Фарҳод Ҳамроев. Гул лабида бахт шабнами

Уйғур шоири Учқун шеъриятининг айрим хусусиятлари

Ҳозирги уйғур адабиёти мумтоз адабиётнинг илғор анъаналарини изчил давом эттирмоқда. Юсуф Баласоғун, Аҳмад Югнакий, Новбати, Залели, Ҳирқатий, Билол Нозим авлодлари жаҳон адабиёти карвонидаги ўз ўрнини сақлаб қолиш баробарида дунё амалиётида тўпланган барча яхши хусусиятларни ўзида жамлай олди. У шакл ва мазмун жиҳатидан бойиди. Зиё Самадий, Хизмет Абдуллин, Учқун, Хелил Ҳамроев каби уйғур ёзувчиларини хорижда ҳам яхши билишади. Мазкур ижодкорлар ичида шоир Учқун ижоди алоҳида ажралиб туради.

Шоирнинг таржимаи ҳоли оддийгина. Учқун — шоирнинг тахаллуси бўлиб, ҳақиқий исми эса Долқун Ясеновдир. У 1938 йилнинг 25 апрелида Суйдуне номли кичкина уйғур шаҳарчасида дунёга келди. Уларнинг оиласида зиёли муҳит қарор топган эди.

Отасининг давлат тизимидаги юқори лавозимлардан бирида хизмат қилгани бўлажак шоирнинг ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатди. Ҳатто кейинчалик бу ҳол Долқун Ясеновнинг қийин синовларни бошдан кечиришига сабаб бўлди. Шоирнинг отаси Ясен Худаведи дурустгина шеърлар ёзар, шаклланаётган янги уйғур театри саҳналарида турли ролларни бажарар эди. У маданият вазири, маданият ва адабиёт арбоблари бирлашмасининг раиси, Синжон Уйғур автоном республикаси ҳукуматининг давлат котиби, Урумчи шаҳрининг раҳбари лавозимларида фаолият юритса-да, ижодни тарк этмади ва ўз фарзандларини ҳам маданият ҳамда санъатни қадрлашга ўргатди.

Шоирнинг онаси Ойшамхоннинг умри эса уй ишлари ва болалар тарбияси билан андармон бўлиб ўтди. Бироқ у эрига нисбатан фарзандларига кўпроқ таъсир кўрсатди. Ёш Долқунни уйғур халқ оғзаки ижоди билан илк бора таништирган, унга уйғур мумтоз адабиёти намуналаридан ўқиб берган одам онаси эди.

Шундай зиёли оилада улғайган Долқун Ясенов 1953-56 йилларда Синцзян педагогика билим юртининг тил ва адабиёт факультетида ўқиди. Уни тамомлагач, ўқишини яна давом эттириш мақсадида бир гуруҳ хитойлик ёшлар билан Тошкентга келди. Собиқ Ўрта Осиё Давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) филология факультетига ўқишга кирди. Бу вақтга келиб унда ижодкорлик куртаклари ниш ура бошлади. Санцзянда чиқувчи “Тарим” журналининг 1954 йилги июн сонида унинг дастлабки шеърлари нашр этилди.

Университетдаги таълим Учқунга кўп нарсани берди. Бу ерда ижодий муҳит ҳукмрон эди. Ғулом Каримов, Субутой Долимов, Озод Шарафиддинов, Лазиз Қаюмов каби билимдон устозлар талабаларда адабиётга муҳаббат туйғусини уйғотиш баробарида уларни ижод қилишга ҳам рағбатлантирдилар. Долқун Ясенов Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби сабоқдошлари орасига қўшилди. Бирин-кетин унинг шеърлари рус ва ўзбек тилларига ўгирила бошланди. Улар ўзбекча нашрларда дам-бадам чоп этилиб, “Синцзян шоирлари” шеърий тўпламига киритилди. Шу тариқа шоир ижодининг янги саҳифаси очилди. Улар кейинчалик амалга оширилажак улуғ ишларнинг дебочаси бўлди.

