Гулноза Одилова. Дунё адабиётида “таом” ва “тановул” мавзуси

Таом – инсон ва у яшаётган жамият маданиятининг ажралмас қисми. Миллий ошхонанинг ўзига хос хусусиятлари эса у ёки бу миллат маданиятининг қадимий илдизларини ўзида мужассам этган. Қандайдир таом ёки ичимлик истеъмол қилар экан, киши беихтиёр маълум бир миллат маданияти билан мулоқотга киришади.

Маданиятлараро мулоқот жараёнида овқат ва тановул ўзгани англаш воситаси ҳисобланади. Рус олими А.И.Козловнинг фикрича,  жамиятда овқат “табиий” ва “маданий”, “инсоний” ва “илоҳий”, “ўз” ҳамда “ўзга” каби тушунчалар орасида рамзий маъно касб этади.  Баъзан бировнинг “мақбул” таомдан воз кечиши, унинг ғайринсоний хислати сифатида қабул қилиниши ҳам мумкин. Умуман олганда, ошхона ва таом – “ўзингники”ни  “ўзга”дан фарқлаш, “улар” ва “ўзимиз” орамиздаги чегарани аниқлаб олиш воситасидир (Козлов А.И. Пища людей. – Фрязино: Век 2, 2005).

“Таом” тушунчаси инсон ҳаётининг турли хил жабҳаларида – тил, урф-одат, анъана ва маданиятида намоён бўлади. Адабиёт эса маданиятнинг ушбу ажралмас қисмини тақдим этиш воситасидир.

XVIII-XIX асрлар Европа адабиётида гастрономик мавзуни тўлиқ ёритишга ўтилди. Бироқ XI-XII аср қадимий қўлёзмаларидаёқ таом ва ичимликлар ҳақидаги бадиий тасвирлар пайдо бўла бошлаган. Юнон ёзувчиси Ксенофонтнинг уй-рўзғор юритиш ва оила иқтисоди  ҳақидаги “Уй рўзғор юритиш” китобида  рўзғорни ташкил этиш билан бирга дастурхон олдида ўзини қандай тутиш, ибодат кунлари қандай таомлар тановул қилиш ҳақида йўриқлар келтирилади (Энциклопедия православной кухни. – Н.Новгород: Изд-во Братства во имя св. Александра Невского, 1999). Овқатланиш ва таом Европа адабиётшунослигида махсус ўрганиладиган йўналишдир. Европа адабиётшуносларининг фикрича, таом ва  тановул жараёнининг бадиий адабиётда ўз ўрни бор. Зеро, таом – халқ маданияти, тарихи, ижтимоий жараёнлар ҳақида ҳаққоний ахборот бера оладиган муҳим омиллардан бири.

Таомни тадқиқ этиш  ёки “таомшунослик” (food studies) ижтимоий фанлар (антропология, социология, тарих, маданиятшунослик) ҳамда санъат негизида шаклланди. Бу фан адабиёт, гастрономия ва кулинар тарих кабиларни ўз ичига олади. Таомшунослик овқатга алоқадор жараёнларни: маҳсулот чиқаришдан тортиб, овқатланиш жараёнининг ижтимоий ҳаётдаги ўрни таҳлили, овқатланиш одат ва маросимлари, тановул учун танланадиган ҳамроҳлар (ижтимоий табақаланиш таҳлили учун) ни қамраб олади. Бу жараённи ўрганиш эса инсоннинг жамиятдаги ўрни ва миллий маданиятнинг ўзига хослигини кўрсатиб беришга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда  Европа адабиётшунослигида таомнинг бадиий адабиётда тутган ўрни ҳақида йирик тадқиқотлар олиб борилмоқда. Мазкур тадқиқотлар турлича илмий йўналишларнинг юзага келишига сабаб бўлди. Хусусан – “адабиётда таом”, “фольклоршунослик ва таом”, “замонавий шеъриятда таом”, “аёллар адабиётида таом”, “болалар адабиётида таом”, “адабиётда тановул, таом истеъмол қилишнинг бадиий тасвири” каби илмий мавзу ва тадқиқотлар олиб борилаётганлиги, овқатланиш ҳамда таом мавзусининг Европа адабиётшунослигига нақадар чуқур кириб борганлигини кўрсатиб туради. Кара Киллинг ва Скотт Полларднинг  таъкидлашича, агар таом адабиётдаги субстанция, маданият ҳамда  цивилизациянинг таянч нуқтаси саналса, у адабиётшунослик учун ҳам фундаментал тадқиқот манбаи ҳисобланади. Модомики, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳар бир маданиятнинг ажралмас қисми экан, таом ва тановул адабиёт ва санъатни англашда асосий воситалардан бири бўлиб хизмат қилади (Keeling, Kara K. and Scott T. Pollard. “Introduction: Food in Children’s Literature.” Critical Approaches to Food in Children’s Literature. Ed. Kara K. Keeling and Scott T. Pollard. New York: Routledge, 2009).

