Гулноза Одилова. Шеърий таржима кўнгил иши

Бадиий таржима мураккаб ижодий жараённи ўз ичига қамраб олади. Бу мураккаблик, айниқса, шеърий асарлар таржимасида яққол намоён бўлади. Шу боис биз мазкур соҳа вакилини ҳақли равишда шоир-таржимон, деб атаймиз. Насрий асарда сюжет, композиция, воқеалар ривожи ва ечим бор. Бунда устоз адиб Асқад Мухтор таъбири билан айтганда, таржимон — чизмакаш эмас, рассомдек ижод қилади ва таржиманинг турли, жумладан, метонимик, трансформация усуллари, имплицит(яширин) маъноларни эксплицит(муфассал) баён қилиш йўллари орқали муаллиф фикрини китобхонга аниқроқ етказишга интилади. Аммо тўрт сатр шеърдаги оҳанг ва лирик кечинмани ўқувчи қалбидан жой оладиган даражада таржима қилиш шоирона илҳом ва маҳоратни тақозо этади.

Шеърий асар таржимони таржиманинг бошқа соҳалари (илмий-техникавий, синхрон, ахборот-аналитик материаллар таржимаси) билан шуғулланадиган, буюртма асосида иш юритадиган таржимондан тубдан фарқ қилади. Зеро, у шеърни қалбан ҳис эта олувчи туғма истеъдод эгасидир. Шу маънода, шеърларни буюртма асосида таржима қилдириш доим ҳам самарали натижа бермаслиги мумкин. Сабаби, шеърий таржима ҳам шеър каби илҳом келганда, асар таржимонга кучли таъсир кўрсатганда дунёга келади. Қўлига буюртма шеърни олиб таржимага киришган мутаржимнинг ишида ижод завқи эмас, буюртмани эгасига тезроқ топшириш истаги устуворлик қилади. Фикримизга далил сифатида айрим таржима асарларни мисол сифатида келтириб, таҳлил қилишга уриниб кўрайлик.      

Ўзбек адабиётидан инглиз тилига таржима ихлосмандлари таржимон Қосим Маъмуровнинг интернетдаги шахсий блогида (http://kosimamur.blogspot.com) ижодий ишлари билан танишишлари мумкин. Устоз таржимон ҳар гал учрашганда қўлимга янги-янги ижод маҳсулларини тутқазади, ўқиб чиқиб фикримни айтишимни сўрайди. Булар, асосан, буюртма таржималар бўлади. Шоирларимизнинг ўз ишларини чет элларда ­тарғиб қилишга бўлган иштиёқлари яхши, албатта. Аммо шеър таржимаси кўнгил иши эканини тан олмай илож йўқ. Зеро, таржимон кўнглига мос келган, руҳиятига тушган шеърнигина илҳом билан қайта яратади. Аксинча, белгиланган муддатда тугатилиши шарт қилиб олинган шеърий таржимадан мутаржим заррача таъсирланмаслиги ҳам мумкин. Натижада таржима қуруқ ва ширасиз чиқади. Қ.Маъмуровнинг ҳам таржималарида аслият оҳанги ва руҳиятини сақлаб қолган профессионал ишлар билан бир қаторда, шунчаки тагламасифат чиққан шеърий таржималар ҳам учрайди. Аммо унинг ҳазрат Алишер Навоий рубоийларидан қилган инглизча таржималарида шарқона оҳанг, ритм ва қофияланиш, улуғ шоир ижодиётига хос нуктапардозлик аниқ акс этган. Мана бир мисол:

Кўз бирла қошинг яхши, қабоғинг яхши,
Юз бирла сўзинг яхши, дудоғинг яхши.
Энг бирла менгинг яхши, сақоғинг яхши,
Бир-бир не дейин, бошдин-аёғинг яхши.

Ушбу мисраларни инглизчада Қ.Маъмуров таржимасида ўқиймиз:

Your eyes and brows are good, eyelids are good,
Your appearance and words are good, your lips are good,
Your cheeks with marks are good, chins are good,
Shall I name one by one, you are good from head to foot.

