Воқелик. Илмлар. Орзу
Газетада қандайдир мақолани ўқиётиб бир фикрга келдим. Муаллиф уни биолог Николай Владимирович Тимофеев — Ресовскийнинг фикри сифатида тақдим этипти. “Ҳеч нарса, ҳеч қанақа илм-фан чинакам билим бермайди”.
Сирасини айтганда, даставвал шуни таъкидламоқ керакки, ҳеч ким ҳеч қачон илм-фан чинакамига ҳақиқий билим беради деган гапни айтган эмас, негаки илм-фан воқеликнинг тахминий тасвиридир, холос. Буни ҳамма билади, шунинг учун Тимофеев — Ресовскийга нисбатан берилган фикр, албатта, бўлмаган, сийқа гапдир. Ўз-ўзидан аёнки, мақола муаллифи бундай сийқа гапни назарда тутмаган, албатта, балки аллақандай жиддийроқ нарсани кўзда тутган. Ўйлашимча, бу фикр матндан узиб олинган: мақоласига суянчиқ бўладиган далиллар етишмай қолса, муаллифлар кўпинча шундай қилади.
Лекин бу ибора миямга сингиб қолди ва фикр шу йўналишда ишлай бошлади.
Поэтика илми қанақа эканини билмайман-у, лекин аниқ фанлар ҳақиқатан ҳам чинакам билимлар бермайди. Олимга аллақандай мавҳум бир ҳақиқатни ифодаламоқ керак, у бирон-бир объектив воқеликни тавсифлайди, ўрганади, баён қилади ва ҳоказолар, бу воқеликда унинг “мен”и ҳеч қанақа аҳамиятга эга бўлмайди. Санъаткор муқаррар тарзда материални ўзи орқали ўтказади, шунинг учун ўзи ҳатто бундай бўлишини истамаган тақдирда ҳам ҳамиша материал ичида қолади, аммо олим бунга мутлақо эътибор бермайди, у материалда ўзини ифода қиладими — йўқми — бунинг у учун мутлақо аҳамияти йўқ, ҳарҳолда унинг “мен”и ҳал қилувчи рол ўйнамайди ва бу оқилона нуқтаи назардир.
Агар бирор нарсани кузатар эканлар, кузатувчилар бир хил нарсани кўрсалар, бу илмдир. Агар ҳар хил нарсани кўрсалар, бу илм эмас, бу — поэзия ёки бошқа бирон нарса бўлади. Бироқ ҳар қанча ғалати бўлмасин, одатда бунақа идеал вазиятлар учрайвермайди, чунки ҳеч нарса мутлақо мустақил бўлиши мумкин эмас. Замонавий физика ҳам ҳозир шуни англаб етдики, кузатишлар натижаси фақат кузатилаётган нарсагагина эмас, кузатувчига ҳам боғлиқ бўлади.
Кимлигини аниқ айтиб ўтирмай, ХХ аср бошларидаги, унинг биринчи ярми мобайнида, айтайлик, 20-30-йиллардаги физикларнинг ишини олиб қарайлик, ўтган аср бошидаги, ҳатто Биринчи жаҳон урушигача бўлган даврда физиклар бу масала билан кўп шуғулланишган ва биз — олимлар нимани экс эттирамиз деган масалада ғоятда қизиқарли натижаларга келишган. Ким акс эттираётганига жуда кўп нарса боғлиқ. Бироқ бу жараёнда шундай бир бўлак борки, у кузатувчига боғлиқ эмас ва шундай бўлак борки, у кузатувчига боғлиқ ва олимнинг бирор хусусиятини, унинг ҳолатини ифодалайди. Мутлақо холис маълумотлар бўлиши мумкин эмас деганларида айнан ана шуни кўзда тутадилар. Ҳамиша ҳамма нарсада ҳаммаси холис бўлиши асло мумкин эмас.
Масалан, икки карра икки-тўрт деган тасдиқни ёки карра жадвалини олиб кўрайлик, унда ҳеч нарса ҳеч кимга боғлиқ эмас, унда ҳамиша натижа бир хил. Аммо бу илм эмас-да! Лекин борди-ю, илмнинг бирон каттароқ бўлагини оладиган бўлсанг, унда ҳамиша ё у, ё бу шаклда кузатувчи мавжуд эканини кўрасан. Ва бу нормал ҳолдир, шундай бўлмоғи ҳам керак.
Айни физикада жараён кузатувчининг ким эканига боғлиқ эмас, балки одам нимани кузатаётганига боғлиқ. Кузатувчи инглиз бўладими, французми, африкаликми — бунинг аҳамияти йўқ. Инсон жараёнга кирдими — бас, шунинг ўзи билан жараённи ўзгартиради, у жараёнга аралашувининг ўзи биланоқ жараённи “бузади”. Натижада жараён бошқача бўлиб қолади. Ва, албатта, шунинг учун кузатувчи натижаларда акс этади. Сирасини айтганда, у қай бир тарзда объектив маълумотларда ҳам акс этади.
Аммо бу масалаларни илм фалсафаси билан шуғулланишни касб қилиб олганлар ихтиёрига қолдира қолайлик. Баъзан мен бир гапни гапириб юраман — агар бирор одам илм билан шуғулланиб, тузукроқ бирор иш чиқара олмаса, у илм тарихи, илм фалсафаси ёхуд бошқа шунга ўхшаган нарсалар билан шуғуллана бошлайди. Аёнки, бундай фикр тўғри эмас. Бу гап — ҳазил. Лекин бу ҳазилнинг замирида бир чимдим ҳақиқат ҳам бор.
Мен истаган бир илмий рисолани ўқиётганимда кузатувчининг индивидуаллигини ҳис қилмайман-да, давр нуқтаи назарини, бирор мактаб руҳини ҳис қиламан. Шунда “ҳа, энди, бу рисола фалон мактабга мансуб” деб ўйлаб кетаман. Ёки рисоланинг ёзилган вақтини тахминлаб аниқлайман — айтайлик, бу рисола XIX аср учун характерли, ХХ асрда бошқача ёза бошлаган эдилар деб ўйлайман.
Агар фанни билсанг ва қай бир маънода шу фан ичида яшасанг, бунақа нарсаларни доим кўриб турасан.
Мен ўзимнинг 1999 йилда дунё юзини кўрган “Постекриптум” деб аталган сўнгги китобимни ишончим унча комил бўлмаса-да, инсоният яна юз йил сақланиб қололмаса керак, деган анча-мунча совуқ тахмин билан тугатган эдим. Инсоният ўжарлик билан тўппа-тўғри шундай бир сарҳадга кетиб бормоқдаки, у ерда ўз-ўзини маҳв этиш имконияти чинакам характер касб этади ва бу ҳодиса ҳатто бирор хато оқибатида ҳам содир бўлиши мумкин. Одамлар вайронгарчилик табиатини борган сари чуқурроқ ўрганмоқдалар, борган сари кўпроқ физик тажрибалар ўтказмоқдалар. Шу ўринда мен авваллари кўп айтиб келган бир фикримни такрорлайман. Бу фикрим ҳозирги замон физикаси нуқтаи назаридан жуда бемаъни фикр, лекин тушунарлироқ бўлсин учун, барибир, бу фикрни айтаман: тасаввур қилинглар, физиклар тажрибаларини ўтказиш жараёнида шундай бир қадам қўйдиларки, унинг оқибатида бутун материя ёна бошлайди. Ер ҳам ёниб кетади,одамлар ҳам ёнади, ҳамма нарса ёниб кул бўлади!
Бу — башорат эмас, хавотирлик, холос. Илм-фан ўз ривожида қайси йўлга бурилиб кетишини тусмоллаб ўтиришдан кўра бемаънироқ иш йўқ. Мен XIX асрнинг охирида унинг ривожланиш йўллари истиқболда, албатта, бизнинг давримизда, ҳозиргина ўтиб кетган ХХ асрда қандай бўлишини тусмоллаб ёзилган мақолаларни ўқиганимда шунга рўпара келдим. Умрим бино бўлиб бундан баттар алжирашни ўқиган эмасман. Ҳолбуки, уни ёзган одамлар олимлар эди, ҳурматли одамлар эди. Бироқ ўзингиз ўйлаб кўринг, ахир, улар радио, электроника, компьютерлар, бутун дунёни ўргимчак тўридай чулғаб олган Интернетнинг пайдо бўлишини лоақал тушларида ҳам кўрмаган бўлсалар, нимани ҳам башорат қилмоқлари мумкин эди.
XIX асрда ақлларни нималар лол қолдирган? Парвозлар. Ака-ука Люмьерларнинг фильмида, — у “Поезднинг келиши” деб аталарди, шекилли, — паровоз тўппа-тўғри экрандан томошабинларнинг устига ёпирилиб келади, кўплар ўтирган жойларидан сапчиб туриб қочиб кетишган, хонимлар ҳушларидан кетиб йиқилишган. Буни кўрган олимлар ХХ асрда жуда катта паровозлар ўта катта темир йўллардан бутун дунё бўйлаб юриб кетади деб тахмин қилганлар. Уларнинг хаёлотлари бундан ортиқ нарсани тасаввур қила олган эмас. У пайтларда авиация эндигина туғилиб келаётган эди. Мен XIX аср охиридаги баъзи бир ҳажвий расмларни яхши эслайман: кўчалар бўйлаб дирижабллар сузиб юрибди, одамлар аллақандай учувчи фантастик аппаратлар ёрдамида балконларидан сакраб, ўзгаларнинг балконларига меҳмонга боришган. Бу, албатта, ақл бовар қилмайдиган бемаъни гап, лекин бу ўша даврнинг савиясини кўрсатади, шу жумладан, илм-фан ривожи масаласидаги башоратларнинг савиясидан ҳам далолат беради.
Шундоқ бўлгандан кейин яна бир марта такрорлайман: башорат қилмоқ ўта бемаъни машғулотдир. Хаёлингизни ҳар қанча ишга солманг, барибир, амалда тескариси чиқади. Инсон ақли яқин ўртадаги бир соат-икки соатни, ҳа, ана, боринг, бир суткани олдиндан кўришга ярайди, холос. Ибтидоий жамият одамига ўн йил кейин нима бўлишини аввалдан кўришга зарурат бормиди? Фол боқиш унинг миясига ҳам келмаган — албатта, ғор одамига аён эдики, ҳамма нарса унинг теграсида қандай бўлса шундай қолаверади. Аммо бир соат-икки соат кейин нима бўлишини у тасаввурига сиғдира олган — ўрмонга бораман, бирон жониворни ўлдираман, ўтин териб келаман, қабиладошларимнинг қорнини тўйдираман… Бизнинг қадимда яшаб ўтган аждодимиз унчалик кўп нарсани режалаштира олмаган. Режалаштирганда ҳам маиший даражада жуда қисқа муддатни қамраб олган, холос. Чунки унинг учун ҳаёт ўзгариб турадиган нарса бўлган эмас.
Ҳозир эса, аксинча, у шиддат билан ўзгариб бормоқда. Агар авваллари ёшликда олган билимдан шартли равишда айтганда, бутун умр давомида фойдаланиш мумкин бўлган бўлса, бугун бундай қилишнинг мутлақо иложи йўқ. Мен ҳозир энди ўтган асрнинг 20- йилларида ўқиган эдим, тасаввур қилингки, мен ўша 20-йиллар даражасида қолган бўлай. У пайтларда на космосга парвозлар бор эди, на ҳозирги замон электрон қурилмалари, на “Мир” деган космик станция мавжуд эди — айтиш керакки, инсоният умуман бу тўғрида ҳеч нарса билмас эди. Мен эса қип-қизил аҳмоқ бўлиб қолаверар эдим.
