Г. Ф. Благова. «Бобурнома»нинг Россияда ўрганилиши тарихига доир (1990)

Бобур портрети

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома»си бутун жаҳонга маълум ва машҳур. Эҳтимолки, бунинг бир сабабини мазкур асарда тасвирлаган жами воқеалар муаллиф шахсияти орқали ўтгани, ривожлангани, шу тариқа ўз мазмунини тўла намоён қилгани, маънавият ва абадият мулкига айлангани билан изоҳлаш мумкиндир.

Бу гўзал асарда, Ж. Неру таъбири билан айтганда, дилбар шахс бўлган Бобурнинг жуда кўп фазилатлари билан бир қаторда, ахлоқий ва эстетик қарашлари ҳам ёрқин бир тарзда ифодасини топган. У табиат ва жамият нафосатини, воқеалик нафосатини, шахс, урф-одатлар ва маросимлар, меъморчилик, боғ, адабиёт ва санъат, хуллас жами нафосатни чуқур ҳис қилади ва теран таҳлил этади. Муаллиф асар давомида баркамол, яъни ахлоқий ва эстетик мукаммал инсон сифатида жонланади. «Бобурнома» олам бўйлаб саёҳат қилар экан, Ҳиндистон ва Ўрта Осиё халқлари эстетик тафаккури уйғунлашган. Янги сифат ўзгаришлари касб этган ҳолатларни кузатиш мароқлидир. Қайта қуриш ва ошкоралик шароитида ўтмишнинг нурли, мураккаб сиймолари ўзига муносиб қадр топиб бораётганлиги ҳам шундан далолат бериб турибди. Ўртоқ И. А. Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг партия XXII съездига Сиёсий маърузасида эслатиб ўтганидек: «Яқиндагина ўзбек адабиётининг классиги Бобурни баҳолашда тор синфий ёндошув рўй берди. Адиб ижодининг миллий ва умуминсоний аҳамияти камситилди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг 1986 йилда бўлган учинчи пленумида Бобур шахси таҳқирланиб, у «маърифатли» золим деб тилга олинди.

Халқимиз Марказий Комитет ва жумҳурият ҳукуматининг Навоий, Улуғбек, Бобур, Машраб, Фурқат, Қодирий ва халқимизнинг бошқа буюк фарзандлари юбилейларини ўтказиш тўғрисидаги қарорини жуда руҳланиб кутиб олганлиги бежиз эмас, деб ўйлаймиз. Уларнинг мероси Ўзбекистон халқлари умуминсоний қадриятларининг равнақи ва бойишига хизмат қилиб келган эди ва бундан буён ҳам хизмат қилади. Биз уларнинг бебаҳо меросини халққа, аввало ёшларга етказиш учун барча ишларни қиламиз».

Назаримизда, бу бебаҳо меросни халққа етказиш йўлида қилинадиган ишларни аввалида улуғ зотлар асарларининг пухта илмий-танқидий — асл, шак-шубҳасиз матнини яратиш туради. Ана шундагина уларнинг ижодий қиёфасини тўғри тасаввур қиламиз, эътиқодимиз иморатларини қум устига қурмаймиз. Биз «Гулистон» журнали тавсиясига кўра таржима қилганимиз ушбу мақола Бобур ва унинг шоҳ асари, уларнинг қардошлик ришталарини мустаҳкамловчи фазилатлари, муаллиф ва асарининг ғаройиб тақдирини ёритиши билан узвийликда яна бир муҳим масалани — «Бобурнома» илмий-танқидий матнини яратиш вазифаси кун тартибида турганлигини илмий асослайди. Умид қиламизки, «Бобурнома»нинг илмий-танқидий матнини яратишдек эзгу ишни жумҳуриятимиз олимлари рўёбга чиқарадилар.