Тошкентдаги таҳсил фурсати тугагач, шоир туғилган юртига қайтди. Дастлаб “Тарим” журнали нашриётида ишлади. Газета ва журналларда бир қанча шеърларини чоп эттирди. Бироқ худди шу даврда Хитойда “маданий инқилоб” бошланиб қолди. Пекин ҳукумати ёш шоирни ревизионизмда айблаб, уни ҳибсга олди. Уйғурлар ҳаётидаги оғир қора кунлар бошланди.

Долқун Ясенов 1963 йилдан бошлаб то 1968 йилгача Комула шаҳри яқинидаги мажбурий тузатув хизматида ишлади. Бу даврда уни ҳар бир қадамда ўлим пойлаб турди. Аммо яшаш насиб этган экан, у омон қолди.

Қирғин ва қўрқувдан безган Долқун Ясенов бир амаллаб Қозоғистонга қочиб ўтди. Ватандан жудолик, оиладан айрилиб яшаш, таъқиб ва жавобгарлик шоир учун шафқатсиз ҳаёт дарсини ўтади.

Учқуннинг шоир сифатида камол топиши, ҳаётий ва маънавий бойликларни орттириши шахс сифатида такомиллашиши билан боғлиқ равишда кечди.

Ҳозирда Долқун Ясенов Олмаота шаҳрида яшаб, ижод қилаяпти. У етакчи уйғур шоири ва журналисти, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси совриндори, бир неча ажойиб шеър ва достонлар тўплами муаллифи. Шеърий асарлари уйғур мактабларидаги адабиёт фани дастурига киритилган, улар турк, ўзбек, қорақалпоқ, рус тилларига ўгирилмоқда.

Учқун ижоди — уйғур адабиётидаги ўзига хосликни намоён этди. Унинг шеърлари миллийликнинг ёрқин ифодаси. Бу хусусиятни қадимги уйғур мумтоз адабиёти ва халқ оғзаки ижодининг замонавий адабиёт ютуқлари билан уйғунлашиши вужудга келтирган. Унинг ижодига бошқа халқлар адабиёти, жумладан, ўзбек адабиёти ҳам ўз ҳиссасини қўшди.

Болқар шоири Қайсин Қулиев шундай деб ёзган эди: “Ўзига хос бўлиш ва чекланиш, жумладан, миллий чекланганлик, — бирликка хос бўлмаган икки нарса”. Бу ҳақиқат. Мана шундай ҳақиқат эса Учқун ижодида ўз аксини топди.

Учқун илк асарлариданоқ уйғур шоири эканини исботлади. Бу хусусияти миллати, яшаш тарзида эмас, аксинча, ижоди туфайли ҳосил бўлди. Шоир ўсмирлик вақтидан бошлаб ўзини, атрофида юз бераётган воқеликни теран англай бошлади. Ватани ва ўзи хўрланганда топталган миллий туйғу ўз ватанига нисбатан муҳаббатни уйғотди:

Шеъримни яратган дардсан, Ватаним,
Қанча дард тортсам-да, мардсан, Ватаним.

Учқуннинг 1973 йилда нашр этилган “Тошдаги гул” номли илк шеърий тўплами уйғур адабиётига янги овоз келиб қўшилганидан дарак берди. Бу вақтда уйғур адабиётига ўзига хос овозга эга бўлган ёш шоирларнинг катта бир гуруҳи кириб келдилар. Раҳимжон Рўзиев, Абдуғофур Қутлуқов, Мўминжон Ҳамроев, Совуджон Маматқулов ва бошқалар ана шу гуруҳга мансуб эди. Улар ижоди кўп жиҳатдан уйқаш бўлса-да, айрим тафовутлар ҳам кўп. Учқун шеъриятида ҳам тақлидчилик аломатлари сезилади. Умуман олганда, шоир ижоди ўзига хос ва ҳеч ким билан адаштириб бўлмайдиган жиҳатларига эга.