Бинобарин, авваллари ва нисбатан яқин-яқинларда ёшлик йилларида ўқиб, ичингизни қолган умрингизга етадиган илм билан тўлдириб олишингиз мумкин эди. (Мен, албатта, онгли равишда муболаға қилмоқдаман, секин-аста билимлар тажрибага йўғрилиб, бойиб боради), ҳозир эса инсон ўз умри мобайнида тахминан уч марта ўқиб, билимини тўлдириб бормоғи керак. Ўқиганда ҳам у ҳар ўн беш йилда бирор жойга бориб, ўқишга қатнаб ўқимайди. Йўқ, у ҳамма вақт узлуксиз ўқиб боради, ҳар ўн беш йил-йигирма йилда унинг аввалги билганларига нисбатан тубдан ўзгариб, янгиланиб, бойиб боради ва ўзининг аввалги ҳолатларини эсласа, ўзига-ўзи имкониятлари чекланган довдир бир одам бўлиб кўринади.
Инсон қонуни жуда мураккаб қонунлар асосида ривожланади. Математиклар бунақа ривожланишни нотекис (нолинейное) ривожланиш деб аташади. Биз эса фақат текис ривожланадиган нарсаларнинг истиқболини айтиб бера оламиз, ҳозир, шу дақиқада содир бўлаётган нарсанинг бевосита давоми бўлган нарсанигина айтиб бера оламиз, чапга-ўнгга, пастга-юқорига, у ёққа-бу ёққа ривожланадиган нарсаларни эса башорат қила билмаймиз. Ҳодисанинг бевосита давом этиши унинг беш йил кейиндаги, ҳа, боринг, ана — ўн йил кейинги ҳолатини башорат қилишга етади, ундан ортиғига етмайди. Шунинг учун илмий соҳадаги профессионал одам ҳам бирор нарсани башорат қилмоғи амримаҳолдир, чунки ўн-йигирма йилдан кейин шунақа нарса пайдо бўлмоғи мумкинки, бу нарса тўғрисида профессионал одам ҳам ҳеч қанақа тасаввурга эга бўлмаслиги мумкин. У шу қадар кутилмаган бир шамойилга эга бўлмоғи мумкинки, уни профессионал одам ўйлаб топмоғи ҳам мумкин бўлмай қолади. Кутилмаган нарсани эса башорат қилиб бўлмайди, бунга одамзоднинг ақли етмайди.
Мендан сўрашлари мумкин — нима, фаннинг ривожи кўзда тутилмаган йўллардан борадими? Илм-фан ўз-ўзидан ривожланади, лекин башоратлар масаласига келсак, улар ҳамиша унча мураккаб бўлмаган схема асосида вужудга келади — ўтган йили нима бўлгани эсимда, мен бугун аҳволнинг қанақа эканидан хабардорман, бинобарин, мен бир йилдан кейин нималар бўлишини тасаввур қила оламан. Бу метод қисқа муддатлар учун ярайди, у қулай, уни қўлласа бўлади, негаки, албатта, мен ўтган йилнинг воқеаларидан хабардор эканман, бизни бўлғуси йили қандай эврилишлар кутаётганини тусмоллаб айтиб беришим мумкин. Йигирма йилдан кейин нималар содир бўлиши мумкинлигини тахмин қилса бўлади, лекин бу охир-пировардда бемаънилик бўлиб чиқарди.
Менга қолса, бундай дер эдим: йигирма йилдан кейин содир бўладиган кутилмаган нарсани мен тасаввур қилолмайман, буни ҳеч ким ҳам тасаввур қилолмайди, айниқса, фанда тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳа, илм-фаннинг ривожи давом этади, унда ҳамма нарса ўз йўли билан содир бўла боради, одамлар ўз турмушларини, ўз меҳнатларини кўпроқ ва фаолроқ техникалаштирадилар. Илм-фаннинг ривожи, маълумки, бўлиши мумкин бўлмаган нарсаларга йўл қўймайди ва биз тобора кўпроқ муваффақиятларнинг ҳамда янги-янги Нобель мукофотларининг шоҳиди бўламиз. Яъни ҳозирги замон ибораси билан айтадиган бўлсак, ҳамма нарса нормал равишда содир бўлади, лекин нима ва қандай содир бўлади — буни мен ҳам ва бошқа ҳеч ким ҳам билмайди.
Келажакни ва илм-фаннинг ривожини айтиб бериш олимларга нисбатан фантаст ёзувчиларга осонроқ. Ҳозирги замон фани, одатда, фантаст ёзувчиларнинг қўл-оёғини боғламайди, уларнинг боши узра ҳеч қанақа физика қонунлари, математика ва ҳоказо қонунлар муаллақ туриб халақит бермайди. Улар хаёлларининг жиловларини қўйиб юбориб, бемалол хаёл сураверадилар. Ҳеч кимнинг уларни сўкишга ҳаққи йўқ, чунки уларнинг фантаст ёзувчи сифатидаги вазифасининг ўзи шу — улар ҳар хил ғаройиб воқеаларни, ақл бовар қилмайдиган можароларни ўйлаб топмоқлари керак. Қани, сиз унга “ҳай, бефаросат, сен нима балоларни ёздинг?” деб таъна қилиб кўринг-чи? “Мен, ахир, фантастман, хаёлотимни ишга солдим, холос” деб жавоб беради сизга. Борди-ю, олим хаёлотини ишга солиб, шунга ўхшаган бирон нарсани ўйлаб чиқарса, у тентакдан ўзга эмас.
Французларнинг фантаст ёзувчиси Жюль Верн келажакни жуда чуқур ҳис қилар эди. Йўқ, тафсилотларда эмас — у масалада, у ҳам анча-мунча чалкашликларга йўл қўйган. Бироқ сирасини айтганда, у аллақандай ўнинчи сезгиси билан илм-фан ривожининг йўналишини ҳис қилган ва шунга мувофиқ чиндан-да амалда рўй берган нарсаларнинг анча-мунчасини тусмоллаб билган. Бу маънода у, албатта, нималар бўлишини тасвирлашга уриниб кўрмаган фантаст ёзувчилардан эмас, қандайдир ғаройиб нарсалар билан китобхонни ҳанг-манг қилишга, лол қолдиришга уринган фантаст ёзувчилардан анча юқори турган.
Жюль Верн техника масаласида саводли одам эди, у хаёл сурар экан, очиқ-ойдин кўриниб турган бемаъни нарсани ҳақиқатда содир бўлиши мумкин бўлган нарсадан ажратиб ташлашни билар эди ва умуман олганда, анча-мунча нарсани олдиндан тўғри кўра олди. Табиийки, олим сифатида эмас, айтайлик, техника ривожини нозик ҳис қиладиган ёзувчи сифатида кўра олди. Гарчи у ёки бу романни қандай ёзиш масаласида унинг режалари мавжуд бўлган бўлса-да, унинг ўзи ҳеч нарса қилишни хоҳламай — на жаҳон бўйлаб саёҳат қилмай, на Ойга учишни истамай, ҳаммасини миясидан тўқиб чиқара қолди. Сайёралараро учадиган кеманинг лойиҳасини ҳатто ёзувчи ҳам чизиб олмоғи керак, акс ҳолда у ҳар қадамда адашиб кетаверади. Кеманинг қандай ҳаракат қилишини ёзувчи жуда аниқ тасаввур қилиши керак, шундагина ҳамма нарса мантиққа эга бўлади, лекин у ҳеч нарсани ўзи ишлаб чиқмоғи керак эмас. Жюль Верн ҳеч нарсани ўзи ишлаб чиққан ҳам эмас.
Таниқли олим, ракета техникаси ва космонавтиканинг кашшофи Герман Оберт эса, аксинча, ҳаммасини ўзи ишлаб чиққан, у дунёда амалга ошириш мумкин бўлмаган ҳеч нарса йўқ деб ҳисоблаган, “фақат шундай воситани топмоқ керакки, унинг ёрдамида ўша нарсани амалга ошириш мумкин бўлсин”. Оберт аввалига ракеталарни қоғозда чизиб, ишлаб чиқишга ҳаракат қилди, кейин уларни қуришга киришди. Жюль Верн ҳеч нарса қургани йўқ, ҳеч қандай тажрибалар ўтказмади, Оберт эса тажрибалар ўтказди, қурди ва ҳоказо. Яъни улар ҳар хил тоифадаги одамлар эди. Оберт олим тире инженер эди, Жюль Верн эса олим тире ёзувчи эди. Бу мисол орзу, илм ва воқеликнинг ҳар доимги бир-бири билан чатишиб кетишининг мисолидир. Бу тўғрида ўз вақтида Циолковский ҳам ёзган эди. Циолковский илмдаги мураккаб сиймолардан биридир. Болалигида у оғир хасталикни бошидан кечирган, бу хасталик менимча қизилча эди. Хасталик туфайли қулоғи бир умрга шикастланиб қолди, шунинг учун жуда одамови бўлган. Аммо хаёлот қуввати жуда юксак бўлган ва шу сабабдан — тўғрими-йўқми — бу бошқа масала — техника соҳасида ва шу жумладан, ракета техникаси соҳасида ҳам жуда кўп нарсани ўйлаб топган.
Ҳозир тўсатдан шундай бир нуқтаи назар пайдо бўлдики, баъзи бир олимлар уни қаттиқ ҳимоя қилмоқдалар. Бу нуқтаи назарга кўра, Циолковский анча-мунча ясама сиймо, яъни у кўп иш қилишга қилган-у, лекин қилганлари унчалик аҳамиятли эмас, совет давлати ва совет тарғиботи манфаатлари йўлида уни кўтариб осмонга чиқариб қўйишди, шундан кейин у катта роль ўйнай бошлади, аслида эса агар жиддий гапирадиган бўлсак, унинг илмда ҳеч қандай ўрни йўқ эди.
Бу бир томонлама нуқтаи назар, уни ўзининг асарларида олдинга суриб, жон-жаҳди билан ёқлайдиган одам Циолковский илмий қўмитасининг собиқ котиби. Бу одам Циолковскийнинг ижодини мукаммал ўрганиб чиққан ва ўз вақтида унга ҳайкал ўрнатиш учун кўп ҳаракат қилган. Мен уни ҳақ ёки ноҳақ деяётганим йўқ. Мен унинг қандай хулосага келганини шунчаки айтиб беряпман, холос. Циолковский пуфлаб шиширилган сиймо.
Қай бир даражада Циолковскийни бу даражада юқори кўтарганлари, эҳтимол, адолатдан эмасдир. У улуғ олим эмас, у оддий олим, ўзига хос ажойиб одам, ракета техникасини ривожлантириш йўлида катта хизматлари бор, аммо ёзганларининг ичида кишида шубҳа туғдирадиганлари ҳам кўп. Мураккаб сиймо, лекин унинг илмда ўрни йўқ, дейиш ҳам адолатдан эмас.
Орзу, илм-фан ва воқеликнинг бир-бирига дахлдорлиги мавзуига қайтар эканман, шундай бир фикрни таъкидлайман: Циолковский, “аввал орзу юради, кейин унга ишлов берилади, шундан сўнг амалга оширилади”, — деб ёзган эди. Уч босқич. Бу фикр унчалик янги фикр эмас, деярлик ҳамма олимлар шунақа дейишади. Мен воқеликдан бошлашни афзал кўраман, шунинг учун масалани бундай қўяман: воқелик, илм-фан, орзу. Аммо кимдир баъзан нореал нарса билан ҳам шуғулланади. Бу одам мен ҳам бўлишим мумкин, сиз ҳам бўлишингиз мумкин, баъзи бир ҳолларда эса бу одам, мисол учун айтганда, Сергей Павлович Королев эди.