Аслиятдаги отларнинг уюшиб келиши таржимага ҳам кўчган. Таржимон радифдан олдин келган қофиядош қабоғинг, дудоғинг, сақоғинг, аёғинг сўзларини инглиз тилида eyelids, lips, chins сўзлари билан бериб, ўзаро оҳангдошлик ҳосил қилишга интилган ва бунга эришган. Таржимада рубоий оҳанги тўлиқ сақлаб қолинган. Инглиз поэзиясида аруз бўлмаганидек, ўзбек шеъриятида ҳам ямб йўқ. Бундай қараганда, ямб билан аруз ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Бир-биридан йироқ бўлган икки шеърий система ва анъанани уйғунлаштиришда таржимон журъат билан қалам сурган. У инглиз ямбига аслиятдаги ихчамлик ва эмоционалликни сақлай оладиган, янги оҳанг берувчи радифли қофия киритган. Натижада учинчи – она тили ва хорижий тилдаги шеърий унсурлар бирикувидан иборат назмий муштараклик юзага келган.

“Ўпай” радифли рубоий таржимасини ҳам оҳанг ва жарангдорлиги жиҳатидан шарқона услубнинг ғарбча жаранги дейиш мумкин:

Дедим зақанинг тутуб, сақоғингни ўпай,
Кўз-қошингга суртубон қабоғингни ўпай,
Гулдек юзунг ислабон дудоғингни ўпай,
Йўқ, йўқ, йўқ, агар десанг аёғингни ўпай.

Инглизча таржимаси:

I said, holding by your chin your cheeks I kiss,
Licking your eyes with eyelids your brows I kiss,
Smelling your rosy cheeks your lips I kiss,
If you say: No, No, No, your foot I kiss.

Таржима шу даражада аниқ ва тушунарли чиққанки, инглизча матнданоқ Навоий оҳанги сезилиб туради. Ошиқнинг ёр лаби, ёноқлари, кўзу қошларидан ўпиш орзуси ва бу орзуга эришолмаса, ҳеч бўлмаса, оёғидан ўпиш ва ёр васлига қониш илоҳий ва мажозий ишқ савдоси дардига малҳам бўлиши иккала матнда (аслиятда ҳам, таржимада ҳам) бирдек тиниқ ва чиройли ифодаланган. Рубоийда қўлланган савол-жавоб санъати ҳам таржимада қайта яратилган.

Мен Қосим акадан қандай қилиб рубоий ритмикасини бу қадар нафис тарзда таржимага кўчира олдингиз, деб сўраганимда устоз Навоий рубоийларидан ниҳоятда таъсирланганини айтди. Шунингдек, Қ.Маъмуровнинг шеърий асарни таржима қилишда кичик бир сири ҳам бор экан. “Навоий рубоийларини инглизчага ўгиришда, – дейди мутаржим, — рубоийни арузий оҳангда қойиллатиб ўқиб берадиган кишиларга мурожаат қиламан. Ёнимдаги нотиқ асарни қайта-қайта ўқиркан, мен беихтиёр таржимага киришиб кетаман”.

Шу ўринда немис таржимони Алфред Курилланинг Алишер Навоий ғазалларини немис тилига ўгириш учун Ғафур Ғулом ҳузурига бориб, ғазалларни оҳанги билан ўқиб беришини илтимос қилгани ҳақидаги нақллар ёдимга тушади. Ўша немис таржимонини ҳам сўз мулкининг султони Алишер Навоий ғазалларини олмон тилига ўгиришга кўнгли ундаган бўлса, не ажаб.

2007 йили “Шарқ” нашриётида чоп этилган “Тасбеҳ” (“Четки” “Rosary”) тўпламида таниқли шоира Фарида Афрўзнинг ўзбек тилидаги учликлари инг­лиз ва рус тилларидаги таржималари билан бирга босилган. Фарида Афрўз бир суҳбатида учликларни инглиз тилига ўгирган Валентина Ли ва рус тилига таржима қилган Равилья Аблюк билан соатлаб мулоқотда бўлиб, ўз фикрларини аниқроқ тушунтиришга ҳаракат қилганлигини айтганди. Шундай бўлса-да, буюртма асосида иш кўрган мутаржимларнинг рисоладагидек таржимасида ютуқлар билан бирга жиддий камчиликлар ҳам кўзга ташланади. Мана, бир мисол:

Сичқонку, инига сиғмайди, аниқ,
Қизиқ, унга ғалвир не керак!?
Наҳот, элаб ейди ҳаром донини.

