Маълумки, Шарқ мумтоз адабиётида ижодкорлар бирон-бир йирик асар яратишга киришганларида уни аввало Оллоҳга ҳамд ва жаноби Пайғамбар алайҳиссаломга наътлар битиш билан бошлашган.
Буюк озарбойжон шоири Муҳаммад Фузулий ҳам ушбу анъанадан четда қолмаган. Унинг 32 байтдан иборат, арузнинг рамали мусаммани мақсур (фоилотун фоилотун фоилотун фоилун) вазнида ёзилган “сув” радифли қасидаси диний-фалсафий руҳдаги асарларнинг энг ажойиб намуналаридан бўлиб, унда Муҳаммад расулуллоҳнинг гўзал хислатлари, инсоният олдидаги жаҳоншумул хизматлари ниҳоятда теран ва юксак бадиий маҳорат билан ёритиб берилган.
Қуйида Фузулийнинг Боку шаҳрида 1988 йили чоп этилган “Танланган асарлар”идаги “Сув қасидаси”ни тўғри ва тўлиқ нусха, деб эътироф этган ҳолда унинг ўзбекча табдили ва мухтасар насрий баёни жузъий қисқартишлар билан эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
Сочма, эй кўз, ашкдан кўнглимдаги ўтлора сув
Ким, бунингдек ўрлаган ўтлора қилмас чора сув.
(Эй кўз, кўз ёшидан кўнглимдаги ўтларга сув сочмаким, ўрлаб ётган бу ўтларга сув чора қилмайди.)
Обгундир гумбази даввор ранги, билмазам,
Ё муҳит ўлмиш кўзимдан гумбази даввора сув.
(Билмайманки, айланувчи гумбаз (фалак) ранги мовиймикан ё кўзимдан фалакка оққан сувдан (шундоқ) муҳит пайдо бўлганмикан.)
Завқи тийғиндан ажаб йўқ ўлса кўнглим чок-чок
Ким, кечарда соладир ҳар рахналар девора сув.
(Тиғингнинг завқидан кўнглим чок-чок бўлса, бунинг ажабанарли жойи йўқ, чунки кечиб ўтаётган пайтда сув ҳам деворга рахналар солади.)
Ваҳмдин сўйлар дили мажруҳ пайконин сўзинг,
Эҳтиёт бирлан ичар ҳар кимда ўлса ёра сув.
(Сўзларинг мажруҳ дилга ўқ бўлиб санчилиш ваҳмидан сўзлайди, зеро, кимнинг яраси (жароҳати) бўлса, у сувни эҳтиёткорлик билан ичади.)
Сувга берсин боғбон гулзори, заҳмат чекмасин,
Бир гул очилмас юзингдек, берса минг гулзора сув.
(Боғбон, заҳмат чекиб юрмасдан, гулзорини сувга берсин, чунки у мингта гулзорга сув берса ҳам, сенинг юзингдек бир гул очилмайди.)
Ўхшата билмас ғуборини муҳаррир хаттинга,
Хомадек боқмоқдан энса кўзларина қора сув.
(Муҳаррир (ёзувчи, таҳрир қилувчи) қалам каби (қоғозга) боқмоқдан кўзларига қора сув келса ҳам, сенинг хаттингнинг бир заррасига ўхшата олмайди.)
Оразинг ёди-ла намнок ўлса мужгоним нетар,
Зое ўлмас гул таманоси-ла бермак хора сув.
(Юзингнинг ёди билан киприкларим намланса нима бўлибди, гул умидида тиканга берилган сув зое кетмайди.)
Ғам куни этма дили бемордан тийғинг дариғ,
Хайрдир бермак қоронғу кечада бемора сув.
(Ғам кунида (қиёматда) бемор дил(им)дан тиғингни дариғ тутмагил, зотан, қоронғи кечада беморга сув бериш савобдир.)
Мен лабинг муштоқиман, зуҳҳод Кавсар толиби,
Нечаким мастга май ичмак хуш келур, ҳушёра сув.
(Мен лабингнинг муштоқиман, зоҳидлар эса жаннат боғининг талабгори, зеро, мастга май ичмоқ хуш келади, ҳушёрга эса сув ичмоқ.)
Иста пайконин, кўнгил, ҳажринда шавқим сокин эт,
Ташнаман, бир кез бу саҳрода маним-чун ора сув.
(Эй кўнгил, истасанг (унинг) ҳажридаги шавқимни (унинг) ўқи билан тинчита қол, ёхуд (истасанг) мен ташна учун бу саҳрода кезиб сув излагин.)
Равзайи кўйина ҳар дам тинмайин айлар гузар,
Ошиқ ўлмиш, ғолибо, ул сарви хушрафтора сув.
(Унинг жаннатий кўчасига муттасил боришни канда қилмайди, афтидан, сув ҳам ўша юришлари гўзал сарвга ошиқ бўлиб қолганга ўхшайди.)
Сув йўлин ул кўйдан тупроқ ўлиб тутсам керак,
Чун рақибимдир, дағи ул кўйга қўймон бора сув.
(Мен тупроқ бўлиб сув йўлини ўша кўчага боришдан тўссам керак, чунки сув рақибим бўлиб, уни тағин ўша кўчага боришига қўймайман.)
