(Нобель мукофоти лауреати, шоир И.Бродский ҳаёти ва унинг ижодий портретига чизгилар)
Аввал бўҳтон-ла тўлиб-тошган мақола, сўнгра мунофиқона уюштирилган суд, кейин эса сургун ёки қамоқ…. Совет тузумининг “бебош” зиёлилардан “қутулиш” усули ана шундай содда эди. Баъзан бундан-да қулай ва осон йўли танланар, улар ими-жимида жиннихонага элтиб, жойлаб қўя қолинарди. Албатта, бу “тегирмон тоши” остидан соғ-саломат чиқиш жуда қийин, боз устига эътиқодини ҳам омон сақлаб қолиш баттар мушкул эди. Кўпинча бундай зиёлилар муҳожирлик қисматини бўйнига олибгина таъқиб ва тазйиқлардан халос бўларди.
1963 йил 29 ноябрь куни “Вечерний Ленинград” газетасида А.Ионин, Я.Лернер ва М.Медведев имзоси остида “Адабиёт теварагида ўралашиб юрган текинхўр” номли мақола босилиб чиқади. Бу фельетон яқинлари ва дўстлари даврасида оддийгина Ося деб тилга олинадиган, адабий гурунгларда эса расман Иосиф Бродский деб навбат бериладиган йигирма уч ёшдаги ўрта бўйли, кенг елкали, малладан келган йигит — Нева бўйидаги шаҳарда анча-мунча танилиб қолган ёш шоир ва таржимон ҳаётини ҳам ана шу “тегирмон тоши” остига улоқтириб юборди.
- ЭРКИНЛИК
1940 йил 24 майда икки зиёли – Александр Иванович Бродский (фотомухбир) ва Мария Моисеевна Вольперт (ҳисобчи) оиласида дунёга келган яккаю ягона фарзанд “мазлумлар доҳийси” Сталинга эҳтиром юзасидан Иосиф деб аталганида, унинг ҳали рус шоирлари орасида советларга энг “терс”и бўлиб етишиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди.
Буни қарангки, Осянинг шахс ўлароқ шаклланишида ҳам яна ўша “халқлар отаси”, бу гал унинг қонхўр диктатураси қулаши фавқулодда роль ўйнайди. У балоғат палласига энди қадам қўйган вақтда совет хал-қи ҳам янги сиёсий раҳбар — Н.Хрушчёв бошлаб берган “илиқлик” даврига кириб боради. КПСС ХХ съездидаги ёпиқ нутқида шахсга сиғиниш иллатини нафрат-ла қоралаб, сталинча эрксизлик қафасини синдириб ташлаган бу йўлбошчи, афсуски, феъл-атвори бироз тўпори янги “Халоскор”ига умид билан боққан кўпмиллионли халқни росмана эркинликка олиб чиқолмади. Тўғрироғи, ислоҳотлар бобида дадил илгарилаб кетишга қодир бўлмаган Н.Хрушчёв алал-оқибат аввалгисидан бир озгина фарқ қилувчи янги қафас таклиф эта олди, холос. Лекин шуни таъкидлаш жоизки, айтарли барча бир қафасдан бошқасига, қўйингки, андак надомат-ла кўчиб ўтишдан ўзга илож топмаган бир вақтда И.Бродский ҳеч тап тортмай икки қафас ораси – хавф-хатарга тўла… эркинликни танлади.
И.Бродский шахсидаги эркинликнинг ўқтомири унинг табиатидаги ҳаддан зиёд мустақиллик ва ўзига етгунча қайсарликка бориб туташарди. У феъл-атворидаги ана шу хусусиятлар туфайли ҳам ўн беш ёшида Маховойдаги 196-мактабни ҳали 8-синфини ҳам тугатмай қўққисдан тарк этади ва илгари “Арсенал” номи билан донг чиқарган, энди эса 671-рақами билан юритила бошлаган ҳарбий заводга фрезерчи бўлиб ишга кириб кетади.
Ося мактабдан кейинги етти йил мобайнида иш жойини оз эмас-кўп эмас… 13 марта ўзгартиради. Шуниси қизиқки, у танлаган касблар ҳам бир-биридан ҳайратомуз даражада йироқ эди: техник-геофизик, ўт ёқувчи, сантехник, фотограф… Ося, ҳатто, бир муддат жарроҳ бўлишни истаб, турмага қарашли госпитал ўликхонасида прозектор, яъни мурда ёрувчига ёрдамчи бўлиб ишлайди. И.Бродский тез-тез ўзгартириб турган иш жойларининг бир-биридан олисдалиги эса бундан-да ошиб тушар эди: Оқ денгиз соҳиллари, Ёқутистон, Тьянь-Шань тоғлари, Қозоғистон… (Дарвоқе, Ося бу жойларга одатда қисқа муддатли геологик экспедиция сафида келарди.) Кейинчалик бу ҳол уни ёқтирган ва ёқтирмаган кишилар орасида бир-биридан фарқли ва ҳатто бир-бирига зид кўплаб талқинларни юзага келтиради. И.Бродскийнинг ўзи эса бу ҳолни фақат бир сабаб –ўша кезларда унга ҳамма нарса қизиқ туюлгани билан изоҳлайди.
И. Бродский илк шеърини ўн олти ёшида ХХ асрнинг машҳур рус шоири Б.Слуцкийнинг “Литературная газета”да чоп этилган бир туркум шеърлари таъсирида яратган эди. Унинг қалбида бор ҳаётини шеъриятга бағишлаш нияти пишиб етилиши учун эса яна уч йил керак бўлди. 1959 йил геологик экспедиция сафида Ёқутистонга борган бу йигит ҳордиқ куни Якутск кўчаларини айланиб юриб, китоб дўконига кириб қолади ва бу ердан Х1Х аср рус фалсафий шеърияти вакили Е.Баратинскийнинг “Библиотека поэта” сериясида чоп этилган салмоқдор бир жилдлигини сотиб олиб, ўша куниёқ бош кўтармай ўқиб чиқади. “Бу китобни… ўқиб чиқдиму қисматим нима эканини дарҳол англадим”, деб эслаган эди ана шу дамларни И.Бродский 70-йиллар бошида.
И.Бродский феъл-атворидаги эркинликка талпиниши хусусияти уни ғаддор тузум таянчи – КГБ маҳкамаларига жуда барвақт юзма-юз қилади. Унинг устидан мазкур жосуслик идорасига тушган илк чақув ҳақида Я.Гордин шуларни ҳикоя қилиб берган эди. Бу шоир 1958 йилда ўзи таҳсил кўраётган Ленинград университети талабалари илмий анжуманида 20-йиллар рус шеърияти вакиллари – И.Сельвинский ва М.Луговской ижоди юзасидан маъруза қилади ва унга мазкур ўқув масканига эркин тингловчи сифатида қатнаб юрган И.Бродскийни ҳам таклиф этади. Ўшанда ҳеч тап тортмай музокарага қўшилиб кетган Ося кутилмаганда собиқ инқилобчи большевик, эндиликда эса сиёсий муҳожир Л.Троцкийнинг “Адабиёт ва инқилоб” номли китобидан олинган иқтибос билан сўз бошлаб қолса бўладими! Албатта, у бу ишни жўрттага, яъни бировнинг қитиқ-патига тегиш ёки ўзини бир кўрсатиб қўйиш учун қилмаган, балки ўша вақтда бу асарни энди ўқиб тугатган ва ундаги бир фикрни баҳс мавзусига дахлдор деб ҳисоблаган – шугина холос. “Бироқ талабалар илмий кенгаши раҳбари профессор Е.Наумовнинг ўша пайтдаги важоҳатини сиз ҳам бир кўрсангиз эди, – деб эслайди Я.Гордин. – …Унинг Иосифга қарши “оташин” нутқини ҳечам тушуниб бўлмас, чунки у қўрқув ва ғазаб ичида ҳадеб Бродский ва Троцкий фамилияларини чалкаштириб юборарди. Афтидан, у бўлиб ўтган воқеа ҳақида ҳеч пайсалга солмай тегишли жойларни хабардор этган”. Тегишли жойлар дегани эса, биринчи галда, Ленинград КГБси эди.
