Ўзбек насрининг беназир намояндалари Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Қаҳҳорлар бадиий ижод санъатига доир сирлар ҳақида фикр-мулоҳаза юритар эканлар, Р.Тагор, А.П.Чехов, Л.Толстой каби даҳолар ижодига қайта-қайта мурожаат қилганлиги маълум. Абдулла Қодирийнинг “Кичик асарлар”, “Ижод машаққати”, Чўлпоннинг “Адабиёт надир?” тўпламларида, Ойбек асарларининг 9-жилдида бу дунёвий адибларнинг юксак маҳорати ҳақида кўпдан-кўп дил сўзларини учратамиз.
Ўтган асрнинг 30–40-йилларидаёқ ўзбек шоирлари ва ёзувчилари Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Шайхзодалар жаҳон адабиёти билан яхши танишиш орқали ижод чўққиларига кўтарилдилар. Устоз адибларимиздан Абдулла Қодирий бадиий асар, шу жумладан ҳикоя ўқувчилар оммаси учун тушунарли тилда ва ўзига хос услубда ёзилиши зарурлигини таъкидлайди. У рус мумтоз адиби А.П.Чеховнинг қаҳрамонлар характерини ҳажвий тил билан очиш маҳорати хусусида тўхталар экан, Лев Толстой берган юксак баҳони келтиради: “Чеховнинг импрессионистларга ўхшаган ўзига хос шакли бор… Яқиндан қарасак, гўё ҳар бир тўғри келган ва бир-бирига алоқаси бўлмаган бўёқларни фарқ қилмасдан ишлатганга ўхшайди, аммо узоқроқдан қарасанг, бу бўёқлардан ажойиб бир манзара вужудга келганини кўрасан”. Толстойнинг бу баҳоси Чеховнинг ўз сўзига жуда мос келади. У дейди: “Табиатни тасвир қилишда майда бўлаклар олиш ва буларга шундай тартиб бериш керакки, ўқиб кўзингни юмганингда кўз олдингга бир манзара келсин”.
Севимли ёзувчимиз Абдулла Қодирий “Ўқиш, ўрганиш” номли мазкур мақоласида ҳикояда муаллифнинг ўзи асар воқеасини жуда кўп сўзлар билан тушунтириш ўрнига, қаҳрамонларнинг ўзини гапиртирса ва қаҳрамонларнинг гапи уларнинг характерига мос бўлса, характерлар яхши очилиши ҳақида бундай дейди: “Ҳикояни “серсув” (кўп сўзли) қиладиган нарсалардан бири кўрсатиш ўрнига сўзлаб беришдир. Агар Очумиловнинг “буқаламун” эканини унинг сўзлари орқали кўрсатилмаса, автор томонидан таърифланса, дунё-дунё сўз кетар эди. Чехов буни ўзи айтиб бермасдан, Очумиловнинг ўз сўзи билан кўрсатади”.
Абдулла Қодирий жаҳон адабиёти тарихида ҳикоянавис сифатида машҳур бўлган А.П.Чехов асарларидаги диалогларга тўхталар экан, бу диалогларнинг воқеаларни ҳаракатланишида, асар қаҳрамони Очумиловни таърифлашини алоҳида қайд этади. Айтиш керакки, Абдулла Қодирийнинг ўзи ҳам ҳажвий ҳикояларида (“Калвак Маҳзумнинг хотира дафтаридан”, “Тошпўлат тажанг нима дейди?”) қаҳрамонлар орқали уларнинг характерларини очишдан ташқари, замон, давр руҳини, эскилик сарқитлари билан илғор ҳодисалар ўртасидаги кескин зиддиятларни кўрсата олган.
Машҳур ўзбек ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор Гоголни ўзининг “Биринчи домлам” дея таърифлар экан, унинг барваста ва бақувват, темир иродали ва душманга беомон бўлган Тарас Бульбаси баъзи ҳикояларидаги характерларни яратишда илҳом манбаи бўлиб хизмат қилганини қуйидагича ёзган эди: “Ватан уруши йилларида ёзилган “Асрор бобо” ҳикоясини ёзишда мен “шу ерда туриб Берлинга ўт қўяётган” Асрор бобо Тарас Бульбанинг Ўзбекистондаги ўртоғи бўлиши керак, деб қўлимга қалам олган эдим”.