Дарҳақиқат, инсоният тараққий этар экан, азалдан егулик топиш ҳаётий муаммолардан бўлган. Ҳар бир мумтоз асарни бир ёки бир неча қисмат тарихи деб ҳисобласак, унда ҳикоя қилинаётган тарихий давр таом ва овқатланиш жараёни билан боғлиқ қанчадан-қанча ҳодисалардан таркиб топганлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Бадиий асарда учровчи “таом” концептини тушунишнинг мураккаб томонлари ҳам мавжуд. Америкалик олимлар Дэвид ва К.Жонатанларнинг таъкидлашича, овқат ва унга тегишли анъаналар, жамики нарса ва ҳодисалар турли ёзувчилар онгида турли асоциацияни пайдо қилади. Таом фақат маза ва ҳид билан эмас, балки бошқа жиҳатлари орқали ҳам ҳис этилади. Овқат ҳақидаги тасаввурлар адабиётда бирор миллат хотирасининг негизигача сингиб кетган ассоциациялар манбаси сифатида намоён бўлиши мумкин (David, Jonathan C. Food in Literature. Gale Encyclopedia of Food&Culture.2003). Ёзувчи онгидаги ўз миллатига хос асоциациялар таомнинг ҳиди ва унга хос бўлган хусусиятлар битта шу овқат ёки озуқа номини келтириш билан ҳам ҳосил қилинади. Аммо адабиётшунос ёки таржимон учун мазкур прагматик таъсирчанлик – маза, таъм ва у билан боғлиқ ассоциацияларни англаб етиш учун фон билимлари зарур бўлади. Фон билимлари  халқ маданияти, тарихи ва урф-одатларини ўз ичига олган концептуал билимлар мажмуидир.Ўзбек олимларидан профессор Шуҳрат  Сирожиддинов мазкур истилоҳни маъновий билимлар деб аташни таклиф этади. (Ш. Сирожиддинов. Бадиий таржима асослари. 2011) Дарҳақиқат, маъновий билимлар  бир миллатнинг ижтимоий онгида кўп асрлар давомида шаклланган маъно ва тушунчалар йиғиндисини ташкил этиб, бадиий асар матнида табиий ҳолатда вербаллашади. Мисол сифатида “Ошқовоқ сомса! Ошқовоқ сомса! Камбағаллик қурсин илоҳим!” (Чўлпон, “Кеча ва кундуз”) жумласини олайлик. Агар бу гап инглиз тилига таржима қилинадиган бўлса, аввало, ўзбек халқи табиатида гўштли таомларни севиб истеъмол қилиш, уйида гўшт бўлиши тўкинлик ва тўқлик нишонаси эканлиги  ҳақидаги экстралингвистик маълумотга эҳтиёж туғилади. Шунингдек, уйда гўшт бўлмаганда, картошка ёки  қовоқ солиб сомса қилиниши, қовоқ сомсанинг ўзбек халқи орасида, одатда, камбағалбоп пишириқ эканлигини изоҳда бериб ўтиш лозим бўлади. Сабаби, чўнтаги кўтарса-да, сабзавот солинган овқат ва пишириқларни хуш кўрадиган европаликлар учун қовоқ сомса “камбағаллар  таоми” эмас, балки ижтимоий мавқеи баландроқ қатлам вакиллари истеъмол қиладиган  ширинлик, яъни десерт ҳисобланади. “Ҳарри Поттер ҳикматлар тоши” асарининг бош қаҳрамони Ҳарри Хогвортга йўл олаётиб, Хогворт экспресс поездига чиқади. Йўлда истеъмол қилиш учун сеҳргарларнинг анъанавий таоми бўлган лаззатли қовоқ сомсалардан сотиб олади. Кичкинагина қовоқ сомсачалар зираворлар солинган ўртача аччиқликда эди. У поездда янги танишган дўсти Ронга қовоқ сомсалардан беради. Роннинг оиласи ширинликка пул бера олмас, чунки камбағал эди (Herbert G. Litereture, literary history and cultural memory/Guttengen.Germany. – 2005). “Сомса” сўзи ўзбекча-инглизча луғатларда “pie” сўзи билан берилган. Лекин инг­лиз тилида pumpkin pie қовоқли пирогни англатади. Бу эса тайёрланиши, кўриниши ва мазаси жиҳатдан қовоқ сомсага муқобил бўла олмайди. Инглизча pasty сўзи эса ўрта француз тилидан олинган, инглизча pie сўзига эквивалентдир. Ичига гўшт, сабзавот ёки пишлоқ солиб, доналаб букиладиган, қолипга солмасдан печда пишириладиган таом ўзбекча сомсани эслатади. Бу асардан илҳомланган инглиз пазандалари “Ҳарри Поттер сомсаси” ёки “Хогворт экспресс сомсаси” рецептини яратдилар. Китоб оламшумул шуҳрат қозонгач, Ҳаррининг қовоқ сомсаси Англиянинг миллий брендига айланди.

