Дамин Тўраев. Сизиф ривояти ўзбек адиби талқинида

Қадим юнон мифологияси хазинасидан олинган афсона, ривоят, масаллар жаҳон маданияти тарихида жуда кўп адиблар, шоирлар, рассомлар, бастакорларга илҳом берган. Юнон мифлари асосида ёзилган Гомернинг “Илиада” ва “Одиссея”си, Овидийнинг “Метаморфозалар”и, Вергилийнинг “Энеида”си, Эсхилнинг “Занжирбанд Прометей”, Софоклнинг “Шоҳ Эдип”, “Антигона”, “Электра”, Эврипиднинг “Медея” асарлари, Боккаччонинг “Декамерон”и таркибидаги айрим ҳикояларни, Апулейнинг “Олтин эшак” қиссаси ва бошқа асарларни эслайлик.

Ирланд адиби Жеймс Жойс ҳам юнон мифологияси асосида Гомернинг “Одиссей” достони ижодий йўналишига ўхшаш “Улисс” романини яратди. “Улисс саргузаштлари” қаҳрамонлари яҳудий Леопольд Блум Одиссей, унинг хотини Молли Пенелопа, Стивен Телемак деб ҳам аталади. Китобхон бу асар Гомер достони воқеалари билан уйғунлигини ва айни пайтда ўзига хос ранг-баранг воқеалар талқинига эгалигини пайқайди. Хусусан, Гомер қаҳрамони олис диёрлар, уммонларни кезиб, ватани ва оиласига қайтишга интилган бўлса, Жойс қаҳрамони Леопольд  Блум бутун роман давомида бир хонадонда уч-тўрт қадам босиб, бошқа хонага “сайр” қилади. Хотини Молли эрининг қайтишини 20 йил кутган вафодор Пенелопага, ўғли эса отасини излаб, олис юртларда машаққат тортган содиқ ўғил Телемакка ўхшамайди. Шунга қарамай, ғарб адабиётшунослари, академик Акмал Саидов ибораси билан айтганда, “баъзилар ўлгудек ёмон кўрадиган” бу романни роса мақташди, унинг муаллифини Шекспирга, Сервантесга тенглаштиришди. Анча кейин ёзилган Дюла Иешнинг “Прометей жумбоғи” романи ҳам бадиий ва тарихий ҳақиқатни ифода этган буюк асарлар қаторида шуҳрат қозонди. Унда Зевс, Геракл, Прометей муносабатлари мантиқий изчиллик билан тасвирланади.

ХХ аср бошларида ўзбек адабиётида ҳам миф, фольклор унсурларидан фойдаланилар ҳамда асарлар яратиларди. Хусусан, Абдулҳамид Чўлпон “Ёрқиной” драмасини ёзишда фольклор мотивларидан, А.Фитрат “Қиёмат”ни ёзишда Шарқ мифологиясидан фойдаланди. Таниқли шоир Асқар Қосим Эсхилнинг “Занжирбанд Прометей” асарини таржима қилиш билан мифологик асосда “Само сирлари” драматик достонини ёзди.

Миллий истиқлол йилларида ўзбек адиблари ҳам услубий изланишларида жаҳон мумтоз адиблари тажрибасига эргашиб, мифологик сюжетдаги асарлар ёза бошладилар. Хусусан, Хуршид Дўстмуҳаммад бугунги ўзбек бадиий насрини янги шаклий-услубий ва тасвирий изланишлари билан бойитаётган ёзувчиларимиздан. Ёзувчи ҳикоя ва қиссаларида ранг-баранг услублар жилосини, ўзига хос ифода ва талқин йўсинини кўрамиз. Бундай хусусият фалсафий мушоҳадага ундовчи “Бозор” романида ҳам намоён бўлган эди.