И.Бродский феъл-атворидаги эркинлик унинг шеърий изланишларига кўчиб ўтмаслиги мумкин эдими, ахир?! И.Бродский билан тенгқур барча навқирон шоирлар “кумуш аср” номи билан адабиёт тарихига кирган Х1Х аср охири — ХХ аср боши шеъриятига ворислик риштаси-ла боғланишни истаса, И.Бродский бўлса бу борада ҳам анча ўзи “умумтўда”дан четда қолиб кетган эди. Бу даврда у Х1Х аср бошида яшаб, медитатив руҳда шеърлар ёзган Е.Баратинский, К.Батюшков, П.Вяземскийлардан руҳий имдод сўрайди. Ося бошқаларга ўхшамаслик важидан ҳатто барча даврларда ҳам рус шеъриятининг энг улуғ вакили бўлиб қоладиган А.Пушкин таъсиридан-да ўзини онгли равишда четга олади.
И.Бродский ҳаёти ва ижодини тадқиқ этган олимлардан бири – В.Полонскийнинг таъкидлашича, 60-йилларда И.Бродскийнинг Ленинград Технология институтида таҳсил олувчи ёш шоирлар — Е.Рейн, А.Найман, Д.Бобишев билан яқинлашиши унинг ижодий ўсишига таъсир кўрсатади. Қолаверса, Осяни 1961 йил 7 августда ХХ аср улуғ рус шоираси А.Ахматова билан илк бор учраштирган ҳам шулардан бири — Е.Рейн эди. Бир жиҳатни алоҳида қайд этиш жоизки, бу вақтга келиб анча кексайиб қолган шоира барча шогирдлари орасида айниқса И.Бродскийга бошқача меҳр ва илтифот кўрсатади. А.Ахматова бу йигитда “катта Ося” – ХХ аср улуғ рус шоири О. Мандельштам билан ўхшаш баъзи хислатларни кўргани ҳам бунга сабаб бўлгандир, эҳтимол. Лекин, нима бўлганда ҳам, у И.Бродскийни ҳали олдинда шон-шуҳратга бурканган шоирлик тақдири ва… изтиробга тўлиб-тошган инсонлик қисмати кутиб турганини башорат қилади.
Н.Хрушчёв даврида ёш шоирлар эстрадага бемисл шиддат билан талпингани ҳақида кўп ёзилган, албатта. Бундай интилишдан четда қолмаган И.Бродский ҳам гоҳ Ленинград давлат университети, гоҳ В.Маяковский номидаги кутубхона, гоҳ Ленсовет номидаги маданият саройида шеър ва таржималари билан чиқишлар қилади. Бироқ Ося ҳар гал саҳнага кўтарилди, дегунча албатта бир бесаранжомлик пайдо бўлар, Я.Гординнинг эътирофича, бунинг асосий сабаби унинг шеърни ўзига хос тарзда ўқиши эди. У шеър ўқиш жараёнида оҳанг эътибори ила шундай баланд шиддатга эришардики, баъзи тингловчилар ўзини ҳатто тоби қочгандек ҳис эта бошларди. Ахир, шоирдан “таралаётган” руҳий қувват шунчалик кучли бўлар ва бунга унча-мунча асаб дош бериши мушкул эди-да! И.Бродский мухлислар қаршисида ёниб-жўшиб шеър ўқир экан, унда ижод онларидаги руҳий ҳолат гўё тескари тарзда қайтадан рўй берарди. Яъни, ижод лаҳзаларида шеър унинг қалбини қай тарзда кучли тўлғониш билан тарк этган бўлса, ўқиш онларида, аксинча, ўшандай кучли тўлғониш билан қалбга қайтиб кирарди. Мана шундай “омил”лар туфайли ҳам унинг шеърлари баъзи кимсаларга ғалати ва ҳатто хавфли кўринар, оқибатда, юқорида айтилганидек, бесаранжомлик бошланиб қоларди.
Аслида-ку И.Бродский шеърларига советларга қарши деган тамға босиш инсофдан бўлмас. Чунки, уларда мавжуд тузумни ағдариб ташлашга очиқ даъватлар у ёқда турсин, ҳатто ўткир сиёсий муаммони кўтариш ҳам кўзга ташланмасди. И.Бродский шеърларининг советларга ёт деб қаралишига асос бўлган сабаб нима эди, унда? У ўз шеърларида руҳиятнинг шу қадар юксак маъволарига кўтарила олардики, одатда, бундай “меърож” жуда камдан-кам инсонгагина насиб этади. Шу туфайли бу шеърлар уларни ўқиган ёки тинглаган кишиларда инсон деган мўътабар номга муносиб ҳаёт кечириш билан боғлиқ надоматли соғинч ҳиссини пайдо қиларди. Бир сўз билан айтилса, И.Бродский шеърлари ўзининг ана шундай моҳияти билан советларнинг мағзи пуч, ёлғон мафкурасини беихтиёр чиппакка чиқарарди. Бутун жамият ёппасига эрксизлик сиртмоғида бўғилиб ётган бир вақтда унинг шеърларида руҳий эркинликнинг баралла уфуриб туриши исён сифатида қабул қилинган бўлса, бундан ажабланишга ҳожат йўқ…
- “ҚОРА ОДАМ”
Ҳар қандай манфур идора усули ўз тажассуми бўлган қабиҳ кучлар дасти билан иш кўради. ХХ аср улуғ рус шоири С.Есенин видо каломи бўлмиш сўнгги достонида уни маҳв этиш учун бетиним таъқиб қилиб юрган бундай ёвуз кучни “қора одам” деб таърифлаган эди. И.Бродский тақдирида ана шундай “қора одам” ролини совет тузумининг арзимас “мурвати” бўлган Я.Лернер отлиғ кимса ижро этади. Уни бундай хатти-ҳаракатга даъват этган ички сабаб нима эди, деган савол туғилиши табиий. Рости, бу саволга жавоб унча қийин ҳам, боз устига, ҳатто янги ҳам эмас: бу – мансаб илинжи, мартаба ҳаваси эди. Яҳудий бўлгани сабаб Сталиннинг қаҳри қаттиқ замонида амал курсисига яқин йўлолмаган бу кимса Хрушчёвнинг ола-ғовур даврида, куни туққанини сезиб қолади. Ана шундан кейин у қандай қилиб бўлса ҳам, Ленинград шаҳри ҳамда вилояти раҳбарлари назарига тушиш йўлларини қидира бошлайди…
