Вақт шиддат билан ўтиб борар экан, инсон умрнинг қадрига етишни ўрганади ва ўзидан атрофдагиларга манфаат етадиган хайрли ишлар қолдиришни истайди. Ана шундай эзгу ният эгаларигина танлаган соҳаларида юксак натижаларга эришадилар, ўзларида сабр, қатъият, поклик каби хислатларни тарбиялай оладилар. Улғайиб келаётган авлод эса бундай инсонлардан ибрат олади, уларга ўхшашни истайди. Шу маънода, атоқли адабиётшунос олим, Беруний мукофоти лауреати, устоз Ёқубжон Исҳоқовнинг илмий фаолияти барчамиз учун ибрат мактаби бўла олади. Биз устоз сиймосида илм машаққати ва роҳатини ҳис қилган, руҳияти ва ҳаётида илм шарафи акс этган олим тимсолини кўришимиз мумкин. Олимнинг ҳар бир ишида илмий аниқлик, мантиқий хулосалар, воқеликнинг моҳиятини теран англаш намоён.
Сўнгги йилларида адабиётшунослигимизда тасаввуф таълимотининг бадиий адабиётга таъсири билан боғлиқ кўплаб мақола ва тадқиқотлар яратилди. Лекин, эътироф этиш керакки, уларнинг аксариятида чалкаш фикрлар, мавҳум хулосалар, бир-бирини инкор қилувчи фаразларга дуч келамиз. Ёқубжон Исҳоқовнинг «Нақшбандия таълимоти ва ўзбек адабиёти» тадқиқоти эса аниқ ва бирламчи манбаларга асосланганлиги, ҳодисанинг моҳиятини тўлиқ англаб фикр юритилганлиги, энг асосийси, мантиқий ва изчил хулосаларга эга эканлиги билан алоҳида диққатга моликдир.
Яна бир муҳим жиҳати, олим бу тадқиқотни яратишга катта илмий тайёргарликдан сўнг киришган. Тадқиқотда, даставвал, конкрет масала қўйилади, сўнг унинг ечимига доир фактлар манбалари кўрсатилган ҳолда келтирилади.
Олимнинг адабиёт назариётчиси сифатидаги фаолияти «Навоий поэтикаси», «Сўз санъати сўзлиги» тадқиқотлари ҳамда кўплаб мақолаларида ёрқин намоён бўлади. Хусусан, устоз биринчи асарида Алишер Навоий поэтикасининг икки муҳим жиҳати: Навоий лирик жанрлари поэтикаси ва бадиий тасвир поэтикасини тадқиқ қилади.
Навоий лирикасини таҳлил этиш жараёнида буюк шоир ижодига форсий тилдаги адабиётнинг таъсирини ҳисобга олиш лозим. Ёқубжон Исҳоқов Навоий ижод қилган жанрлар, хусусан, ғазал жанри тараққиёти ҳақида фикр юритар экан: «Алишер Навоийнинг буюк хизмати шундаки, у ўзбек лирикасини, жумладан, ғазал жанрини юқори босқичга, юксак даражага кўтариш учун кураш жараёнида фақат миллий анъаналар билангина қаноатланиб қолмай, кўпасрлик тажрибага эга бўлган форс ғазалчилигининг катта ютуқларини ҳам қунт билан ўрганиб, унинг илғор традицияларини ўзбек шеърияти тараққиётига хизмат қилдирди», деган асосли мулоҳазани ўртага ташлайди. Бу алоҳида адабий-эстетик ҳодиса ҳисобланиб, шоирнинг беқиёс истеъдоди меваси саналади.
Ё.Исҳоқов Навоий лирикасининг характерли жанрларидан бўлган ғазал, қитъа, рубоий, соқийномаларни таҳлил этиш асносида уларнинг мавзуи, композицион қурилиши, тасвир принциплари, семантик структурасини ғоят батафсил ва изчил баён қилади. Олим тадқиқотнинг бадиий тасвир поэтикасига доир бобида шоир лирикасида қўлланилган бадиий санъатларни ўнта катта гуруҳга бўлар экан, асосий эътиборни ушбу санъатларнинг шоир ғоясини акс эттиришга қай даражада хизмат қилганлигига қаратади.