Атоқли адиб Ойбек жаҳон мумтоз адабиётининг бошқа энг яхши намуналарини ҳам ўзбек тилига таржима қилиш жараёнида буюк санъаткорларнинг тили ва услубига доир маҳорат сирларини ўрганди ҳамда бошқаларнинг ҳам ўрганишига йўл очиб берди. У антик давр адабиёти хрестоматиясини, Рим шоирлари – Лукреций, Цицерон, Плавт, Вергилий, Гораций, Овидий асарларини моҳирона таржима қилди. Ойбекнинг илмий тадқиқотларини ўқиган китобхонлар унинг Шарқ мумтоз адабиётини, Навоий ижодини, ундан аввал ва кейин ўтган Атоий, Лутфий, Ҳайдар Хоразмий, Жомий ва бошқа форсигўй даҳо шоирлар – Саъдий, Ҳофиз, Хусрав Деҳлавий ижодини яхши билишига комил ишонч ҳосил қиладилар. Ойбек ўз замондошлари ва дўстлари билган бошқа адиб ва шоирларга ҳам жаҳон адабиёти даҳолари ижодини яхши ўрганишга даъват қилар эди. “Дружба народов” журналининг 1966 йил август сонида Ойбекнинг “Адабиёт, тарих, замонавийлик” сарлавҳали суҳбати эълон қилинган. Ана шу суҳбат мақолада Ойбек Шарқ мумтоз шеърияти билан қандай танишгани ҳақида бундай ёзади: “Мактабдаги йилларимда Шарқ классикаси билан танишдим. Ҳиротлик буюк Навоий ва ажойиб лирик, озарбайжон адабиётининг буюк сиймоларидан бўлган Фузулийга кўнгил қўйдим. Менга шеъриятдан илк сабоқни шулар бердилар”.
Ойбек шу суҳбат давомида турк мумтоз шоирлари Яҳё Камол, Ризо Тавфиқ, Абдулҳақ Ҳомид ҳақида фикрлар айтганидан кейингина, Ленинград (Санкт Петербург)да ўқиш вақтида А.Блок ва А.С.Пушкин ижоди билан танишганини айтади: “Рус поэзияси билан танишлигимни гапирганимда, Пушкин ҳақида лом-мим демаганлигим рус китобхонларига ғалати туюлиши мумкин. Шуни эътироф қилишим керакки, мен Пушкинни ўзим учун чинакамига кўп вақт ўтгандан кейин кашф қилдим. Бу 1936 йилнинг ёзида, Пушкин вафотининг 100 йиллиги арафасида бўлган эди. Биз бир неча ёзувчи – Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Уйғун, Мақсуд Шайхзода ва мен Чимёнда турардик… Мен ўшанда “Евгений Онегин”ни таржима қилардим. Асарнинг биринчи бобидаги қувноқ ва дабдабали бандлар, “где я страдал, где я любил, где сердце я похоронил” сингари мунгли мисралар кишига шунчалик тўлиқ тасаввур бахш этар, тасвирдаги аниқлик ва маҳорат кишининг кўзига ёш келтирарди”.
