Бойбўта Дўстқораев. Буюк мутафаккир

Буюк мутафаккирлар бир қарашда кўпчилик эътибор ҳам бермайдиган кичик, заррадек нарсаларга ҳам синчиклаб диққат қиладилар ва уларнинг ҳайратангиз жиҳатини кашф этадилар. Шу боис уларнинг ижодларидаги “майда” бўлиб туюлган нарсаларга бошқалар ҳам синчиклаб диққат қаратганлари маъқул. Буюк бобомиз Алишер Навоийнинг ғазалиётидаги, достонларидаги қўлланган сўзлар, кичик бир нукта(деталь)нинг устида ҳам ойлаб, баъзан йиллаб ўйлаб юрамиз. Ушбу сатрлар муаллифи ҳам ҳазрат Навоий билан боғлиқ айрим реалийлар устида мулоҳаза юритган бўламан, гоҳо ўзимча қандайдир хулосаларга келаман. Эҳтимол, хулосаларим тўғри эмасдир. Лекин инсон бирон соҳага оид илмий гипотеза қилишга ҳам ҳаққи бор-ку! Мени шу алпозда ўйлантирган нарсалардан бири “хамса” сўзидир.

Деярли барча билади, бу сўз арабчада “беш”, дегани. Беш достондан иборат мажмуа тайёрлаш, “Хамса”чиликни ХII-XIII асрларда яшаган Низомий Ганжавий бошлаб берди. (Тўғри, шоир вафотидан кейин у яратган беш достонни “Хамса” номи билан бир мажмуага бирлаштирганлар). Кейин унинг издошлари юзага келиб, “Хамса” яратиш анъанага айланди. Бу анъана то ХIX асргача давом этиб келди. Деярли олти аср! Кишида беихтиёр савол туғилади: “Нега бешлик? Нима учун олтилик, еттилик ёки исталган бошқа бир сонни танламаганлар?” (Абдураҳмон Жомийнинг “Ҳафт авранг”ини бу ерда истисно этдик. — Б.Д.). Наҳотки, ўрта асрларда яшаган мутафаккирлар антик давр математиги ва файласуфи Пифагорнинг: “Заковат билан топилган бир сўз зарурати бўлмаган ҳолда уч марта такрорланса, у келишмаган нарсага айланади”, деган ҳикматли гапини эшитмаган бўлсалар?! Менимча, эшитишган. Бу ерда қандайдир “сир” йўқмасмикан? Фаразга берилиб кўрайлик-чи…

“Беш” сўзи сондан ташқари, бармоқларни, панжани ҳам англатади. Алишер Навоийнинг “Низомий панжасига панжа урмоқ” деганида буни яққол англаш мумкин. Айни пайтда, мутафаккир шоир “панжа” деганида “Хамса”ни назарда тутгани кўриниб турибди. Муҳими, “Аллоҳ” сўзи араб алифбосида ёзилганда, бармоқ, панжа шаклини олади. Аллоҳ таолонинг муборак исмлари билан боғлиқ “хамса” сўзи бекорга танланмаган ва “Хамса” анъаналари кўп асрлар давом этганининг сири шундамасмикан? “Хамса” яратганлар икки дунё саодатига элтувчи фалсафий-ахлоқий, ижтимоий, тасаввуфий ғояларини шу ном билан боғлаб берарканлар, энг аввало, бу йўлда Аллоҳдан мадад сўраганлар, илоҳий куч-қудратга инонганлар. Олайлик, Алишер Навоий “Хамса”сини. У яратган достонларида мутафаккир шоирнинг ахлоқий-фалсафий қарашлари, комил инсон тўғрисидаги тушунчалари, мажозий ва илоҳий муҳаббат борасидаги англамалари, адолатли жамият ҳақидаги фикрлари, инсоннинг рангин туйғулари, қандай ҳукмдорни адолатли подшоҳ дейиш мумкин, каби баҳолари ўз ифодасини топган. Нақадар юксак ғоялар, фикрлар, қарашлар! Аллоҳнинг мадади билангина бу қадар буюк мавзуларда қалам тебратиш мумкин. Шоирлар мусалло устида қиблага қараб қўл (панжа) очиб, Тангридан ўз ниятлари йўлида имдод тилаганларгина ўлмас достонлар ярата олиш мумкинлигига иймон келтирганлар.