Олима Г. Ф. Благованинг таржима қилиб берилаётган мақоласи бетма-бет берилган 44 та изоҳ билан таъминланган. Таржима кенг омма эътиборига мўлжаллангани учун биз, қизиққан ўртоқлар бу изоҳларни асл манбадан — Москвадаги «Наука» нашриёти 1966 йили чоп этган «Тюркологический сборник»нинг 168—176-саҳифаларидан ўқиб олишлари мумкин, деб ҳисобладик.

«Бобурнома»нинг тўйи миллий маданиятимиз, ахлоқимиз, нафосатимизнинг жаҳоний маънавият билан уйгунлигини яна бир марта намойиш қилади, деган ниятдамиз.

Таржимон

Ўрта аср мемуар адабиётининг беназир асари «Бобурнома»га тарихий манба сифатида қизиқиш Шарқда, муаллиф Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётлик пайтидаёқ бошланган эди ва «Бобурнома»ни форс тилига таржима қилиш устидаги иш маърифатли кишиларнинг нисбатан кенгроқ даврасини бу асар билан таништириш йўлидаги айни шу саъй-ҳаракат самараси бўлди.

Ғарбга Бобур ва унинг мемуари ҳақидаги маълумотлар XVII асрда етиб борди, XIX асрнинг 20-йиллари охиридан бошлаб, Оврупо шарқшунослари «Бобурнома»га гоҳ унинг Ғарбий Оврупо тилларига таржимаси, гоҳ унинг тарих, манбашунослик, филология масалалари билан боғлиқ тадқиқ муносабати билан, қайта ва қайта мурожаат қилдилар.

Шарқнинг «Бобурнома»да тасвирланган туманларига қўшни Россияда, ҳукумат доираларининг мазкур туманларга бўлган, Бобурнинг ўз давлати Ҳиндистон ва Россия ўртасида савдо ва дипломатик муносабатлар боғлашга уриниши билан боғлиқ тарихий воқеалар туфайли ортиб борган доимий қизиқиши илмий даврада ўзгача маъно касб этди. И. С. Тургенев «Пунин ва Бабурин» қиссасида фойдаланган Бабуриннинг келиб чиқиши ҳақидаги ривоят Русда, ўтмишда Бобур билан боғланган муносабат тўғрисидаги афсона ҳали тирик эканидан шаҳодат берар эди; қиссада Бабурин қиёфасига хос «шарқий бичим» алоҳида уқтирилади: «бошқа маълумотларга қараганда, Парамон Семеничнинг бобокалони Бобур оқ суяк деган ҳинд шоҳи эди»; шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, Тургенев Н. А. Островская билан суҳбатида айни шу Бабурин «бор одамга қараб яратилган»ини айтган эди. Рус шахсий ономастикаси — тилшуносликнинг атоқли отлар ҳақидаги бўлимида Бабурин, Бабуров, Забабурин, Бабурченок, Бабура фамилиялари, Бабурка лақаби, топонимикада — тилшуносликнинг жўғрофий номлари ҳақидаги бўлимида эса Нижнее Бабурино деган бўш ер, Бабуринский хутор, Бабурино қўрғончаси мавжудлиги ҳам ибратлидир; ҳозирги вақтгача Муром шаҳри ва Киржач шаҳри яқинида Бабурино деган қишлоқлар бор.

Русияга Ташқи ишлар ҳайъатида хизмат қилиш учун чақирилган (таржимонлик фаолияти ва «ёшларни шарқ тилларига ўргатиш» унинг вазифаларидан ҳисобланар эди) Яқин Шарқ тиллари (айниқса араб тили)нинг йирик билимдони Георг-Якоб Кер (1692—1740) чиғатой тили соҳасидаги билимини мукаммаллаштиришга интилиб, «Бобурнома»нинг ўз бисотида мавжуд қўлёзмасини кўчириш билан шуғулланди ва бу ишни 1737 йилда ниҳоясига етказди (мазкур қўлёзма ҳақида маълумотлар сақланмаган). Кер «ўзи нусха кўчирган қўлёзма хусусида бирор арзирли фикр билдирмайди; у 420 варақдан иборатлигини эслатади холос; Кер кўчирган нусха охиридаги: 1126 йилда (ҳижрий) — 1714 йилда тугалланди, деган арабий сўзлар, афтидан, асос қўлёзманинг битилган йилини кўрсатади. Шундай бўлса ҳам, Кер ўз нусхасида сақлашга ҳаракат қилган имловий ва баъзи белгиларга қараб, нусха Мовароуннаҳрда қаламга олинган, деб ҳисоблаш мумкин».