Ёшлик чоғларимизда биз планеризмга қизиқар эдик ва Қримга, Коктебелга борардик, унинг ям-яшил адирларида ўз моделларимизни синовдан ўтказар эдик. Эсимда — Сергей Павловичнинг “Қизил Юлдуз” деб номланган планери ҳаммамизни лол қолдирган эди. Бу планер планеризмнинг ривожланиши нуқтаи назаридан қараганда мутлақо ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас эди, лекин… Олий пилотажга қобил эди. “Қизил юлдуз” — ҳозирга қадар олий пилотажга қодир — ягона планердир. Ҳаммамиз ҳайрон эдик — нечук? Королевга эса айни шу нарса ёқарди, у бутун умри давомида жаҳонни ҳайрон қолдиришни истаган, олимларни, муҳандисларни, бирга ишлайдиган ҳамкасбларини лол қолдиришни истаган. Ахир, ўзингиз инсоф билан айтинг — олий пилотажга ярайдиган планернинг кимга кераги бор? Ана шунақа— ҳеч кимга кераги йўқ орзу ҳам бўлиши мумкин. Лекин Сергей Павловичнинг жуда кўп реал ғоялари ҳаётда рўёбга чиқди ва катта қудрат билан ўзимизда ва жаҳонда космонавтикани олға силжитди.
Менинг “Бадхоҳ фикрлар” деган мақолам босилиб чиққандан кейин менга тез-тез шундай савол билан мурожаат қилиб туришади: илмий тадқиқотларнинг натижалари — бу ўринда гап яна физика тўғрисида бормоқда — қай бир дақиқада ижобийдан салбийга айланиб қолмайдими? Йўқ, айланиб қолмайди, лекин фаросатсизлик оқибатида айланиб қолиши ҳам мумкин: ахир, тош асридан бери инсоннинг миясида ҳеч нарса ўзгаргани йўқ, эндиликда эса даҳшатли ҳодисалар содир бўлмоқда — ақли тош асрининг одаминикидан ортиқ бўлмаган одамнинг қўлига ақл бовар қилмайдиган қудратни бериб қўйишмоқда.
Онгли равишда ҳеч ким кулли оламнинг фалокатга учрашини истамайди. Лекин шунга қарамай атом бомбаси ясалди ва портлатилди. Албатта, бу бомбанинг муаллифлари бўлмиш олимлар иш жараёнида илмий вазифаларни бажаришга қизиқиб кетишган, улар бу ишнинг маънавий-ахлоқий оқибатларини ўйламаганлар, балки тахминан қуйидаги тарзда мулоҳаза юритган бўлсалар керак: бирон-бир жойда бу бомба портлайди-ю, дунё даҳшатга тушади, душманлар таслим бўлади. Агар портлатилмаса, бомба қилишнинг нима кераги бор эди? Аҳмоқлик-ку!
Бомба Хиросима устида портлагани учун фан айбдор эмас, бунга фаннинг дахли йўқ — ахлоқ конкрет олимда бўлиши мумкин, фан эса ахлоқий категорияга кирмайди — мен ахлоқий фанларни эмас, физика, химияни назарда тутяпман — фан ҳеч қанақа эмас — билмадим — бунга таассуф қилмоқ керакми ёки бахтимизга шундайми? Мисол учун бундай бир ҳодисани олайлик — жисмлар иситганда кенгаяди. Шу ҳодиса ахлоқданми ёхуд ғайриахлоқийми? Масалани шу тарзда қўйиш бемаънилик-ку! Мисолимиз анча қўпол, лекин ҳар бир одамга тушунарли. Кўп ҳолларда эса фан айни шунақа вазифалар билан шуғулланади — у жисмларни иситганда кенгайишини тадқиқ қилади. Ёки шунга ўхшаш ҳодисаларни ўрганади.
Яна бир мисол. Биз “Мир” космик станциясини чўктириб юбориш тўғрисида қарор қабул қилдик. Бу нима — маънавият масаласими? Йўқ, молиявий масала, фақат молиявий масала. “Мир”га жуда катта миқдорда илмий ғоялар, меҳнат, пул сарфланган, эндиликда эса сарфлагани маблағ йўқ. Чўктириш керакми? Бу ечим очиқ-ойдин кўриниб турган ечим эмас. Бу ишда “етти ўлчаб, бир кес” деган мақол жуда ўринли бўлади. Бунинг устига-устак, янги байналмилал дастурда бизнинг мамлакатимиз муносиб ўрин эгаллайдими-йўқми — ҳанузга қадар бу равшан эмас. Халқаро станция янада баркамолроқ бўлади, чунки уни орбитага олиб чиқишда “Мир” станциясининг улкан тажрибаси ҳисобга олинади. Лекин, барибир, одам ачинади…
Вақт-соати келиб, “Мир”нинг умри тамом бўлади деб олдиндан айтиб бериш мумкинми? Албатта. Совет Иттифоқидай қудратли давлатнинг вайрон бўлишини ва биз ҳаммамиз киссамизда ҳемирисиз қолажагимизни башорат қилиш мумкинмиди? Билмадим. Бунинг фанга бевосита дахлдорлиги йўқ. Бевосита алоқаси бор. У башорат қилинадиган ҳодисалар сирасига кирмайди…
Леонид Леоновнинг ёзилмаган таржимаи ҳоли
У йилларда мен ҳали Королев фирмасида ишлар эдим. Ўзининг яқин ходимларини Сергей Павлович газеталарга тақсимлаб қўйган эди. Ҳар биримиз муайян матбуот органига бириктирилган бўлиб, фазога парвозлар тўғрисида ёхуд космик ишлар соҳасидаги баъзи бир можароли вазиятлар ҳақида турли-туман “олди-қочдилар”сиз ишонарли ахборотлар бериб турмоғимиз керак эди. Королевнинг ўзи “Правда” газетасини олди. Бу газетада у “профессор Сергеев” тахаллуси остида материаллар эълон қилиб турарди. Нима учунлигини билмайман-у мени “Известия” газетасига бириктириб қўйди. Худди шу тариқа мен Евгения Николаевна Манучарова билан танишдим. Манучарова фан бўлимининг етакчи мухбири бўлиб, ўша кезларда космос масалалари билан шуғулланарди — “Известия”да сунъий йўлдошлар ва ракеталар учирилишини ёритар, шу муносабат билан тез-тез менга қўнғироқ қилиб турарди. Одатда, биз у билан Фанлар академиясининг мажлисларида учрашиб турардик, мухтасар қилиб айтганда, бир-биримиз билан яқиндан мулоқотда бўлиб ишлашардик.
Ана шундай мажлислардан бирида Евгения Николаевна мендан “Истасангиз, Леонов билан таништириб қўяй?” деб сўради. “Қанақа Леонов билан?”— деб сўрадим мен. (Леонов деганлари истаган одам бўлиши мумкин эди, ҳатто космонавтлар орасида ҳам Леонов бор эди, бу фамилия жуда кенг тарқалган.) “Ёзувчи Леонид Леонов билан”. “А-а, — дедим мен мужмалроқ оҳангда. — Майли”. Евгения Николаевна чиндан ҳам мени Леонид Максимовичнинг ёнига бошлаб борди ва бизни, албатта, расман таништириб қўйди. У менинг тўғримда, табиийки, ҳеч нарса билмас эди, мен бўлсам — ҳар қанча уят бўлса-да, айтаман — унинг тўғрисида янада камроқ билардим. Мен унинг кўпгина асарларини ўқиган эмасдим ва умуман, совет адабиётига кам қизиқар эдим. Ҳарҳолда, нима бўлганда ҳам, биз ўша куни танишиб олдик.
Айтмоғим керакки, Фанлар академиясида анча вақтдан бери бир анъана бор — йирик ёзувчилар Академияга аъзо қилиб сайланадилар. “Нафис адабиёт” соҳаси академия қошида1899 йилнинг апрелида Пушкин таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан таъсис этилган эди. Академияга биринчи сайланганлар Лев Толстой, Чехов, Владимир Галактионович Короленко ва шоир А.М.Жемчужниковлар эди. 1902 йилда нафис адабиёт бўйича фахрий академиклар қилиб Максим Горький ва драматург А.В. Сухово-Кабилинлар сайланди. Горькийнинг сайлангани ҳақидаги ахборот устига подшо Николай II “Жуда ғаройиб-ку!” деб ёзиб қўйган. Шундан сўнг академиянинг президенти улуғ князь Константин Константиновичга Горькийнинг сайлангани нотўғри бўлгани тўғрисида академия номидан баёнот эълон қилиш топширилган. Баёнотда ёзувчи сиёсий айблов билан иши терговда бўлгани ва академия бундан бехабар бўлгани рўкач қилинмоғи керак эди. Иккита академик — Короленко билан Чехов дарҳол бунга норозилик билдириб, зиммаларидаги академик унвонини соқит қилдилар ва намойишкорона тарзда академиядан чиқдилар. Ҳозирги Россия Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт бўлими ташкил қилинганда унинг мавжудлиги замирига ана шундай анъаналар қўйилган эди — унинг таркибида адабиёт билимдонлари — адабиётшунослар билан бир қаторда атоқли тирик ёзувчи ҳам бўлмоғи керак эди. Ҳамиша шунақа муносиб одамни излашганки, бу одам академиянинг юзини ерга қаратмаслиги керак эди. Шунда Леонид Леоновнинг номзоди тўғри келади деган қарор қабул қилишган. Қарор мен томонимдан қабул қилинмагани ўз-ўзидан равшан бўлса керак. Леонид Леоновни ҳамма тан олганди ва уни сайловдан ўтади деб ҳисоблашарди. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлиб чиқди. У СССР Фанлар академиясига сайланганида етмиш учга тўлиб, етмиш тўртга кетаётган эди.
Қандай қилиб ва нима учун биз у билан яқинлашиб қолганимиз ҳозир эсимда йўқ. Аввалига муносабатларимиз одатдаги гаплардан нари ўтгани йўқ: “Салом-алайкум!”, “Яхшимисиз?”, “Бугун чой қалай?”, “Дамланиши чакки эмас”. Кейинроқ иккита масалада мулоқот қила бошладик. Биринчиси — Оламнинг тузилиши, космогония масалалари. Леоновни Катта Портлаш масаласи ҳаддан зиёд қизиқтирар эди. Ана шу Катта Портлашдан кейин бизнинг Коинотимиз вужудга келган. Бинобарин, Коинот мангу мавжуд бўлган эмас, балки у шу тариқа яратилган. Бу уни жуда ҳам жунбушга келтирди, негаки, у оламнинг яратилиши ғоясини биз олимлар каби қўпол математик тарзда эмас, ёзувчи сифатида поэтик тарзда қабул қиларди. Бу бизнинг мулоқотимизнинг бир жиҳати эди, мен уни астрономик жиҳат деб атаган бўлардим. У бу мавзуда мулоҳаза юритишни, мен билан баҳс қилишни яхши кўрарди. Масалан, у шундай дерди: “Буниси қандоқ бўлди? Ёруғлик тезлигидан ошиб кетадиган тезликнинг бўлиши мумкин эмас! Йўқ, бу ўринда сизнинг фанингизда қандайдир бежоғлик бор!” Унинг ўз физик назариялари бор эди, лекин улар одатда, нотўғри бўларди. У ёзувчи сифатида ҳаммавақт физика қонунларини ўзгартиришни истарди, шу сабабдан орамизда фан учун бефойда гаплар кўп бўларди, лекин улар моҳиятан жуда қизиқарли бўларди. Мен адабиёт дунёсининг эмас, бошқа дунёнинг вакили эдим ва айни шу сифатим Леонов учун ғоятда қизиқарли эди.
