Дилмурод Холдоров. Қодирийшунослик қирралари

Адабиёт деб аталмиш буюк тафаккур уммонига қўшилган ҳар томчининг қадри ўз вақтида англанмаслиги табиий. Фақат унинг нечоғлиқ қимматга эга эканлигини кузатиб турганлар ёки ҳис қилганлар билишлари мумкин. Абдулла Қодирий ижоди ҳам адабиёт уммонига ўз вақтида томган ва уммонда ўзига хос тўлқинлар ҳосил қилишга сабабчи бўлган ҳодиса эди. Салкам бир аср оралиғида ҳаваскор адабиётшунослардан тортиб, қалами тобланган мунаққидларгача барчаси томчидан пайдо бўлган тўлқинчалар залворини англашга интилдилар. Ва ҳар ким олган таассуротларини ўз ҳиссий олами кўламидан келиб чиқиб шарҳлади. Зеро, англанишга мансуб бўлган қадриятгина йиллар қаъридан эскирмай ўзининг мавжудлигини намоён қилаверади. Абдулла Қодирий ижоди мафкуравий тазйиқлар гирдобида турлича талқин қилинган бўлса-да, унинг асл бадиий қимматидан ҳеч ким кўз юмолмади. Совет даври адабиётшунослари ёзувчи ижодига сиёсий тус берган бўлсалар, мустақилликдан кейин адиб ижодининг соф бадиий эстетик томонлари талқин қилина бошланди.

Адабиётшунос Баҳодир Карим “Қодирий қадри”, “Қодирий соғинчи”, “Абдулла Қодирий: танқид, таҳлил ва талқин” каби китоблари ва бир қатор залворли мақолалари билан қодирийшуносликда янгича талқин усулларини намоён этган.

Яқинда олимнинг узоқ изланишлари ҳосиласи бўлмиш “Абдулла Қодирий ва герменевтик тафаккур” китоби нашрдан чиқдики, бу ҳам қодирийшуносликда изланишлар изчил давом этаётганидан дарак беради.

Мунаққид Абдулла Қодирий ижодининг талқини мисолида бугунги бадииятга ёндашиш концепциясига тўхталади. Абдулла Қодирий ижодига дунё адабиётшунослари томонидан эътироф этилган бадиият тамойилларидан келиб чиқиб муносабат билдиради. Шўро танқидчиларининг Абдулла Қодирий ва унинг салафлари ижодига бирёқлама баҳо берганлигига ўзининг салбий муносабатини билдиради. Бир “онг” томонидан яратилган матн бир “субъект” орқали илмий тилга кўчирилишини шарҳлар экан, “Бадиий асар матнини тўғри, ўз ҳолича, ҳеч қандай мафкуравий-сиёсий таъсирларга берилмасдан тушуниб олиш натижасида, унда тасвирланган воқеа-ҳодисалар, ҳис-туйғулар”ни англаш, мунаққиднинг асосий вазифаси эканлигини таъкидлайди. Бадиий адабиётга синфийлик нуқтаи назаридан ёндашиш, ёзувчининг мақсади ва ниятини тушунмаслик, адабиётнинг мафкуравий қуролга айлантирилиши оқибатида пайдо бўлган салбий иллатлар 30-йиллар адабиётида, хусусан, Абдулла Қодирий ижодига нечоғлиқ таъсир этганлигини далиллар билан исботлайди. Олим тўғри таъкидлаганидек: “Асарни жиддий таҳрир этишга чанқоқлик, ёзувчининг дунёқараши билан ҳисоблашмаслик, сўз санъатининг нозик ва нафис спецификасини назар-писанд қилмаслик, ҳар қандай адабий воқеликка фирқанинг сиёсий-мафкуравий позициясидан синфий ёндашиш, ўзгани хатокор, ўзни мутлоқ ҳақгўй дея тасаввур этиб, бошқага йўл кўрсатиш ва ақл ўргатишга иштиёқмандлик – буларнинг барча-барчаси вульгар социологизм иллати негизидаги бирёқлама сиёсий талқинларнинг асосий хусусиятлари эди”. Етакчи мафкура билан қуролланган тадқиқодчилар Фитрат, Чўлпон ижодига қандай ёндашган бўлсалар, Абдулла Қодирий ижодига ҳам шундай муносабатда бўлганлари бугун барчага аён.

