Зуҳриддин Иcомиддинов. Одамийлиғ шеваси

Навоий ғазалларини ўқиётиб, кўзим дафъатан шу байтга тушиб қолди:

Одам авлодида камдур одамийлиғ шеваси,
Одам эрмас улки, майли одамизод айлагай!

Мисралардаги шиддат мени лол қолдирди: Навоий одам авлодида одамгарчилик кам, шундай экан, одамга меҳр қўйган кишининг ўзи ҳам одам эмас, деяпти! Ажабо, шоир нима сабабдан бу қадар кескин фикрга келган бўлса экан? Разм солсак, бу одатий бир байт эмаслигини, ундаги хулоса ҳам жўн бир хулоса эмаслигини кўрамиз. Менга шу байтлар қоғозга тушишидан аввалроқ шоир дунёқарашида қандайдир оғир бир эврилиш бўлиб ўтгандек туюлди. Ахир, Навоий ҳамиша инсонни улуғлар, шарафлар эди-да. Чунончи:

Эй кўнгул, ҳуру пари васфин эшиттим гўйиё,
Ҳеч қайси одамийлиғда эмас инсонча хўб…

Энди бўлса, одамзодда одамийлик йўқ, деяётир. Нега?

* * *

Шарқ мумтоз адабиётининг муҳим бир хоссаси конкрет адреслиликдан йироқликдир. Хуcуcан, ғазалчиликда шундай. Муайян ғазалнинг қай сабаб билан ёки кимга атаб ёзилганини аниқлаш амри маҳол. Айниқса, юксак идеалларни, ғоя ва тушунчаларни олға сурган, улуғлаган, тарғиб қилган Навоий асарларида даврлар, воқеа-ҳодисалар, муносабатлар синтезлашиб кетади, шоир уларни умумлаштиради, тафаккур элагидан ўтказиб, охир-оқибатда ҳар қандай ҳолатга мувофиқ шоҳбайтларга айлантиради. Шунинг учун ҳам Навоий мана бу ғазал ё мухаммасни фалон муносабат билан битган, деб бўлмайди.

Аммо Навоийнинг адресли ғазаллари ҳам бисёр. Улардан иккитасида шоир ўз ҳаётида оғир из қолдирган жой — Астрободни тилга олиб ўтади:

Кўнгли мулкин истар ободу бузар хайли фироқ,
То Навоий азми мулки Астробод айлади…
Беша ичра девлар мақтули ўлсун, эй пари,
Гар Навоий ёна азми Астробод айлагай.

Тарихдан маълумки, ичиқора кимсалар Навоийни болалик дўсти шоҳ Ҳусайн Бойқарога ёмонлаб, вазирликдан кетказишга муваффақ бўладилар. Бироқ Навоийни мартаба-мансаб қизиқтирган эмас, эл-юрт ўртасидаги обрўйи эса ошгандан-ошиб бораверган. Шу боиc 1487 йили шоҳ теварагидаги мунофиқлар яна фитна қўзғаб, уни пойтахт Ҳиротдан узоқлаштириш учун “фахрий” сургун ўйлаб топишади – шоир Астрободга ҳоким қилиб жўнатилади.

Астробод… Ҳозирда Гўргон деб аталадиган бу кичик шаҳар (Эрон) Навоий замонида Хуросон мамлакатининг энг олис, овлоқ бир чеккасида жойлашган эди. Шоир бу масканда ҳам ободонлик ишларига киришган, адолат ва тартиб ўрнатишга муваффақ бўлган. Бироқ туғилиб ўсган шаҳри Ҳиротни бир дам ҳам ёдидан чиқаролмаган. Бояги икки ғазалда шоирнинг ўша даврдаги туйғулари акс этади. “Астрободий” ҳар икки ғазал яна бир жиҳатдан монанд – бунда кейинги байтлар илк байтнинг давоми бўлиб келмайди, балки ғазал сўнгги байт(мақтаъ)да кескин фикр айтиш учун, орадаги байтларда эса ўқувчини шу фикрларга тайёрлаш, шу фикрни туйғулар орқали далиллаш учун ёзилган.