Мулоқотимизнинг иккинчи жиҳати эса, ҳар қанча ғалати туюлмасин, художўйлик ва диний масалалар билан боғлиқ эди. Леонов мени диний масалаларнинг билимдони деб ҳисобларди. Мен уни эмас, у мени шундай деб биларди! Тўғри, бу пайтга келганда менинг бир қатор китобларим чиққан эдики, уларда гап қадимги рус рассомлиги ҳақида, жумладан, иконалар санъати тўғрисида борар эди. Иконалар ва нафақат улар, балки мумтоз рассомликнинг ҳаммаси кўп жиҳатдан инжил сюжетларига асосланган, бинобарин, руҳоният масалалари билан жиддийроқ шуғулланмасдан туриб, уларни тушуниб бўлмайди. Шунинг учун мен диний масалаларга бағишланган рисолаларга шўнғиб кетдим ва бу соҳада бир нечта асарлар эълон қилдим. Улар Руснинг чўқинтирилишининг 1000 йиллигига, Муқаддас Учликка ва диншуносликда иконаларга сиғиниш масалаларига бағишланган эди. Мен Диний академиянинг ректори билан яхши таниш эдим, у менга маслаҳатлари билан ёрдам бериб турарди.
Леонид Максимович бундан хабардор эди, шунинг учун у менинг уйимга тез-тез қўнғироқ қилиб, ҳар хил нарсаларни сўраб турарди. Масалан, у “Фалон роҳиб фалон-фалон ишни қилса, дьякон эса фалондай-фалондай ишларни қилса, нима деб ўйлайсиз — шундай бўлиши мумкинми?” Бу гаплар унга “Пирамида” романи учун зарур эди, ўша кезларда у бу роман устида ғайрат билан ишламоқда эди. “Улар шу гапларни айтиши мумкинми? Ёки бунақа гап бемаънилик бўладими?” Мен унга жавоб берардим: “Фалон ва фалон сабабларга кўра бу гаплар сира ҳам тўғри келмайди!” Ёки аксинча, “Жуда яхши бўлади-да!” дердим. “Мана бундай бўлса-чи?” “Ўйлаб кўриш керак”, — дердим.
Хуллас, биз у билан телефон орқали жуда кўп масалаларни муҳокама қилар эдик, лекин бу масалаларнинг бадиий моҳиятига тақалмасдик. Мен унга анъанавий православие қандай масалаларга йўл қўяди-ю, қандай масалаларга йўл қўймайди деган муаммоларда маслаҳатлар бериб турардим, негаки, унинг “Пирамида” асарининг қаҳрамони роҳиб, иштирокчилари эса шайтон, фаришта ва ҳоказолар эди, яъни у бу масалаларнинг ҳаммасини беш қўлидай жуда чуқур билмоғи талаб қилинарди, лекин унинг бу соҳадаги билимлари саёзроқ эди. Ҳатто мазаси йўқ десам ҳам бўлади. Бунга мен жуда ҳайрон бўлардим. Эҳтимол, у бу ишни амалда яхши билар, масалан, айтайлик, черковга борганда ўзини қандай тутиш кераклигидан яхши хабардор бўлган бўлиши мумкин. У ҳар гал черковга кириш олдидан чўқинар ва таъзим қиларди. Унинг бу ишини кўриб, мен ийиб кетардим. Аммо бундан нозикроқ нарсаларнинг, жумладан, назарий масалаларнинг унга черковга ибодат қилгани келганида унча зарурлиги йўқ эди, бироқ роман устида ишлаганда буларнинг барини билмасликнинг иложи йўқ эди.
Мана шу ички соҳадан ташқари у қуйидаги тарзда ҳам мендан “фойдаланган”. Унинг Троицк Лавра монастирига жуда ҳам боргиси келарди. Аммо Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси сифатида, яна бунинг устига, уюшманинг котибларидан бири бўлатуриб унинг у ерга бориши анча ноқулай эди. Бундан ташқари унинг бунақа жойларга бориш-бормаслигидан жуда қаттиқ кўз-қулоқ бўлиб туришарди. Очиғини айтганда, унинг бу ерга ёлғиз боришга ҳаққи ҳам йўқ эди. Ахир, “нима дейсан — атоқли ёзувчи Леонид Леонов монастирга борипти”, деган гап дарров оламга тарқарди. Бу жуда ёмон ҳол эди, лекин нима бўлганда ҳам ўша йилларда бунинг иложи йўқ эди. Шундай қилса, аҳволи вой бўларди. Мен билан борадиган бўлса, жуда қулай эди, чунки мен Сергиев Посадга — ўша пайтда Загорск деб аталган жойга тез-тез бориб турардим, менинг бошлиқларим бунга панжа орасидан қарашарди, ишлари йўқ эди, чунки мен ракеталар билан шуғулланардим, мафкуравий соҳанинг ходими эмас эдим. Шунақа қилиб, Леонов менга “қўшилиб” олди — у ерга расман мен бораман, Леонов бўлса бамисоли менга ҳамроҳ бўлиб борарди, гўё менинг “мулозимим”дай. Бу гап кулгили эшитилади, лекин амалда биз иккимиз худди шу тариқа қатнар эдик — мен-у, мен билан бирга яна аллақандай, кимлиги ҳеч кимга маълум бўлмаган бир шахс. Биз Лаврага келганимизда ибодатхонага кираётганимизда ёхуд ундан чиқаётганимизда Леонов кишибилмас қилиб чўқиниб оларди, чўқинишни канда қилмасди. Шу йўл билан у бу ишга нақадар катта эҳтироми борлигини намойиш қиларди. Менга қолса бундай қилиш унга шавкат бағишлар эди.
Мен ҳамиша Руҳоният академиясидагиларни Леонов билан бирга боришим тўғрисида огоҳлантириб қўярдим ва бизнинг иззатимизни жойига қўйиб, ҳашамат билан кутиб олишарди. Бунинг боиси шуки, мен бу ерга тез-тез келиб турардим, яна бир бора такрорлайман — бу пайтга келиб, мен икона санъати, иконага сиғиниш масалалари билан, шунингдек, бошқа диний муаммолар билан жиддий шуғуллана бошлаган эдим, шу важдан нафақат академиянинг ректори билан, балки унинг ёрдамчилари билан ҳам жуда иноқлашиб кетгандим. Лекин улар менга шунақа ажойиб одам бўлганим учун илтифот кўрсатишмас эди, балки шунинг учун яхши муомала қилишардики, биронта ҳам нормал совет олими гап тегиб, обрўйи тўкилиб қолишидан қўрқиб, бу ерга келмас эди. Мен эсам айнаган, бемаза олим эдим, бунақа нарсадан қўрқмас эдим, шунинг учун қўрқмас эдимки, мафкура соҳасида хизмат қилмас эдим, иккинчидан эса, мен аллақачон ҳаётнинг анча-мунча заҳар-заққумларини кўриб улгургандим ва қамоқхонада ўтиришдан ортиқ қўрқмай қолгандим. Бундан ташқари, бизнинг ракетчиларимиз учун мен Лаврига бораманми-йўқми — мутлақо фарқсиз эди, энг муҳими — ракеталар учса бўлгани эди. Шунинг учун ҳам мен мустақил одам эдим, бировнинг олдида бўйин эгиб туришим шарт эмас эди, ҳеч кимга ҳисоб бермас эдим. Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси эса бошқа гап — бунақа жойга сафар қиладиган бўлса — барча мансаб-у лавозимларидан маҳрум бўлиб қолиши ҳеч гап эмас эди. Шунинг учун ҳам Леонов мен билан бирга борарди — биров гап қиладиган бўлса, “ҳа, энди академик кетаётган экан, мен ҳам тасодифан унга қўшилиб қолдим” деб баҳона кўрсатиши мумкин эди. Буларнинг бари ҳозир кулгили кўринади, лекин ўша пайтларда чиндан ҳам авҳол шунақа эди.
Лавра аҳли таниқли ёзувчининг бу ерга келиб туришидан ўзида йўқ хурсанд бўлишарди, мени бўлса, улар унчалик ҳам назарга илаверишмас эдилар, ҳа, энди ўзимизнинг эски таниш, бир довдир одам, ракеталарга дахли бор, келиб-кетиб туради-да, деб қарашарди. Бунақа одамнинг келиб туриши черков учун унча ҳам аҳамиятга эга эмас, машҳур ёзувчи бўлса, бутунлай бошқа гап… Леоновни жуда ҳам иззат-икром билан кутиб олишарди, бизни жуда пазандалик билан тайёрланган таомлар билан сийлашарди, кейин биз Руҳоният академиясининг ректори хонасида соатлаб ўтирар, черков музейини томоша қилар, музейдан чиқиб, ҳатто кўчага ҳам чиқмасдан тўғри ректорнинг хусусий уйига ўтардик ва унинг туриш-турмуши билан танишардик.
Ўша пайтларда ректор Александр эди. Унга қадар Филарет ундан кейин яна кимдир ректор бўлганди. Мен бу жойга кўп йиллар мобайнида бориб турганман, мен бориб турган кезларда академия ректорлари алмашиб турарди, бироқ уларни ёмон ишлаганлари учун алмаштирмас эдилар, аксинча, яхши ишлаганлари учун уларни кўтаришарди. Руҳоният академиясининг ректори одатда архимандрит бўларди, бу — юксак лавозим эди, лекин ҳарҳолда, епископ эмас эди. Бизга тушунарлироқ тилда гапирадиган бўлсак, ректор “генерал” эмас эди, балки полковник унвонида бўларди, десак мумкин. У пишиб, чиниқиб, генерал унвонини оладиган даражага етганда, унга академияни тарк этишга тўғри келарди. Бундан мақсад — епархияни олиш бўларди, чунки епархияда ишлабгина у епископ мансабини эгаллаши мумкин эди. Александрни жануб томонга, аллақаерга жўнатиб юборишди ва мен уни йўқотиб қўйдим. Филарет эса академия ректорлигидан кейин ҳозир Белоруссиянинг митрополити бўлди.
Уларнинг орасида яна бир руҳоний хизмат қилар эди.Бу одам жуда ишнинг кўзини биладиган одам эди. Ҳозир аниқ эсимда йўқ — у ректормиди ёки ректоратда бошқа бирон лавозимда ишлармиди? Шу одам юксак мансабни эгаллаш учун Жанубий Америкадаги руслар яшайдиган бир жойда епископ бўлишга рози бўлди. Аммо у ернинг иқлими унга тўғри келмади, хаста юраги бу иқлимга дош беролмади ва кўп ўтмай, у Россияга қайтиб, шу ерда епископлик қила бошлади. Тўғри, марказий губерналарда эмас, овлоқ жойларда.
Хуллас, гапнинг индаллосини айтганда, Руҳият академиясидаги амалдорларнинг кўтарилишлари ва силжишлари кўп ҳолларда менинг кўз ўнгимда содир бўларди, мен бу силжишларда гувоҳ сифатида бавосита иштирок этардим. Бундай силжишлар ва кўтарилишларнинг бир қанчасида ғайриихтиёрий равишда “бехосдан” менинг ҳамроҳим бўлиб қоладиган Леонид Леонов ҳам шоҳид сифатида бир неча марта иштирок этди. У ҳамон зарур бўлиб қолган ҳолларда мени рўкач қиларди — академик Раушенбах билан бирга эдим, тасодифан Лаврага бориб қолдик деб баҳона қиларди.
