Дилноза Рустамова. Вақтни ўлдираётган “асар”лар

Икки куннинг бирида эшик қоқиб, ё ўзи, ё ўғли китоб сўраб келадиган қўшни аёл китобхонликда кўпларни ортда қолдирса-да, адабий савияси каминани ҳайрон қолдирди. Охири бир куни айтиб қолди: “Маснавий”-у Чеховдан бошқа одамни зериктирмайдиган китобларингдан йўқми? – У қандай китоб?! Шундай дедим-у, унга тағин бирор нима дейиш фикридан шу заҳоти қайтдим. У мен билан китоб олди-бердисини эндигина талаба бўлган кунимдан бошлаб юборганди. Демак, камида ўн йиллик китобхон. Аммо шу давр ичида у китобларни саралай оладиган бўлиши керак эди, чоғи. Ҳарқалай, “вақтни ўлдириш” учун китоб ўқиш мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман. Баъзан китоб ҳам етказиб беролмай қоламан. Шундай пайтда, уйга билмадим қандай йўл билан келиб қолган, “кўча китоблар”идан бериб юбораман. Эртаси азонда яна эшик олдида. “Жуда қизиқ экан, шунақаларидан яна йўқми?” Энди пушаймон бўламан. Тезкорлигига эса қойил қолмай иложим йўқ. Табиатан одам енгилликка моил. Аммо кишида ҳатто овқатни танлаб ейиш истаги бор-ку. Энг яхшисини.

Ўтган йили ижтимоий тармоқларнинг бирида ўзбекистонликлар энг кўп мутолаа қилган китоблар ўнлиги аниқланганди. Уларнинг деярли барчаси менга таниш, яъни ўқиганман. Фақат биттасидан ташқари. 7-ўринда турган Исоқжон Нишоновнинг “Афғон шамоли” роман эпопеяси ҳақида илгари эшитмаган эканман. Албатта, бу менинг адабий жараёндан тўла баҳраманд эмаслигимни билдириб қўйди. Шу боис уни ўқишга аҳд қилдим. Икки-учта китоб дўконига борсам, жавонларга бир текис ҳавас қилса арзирли қилиб териб қўйилган. Айни муаллифнинг нақ 20 га яқин китоби, яна детектив асарлар. Рости, буларнинг қанча муддатда ёзилганлиги қизиқ туюлди менга. Ижодкорнинг бирор китобини сотиб олиш истаги туғилди. “Афғон шамоли”нинг 12 китоби, унинг ёнида эса камалакни ҳам хижолат қиладиган ранг-баранглик билан безатилган китобларнинг суратлари эса кишини ваҳимага солади. Муқовасида тунги кўйлакда рандпар қиз тасвирланган “Телба келиннинг кундалиги”, гўзал турк аёли ишва билан нигоҳини тиккан “Сариқ иблис”, “Чимилдиқли уй ноласи”даги бир-бирига бахтиёр тикилиб турган ажнабий жуфтлик, машҳур ҳинд актрисасининг хаёлга берилган чеҳрасидаги “Тоғлик қиз”, ҳаддан ортиқ замонавий “Ёввойи келин”, “Бахтиқаро маъшуқа”даги юзида эҳтироси балқиб турган қиз, яна шу каби бир неча муаллифларнинг “юксак дид ва маҳорат” билан саҳифаланган китобларини дўконнинг асосий қисмини эгаллаганлигини кўриб, уларнинг савдоси югуриклигини сездим. Бир қарашда ҳирсни қўзғовчи муқовалар наҳот муаллифларни қониқтирган бўлсаки, унинг ичидаги ёзилмиш ҳам бундан аъло бўлмас. Уларнинг кўпига “XXI аср бестселлерлари”, “XXI аср детективи” деб ёзилган. Булар сафида “Афғон шамоли” ҳам бор. Ҳар нечук муқова дизайни тузук. Ўн икки китобдан бирини олсам етарли, ўйладим ичимда. Шу пайт негадир қўшни аёлнинг “қизиқ китоблар”и йодимга тушди.

Романнинг 1-китоби – “Сўнгги топшириқ”ни ўқишга тутиндим. Бошладим-у, улоқ ичидаги талотўпга тушиб қолгандай бўлдим. Воқеалар шунчалик тез содир бўляптики, улоқ у чавандоздан бунисига, яна бошқасига ўтиб (воқеалар ҳали Душанбе, ҳали Дубай, Тошкент, Наманган, Москва, Покистон, Истанбул, Боткент, Олмаотада содир бўлади) миямда оғир юк туриб қолгандек бўлди. Ифода оддий, воқеалар ҳам кундаликдан олингандек, аммо нега бунчалик оғир?! Уни энг кўп ўқилган китоб бўлганига сабаб нима? Англия, Германия нашриётларига унинг қайси томони маъқул келган экан? Адабиётшунос устозларимиздан Қ.Йўлдошев: Кун ботиш эстетикасида асарда нима тасвирланганлиги, Кун чиқиш бадииятида эса ниманинг қандай тасвирланганлиги бадиий таҳлилнинг диққат марказида туради, деган эди. Шундан сўнг чет эл нашрларига нега ёққани бироз ойдинлашгандек бўлди. Балки, бунга бестселлер асар нуқтаи назаридан қарашим керакдир. Унда шу турдаги китобларга қўйиладиган талабларни кўриб чиқмоқчи, бестселлерлар нега ўқилиш сабабларини аниқламоқчи бўлдим.