РСФСР Олий Совети Президиумининг 1961 йил 4 май кунги “Ижтимоий фойдали меҳнатдан бўйин товлаб, жамиятга ёт тарзда текинхўрлик билан ҳаёт кечираётган шахсларга қарши курашни кучайтириш тўғрисида”ги фармон Я.Лернерга ўхшаш нобакор кимсалар қўлида хавфли қуролга айланади. Ушбу фармон тез орадаёқ ўша даврнинг бош ялови бўлиб қўлларда “ҳилпирай” бошлайдики, бу ҳол қуйидаги сабаб билан изоҳланар эди: Н.Хрушчёв яна йигирма йилдан кейин СССРда коммунизм барпо бўлади, деб ваъда берган ва энг баланд минбардан туриб қилинган бу “башорат”га бутун совет халқи, албатта, чиппа-чин ишонган эди. Шу сабабдан ҳам хомхаёлга берилган оддий одамлар мазкур фармонни орзу қилинган мақсад – коммунизм сари этувчи силсиланинг бир ҳалқаси деб қабул қилади. Жамият шу ҳужжатни дастак қилиб олиб, ҳар хил пияниста, чайқовчи, фоҳиша, тиланчи унсурлардан халос бўлишни кўзлаган ва аслида бундай ниятнинг ҳеч бир ёмон томони ҳам йўқ эди. Бироқ, таассуфки, қонун устувор бўлмаган жамиятда ҳокимиятни эгаллаб олган кимсалар уни ўзи хоҳлаган йўлга солиб юбориши ҳеч гап эмас экан…
Я.Лернер И.Бродский устидан туҳмат ва нафрат тўла чақув қоралайди ва уни шошилинч “Вечерний Ленинград” газетасига элтиб беради. У анча йиллардан бери бу газетанинг штатсиз мухбири ҳисобланар ва таҳририят ходими И.Берман билан, айниқса, ош-қатиқ бўлиб кетган эди. М.Медведьев имзоси билан “ижод” қилувчи И.Берман бошқа бир ҳамкасби – А.Ионинни ҳам ҳаммуаллифликка чақиради ва Я.Лернернинг “зувала”си асосида қўлбола бир фельетон ясайди.
- ФЕЛЬЕТОН
Лернер “қалам”ига мансуб бу фельетон бошдан-оёқ сиёсий сафсата билан тўлиб-тошган, бу ҳам етмагандек далиллар ҳам қўпол тарзда сохталаштирилган эди. И.Бродский бу ҳақда гапириш имкони туғилганида “Исми шарифимдан бўлак мақоладаги ҳамма гаплар ғирт ёлғон!” деган эди дарғазаб бўлиб. Муаллифлар ҳатто ўз қаҳрамонининг аниқ ёшидан ҳам бехабар бўлган чоғи, унга “сахий”лик билан яна уч йилни қўшиб юборган эди. “Йигирма олти ёшли (?) соппа-соғ йигит тўрт йилдан бери ижтимоий-фойдали меҳнат билан шуғулланмайди, — деб ёзганди фельетончилар. — У қўлига онда-сонда тушиб қоладиган тасодифий иш ҳақи ҳисобига кун кечиради, аҳволи жуда ночорлашиб қолган пайтларда эса Ленинград газеталарининг штатсиз фотомухбири бўлган отаси пулдан қарашиб юборади. Гарчи ота ўғлининг феъл-атворидан норози бўлса ҳам, уни ҳалигача қорнини тўқлаб, устини бутлаб юрибди”. Хуллас, улар зўрма-зўраки тарзда И.Бродскийга ишёқмас, ялқов, текинхўр деган тамғани босиш ва ўша фармон сиртмоғи остига олиб келишни ният этгани очиқ-ойдин кўриниб турарди.
И.Бродскийни текинхўр деб исботлаш учун унинг шеърият бобидаги заҳматларини ҳам йўққа чиқариш зарур эди, албатта. Акс ҳолда, қаранг-а, ҳеч қаерда ишламаса ҳам, барибир, ажойиб шеърлар ёзибди-ку, деган гап бўлиши тайин эди. Шу сабабли фельетончилар унинг шеърларини мана бундай “баҳо” билан сийлайди: “И.Бродскийнинг ночор тақлидий “битик”лари кишида аянчли таассурот қолдиради. У ўзича бирор янги асар ярата олмаган, сабаби бунга кучи етмаган: унда билим, маданият камлик қилган. Ахир, ўрта мактабни ҳам тугатмаган чаласавод одамда бу фазилатлар қаердан бўлсин?!”
Мақолада И.Бродскийнинг такасалтанг ҳамтовоқлари дея бир неча кишининг номи тилга олинадики, аслида буларнинг баъзилари унга бутунлай нотаниш бўлса, баъзилари узоқ таниш эди, холос. Табиийки, фельетончилар аслида И.Бродскийга ҳаммадан ҳам яқин бўлган А.Ахматова, К.Чуковский, С.Маршак, Д.Шостакович каби таниқли зотлар номини жўрттага тилга олмайди. Мақолада номи зикр этилган бошқа икки шахс — А.Уманский ва О.Шахматовлар ҳақида эса бир жуфтгина сўз айтиб ўтиш лозим. 1962 йилда И.Бродскийнинг дўсти (аниқроғи, оғайниси) бўлган собиқ ҳарбий учувчи О.Шахматов рухсатсиз қурол сақлашда айбланиб Красноярскда КГБ ходимлари томонидан ҳибсга олинади. Тергов чоғида унинг оғзидан беихтиёр Ленинградда А.Уманский бошлиқ советларга қарши махфий гуруҳ фаолият юритяпти, деган гап чиқиб кетади ва калава янада чуваланиб у мазкур гуруҳ билан алоқада бўлган ўнлаб кишини ҳам номма-ном айтиб беришга мажбур бўлади. Бу ҳам етмагандек, О.Шахматов гап орасида 1961 йили И.Бродский билан Самарқандда учрашиб, бу ердан Термизга учадиган кичик бир самолётни Афғонистонга олиб қочиш бўйича режа тузганлари, лекин кўз остига олиб қўйилган самолёт бакида бензин оз қолгани боис бу фикрдан воз кечганлари ҳақида ҳам “гуллаб” қўяди. Оқибатда О.Шахматов ҳамда А.Уманскийлар устидан дарҳол жиноий иш қўзғотилади, И.Бродский эса аввал гувоҳ, сўнгра гумондор сифатида терговга тортилади. Хайриятки, Бродский иши юзасидан сўроқ қилинган ўн икки нафар гувоҳнинг бирортаси ҳам О.Шахматов даъвосини тасдиқламайди ва шу боис, гарчи хоҳламайроқ бўлса ҳам, унинг устидан тергов ҳаракатини тўхтатишади. Бироқ, табиийки, шундан кейин хавфсизлик органлари бу “бебош” йигитнинг ҳар бир қадамини ҳушёр кузата бошлайди.