Алишер Навоий “Хамса”сининг биринчи достони “Ҳайрат ул- аброр”, деб аталади. Нега шоир “аброр”, яъни хўблар (яхшилар)гина ҳайратга тушиши мумкин, деб ҳисоблаган? Чунки оми (бу арабча сўзнинг кўплиги “авом”) одам ҳайратланолмайди. Ҳайратланса-да, ўз савиясига мос, ўз тушунча доирасига сиғадиган нарсалардан “ҳайрат”га тушиши мумкин. Олайлик, авом, халойиқ тўйга борганида у ердаги юксак маънавий, мўъжизавий тушунчалардан кўра, дастурхонга бир неча хил таом, турфа ичимликлар қўйилганини кўриб “ҳайрат”ланиб гапиради, “қурсоқ фалсафасидан” келиб чиқиб иш кўради. Шу боис, мутафаккир шоир авомдан бир мақом баландда турувчи “аброр” сўзини атайлаб танлаган. Бундай мақом босқичлари “аброр”дан кейин: авлиё, анбиё, малоик. Инсон илм ва тарбия туфайли юқорида зикр этилган мақомларга эришиши мумкин (Жалолиддин Румий инсон ҳатто малоика мақомигача кўтарила олади, деб ҳисоблаган — Б.Д.). Мутафаккир шоирларгина асарлар яратишга киришар эканлар буни яхши эсда тутишган.

Буюк мутафаккир Алишер Навоий “Хамса”нинг бошланиш қисмида Аллоҳ мадҳига бағишланган “ҳамд”(муножот)лар ёзган. Ҳамдларда Аллоҳ сифатлари улуғланган, айни пайтда, Аллоҳнинг биру борлигига ишора қилувчи “алиф” рамзидан ўринли фойдаланган. Шоир бунда эркин бўлиши мумкин эди. Лекин ислом оламида анъанага айланган шартлиликдан ҳам чекинолмайди. Аллоҳнинг мадҳини, биру борлигини “алиф” ҳарфига юклаган.

Алишер Навоий исми билан боғлиқ мулоҳазага йўлловчи ҳолатлардан яна бири унинг тахаллус танлаш усулидир. Тадқиқотчилар аниқлашича, “наво” сўзининг саккиз хил маъноси бор. Бу маъноларда Буюк Навоийнинг адабий-эстетик қарашлари ҳам, асарларида илгари сурган фалсафий-ахлоқий ғоялари ҳам мухтасар тарзда ўз ифодасини топган. “Наво”: 1. Оҳанг, садо, товуш; 2. Шашмақомнинг бир мақоми; 3. Қут, ғизо; 4. Бойлик, бойиш; 5. Чора, тадбир, ишбилармонлик; 6. Гаров, гаровга қўйиш; 7. Интизом, тартиб; 8. Хурмо уруғи, хурмо донаси. Бу маънолардан Алишер Навоий ўз ўрни билан истифода этган. Чунончи, амалдорлик лавозимларида ишлаган укаси Дарвешалига ёзган мактубида “Навосиз элнинг навобахши бўл, Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл”, деб насиҳат қилади. “Навосиз” деган сўзда тирикчилик учун зарур бўлган қут, ғизо назарда тутилса, “навобахши бўл” иборасида “ҳожатмандлик”, яъни халқни егали овқат, ғизо билан таъминловчи бўл, деган маъно берилган.

Мутафаккир Алишер Навоий ўз даврининг фарзанди сифатида шоирларнинг тахаллуслари маъноларига ҳам эътибор берган. Жумладан, у Низомий Ганжавийга муносабат билдираркан, “Низомий” сўзининг “тарози” маъносини англатишидан келиб чиқиб, буюк озарбайжон шоирининг ижодига мухтасар, аммо тўлиқ баҳо берган. Чунончи, шоир ёзади: “У беҳисоб сўз дурларини тартибга солгани учун тақдир унга “Низомий” (“Тарози” — Б.Д.) тахаллусини муносиб кўрди… Унинг фикр тарозуси “Хамса”ни, “Хамса” эмас, балки “беш хазина”ни ўлчаркан, унга Осмон тарозу палласи, Ер курраси эса ботмон тош бўлди”, дея лутф қилади.