Ушбу учликни В.Ли инглиз тилига қуйидагича ўгирган:

This mouse will not fit into the burrow,
Interesting, why does it have a sieve?
Probably it sieves and eats something stolen.

(Сўзма-сўз таржимаси:

Бу сичқон инига сиғмайди
Қизиқарли, нега унда ғалвир бор?
Балким у элайди ва ўғирланган ниманидир ейди.)

Учликнинг маъносини тўла англаш учун инглиз китобхони “Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига” мақолининг мазмуни билан таниш бўлиши лозим. Бизда бу мақол ҳолига яраша иш қилмайдиган очкўз ва калтафаҳм кимсаларга нисбатан қўлланади. Инглизларда бу фразеологизмнинг аналоги йўқ. Таржимада ушбу ҳолат бутунлай номувофиқлик деб аталади. Ушбу ҳолатда фразеологизм маъноси берилади ёхуд сўзма-сўз таржима қилинади. Бинобарин, бу мақол сюжетидан бадиий асарда фойдаланилган бўлса, унинг таржимаси бироз қийинчилик туғдиради. Бунинг биргина йўли “сичқон” сўзига иқтибосда мақол шарҳини илова қилишдир. Аммо инглиз ва рус тили таржимонлари “ўзинг топ” қабилида бу изоҳни китобхонларидан дариғ тутганлар. Учликда ўзбек тилидаги ҳаром сўзи икки маънони англатмоқда. Яъни сичқон учун ғалвир “ҳаром бўлган” – кирланган донни элаб тозалаш учун керакми? Шундай бўлган тақдирда ҳам унинг дони тоза бўлармикан, ахир, дон ўғирланган-ку!? Агар таржимон бу сўзни инглиз тилида “dirty”(кир) тарзида берса, бунда “ҳаром” сўзининг асосий маъноси йўқолар эди. Шунинг учун таржимон “stolen”– “ўғирланган” сўзини танлайди. Аммо бу компенсация (йўқотиш ўрнини қоплаш) ҳам аслиятдаги сўз ўйинини тўла очиб бера олмаган. Шунингдек, мазкур таржимада “Қизиқ” сўзи “Interesting” деб берилган бўлиб, мисра мазмунига ушбу сўз мос тушмаган. Чунки “Interesting” – қизиқарли деб таржима қилинади. Шоира эса “қизиқ” деб айнан қизиқарлиликни назарда тутмаяпти, аксинча, ўз-ўзига савол бераяпти, гўё сичқоннинг “ўзини тутиши”дан ҳайратланаяпти. “Қизиқ” сўзининг замирида “Қизиқ, нега шундай экан?”, деган савол яширинган. Шу ўринда инглизчада “I wonder”(қизиқаяпман) сўзи қўлланилганда аслият услуби ва руҳияти таржимада қайта яратилар эди. Таржимонларнинг ишида шоира услубининг бадиийлигини тушунмаслик сезилиб турибди.

Шоира Бегойим Холбекованинг бугунги кунда ўзбек шоирлари ижодидан инглиз тилига қилаётган таржималарида эса, таржимоннинг мутахассис тилчи эмас, балки шеърият нозикликларини теран ҳис эта оладиган шоира-таржимон эканлиги яққол сезилиб туради. Унинг “Қалбим сизга интилади” (“My soul strives you”, 2011) номли шеърий таржималари жамланган тўпламига киритилган бир шеърни таҳлилга тортсак. Шоира Хуршидабону қаламига мансуб ушбу шеър таржимаси шу қадар нафис чиққанки, назаримда, мутаржимга бу шеър аслияти илҳом бағишлагани сезилиб туради:

Аё дил қушларим, қайтингиз йўлдан,
Ва ё олиб кетинг умидим дилдан!
Бино бўлганман-ку, бор-йўғи гилдан,
Само қучоғингда нима бор менга?
 
