Кейинги йилларда Шарқ адабиётларини чуқур ўрганиш уларнинг кўп тармоқлари фавқулодда мураккаб тарзда ўзаро чатишиб кетгани ва ўзига хос яхлит бир бутунлик касб этганини кўрсатмоқда. Тарихий жараёндаги бу ўзига хослик турли даврларда бир-бири билан чамбарчас боғланган бир қатор халқларнинг муштарак меҳнати самараси бўлган Олд Осиё услубига хос характерли хусусиятларни ўзида мужассамлаштирган алоҳида маданиятни вужудга келтирди. Шу ўринда Олд Осиё халқлари адабиёти, маданиятининг шаклланишига боғлиқ дастлабки босқичларда эрон, араб адабиётлари муҳим ўрин тутганига қарамай, бу жараёнда турли туркий ва курд қабилаларининг ҳиссаси ҳам ниҳоятда катта бўлганини ва уларнинг хизмати ҳанузгача кенг тадқиқ этилмаганини алоҳида қайд этиб ўтиш зарур. Бу камчиликларни бартараф этиб, адабий жараённинг барча мураккаб қирраларини ҳисобга олган, қиёслаган ҳолда ҳамда шу пайтгача деярли эътибор берилмаган. Узоқ Шарқ халқлари адабиёти, биринчи навбатда хитой адабиёти билан алоқасини ўрганиш асосидагина Шарқ халқлари адабиётининг тўлиқ мукаммал манзарасини яратиш мумкин бўлади.
Марказий Осиёда яшаб келаётган турли халқлар адабиётлари орасида туркий тиллар тизимида яратилган адабиёт алоҳида аҳамиятга эга. Шуни тан олиш керакки, ҳозирги кунда бу тиллардаги адабиётларни ўрганиш борасида бир қадар жиддий тадқиқотлар олиб борилаётган бўлса-да, уларни етарли деб бўлмайди, бунинг сабаби шуки, эски илм намояндалари туркий халқлар тилига доир катта ишларни амалга оширганига қарамай, адабиётшунослик йўналишидаги тадқиқотлар билан деярли шуғулланмаганлар.
Туркий халқлар адабиётида икки қатлам яққол кўзга ташланиб туради, биринчиси: халқ оғзаки ижоди — у узоқ асрларга бориб тақалади ва маълум даражада ислом маданияти таъсирига тушган, бу жараён ислом анъаналари мазкур ҳудуддаги халқлар ҳаётида қанчалик ўрин тутганига боғлиқ; иккинчиси: бевосита Олд Осиё халқлари адабиётлари мажмуига таянган ҳолда яна шу араб-форс маданиятлари таъсири қай даражада тарқалганлигига бевосита боғланадиган ёзув маданиятига алоқадор бўлиб, у ўз халқининг оғзаки ижодидан озиқланган ҳолда камол топди.
Бу ёзувлар катта қийинчилик билан мазкур минтақада ўз ўрнини эгаллади. Туркий халқлар Марказий Осиёда форс маданияти ва адабиёти катта ютуқларга эришган бир даврда тарих саҳнасига чиқдилар. Марказий Осиёда ҳукмрон мавқе эгаллаган туркий халқлар бу ердаги эски давлат бошқарув усулларини тўлиқ сақлаб қолдилар. Натижада узоқ йиллар давомида давлат бошқарувида форс амалдор мирзолари асосий ишларни олиб бордилар, баъзи шаҳардаги аҳолининг аксарияти эроний тиллар гуруҳига кирувчи шеваларда сўзлашар эди.
Лекин туркий халқлар феодал тузумининг энг асосий кучи — ҳарбий ҳокимиятни ўз қўлларида тўлиқ сақлаб қолдилар, қадимдан ривожланган чорвачиликка катта эътибор бердилар.
Шунинг учун ҳам мўғуллар босқинига қадар Марказий Осиёда адабий тил сифатида форс тили ўз нуфузини сақлаб қолганига ажабланмаслик керак. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, халифалик маданияти доирасидан нисбатан узоқроқда бўлган Қорахонийлар давлати маркази Қошғарда миллий тил ва адабиётни ривожлантириш ҳаракати бошланди. Лекин Х аср охирларида Самарқанд ва Бухоро атрофидаги серҳосил Миёнкал водийсини қўлга олган Иликхонлар кучли форс адабиётининг таъсиридан қутула олмадилар ва ўз саройларида форс тилида ижод қилган шоирларга иззат-ҳурмат кўрсата бошладилар.