Лекин манман, кибор тутундан
Чўғни афзал кўради ҳар ким.
Шунинг учун тутундан қочиб,
Чўққа таъзим қилади балким.

Учқун шеърларининг мавзуси бир қарашда оддийдек туюлади. Аммо теранроқ назар солинса, шоир кундалик жараённи ёрқин бўёқлар билан чизганига гувоҳ бўлиш мумкин. Улар шоирнинг шахсий ҳаёти орқали ҳис этилган туйғулар тарихидир.

Мен қарасам ҳар доим сенга,
Олиб қочдинг кўзингни мендан.
Кўзинг айтиб турса-да барин,
Яширасан сўзингни мендан.

Мен қарадим юлдузга кўп вақт,
Юлдуз дедим сенинг кўзингни.
Ой кулганда термулиб узоқ,
Шуъласида кўрдим ўзингни.

Учқун шеърларида иқрор ва истиғфор оҳанглари етакчи.

“Ер ўғлониман” шеърида қуйидаги сатрлар бор:

Мен замин ўғлиман, лекин мабодо
Тоғ бўлсам, нур бўлсам, сув бўлсам-да мен —
Ерга интилишдан толмасдим асло
Тортиш кучи бўлиб тураркан замин.

Инсон ва унинг зиддиятли тақдири Учқун ижодининг бош мавзуи. Уни ифодалаш учун шоир бетакрор ва ўзига хос бадиий сўз бўёқларидан фойдаланади. Шоирнинг лирик қаҳрамонлари ўқувчиларини ўзи билан бирга дардлашишга, ўз ҳис-туйғуларини ёрқинроқ тушунтиришга, инсонлар орасидаги ўзаро алоқаларнинг мушкул дунёсига киришга мажбур қилади. Унинг шеърий умумлашмалари ҳаётий ва келажакка интилувчандир. Жумладан, “Чўққилар” номли шеърида шоир шундай таъкидлайди:

Мени мафтун этмас осмон қизлари
На сочиқ юлдузлар, на тўлишган ой.
Кўксимга нақшдир инсон излари,
Мен — Одам қадами етган қутлуғ жой.

Учқун ҳаётни бутун борлиғича севади. Шоир ижодининг асосий мавзуси ҳам она юртига муҳаббатдир. Бу мавзуга бағишлаб кўпгина самимий ва сермазмун шеърлар яратган, аммо улар орасидан “Екидэм” шеъри алоҳида ажралиб туради.

Билол Нозим, Ҳирқатий, Умар Муҳаммади, Лутфулла Муталлип ва бошқа уйғур шоирлари Ватан ҳақида кўплаб шеърлар ёзишган. Шоир Учқун эса уларнинг бирортасини такрорламайди:

Мен унинг қўйнида кулга айланай,
Майли, олов ёниб турсин устимда.
Ўшал ёнғиндан ҳам кучли бир ёлқин —
Ватаним соғинчи яшар кўксимда.

Инсон улғайган сари унинг барча ҳаётий тушунчалари, жумладан, Ватанга муҳаббати ҳам оддий ва қуйма шаклга кела бошлайди:

Бир туйғу мужассам эътиқодимга,
Бу туйғу мазмундир ҳам ҳаётимга.
Парвозда чарчасам йўллар шу туйғу,
Бахш этиб тугамас куч қанотимга.
Туйғум ҳам ҳар доим сенсан, Ватаним,
Ҳам жонда мен билан бир тан, Ватаним.

Шоир Ватан ҳақида қисқа, лўнда гапиради, аммо ундаги таъсирчанлик жуда юқори. Унинг шеърларидаги ҳар бир сўз орасида образ, ҳар бир сатр орасида манзара, қадрдон оила, ўз уйининг гўзал манзараси гавдаланади.