Шу суҳбатида Ойбек 1936 йили Чимёнда А.С.Пушкин асарини таржима қилиш завқи, сурури ва машаққатларини айтар экан, ўзи ҳам “Чимён дафтари” шеърлар туркумини бунёд этгани, унда Пушкин ҳақида шеърлари ҳам борлигини билдиради. Кейинроқ, 1949 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясида Ойбек “Йигирма беш йил мобайнида ўзбек совет поэзияси” мавзуида қилган маърузасида ҳам мумтоз шеъриятдан жиддий фарқланувчи янги ўзбек шеъриятидаги ижодий изланишлар ҳақида сўзлар экан, давр мафкураси талаби билан яна рус адабиётидан қилинган таржималарни эсга олади: “Рус классик ва ҳозирги замон адабиётининг энг яхши асарларини (таъкид бизники – Д.Т.) ўзбек тилига таржимасининг аҳамияти ва (уларнинг ўзбек адабиёти) бадиий заминини тарбиялашдаги роли чуқур текширишларга сазовордир”. Ойбекнинг ўзбек адабиётшунос олимлари, танқидчилари олдига қўйган бу муҳим вазифани анча йиллар кейин Жуманиёз Шарипов, Озод Шарафиддинов, Ғайбулла Саломов, Нинел Владимирова, Нажмиддин Комилов, Иброҳим Ғафуров, Асил Рашидов, Маҳкам Маҳмудов, Сайди Умиров, Ортиқбой Абдуллаев, Маҳмуд Саъдий, Муҳаммаджон Холбеков, Зуҳриддин Исомиддинов ва бошқалар амалга оширдилар. Хусусан, Ж.Шарипов ўз тадқиқотларида Хоразм таржимачилик мактаби, Озод Шарафиддинов Данте ва Гёте асарлари таржимаси, Ғайбулла Саломов таржиманинг назарий муаммолари, Асил Рашидов атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов асарлари, Иброҳим Ғафуров, Маҳкам Маҳмудовлар Шекспир, А.Исаакян, Стендаль асарларидан қилинган таржималар, М.Холбеков француз адабиётидан қилинган таржималар ҳақида илмий мақолалар, тадқиқотлар яратдилар.
Ойбекнинг ушбу маърузаси анча жиддий характерда эди. Маърузада у даҳо шоирнинг ҳаёти ва ижодининг асосий босқичлари, унинг эркпарвар декабристларга, мазлумларга, озодлик истовчиларга яқинлигини, монархия, истибдод, якка ҳокимлик, тиранияга қарши фаол ижодий курашганлигини теран ёритиб берар экан, ўзининг қуйидаги асосли фикр-мулоҳазаларини баён қилади: “Пушкин рус халқига хос ҳамла билан қисқа муддатда… ажойиб йирик полотнолар, бир-биридан гўзал, мукаммал, сеҳргар поэмалар яратдики, бу асарларнинг ҳатто бириёқ шоир даҳосини кўрсатишга, уни улуғ шоирлар қаторига қўйишга қобилдир. Рус адабиётининг ҳамма гениал ва буюк талантли ёзувчилари, шоирлари, драматурглари Пушкин мактабида, унинг даҳоси қуёшила тарбия топмишдирлар”.
Ойбек Пушкиннинг “Эркинлик” қасидасини, “Қишлоқ”, “Чаадаевга атаб” шеърларини таҳлил қилар экан, унинг деҳқонларни қул қилишга, жабр-зулмга асосланган мавжуд сиёсий тартибга қарши нафрат билан суғорилган ўткир шеърлари учун жанубга сургун қилинганини, шоир учун дунёда энг олий нарса (идеал) – озодлик, (инсон қадр-қиммати, шахс эркинлиги) эканлигини, шоир адабиётда реализм-ҳаққонийлик учун курашганлигини таъкидлайди.
Ойбек рус адиби А.П.Чехов ижодини ҳам халқ ҳаётини, бечора, эзилган, “кичик” одамларнинг бахтсизлигини реалистик, ҳаққоний тасвирлагани учун севарди. У ўзбек адиби Абдулла Қаҳҳор ҳикояларида Чеховнинг ижодий таъсири ҳақида сўзлаганда ҳам адибнинг реалистик қудрати ошиб бораётганидан қувонган эди.
Ойбек 1944 йилда буюк рус адиби А.П.Чехов вафотининг қирқ йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Фанлар академиясининг сессиясида рус тилида маъруза қилади. Бу маърузада Ойбек Чехов ижодида халқ ҳаёти безаб-бўялмай, реалистик тасвирлангани билан ХХ аср жаҳон адабиётига, жумладан, ўзбек адабиётига ижобий таъсир кўрсатганлиги ҳақида сўзлайди: “Ҳозирги ўзбек прозаси рус, Ғарбий Европа реалистик прозаси руҳида ва услубида парвариш топмоқда. Ўзбек ёзувчилари ўз ижодлари билан жаҳон адабиётини бойитган прозанинг улуғ санъаткорларидан сўз маҳоратини ўрганмоқдалар”. Бу ўрганиш, Ойбекнинг фикрича, кўпроқ ҳикоячилик ривожида, Абдулла Қаҳҳор ижодида кўринади. У, рус адиби Чеховнинг ижодини улуғлаш баҳонасида ўзбек ёзувчиси Абдулла Қаҳҳорнинг ҳам ҳикоя жанрининг устаси эканлигини таъкидлайди.