Демак, китоб (жумладан, бугунги кун бестселлерлари ҳам) билимни ошириш, хилма-хил характерларни кузатиш асносида хотирани мустаҳкамлаш, мураккаб муносабатларни таҳлил қилиш орқали танқидий ва таҳлилий қобилиятни ўстириш, тасаввурни бойитиш, стресс ва чалғитувчи негатив хаёлларни камайтириш, маълум нарсага бутун диққатни қаратиш, руҳий хотиржамлик олиш ва яшашга ундаш, эркинликни ҳис қилиш, сўз бойлигини ошириш, ҳаяжонга тушиш, тунги ором олдидан руҳий хотиржамлик ҳосил қилиш, ҳаётни самарали йўлга қўйиш каби эҳтиёжий сабаблар туфайли ўқилади. Санаганларимиз бестселлерларнинг талаблари ҳам. Албатта, ёзувчи бир асарнинг ўзида саналганларнинг барчасини беролмаслиги мумкин. “Афғон шамоли”да бу қанчалик натижа берган? Хўш, талаб аввали – билимни оширадими? Афғон ўлкаси, тоғлари ҳақидаги қисқа маълумотларни ҳисобламаганда бундай дейиш мушкул. Қолаверса, адабиёт инсоншунослик илми деб тушунилар экан, бошдан-охир ваҳший, жирканч саҳналарга қурилган асар қандай қилиб инсонни ўрганиш воситаси бўлиши мумкин. Романда қаҳрамонлар бор, аммо улар характер даражасига кўтарилмаган, ёритилмаган. Уларни эслаб қолса бўлар, аммо хотирани мустаҳкамлаш учун бунинг ўзи камлик қилади. Асар бутунлигича зиддиятли вазиятлардан ташкил топган бўлса-да, улар сунъий равишда ҳосил қилинган, жиноятлар шунчаки ахборот бераётгандек таассурот уйғотади. Муаллиф гўё ташқаридан барини кузатиб турган одамдек ёзади. Қаҳрамонларнинг юз ифодасигина ҳисларини кўрсатади. Аслида, ёзувчи ҳар бир қаҳрамонининг ичи ва ташини ўрганиб ёзмайдими? Бунда танқидий ва таҳлилий қараш учун қуруқ ахборотнинг ўзи камлик қилади. Романни ўқиётиб қаҳрамонларни кўз олдингизга гавдалантирмоқчи бўлсангиз, улар ҳақида айтарли характерга доир маълумотга эга эмаслигингиз панд беради. Жойлар ва содир бўлаётган воқеалар тасвири тасаввурни кенгроқ олишга ёрдам бермайди. Яъни бадиий асар ўқилаётганда воқеа-ҳодисалар ҳиссиётга таъсир этиши, кўз олдимизда гавдаланиши, овоз ва шовқинлар эшитилиши, ҳатто ҳидни сезиш тасаввури онгимизда шаклланади. Бироқ асарда сиз бирор тасаввурингизни жонлантириш ўрнига, воқеалар ортидан қувиш билан вақт ўтказасиз. Романдаги воқеаларнинг бир-бири билан боғланишини ёзиш малакасини шакллантирмоқчи бўлган одамга бироз фойдаси тегади, дейиш мумкин. Чунки асар тасвири бадиий жиҳатдан етук бўлмаса-да, воқеликни қизғин тарзда бериш ва мантиқий боғлиқлик ўқувчини кейинги саҳифаларга ўтишга ундайди.

Китоб ўқиш стрессдан чиқишда ёрдам бериши, ҳар ўқилган 30 бетдан кейин миянинг фаоллашиши натижасида ёмон ўй-хаёллар ўрнига янгича қарашлар уйғониши мутахассислар томонидан исботланган. “Афғон шамоли” ҳам стрессдан чиқаради, бунга аминман. Аммо у иккинчи бир бетартиб руҳни онгингизга киритиб юборади. “…Кўз қирим билан ёнимга боқдим. Билагим устида олачипор илон ўтиб борарди. Ортидан шериги келарди. Ўрнимдан турдим. Муштдек тошни қўлимга олиб илонларнинг бирининг бошига урдим. Иккинчисини ҳам шу йўсинда тинчитдим. Кўзимни юмиб иккисининг қонини ичдим. Терисини шилиб майдаладим.” (26-бет.) “…Оёғига мих қоқдим. Кўкрагини кесиб ташладим, барибир индамади!” (53-бет) “…Олмосдек ўткир тиғли пичоқ бўйнининг ярмини узиб ташлади”(130-бет) “… бири ёнидан ханжарни олиб Русланнинг бошини узиб ташлади. Танасини машина ичига солиб, устига мой сепиб ёқиб юборишди. Бошини селофан қопга ўраб юкхонага тиқишди”. (220-бет) Узиб ташланган бош, танаси титилиб кетган жасад, томирига нина санчиш жазоси ҳақида ўқиётиб, мутолаадан завқланиб бўлмайди, агар Ганнибал сизнинг севимли қаҳрамонингиз бўлмаган бўлса. Қолаверса, асарда “булутлар галаси”, “дўрсоқ лаблар”, “ширин қитиқлади”, “қушларнинг ваҳимали овози”, “нурдек пок”, “лойқаланган ёш томчилари” каби мантиқан нотўғри қўлланган сўз ва бирикмаларни учратиш мумкин: қушларнинг овози ташқи таъсирлар билан қўшилиб ваҳима уйғотиши эҳтимол, бироқ уларнинг сайрашида ваҳима йўқ; кўз ёш эса ҳеч қачон лойқаланмайди, у ҳамиша тиниқ.