Леоновни ибодатхонанинг ички ҳаёти қизиқтирар эди, бунинг ажабланадиган жойи йўқ, чунки Черковнинг ички ҳаёти ҳар қандай православ одамни ҳам қизиқтирарди. Лекин уни ҳамма нарса ижод учун материал сифатида қизиқтирарди, у бу ҳаётни кўришни, уни кузатишни, у тўғрида гапиришни истарди. У қандайдир фойдали маслаҳатлар олган ҳам бўлиши мумкин, чунки яхши эсимда — у епископдан “фалонни фалондай қилса бўлармикин?” деб сўрарди. Епископ эса унга бир оз таъна оҳангида “қўйинг-е, нима деяпсиз, бундай бўлиши мумкин эмас, чунки бунинг фалон-фалон сабаблари бор” деб жавоб беради.
Унинг черков ходимларига хос саводсизлиги Леонид Максимовичга малол келарди, у романда (ўша “Пирамида” романида) художўйлик масалаларида ёхуд черков билан боғлиқ бошқа бирор масалада бирон бемаъни гап ўтиб кетишини истамас эди. Кейинчалик бирон роҳиб романни ўқиб, “Нима бало, жинни-пинни бўлганми ёзувчи? Шунақа ҳам бўлар эканми?” деб юрмасин, дерди. Ёзувчи айни ана шундан хавотир оларди, у ибодатхона ҳаётини ичидан яхши билмас эди, унинг ҳамма нозик томонларига ўзи етиб боролмасди. Бу нозикликларнинг бир қисмини у қўнғироқ қилиб мендан билиб оларди, айниқса, оламнинг тузилиши масалаларини ва ибодатхонанинг ички тартиб-қоидаларини кўп суриштирарди. Бундан ташқари, табиийки, ибодатхона билан бевосита алоқа қилганида янада кўпроқ нарсаларни билиб оларди. Айниқса, шунчаки оддий роҳиблар билан эмас, Руҳоният академиясининг профессорлари билан мулоқотдан у кўп нарса оларди. Уларнинг савияси жуда юқори эди-да! Шунга қарамай, у ҳамиша менга “жуда кам қўнғироқ қиласан, меникига тез-тез бериб турмайсан” деб таъна қилгани қилган эди.
Ўша пайтларда мен ўзимнинг ишим билан ҳаддан зиёд банд эдим, одамларникига бориб тургани вақт йўқ эди. Ҳозир эса бориб турмаганимга афсусланаман, чунки жуда кўп қизиқарли нарсалардан қуруқ қолдим, ундан кўп нарсани билолмай қолдим. Масалан, бир воқеа эсимда: унинг “Скутаревский” деган романидаги бир ибора миямга ўрнашиб қолди. Романда ака укасига илм-фан қалбимиз билган нарсаларнигина кашф этади, — деган гапни айтади. Ғоятда нозик кузатиш, бу тўғрида батафсилроқ гурунглашиб олмоқ керак эди, аммо… яна бир нарса эсимда — унинг яна бир мулоҳазаси мени лол қолдирган эди. У ҳар бир одамнинг иккита биографияси борга ўхшайди, буларнинг бири — унинг амалдаги биографияси — мансаби, оиласи, дала ҳовлиси, машинаси, квартираси, хизмат пиллапояларидан кўтарилиши, иккинчиси эса унинг ёзилмаган биографиясидир. Ана шундай ёзилмаган биографиялар ҳаммада бор. Менинг тушунишимча, бу биографиясини одам ўз ичида, хаёлан яшайди, аммо бир қатор сабабларга кўра уни воқеликда чиндан яшаб ўтолмайди. Бу мулоҳаза менга жуда маъқул тушди. Албатта, агарда мен ақл бовар қилмайдиган даражада ишим билан банд бўлмаганимда эди, мен у билан тез-тез мулоқотда бўлиб турардим, бироқ имкон йўқ эди — мен Москванинг бир чеккасида яшар эдим, у бўлса шаҳар марказида, Никита дарвозаси деган жойда турарди, дала ҳовлиси эса Переделкинода эди. Яъни йўли узоқ, уникига етиб боргунча, олам-жаҳон вақт кетади, айниқса, қайтиб келиши янада мушкулроқ эди. Менинг бўлса, сира-сира бўш вақтим йўқ эди. Биз камдан-кам мулоқотда бўлишга мажбур эдик. Ҳолбуки, Леонид Максимович жон-дилидан тез-тез учрашиб туришга интиларди.
Икковимизда ҳам бир-биримиз билан кўришишга ана шунақа иштиёқ бўлгани сабабли, ҳар қанақа тўсиқларга қарамай, йилига бир неча марта учрашмоққа муваффақ бўлардик. Бу тўсиқлар мафкуравий эмас, маиший, кундалик турмуш тўсиқлари эди. Учрашганда вақтимиз жуда мароқли суҳбатлар билан ўтарди, ёки Лаврага борардик ёхуд Переделкинога йўл олардик. Биз шаҳардан ташқари чиқадиган бўлсак, у ҳамиша “Мен сизни ўзим олиб бораман!” дерди ва биз борадиган манзилимизга электричкада эмас, машинада етиб олардик. Афтидан, бу машина унга Ёзувчилар уюшмасининг котиби сифатида хизмат қиладиган машина эди.
Унинг уйидаги шароити жуда оддий, хонаки шароит эди. Кишини ҳайрон қолдирадиган бирдан-бир нарса — ўсимликлар эди. Гуллар. Ҳатто шаҳардаги квартирасида ҳам. Гуллар билан кўкатлар жуда ажойиб эди. Тўғри, унинг асосий гулзори ёки гулхонаси дала ҳовлисида жойлашган эди. Бу тўғрида ҳамиша гап-сўз бўлиб турарди. У ашаддий гул ишқибози, эҳтиросли ўсимликшунос эди. Билмадим, уни бу соҳада профессионал деб аташ мумкинмиди-йўқмиди, лекин у жуда катта ҳаваскор эди. Шубҳа йўқки, эҳтимол, айни ана шу ҳаваскорлиги жуда муҳим эди. Бу масалада ундан жуда кўп нарса ўрганиш мумкин эди. Бунинг учун, албатта, мен гулчилик соҳасига қизиқмоғим керак эди. Лекин таассуфлар бўлсинки, бу соҳа мени мутлақо қизиқтирмас эди. Леонид Максимович менга Переделкинодаги машҳур гулхонасини ва кактуслар коллекциясини намойиш қилганида, бу мени унчалик қизиқтиргани йўқ. Ҳолбуки, Леонид Максимович ўзининг гулхонаси билан шунақа фахрланар эдики, қўяверасиз. У ердан ўсиб чиқадиган ҳар бир кўкатга алоҳида аҳамият берарди.
Эру хотин Леоновлар ҳеч қачон бизникига келишган эмас. Улар жуда камтарона ҳаёт кечиришар эди ва бизнинг уларни муносиб кутиб олишимизга ишончлари комил эмас эди. Менинг хотиним эса уларни номуносиб кутиб олишни истамасди. Ана шунақа вазият вужудга келган эди. Менинг хотиним Вера Михайловна адиб билан Тарих музейи орқали таниш эди. У музейда илмий ишлар бўйича директор лавозимида ишлар эди, Леонов эса музейда кўп ишлар ва қадимий рус ёдгорликларини сақлаш бўйича турли комиссияларнинг аъзоси эди. Шунинг учун биз у билан учрашганларимизда ҳар гал хотинимга саломлар йўллар эди.
Биз бир-биримизга жуда зарур бўлган ҳолларда қўнғироқ қилардик, яъни қўнғироқ қилганимизда: “Аҳволлар қалай? Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? Об-ҳаво нечук?” деганга ўхшаш гапларни гаплашмас эдик. Кўпинча у қўнғироқ қиларди, ҳар гал бирон жиддий масалада гап бошларди. “Менда бир савол бор: ёруғликнинг тезлигидан кўра каттароқ тезлик бўлиши мумкинми?” Мен бу иборани шунчаки бир мисол тариқасида келтирдим, лекин ёруғликнинг тезлиги нима сабабдандир уни чиндан-да, жуда қизиқтирарди. Менинг маслаҳатларимдан кейин у романида нималарнидир ўзгартирган бўлиши ҳам мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам, у “Пирамида” романини ёлчитиб, охирига етказмади. Аҳён-аҳёнда шикоят қилиб қоларди — бу машаққатли романни бутун умрим бўйи ёзяпман, унинг қаҳрамонларидан бири — шайтон, мен уни энг олий донолик эгаси сифатида кўрсатишни истардим, лекин бунинг иложи йўқ, чунки у Худога зид турадиган образ. Шунинг учун шайтоннинг мутакаббирлигини кўрсатмоқ мақсадида алоҳида нутқ тартибини ўйлаб топишга, унинг учун ўзига хос сўзлар тизимини қўллашга тўғри келади.
Айтмоқ керакки, Леонов ҳамиша сон-саноқсиз парчаларни гўё ягона бир тўқимага бирлаштиргандай бўларди. Менинг фикримча, баъзан у бунга муваффақ бўларди, баъзан эса бу иши кўнгилдагидек чиқмас эди. Аммо у жисмонан ёзиш жараёнига ғоятда эҳтиётлик билан авайлаб муносабатда бўларди, ҳамиша қўлда ёзарди, фикр қўл орқали қоғозга оқиб тушади деб ҳисобларди. Буларнинг барини у менга батафсил гапириб берарди. Шунга қараб ҳукм қилганда, у менга ишонарди. Лекин умуман олганда, ёзиш жараёнида ҳаммадан ва, айниқса, ёзувчи ошналаридан анчагина масофа нарида туришни афзал кўрарди. Унинг менга ишонмасликка ҳеч қанақа асоси йўқ эди, биринчидан, шунинг учунки, менинг ёзувчиларга ҳеч қанақа алоқам йўқ эди ва мен унга ҳатто тасодифий тарзда ҳам панд бериб қўёлмасдим. У ҳеч қанақа гап-сўз ёки ғийбатлар бўлиши мумкин эмаслигини яхши биларди. Иккинчидан, ҳар қандай одам каби у ҳам ичидаги гапларини биров билан дардлашгиси келарди. У мен билан шунақа масалаларда дардлашар эдики, бу масалаларда унга менинг фойдам тегиши мумкин эди. У менинг ақлим етмайдиган нарсаларни менга гапириб бериб ўтирмас эди, у мен аралашишим мумкин бўлган, фалони мундай, фалони мундай эмас, буниси яхши, буниси ёмон, бу тўғри, буниси нотўғри дейишим мумкин бўлган масалаларнигина менга айтар эди. Асардаги қаҳрамонлар бир-бирларига ишқ-муҳаббат изҳор қиладиган жойларини у менга гапирмас эди. Мен нима ҳам дея олардим бунақа масалаларда? Аммо масала дунёқарашга, астрономияга, физикага, ёруғлик тезлигининг ниҳоясига, коинот ибтидоларига бориб тақалган жойларда у мендан юз фоиз фойдаланар эди.
Афтидан, унда бунга ўхшаш ахборот манбалари анча-мунча бўлган бўлса керак, мен эса тор йўналишга эга бўлган ахборот берувчилардан биригина бўлган бўлсам керак. Ўз-ўзидан аёнки, биз ҳамма нарса тўғрисида гурунглашаверар эдик, албатта, аммо ахборот манбаи сифатида ва унинг ижодининг бавосита иштирокчиси сифатида мен алоҳида масалалар бўйича маслаҳатчи эдим. Биз у билан танишган йилларимизда адабий, бадиий ижод масалалари бўйича унга маслаҳатчининг кераги йўқ эди, у мутлақо ўзига ишонган ижодкор эди, у аллақачон ўнлаб китобларни эълон қилганди, у ҳайрон қоладиган даражада нафис санъаткор бўлиб, услуби шаклланиб етган эди, сўзни ҳам ниҳоят даражада нозик ҳис қиларди. Ҳатто муҳожир ёзувчилар ҳам унинг тилининг ниҳоятда нафислиги ва аниқлигини таъкидлашган, унда ноёб ва нодир ибораларнинг сероблигини айтишган. Кимдир ҳатто шундай деган эди: унинг жимжимадор тили қадимги рус кашталарини эслатади.