Кичик Осиёда бўлгани каби бу ерда миллий адабиёт сарой доирасида эмас, балки дарвеш ва қаландарлар орасида шаклланди, улар адабий асарларни барча халқ табақалари тушунишини истар эдилар.
Мўғуллар истилоси туркий тиллар ривожланишига маълум даражада туртки бўлди. Лекин мўғуллар у ёки бу тилга ҳомийлик қилган дейиш тўғри эмас. Мазкур ўринда шу даврдаги энг ажойиб адабий ёдгорлик Рашидиддиннинг “Тарихлар мажмуаси” асари форс тилида мўғул ҳукмдорларининг розилиги билан ёзилганлигини унутмаслигимиз керак.
Шунга қарамай, форс маданиятига кучли зарба берилди. Форс тилига энди зодагонликнинг асосий белгиларидан бири сифатида қаралмайдиган бўлди.
XV асрдаги туркий адабиётнинг ривожланиш пойдевори шу тариқа қўйилди. Форс тили ҳам йўқолиб кетмади. У маданий жараёнда ўз таъсирини маълум даражада сақлаб қолди. У билан бирга фанда чиғатой тили деб аталган туркий тиллар гуруҳига кирувчи иккинчи тил ҳам ривожланди. Лекин бу номни ўринли ишлатилган деб бўлмайди. Унинг пайдо бўлишига асосий сабаб шундаки, Марказий Осиёда ҳукмронликни қўлга киритган Темурийлар ўз насл-насабини Чингизхоннинг ўғли Чиғатойга боғлар эдилар. Ўрта Осиё ерлари унинг мулки ҳисобланарди. Бу ибора сулолавий ном бўлиб, ўз моҳиятига кўра “усмонли тили” иборасини эслатади. Маълумки, усмон султонлари саройида ривожланган турк адабий тили “усмонийлар тили” деб аталган эди.
Шу даврда ижод этган Марказий Осиё адабиёти вакиллари бу тилни ҳар доим “туркий тил” деб аташган. чунки бу ном бир ёки икки қавмнинг эмас, балки шу даврда Темурийларга бўйсунган барча туркий халқларнинг умумий, ягона тилини ифодалар эди. Адабий тил бўлгани учун уни маълум бир қабила доирасида талқин қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолат унинг вазифасини ниҳоятда торайтириб қўяди.
Афсуски, бу тил ёдгорликлари лингвистик нуқтаи назардан яхши ўрганилмаган. Бугунги кунда Навоий ижодида шимолий ва жанубий туркий тил лаҳжаларига хос сўзларнинг баъзан бир сатрда қўлланилиши сабабларини ёритиш жуда муҳим. Бу хаттотларнинг Навоий тилини ўзларига яқин андазаларга солиш учун қилган “хатоларими” ёки муаллифнинг ўзи ўқувчилари сонини кўпайтириш мақсадида буни онгли равишда амалга оширганми?
Нима бўлганда ҳам XV асрда туркий адабий тил ҳаётда ўз ўрнини топиб борди. бу ҳол катта курашлар, қийинчиликлар билан рўй берди. Бу кураш осон кечмади.
Давр талабига кўра, туркий тилдаги адабиёт муваффақият билан ривож¬ланмоғи учун фольклорга хос шакллар доирасидан чиқиб, Олд Осиё адабиётлари мажмуига мос келадиган шаклларни эгалламоғи лозим эди. Бошқача айтганда, туркий адабиёт форс адабиётидан тубдан фарқ қиладиган ўзига хос янги асарлар билан майдонга чиқиши, форс адабиётининг юксак намуналари билан ёнма-ён турмоғи ва бу адабиёт руҳида тарбия топган ўқувчиларни ҳам ўзига ром этмоғи керак эди. Агар форсий адабиёт бу даврда 500 йиллик ривожланиш жараёнини босиб ўтган ҳолда ўзига хос оғир қийинчиликларни енгиб, юқори санъат босқичига кўтарилганини инобатга олсак, туркий тилда ижод қилиб, улар билан мунозарага киришмоқчи бўлган адиблар қандай қийинчиликларга дуч келгани аён бўлади.
Бу жараёнда ғалаба қозониш учун форсигўй санъаткорлар қўлга киритган маҳорат сирларини мукаммал эгаллаш билан бирга имкон қадар уларни ўз она тилида камолот даражасига кўтариш лозим эди.