Чиндан ҳам Абдулла Қаҳҳор ҳикояларида, ўзи айтганидай, рус реалист адиблари Н.В.Гоголь ва А.П.Чехов ижодининг, шунингдек, Америка мумтоз ҳажвчиси О“Генри ҳикояларининг ижодий таъсири сезилади. Бу ижодий таъсир, Ойбек тўғри кўрсатганидек, Абдулла Қаҳҳорнинг кичик ҳикояда катта мазмунни ифодалай олиш маҳоратида, ундаги реалистик руҳ ва гуманизм – инсонпарварлик руҳининг теранлашганида кўринади. Ойбек юқорида айтилган маърузасида ўтган асрнинг 40-йилларидаёқ Абдулла Қаҳҳорда ҳикоячилик маҳорати юксалганини, ундаги бадиий мукаммалликнинг умумжаҳон реалистик насри савиясида эканлигини қайд этган эди. Ҳақиқатда ҳам А.Қаҳҳорнинг “Миллатчилар”, “Мунофиқ”, “Адабиёт муаллими”, “Санъаткор” каби ҳикояларидаги образлар талқинида, сюжет ва композиция тузилишида, энг муҳими, тилнинг ихчам ва оддийлигида Чехов анъаналари сезилиб туради.
Ўз навбатида бу каби ҳикояларнинг майдонга келишида Чеховнинг “муборак кўзойнаклари” ва унинг “Ёвуз ниятли киши” асаридаги Дениснинг бетакрор характерини яратишдаги услуби ёрдамга келганини адиб қайта-қайта эътироф этган эди.
Абдулла Қаҳҳор ижодининг ҳассос тадқиқотчиси, устоз Озод Шарафиддинов ўз кузатишларида “Сароб” романидаги образлар талқинида машҳур америка ёзувчиси Жек Лондоннинг “Мартин Иден”ига яқинлик ҳолатларини қайд этади. Устознинг кузатишлари асосли дейишимизга сабаб, Абдулла Қаҳҳор 1944 йилда ёшлар билан қилган суҳбатида Жек Лондон асарларининг ғояси унга ижодий ёрдам берганлигини ўзи алоҳида эътироф этган эди. Ҳақиқатдан ҳам ҳар икки адиб асарларини ўқиган китобхон устознинг кузатишларига қўшилади.
Албатта, ижодда маҳорат сирлари бирдан эгаллаб бўлмайди.Ҳар бир ёзувчи ўз ижоди жараёнида классиклар ижодиёти моҳиятини тушуна билиши ва ижодий ўзлаштириш орқали ундан озиқланади.
Истиқлолнинг дастлабки йилларида атоқли ёзувчимиз Шукур Холмирзаев “Адабиёт ўладими?” номли мақоласида адабиётнинг асосий мақсади-муаммосини инсонни тасвирлаш, у ўз яшаш жараёнида янгича ижодий ислоҳотларга дуч келиши мумкин, у ўлмайди, адабиётлигича қолади, деган фикрни айтган эди.
Ҳақиқатан ҳам, азалдан бадиий адабиётнинг муваффақиятини белгилаб келган асосий омил – воқеа-ҳодисаларга мос, китобхонни ўзига жалб этадиган тасвир усулларини топиш, давр ва тарихни, инсонни акс эттиришдаги ўзига хосликдир. Бугунги насримизда тасвир усулларининг жаҳон адабиётидаги илғор анъаналар билан уйғунлашиб бориши эвазига ранг-баранг бадиий талқинлар бўй кўрсатаётгани бунга далилдир.
Дамин Тўраев, филология фанлари доктори
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 9-сон