Улардан бири ҳаммага маълум буюк бир афоризм билан бошланади:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

(Ким бир ғамгин одам дилини шод этса, бу вайрон Каъбани обод қилишдек иш бўлади.)

Мутасаввифлар инсон қалбини Каъба деб, балки ундан ҳам муқаддас бир маъво деб ҳисоблайдилар, бировнинг дилини вайрон қилишни Каъбани бузишга тенглаштирадилар, кўнгилни шод этишни Каъбани обод қилишдан аълороқ деб биладилар.

Юқоридаги байт эса савол ҳам қўзғайди: кимнинг кўнгли вайрон бўлган экан? Шоир унга жавоб бермай, давом этади:

Гарчи халқ озодасимен, ёр агар бандам деса,
Андин ортуқ, англаким, бир банда озод айлагай.

(Мен ҳур кишиман, аммо ёр қулим деса, бу бир қулни озод этгандан ҳам зиёд.)

Навоий кишини шодлантиришнинг савоби ҳам бир қулни озод қилишдан ортиқ, дейди. Бадиий қаршилантиришга кўра, ёр озод шахс — ошиқни қулликка олса, бунинг савоби бир қулни озод қилишдан ҳам ортиқроқ.

Ёрдин ҳар кимки бир сўз дер, туганмасдин бурун
Истарамким, аввалидин ёна бунёд айлагай.

(Ким ёр ҳақида сўз айтса, гапи тугамай, яна шу тўғрида сўзласа экан дейман.)

Асл шайдолик шу-да: ошиқни ёридан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмайди (бу ўринда бадиий санъат ҳам бор: сўз деган сўзнинг бошқа маъноси ёнмоқ(сўзон)дир, шоир ёрнинг ишқи оловида ўртаниш шавқини тасвирлаб, ёна (ёнмоқ) калимасини қўллайди. Ёна сўзи ҳам қайта, яна деган маънода, ҳам ёнмоқ маъносида келган.)

Хўш, ёр ким? Албатта, Навоий каби шоирлар талқинида ёр – Оллоҳ. “Ас-салотин зиллалоҳу фил арз” қавли ҳукмига кўра, Оллоҳнинг ердаги сояси бўлган ҳукмдор ҳам, ошиқнинг инон-ихтиёрини унинг қўлидан олиб, ўзига шайдо қилган маҳбуба ҳам ёрдир. Яна, Навоий шу ғазалда “ёр” деяркан, назаримизда, қадрдон дўсти подшоҳ Ҳусайн Бойқарони кўзда тутаётир. Зеро, у нафақат султон, шу билан бирга, Навоийнинг ёр-биродари ҳам эди.

Ёр ҳижронидин ўлгумдур, бу навъ эрмиш сазо
Ул кишигаким, биравга ўзни муътод айлагай.

(Ёр ҳижрони мени ўлдиради, бировга ўрганганнинг жазоси шунақа бўларкан.)

Дарҳақиқат, Навоий Ҳусайн Бойқарога қаттиқ эътиқод қўйган, уни ҳассос шоир, адолатли ҳукмдор сифатида идеаллаштирган. Астрободдаги чоғида шоҳга мактублар ёзиб, уни эзгу амалларга ундагани ҳам шу туфайли.

Шундай экан, у болалик ўртоғи, дўст-ёри Ҳусайнни ҳам соғинади:

Неча сабр авроқи ёзғай кўнглуму бир оҳ ила
Сарсари ишқинг етиб, борини барбод айлагай.

(Кўнглим кўп сабр варақларини ёзганди, ишқинг ели ҳаммасини учириб кетди.)

Эътибор беринг: гарчи шоир ишқ шиддатининг зўрлигидан, дея бир қадар пардага ўраб тақдим қилса ҳам матн зимнида “сабр-тоқатим тугади”, деяётир. Дарвоқе, кейинги байтга келиб шоирнинг кайфияти шиддат билан ўзгаради: исёнкор туйғулар ошкор баён этишга ўтилади:

Шайхдин зуҳди риёий касб ўлур, ёраб, қани
Дайр пириким, фано расмини иршод айлагай?