Ёзувчининг навбатдаги романида машҳур Сизиф ривояти талқин этилади[1]. Адибнинг “Донишманд Сизиф” романи юнон мифологияси асосида ёзилган, услуб жиҳатидан романтизм, фантастика ва реализм тамойилларини ўзида бирлаштиради, шу жиҳатдан Дюла Иешнинг “Прометей жумбоғи” романига яқин туради. Ўзбекистон телевидениесида адабиётшунос ва ёзувчилар Улуғбек Ҳамдам, Маҳкам Маҳмудов, Баҳодир Каримов “Донишманд Сизиф” романи ҳақида дастлабки фикрларини айтдилар. Уларнинг фикрича, Хуршид Дўстмуҳаммад янги романида романтизм ва реализмни уйғунлаштиради, ўзбек насрини фалсафий роман шакли билан бойитади. У Сизиф ҳақидаги қадим юнон мифини аслича келтирмай, ўз ижодий ғоясига мувофиқ қайта ишлайди. Фақат охирги қисмда Сизифнинг жазоланиш жараёнини муфассал, реалистик тафсилотлари билан тасвирлайди. Сизифнинг жазоланиши мифда аниқ-равшан кўрсатилган. Хуршид Дўстмуҳаммад ўз романида қаҳрамони қайси қилмишлари учун жазога тортилганини айтмайди, сир тутади. Қаҳрамон маъбудларнинг қонунларига қарши чиққани ҳақида сўз бошлаб қўяди: “У ҳақда учига чиққан таъмагир – муттаҳам, афсунгар – товламачи деган овозлар шамолдай тарқаганини, ривоятлар, эртаклару достонлар тўқиб-бичилганини тушунолмайди, ҳамон тушунмайди. Маъбудлар маъбудидан ўпка-гинаси ўз йўлига, илло, кечагина ўзи қатори юрган дуппа-дуруст одамнусха увриндилар шармандаларча бонг уришида шоввозлик кўрсатганларидан ёмон мутаассир бўлди Сизиф. Уб-ба, баччағарлар-ей, уб-бба ювуқсизлар-ей, дея мириқиб кулди”. Бу сўзлар чуқур маъноларга эгалигини фикрчан ўқувчи яхши англайди.

Афсонавий Сизиф ҳақидаги гап-сўзлар, уни қораловчилар, бизнингча, халқимиз тарихидаги қатағон йиллари манзарасини эслатади. Роман бир қарашда модернизм ва постмодернизм адабиёти вакиллари Ж.Жойс, А.Беккет, А.Камю асарларидаги каби: деярли сюжетсиз, конфликтларсиз, фақат бош қаҳрамоннинг руҳий кечинмаларидан иборат. Баъзи саҳифаларда қаҳрамон ўйлари билан адиб-муаллифнинг кўнглидан кечганлари аралашиб, бирлашиб кетади. Бизга маълумки, ёзувчи воқеалар ривожи, характерлараро тўқнашувлар, ҳатто кульминация ва ечимни қаҳрамонлар кечинмалари орқали кўрсатиб бериш тажрибасига эга.

Қадим Юнонистон юксак фан-маданият бешиги бўлса ҳам, Суқротдай буюк донишманд иғвогар, ҳасадгўйлар томонидан ўлимга ҳукм қилинади. Бу ҳукм юксак маданият ҳам етук, буюк инсонларни қатағон қилиши мумкинлигини кўрсатади. Манбаларда айтилишича, Суқротнинг шогирдлари орасида Афлотун, Ксенофонт, Перикл, Алкивиад, Демосфен каби буюк олимлар, давлат арбоблари бўлишган. Аммо, Суқротни динсизликда айб­лашиб (у кўпхудоликни тан олмаган эди) ўлимга ҳукм этишган пайтда, бу шогирдлари йўқ эди ва бундан фойдаландилар. Ўша вақтда ҳокимият маърифат эмас, жаҳолат, иғво, ҳасад тарафида бўлди.

Сизиф ҳақидаги юнон мифида у донишманд эмас, балки маъбудларни алдовчи, айёр, худбин, фирибгар деб кўрсатилади. Хуршид Дўстмуҳаммад қадимий ривоятни мутлақо ўзгартириб юборган. У қаҳрамонини калтабин замондошлари устидан кулувчи, Фауст каби ўзини барчадан баланд ва доно билувчи ўжар инсон қилиб тасвирлайди. Бундай характер асарда руҳий таҳлил орқали очилади: “…Ўзларини эркин ҳис қила билмаган эркакнусхалар қанчалар олифталик қилмасинлар муқаррар нафратга лойиқдирлар…” Сизифнинг ўзи жасоратли қилмишлари ҳақида одамлар нима деб ўйлашларини бундай эслайди: “Аҳмоқона қаҳрамонликни кўнгли тусаб қолди, тентак, деганлар бўлди, у ҳақда. Сизиф эса ҳеч бир вайсақи тарқатган иссиқ-совуқ миш-мишга ортиқча ажабланмади, мўйсафид ўтмиш учун бунинг ҳеч бир ажабланарли жойи йўқ, ҳамиша шундай бўлган ва шундай бўлиб қолажак, дея хулоса ясади ўзича босиқлик билан”. Муаллиф бу ерда қаҳрамони кечинмалари орқали унинг дунёқарашини ҳам кўрсатади. Роман бошланишидаёқ муаллиф Сизифнинг характерини, қандай одамлигини тарихий хотирасида, ўтмишга муносабатида акс эттиради.