Ажабланарлими? Лоақал фамилияларни олиб кўрайлик: Грацианский, Шатаницкий, Вихров. Матн замиридаги маънога қаранг. Ёки мана бу иборага эътибор беринг: “Касбнинг далилланган ҳасратлари — уларнинг энг яхшилари энг ёмон оқибатлари билан боғланган”. Касбнинг далилланган ҳасратлари! Ахир, ҳозир биронта одам шундай деб ёза оладими? Ахир, ҳозир ёзувчилардан биронтаси метагалактика муаммоси билан жиддийроқ қизиқадими? Эҳтимол, шунинг учун Леоновнинг асарларини ҳозир шу қадар кам нашр қилишаётгандир? Эҳтимол, уни шу қадар эътиборсизлик билан ўқишаётгандир? Агар, умуман, ўқишаётган бўлса…
Албатта, “Пирамида” — менимча бу роман бошлаб бошқача аталган эди — бундан кўра таъсирчанроқ бўлади деб ният қилинган эди. Бироқ муаллиф тўсатдан бу роман устидаги ишини ўзи ўйлаганча қилиб тугатишга улгурмаслигини тушуниб қолди ва вафотидан бироз олдинроқ бегоналарнинг ёрдами билан (бу ёрдам ҳаммавақт ҳам ёзувчи ўйлаган мўлжалга тегаверган эмас) романни айрим-айрим парчалардан йиғиб, бир амаллаб чокларини кўринмайдиган қилиб, бир бутун ҳолга келтирган. Худди жарроҳ узилиб кетган бармоқни ўрнига қўйиб бўғинларни, терини, мускулларнигина эмас, энг майда қон томирларигача ҳаммасини бир-бирига улаб тикканидек, ёзувчи ҳам айрим-айрим бўлакларни бир-бирига тикиши керак. Шундай қилмаса, томирларда қон айланмайди ва бармоққа жон кирмайди. Бадиий асарда ҳам шундай бўлади. Аммо шунга қарамай, ҳарҳолда роман тугалланмай қолгандай таассурот туғилади. Бу асар Леонов ният қилган асар бўлмади. Романни адиб бошдан-оёқ ўзи ёзганида у, албатта, бошқача чиқар эди. Аммо ҳаммасидан ҳам умри тугаб қолган одамнинг хоҳиши устунлик қилиб қолди. У бутун умри давомида бу китобни ёзишни орзу қилиб келганди, у бу китобини ҳаётлик чоғида тугатмоғи керак эди, у шуни истарди, лекин улгурмади, ва лоақал бирон-бир даражада бўлса-да, ниҳоясига етказмоққа қарор қилди. Бу романнинг нашрдан чиқишини ҳамма кутган эди, аммо у босилиб чиққанда — асар Леоновнинг ҳаётлигида нашрдан чиқди — уни ўқиганларнинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Ҳамма ҳанг-манг бўлиб қолди.
Албатта, бегоналарнинг аралашгани сезилиб турарди. Гарчи уларнинг ниятлари яхши бўлган бўлса-да, савия бошқача эди. Ахир, шундай ёзувчининг даражасига мос келадиган муҳаррир топилармиди? Шунинг учун “Пирамида”нинг тақдири ғалатироқ бўлди — бир қараганда роман бор эди-ю, бир қараганда, роман йўқ эди. Китобхонлар уни излаб юриб, ютоқиб ўқишаётгани йўқ, муҳокамалар бўлмаяпти, қайта нашр қилинмаяпти. Айниқса, бизнинг кунларда. Ахир, ҳозир китобхон асарнинг ич-ичига ё киришни истамайди, ё кираолмайди, унинг сўзларини шимиб, услубини кўриб лаззатланмайди, авторнинг фикрини шошмасдан ўзлаштирмайди, Леоновнинг ниятидан том маънода илҳомланмайди. Ҳозирги китобхонлар пейзажга, портретга, туйғулар жилосига, хуллас, рус адабиёти, рус классиклари жаҳон адабиётига туҳфа этган бойликларга мутлақо эътибор бермаган ҳолда асарнинг сюжетига кўз югуртириб чиққанлар, холос. Ҳозирги пайтда бу ҳатто урф ҳисобланади. Бир вақтлар менинг ёшлик пайтларимда чиройли ёзиш, саводнинг бекаму кўст, мукаммал бўлиши уят ҳисобланарди, чунки бу ёзувчининг пролетариат тоифасидан келиб чиқмаганидан далолат бериб турарди.
Замонлар бошқа. Тилнинг бойлиги тўғрисида, прозанинг ақл бовар қилмайдиган ранг-баранглиги, унинг услублари, нозикликлари тўғрисида деярлик ҳеч ким ўйламайди.
Бир бақувватгина ёзувчи ўтган эди. У гарчи улуғ ёзувчи бўлмаган бўлса-да, ўз вақтида одамлар ўртасида шуҳрати катта эди. Бу моҳир санъаткор Алексей Николаевич Толстой эди. Ҳозир уни ким эслайди? Ким унинг китобларини қидириб ўқияпти? Жуда нари борганда, телевизордан “Инженер Гариннинг гиперболоиди” ёки “Сарсон-саргардонликда”ни кўришади, холос. Горькийни умуман оёқ остига олиб, тепкилаб ташлашди. Ахир, бу адолатдан эмас-ку?! У яхши ёзувчи! Менимча, Пушкинни ҳам тепкилаб ташлашади. Уни тепкилаб ташлашнинг ҳожати ҳам йўқ, чунки у ҳозирги ёш авлоднинг ҳаётидан ўчириб ташланганга ўхшайди, чунки Пушкинни мактабда ўрганиш буткул расмий тус олган, бу мавзуга дастурда жуда кам ўрин ажратилган, фақат адабиётни жон-дилидан яхши кўрган беш-олтита фидойи ўқитувчи аёлларгина болаларни Пушкинни дастурдан ташқари ҳам асарларини ўқишга мажбур қилишади. Айтиш мумкинки, Пушкин ҳозирги ёш авлоднинг онгидан чиқиб кетяпти. Лермонтовни-ку, айтмаёқ қўя қолайлик. Шунинг учун “Пирамида”нинг қисматига умуман ҳайрон қолмаса ҳам бўлади, бу ҳол қай бир тарзда қонуний.
Менимча, бу романдан парчалар “Новый мир” журналида эълон қилинган эди, шу эълон қилинган парчалар, назаримда, романнинг охирги, узил-кесил матнига киритилмаган, ҳолбуки, менинг фикримча, улар анча қизиқарли эди. Ўйлайманки, романда қандайдир сюжет чизиқлари бор эдики, Леонид Максимович қолган умри мобайнида уларнинг уддасидан чиқишга ожизлик қилиб қолди.
Шу йўналишлардан бири Фариштанинг тарихидир. У аллақандай Димков сиймосида Ерга хизмат сафарига келади. Леонов буни жуда яхши ўйлаб топган. Айниқса, фанларни ўзлаштирмагани учун ўқув юртидан ҳайдалган талабага Фаришта қор устига бармоғи билан чизиб, коинотнинг қандай қурилганини ҳикоя қилиб берган саҳналар зўр чиққан. Энг қизиғи шундаки, адиб ҳикоя қилиб бераётганларининг ҳаммаси чинлиги учун кафолат беролмайман, негаки, талаба ўта бефаросат бир махлуққа ўхшайди, ундан ташқари коинот қурилишининг тасвири бармоқ билан қор устига чизилган, шунинг учун менинг ҳикоямда нималардир чалкашиб кетган бўлиши мумкин, дейди.
Леонов коинотнинг тузилиши ҳақидаги ўз тасаввурини асарда ифодалаб бермоғи керак эди, буни унинг ўзи ўйлаб топган эди. Бу ўйлаб топган нарсасини у ҳимоя қилмоғи зарур эди, негаки, бу тасаввури билан илмий қарашлар ўртасида зиддият мавжуд эди. Леонов “мен шундай деб ҳисоблайман!” дея чўрт кесиб қўя олмасди. Бу бемаънилик бўларди, у кулгига қоларди. Аммо буларнинг барини аллақандай бир кимса уқувсиз талабага ҳикоя қилиб бераётган бўлса, ҳикоя эса талабанинг тилидан баён қилинаётган бўлса, муаллиф ҳеч нарса учун масъул бўлмас эди, чунки бу ўринда талаба ҳамма нарсани чалкаштириб юбормоғи мумкин эди.
Самовий юксакликлардан хизмат сафарига юборилган шўрлик фаришта совқотиб қолади ва исиниб олиш учун планетарийга киради. Гап йўқ — бу ҳам муаллиф томонидан яхши топилган. Романнинг узил-кесил сўнгги вариантида бу эпизодни менга Леоновнинг ўзи айтиб берган тарзда ва кейинча эълон қилинган парчадаги шаклда топа олмадим. Бинобарин, романда қандайдир йўқотишлар бор. Менинг фикри ожизимча, романнинг биринчи бобини қолган ҳамма матндан ажратиб олиб ташлаш керак, шундай қилса, мустақил бир қисса ҳосил бўлади. Негаки, кейин содир бўладиган воқеаларнинг биринчи бобга ҳеч қанақа алоқаси йўқ, баъзи бир иштирокчилар орқали бавосита алоқалар зўр-базўр кўрсатилган, холос. Яъни бу иштирокчилар у ерда ҳам, бу ерда ҳам ҳаракат қилишади, лекин асосий иш масаласида бир-бири билан алоқага киришмайди.
Албатта, романда тасвирланган воқеа ва ҳодисаларни Леоновнинг ўзи кўрган, бошидан кечирган, улар тўғрисида эшитган бўлса керак. Берия Леонов тўғрисида “Мужмал одам!” деб бежиз айтмаган бўлса керак. Бўлмаса-чи! “Пирамида”да дьяконни мутлақо жонидан тўйдириб юборишади, турса ўпоқ, ўтирса сўпоқ бўлиб қолади, у шўрлик нима қилишини билмай, карахт бўлиб қолади, сўнг ўз ҳаётини, оиласини сақлаб қолиш учун дьяконлидан воз кечишга мажбур бўлади, воз кечганда ҳам элу юртнинг кўз ўнгида кечмоғи талаб қилинади. Воз кечади ҳам. Сўнгра у воз кечгани ҳақида маълумотнома олгани келади, унга маълумотнома қоғози йўқ, тамом бўлди, бошқа сафар келасиз дейишади. Бу дьяконнинг қалбида нималар содир бўлаётганини тасаввур қилса бўлади. Бир куни ундан эшитган “ялтоқланишга ёки ёлғон гапиришга тоқат йўқ” деган иборани ҳам тушунса бўлади. У кўпинча ўзи тўғрисида “ҳамиша шилтам чиқиб юради” деган гапни айтарди. Лоақал унинг ёшликда ёзган “Ўғри” деган асари бошига тушган воқеаларни эсланг. 30-йилларнинг охирида бу романни тақиқлаб қўйишди, кутубхоналардан йўқотилди, уни Сталин вафот этгандан кейингина қайта нашр қилишди. Кимдир 30-йилларда кўрган экан — бу роман саҳифаларига қизил қалам билан белгилар қўйилган ҳолда Сталиннинг столи устига ётган экан.