Баҳодир Карим Абдулла Қодирий ижодига, хусусан, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романларига муносабат билдирган Михаил Шевердин, Сотти Ҳусайн, Ойбек, Миён Бузрук Солиҳов, Иззат Султон каби адиб ва олимларнинг тадқиқодларига тўхталар экан, уларнинг қарашларидаги ижобий ва чегараланган фикрларни холислик билан таҳлил қилади. Адабиётга мафкуранинг кириб келиш босқичлари, шўро сиёсати ва аста-секинлик билан бадииятнинг сиёсийлашуви далиллар билан очиб берилади. “Ёзувчининг эстетик идеалини ҳам, асар моҳиятидаги нафосатни ҳам аниқ-тиниқ тушунган ҳолда, сиёсатнинг монеликлари туфайли уларни тушунтиришнинг имкони бўлмаса, албатта, ғайритабиий талқинлар” айтилишини юқорида номлари тилга олинган мунаққидлар фикрлари асосида далиллайди.

Абдулла Қодирий ижодини ҳар давр мунаққидлари сиёсий-мафкуравий посонгидан туриб талқин қилганлиги, ундан сиёсатга оид маънолар чиқаришга уринганлари ва нималарнидир кашф этганликлари ҳолда, асарнинг соф эстетик моҳиятини инкор этолмаганлари тарихий ҳақиқат. 30-йиллар танқидчилари Абдулла Қодирий ижодидан синфийлик аломатларини қидирган бўлсалар, 60-80-йилларда адиб социализм тарафдорига айлантирилди.

Мунаққидлар Абдулла Қодирий ижоди ҳақида гап кетганда, аксарият ҳолларда, ёзувчининг романларини эсга оладилар халос. Унинг жаҳон ҳажвиёти билан бўйлаша оладиган ҳажвий асарлари четда қолиб кетаверади. Баҳодир Карим Абдулла Қодирийнинг сатирик асарларига ҳам кенг тўхталади. Китобнинг “Сатирик талқин қирралари” деб номланган бўлимида адиб қўллаган тахаллуслар, ижодкор табиатидаги воқеликка танқидий муносабат таҳлил қилинади. Унда “махфий тахаллусларни қўллаш” натижасида пайдо бўлган айрим чалкашликларга аниқлик киритилади. Жумладан, “20-йилар адабий жараёнида, илмий ҳаётида фаол бўлган Чўлпон, Ғози Юнус, Ашурали Зоҳирий, Вадуд Маҳмуд каби ижодкорлар”нинг шартли имзолари натижасида “асарнинг қайси ижодкорга тегишли эканлиги”, “бировнинг асари бошқага нисбат берилиш” ҳолатлари аниқланади. “Вов” тахаллуси билан “Туркия матбуоти” мақоласини ёзган Абдулла Қодирий эмас, балки Вадуд Маҳмуд эканлиги фактлар асосида илмий изоҳланади. Олимнинг таъкидлашича: “Шу пайтгача Абдулла Қодирийга нисбат бериб келинган ва адибнинг “Тўла асарлар тўплами”ни нашрга тайёрлаш муносабати билан шубҳа остига олинган яна бир имзо бор: Шапақ махзум. Мазкур биринчи жилддаги “Изоҳлар”га кўра “Кичик асарлар”га киритилган “Лаҳми қадид”, “Ғирвонлик Маллавой”да эълон этилган “Лаҳми қадид”, “Иҳий, базмимиз тарала гижданг!”, “Жойинг жаннатда бўлсин”, “Бечора Розиқбой ака”, “Маймунларимиз” деган беш ҳажвия Абдулла Қодирий қаламига мансуб эмас. Шапақ махзум имзоси билан битилган бу беш ҳажвиянинг китоблардан ўрин олиши хато” эканлиги таъкидланади.

Баҳодир Карим адибнинг ҳажвий асарлари талқинидаги матности маъноларига эътибор бермаслик натижасида пайдо бўлган юзаки қарашлар, “ҳажвий қаҳрамонларнинг салбий эканликларини таъкидлаганлари ҳолда, Абдулла Қодирийни ҳам фақатгина янги жамият йўлидаги курашчи, социалистик жамият тарғиботчиси, эски жамият, дин-диёнатнинг ашаддий душмани” сифатидаги қарашларга янгича мезонлар асосида фикр билдиради.

Маълумки, Абдулла Қодирий асарлари методини аниқлаш 30-йиллардаёқ адабиётшуносларда қизиқиш уйғотган. 60-80-йилларда бу жараён анча фаоллашган. Олим баҳс-мунозаралар тафсилотини шарҳлар экан, давр адабиётшунослари устидан ҳукм суриб турган мафкуравий сиёсатнинг таъсирини унутмайди. У асосий диққатини баҳслар баҳона “Абдулла Қодирийнинг дунёқараши, ижтимоий фикри, қаҳрамонларининг ҳолати, тасвирлаш санъатидаги етакчи хусусиятлар борасидаги фикр-мулоҳазалар”га қаратади. Бадиий асар талқинидан кўзланган асосий мақсад ҳам шунда-да. Ижод намунасини маълум бир методга менгзаш, маълум бир назариялар қолипига тиқиштиришлар ўзини оқламаганлиги дунё адабиётшунослигидан ҳам маълум-ку!