«Бобурнома»нинг кўчирилган матни бир қисмини лотин тилига таржимаси билан таъминлаб, Г. Я. Кер кейинчалик бу асарни охиригача таржима қилишни мўлжаллаган ва шу ниятда ўзи кўчирган нусхага тоза оқ варақларни ёпиштириб қўйган эди. Бу лотинчага таржиманинг таҳлилига асосланиб, Н. И. Ильминский шундай хулосага келган эди: Кер «чиғатой лаҳжасини нотўкис билади. Гарчи, ҳамма жойда боихлос ва тиришқоқлик билан нусха кўтарганининг аломатлари билиниб турса ҳам, Кер баъзи ўринларда сўзларнинг фарқига бормай, уларнинг маъносини уқа олмай, тусмоллаб, қандайдир ноаниқ белгиларни чизишга мажбур бўлган эди; унинг чиғатойча саводга ноошно қалами хато ва саҳвга йўл қўймаслиги мумкин эмас эди». Лекин айтиб ўтиш керакки, «Бобурнома»ни кўчириб ёзиши ва унинг бир қисмини таржима қилиши Г. Я Кернинг «чиғатой» тили обидалари устида ишлаш соҳасидаги биринчи тажрибаси эмас эди: у 1733 йилдаёқ «Шажараи турк»дан ўз қўли билан нусха кўтарган, шунингдек, бу асарни немис тилига таржима қилган эди; «таржима бевосита татарча асл нусхадан қилинган… асл нусхага жуда яқин, бунинг устига оврупоча дидга унча ўтиришмайдиган иборалар аниқ берилган эдики, шунинг учун ғалати одам деб Керга айб ҳам таққанлар».

Қарийб 90 йилдан кейин «Бобурнома»га янгидан қизиқиш бошланди. Рус-поляк шарқшуноси, замондошларининг шоҳидлик беришларича, турк ва араб тилларини жуда яхши билган О. И. Сенковский шарқий туркий тилларни ўрганишга киришиб, (1824 йилнинг май ойида) бир бухоролик савдогар (Назарбой Туркистоний — Г. Б.) қўлёзмасидан «Султон Бобур номалари» жилдини ўз қўли билан кўчириб битди, чунки унинг асл нусхасини ва таржимасини нашр қилмоқчи бўлди». Кўчириб ёзиш давомида асарнинг миридан-сиригача огоҳ бўлгани туфайли О. И. Сенковский «Бобурнома» маълумотларидан эркин фойдалана олиш даражасига етди. Унинг қаламига мансуб «Чиғатой тили» мақоласида, масалан, Андижон ҳақида тўхталиб: «Эли туркдур. Шаҳр ва бозорисида турки билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам била росттур», деб Бобур шоҳидлик бериб айтган сўзлар келтирилади, шу, мутахассис бўлмаган китобхонга мўлжалланган нашрда асарга илк марта лўндагина тавсиф берилади. Кейин «Бобур», «Бобурнома» мақолалари орқали ўша пайтда ёш бўлган В. В. Григорьевнинг О. И. Сенковский раҳбарлигида ёзилган «Бобурийлар» мақоласига ҳавола мавжуд. В. В. Григорьев рус адабиётида биринчи бўлиб Бобур таржимаи ҳолини ва юришлари тарихини «Бобурнома» бўйича иншо қилади; айни пайтда бу асарнинг замона нуқтаи назаридан қизиқарли қирралари жуда батафсил баҳоланади.