Ҳар бир шоир ижодида миллий қадр-қиммат ҳиссиёти қанчалик жўш урмасин, барибир, унга чекланиш ва миллатчилик бегонадир. Шоир Қозоғистонда яшаши боис “Олатов”, “Қозоғистон”, “Олмаота”, “Қапчиғай юлдузлари” каби шеърларида шу юртни тараннум этган:

Сен Абай, Маҳамбетнинг армонисан,
Дўстликнинг беғубор, соф осмонисан,
Қадрингни тушунган шоир достонисан,
Толеи, бахти бутун Қозоғистон,
Шон-шуҳрати, тахти бутун Қозоғистон.

Машҳур танқидчи Г.Ломидзе “умуминсонийлик миллийликни бекор қилмайди, балки кейингиси асосида юзага келади” деб ҳаққоний таъкидлайди. Дарҳақиқат, миллийлик ва умуминсонийлик Учқун ижодида ўзаро уйғунлашган. Бу икки жиҳат шоир ижодида ўзига хосликни вужудга келтирган.

Учқун ижодининг илдизлари кўҳна уйғур шеъриятининг энг буюк анъаналари ва халқ оғзаки ижодига бориб тақалади. Шу боис унинг барча шеърлари халқ оҳангига асосланган. Донишмандлик, фикрнинг аниқлиги достоний асосга эга бўлиб, халқ маънавий онгини ифодалаб келади.

Миллийлик, халқчиллик Учқун шеъриятининг ҳар бир сатрида, ҳар бир образида мужассам. Мана шу ҳиссиёт билан унинг ижодиёти йўғрилган. Бунинг ортида эса — ўз халқининг маданияти ва тарихини етарли даражада яхши билиши ва самимий муҳаббати ётади. Шунинг учун ҳам унинг услуби эркин, ёрқин ва равон. Қуйидаги шеър бунинг яққол далили:

Мадҳиям — жаҳолатнинг бағрин ёрар қўнғироқ,
Беғамларга уйқу бермай кеча-кундуз чалинган.
Унинг умри асрлардан, минг йиллардан узоқроқ,
Одамизот яралган кун — ҳамма унга ялинган.

Номи унинг эркинликдур,
Номи унинг истиқлол,
Ҳаётдан-да ширин ўзи ва бағоятда қадрли,
Сардор каби шиддатлигу,
Оналардек меҳрибон,
Ботирлардек жасоратли,
Донишманддек севимли.

Шоир бадиий образларида фикр ва ҳис-туйғуни бутунлигича, ўзининг шахсий ва шу билан бирга фақат унинг ўзигагина хос бўлмаган дардларни бера олади. Буларсиз эса санъат асарларини тасаввур этиш мумкин эмас.

Шоирона идрокнинг ўзига хослиги билан фикрнинг ажойиблиги ва шеър ёзиш маҳоратининг зўрлиги шоир учун ҳақиқий шеърият шаклларини яратишга имкон берди. Бундай юқори савияда ёзилган шеърлар эса талайгина. Мана, улардан бири:

Ерга оқиб тушди икки томчи ёш,
Икки дил кўрсатган икки хил туйғу.
Бири — булут тўккан қайғуга қиёс,
Бири — гул лабида бахт шабнами у.

Бири — фарзанд кўрган она қувончи,
Бири — фарзандидан жудо зот оҳи.
Уруш-ку кечади. Икки хил томчи
Инсон бугунининг мудом ҳамроҳи.

Она юртининг манзараси Учқуннинг ёрқин образларидандир. Бу манзара унга қиёслаш учун мавзу беради. Шу боис шоир ижодида турли кўринишдаги образларни ва уйғурларга хос борлиқни учратиш мумкин. Улар шоир маънавияти, ҳис-туйғулари орқали она халқининг ҳаётга бўлган муносабатини жонлантиради.