Тарихда чиндан ҳам кўпчилик подшоҳлар, вазирлар хушомадгўй, лаганбардорларни атрофига йиғиб олган, ҳақ сўзни айтувчиларни қувғин қилган. “Донишманд Сизиф” романи қаҳрамони ҳам ўта ақлли мансабдорлардан бўлгани учун Зевс ва бошқа маъбудлар уни афсунгар, товламачи, таъмагир, муттаҳам деб айблайдилар. Сизиф буни адолатсиз айблов, адолатсиз жазо деб билади. Сизиф олис ва яқин кечмишини қайта-қайта хаёлида тиклаб, ўзини-ўзи тафтиш қилишга уринади: “Кимга муттаҳамлик қилди у, кимнинг мулки – амлокига кўз олайтирди, кимни хиёнаткорона алдаб-сулдади… Кимга ноҳақдан-ноҳақ зулм ўтказди… ”

Сизиф ҳақидаги мифда айтилишича, у ҳам маъбудлар қаторида бўлган. Унинг отаси бўлса шамол маъбуди эди. Сизиф ўзи бунёд этган Коринф шаҳар-давлати ҳукмдори бўлган. У ўзини барча подшоҳлар (ҳатто, маъбудлар)дан ақлли ва аъло санар, буни кўрсатиб қўйиш учун жуда кўп хазина йиққан, зеб-зийнат ичида ҳаёт кечирарди. Ҳатто, ўлим маъбуди Танат келганида айёрлик билан унинг қўл-оёғини кишанлаб, қамаб қўяди. Шундан сўнг ер юзида инсонлар ўлмай яшайдиган бўлишган. Маъбудларни улуғловчи, уларга мўл-кўл қурбонликлар қилинувчи дабдабали маросимлар йўқолади. Бундан маъбудлар норози бўлишгач, Зевс уруш маъбуди Аресга “айёр” Сизифни жазолашни буюради. Арес Сизифни енгиб, ўлим маъбуди Танатни кишандан озод қилади. Сизифни эса марҳумлар мамлакатига юборади. У ер ости дунёси подшоҳи Аидни ҳам алдаб, “мени бир кунга ҳаётга қайтарсанг, хотинимга “марҳумлар подшоҳига жуда кўп мол-қўй ва ноз-неъматларни қурбонлик қилгин”, деб буюраман ва тез қайтиб келаман”, дейди. Бу ваъдага ишонган Аид Сизифни бир кунга ҳаётга қайтаради. Сизиф хотинига Аид учун қурбонликлар қилишни буюрмайди ва яна базму жамшидда роҳатланиб яшайверади. Бундан ғазабланган Аид яна Танатни жўнатади. Бу гал Танат алданмайди. Сизиф марҳумлар оламига юборилади ва нариги дунёда оғир тошни тоғ чўққисига думалатиб олиб чиқишга маҳкум этилади. Кўринадики, ўзбек адиби қадимги юнон мифини ўз ижодий ғоясига мувофиқ ўзгартириб юборган. Айни вақтда юнон асотирларидан жуда яхши фойдаланган.

Хуршид Дўстмуҳаммад романида Сизиф нариги дунёда эмас, бу дунёда жазони ўтайди. Бу жуда муҳим. Чунки насронийлик ва ислом келгунича, юнонлар тасаввурича инсон ўлганидан сўнг Ер ости оламида яшайди. Романнинг асотирдан яна бир фарқи шуки, Сизиф маъбудлардан бири эмас, балки жамиятнинг юқори табақасига мансуб зодагонлардан бири. Айёр, маккор, ҳатто ўлим элчисини алдовчи Сизиф романда оқил инсон сифатида гавдаланади.