Дастбўси орзусиндан ўларсам, дўстлар,
Кўза айланг тупроғим, сунинг анинг-ла ёра сув.
(Унинг қўлини ўпиш (тутиш) орзусида ўлар бўлсам, эй дўстлар, тупроғимдан кўза ясаб, у билан ёрга сув қуйиб беринг.)
Сарв саркашлик қилар қумри ниёзиндан, магар
Доманин тутгай, аёғига тушар, ёлбора сув.
(Сарв қумрининг ёлборишлардан бош тортади, сув эса унинг (сарвнинг) этагидан тутади, оёқларига йиқилиб ёлборади.)
Ичмак истар булбулин қонин, магар бир ранг ила,
Гул бутоғининг мизожина кирар, қуртора сув.
(Гул булбулнинг қонини ичмак истайди, сув (гул) билан бир хил ранг олиш учун гул бутоғининг мизожига (тусига, табиатига) кириб адо бўлади.)
Тийнати покини равшан қилмиш аҳли олама,
Иқтидо қилмиш тарийқи Аҳмади Мухтора сув.
(Аҳмад Мухтор (расулуллоҳ) йўлига эргашгани учун ҳам сув ўз покиза табитини олам аҳлига равшан этди.)
Саййиди навъи башар, дарёйи дурри истифо
Ким, сепибдир мўъжизоти оташи ашрора сув…
(Ул зот инсон жинсининг раҳнамоси, афв этиш дарёсининг дуридирким, ўз мўъжизоти билан ёмонликлар оташига сув сепгандир.)
Айламиш ҳар қатрадан минг баҳри раҳмат мавжхез,
Қўл суниб ургач вузу учун гули рухсора сув.
(Ул зот юз ювиш (таҳорат) учун қўл чўзиб гулдек рухсорига сув урар экан, бу сувнинг ҳар қатрасидан мавжланиб ётган минглаб раҳмат денгизи пайдо бўлади.)
Хоки пойина етам дер, умрлардир муттасил,
Бошини тошдан-тоша уриб кезар овора сув.
(Ул зотнинг пойидаги тупроққа етсам дея сув бир умр муттасил тошдан-тошга бош урганча овора бўлиб кезиб юради.)
Зарра-зарра хоки даргоҳина истар сола нур,
Дўнмас ул даргоҳдан гар бўлса пора-пора сув.
(Сув Ул зотнинг эшиги остидаги тупроққа зарра-зарра бўлиб нур жилвасини солиш истагида, гарчи пора-пора бўлса ҳам, ул даргоҳга боришдан асло қайтмайди.)
Зикри наътин вирдини дармон билур аҳли хато,
Ўйлаким, дафъи хумор учун ичар майхора сув.
(Гўё майхўрлар бош оғриғини тарқатмоқ учун сув ичгани каби, хато қилувчилар аҳли ҳам Ул зотни дуолар билан мадҳ этишни ўзлари учун дармон деб билади.)
Ё ҳабибуллоҳ! Ё хайрул-башар! Муштоқингам,
Ўйлаким, лабташналар ёниб тилар ҳамвора сув.
(Ё Оллоҳнинг дўсти! Ё инсонларнинг энг яхшиси! Гўё ташналар ёнганича ёппасига сув тилагани каби, мен ҳам сенинг муштоқингман.)
Сенсан ул баҳри кароматким, шаби меърожда
Шабнами файзинг етирмиш собиту сайёра сув.
(Сен бир кармат уммонисанким, меърож тунида файзинг шабнами барча собит (барқарор) ва сайёр (кезиб юрувчи) юлдузларга сув етказган.)
Чашмайи хуршиддан ҳар дам зулоли файз энар,
Ҳожат ўлса марқадинг таждид этан меъмора сув.
(Сенинг қабрингни янгилайдиган меъморга сув керак бўлса, ҳар лаҳзада қуёш чашмасидан файзнинг тип-тиниқ ва сарин суви қуйилиб туради.)
Бийми дўзах, нори ғам солмиш дили сўзонима,
Бор умидим – абри эҳсонинг сепар ул нора сув.
(Менинг куйган дилимга дўзах ваҳимаси, олов ғами тушган, умидим борки, сенинг эҳсон булутинг бу оловга сув сепади.)
Юмни наътингдан гуҳар ўлмиш Фузулий сўзлари,
Абри найсондан дўнандек лўълўи шаҳвора сув.
(Баҳор булутидан сув йирик ва аъло дурга айланган каби наътинг (сени мадҳ этиш) баракотидан Фузулий сўзлари гавҳарга айланди.)
Хоби ғафлатда ўлан бедор ўланда рўзи ҳашр,
Ашки ҳасратдан тўланда дийдайи бедора сув,
(Қиёмат куни ғафлатда ётганлар бедор бўлганда, бедор кўзларга ҳасрат кўз ёшлари тўлганда.)
Уммедим улдирки, рўзи ҳашр маҳрум ўлмаям,
Чашмайи васлинг берар мен ташнайи дийдора сув.
(Умидим улдирким, қиёмат куни мен маҳрум қолиб кетмагайман, васлинг чашмаси мендек дийдор ташнасига сув беражак.)
Усмон Қўчқор табдили ва насрий баёни.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 39-сон