Яна бир мантиқсиз сюжетга қараймиз: “Белидаги ханжарни олиб, отлиқ ортидан улоқтирибди. Ханжар унинг кўкрагига санчилибди ва отдан йиқилибди”. (2-китоб 52-бет) Отлиқнинг ортидан отилган ханжар чавандозни айланиб ўтиб кўкракка теккан бўлса керак, деб ўйлаш лозим бўлади бу ерда.

Романнинг иккинчи китобида ҳам худди шу агрессияга бой узундан узоқ террорчилик, ватанфурушлик ҳаракатлари давом этади. Биринчисидан фарқли равишда нафс ва хирсга ўрин берилган саҳналар талайгина. Уларни ўқиш асар мутолааси давомида шундоқ ҳам тартибсизлик кезиб юрган руҳингизда ҳали мавжуд бўлган тоза ҳисларни-да булғайди. Шу ерида юқорида тилга олганим ижтимоий сўровномада неча ёшли китобхонлар қатнашганига қизиқдим. Ушбу асарни кенгроқ ёйилишига унинг барча қисмлари электрон нусхада тарқатилганлиги сабаб бўлганини ҳисобга олсак, уларнинг аксарияти ёшлар бўлади.

Адабиётнинг ижтимоий-эстетик қиймати бу китобларни четлаб ўтган кўринади. Зеро, китобхон муаммоли сюжет лабиринтида адашиб, асардан эстетик завқ ололмайди. Қисқаси, китоб жангари фильмни эслатади. Аммо кучли драматизмнинг йўқлиги унинг бир киночалик таъсирини ҳам йўққа чиқаради.

Хуллас, китобни ўқишга сарфланган 4 соат вақтим мана шуларни билишга, биз бестселлер деб атаётган асарлар аслида қандай эканлигини ўзимча баҳолашга, чамалашга имконият берди. “Романда киши руҳининг диалектикаси”ни очиш марказий ўрин олади, деб ёзади Иззат Султон “Адабиёт назарияси” китобида. Роман деб аталмиш бу ёзилмишда эса бирор бутун руҳ йўқ. Балки, адабий-эстетик руҳнинг ўзи йўқ. Асарда ватанпаварлик ғояси илгари сурилар экан, унинг бадиий савияси ҳақида ҳам жиддий мулоҳаза қилиб кўриш ўринли бўларди. Уни истаганча роман, роман-эпопея дейиш билан жанр талабларини четлаб ўтиб бўлмайди. “Роман ҳар бир даврнинг эстетик диди ва маънавий-руҳий эҳтиёжларига мослашиб, адабиётдаги янгиликларни зудлик билан ўзига сингдирган ҳолда мудом шаклланишда яшовчи жанрдир”, дейди адабиётшунос олим Д.Қуронов. “Афғон шамоли”ни даврнинг эстетик диди ва маънавий эҳтиёжларига мослашган асар дейиш мумкинми? Бунга унинг китобхонлар томонидан кўп ўқилгани далил бўлмайдими? Яна ўша бошда айтилган гапга қайтамиз. Одам табиатан енгилликни хуш кўради. Ортиқча мулоҳаза қилмасдан, китобнинг аннотациясида ёзилгидек “бир нафасда” ўқиб чиқилиши асарнинг кўп мутолаа қилинишига сабаб бўлган. Аммо уни енгил-елпи асар дейишдан йироқман. Танланган ғояга мувофиқ бадиият билан бойитилиши, фақат ёзиш учун эмас, кимга ва нимага ёзилаётганлиги жиддий ўйлаб кўрилиши лозим эди, назаримда.

Китоб дўконларининг катта қисмини эгаллаётган, мен юқорида фақат муқовалари ҳақидагина фикр юритган бозор адабиётларининг ўқувчисини “китобхон” сифатида кўриш бирмунча эриш туюлади менга. Улар қизиқ воқеага ошиқ ва вақтни ўлдиришни яхши кўрувчилардир. Бизнинг ўқиш учун сарфлаётган энергиямиз ўзимизга икки-уч марта кўпроқ қувват бермас экан, тафаккуримизни очмас экан, бу фақат вақт ўлдиришдир. Вақт эса ҳаммани жазолай олади, дейилади мақолда.

«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 2-сон

Дилноза Рустамова 1989 йили туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи стажёр-тадқиқотчиси.