(Шайх риё учун зуҳд қилади, Ёраб, фонийликда собит дунё пири бормикан?)

Навоийнинг энг ёмон кўрган одами — риёкор. Риёкорликни касб қилиб олган шайх эса риёнинг пешвоси, пири муршидидир. Шоир фано расмини тарғиб этадиган дайр пирини излайди, аммо тополмайди…

Еттинчи байтга келиб шоир тушкунликка берилади, одамларга ихлос-эътиқод қўйгани учун ўзини ҳам койишга ўтади, қизишади, куйиб-ўртанади:

Одам авлодида камдур одамийлиғ шеваси,
Одам эрмас улки, майли одамизод айлагай!

Кишининг бошига қаттиқ иш тушмагунча эътиқод ва эътимоди соддароқ бўлади. Бу ерда энг ихлос қўйган кишиларидан вафосизлик ва жафо кўрган шоирнинг қарашлари тамом ўзгариб кетганини кўрамиз. Одамни дўст, ёр деб билган шоир орзу-умидлари поймол бўлганидан ўкинади.

Тоқати тугаган, сабр китобининг варақларини сарсари шамоллар учириб олиб кетган шоир ўқувчига юзланиб, ҳасрат айтишга эҳтиёж сезади:

Не балодурким, фалак ҳар кимга чекса тиғи кин,
Ёнгилиб аввал менинг жонимға бедод айлагай.

(Эвоҳ, фалак тиғи кимга йўналса, янглишиб, аввал менга зулм қилади.)

Дарҳақиқат, кишининг қалби қанчалик ҳассос бўлса, эл-улуснинг, давр-давроннинг жафоси унга шунча кўпроқ сезилади. Юқорида айтдик, ғанимлар Навоийни энг яқин дўсту шогирдларидан, йиллар давомида барпо этган муҳташам адабий муҳитидан айирган эдилар. Тарихдан маълумки, улуғ ижодкор ўз ихтиёрича Астробод ҳокимлигидан воз кечиб, Ҳиротга қайтади ва шоҳдан Ҳиротда қолдиришни ўтинади. Бироқ Ҳусайн Бойқаро Навоийни Астрободга қайта жўнатади. Шунда ғанимлар фитна қиладилар. Фитна фош бўлгач, Навоий Астрободни ошиғич тарк этади ва у ерга энди қайтиб бормаслигини қатъий баён қилади:

Беша ичра девлар мақтули ўлсун, эй пари,
Гар Навоий ёна азми Астробод айлагай.

(Эй пари, Навоий Астрободга қайтгандан кўра, уни чўлда девлар ўлдиргани яхши.)

Бинобарин, ушбу шеърни Навоий Астрободдан иккинчи бор қайтиб келган кунлари (1489 йили) ёзган, дейиш мумкин. Ундан икки йил аввал Навоий сарой фитналари қурбони бўлади: бош вазир лавозимидан бўшатилиб, ўша онда Астрободга ҳоким қилиб тайинланади ва шоирга ошиғич у шаҳарга жўнаш буюрилади:

Оҳким, номеҳрибоним азми бедод айлади,
Бир йўли меҳру вафо расмини барбод айлади.

Тарихдан маълум, Навоий бева-бечораларга меҳр-мурувват кўрсатиш ва Ҳусайн Бойқаро ташвишини енгиллаштириш мақсадида мамлакатнинг йиллик даромад солиғини неча марта ўз маблағлари ҳисобидан тўлаган, жонини хатарга қўйиб, салтанат душмани Ёдгор мирзога қарши кўкрак кериб чиққан. Навоий меҳр-оқибат таомили шундай бўлади, деб биларди. Аммо шоирнинг бундай вафосига шоҳнинг жавоби… жафо бўлди, холос:

Қўрқарам, аҳли вафо оҳи анга қилғай жафо,
Бу жафоларким, вафо аҳлиға бунёд айлади.