Дарвоқе, И.Бродский кейинроқ АҚШлик журналист С.Волков билан қилган суҳбатида қадимий шаҳар осмони остида шундай режа ҳақиқатдан ҳам тузилган эди, дея холис тан олади. Лекин шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, бу 20 ёшли шеърпараст йигит хаёлида дафъатан етилган “жозибадор”, аммо болаларча пуч режадан ўзга нарса эмасди. Ҳаёт бағрида росмана яшашдан кўра у ҳақда шоирона хаёллар суришга кўпроқ лаёқатли бўлган одамлар бунақа телба-тескари режалардан қанча-қанчасини ўйлаб юборгани ҳолда улардан бирортасини ҳам рўёбга чиқаролмаслиги кўп бор кузатилган ҳол, албатта. Гарчи қилни қирқ ёрадиган КГБчилар И.Бродскийни бу борада тумшуғидан илинтира олмаган бўлса-да, Лернер ҳеч тап тортмай уни “Ватанга хиёнат қилмоқчи бўлган”, дея бадном этмоқчи бўлади. Шу ўринда бир азалий чалкашликка муносабат билдириб ўтиш фойдадан холи бўлмас. Нимагадир барча замонларда ҳам одамлар “тузум” ҳамда “ватан” тушунчаларини бир-бирига аралаштириб келган. Бунинг остида шунчаки калтафаҳмлик ётади, деб ўйлаш баттар калтафаҳмлик бўлади, холос…
Фельетон ана шунча гап-сўздан кейин дўқ-пўписа билан тугаши ҳеч кимда таажжуб уйғотмайди, албатта. Лернернинг фикрича, социалистик турмуш тарзига ёт ҳолда текинхўрлик билан ҳаёт кечириб, бошқа ёшларга бузғунчи таъсир кўрсатаётган, бу ҳам етмагандек, қалбида совет тузумига нафрати жўш уриб, буржуача Ғарбга астойдил сажда қилаётган чаласавод модернчи ва шаклбоз И.Бродскийга Ленин номидаги шаҳарда, коммунизм қурувчилари орасида мутлақо ўрин йўқ!
- ТАЪҚИБ
И.Бродский мақола босилган куннинг ўзидаёқ “Вечерний Ленинград” газетаси бош муҳаррири Б.Марков номига раддия мактуби ёзади ва уни пайсалга солмай газета таҳририятига йўллайди. Ўз-ўзидан аниқки, ёш шоир ва таржимон изтиробу эҳтирос билан ёзган бу хат газета юзини кўрмайди, бош муҳаррир уни бамайлихотир бир четга суриб қўя қолади, холос. Бугунги кунда мазкур раддия И.Бродский ўша вазиятда нақадар анойиларча иш тутганига бир далил сифатида қимматга эга, холос. Лекин ўша кунларда ёлғон-яшиқдан иборат бу мақолага унга ўхшаб соддадиллик билан эътироз билдириб, таҳририятга раддия юборган бошқа кишилар ҳам бўлган.
Ана шундай инсонлардан бири – Н.Грудининанинг мазкур воқеага доир хотиралари ғоят диққатга сазовор. “Мен И.Бродский ишига қандай аралашиб қолганимни биласизми? – дея ҳикоя қилган эди у 80-йиллар адоғида. – Тўғриси, фельетонга қадар бу йигитнинг шеърларидан ҳам, таржималаридан ҳам дурустроқ хабардор эмасдим. Фельетонда Пионерлар саройидаги мен раҳбар бўлган шеърият тўгарагига илгари қатнаб юрган бир қизнинг номи ҳам тилга олинган бўлиб, унинг онаси бир маҳал кўзи жиққа ёшга тўлган ҳолда ҳузуримга кириб келди-да, мана кўрасиз, шу мақолани дастак қилиб олиб, Марианнани энди университетда нари обориб-бери обкелишади, дея куйиниб сўзлай кетди. Мен бу воқеадан ғазабим қўзиб, “Вечерний Ленинград” газетасига қўнғироқ қилдим. Мақола муаллифларидан бири – таҳририят ходими Берман менинг саволимга жавобан бир нималар дея ғўлдираган бўлди. Эртасига эса Прокофьев (Ленинград Ёзувчилар ташкилоти раҳбари – М.Р.) мени қабулига чақириб, ҳе йўқ-бе йўқ “Шаҳар партия комитети газетасини айблашга қандай журъат этдинг”, дея бақириб қолса бўладими?! Мен ҳам бўш келмай “Қалбим буюрган гапни айтдим. Хўш, бунга ҳаққим йўқми”, деб жавоб қайтардим. Ана шундан сўнг мени котибиятга чиқириб, муҳокама қилишди”…
“Вечёрка”даги ўша мақола сабаб Прокофьев билан тузуккина айтишиб олгач, менга ҳар тарафдан сим қоқишлар бошланди, – дея хотирлашда давом этади шоира. – Долинина қўнғироқ қилди, Эткинд қўнғироқ қилди, яна кимлардир қўнғироқ қилди… “Нега бир ўзинг олишиб ётибсан, кел, биргалашиб курашамиз!” деб чорларди улар. Долинина ўша кунларда Бродскийнинг Гальчинскийдан қилган таржималарини олиб келиб берди. Тўғриси, бу таржималар кутилмаганда мени ҳайратда қолдирди, чунки улар Лозинский, Чуковскийларнинг энг яхши таржималари қатори эди. Мен шу нарсани англадимки, бу йигит Гальчинскийдек шоирни шунақа таржима қилибдими, демак унинг ўзи ҳам ҳазилакам шоир эмас…”
Лернернинг шов-шувга сабаб бўлган ушбу фельетони гўё сел қуйиши олдидан чақмоқ чақишдек бир гап эди. Шундан сўнг И.Бродскийга нисбатан ҳамланинг навбатдаги, иккинчи босқичига ўтилади ва унинг ҳар бир қадамини изма-из пойлаб юришлар бошланади. Бундан шубҳа қилмаса ҳам бўладики, “ўта масъулиятли” бу ишга жалб этилган кишилар ҳам Я.Лернер сафдошлари, яъни кўнгилли дружиначилар эди. И.Бродский ўша кезларда Я.Гординга бу ҳақда “Икки эркак ва бир аёл ортимдан изма-из пойлаб юрибди. Улар бу “топшириқ”ни худди расво фильм-лардаги каби нўноқлик билан бажаряпти – мен ортимга ўгирилиб қарадим дегунча улар деворга қапишиб олади”, дея ҳам кулиб, ҳам куйиб гапириб берган эди…
Бу ҳолни иш ҳибсга олиш сари кетаётганига бир ишора деб тушуниш тўғри бўларди. Бироқ, ҳамонки гап шоир ҳақида кетар экан, Ленинград Ёзувчилар уюшмаси розилигисиз унга нисбатан бирор чора қўриб бўлмасди, албатта
Ҳар ерда ҳозиру нозир Я.Лернер 1963 йил 17 декабрда Ленинград Ёзувчилар ташкилотининг котибият мажлисида сўзга чиқиб, Дзержинский туман прокурори А.Костаковнинг И.Бродский ишини жамоатчилик судига топшириш ҳақидаги мактубини ўқиб эшиттиради. Жамоатчилик суди аслида иши кўрилаётган шахснинг яшаш ёки ишлаш жойидаги фуқаролар йиғилиши ҳисобланар, И.Бродский ёш шоир экани сабаб, бу уюшманинг расман аъзоси бўлмаса ҳам, Ёзувчилар ташкилотида суд қилиниши мантиққа мувофиқ эди. Одатда, жамоатчилик суди тартиббузарга ёлғондакам дўқ-пўписа қилиб, уни бир оз бўлса-да инсофга келтириш билан кифояланар, лекин баъзида ишни ҳатто ҳақиқий судга ошириб юборишга ҳам “журъат” этарди. Ленин-град Ёзувчилар уюшмаси И.Бродский масаласида худди ана шу кейинги, қаттиққўл чорани қўллайдики, бунга нима сабаб бўлган эди, деган саволни асло очиқ қолдириб бўлмайди. Л.Лосев мазкур жумбоққа ечим излар экан, “Бунинг сабаби битта, у ҳам бўлса қўрқув эди, – деган хулосага келади. – Чунки, ўша йилларда котиблик қилган шахслар ёзувчи сифатида Сталин даврида шаклланган ва ҳалигача ҳам ўтмиш бағрида яшаб келар эди”.