Мусулмон Шарқи адабиётининг муҳим жиҳати, ҳар бир шаклий восита муайян мазмуннинг ифодаси учун мутаносиб эканлигидадир. Бу, айниқса, Алишер Навоий ижодида феномен даражасига кўтарилади. Зеро, буюк мутафаккирнинг шакл ва мазмун уйғунлигига асосланган эстетик позицияси унинг барча асарлари, хусусан, лирикасида бутун бўй-басти билан намоён бўлади: «Навоийнинг у ёки бу санъатга муносабати унинг асосий эстетик принциплари билан тўла мутаносибликка эга: ҳар бир шеьрий усул муайян бир мақсад асосида юзага келган бўлиб, аниқ фикр ва ғоянинг ёрқин бадиий ифодаси учун хизмат қилиши лозим. Мазмуннинг (ёки «маъно»нинг) ёрқин ифодаси учун монелик қиладиган ҳар қандай санъат ёки усул ҳақиқий ижодкор наздида қимматга эга эмас». Шу маънода, Ёқубжон Исҳоқовнинг юқоридаги фикрлари шеърларда қўлланилган бадиий санъат ёки вазнларни қуруқ санашга асосланган баъзи «илмий ишлар» учун чинакам ибрат мактаби бўла олади. Чунки фақат бадиий тасвир воситаларининг миқдорини аниқлаш, шоир лирикасида истифода этилган вазнлар сонини ҳисоблаб чиқишнинг ўзи мақсадни ифодаламайди, балки шеършуносликнинг бош вазифаси уларнинг мазмун билан уйғунлигини ёритиб бериш, шакл мазмунга хизмат қилганлигини таҳлил қилиш билан боғлиқдир.
Олимнинг бадиий санъатлар таҳлилига бағишланган «Сўз санъати сўзлиги» рисоласини ўзига хос тадқиқот, деб баҳолаш мумкин. Рисолада бадиий санъатлар уларга берилган таърифлар ҳамда мумтоз ва қисман замонавий адабиётимиздан олинган мисоллар воситасида таснифланган. Эътиборли жиҳати, даставвал таҳлил этилаётган бадиий санъатларнинг назарий манбалари таништирилади, сўнг моҳияти ифодаланилиб, намуналар келтирилади. Уларнинг луғат тарзида тартибланганлиги эса фойдаланувчилар учун қулайлик яратади.
Рисоланинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири, замонавий шеършунослигимизда кам таҳлил этилган ёки деярли эътибор қаратилмаган бадиий санъатларга ҳам батафсил тўхталинган. Хусусан, каломи жомиъ, тағйир, ақд, ибҳом каби замонавий китобхонга унча таниш бўлмаган бадиий санъатларнинг таърифлари берилиб, уларнинг моҳияти мисолларни таҳлил этиш орқали ёритиб берилган. Масалан, ибҳом санъати ҳақида гапирилганда, унинг маънавий санъат турига мансуб эканлиги қайд этилади ва сўзнинг луғавий маъноси (ёпиқ сўзлаш, ёпиб ўтмоқ, беркитмоқ) берилгач, унинг манбаси сифатида «Таржумон ул-балоға» ва «Жамъи мухтасар» асарлари келтирилади. Рашидиддин Ватвотнинг фикри ҳам илова қилингач, бевосита бадиий санъатнинг моҳияти бир неча таърифларни умумлаштириш орқали ёритиб берилади: «Шоир шундай тузадики, уни ўқиганда бир-бирига зид бўлган икки хил маъно юзага келади. Албатта, бунда мисрани ташкил этган гап бўлакларининг тартиби асосий рол ўйнайди. Бинобарин, икки қарама-қарши маънода ҳар бирини юзага чиқариш учун мисрани муайян оҳанг билан ўқиш талаб қилинади. Бошқача қилиб айтганда, биринчи маънодан иккинчи мазмунга ўтганда гапдаги бўлакларнинг (асосан, бош бўлакларнинг) вазифаси ўзгаради (эга кесимга айланади ёки аксинча)». Сўнг «Таашшуқнома» достонидан қуйидаги байт келтирилиб, фикр исботланади:
Қачонким лаълингиз бўлса шакарханд, Набот эрнинг қошинда сув бўлур қанд.Бунда иккинчи мисрадаги эга ва кесим ўрни алмаштирилса, икки хил маъно англашилади: новотдек лабинг олдида сув қандга айланади — бу биринчи маъно, бунда «сув» эга вазифасида келмоқда. Иккинчи маъно: новотдек лабинг олдида қанд сувга айланади — бунда «қанд» сўзи эга вазифасида келиб, «сув» кесимга айланади.