Ҳар нарсанинг уволи бор, дейдилар. Навоий ўз вафоси эвазига жафо тортиб қолганини, вақти келиб, бу вафонинг оҳи тутишини башорат қилади:

Бўлмади ношод охир дам гунаҳ бўлғай дебон,
Бегунаҳ аҳбобни мундоқки ношод айлади.
Бир дам ичра тунд сели қаҳр ила қилди хароб,
Ҳар вафо қасрики, йиллар ани обод айлади.

Аслида, бу байтларни шарҳлашга эҳтиёж йўқдай: ағёрларни шод этиб, дўстларни ғамга ботираётган ва бунинг гуноҳ эканини ўйлаб ҳам кўрмаётган, йиллар давомида тикланган муаззам вафо қасрини бир дамда зулм сели билан хароб қилган оқибатсиз дўст сиймоси намоён бўлади бунда.

Қуйидаги байтда эса Навоийни Астрободга юбориш ҳақидаги фармон эълон этилган чоғда шоҳнинг қаҳр-ғазабга тўлиб тургани, шунинг учун ҳеч ким ўртага тушиб, ошиқ (Навоий)нинг ёнини олишга журъат қилолмагани шарқона андиша билан, аммо аниқ тасвирланади:

Дам урарға топмади ҳад кимса то ушшоқ учун,

Шаҳна айлаб ғамзасин, кирпикни жаллод айлади.

Маъноси: бирон кимса ҳадди сиғиб, бу ошиқнинг ёнини олишга журъат қилолмади, чунки ёрнинг ҳар нигоҳи — миршаб, киприги — жаллод каби эди.

Бунчалик оқибатсизлик кўрган шоир узлатга нажот излаб кетиши аниқ:

Тинди абнойи замоннинг ихтилофи табъидин,
Кимки ўз табъини бекасликка муътод айлади.

Маъноси: ким ўз табиатини одамлардан қочишга мойил этса, унинг қулоғи замондошлари можароларидан тинч бўлади.

Аммо ўзингдан — дил изтироби ва аламларидан қочиб бўларканми?

Кўнгли мулкин истар ободу бузар хайли фироқ,
То Навоий азми мулки Астробод айлади.

Гарчи ошиқ кўнгли ўз мамлакатини обод этишни истайди, аммо Навоий Астрободга келибдики, фироқ(Ҳирот ёди, ёр-дўстлар соғинчи) ғоратгир аскарлар каби уни хароб этади…

* * *

Бу ғазаллар бундан беш юзу йигирма йилдан зиёдроқ муддат аввал битилган. Орада қанча сувлар оқиб ўтди. Аммо Навоийнинг ўша дамги хўрсиниқлари, изтироблари эса ҳамон боп-боягидай. Шундай савол туғилади: бу жаҳон айвонида ҳеч ким мангу яшамас экан, одамдан абадулабад мерос бўлиб бу дунёда нима қолади? Ҳадисларга кўра, кишидан фарзандлар, қурган иморатию эккан дов-дарахти, башарти олим ё адиб бўлса, ёзган асарлари қолади, унинг ортидан бола-чақасининг дуосию амалларининг савоби бориб туради. Бу ҳақ гап. Аммо шу билан бирга, назаримизда, одамдан бу ёруғ дунёда аввало одамийлик қолади. Одамнинг асосий хислати — одамийлик, одамгарчиликдир.

Навоий ҳар бир кишидан одамийликни талаб қилган. Одамийлик шевасига бегона кимсаларга дуч келган чоғда унинг нозик қалби доимо ларзага келар эди, тазкираларда бу ҳол кўп қайд этилган.

Биз юқорида кўриб ўтган икки ғазал шоир ҳаётининг изтиробли паллаларида дунёга келган. Бинобарин, мақола аввалида келтирилган байтдаги кескин фикрни Навоийнинг одамзотга берган умумлашма баҳоси, умри давомида келган фожиали хулосаси сифатида қабул қилмаслик керак, деб ўйлаймиз.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 41-сонидан олинди.