Ленинград Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтадиган бу жамоатчилик суди 1963 йил 25 декабрга белгиланган бўлиб, унга “жавобгар” И.Бродскийнинг келмагани ҳам уларни қаттиқ дарғазаб қилган бўлса, эҳтимол. Ваҳоланки, бу вақтда ёш шоир Москвадаги Кашченко номли психиатрия шифохонасига ётқизилган ва уни эртами-кечми албатта ҳибсга олишади, деб хавотирланган яқинлари ва дўстлари айрим таниш шифокорлар маслаҳатига кўра ана шундай шошилинч чора кўрган эди. И.Бродский балки шу йўл билан мудҳиш кўргуликдан сақланиб қолар, деган умид уларга куч бағишлаган бўлса ҳам, эҳтимол. Бироқ адоғи йўқ руҳий зўриқишлардан тинка-мадори қуриган И.Бродский ростдан ҳам ақлдан озиб қолмасам эди, деб ҳадиксираб, бир неча кун ўтар-ўтмаёқ яқинлари ва дўстларига уни бу ердан тезроқ олиб чиқишларини сўраб ўтина бошлайди. И.Бродский 1963 йилнинг сўнгги кунларида, ниҳоят, шифохонадан чиқишга муваффақ бўлади ва унга хайрихоҳ кишилар кутган шизоид психопатия ҳақида ташхисни “қўл”га киритади.
Янги, 1964 йилнинг кириб келишини Москвада нишонлаган И.Бродский 2 январь куни дўсти Л.Штерндан севган қизи М.Басманова бу айёмни Ленинград яқинидаги Зелиногорск деган жойда, хилват дала ҳовлида Д.Бобишев билан бирга ўтказгани ҳақида билиб қолади. Иосифнинг қалбини забт этган Марина кўҳликкина мусаввир қиз бўлиб, бу икки ёш илк дафъа 1962 йил 2 январда танишган эди. (Тасодифни қаранг: икки йил олдин улар шу куни дастлаб танишган бўлса, икки йил кейин эса шу куни… ораларига илк нохуш гумон оралайди.) ХХ аср улуғ рус абстракционисти К.Малевичга бири дўст, бошқаси шогирд бўлмиш икки мусаввир никоҳидан дунёга келган бу қиз ҳар қандай одамда ҳам кучли таассурот қолдиришга қодир эди. А.Ахматова у ҳақда мана бундай фикр билдирган эди: “Шунчалар нозик, шунчалар ақллики… Юзига қандай оро беришини айтмайсизми?! Тағин ҳеч қандай упа-эликсиз… Фақат совуқ сувнинг ўзи билан-а…” И.Бродский унга боқиб, Уйғониш даври немис мусаввири Л.Кранах чизган самовий фаришталарни кўрарди гўё. (У, айниқса, Эрмитажга қўйилган “Олма ушлаб турган Венера” суратини кўз олдидан кетказмас эди.) Хуллас, бу совуқ хабарни эшитган И.Бродский дарҳол Ленинградга етиб келади ва севгилиси дўсти билан ўзига… хиёнат қилганидан воқиф бўлади.
Бир вақтнинг ўзида икки ёқлама аёвсиз зарба олган И.Бродский ҳар қанча уринса ҳам бу кўргуликка дош бера олмайди – у орадан бир неча кун ўтар-ўтмас вена қон томирини кесиш йўли билан умрига нуқта қўймоқчи бўлади. Тасодифан омон қолган бу ёш шоир бошига ёпирилган бало-қазога унинг яқинлари ва дўстлари ғаддор тузум зуғуми, деб қараган бўлса, унинг ўзига эса Маринадан ажралишгина фожиа бўлиб кўринади, холос…
1964 йил 8 январь куни “Вечерний Ленинград” газетаси “Шаҳримизда текинхўрларга ўрин йўқ!” деган сарлавҳа остида яна бир мақолани босиб чиқаради. Мазкур мақола қуйидаги “оташин” бир хитоб билан якунланган эди: “И.Бродский ва уни қаноти остига олаётган кишилар жамоатчилик ҳукмидан сақланиб қоламиз, дея хомтама бўлишмасин. Бизнинг ақли-ҳуши жойида бўлган ёшларимиз уларга қарата мана бундай демоқда: “Бродский шунча ишёқмаслик қилгани, жамият ҳисобига яшагани етар! У меҳнатга дарҳол бел боғламаса, яна ишлашдан бўйин товласа, энди ўзидан кўрсин! “ Бир сўз билан айтганда, аввалги мақола И.Бродскийни “текинхўр” сифатида муросасиз фош этган бўлса, ке-йинги мақола эса энди уни ҳеч бир аямай жазолашни талаб қиларди.
Шу тариқа 1964 йил 13 февраль куни И.Бродский ҳибсга олинади. Бу хусусда шоирнинг отаси Александр Иванович шаҳар прокурори С.Соловьёв номига ёзган хатида ушбуни маълум қилади: “13 февраль куни соат 21 дан 30 минут ўтганда И.Бродский кўчага чиқатуриб, фуқаро кийимидаги уч киши томонидан тўхтатилади, улар ўзларининг ким эканини айтмай ва ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмай ўғлимни машинага ўтқазади ҳамда Дзержинский туман ички ишлар бўлимига олиб боради. Бу ерда ҳам қўлга олиш ёки қамаб қўйиш ҳақида ҳеч қандай ҳужжат тузилмай, И.Бродский зудлик билан бир кишилик камерага ўтқазиб қўйилади. Кейинчалик унга бу чора халқ судининг ажримига биноан амалга оширилгани ҳақида маълум қилинади.