80-йилларнинг охири, 90-йиллар бошларидаги янгиланиш шабадалари адабий танқидда ҳам бўй кўрсата бошлади. Энди санъат асарлари талқинига мафкуравий тазйиқлар остидан эмас, бевосита матн орқали ёндашиш, янгича тамойиллар асосида қараш кучайди. Мазкур китобнинг “Бадиий-эстетик тафаккурнинг янгиланиши ва қодирийшунослик” бўлимида ана шу ўзгаришларга муносабат билдирилган. Унда Матёқуб Қўшжонов, Умарали Норматов, Абдуғафир Расулов, Муртазо Қаршибой, Хайриддин Султоновларнинг талқинлари, фикрлар хилма-хиллиги, баҳсталаб таҳлилларга муносабат билдирилган. Мунаққиднинг: “Абдулла Қодирий ижоди юзасидан янгидан-янги талқинларнинг майдонга келишини, уларнинг тасдиқланиши ёки инкор этилишини, улар устида баҳс-мунозараларнинг авж олишини илм оламидаги табиий ҳодиса сифатида қабул этмоқ жоиз”, – деган фикрларидан англашиладики, олим, баҳс-мунозараларга билдирган фикрларини мутлоқ ҳақ дейишдан йироқ. Адабиётшуноснинг ҳам, талқинчининг ҳам этик савияси бунга изн бермайди. Бадиият кўнгил мулки экан, у турфаликни ёқтиради. Баҳодир Каримнинг Абдулла Қодирий асарлари талқинида санъат асарларига янгича ёндашиш тамойилларини кузатиш мумкин. Ижодкорнинг муҳаббат тасвири талқини, вақт бирлиги, асардаги замон ва макон тушунчаси, замин ва давр манзараси, шарқона одоб маданияти акс этган тасвирлар таҳлили ўта назокат билан талқин қилинган.

Баҳодир Карим китобнинг кириш қисмида герменевтика истилоҳи ҳақида сўз юритади. Герменевтика “тушуниш”, “тушунтириш” маъноларини бажарар экан, бу ҳолат бевосита матн билан боғлиқ ҳолда амалга оширилади. Матнга чуқур кираолмаслик ёки матндан чиқиб кетиш тушунтирувчини янглиштиради. Матн ижодкорнинг хусусий мулки экан, талқинчи унга кириш учун, албатта, унинг ҳасбу ҳолига разм солишга мажбур. Дунё адабиётшунослигида биографик методга қайта-қайта мурожаат қилинаётганлиги ҳам беъжиз эмас. Олим тўғри ёзганидек: “Абдулла Қодирий қаҳрамонларининг маънавий-ахлоқий дунёсини адибнинг эстетик оламидан айрилган ҳолда тасаввур этиш қийин”. Китобда адибнинг яқинлари, ўғли Хондамир Қодирийнинг “Отам ҳақида” китоби, матбуот материалларидаги кичик деталлар ҳам инобатга олинган ва ишга жалб қилинган. Айниқса, Абдулла Қодирий ижодини хорижда ўрганилишига доир маълумотлар қодирийшуносликда янгича қарашлар бошланаётганлигидан дарак беради. Эден Наби (АҚШ, Колумбия), Христафор Майкел Мурфи (АҚШ, Вашингтон), Ингеборг Балдауф, Зигрид Клайнмихел (Германия, Гумбольд) каби олимларнинг ўзбек адабиёти, хусусан, Абдулла Қодирий ижоди ҳақидаги тадқиқотларига батафсил тўхталган. “Хориждаги олимларнинг бу хизматлари ўзбек адабиётини, Абдулла Қодирий ижодини дунё адабий жамоатчилигига таништиришда катта аҳамият касб” этганлигига эътибор қаратилган.

Баҳодир Каримнинг “Абдулла Қодирий ва герменевтик тафаккур” китоби халқимизнинг маънавий мулкига айланган санъат дурдоналарининг турли даврлардаги талқинлари, уларга бугунги кун нуқтаи назаридан ёндашганлиги ва келгусидаги қодирийшунослик олдида турган долзарб муаммоларни илм аҳлига ҳавола қилганлиги билан аҳамиятлидир.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 1-сон

__________________

Дилмурод Холдоров 1962 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Адабиётшуноснинг қирққа яқин адабий-танқидий мақолалари хорижий ва республика нашрларида чоп этилган.