Бошқа сўз билан айтганда, бу кўҳна адабиёт сирларини ўрганиш билан бир қаторда туркий тил бойликларини ҳам чуқур ўрганиш, унинг янги ва бой жилоларини кашф этиш учун матонат билан меҳнат қилиш керак эди.
Бунинг учун она тилига улкан муҳаббатдан ташқари, уни илмий таҳлил қилиш қобилияти, катта адабий истеъдод эгаси бўлиш шарт эди. Бусиз ҳар қандай эзгу истакларнинг ўзи билангина мақсадга етиб бўлмайди. Кўп адиблар бу йўлда матонат билан ҳаракат қилдилар, баъзилар (Саккокий, Лутфий) бу соҳада маълум ютуқларга эришдилар ҳам, лекин бу мураккаб вазифаларни тўла бажариш буюк Мир Алишер Навоийгагина насиб этди.
Бу буюк адиб ўз олдида нақадар қийин иш турганини яхши тушунар эди. Навоий туркий адабиётни форс адабиёти даражасига кўтаришнигина эмас, балки ундан ўзиб кетишини ҳам ўз олдига катта мақсад қилиб қўйган эди. Адабиёт соҳасида бу икки тилнинг ўзаро “курашлари” адибнинг “Муҳокамат-ул-луғатайн” асарида ўз аксини топди. Тилшуносликка доир бу асарда Навоий ўз она тилининг устунликларини исботлашга ҳаракат қилди.
Бу асарда лингвистик жиҳатлардан ташқари туркий тилнинг бой лексикаси ва нозик морфологик жиҳатлари ҳам таҳлил этилган. Асрлар давомида шаклланган феодал жамиятда сингиб кетган устувор анъаналарни инкор этиш ва янги ғояларни илгари суриш адибдан улкан жасорат талаб қилар эди.
Лекин қуруқ ғоянинг ўзи билан бу вазифани амалга ошириб бўлмас эди. Ғоядан ташқари амалий тадбир зарур эди. Бу ишларни Навоий сабот билан амалга оширди. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, у туркий тилни адабий тил даражасига кўтара олди. Кейинчалик туркий тилларнинг грамматик тузилишини ўрганган (Мирза Меҳдихон Астрободий), туркий тиллар луғатини тузган (Сулаймон Бухорий) олимлар ўз асарларида Навоийга суянишгани ҳамда унинг асарлари тилини соф туркий тилдир деб эътироф этганини эслаш кифоя.
Аммо шунинг ўзи етарли эмас. Бу тилда бемалол баҳслаша оладиган ва рақибларини мағлуб эта оладиган бадиий асарлар яратиш керак эди.
Олд Осиё адабиётларининг кўп асрлик тараққиёти давомида адабий шаклларга тааллуқли масалалар жуда пухта ишлаб чиқилган эди. Гарчи катта қийинчиликлар туғдирса-да, Олд Осиё адабиётларининг ҳаммасида жуда кенг қўлланган НАЗИРА услубидан ҳам фойдаланишга табиий эҳтиёж бор эди.
Назира — бу ўз замондоши ёки ўтмишдаги адибнинг бирор асарига ўзига хос жавоб айтиш санъатидир. Агар шоир лирик асар (қасида, ғазалга) назира ёзса, асарнинг вазн ва қофияси тўла сақланади. Агар бу асар воқеабанд йўналишда (маснавий) бўлса, вазн ва воқеалар занжирига хос асосий ҳолатлар албатта сақланиши лозим. Шундай қилиб, назира адибдан эпик асарни чуқур таҳлил қилиш билан бирга, лирика соҳасида ҳам муайян тайёргарликларни талаб қилади.
Европада Шарқ адабиётига ёндашувда “назира” ёзган муаллифларни асоссиз равишда “тақлидчи” деб айблаш майли бор. Бу феодал жамияти адабиётининг ўзига хос жиҳатларини бутунлай билмаслик, ўтмиш ҳодисаларини ўз қаричи билан ўлчаш, тарихийликдан чекиниш иллатидан бошқа нарса эмас.