14 февраль куни йўқолиб қолган ўғлимизни қидириб вақтимизни бесамар ўтказдик, уни сўраб икки бор Дзержинский туман милиция идорасига мурожаат этдик ва тун ярмига борибгина фарзандимиз шу ерга қамаб қўйилгани ҳақида тасодифан билиб қолдик…
Милицияда бўлган пайтимизда шу куни ўғлимизга “Тез ёрдам” чақиртирилгани тўғрисида хабар топдик, аммо воқеа сабаби ҳақида бизга ҳеч қандай маълумот беришмади, бу милициянинг “ички иши” дея гапни қисқа қилишди, холос. Кейин билсак, ўғлимиз юрак хуружини бошдан кечирган, шифокор унга камфора аралаштириб укол қилган, аммо фарзандимиз шундан кейин ҳам бир кишилик камерада қолаверган экан…”
Шу ерда воқеалар ривожига бевосита алоқаси бўлмаса ҳам, бир гапни айтиб ўтсак, бизнингча, зарар қилмас. И.Бродский 1964 йилнинг ўша 14 февраль кунида ўз ҳаётидаги илк юрак хуружини бошдан кечиради. Кейин эса бундай ҳуружлар уни йиллар мобайнида бот-бот таъқиб этади ва у муттасил янаги туғилган кунимга соғ-омон ета олармиканман, деган гумон ва ҳадик ичида яшайди. И.Бродскийни тириклар орасидан олиб кетган сўнгги хуруж эса 1996 йил 28 майда, расмий таъзияномада қуруқ қилиб айтилишича, уйқудалик пайтида рўй беради.
- СУД
Ниҳоят, совет тузумининг энг шармандали суд жараёнларидан бири бўлиб тарихга кирган ўша адлиявий, яна ҳам тўғрироғи, сиёсий “томоша” фурсати етиб келади. Совет тузумининг адолат “посбон”ларидан бири — судья И.Савельева раислигида бўлиб ўтган икки мажлисдан иборат бу суд жараёнига тўхталишдан олдин бир мулоҳазани айтиб ўтсак, балки ортиқча бўлмас. Аксарият тадқиқотчилар И.Бродский иши юзасидан бўлиб ўтган судни ХХ аср улуғ немис модернисти Ф.Кафканинг “Жараён” романига қиёслаб таҳлил қилишни маъқул кўради. Дарҳақиқат, Ф.Кафканинг ҳатто исми шарифи ҳам тўлиқ қайд этилмаган қаҳрамони Йозеф К. сингари И.Бродский ҳам мутлақо бемаъни важ-карсон билан қора курсига ўтқазилган, яъни шоир одам… буғдой етиштирмай, пўлат қуймай ёки бино тикламай, фақат… шеър ёзиб юравергани учун суд залига келтирилган эди. Бу жараён яна шунинг учун ҳам кафкаёна суд деб баҳоланишга лойиқ эдики, қора курсидаги одам ўзини асоссиздан-асоссиз суд қилишаётганини била туриб ҳам, пировардида бемаъни ҳукмга ғайришуурий бўйсунади, итоат этади…
Эҳтимол нопок кимсалар бир-бирлари билан вақтичоғлик дамларида топишар, бироқ софдил одамлар аксарият қийин лаҳзаларда яқинлашишади. И.Бродский шу вақтгача бирор марта юзма-юз келиб, бирор оғиз гаплашмаган одами — москвалик ёзувчи ва журналист Ф.Вигдорова унинг тақдирига ўша кунларда нажот фариштаси мисол кириб келган. Дарҳақиқат, у И.Бродский иши бўйича ҳар икки суд мажлисини ҳам стенограмма шаклида қоғозга тушириб олмаганида, бу йигитнинг кейинги ҳаёти бошқача кечиши наинки мумкин, ҳатто тайин эди. Хайриятки, суд арафасида И.Бродскийнинг яқинлари ва дўстлари худди эртани олдиндан кўргандек, Ф.Вигдоровага мурожаат этган ва агар ёш шоир иши судда кўриладиган бўлса, дарҳол Ленинградга етиб келиши юзасидан ваъдасини олган эди. Бениҳоя ҳалол ва мард инсон бўлган Ф.Вигдорова судья И.Савельеванинг бир неча марта қатъий тақиқлашига қарамай, қоғозга туширган ёзувлар ошкоралик бўғилган ўша даврда И.Бродский ишига оид бирдан-бир ҳужжат вазифасини адо этади.
Хуллас, 1964 йил 18 февраль куни Қўзғолон кўчаси 36-уйда жойлашган Дзержинский туман халқ суди биносида И.Бродский иши юзасидан биринчи суд мажлиси бўлиб ўтади. Ф.Вигдорова ёзувларига ҳаттоки юзаки кўз югуртириб ҳам И.Бродский иши деб аталган бу “томоша”да бош ролни ижро этган судья И.Савельева ўзини нақадар соҳиби қудрат дея ҳис этганини фаҳмлаб олиш мушкул эмас. Шоир шахси ҳамда бадиий ижод масаласида ҳеч вақога ақли етмаса ҳам, бу аҳволи ўзини нақд Фемида деб ҳисоблашига монелик қилмаган судьянинг И.Бродскийга ташлаган ҳар бир луқмасида беписандлик аралаш нафрат уфуриб турарди:
“Судья: Умуман, мутахассислигингиз нима?
Бродский: Шоир. Шоир-таржимон…
Судья: Сиз бунга ўқиганмисиз?
Бродский: Тушунмадим, бунга деганингиз нима?
Судья: Шоирликка-да. Шоирлар тайёрлайдиган… уларни ўқитадиган… институтни тамомлашга ҳаракат қилмаганмисиз?
Бродский: Йўқ, шоирлик маълумот орқасидан келади, деб ҳеч ўйламаган эканман.
Судья: Хўш, унда ниманинг орқасидан келади?
Бродский: Менинг ўйлашимча, бу (бир оз тараддудланиб)… Худонинг инояти…”
Одам шоир, ёзувчи ёки драматург бўлиши учун чўнтагида албатта дипломи бўлиши шарт, дея шак-шубҳасиз ишонадиган киши билан баҳс қилиб ўтириш Дон Кихот каби шамол тегирмони билан жанг қилишдек кулгули иш, албатта. Лекин, начора, манфур идора усули бундай калтабин киши эгнига судьялик либосини кийдириб қўйган, унинг маслаҳатчилари бўлса ушбу масалада ундан бешбаттар ўтиб тушарди.
Мажлисда суд билан боғлиқ зарур расмиятчиликлар адо этиб бўлиниши ҳамоноқ адвокат З.Топорова қуйидаги мазмунда баёнот беради: “Мен фуқаро И.Бродскийни суд-тиббиёт экспертизасига юбориб, унинг соғ-лиғига доир ҳақиқий аҳволни аниқлаш лозим, деб ҳисоблайман. Негаки суд, авваламбор, унинг саломатлиги доимий иш билан банд бўлишига тўсқинлик қилган ёки қилмагани ҳақида бир хулосага келиб олиши зарур”. Сўнгра адвокат суд ҳайъати олдига яна бир адолатли талабни қўяди: “Фуқаро И.Бродский дарҳол соқчилар кузатувидан озод қилиниши шарт. Чунки, у ҳеч қандай жиноят содир этмаган ва уни ҳибсда ушлаб туриш қонунга хилоф. У доимий яшаш жойига эга ва ҳар қандай пайтда суд чақириғи билан талаб этилган жойга бориши мумкин”.