Рус адабиётида ҳам хорижликларга нотаниш бўлган глюттонимлар (таом номлари)  бор. Улар баъзан рус кишиларига ҳам тушунарли бўлмаслиги мумкин. Чунки рус ошхонасининг қадимий анъаналари ўзгариб бормоқда. Гоголнинг “Ўлик жонлар” асари қаҳрамони Коробочка “скородумки”, “пирожки”, “шанежки”, “пряглы”, “блины”, “лепешки со всякими припеками”: “припекой с лучком”, “припекой с маком”, “припекой с творогом”, “припекой со сняточками” кабиларни тайёрлайди. Қадимий рус ошхонасидан хабардор кишигина Гоголнинг ун маҳсулотидан тайёрланадиган рус миллий таомлари номини санаш орқали асар қаҳрамони Коробочканинг ошхона ишларига эринмайдиган турли-туман овқатлар пиширадиган аёл портретини очиб бераётганлигини сезиши мумкин. Чунки саналган таомлар XIX асрда ниҳоятда кенг тарқалган хамирли таомлар сирасига кириб, бугунги кунда замонавий рус ошхонасида вақт тиғизлиги боис ун ўрнига бошқа маҳсулотлардан фойдаланилмоқда. Бу эса ҳатто замонавий рус кишиси учун ҳам тушунарсиз бўлиши мумкин. Рус кишилари учун диний маросим рамзларига айланган масленицага қуймоқлар, Пасхага кулич ва бўялган тухумлар, маъракага кутья, тантанали маросимга нон ва туз деган тушунчалар борки, бу тушунчалар рус халқининг кўп асрлик диний ва тарихий қадриятлари маҳсули бўлиб, таржима жараёнида таржимонни кўпроқ изланишга ундайди.