Шоирнинг қатор шеърларини оддий баён этиш ва шарҳлаш жуда қийин: сатрлардаги аниқлик, қатъийлик, ички жиддийлик ва туб маъносини тўлалигича баҳолаш учун уларни ҳис этиш лозим.

Учқуннинг кўпгина шеърлари таниқли шахсларга бағишланган. Улар орасида Алишер Навоий, Садир Полвон, Лутфулла Муталлип, Абдулла Рўзибоқиев ва бошқалар бор. Уларга аталган шеърларида шоир инсон ҳаётининг моҳияти ва мақсадини кўрсатишга ҳаракат қилади. Жумладан, Лутфулла Муталлипга бағишланган “Исёнкор” шеърида Учқун ўз замондошига, устозига қарата мурожаат этади. Лутфулла Муталлип — уйғур халқининг ифтихори. Зеро, ҳақиқий қобилият, ҳақиқий шеър вақт измидан ташқарида эмасми?!

Йиллар қариб борар букчайиб,
Номаълум бир ҳасратни койиб.
Куйи билан ҳамсуҳбат бўлиб
Давр ҳатлаб келар Муталлип.

Учқун ижодининг муҳим мавзуларидан бири онага бўлган муҳаббат саналади. Шоир ўзига ҳаёт бағишлаган инсон учун самимий, сидқидилдан ёзилган сатрларни изҳор қилади.

Унинг шеъриятидаги лирик қаҳрамон она билан айрилиқдан чуқур азият чекади, ваҳоланки, шоирнинг ўзи ҳам буларнинг барчасини бошидан кечиради ва унинг онага бўлган муҳаббати ҳақиқатдан ҳам чекланмаган:

Гўё бир умрлик табассум бўлиб,
Сенинг лабларингдан агар олсам жой.
Ёки то мангуга сўлмас гул бўлиб,
Сенинг кўз олдингда очсам мен чирой.

Барчаси, барчаси арзимас, она,
Қуёшдек улуғвор сенинг меҳрингга.
Табиат қуёшни дейди бошпана,
Қуёш ҳам бош эгар илиқ чеҳрангга.

Онага бўлган миннатдорчилик туйғуси унинг юрагида доимо яшайди. Шоир туйғулари шунчалар таъсирчан ва нозикки, уларни ўқиб, киши қалби беихтиёр тўлқинланиб кетади.

Дўстликка бағишланган шеърларида дўстликнинг қадр-қиммати, айрилиқ азоблари куйланади. Шоирнинг дўсти Мурод Ҳамроев хотирасига бағишлаб ёзган “Инсон қадри” номли шеърида қуйидаги мисралар бор:

Мен сени излайман, қайдасан, дўстим,
Ёш тўксам, ёшимни ювади ёмғир.
Сенсиз бутунликдан маҳрум вужудим
Сенсиз мискин эрур сен севган уйғур.

Мен ёлғиз кезаман кўчалар бўйлаб,
Сенинг изларингни излайман ҳамон.
Жўшқин, шўх кулгингни, сўзингни эслаб,
Ахтариб бораман, дўстим, сен томон.

Кишиларга, дўстларга ишонч шоирда ҳам ўз кучига ишонч туғдиради. Бошқа томондан эса кишиларни меҳрибон бўлишга, уларнинг қадрига етишга ундайди.

Адабиётнинг олға қараб ривожланиши, ҳаётнинг янги ижтимоий-тарихий шароитлари айрим адабий шакл ва анъаналарни йўқола бориши муқаррар экани ва унинг ўрнига янгисининг вужудга келишини кўрсатади. Лекин адабиёт ривожланишидаги бундай тарихий жараённинг ўзига хос қонун-қоидалари мавжуд. Одатда адабий жанрнинг айрим кўриниш ва шакллари ўзгаради, холос. У янги мазмун билан бойийди, вақти келиб ўзига хос замонавий адабий жараён бўлиб шаклини ўзгартиради. Бу кўпгина жанрларга хос хусусият бўлиб, энг аввало анъанавий жанрларда юз беради.