Навоийнинг олтита катта достони ва кўплаб гўзал лирик асарлари назира жумласига киради. Бу масалани тўғри талқин этмоқ керак, чунки Навоий айни мана шу шаклда ўзининг асосий қарашларини исботлаши ва форс шеъриятининг ажойиб намуналари ёнида порлаб тура оладиган гўзал асарлар яратиши мумкин эди. Навоий адабиётга янги мазмун олиб кира олмаган деган гап мутлақо нотўғри қарашдир. Шоир ўнлаб саволларга жавоб бўла оладиган янги мавзулар олиб киришга қодир эканлигини англаш учун “Саъбайи сайёр” достони таркибига киритилган ва ўз даври услубига ўралган, ҳар бири яхлит жажжи романга тенг келадиган етти новелладан хоҳлаган бирига назар солиш кифоя қилади.
Аммо Навоий учун бу гапларнинг кераги йўқ. У рақибларини уларнинг ўз қуроли билан енгди, бунинг учун эса улар чизиб қўйган мавзу доирасидан ташқари чиқиш мумкин эмас эди. Афсуски, Европа фани бу нарсани тушунмади (ҳозир ҳам тушунмаган бўлса керак) ва улар Навоий достонлари буюк Озарбайжон шоири Низомийнинг “Бешлик” (“Хамса”)сига мавзу жиҳатидан мос келишини кўриб, Навоий Низомийнинг таржимони деб эълон қилишга шошилдилар ва шу билан хотиржам бўлдилар. Фикримча, сиёсий майллардан ташқари, Навоий ижоди ҳақида ёзган олимлар (айниқса, француз шарқшуноси Э.Блоше) буюк адиб асарларини ўқимаганга ўхшайди. Улар нари борганда шоир достонларини фақатгина варақлаб чиқиб, баъзи бобларнинг сарлавҳаси билангина танишганлар. Таъкидлаймизки, агар Навоий “таржимон” бўлса, Амир Хисрав ва Котибий, Хотифий ва бошқа кўплаб шоирлар ижодини қандай баҳолаш керак? Қизиғи шундаки, улар Низомийни форс тилидан форс тилига таржима қилишган экан-да!
Энди Навоий ўз “таржималарини” қандай амалга оширгани ва асар сюжетига қандай янгиликлар киритгани ҳақида тўхталиб ўтамиз. Барча олти достон ҳақида бир мақолада батафсил сўзлаш қийин, шунинг учун улардан учтасини кўриб чиқамиз ва баҳолаймиз.
Аввало “Саъбайи сайёр”га тўхталамиз. Бу асар вазни ва сарлавҳадаги “етти”га қараганда Низомийнинг “Етти гўзал” асарига жавоб тарзида ёзилган. Низомий бу асарда қулон (ёввойи эшак, у форс тилида “гўр” дейилади — тарж.) овига ниҳоятда ўч бўлгани учун Баҳром Гўр лақабини олган сосоний подшоҳларидан Варахран V (620-638) ҳаётига доир бир неча лавҳани эркин тарзда ҳикоя қилади. Улардан бири — Баҳромнинг ўз севгилиси соҳибжамол Фитнадан ажралиб қолиши ҳақидаги ҳикоя. Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сида ҳам (унда Озода) сал бошқачароқ тарзда тасвирланган эди. Фитна ов пайтида Баҳромдан ўқ узиш санъатини намойиш этишни сўрайди. Баҳром бу борадаги тенгсиз маҳоратини амалда кўрсатиб берганда, канизак хотиржамлик билан бу муттасил машқлар натижаси эканини айтади. Ғазабланган шоҳ уни ўлдирмоқчи бўлади (Фирдавсийда ўлдиради), аммо ўз қўли билан аёл кишининг қонини тўкишни хоҳламай, яқинларидан бирига бу вазифани топширади. Фитна жаллодга ялиниб-ёлбориб қатлни орқага суришга муваффақ бўлади, сўнг бутун ақлини ишга солиб, ҳукмдор ҳузурига қайтиб келишга (бу ҳолат бир қадар ишончсиз чиққан) эришади. Ҳикоя шу билан тамом бўлади ва Низомий асар давомида Фитнани бошқа тилга олмайди.
Достонда асосий ўрин тутадиган иккинчи лавҳа — Баҳромнинг ҳафта кунлари ва уларга ҳомийлик қиладиган сайёраларнинг рангига мос келадиган еттита қаср қурдиришига боғлиқ. Бу етти қасрга забт этилган етти мамлакатдан олиб келинган хотинлари — етти малика жойлаштирилади. У ҳар ҳафтада бир марта шу кунга мос келадиган кийимлар кийган ҳолда маликалар хузурига боради. Ҳар бир малика ана шу кун рангига мос келадиган тарзда севги ҳақида гўзал ҳикоялар сўзлаб беради. Баҳром уларни тинглаб, маликалар билан айш-ишрат суради.