Таом ва тановул мавзуси  инглиз ўсмирлар адабиётида алоҳида ўрин тутади. Бу Роэлд Далнинг шоколад ва ширинликлар асосий ўринни эгалловчи “Чарли ва шоколад фабрикаси” асарида ўз аксини топган. Асарда ширинликлар оғизнинг сувини қочирадиган қилиб тасвирланган. Жон бобо томонидан Чарлига шоколад фабрикаси тасвирлаб берилганда, ширинлик тасвирига оид бирорта сўз назардан четда қолмаган: “Мистер Вилли Вонка бинафшаранг мазали зефирлар, сўрганингда ҳар ўн сонияда ранги ўзгарадиган сертаъм карамеллар, оғзингда эриб кетадиган пардек енгил ширинликлар, ҳеч қачон таъмини йўқотмайдиган сақичлар, игна билан тешсанггина ёриладиган, улкан ҳажмгача пуфлаб шиширса бўладиган ширин пуфаклар, ҳаворанг қушларнинг устида олачипор доғлари бор тухумларини сирли услубда тайёрлар эди. Агар биттасини оғзингга солсанг, у борган сайин кичрайиб кетар ва тилингнинг тепасида турган жажжигина шакарли қушчага айланиб қоларди” (Таржима бизники– Г.О.). Ёш китобхоннинг иштаҳасини қитиқлайдиган ширинликлар – муаллифнинг бадиий тўқимаси. Кейинчалик эса қандолатчилар болаларнинг мазкур китобга бўлган меҳридан унумли фойдаланди, асарда келтирилган ширинликлар инглиз бозорларининг харидоргир маҳсулотига айланди. Европа ўсмирлар адабиётида таомни ўта лаззатли тасвирлаш анъанаси мавжуд. Ширинликка ўч болаларни китобга михлаб қўювчи бундай асарлар ёш инглиз китобхонлари орасида шуҳрат қозониб, экранлаштириш даражасига ҳам етган. Инглиз фольклори ва эртакларида эса сеҳр-жоду қуроллари овқатнинг битмас-туганмас манбаларини яратади. Бу, ўз-ўзидан, нозу-неъматларга тўлиб кетувчи стол, сеҳрли бўтқа қайнаб чиқувчи қозон кабиларда намоён бўлади (Jackson E. Food and Transformation. Toronto: Inner City Books, 1996). Эртакларда учровчи сеҳр кучига эга глюттонимлар ўзбек халқ эртаклари (“Очил дастурхон”, “Олтин тарвуз”, “Тилла беҳи” ва ҳ.) да ҳам кенг учрайди.

Психоаналитик назарияларга кўра, тановул одатлари инсонларнинг шахсий баҳосини шакллантиришда ва унинг оилавий ёки ижтимоий мавқеини кўрсатиб беришда муҳим роль ўйнайди. Таом ва у билан боғлиқ образлар  доимо адабиётнинг бир қисми бўлиб келишига қарамасдан, психологик назариялар таом ва овқатланиш жараёнининг ҳамма ижтимоий соҳалар объекти сифатида ўрганилишига олиб келди (Food in literature. Twentieth Century Literary Criticism. Ed. Gale Cengage. Oxford University Press, 2006). XXI аср Европа адабиётида оламшумул шуҳрат қозонган ва экранлаштирилган асар Жон Ҳарриснинг “Шоколад” романидир. Канадалик фантаст ёзувчи Де Линт Чарльз “Жон Ҳарриснинг мазкур романи – ҳақиқий завқ-шавқ манбаи! “Шоколад” худди қайноқ иссиқ шоколаддек мазали, лекин ундан Лотин Америкаси эмас, Европа таъми келиб турибди” деган фикрни айтади. Асарнинг бош қаҳрамони ёлғиз она Виен Роше Франциядаги Ласкне-су-Танн шаҳарчасига кўчиб келади. Унинг орзуси шаҳарчада шоколад дўконини очиш бўлади. Муқаддас Пасха яқинлашиб келаётган бир пайтда черков руҳонийси Франсис Рейно кишиларни дунё лаззатидан баҳраманд қилувчи шоколад дўконини очишга қаттиқ қаршилик кўрсатади. Бу масалада шаҳар аҳолиси фикри  иккига бўлинади. Туғма қандолатчилик иқтидорига эга Виен шаҳарликларга завқ, роҳат ва ҳузур улашади. Ёзувчи қаҳрамони характерини, ошхонадаги ижодкорлигини у тайёрлаётган ширинликлари орқали очиб беради. Ошхонада куймаланаётган аёлни гўзал яратувчи аёл сифатида кўрсатади. Адибнинг айтишича, асардаги деярли ҳамма қаҳрамонларнинг прототиплари бор, у ўзининг яқинлари ва қариндошларида кўрган таомдан лаззатланиш ва ҳузурланиш, шу орқали ҳаётдан завқ туйиш ҳиссини ўз асарида тасвирлаган. Хусусан, Виеннинг қизи Анук ёзувчи қизининг прототипи бўлса, асар қаҳрамонларидан бири Арманданинг ҳаёт ҳақидаги қарашлари муаллифнинг катта бувиси феълида намоён бўлган. Жон Ҳаррис  “Шоколад” асарининг кўп қисмида ўзининг ҳаётга бўлган шахсий муносабатини таом тайёрлаш ва истеъмол қилиш жараёни орқали рамзий тасвирлаб беради. Масалан, қанд касалига чалинган Арманданинг туғилган кунга тайёргарлик вақтидаги ҳолати тасвирини олайлик. Унда ҳар бир ширин луқмани оғзига тўлдириб солаётган Арманда ўз ҳаётини хавф остига қўяётганлигини тўла англаган ҳолда “Бу менинг охирги луқмам”, дейди ва юзида тансиқ таом ҳақида гапиргандагина пайдо бўладиган ҳузур ифодаси намоён бўлади. “Энди менюга ўтсак”, дейди иштаҳа билан қўлларини ишқалаб. Гарчи ширинлик ейиш қатъий тақиқланган бўлса-да, қаҳрамонга овқатдан лаззатланиш бахт ва ҳузур ҳадя этади.