Суд ҳайъати адвокат З.Топорованинг И.Бродскийни суд-психиатрия экспертизасига юбориш ҳақидаги биринчи талабини қондиради. Бироқ жавобгарни соқчилар кузатувидан озод этиш ҳақидаги иккинчи талаб рад этилиб, уни суд-психиатрия экспертизасига олиб бориш 18-милиция бўлими зиммасига юклатилади. Шу тариқа И.Бродский иши юзасидан қисқа вақт давом этган дастлабки суд мажлиси ниҳоясига етади.
Ана шундан сўнг И.Бродский Пряжа дарёси бўйидаги 2-психиатрия шифохонасида зарурати бўлмаса ҳам… уч ҳафта мажбуран ушлаб турилади. Оддий одамлар тилида “жиннихона” деб аталадиган бу даволаш муассасаси Х1Х асрда қурилган бўлиб, бу бино айниқса деразаларнинг ғалати ҳажми билан нозиктаъб шоирни қаттиқ изтиробга солади. И.Бродский анча йиллар ўтиб таъкидлашича, агар бу деразалар яна саккиз марта каттайтирилсагина хонага мутаносиб бўлар эди. Фақат шугина эмас, Пряжадаги “муолажа” усуллари ҳам ўзига етгунча ажабтовур эди. “Бемор” тун ярмида ширин уйқудан турғизилар, аввал совуқ сув тўла ваннага обдон бўктирилиб, сўнгра ўзи каби шалаббо кир чойшабга ўраб-чирмаб ташланар, ана шундан ҳам кейин иссиқлик батареяси ёнига ғўладек “юмалатиб” қўйиларди. Чойшаб қуриб боргани сари баданни сиқиб, қаттиқ оғриқ ҳосил қиларди. Бу, албатта, чинакам даҳшат эди, аммо бундан ҳам баттари… И.Бродский ҳамхонаси бўлган бемор ўзини ўзи қандай ўлдирганига қўққис гувоҳ бўлиб қолади…
Ана шундай азоб-уқубатлар орасидан ўтган И.Бродский 1964 йил 13 март куни яна “одил” суд ҳайъатига рўбарў қилинади. Бунинг арафасида эса суд-психиатрия экспертизаси И.Бродский феъл-атворида ростдан ҳам психопатик белгилар мавжуд, аммо у, бундан қатъи назар, меҳнат қилишга яроқли, демак, маъмурий тартибда чора қўллаш мумкин, деган мазмунда хулоса берган эди. Иши бароридан келган таъқиб “ташаббускор”лари бу сафарги суд мажлисини очиқ ҳолда ўтказиш лозим, деган қарорга келади. Ахир, кенг оммага тарбиявий таъсир ўтказишнинг бундай қулай имкониятини қўлдан бой бериш инсофдан эмас-да! Бунинг учун эса аввалги тору танг хона бошқа кенгу мўл зал билан алмаштирилиши лозим эди, албатта. Адвокат З.Топорова шу мақсадда танланган 15-қурилиш-монтаж бошқармасининг Фонтанка кўчасидаги бинокорлар клубига келганида, ўзи гувоҳ бўлган манзарани қуйидагича тасвирлаб беради: “Бинога кираверишда тумонат одам уймалашар, милиция ҳам одатдагидек ҳозиру нозир эди. Залдагилар икки гуруҳга бўлиниб олган — бир томонда халқ дружиначилари ва “ҳайдаб” келинган мавсумий ишчилар ўтирар, улар расмонасига тажовузкор кайфиятда эди. Бошқа томонда бўлса ёш шоирлар, санъат намояндалари, зиёлилар вакиллари ўтирар эди. ( Я.Гординнинг гувоҳлик беришича, улар ўртасидаги нисбат учга бир эди – М.Р.) Бу галги суд мажлиси, дарҳақиқат, ҳуқуқий жараён эмас, расмона сиёсий тадбир эдики, клуб пештоқига осиб қўйилган “Текинхўр Иосиф Бродский устидан суд!” деган алвон ҳам шунга писанда қиларди.
Иккинчи мажлис ҳам биринчиси каби маънисиз тарзда ўтиши ўз-ўзидан аён эди, албатта. Чунончи, жамоатчи айбловчи Ф.Сорокин И.Бродскийга ота-онаси қарашиб турганидан хабардор бўлгани ҳолда қуйидагича саволлар ёғдириши буни яққол тасдиқлайди. И.Бродскийга келсак, у ҳар бир саволни хотиржам қарши олади ва ўткир жавоб билан “ҳамла”га чап беради.
“Жамоатчи айбловчи Сорокин: Сиз ишлаб топган пулга кун кечириб бўлади деб ўйлайсизми?
Бродский: Ҳа, бўлмасам-чи! Турмада ётганимда ҳар куни овқатимга 40 тийиндан пул сарфлангани ҳақида ҳужжатга қўл қўйиб берардим. Ваҳоланки, озодликда ишлаб топган пулим кунига 40 тийиндан кўпроқ бўларди.
Сорокин: Одамга бундан ташқари яна кийим-кечак ҳам керак-ку?
Бродский: Бисотимда фақат битта костюм бор – тўғри, уям эскириб қолган, аммо янгисига эҳтиёжим йўқ…”
Тўғри, суд мажлисида шоирликнинг қора меҳнатидан хабардор кишилар ҳам қанташиб, бу соҳанинг паст-баландини аввало суд ҳайъатига, қолаверса, унда иштирок этаётган бошқа кишиларга тушунтириш ва шу йўл билан И.Бродскийни текинхўр деган ноҳақ ва ҳатто масхаромуз тамғадан қутқариб қолишга жон борича ҳаракат қилади. Бироқ уларнинг бу дамдаги аҳволини денгиз бўйида туриб қичқираётган киши овозини тўлқинлар шовқини ютиб юборишига қиёс этиш мумкин эди. Бир сўз билан айтганда, ғайриинсоний тузум тажассуми бўлган бу кучлар ҳеч нарсани тушунмас, яна ҳам тўғрироғи, тушунишни истамас эди. Ахир, суд маслаҳатчиси М.Тяглий ошкора ғайирлик билан гувоҳ Н.Грудининага берган мана бу саволни наҳотки бошқача изоҳлаб бўлса?!
Маслаҳатчи Тяглий: Сиз бирор марта бўлса ҳам уни (яъни И.Бродскийни – М.Р.) шеър устида ишлаб ўтирган ҳолда кўрганмисиз ёки у бошқаларнинг меҳнатидан фойдаланганми?
Грудинина: Тўғри, Бродскийни шеър ёзиб ўтирган ҳолда ҳеч қачон кўрмаганман. Бироқ Шолоховни ҳам столга кўкрак бериб ишлаб ўтирган ҳолда ҳам ҳеч қачон учратмаганман. Демак, бундан хулоса чиқариб бўлмайдики…
Судья: Шолохов ва Бродскийни ўзаро таққослаш тўғри эмас. Наҳотки сиз давлатимиз йигит-қизлар олдига ўқишни, таълим-тарбия олишни қатъий талаб қилиб қўяётганини ёшларга тушунтирмаган бўлсангиз. Ахир, Бродский мактабда атиги саккиз йил ўқиган экан, холос.