Катта маҳорат билан тасвирланганига қарамай, бу етти ҳикоя асар давомида ҳеч қандай роль ўйнамайди. Ҳатто Низомий кейинчалик Баҳром юксак диний туйғулар таъсирида бу қасрларни оташкадаларга айлантирганини таъкидлайди. Шундай қилиб, Баҳром қиссасини шартли равишда достон тўқимасидан олиб қўйганимизда ҳам асар жиддий ўзгаришларга учрамайди, чунки улар билан асосий воқеалар ўртасида кучли боғланиш йўқ.
Навоий1 ҳам ўз достонини Баҳром ҳикоясидан бошлайди. Ов пайтида канизак билан юқоридагидек (айрим ўзгаришлар мавжуд) баҳс-мунозара бўлиб ўтади. Низомийдаги каби Баҳром унинг қонини тўкишни хоҳламайди. Аёлни узун сочларига чирмаб боғлаб, ваҳший ҳайвонларга ем бўлсин деб чўли биёбонга ташлаб кетади.
Низомий достонида тасвирлангани каби, маълум вақт ўтгач, Баҳром севимли канизагини қаттиқ қўмсаб қолади. Уни топиб келиш учун ҳар томонга одамларни юборади, аммо қидирувлардан ҳеч қандай натижа чиқмайди, чўлда ундан ном-нишон ҳам қолмаган эди. Кучли руҳий азобда қолган Баҳром оғир дардга чалинади. У на еб-ичиш, на уйқуда ҳаловат топади; уни муқаррар ўлим кутар эди. Табиблар кенгаш қилиб, шоҳни чалғитиш керак деган хулосага келадилар, етти қаср қуриб, ҳар бирида турфа кўнгилхушликлар бўлса, Баҳром ғамлардан чалғийди деб ҳисоблайдилар, бу ҳолат Низомий достонида ҳам борлигини кўриб ўтдик; бу қасрлардаги вақтхушликлар туфайли Баҳром ғам-ғуссаларини унутади.
Бу ерда икки асар орасидаги биринчи жиддий фарқни кўришимиз мумкин. Низомийда Баҳром қасрлар қурилаётганда ёри Фитнани унутган эди, Навоийда эса Баҳромнинг касаллиги ёридан ажралгани ва қасрлар қурилиши узвий боғлиқ. Агар Баҳром ёридан ажралмаганда, бу қасрлар қурилмас эди.
Асар давомида, Баҳромнинг соғлиғи яхшиланса-да, уйқусида ҳаловат йўқолади. Ҳар тун хизматкорлар биринчи учраган кишини шоҳ хузурига келтиришар ва у шоҳ ухлагунча унга эртак айтиб бериши керак эди. Шу узвий боғланиш орқали достонга еттита новелла киритилган, улар Низомий новеллаларидан мутлақо фарқ қилади. Улар бизнинг фикримизча, Марказий Осиё фольклори намуналарига хосдир. Низомийда эса гўзал канизаклар Баҳромнинг буйруғи билан унга эртак айтишади. Бошқа узвийлик йўқ. Навоийда эртаклар достоннинг асоси бўлиб, уни олиб ташлаш асар тўқимасига катта зарар етказади.
Навоийда бу ўзгаришлар адиб томонидан махсус киритилган. Низомий асарига тўхталар экан, шоир бу гўзал канизакларнинг эртак айтиши ишонарли чиқмаганини таъкидлайди ва бу эртаклар ухлаш учунгина айтилганини, гўзал канизаклар эса бундай иш учун яратилмаганини енгил киноя билан сўзлаб ўтади.
Ва ниҳоят, новеллаларнинг ўзи. Улардан дастлабки олтитаси эртак — қароқчилар, ўғрилар, подшолар, шаҳзодалар ҳаётига боғлиқ. Лекин бу эртакларга ҳам Навоий ўз қарашларини сингдира олган.