1857 йили «Бобурнома» матни Кер нусхаси бўйича Н. И. Ильминский томонидан нашр этилди, кейинчалик, 1884 йили Имп. Фанлар академияси «ўзининг Осиё халқлари тарихи ва қадимияти соҳаси бўйича аъзоси унвонини» таклиф қилди. «Аъло нусхалар етишмаган пайтда, ҳеч шубҳасиз, эътиборли даражада деб ҳисоблаб бўлмаса-да, Кер нусхаси, бошқа қўлланмалар билан биргаликда, «Бобурнома» нашри учун яхши манба бўлиши мумкин» деб ўйлаб, ношир ўз олдига «Бобурнома» матнини», «тадқиқот давомида (биз ажратиб ёздик — Г. Б) Кер нусхасидаги хато бўлиб кўринган жамики нарсалардан тозалаш»дек қийин вазифани қўйди. Бу, энг аввало, Кернинг ўзи йўл қўйган хато ва саҳвларга тааллуқли эди. Н. И. Ильминский зикр этган палеографик тадқиқот учун, энг аввало, ўша нусханинг ўзи манба бўлиб хизмат қилди: қайси бир сўз, шакл, иборанинг тўғри ёзилганига «кўп ҳолларда уларнинг шу нусхадаги ишлатилишига қараб ишонч ҳосил қилди. Бундан кейин инглизча таржимадаги Memoirs of Babur etc., ниҳоят, Калькуттада нашр этилган чиғатой-форсий ва Мир Алишер асарларига тузилган чиғатой-туркий луғатларнинг нусхалари зарурий ва доимий қўлланма бўлди. Айни пайтда Н. И. Ильминский жуда яхши англар эдики, «мукаммал даражада аниқ ва тўғри нашрга эришиш учун бу қўлланмалар етарли эмас: бунинг учун «Бобурнома»нинг бир қанча яхши маҳаллий қўлёзмаларини қиёслаб чиқиш керак эди». Таъкидлаб ўтишимиз жоизки, Н. И. Ильминский «Бобурнома» матнини нашр этганидан тўрт йил кейин, И. Н Березиннинг «Бобурнома»дан парчалар ва Бобур шеърий асарларидан намуналар киритилган «Туркий хрестоматия»си манбаларига асосланиб, муаллиф номини ўқишдаги ўз нуқтаи назарини кўриб чиқади: Бобир > Бобур.

«Бобурнома»нинг босма матни юзага чиқиши муносабати билан рус шарқшунослари диққатини О. И. Сенковский қўлёзмаси ўзига жалб этди. 1859 йили Имп. Фанлар академияси босмахонасида В. В. Вельяминов-Зернов таклифи ва раҳбарлиги остида «Бобурнома»нинг Н. И. Ильминский нашр этган чиғатойча матнига профессор Сенковский томонидан дарж қилинган қўлёзма варақалардан олинган «Вариантлар» чоп этила бошланди. Бу нашр етти босма тобоққа етказилди. Имп. Фанлар академияси Тарих-филология бўлими зарурий котибининг «Бобурнома» вариантларини нашр этишга доир расмий талабига жавоб бериб, Н. И. Ильминский «чоп этилган вариантларга қараб» О. И. Сенковский нусхасини «Бобурнома»нинг бошқа таҳрири» сифатида тавсифлайди, гарчи шу ернинг ўзида «ҳар қандай қўлёзмада учраши муқаррар бўлган кичик ўзгаришларни истисно қилганда, мазкур матн Бобур битикларининг аниқ нусхасини ташкил этади», «Сенковскийнинг кўп вариантлари» Қозон шаҳрида тақдим этилган «матнни ҳеч шубҳасиз тўғрилайди», бироқ «Бобурнома»нинг босилган матнини тузатиш ҳақидаги қатъий масалани ҳал қилмайди, «чунки бу вариантларнинг ҳаммаси ҳам тўғри эмас, баъзилари эса хато бўлиши мумкин», деб ҳам таъкидлаб ўтади.