Асарни ўқир экансиз, таом тасвири наинки эстетик завқ уйғотади, балки иштаҳани ҳам қитиқлайди. Санъаткорона тасвирланаётган глюттонимлар Европа маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланган ғарб ошхонаси билан яқиндан танишиш истагини уйғотади. Асар давомида ҳаётнинг лаззатли неъмат эканлиги татиб кўриш мумкин бўлган  ширинликлар ва ҳузур бағишловчи тановул жараёни тасвири орқали кўрсатиб берилади.

Умуман, Ғарб адабиётида таомни бадиий тасвирлаш анъанасининг ўзига хос жиҳатлари шундаки, Европа адабиётида айни тасвир шу мавзудан  завқланувчи китобсеварлар гуруҳи учун эмас, балки ҳар қандай адабий жанр ихлосмандлари учун ҳам санъаткорона тарзда яратилган. Мисол қилиб Артур Конан Дойлнинг “Шерлок Холмс” асарини ҳам олишимиз мумкин. Асарда Холмснинг таом тановули тасвирлари ҳамда у истеъмол қиладиган таом ва рецептлар Англияда “детектив ошхонаси” номи билан шуҳрат қозонган. Асар мухлисларини нафақат ўзининг зийраклиги, балки ноанъанавий таомлари билан ҳайратга солган Шерлок Холмс тайёрлаган таомлар кейинчалик “The Sherlock Holmes Victorian Cookbook: Favorite recipes of the Great Detective and Dr.Watson” номи остида 1997 йилда алоҳида китоб ҳолида чоп этилган. Мазкур китобдан асарда тасвирланган, истеъмол қилинган таом рецептлари замонавий кулинария меъёрлари асосида  келтирилган бўлиб, ҳар бир таом рецептига иллюстрациялар ва асардан парчалар илова қилинади. Бундай китобларнинг пайдо бўлиши, инглиз адабиёти ва ошхонасининг бир-бирига чамбарчас боғлиқ ҳолда бир бутун маданий бойлик сифатида қаралишини кўрсатади. Зотан, “narrative kitchen” – “бадиий ошхона” истилоҳи инглиз адабиётшунослигида ҳам, пазандачилигида ҳам тез-тез учраб туради. Бу истилоҳ машҳур асарлардаги бадиий тасвирланган ва китобхоннинг алоҳида муҳаббатига сазовор бўлган таомларни ифодалайди. Бадиий ошхона таомномасига кирувчи мумтоз таомлар рейтинги пазандалар ва адабиётшунослар томонидан илмий ўрганиб борилади. “Овқат е, ибодат қил ва сев: бир аёлнинг Италия, Ҳиндистон ва Индонезия бўйлаб бахт излаб қилган саёҳати” асари муаллифи Элизабет Ҳилберт қуйидагиларни баён этади: “Биргина инсон умри қанчалик кўп омиллардан ташкил топган! Қанчалик кўп қатламлардан таркиб топганмиз, онгимиз, жисмимиз, тарихимиз, оилаларимиз, қалбларимиз ва тушликларимиздан келувчи таъсирларни қабул қиламиз!” (Таржима бизники – Г.О.).