Шоир Учқун ҳам уйғур мумтоз адабиёт анъаналарини давом эттириб, шу жанрда асар яратган. У анъанавий шаклдан фойдаланган ҳолда айрим мумтоз образларни бугунги кун назаридан ўзгартиради. Унинг ғазал, муҳаммас, рубоий шаклидаги асарлари ҳам анчагина. Шоир қадим анъаналарга ҳурмат билан қарайди.

Умуман эса шоир шеъриятининг жанрлари турли-туман. Лирик шеърлар билан бирга ҳазиломуз шеърлар, диалог ва монологлар ҳам кўп учрайди. Шоирнинг кейинги тўпламларидан бири унинг ажойиб болалар шоири ҳам эканини кўрсатди.

Учқун болалар ҳаётини тасвирлар экан, кутилмаган мураккаб саргузашт ва ҳодисаларни ўйлаб топмайди. Шоир уларда бизнинг ҳар кунги ҳаётимизни кўрсатишга, гўзалликни кўра билишга интилади:

— Қаҳрамонлик нимадир? —
— Қўрқмай, фақат рост сўзлаш
Камчиликка йўл қўйса,
Уни вақтида тузаш.

Шунингдек, шоир кейинги йилларда йирик шеърий жанрларда баракали ижод этди, қатор баллада ва достонлар яратди. Бу ўринда шоирнинг 1982 йилда нашр этилган “Ёр овози” достонлар китобини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ушбу китоб уйғур қишлоғининг ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳақидаги уч достондан ташкил топган. Улар орасида “Кариз қиссаси” номли достон бадиий жиҳатдан пишиқлиги билан китобхонда илиқ таассурот қолдиради.

Хулоса сифатида шуларни таъкидлаш жоизки, Учқуннинг ижодий ютуқлари шоирнинг бадиий хаёлоти, ижодий дунёқараши ранг-баранг эканини кўрсатади. Ҳаётни, Ватанни севиш, севгини тушуниш — ҳаётий некбинлик шоир ижодининг асослари ҳисобланади. Бундан ташқари, шоир бир қадар сиёсийлашган шеърлари орқали ижтимоий ҳаётда иштирок этишни хоҳлайди:

Кўз ёш тўкма, мағрурлангин, фахрлангин, онажон,
Ўғлинг кетди бу дунёдан Ватанни деб, сени деб.
Умидсизлар олдида мард кўксинг кергин, онажон,
Ўғлинг кетди уйғурим зор, ҳақиқатлар қани деб.

Йиғламагин, ҳақиқатни ўзим бошлаб келурман,
Халоскорни ёвдан эмас, ўз-ўзимдан топганда.
Элимни шод, душманларнинг кўзин ёшлаб келурман,
Шаҳидларнинг қонларидан қизариб тонг отганда.

Албатта, шоирнинг барча асарлари ҳам бадиий ва маънавий жиҳатдан тенг қимматга ҳамда юқори савияга эга эмас. Шоирнинг бўшроқ ёзилган асарлари, жўнроқ фикрлари ҳам кўп… Айрим шеърлари, хусусан рубоийлари анча дағал ва сунъийроқ. Булар аслида табиий ҳолат ва хусусиятлардир.

Учқун шеъриятини умумлашган ҳолда Или дарёси билан таққослаш мумкин. Буюк Илининг тор жойлари бўлишига қарамасдан, унинг оқими чуқур ва гўзалдир.

Йўл юрган одамгина манзилга етади! Шарқда шундай гап бор… Шоир Учқун ижоди ҳаракатда. Ижод йўлида давом этаётган карвон манзилга қадам-бақадам яқинлашиб бормоқда. Ижодининг қудрати, сеҳри ҳам ана шу хусусиятда жамулжам бўлган.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 3-сон