Дунё кулаверма ҳадеб ҳолимга,
Бирён этма қулоқ тутмай ноламга —
Ўт қўйиб кетаман бутун оламга,
Чўғсиз ўчоғингда нима бор менга?

Бегойим Холбекова таржимаси:

Oh, my soul birds, return back please
Or take my hopes off my heart!
I was made of soil, I’m it’s piece,
What do I do, the sky tell, in your heart?
 
The world, listen to my mournful song,
Do not laugh at me –
Or shall I bind my singing tongue?
How can I live without love?

(Сўзма-сўз таржимаси:

Оҳ қалбим қушлари, қайтинг илтимос
Ёки умидларимни юрагимдан олиб кетинг!
Мен тупроқдан яралганман, мен унинг бўлагиман,
Мен нима қилай само айт, сенинг юрагингда?
 
Дунё тингла менинг ғамгин қўшиғимни,
Менинг устимдан кулма —
Куйлаётган тилимни боғлайми?
Севгисиз қандай яшай оламан?)

Аслиятдаги а-а-а-б кўринишидаги қофияланиш таржимага а-б-а-б кўринишида кўчган. Таржимон Б.Холбекова шоира Хуршиданинг лирик кечинмаларини таржимада аниқ ифодалаб беришга эришган. Мутаржим шеърий таъсирчанликни сақлаб қолишни эквивалентликнинг бош мақсади қилиб олган. Масалан: “Бино бўлганман-ку, бор-йўғи гилдан”, мисраси таржимасида мутаржим мисрадаги асосий урғу қаратилаётган “бор-йўғи” сўзини инглизчада фақатгина “only”, деб бериши ҳам мумкин эди. У ҳолда бу сўз биринчи мисрадаги “please” сўзига қофиядош бўлмас эди. Шу мақсадда таржимон ушбу мисрани “I was made of soil, I’m it’s piece”, — “Мен лойдан яратилганман, мен унинг бир бўлагиман”, деб таржима қилади. Бу усул орқали қофиядошлик сақланибгина қолмай, “бор-йўғи” сўзи билан боғлиқ поэтик таъсирчанлик ҳам таржимага кўчиб ўтади.

Иккинчи тўртликдаги: “Дунё кулаверма ҳадеб ҳолимга, Бирён этма қулоқ тутмай ноламга” мисраларини таржима қилар экан мутаржим бадиий таржиманинг “антонимик таржима” трансформациясини маҳорат билан қўллайди:

The world, listen to my mournful song,
Do not laugh at me.

(Сўзма-сўз таржимаси:

Дунё менинг дардли қўшиғимни тингла,
Менинг устимдан кулма.)

Ўзбекча “дунё кулаверма” конструкциясининг “The world, listen to my mournful song” — “Дунё дард­ли қўшиғимни тингла”, деб антонимик ўгирилиши инглиз тилида ўқишли, таъсирчан чиққан. Шунингдек, фразеологик характердаги “Чўғсиз ўчоғингда нима бор менга?” мисрасини конкретлаштириб, мазмунга заррача путур етказмаган ҳолда – “How can I live without love?” (Севгисиз қандай яшашим мумкин), деб таржима қилади. Инглиз китобхони учун айнан шундай ечим мақбул, албатта.

Шеър таржимаси – кўнгил иши. Баъзан ўзим раҳбарлик қилаётган “Ёш таржимонлар мактаби”да шеърий таржимага иштиёқи баланд талаба йигит-қизлар мендан ўзбек шеъриятидан кимнинг шеърларини инглизчага ўгирсам маъқул, деб сўраб қолишади. Мен уларга: кўнглингиз буюрган, сизни тўлқинлантирган шеърни ўгиринг, деб айтаман. Сабаби, шеърий таржима илҳом билан боғлиқ. Илҳом эса кўнгил ийганда келади.

Гулноза Одилова,

филология фанлари номзоди

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 2-сонидан олинди.