Асар муаллифнинг ички кечинмалари ҳаёт ва жамият ҳақидаги фалсафий қарашларини ўзида мужассам этган. Муаллифнинг “онг”, “жисм”, “тарих”, “оила”, “қалб” каби юксак тушунчалар билан бир парадигматик қаторда “тушлик”ни ҳам санаши Ғарб кишиси тасаввурида “таом” концептининг ўрни қанчалик юқори эканлигини кўрсатади. Шарқдаги “ейиш учун яшаш эмас, балки яшаш учун ейиш керак” деган кўп асрлик тушунча қон-қонимизга сингиб, исрофгарчилик, маишатпарастликдан кишиларни тийиб тургани боисми, адабиётимизда таом ва тановул жараёнини юксак даражада бадиий тасвирлашга у қадар урғу берилмайди. Бироқ  Европа адабиётида бу алоҳида бир жанр “food in literature” – “адабиётда таом” бўлиб, санъат даражасига кўтарилиб бормоқда. Масалан, юқоридаги асар 2006 йилда нашр этилган ва 187 ҳафта мобайнида “New York Times” газетасининг бестселлер асарлар рўйхатидан тушмаган.

Асарда бахт излаган аёлнинг ички  кечинмалари тасвирлаб берилган. Ёшгина ёзувчи аёл кун келиб нотўғри ҳаёт тарзини бошдан кечираётганлигини, кўпдан бери бахтни ҳис этмаётганлигини англаб етади, муҳаббатга қурилмаган турмушидан воз кечиб, Италияга кетади. Италияда яшаш баробарида у ўзлигини топмоқчи бўлади. У ерга ўз роҳати ва ички “мен”ини излаб боради. Буни у ердаги оддий таомларни тайёрлаш ва истеъмол қилишда туғиладиган кичик роҳатдан ҳам  топади: “Мен роҳатни қандай топдим?.. Ҳамма нарса ўзгарди. Ҳаммаси мазали бўла бошлади… Мен, мен истаётган нарса – лаззатли таомни ейиш эканлигини тушундим. Шундай ҳам бўлди. Октябрнинг ўрталарида, ташқаридан қараганда ҳеч аҳамиятсиздек туюлса-да, ҳаётимдаги бахтга тўла деб ҳисоблашга арзигулик бир неча соатлик роҳатни ҳис этдим. Таомимнинг ейишлигига бутунлай маҳлиё бўлиб, берилиб кетганимдан сўнг бориб топ-тоза ёғоч полнинг қуёш нури тушиб турган бир парчасига ўтирдим, овқатнинг ҳар бир луқмасини итальянча газетани ўқиб чиқиш жараёнида едим. Бахт танамнинг кичик зарраларигача сингиб кетди” (Таржима бизники – Г.О.).

Муаллиф асарда қўллаган beautiful food сўзма-сўз ўгирилганда “чиройли таом” маъносини берса, prettiness of my meal “таомимнинг мафтункорлиги” деб таржима қилинади. Энг қизиғи шундаки, аёл гўзаллиги тасвирида ишлатиладиган сифатларнинг таом тасвирида қўлланиши Европа адабиётида таом масаласига ниҳоятда ихлос билан муносабатда бўлишни кўрсатиб турибди. Таомдан лаззатланиш руҳий қониқмаслик ва ёлғизликдан азоб чекаётган замонавий кишилар учун таскин беради ва яна бир бор ҳаётдан завқ олиш истагини уйғотади. Асардаги бош ғоя – ҳаётнинг инсонга бир марта берилганлиги, таом мазасини ҳам ҳис этолмай тушкунликда яшаб ўтиш ёки ўзига зиён етказишдан кўра ҳаётни янгидан бошлаш имконини излаш кераклиги ҳақида. Ёзувчи ўз ҳақиқатига ишонтиришда таом ва таомланишдаги ёқимли ҳолатлар тасвиридан фойдаланади.