Ҳаммамиз буюк шоирнинг янгиликка, фанга ҳамда янгилик яратишга қодир кишиларга ҳурмат билан қарагани ва уларга ҳомийлик қилганини биламиз. Шоир айнан яхшилик(фантазия)ка таянган ҳолда ўз қаҳрамонларининг образларини яратди. Масалан, бир эртакдаги шоҳнинг тахти тутқич дастаси туфайли истаган тарафга ҳаракат қилади. Тахтга зина олиб чиқади, энг пастки зинада турилса бас, унинг ўзи юқорига қараб ҳаракат қилади. Шу ўринда мазкур тахт замонавий автомашина ва эскалаторни эслатишини айтиш кифоя. Бошқа эртакдаги денгиз қароқчиси кемаларни чўктириш учун худди ҳозирги сув ости кемаси ҳаракатларини амалга оширади. Албатта, бу шоирнинг соф хаёли. Тўғри, Навоий бу ғояларни илгари суришда Жюль Верннинг илмий ёки ғайриилмий ғоялари даражасига кўтарила олмаган. Аммо унинг достонларидаги бундай жиҳатлар халқ оғзаки ижоди билан боғланиб кетади. (“Минг бир кеча”даги учар отни эслайлик). Улар шоирнинг қизиқиш доираси нақадар кенглиги ҳақида мукаммал тасаввур беради.
Ўқувчи кўз ўнгида Баҳромнинг олти куни ўтади. Еттинчи кечада яна бир кишини олиб келадилар ва у ажойиб канизак қиз ҳақида эртак сўзлайди (Дунёда тенгсиз овозга эга канизак муздек совуқ эди). Эртак давомида сайёҳ канизакнинг сирлари, саргузаштларини ҳам баён этади ва биз Баҳром билан бирга бу канизак унинг чўлда ташлаб келган севгилиси эканини билиб оламиз. Унинг тириклигини ва ўз қилмишидан пушаймон эканлигини, ҳамон Баҳромни севишини англаймиз. Эртак сўзловчи у қаерда эканини Баҳромга айтади. Буни эшитган Баҳром барча хасталиклардан тузалиб, ўз севгилисини ахтариб топади ва улар яна шод-хуррам яшай бошлайдилар.
Шундай қилиб, бу новеллалар ҳам асарнинг узвий тўқимасига сингиб кетади ва яхлит бутунликни ташкил этади. Шундан кейин ким Навоийни Низомийнинг таржимони деб айта олади?
Агар бу асарлар таржима бўлса, унда Одоевскийнинг “Рус тунлари” Э.Т.А. Гофманнинг “Серапион биродарлари” асарининг таржимаси ёки Гауф эртаклари “Минг бир кеча”нинг таржимаси бўладими?
Навоий ва Низомий асарларидаги барча ўхшаш томонларга қарамай, Навоий ўз достонларига туб ўзгаришлар кирита олди, воқеалар ривожида узвийликка эришди, қаҳрамонлар образига, характерига табиийлик бахш этди. Асрлар давомида бу қаҳрамон характерида қандай ўзгаришлар рўй берганига назар солинг: Фирдавсийда у фавқулодда кучга эга, унинг қаҳри бир зумда дунёга ўт қўяди; Низомийда у муҳаббатни теран тушунади, лекин ўз ҳис-туйғуларида барқарор эмас, у ўз қувончларини турли нарсалардан излайди. Навоийда эса у ошиқ — илк муҳаббатига ҳар доим содиқ қоладиган чинакам ошиқ. Даврлар ўтган сари Баҳромнинг қиёфаси ўзгариб боради. У мустабид ҳукмдор — сарой амалдоридан кўра, шаҳар доираларига кўпроқ яқин бўлган инсонга айланади. XV аср сарой амалдорлари ҳам инсонпарварлик жиҳатидан аввалгиларига қараганда деярли фарқ қилмайдиган ва ҳар қандай ёвузликлардан қайтмайдиган кишилар эди.
Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони Низомийнинг машҳур “Хусрав ва Ширин”ига жавобдир. Лекин бу ерда ҳам умумий ўхшашликлар бўлишига қарамай, орадаги фарқ ниҳоятда катта. Бунга асарларнинг номиёқ мисол бўла олади. Гарчи Фарҳод Низомий асарида катта ўрин эгалласа-да, лекин асарнинг ҳақиқий бош қаҳрамони (Шириндан кейин, албатта) Хисравдир. Низомий ўз қаҳрамонининг ҳамма камчиликлари, ожизлиги, беқарорлиги, енгил табиатига қарамай, уни асар марказига қўяди, Фарҳод эса Шириннинг буюк муҳаббатини кўрсатиш учунгина керак. Фарҳод ишқ бобида тенгсиз қаҳрамон, лекин Ширин ўзининг илк севгилисига хиёнат қилмайди. Асарда Хисрав ҳалок бўлади. Бу ҳал қилувчи эпизодда ҳам у бутунлай нурли қиёфада гавдаланади. Ўқувчи унинг ҳамма камчиликларини кечиришга тайёр.
