуминсоний ахлоқий-таълимий қарашларини ибодат жараёнига, мактаб-мадрасаларга, таълим тизимига олиб кирди. Бу эса, унинг буюк хизматидир. Сўфий Оллоҳёр ўзининг ана шу хизмати билан даврларнинг, миллионлаб кишиларнинг муаллими ва мураббийсига айланди.
Иноятулла Сувонқулов, профессор,
Моҳигул Бобоева, ўқитувчи
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 24-сон