Маргарит Артвуднинг “The Edible Woman” (сўзма-сўз таржимаси “Ейи­ладиган аёл”) асарида эса аёл индивидуаллигининг шаклланиши, гендер тафовут, ижтимоий мавқе ва аёл руҳиятида майллар таом ҳамда тановул жараёни фонида тасвирлаб берилади.

Артвуднинг таъкидлашича, бу ҳикоя вақтнинг уч қисмидан ташкил топган. Ҳар бир нарса Марианнинг таом ва тановул жараёнига бўлган муносабатида фарқланади. Турмуш қуриш бўсағасида турган Мариан ўз ҳаётини гўё бўлажак эри “ейиш”га чоғланган таомдек ҳис эта бошлайди. Унинг бутун вужудида бунга нисбатан руҳий исён бошланади. Марианнинг яна бир жиддий муаммоси унинг овқат еёлмай қолишидир, оддий сабзи ҳам унинг учун жонли мавжудотдек туюлади. Асар бутунлай феминистик руҳга йўғрилади. Бир гал Мариан бошидаги оғриқни тасвирлар экан, у бошини мағзи қириб олинган қовун пўчоғига қиёслайди. “Айтинг-чи, пўчоқнинг ўзи билан фикрлаб бўлармикин?” – дейди аламзада қиз. Рўзғор ва турли юмушлар аёлни емириб борар экан, унинг руҳи чўкиб боради, иштаҳаси, ҳатто майллари ҳам сусаяди. Аёл руҳиятига яқин киши билан яшаса, эрки чекланмайди, жамиятда ўз ўрни бўлса, бахтни ҳис этади. Асар сўнгида Мариан нормал руҳий ҳолатга эришади ва уни қийнаётган ҳислардан халос бўлади. Асарда тановул жараёни қаҳрамонларнинг руҳиятига ҳамоҳанг тасвирланади.

Ўзбек ва қардош халқлар адабиётида ҳам таом тасвирига бой контекстлар кўплаб топилади. Гарчи Европа адабиётидаги каби такомиллашиб, ўзига хос йўналиш даражасига етмаган бўлса-да, адабиётимизда таом тасвири орқали персонажнинг ижтимоий ҳолатига урғу бериш уруш йиллари воқеалари тасвирланган асарларда кўплаб учрайди. Ў.Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари”, И.Султоннинг “Қисмат” асарларида таом ва тановул тасвирлари билан уруш одамларининг ночор ҳаёти ва бундан туғилган руҳий изтироблари баён этилади. Умуман, адабиётимиздаги гастрономик олам манзарасини таҳлил қилар эканмиз, юқорида таъкидлаб ўтганимиз –табобат илмининг султони Ибн Синонинг “Баъзилар овқатланиш учунгина яшайдилар, мен эса яшаш учун овқатланаман”, деган нақли қон-қонимизга сингиб кетиши натижаси ўлароқ, ёзувчиларимиз ижодида таом тасвирига берилиб кетмаслик, уни меъёрида қўллашни кузатамиз. Бироқ “Ўтган кунлар”даги Зиё шоҳи уйидаги зиёфат, “Меҳробдан чаён”даги Раъно тайёрлаган манти тасвирлари ўзбек адабиётида таомни бадиий тасвирлашнинг ғарбона анъаналарини ҳам ўзбек романчилигининг отаси Абдулла Қодирий бошлаб берганини кўрсатади. Гарчи ўзбек халқи лаззатли таомларни истеъмол қилишни, қуюқ-суюқ зиёфат ва меҳмондорчиликларни хуш кўрса-да, назарий жиҳатдан гўёки таом истеъмол қилишни исташ, ундан лаззатланиш, адабиётимизда негатив бўёқларда тасвирланади. Лаззатли таом гўёки камбағал киши етиша олмайдиган орзу, бой кишиларнинг маишати, роҳатланиш воситаси, бой кишининг таомни истеъмол қилиши эса, унинг салбий жиҳатларини кучайтирувчи экспрессив ифода сифатида бадиий адабиётимизда кўп учрайди. “Мирёқуб эса мингбошининг хурсандлик ва кайф билан маст бўлган юзларига тикилган бир пайтда ичкаридан бир товоқ тўла манти чиқиб, дастурхоннинг ўртасидан жой олди. Мирёқуб бу даргоҳда тез-тез кўриниб турадиган бу серқатиқ, семиз ва ёғлиқ мантиларга қадрдон дўстини кўргандай ширин бир кайф билан тикилди, сўнгра кўзларини товоқдан кўтариб, мингбошининг юзларига қарагач, шу топда товоқдаги манти билан товоққа томон эгилган юз ўртасида ҳеч қандай фарқ кўрмади: иккаласи ҳам шу қадар ёғлиқ эди!” (Чўлпон, “Кеча ва кундуз”).  Салбий қаҳрамонларнинг таом истеъмоли саҳналари шу даражада ишонарли тасвирланадики, муаллиф ўз мақсади – китобхоннинг ўша шахсдан нафратига тўлақонли эришадилар. Бунга  Солиҳ Маҳдумнинг овқат кавшаши ва тановул жараёнларидаги ҳолати,  “Шайтанат”даги Кесакнинг ош ейиши билан боғлиқ бадиий тасвирларни мисол қилиш мумкин.

Атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” қиссаси қаҳрамони овчиликнинг ҳақиқий гаштини – тюленнинг хом жигарини еб кўргандагина ҳис этади. Ҳикояда катталар билан овга чиққан болакай ҳиссиётлари йўл давомида босқичма-босқич тасвирлаб борилган. У қуйидаги тасвирларда чин овчи бўлиш гаштини туяди: “О, Курнг (нивхларнинг олий тангриси) эгам, етказганингга шукур! Овимизнинг бошланиши чакки эмас! – дея у ўзининг ов пичоғини артиб, тайёр қилди. Овдан кейин энг муҳими – тюленнинг хом жигарини шу ернинг ўзидаёқ ейиш эди. Ўрхон нимталанган нерпа тўши олдида чўнқайиб ўтириб олиб, жигарни бўла бошлади. Овчилар оз-моз туз сепилган майин жигар бурдаларини ҳузур қилиб чалпиллатиб ямлаб ютар эдилар. Жигар жуда мазали, мулойим, илиқ, тўйимли эди. Кирскнинг орзуси ушалди – ҳақиқий катта кишидай овда ҳом жигар еди!” Биргаликда истеъмол қилган тюлен жигари – боланинг наздида овдаги тенг ҳуқуқлиликни таъминлайди. Гастрономик коммуникация бола ва катталар ўртасида кўприк бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, дунё китобхонлари томонидан севиб ўқилаётган таом ва тановул мавзуси, инсон руҳияти ва ички дунёсини бадиий тасвирлашнинг ўзига хос услуби сифатида алоҳида ўрин тутади. Бу мавзу тадқиқи халқлар ўртасидаги маданиятлараро мулоқот ўхшашликлари ва фарқларни англаш, гастрономик олам манзарасини тушуниш, инсон психологиясини чуқурроқ англаш, жаҳонда юз бераётган адабий тенденциялардан бохабар бўлиш имконини беради. Овқат ва унинг истеъмолидан ҳосил бўладиган руҳий ҳолат ишонарли бўёқларда тасвирланган Ғарб адабиёти намуналари ўзбек китобхонлари учун ҳам янгича жозиба касб этишига шубҳа йўқ.  Жаҳон адабиётидаги “таом” ва “тановул” мавзусида ёзилган асарларни адабиётшунослик нуқтаи назаридан ўрганиш ва таржима қилиш китобхонларимиз томонидан жаҳон адабиёти дурдоналарининг янги қирралари кашф этилишига хизмат қилиши мумкин. Келажакда замонавий ўзбек адиблари асарларида таомни бадиий тасвирлаш, унинг истеъмоли билан боғлиқ руҳий ҳолатларни реалистик ифодалаш анъаналарининг шаклланиши, ажабмаски, жаҳон китобхонларида миллий ошхонамизнинг шоҳ таомларини татиб кўриш истаги орқали миллат табиати ва юрагини билиш, ўрганиш иштиёқини  уйғотса.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 1-сон