Навоий эса ўз асари марказига Фарҳодни қўяди. Тўғри, у Низомий асарига хос ижтимоий моҳиятни силлиқлаштиради. Фарҳод Низомий достонидагидек оддий шаҳарлик уста эмас. У шаҳзода, аммо бошқалардан ажралиб туради. У инсон тафаккури, меҳнати билан яратилган барча нарсаларни чин дилдан яхши кўради. Асардаги сарой қурилиши бобида Фарҳод барча қурувчилар билан тенг мулоқотда бўлади. Фарҳоднинг ўта қизиқувчанлик фазилатини буюк адиб ўзидан олганлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Барча ҳунарлар сирини, моҳиятини тушунишга қизиқиш, буюк адиб шахсиятига хос хислат эди.
Навоий Хисрав образи талқинини ҳам кескин ўзгартиради. Унинг Хусрави типик ёвузлик тимсоли. Унда ҳеч қандай ижобий жиҳат йўқ. У калтафаҳм, жаҳлдор, қонхўр мустабид, у ўз мақсадларига алдов ва хиёнат билан эришади. Аммо Ширин образи Навоийда бир қадар пасайган. Низомийда Ширинга хос баъзи ўринларда идеаллаштирилади. Унда Хисравга бўлган муҳаббатдан бошқа ҳеч қандай камчилик йўқ. У шу муҳаббат қурбони бўлади. Навоийда эса Ширин фақатгина афсонавий даражада гўзалдир; Низомийдаги бетакрор ақл ва назокат, индивидуаллик унда йўқ. Буни тушунса бўлади, акс ҳолда у Фарҳод образини кучсизлантириб қўяр эди. Шуни унутмаслик керак, Низомийнинг Хисрави Шириндек кучли ёрқин шахсга муҳтож, бусиз унинг ўзгариши қийин. Навоийнинг Фарҳоди эса бунга муҳтож эмас, у бусиз ҳам жуда фаол. Шунинг учун Ширин образи асар сюжетига салбий таъсир этмайдиган даражада кучсизлаштирилган.
Достоннинг кириш қисмидаги ўзгаришлар ҳам ўта муҳимдир. Агар Низомий ўз асарига эртак шаклини бериб, эски эртаклар йўналишидан фойдаланган бўлса (ошиқлар бир-бирининг расмини кўриб, севишиб қолишади), Навоий бу эртакка хос ҳолатни ниҳоятда кенгайтиради. Достонинг бу қисми алоҳида асар даражасига кўтарилади. Бу ерда бир неча эртакларга хос мотивлар уйғунлашган; аждар билан жанг, Ахриман дев устидан ғалаба, ғорда бир неча аср яшаган кекса донишманд билан учрашув, хазина топиб олиш каби эртакларга хос бир қанча белгилар жамланган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, асарнинг бу қисми юксак маҳорат билан ёзилган. Асарлар ўртасидаги фарқларни қиёслаб, шуни таъкидлаш мумкинки, агар Навоий ўз қаҳрамонларига бошқача исм берганда, уларнинг илдизи қайси асарга бориб тақалишини кўп китобхонлар англаб олиши қийин бўларди.
Ниҳоят, учинчи достон — “Лайли ва Мажнун” ҳақида бир-икки оғиз сўз. Навоий бу асар муқаддимасида ўз хизматини жуда камтарона баҳолайди: у ўз ўтмишдошлари — Низомий ва Амир Хисрав қурган гўзал қаср атрофида боғ барпо этмоқчи бўлгани ҳақида гапиради. Тўғри, у шундай изоҳ беради:
Ёзмоққа бу ишқ жовидона,
Мақсудим эмас эди фасона.
Мазмуниға бўлди руҳ майли,
Афсона эди анинг туфайли.