Ҳолбуки, Леонид Леонов таржимаи ҳолининг ташқи томони бир қарашда анча силлиқ эди. Леонид Максимович Ленин ва Сталин мукофотларининг лауреати эди, орденлари бор эди. Олий Советнинг депутати эди, асарлари кўп нашр этиларди, Ёзувчилар уюшмасининг раҳбариятида салмоқли ўринлардан бирини эгалларди, ҳаётлигидаёқ мумтоз ёзувчилар қаторидан ўрин олганди. Айни чоқда — “мужмал одам”, “ҳамиша шилтаси чиқиб юради”, “ялтоқланишга ёки ёлғон гапиришга тоқат йўқ”. Леоновнинг ўзи менга бир воқеани гапириб берганди — кишини лол қолдирадиган воқеа. Билмадим, ёзувчилар жамоатчилигининг бундан хабари борми-йўқми? Сталинга Леоновнинг “Унтиловек”, “Бўри”, “Половчан боғлари” деган пьесалари маъқул бўлмапти. Муаллиф, албатта, буни дарҳол ҳис қилди. “Бўри” ва “Половчан боғлари” тўғрисида ўша вақтларнинг қаричи билан ўлчаганда ўта шафқатсиз тақризлар эълон қилинди. Леонов унинг иши билан тегишли органлар шуғулланиши мумкинлигини ҳис қилган. Аллақандай номаълум белгиларга қараб, буни бошқа ёзувчилар ҳам пайқашган.
Ҳозир биз яхши биламиз — Фадеевнинг розилигисиз ёзувчи одамни қамамас эдилар, у пайтларда эса буни фақат тахмин қилиш мумкин эди, холос. Леоновнинг менга гапириб бергани шу бўлдики, у Фадеевдан ўзининг ишлари қай даражада ёмон эканини билмоқчи бўлган, ҳамма иш расво бўлиб бўлганми ёки сал-пал умид қилса бўладими? Фадеев уни уйига киритишга қўрққан. Леонов боғда турган-у, хўжайин ўз дала ҳовлисининг иккинчи қаватида туриб, у билан гаплашган. Кўпларнинг тасдиқлашича, балконнинг остида Леонид Максимовичнинг ўзи эмас, балки хотини турган эмиш, аммо у менга бу воқеани айнан шундай қилиб, яъни балкон тагида ўзи тургандай қилиб гапириб берганди. Афтидан, у санъаткор сифатида хотини кечирган хўрликни ўз зиммасига олган бўлиши ҳам мумкин.
Кейинчалик Леонид Максимович бу эпизодни “Рус ўрмони” романига киритиб юборган. Эсимда — шу эпизодни ўқир эканман, ҳар гал хаёлан кулиб қўярдим ва Леоновнинг гапини эслардим. У Фадеевнинг бу қилиғини айтар экан, бирор кимса уни шубҳали ҳамкасабаси билан шахсан мулоқотда бўлган деб айбламаслигини ўйлаган деган эди.
Кейинчалик эса Сталин Леоновнинг уйига қўнғироқ қилиб, “нима учундир мен анчадан бери сизнинг пьесаларингизни саҳнада кўрмадим” деган. Гўёки бу нарса Леоновга боғлиқдай. Кейин Леоновнинг менга айтиб берганига қараганда, шу заҳотиёқ ёзувчининг уйига келадиган ёзувчилар қалашиб кетипти. Табиийки, уларнинг биринчи қаторида Фадеев бўлган экан.
Адибнинг қизи отасининг таваллудига 100 йил тўлиши муносабати билан жуда гўзал хотиралар китобини эълон қилди. Менинг шу китоб учун ёзган хотираларим негадир жуда қуруқ ва зерикарли чиқди. Ҳатто ҳозирги эслаётган воқеалардан анча-мунчаси уларга кирмай қолган. Хотира жуда инжиқ нарса — керак пайтида у индамай қолади ва тузукроқ бирор гапни айтмай ёки жўялироқ бирор нарса ёзолмай роса хуноб бўласан. Аксинча, дам олиб бекор ўтирган кезларингда кўз ўнгингда бирдан шунақа манзаралар пайдо бўладики, улар аллақачон хотирангдан кўтарилиб кетган бўлса-да, ҳозир гўё кечагина бўлиб ўтгандек, ҳаммаси ёрқин ва жонли бўлади.
Леонов менда ҳаддан ташқари ёлғиз, теварагида оиласи, хотинидан бўлак ҳеч кими йўқ одам сифатида тасаввур қолдирган эди. Шунинг учун у хотинининг вафотини жуда катта фожиа сифатида қабул қилди ва умрининг қолган ўн беш йилини уйланмай ўтказди. У онгли равишда ёлғизликка интилган одам эди. Ўзининг дала ҳовлисида ёғоч минора қуриб олди, ўша ерда ўтириб ишлай бошлади. Переделкино аҳли уни “фил суягидан ясалган минора” деб атаб, адибнинг устидан ҳазил қилиб юришди. Бу унинг ўз қобиғига биқиниб олиши нечоғлик ўткир эканини, жамики кераксиз нарсаларни ўзидан соқит қилишга интилишини намойиш этарди.
Ўз-ўзидан аёнки, у истаган одам билан дўст тутиниши, истаган одамни ўзига яқинлаштирмоғи мумкин эди. Улар самимий бўладими; самимий бўлмайдими — бу бошқа масала. Ҳар ким ёзувчи Леонов билан яқин бўлса, буни ўзи учун шараф деб биларди. “Мен Леонид Леоновнинг дўстиман!” Шу гапни айта олган одам бошини ҳар қанча кўтариб юрса арзирди. Бундан ташқари, у жуда ҳам мароқли одам эди, жуда яхши суҳбатдош эди, биргина мен эмас, бошқа истаган одам унинг суҳбатига тўймасди. Аммо менинг тушунишимча, у деярлик ҳеч ким билан дўст тутинишни истамас эди.
Бундан ташқари у ҳаётни яхши билар ва ўткир кўз билан кўрарди, теварак-атрофида содир бўлаётган воқеаларнинг ҳаммасини синчковлик билан кузатиб борар, одамлар тўсатдан ғойиб бўлиб қолаётганларини пайқаб турар, сира кутилмаганда сабабсиз-баҳонасиз ўзи катталарнинг кўзига ёмон кўриниб қолганидан кейин телефон гўшагида доҳийнинг овозини эшитганди, шунинг учун мен унда алланечук хавотирлик унсурларини сезиб турардим. У пайтларда ҳамма қўрқарди. Биров камроқ, биров кўпроқ. Айниқса, унинг ижтимоий келиб чиқишини эътиборга олса, қўрқса арзигулик асослари бор эди.
Леоновнинг боболари савдогар ўтишган. Савдогар бўлганда ҳам, майда, хашаки савдогар бўлишмаган. Унинг ота уруғидан бўлган бобоси Леон Леонович Леонов каттагина боққоллик дўконига эга бўлган. Леонид Максимовичнинг она томонидан авлодлари Ярославл губернасилик Петровлар эди. Она томонидан бобосининг “Петровнинг савдо уйи” бўлган. Леонид Максимович Сабашниковнинг қизи Татьяна Михайловнага уйланган. У пайтларда иккита ака-ука Сабашниковлар бўлган эди — улар ҳозиргача шуҳратини йўқотмаган нашриёт барпо этишган эди. Октябр инқилобига қадар улар жуда бадавлат одамлар ҳисобланишарди, албатта, инқилобдан кейин уларнинг ҳамма нарсасини тортиб олишди, нашриётни хонавайрон қилишди, Сабашниковлардан бирининг тақдири охир-пировардида фожиали равишда тамом бўлди. Бундай қариндошлар билан, бунинг устига ўзи партиясиз бўлатуриб, Леоновнинг соғ қолгани ҳайрон қоларли ҳолдир. Уни бирон марта ҳам қамамадилар, ҳолбуки, унинг устидан чақувлар мунтазам ёзилиб тургани ҳақида маълумотлар бор, юқорида айтиб ўтганимдек, унинг пьесалари кўпгина театрларнинг репертуарларидан олиб ташланган. Яна ҳайрон қоладиган жойи шундаки, шундай шароитда у санъаткор сифатида тўлалигича сақланиб қолди, ўша даврнинг адабий қонунларига ҳеч нарсада заррача ён бермади. Леонов ёзувчилар орасида услубга эътибор берадиган ёзувчигина эмас, Катаевнинг ибораси билан айтганда, “сўзшунос” (“мовист”) ёзувчи ҳам эди. У пародоксал тафаккурга эга эди, аммо ҳамиша нима мақсадда айнан шу тарзда ёзаётганини яхши биларди.
Қизиқ бир ҳол: ҳаммага шу жумладан, менга ҳам унинг “Evgenia Ivanovna” деган қиссаси жуда ёқади. Мен уни жуда яхши қисса деб ҳисоблар эканман, бунинг боиси — қисса чиндан ҳам муаллифнинг энг яхши асари бўлганида эмас. Бунинг боиси шуки, бу қисса мен учун энг тушунарли асар. У жуда содда ёзилган, у энг оддий, камсуқум китобларга ҳам мос келадиган тарзда “оҳангжамалар”сиз ёзилган. Леоновнинг асарларини илгари қўлига олмаган истаган уй бекаси бу қиссани жуда катта қизиқиш билан ўқиб чиқади. Ҳолбуки, Леонов асарларини ўқиб чиқиш учун каттагина ҳажмда интеллектуал меҳнат талаб қилинади. Бу, албатта, унинг ижодидан четга чиқиб қолган асар. Бу қисса Леоновнинг классик асарларига ўхшамайди. У ҳатто бир гал менга тушунтириб берган эди — бу ҳол Ромен Ролланда содир бўлган ҳолга ўхшайди. Ромен Роллан ҳам услуби оғир, ўзи залварли “Жан Кристоф”дан кейин оғир юкдан халос бўлишга эҳтиёж сезган ва жуда ёрқин, ҳар иборада ақл-заковат чақнаб турадиган “Кола Брюньон” қиссасини ёзади. Бу ажойиб китоб ундан аввалги мураккаб ва кўп жиҳатдан толиқтирувчи меҳнатдан сўнг бироз енгил тортишга имкон берган.
Ҳа, “Жан Кристоф” мураккаб, кишини қийнайдиган асар, унда композиторнинг тақдири орқали французлар ва немисларнинг ўзаро муносабатлари тасвирланади, бу романни Ромен Роллан яна шунинг учун ёза олдики, унинг ўзи яхшигина музикачи эди. “Кола Брюньон” бўлса бамисоли қадимий французчадан замонавий француз тилига таржимадай гап, енгил ўқилади, мафтункор Ласочканинг ўзи ошуфтажон, унда дунёвий деҳқон муҳаббати куйланган.
Леонов ўзининг “Evgenia Ivanova”сини “Бўрсиқлар”, “Ўғри”, “Скутаревский”, “Океанга йўл”, “Рус ўрмони” каби романлар машаққатидан дам олишдай гап деб ҳисоблайди. Шуниси қизиқки, бу қиссани Леонов 1938 йилда ёзган ва 1963 йилда эълон қилган. У ўз асарларини эълон қилишга ошиқмас, уларни кўп қайта ишлар, кўп силлиқлар ва жило берарди. Унинг ўзи “Пирамида” ҳақида айтганидек, бутун умри бўйида ёзарди.