Матнни тўғрилаш ишини олға силжитиш учун Ильминский (У Радлов тадқиқотларидан кейин, илгари нашр этилган матндаги кўп нарсаларни тузатиш мумкин, деб ҳисобларди) профессор Кер қўлёзмаси билан Сенковский қўлёзмасини янгидан қиёслаб чиқишни таклиф этди. Бўлим Н. И. Ильминский таклифини қабул қилди ва бу ишда унга ёрдам беришга қарор қилди. О. И. Сенковский қўлёзмаси Н. И. Ильминскийга юборилди, 1885 йил мартида эса (қўлёзма бўлимга) қайтарилди. Таржимонлик ва маърифатчилик фаолияти билан банд бўлиб, Н. И. Ильминский Кер нусхаси ва Сенковский қўлёзмасини қиёслаш ишини нашр этиш учун давом эттирмади. Ўша вақтларда, 1882 йили, босмахона омборларида узоқ вақтлардан буён сақланаётган «Бобурнома вариантлари»га тегишли қарор қабул қилинди: «…чоп этилган босма тобоқлар ҳисобидан… ҳар биридан 20 нусхадан жузлаб тахлансин ва Академиянинг Осиё музейига сақлаш учун толширилсин, қолган нусхалар эса чиқиндига айлантирилиб, йўқ қилиб ташлансин».

1904 йили А. Бевериж ғойиб бўлган қўлёзмани ёки «Бобурнома» бошқа ҳар қандай қўлёзмасини ахтариб топишда ўзига ёрдам беришларини сўраб муҳарририятга ёзган мактубини эълон қилиб, ЗВОРАО редакцияси: «Бухорода ажойиб бир нусханинг мавжудлиги ҳақида анчадан бери овозалар юради, ҳозир ҳам юрибди, лекин уни биронта овруполик кўрган эмас», дейди. 1911 йилдаёқ А. Н. Самойлович «Бобурнома» нинг А. Беверижга маълум нусхаларига яна, шахсан ўзи кўрган: «1) яқинда ўлган Хева хони кутубхонасидаги (Хева шаҳри. Бу нусха янги бўлиб, Ильминский нашридан кўчирилган бўлиши эҳтимол), 2) Бухородаги рус дипломатик гумаштаси, жаноб Лютш кутубхонасидаги (янги нусха), 3) Имп. Халқ кутубхонасидаги (бу ҳам янги нусха: 2-жавон, 6-раф (тахта токча), 34-рақам, 1862 йил) учта нусхани қўшади».

Ўзининг айтишича, «Вельяминов-Зернов «Материаллар»ини «камина томонидан тайёрланаётган Бобур асарлари (тугалланмай қолган) тадқиқи муносабати билан тилшунослик мақсадлари ила ўрганган А. Н. Самойлович» бу нашрга (яъни А. Бевериж томонидан амалга оширилган «Бобурнома» Ҳайдаробод нусхаси нашрига — Г. Б.) ва шу муаллифнинг «Бобурнома»га тегишли (1900—1908) бир қанча мақолаларига муносабат билдириш билан боғлиқ — анчадан бери кўнглига тугиб юрган муддаосини рўёбга чиқара олмаётганлигидан» афсусланиб, А. Бевериж («сидирғасига форсийдан таржима» деб) Кер нусхаси ва «Бобурнома»нинг Ильминский нашрига ишончсизларча берган баҳосини шубҳа остига қўйди. (Айтиб ўтишимиз керакки, А. Беверижнинг Н. И. Ильминский нашрига шубҳа билан қараши нафақат унинг «Бобурнома» турли қўлёзмалари устида олиб борган тадқиқотлари натижалари нуқтаи назаридан, балки бу нашрни, масалан, Паве де Куртей каби Ғарбий Оврупо шарқшунослари томонидан нотанқидий қабул қилинишига муносабат тарзида ҳам изоҳланади). Шу билан бирга А. К Самойлович айниқса fassimile, (яъни Ҳайдаробод нусхаси нашри — Г. Б.) ва Кер қўлёзмасининг Қозон нашри матнларининг бир-бирига ниҳоятда мувофиқлиги»га эътиборни қаратган ҳолда, айни пайтда Ильминский нашри ҳам, Бевериж нашри ҳам «улуғ могол» мемуарларининг асл матнини мужассамлаштирмаганлигини ва қўшма танқидий нашрини кутаётганлигини таъкидлаб ўтади.