Шуниси ҳам борки, реал воқеликда айёр, ҳийлакор одамлар ақлли, ақлли одамлар эса, кўпинча айёр ва ҳийлакор бўлади. Мифда Сизифнинг шу сифатини Зевс бошлиқ маъбудлар қоралайдилар. Шуниси қизиқки, Зевс жуда кўп гуноҳ, зино ишлар қилади, аёлларни алдаб, уларни топтайди. Троя уруши қаҳрамонларидан бири Улисс (Одиссей) ҳам ақлли ва айёр. Унинг ҳийласи сабабли юнонлар Трояни эгаллаб, шаҳарга ўт қўядилар. Тўғри, Одиссей аёлларга ахлоқсизлик қилмайди. У хотини Пенелопага садоқатли. Хотини ҳам унга вафодор, у дараксиз йўқолган Одиссейни умрбод (поэмада 20 йил) кутади. Чақирилмаган меҳмонлар – “ошиқ”ларни рад этади. Яъни Одиссей бош маъбуд Зевсга нисбатан тоза ва соф виждонли. Шу ерда мантиқий савол туғилади: Алдов ва айёрлик Зевсга айб эмасу Сизифга айб ва жиноят экан-да.

Хуршид Дўстмуҳаммад яратган Сизиф табиати миф қаҳрамониникига нисбатан анча мураккаб. Энди у мифдаги каби фақат рамз, тимсол (айёрлик тимсоли) эмас, балки жонли инсон. Роман сюжети анчайин жўн, аммо қаҳрамон характери жонли, реал инсонларга хос мураккабликда. Муаллиф мифнинг фақат бир қисмини олиб, бошқа бир асарга – ярим мифологик, ярим реалистик асарга айлантиради. Асотирнинг ботиний маъносига кўра, Сизиф ростдан ҳам донишманд бўлиб, эҳтимол, тиб илмида ўлмай, узоқ яшаш йўлларини топгандир. Юнон подшоҳлари бирор тилак, мақсадига етиш учун муқаддас ибодатхоналарда бир кунлик ибодат вақтида минглаб жонлиқ сўйган, ҳатто табиий офатни қайтариш учун келгиндиларни ҳам қурбонлик қилган. Донишманд  шоҳ Сизиф ўз мамлакатида бундай ваҳшиёна расм-русумни йўқ қилган, эҳтимол.

Сизиф шундай фикр юритади: “Наҳотки, у ёвуз, малъун кимса сифатида бадарға қилинмоқда? Наҳотки, энди у ўзини, шаънини ҳимоя қилолмайди”. Шуниси муҳимки, романда Сизиф   фақат ўзини эмас, халқ тақдирини ҳам ўйлайди. “Улуғ зотлардаги ақлий эврилиш халқнинг эврилишига – фикран-шууран улғайишига қанот бағишлайди, шу тўлқинда жуда кўп ҳақиқатларга ойдинлик киритилади”. Жаҳон халқлари мифлари, фольклошунослар фикрича, қадимги халқлар онги, диний эътиқоди, ижтимоий, сиёсий, эстетик қарашларини акс эттиради. Фольклоршунос М.И.Стеблин-Каменскийнинг ёзишича, романтизм шоирлари ва олимлари қадимий мифларни ўрганишда янги саҳифалар очдилар. Улар назарида мифлар табиат ва жамиятдаги қудратли кучларнинг турлича ифодасидир[2].

Баъзи романтизм тадқиқотчилари фикрича, мифлар поэтик хаёлот маҳсули бўлганида ҳам воқелик, ижтимоий ҳаёт ҳақиқатларини акс эттиради. Сизиф ҳақидаги миф ҳам рамзий маънода: Инсон ҳар қанча ақлли, донишманд бўлса-да, Ўлимни йўқотишга уриниши беҳуда, ҳаёт тоши барибир  пастга думалайди, Мангу ҳаётни ҳеч ким ва ҳеч қачон Мангу тошдек чўққига чиқариб қўёлмайди. Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад ўз романида қадим юнон мифидан ижодий ниятидан келиб чиқиб фойдаланади. Инсоннинг олий идеалга садоқати, ҳар қанча машаққатли бўлса ҳам, сақланмоғи керак, эзгу мақсадга сабот-матонат билан интилиш зарур, деган фикр муфассал ва реал тасвирларда ифодаланади.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 6-сон

________________

[1] Хуршид Дўстмуҳаммад. “Донишманд Сизиф”. –Тошкент, “O’zbekiston” НМИУ, 2016.

[2] М.И.Стеблин-Каменский. Миф. Л., Наука, 1976. – С.10.