Шу тариқа, олим мумтоз адабиётимиздан Алишер Навоий, замонавий адабиётимиздан Эркин Воҳидов қаламига мансуб байтларни мисол сифатида келтиради. Натижада ўқувчи мазкур санъатнинг туб моҳиятини чуқур ҳис қилиш асносида ушбу бадиий санъатни қўллаш ижодкордан юксак поэтик маҳорат талаб этишини англаб олади.
Умуман, Ёқубжон Исҳоқов мазкур рисолада келтирилган ҳар бир бадиий санъатнинг моҳиятини кенг ва батафсил изоҳлаш орқали ўқувчида шеъриятдан эстетик завқ олиш кўникмасини шакллантиради.
Ё.Исҳоқовнинг адабиёт тарихчиси сифатидаги фаолияти мумтоз адабиётимиз тарихига оид яратилган кўплаб илмий мақолаларида намоён бўлади. Эътиборга молик жиҳати шундаки, олимнинг мустабид тузум ҳукмронлик қилган йиллар, хусусан, 70-йиллари яратилган аксарият мақолалари мафкуравий босимнинг таъсиридан холи тарзда ёзилган. Жумладан, беш жилдли «Ўзбек адабиёти тарихи»нинг (1977) биринчи жилдидаги Паҳлавон Маҳмуд ва Хоразмий каби ижодкорларнинг ҳаёт йўли ва фаолиятига доир бўлимлар бевосита устоз олимнинг изланишлари самарасидир. Китобнинг Паҳлавон Маҳмудга бағишланган бўлимида Паҳлавон Маҳмуднинг ҳаёт йўли, тахаллуслари, яшаш тарзи, ижодида тасаввуфнинг жавонмардлик (футувват) йўналиши ғоялари акс этганлиги, адабий мероси, тазкираларда эсланиши билан боғлиқ маълумотлар келтирилади.
Мумтоз адабиётни ўрганишда ҳамиша асл матн масаласи тадқиқотчилар учун энг долзарб ва диққат қаратиш зарур бўлган масала бўлиб қолаверади. Чунки муайян даврга тегишли бўлган асар тадқиқ этилар экан, унинг жорий алифбодаги нашри бўлган тақдирда ҳам, мавжуд асл нусхалар билан танишиш, уларни қиёслаш, қўлёзмани мутолаа қилиш илм учун алоҳида аҳамиятли ҳисобланади. Асосли илмий хулосалар чиқаришда асл манбага суяниш олим учун фойдадан бўлак нарса эмас.Шу нуқтаи назардан олганда устоз Ёқубжон Исҳоқов бу борада ҳам биз, шогирдларига ибрат бўлади. Олимнинг мумтоз адабиётга доир ҳар бир илмий-тадқиқотида танланган объектнинг асл манбасига мурожаат этилганига гувоҳ бўламиз. (Шу ўринда устознинг Алишер Навоийнинг илк лирикаси тадқиқига бағишланган дастлабки йирик монографияси Салтиков-Шчедрин номидаги давлат халқ кутубхонасида сақланаётган 564-рақамли қўлёзмани ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида яратилганлигини эслаб ўтиш кифоя.) Бу эса, у киши муаллифлигидаги ҳар бир тадқиқотнинг қимматини, аҳамиятини оширган. Шунинг учун ҳам устозни етук матншунос олим сифатида эътироф этсак, муболаға бўлмайди.
Яхши инсонлар ҳаёти бошқалар учун гўзал бир ибратдир. Яхши олимлар фаолиятини ўрганиш, уларнинг илмий қарашларини таҳлил қилиш шу йўлга кирган ёшлар учун янги тушунчаларни кашф этишга, илмнинг ҳикматини англашга ёрдам беради. Шарқда устозлик мақоми юксак эканлиги ҳам шу билан изоҳланса, ажаб эмас. Шу маънода, Ёқубжон Исҳоқов каби забардаст олимлар фаолияти ва илмий тадқиқотларини ўрганиш, таҳлил қилишга ҳар томонлама бурчлимиз.
Дилнавоз Юсупова,
филология фанлари номзоди
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 3-сон