Бу вазифа ҳозиргача бажарилмай қолмоқда. «Бобурнома»нинг П. Шамсиев ва С. Мирзаев томонидан тайёрланган — Н. И. Ильминский нашри билан бир қаторда — А. Бевериж нашридаги Ҳайдаробод нусхасидан кенг фойдаланилган Тошкент нашри ўзида шу йўналишдаги илк қадамларнигина намоён қилади. Иккинчи, қайта ишланган нашрда Лондон ва Қозон нашрларидан келтирилган номувофиқликлар ҳисобига далилий изоҳлар анчагина кўпайган; лекин бу ерда саҳифа-саҳифа бериб борилган тушунтиришлар қўл остимиздаги қўлёзмалар ёки ҳеч бўлмаса, Кер нусхаси ҳақида гапирмаганимизда ҳам — фақатгина Лондон ва Қозон нашрларида кузатилган фарқларниёқ бутун кўлами билан қамраб ола билмайди. П. Шамсиев мавжуд фарқларни мисолга келтириш учун танлаб нашрга тайёрлар экан, нуқул «маъно жиҳатидан муҳим фарқлар ва вариантларни» келтириб, асосан субъектив жиҳатларни дастур қилиб олади. Оқибатда, ноширларнинг ўзлари ҳам эътироф этганларидек, улар томонидан эълон қилинган матнни илмий тайёрланган, танқидий деб ҳисоблаб бўлмайди.

«Бобурнома»ни ўрганишнинг бошқа бир — кўп олимлар эътиборини тортган жиҳати, бу, асарни рус тилига таржима қилишдир. Лекин узоқ вақт «Бобурнома»нинг маълум парчалари таржима этилди, холос. Фақат 1958 йилга келиб, асарнинг М. Салье томонидан амалга оширилган тўлиқ таржимаси босилиб чиқди. Бу таржима, С. А. Азимжонова «Муқаддима»да кўрсатганидек, «илмий-филологик мақсадларни назарда тутмайди», унга А. Бевериж нашридаги Ҳайдаробод нусхаси асос қилиб олинган. 1960 йилда С. Тюляев «Бобурнома»нинг — ҳозирда Москвадаги Шарқий маданият музейида сақланаётган, ўтмишда эса, гап маромига қараганда, эрон шоҳи китобхонасида бўлган, шоҳ Насриддиннинг онаси рус элчиси князь Долгоруковга туҳфа айлаган ва 1899 йилда С. Н. Кологривов Имп. Москва Археология жамияти Шарқ комиссиясига муҳокама учун тақдим қилган, — форсий таржимаси қўлёзмасининг бутлигича етиб келмаган варақларидаги миниатюраларни нашр эттирди.

Кейинги ўн йилликларда Ленинград, Москва, Ўзбекистон олимларининг «Бобурнома»ни ўрганишга бўлган эътибори янгидан кучайиши ватан шарқшунослиги азалий анъаналарини давом эттиради.

М. Қўшмоқов таржимаси

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 12-сон