Аммо бу ўринда ҳам, сюжетга ўзгартириш киритиш ниҳоятда қийинлигига қарамай, Навоий ўзига мерос қолган режадан узоқлаша олади. Низомий ўсмирликдаги иштиёқ қатор тўсиқлар оқибатида маҳв этувчи эҳтирос даражасига кўтарилганини, бунинг устига бора-бора бу эҳтиросларнинг илк манбаи — Лайли ошиқ учун кераксиз бўлиб қолганига қарамай, у севишда давом этганини кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Мажнун ўз тасаввуридаги Лайли тимсолига шу даражада муҳаббат қўйганидан, ҳатто реал ҳаётдаги жонли қизларга қиё боқмайдиган даражага етган эди. Бу фавқулодда ғаройиб психологик этюднинг асосий моҳияти ана шундан иборат.
Навоийда бу бир қадар ғайритабиий ҳолат иккинчи ўринга ўтади. У асосий урғуни ота-оналарнинг болаларга ўта шафқатсиз муносабати туфайли туғиладиган оилавий фожиаларни кўрсатишга қаратади. Ўз замонасидаги оилавий муносабатларни танқид қилган, яъни муҳим ижтимоий масалани ёритган Навоий ўз қаҳрамонлари тақдирини юқори даражада ишонарли чизишга эришади. Қаҳрамонлар ҳолатини аниқ тасвирлаш орқалигина бу вазифани бажариш мумкин эди. Бунинг учун Навоий қатор реалистик деталлар келтирадики, улар ёрқинлиги ва ажойиб психологик нозиклиги билан ҳамон ўқувчини ҳайратга солади.
Шундай қилиб, достоннинг бошланиш қисми — Мажнуннинг Лайлини севиб қолиши бутунлай ўзгача бўёқларда тасвирланади. Мажнун билан Лайлининг баҳор чоғида боғда учрашуви манзараси жаҳон адабиётидаги энг жозибадор саҳифалардан биридир. Асар охирига киритилган Мажнуннинг Лайли жасади олдида жон бериш саҳнасидаги ўзгаришлар ҳам ҳайратланарлидир. Бу саҳна шунчалик ёрқин чиққанки, ўқувчи тирик мурдага айланган қаҳрамон сиймосини ҳам, Лайли билан видолашувга келган қариндошларнинг қўққисдан пайдо бўлган бу даҳшатли шарпадан қўрқиб тумтарақай қочиб кетишларини ҳам ниҳоятда аниқ кўриб тургандек бўлади.
Мана шу манзара муносабати билан Навоий ижодига хос яна бир фазилатни айтиб ўтишни хоҳлардим. Унинг тасвирий санъатга меҳр қўйгани ва Ҳиротдаги миниатюрачи рассомларга ҳомийлик қилгани маълум. Навоий сиймосида фавқулодда заковатли рассом мужассам эди деб айта оламиз, буни у тасвирлаган кўп манзаралар ўта нафис чизилгани яққол кўрсатиб турибди.
Кейинги пайтларда мен “Хусрав ва Ширин” достони рус тилига таржима қилинган бўлса, Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”ини ҳам ағдариш зарурми, уларнинг иккиси битта асар-ку” деган саволни кўп эшитишимга тўғри келди. Мазкур мақола ана шу хилдаги саволларга жавоб бўла олади. Навоий достонлари Низомий достонларининг айнан ўзи эмас деб қатъий айтиш лозим. Уларнинг қайси бири яхшилиги ҳақида гапириш мутлақо ўринсиздир. Ўз даври учун уларнинг ҳар бири адабий маҳоратнинг олий намунаси бўлган эди. Икки буюк санъаткорнинг асарлари бизнинг кунларимизда барҳаёт яшаб келмоқда, улар бундан кейин ҳам яшайди. Мен “Хусрав ва Ширин”нинг яхши таржимасини ўқиган рус китобхони Навоий достонларини ҳам ана шундай катта бадиий завқ ва кўтаринки руҳ билан ўқишига шубҳа қилмайман. Юқорида таъкидлаганимиздек, буюк ўзбек шоири ўз олдига ниҳоятда юксак мақсад қўйган эди. У дунёдаги энг улуғ шоирлар билан бир сафда туришни орзу қилганди. Бунинг учун мисли йўқ қийинчиликларни енгиб ўтиш зарурлигини кўз олдимизга келтирсак, бу тасаввур қилиб бўлмас даражадаги дадил жасорат эканлигини англаймиз. У қудратли даҳоси билан барча машаққатларни енгиб ўтди ва ўзи интилган юксак мартабада туришга муносиб эканини ёрқин исботлаб берди.
Улуғбек Абдуллаев таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2006 йил, 2-сон