У бу масалада жуда кўп гапларни гапириб берган, уларнинг ҳаммасини ёзиб бориш керак эди, лекин мен бунга тузукроқ эътибор берганим йўқ эди, шунинг учун кўп гаплар унутилиб кетди, аммо “Evgenia Ivanovna” гўё ҳордиқ чиқариш учун ёзилгандай гап экан, у катта йўлдан четроққа сакраб, қилинган ишларга бир назар ташламоқ учун ёзилган асар эканини у қайта-қайта такрорлар эди. Бу қиссани унинг йирик асарлари билан бир қаторга қўйиб бўлмайди, бу фалон ва фалон асарлар ўртасида турадиган қисса деёлмаймиз, бу шунчаки катта йўлдан четга сакрашнинг оқибати. Немисларда шунақа тушунча бор — улар “Seiten Sprung” дейишади, яъни бир четга сакради-ю, бирор бошқа ишни қилди дегани.
Айтиш мумкин, унинг ҳаётидаги фожиа менинг кўз ўнгимда содир бўлган. Бевосита эмас, бавосита. Мен унинг хотини Татьяна Михайловна билан таниш эдим — биз Леоновникига зиёфатга таклиф қилинган кезларда у стол ёнида одоб сақлаб, ҳар нарсада ўзини кўрсатавермай ўтирарди. Фақат у мендан бирон нарсани сўрамоқчи бўлса, “мумкинми, агар…” дея гап бошларди. Унинг бунақа тортинчоқлиги менга маъқул келарди ва жиндай кулгили туюларди, чунки Леонид Максимович унга жиддий оҳангда “мумкин” деб жавоб берарди. У оламдан ўтгандан кейин бу ҳол икковимизнинг муносабатларимизга ҳам қай бир даражада таъсир қилди. Тўғридан-тўғри эмас, албатта. Леонов ҳаётининг умумий оқими ўзгарган эди. Бир одам билан ўнлаб йиллар ёнма-ён, ҳамнафас яшасанг, кейин у вафот қилса, ўз қалбингда кўп нарсалар синади, парчаланади. Эҳтимол, шунинг учун бўлса керак, Грин кўпинча ҳикояларини “Улар бир кунда вафот этишди” деб тугатади. “Улар бахтиёр ҳаёт кечиришди ва бир кунда вафот этишди” деган гап — орзу. Менимча, унинг “Дарё бўйлаб эллик чақирим” деган ҳикояси шундай тугайди.
Бир неча марта Леонид Максимович машҳур башоратчи аёл Ванганинг ҳузурига борди. Болгарияда унинг обрўйи баланд эди, бу мамлакат билан совет дўстлик жамиятининг раҳбари эди, Кирилл ва Мефодий деган болгар ордени билан мукофотланган эди. Аммо ўша кезларда Болгарияга сафар қилган юксак мартабали одамларнинг ҳаммаси ҳам Ванганинг ҳузурига бораверган эмас. Ванга шуҳратининг чўққиларига кўтарилмасдан олдинроқ Леонов унинг тўғрисида кўп эшитган эди, шунинг учун у Ванга билан учрашиш истагини билдирганда, Болгариянинг расмий идоралари унинг таклифини қабул қилишди.Улар Ванганинг ҳар хил нозарур ташрифлардан, кети узилмайдиган журналистлардан, турли-туман саргузаштталаб одамлардан авайлаб-асрашларида ўзларича ҳақ эдилар, албатта. Болгарлар уни аллақандай илмий-тадқиқот институтининг катта маслаҳатчи илмий ходими қилиб қўйишганди, бироқ бу расман қилинган бир иш, эди, албатта. Менимча, психология институти эди, шекилли. Ванга у ерда маош оларди, институтда ўз мақомига эга эди, керак бўлганда уни “ёпиб қўйиш” мумкин эди, унинг ҳузурига тасодифий одамларнинг киришига “йўл қўймаслик” мумкин эди. Агар у хусусий одам бўлиб қолишда давом этганида, давлат бунчалик авайлаб асрай олмас эди. Аммо у махсус институтнинг илмий ходими ҳисобланарди ва уни эҳтиёт қилишарди. Лекин, барибир, ҳар ҳафтада у жуда кўп одамларни қабул қилар, лекин уларнинг миқдорини ақл бовар қиладиган даражада тутиб туришарди. Бу ишдан давлатнинг киссасига бирон нарса тушиб турган ёхуд Вангани сиқиб қўйган, унинг фаолиятини махсус йўналтириб турган деб ўйламайман. Мутлақо бундай бўлган эмас, шунчаки, ҳамма нарсани ақл билан ташкил қилишга уринишган.
Леонид Максимович Ванганинг ҳузурига уч марта ташриф буюрган эди. Унинг гапларига қараганда Ванга адибни ларзага солган. Даставвал, Леоновни ҳайрон қолдирган нарса шу бўлганки, Ванга унинг тўғрисида Леоновнинг ўзидан кўра кўпроқ билар экан. Масалан, ундан синглисини суриштирибди. “Ленча (болгарлар Ленани “Ленча” деб аташар экан) қани?” Леонов ҳайрон бўлипти. “Қанақа Ленча?” деб сўрабди. Леонов унутиб қўйган экан — болалик чоғларида унинг Лена деган синглиси бўлган экан, жуда ёшлигида ўтиб кетган экан. Шунда Ванга унга дебди: “Сен нега ёлғон гапирасан? Кўриб турибман-ку, — у онасининг ёнида турибди!” Шунда Леоновнинг эсига тушибди. Кейин айтиб беришича, бу ҳолдан у бутунлай ларзага тушибди — ўтиб кетган синглисини Леонов унутиб юборган бўлса-ю, Ванга билса?!
Леонов муккасидан кетган, фикри қотиб қолган моддиюнчи эмас эди, ўша кезларда бизда айнан ана шундай бўлиш талаб қилинарди! У Вангага буткул ишонди, унинг гаплари адибни яна бир бор шунга ишонтирдики, Ванга шунчаки бир муттаҳам ёхуд фирибгар эмас, унинг шуҳрати одамларнинг ҳавойи гап-сўзлари туфайли туғилган эмас. Қўпол қилиб айтганда, Леонов унинг ҳузурига бир нарсага амин бўлиш учун келган — бу аёл фирибгарлик қиляптими-йўқми? Ванганинг ўзи қанақа аёл эканини кўрмоқчи бўлиб келган. Баъзилар унинг тўғрисида оғзидан бол томиб гапирарди, баъзилар уни тилга олганда, оғзига келган гапни қайтармайди. Унга ёзувчи сифатида бу мўъжиза аёлнинг ўзини кўриш қизиқ эди. Ахир, унинг тўғрисида шунча гапиришади, шунча ёзишади! Биринчи кўришдаёқ Ванга ёзувчини синглиси ҳақидаги гаплари билан бутунлай ром қилди. Бу башорат эмас, назаркардалик ҳам эмас… буни изоҳлаб беришнинг имкони йўқ. Ахир, болаликда унинг синглиси бўлганини, у жуда кичиклигида ўлиб кетганини, унинг исми ҳам Лена бўлганини бу аёл қаёқдан билиши мумкин?
Вафот этган хотини тўғрисида Ванга адибга шундай деган: “Гулни олиб қўйганингга хотининг ранжибди. Гулни жойига қўйиб қўй”. Леонов уйида дераза токчасида ҳамиша яшнаб турган гулни олиб қўйганини бу аёл қаёқдан билди экан? Албатта, унга совет ёзувчиси Леонид Леонов тўғрисида гапириб берган бўлишлари мумкин, унинг таржимаи ҳолининг қай бир тафсилотларидан ҳам хабардор қилиб қўйишлари мумкин, аммо Леоновнинг ўзи унутиб юборган ҳодисани бу аёл билиши мумкин эмас-ку? Леонов уйга қайтиб келиши биланоқ гуллик тувакни яна жойига қўйиб қўйди.
Буларнинг бари унинг вафотидан бир неча йил аввал рўй берди. Унинг кўзи борган сари заифлашиб борарди, лекин ҳали кўрарди. Сўнгги йилларда у ўзи ёзолмаётганидан зорланар, айтиб туриб ёздиришга тўғри келаётганини, бу унга жуда қийинлик қилаётганини, у авваллари ҳеч қачон ёзув машинкасидан фойдаланмаганини, ҳамиша қўлда ёзганини гапирарди. Машинкани механик ижод деб ҳисоблар, тирик жондан маҳрум деб билар, ёддан айтиб ёздирганда эса материални ҳис қила олмаётганини айтиб шикоят қиларди.
Мен учун энг асосийси ёзмоқ, ёзиш имконидан маҳрум эканман, бу менга бўшлиқ келтиряпти, ҳаётим мақсадсиз ва маъносиз бўлиб бормоқда, бу умримни қисқартираётганини сезиб турибман деб тез-тез такрорларди Леонов.
Замон оғир эди. Леонов ёлғизликка интилган экан, ёзувчилар доирасидан бирон киши билан дўст тутинишни истамаган экан, бунинг учун адибни тушуниш мумкин. Бир танишим бор эди — у яқин оғайниларидан зорланиб, менга қаттиқ панд беришди, мени қаматиб юборишларига сал қолди, қаматмаганларида ҳам, менинг ишдан ҳайдалишимга сабабчи бўлишди деб кўп гапирарди. Бир куни мен ундан “нималар деб валдираяпсан?” деб сўрадим. “Валдираётганим йўқ, — деди у. — Мана, ўзингиз ўйлаб кўринг. Мен, ахир, энг яқин оғайниларим билангина сирлашар эдим”. “Хўш, — хоин ёки сотқин дегани ким бўлади?” деб мен унинг гапини қайтардим. Сотқин — энг яқин оғайнинг бўлади. Душманни биласиз, ундан хавотир оласиз, чунки у сизга зараркунандачилик қилиши тайин. Аммо — шунисига эътибор беринг — сизга жуда яқин одамгина сотқинлик қилиши мумкин. Душман душманчилик қонунлари асосида ҳаракат қилади. Сотқин эса фақат ишонган дўстингдангина чиқади.
Агар Леонов ўзининг қаламкаш ошналарига юрагини очиб, улар билан улфатчилик қилиб юрганида, имоним комилки, у қамалиб кетарди. Лекин у ҳеч кимга дилидагини очиб гапиргани йўқ ва шу туфайли у омон қолди. Уни Горькийнинг ҳимояси ҳам асраб қолди. Леонов ёшлигида Каприда Горький унга бамисоли оқ фотиҳа бергандай бўлган эди. Леонов бу воқеа ҳақида истар-истамас, узуқ-юлуқ гапирар эди, негаки, Горький уни мақтаган эди, буни бошқаларга етказишга Леонов ийманарди. Шунинг учун у ўзининг Соррентога сафари тўғрисида хоҳламайгина, ўлдан-жўлдан қилиб гапирарди.
Аммо Горький уни дарҳол пайқаган, биринчи асарларига қарабоқ, ёш авлод орасида уни ажратиб кўрсатган эди. Ўша пайтда жуда кўп одам ўзини адабиётга урган эди, лекин Горький Сталинга фақат Леонов тўғрисидагина “эътиборга олиб қўйинг, Иосиф Виссарионович, Леонов бутун рус адабиёти номидан гапиришга ҳақли” деган эди.
Оддий кўз билан қараганда ҳам, яққол кўриниб турибдики, Леоновнинг ҳаёти жуда мураккаб бўлган. Шунинг учун у вафотидан бир оз олдинроқ бежиз шундай демаган эди: “Менга бу ҳаётда ҳамма нарса аён бўлди. Ўлим — инсоннинг дунёни билишидаги энг авж нуқтадир, бу шундай нуқтаки, унга кўтарилганда ҳамма нарса аён бўлади ва фақат энг мубҳам, энг сирли нарсагина қолади”.
“Новый мир” журналининг 2001 йилдаги 5-сонидан олинди.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 11-сон