Каминани мулоҳаза қилишга ундаган яна бир нарса — шоирнинг ўзбекча асарларига “Навоий” деган тахаллусни қўллагани ҳолда, “Нега, асосан, форсча ғазалларига “Фоний”, деган лақабни танладийкан?”, деган ўйдир. Ахир, ҳам туркийда, ҳам форсийда баб-баравар ижод қилган шоир учун битта тахаллус етмасмиди? Айрим навоийшунослар айтганидек, “Навоий форсча ёзган асарларига “Фоний”, яъни “муваққат”, “ўткинчи” деган тахаллусни танлади, дея изоҳлаш, назаримда, бир оз жўнроқ туюлади. Бошқа сабаблари йўқмикан? “Навоий” ва “Фоний” сўзларини абжад ҳисобида рақамга айлантирса, 67 ва 141 чиқади. Булар қўшилганда, 208 ҳосил бўлади. Тасаввуфшунос Идрис Шоҳ усулида ҳосил бўлган рақамни юзликлар, ўнликлар ва бирликларга ажратилса, 200+8 бўлади. Бу рақамларни араб алифбосидаги ҳарфларга айлантирилганда, РҲ ҳосил бўлади. Бу ҳарфлар ўзига хос код бўлиб, РҲ, ҲР ҳарфлари иштирокида сўзлар ясалса, энг аввало, “ҲуР” юзага келди. Бу “озод”, “фориғ”, деган маъноларни англатади. Алишер Навоий ҳазратлари ўзига тахаллус танлар эканлар, жамики нохуш, ёмон нарсалардан озод, фориғ бўлишни ният қилмаганмиканлар?

Тасаввуфшунос Идрис Шоҳ мақолаларидан бирида “Аттор” сўзининг кодини топишга ҳаракат қилиб, РФТ ҳарфларига тўхталади. Бу ҳарфларни “рокировка” усулида жойлаштирилса, РФТ, РТФ, ФРТ, ФТР, ТФР ва ТРФ ўзаклари ҳосил бўлишини аниқлаган. Бу ўзак ҳарфлардан араб тилида сўзлар ясалса, ФаТаР, ФуТР, ФаТаРа, Ийд ал-ФиТР, ТаФаТТаР, ФиТРаТ, ФаТиР, ФаТиРа, ФаТиР, ФуТайюРи, ФуТаР кабилар ҳосил бўлади. Бу сўзларнинг маънолари жамланса, Фаридиддин Аттор ўз асарларига жойлаган тасаввуф “манзара”лари юзага келади: 1. Диний ассоциациялар; 2. Ислом ва носаролик орасидаги алоқага ишора; 3. Шиддат ёки кутилмаган ҳаракат ғояси; 4. Итоаткорлик, дарвешлик тушунчаси; 5. Кучли таъсир кўрсатиш ғояси, бунда сўфийларни тайёрлайдиган мактабларда қўлланилган ғоя ёки ҳаракат назарда тутилади; 6. Сўфийларнинг бадиий ўхшатишлари бўлган, уларнинг ички тажрибасини ифодалайдиган “узум тўғрисида” эслатиш; 7. Ўзи учун ғайритабиийликка йўл очадиган нимагадир ишора. (“Суфии. Восхождение к истине”. Москва: Эксмо, 2009. 552—553- бетлар). Гарчи Алишер Навоийнинг тасаввуфга муносабати Фаридиддин Атторникидан муайян даражада фарқ қилса-да, “Мантиқ ут-тайр”га “Лисон ут-тайр” билан жавоб берган мутафаккир шоирнинг Аттор “сир”ларидан огоҳ бўлмаслиги мумкин эмас эди.

Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг ижоди билан боғлиқ биз келтирган баъзи фикрлар илмий тахмин, гипотеза. Ким билади дейсиз, бу тахминларда чиндан ҳам маълум ҳақиқат бордир?…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 6-сонидан олинди.