Грудинина: Лекин, шунга қарамай, унинг билим доираси жуда кенг. Мен у қилган таржималарни ўқиб, бунга амин бўлганман”.
Дарвоқе, орадан бир неча йил ўтиб, Шолохов ва Бродский номини ёнма-ён тилга олиш имкони ҳам пайдо бўлади – чунончи, ҳар икковига ҳам муносиб кўрилган бообрў халқаро мукофот муносабати билан… Лекин бу хусусда сўз юритишга ҳали бир оз эрта. Ҳозирча фақат бир гапни таъкидлаган маъқул: Н.Грудинина нақадар тўғри башорат қилган экан ўшанда!..
Шунингдек, бу гувоҳ аёлнинг ёш ижодкор ва қалам ҳақи масаласида билдирган ростгўй мулоҳазасию бундан қўққис талвасига тушган судьянинг жавоб “зарба”си ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.
“Н.Грудинина: Ёш шоир меҳнатини у шу тобда олган қалам ҳақига қараб баҳолаш нотўғри. Бундай муаллифнинг йўлида омадсизлик беркиниб турган бўлиши, оқибатда у яна узоқ вақт тер тўкиб ишлашига тўғри келиши мумкин. Мана шундай ҳазил бир гап бор: текинхўр билан ёш шоир ўртасидаги фарқ шундан иборатки, текинхўр ишламайди-ю, аммо доим тўқ юради, ёш шоир бўлса ишлайди-ю, лекин кўпинча оч қолади”.
Сўз шу ерга етганда, судьянинг “ғоявий етуклиги” тутиб кетади-да “Сиз берган бу баёнот бизга сира маъқул бўлмади”, дея баланддан келиб гап бошлайди. Сўнгра янада ҳукмфармо оҳангда: “Бизнинг юртимизда ҳар бир киши меҳнатига яраша ҳақ олади, шу сабаб кўп ишлаган одам оз маош олиши мутлақо мумкин эмас. Гапингизга қулоқ солиб турсак, ёш шоирларга катта ғамхўрликлар кўрсатилаётган бизнинг мамлакатимизда гўё улар оч қолаяпти экан, буниси энди қанақа гап бўлди?” дея дағдаға бошлайди…
А.Герцен номидаги педагогика институти доценти Е.Эткинд таржимонлик ишининг ўзига хос бир жиҳати хусусида гапириб, бу соҳа кишилари меҳнати дарров мева бера қолмаслигини таъкидлайди. “Пул дегани фақат таржима босилгандан кейингина келади. Бунгача эса ҳатто ўнлаб йиллар ўтиб кетиши мумкин, дейди тилшунос олим куюнчаклик билан. – Демак, ҳозирча оз пул ишлаб топяпти, дегани албатта ишёқмас, дангаса, текинхўр дегани эмас!”
Шу олий ўқув юрти профессори А.Адмони ҳам И.Бродский фойдасига гувоҳлик берганлар мулоҳазасини давом эттириб, мана бундай дейди: “Бугун Бродскийга нисбатан татбиқ этилмоқчи бўлаётган фармон кам ҳақ олаётганларга эмас, кам меҳнат қилаётганларга қарши қаратилгандир… Шу сабабли Бродский елкасига текинхўр деб айб қўйиш бориб турган бемаънилик бўлади, холос. Унга ўхшаб эртаю кеч жонини аямай тер тўкаётган, мўмай пулу унинг ортидан келадиган ҳузур-ҳаловатга учмай, энг зарур деб саналган ул-бул нарса билан қаноат ҳосил қилаётган, фақат ўз соҳасининг чинакам устаси бўлиш ва тўлақонли бадиий асарлар яратиш ҳақида ўйлаётган одамларга текинхўр деган айб қўйиш мутлақо инсофдан эмас”. Дарҳақиқат, олим қайд этганидек, И.Бродский олдида ҳам шу соҳанинг баъзи корчалонлари каби таржимани қўл учида, енгил-елпи бажариш “имконияти” йўқ эмасди, аммо у ҳар сафар онгли равишда энг сермеҳнат, энг серзаҳмат йўлдан боради…
Ушбу суд жараёнидаги кишини ҳайрон қолдирадиган яна бир жиҳат шуки, И.Бродскийга қарши гувоҳлик берганларнинг бирортаси ҳам аслида уни танимайди. Шу сабабли барча ёлланма гувоҳлар ўз “нутқ”ини бир хил тартибда: “Мен Бродскийни шахсан танимайман, аммо… ” деган кириш сўзи билан бошлайди. Бу ҳол эса бошқа бир ХХ аср улуғ рус шоири Б.Пастернак тақдиридаги қора кунларни беихтиёр эсга солиб юборади. 1958 йилда “Доктор Живаго” романи “ур, калтак!” қилинганда унга лой чаплаган ёлланмачилар ҳам ўз сўзини худди шу таҳлитда бошлаган эди: “Мен “Доктор Живаго” романини ўқимаган бўлсам-да, бироқ ишонч билан айтаманки…”
И.Бродский иши кўрилган суд жараёни тафсилотлари билан танишар экансиз, бошдан-оёқ бир қизил чизиқ бўйлаб ҳаракат қилинганига такрор-такрор ишонч ҳосил қиласиз. Бир томонда адабиёт соҳаси вакиллари (озчилик) шеър ёзиш ҳам аслида расмона меҳнат ҳисобланади ва бу ишга ўзини тўла-тўкис бағишлаш текинхўрлик деб баҳоланмаслиги лозим, деб уқтирса, бошқа томонда эса адабиётга алоқаси бўлмаган кишилар (кўпчилик) шоир албатта бирор ерда ишлаши шарт, шеър ёзиш эса бўш вақт ҳисобидан бўлиши зарур, дея оёқ тираб туриб олади. Кейинги гуруҳга мансуб кишиларнинг ўз наздида жуда “асосли” бўлган яна бир даъвоси ҳам бор: умуман, И.Бродский деганингиз шоирми ўзи, буни ким рўй-рост тасдиқлай олади? Рости, бундай саволни ўртага ташлашнинг ўзиёқ айни бемаънилик эди. Негаки, тирик пайтида тузукроқ эътибор топмай, ўлганидан кейин шон-шарафга бурканган шоирлар озмунчами, ахир?!
Афсуски, ўша давр судлов тизими бундай қалтис ҳуқуқни Ленин-град Ёзувчилар ташкилотига “ҳадя” қиладики, мазкур идора эса бу “вазифа”ни ёш муаллифлар билан ишлаш комиссияси котиби Е.Воеводин тимсолида адо этади. Аслида комиссиянинг ҳеч бир ваколатисиз, фақат А.Прокофьевнинг оғзаки буйруғи билан судда ҳозир бўлган бу мансабдор адибнинг хато кўрсатмаси И.Бродский тақдирини бир ҳамла билан ҳал этади-қўяди. Е.Воеводин судда И.Бродский ҳақида, жумладан, мана бундай дейди: “Эҳтимол, Бродский деган таржимон ростдан ҳам бордир, аммо Бродский деган шоир, имоним комилки, йўқ”. Шунингдек, у қора курсидаги кимсани истеъдод деб оқламоқчи бўлаётган айрим гувоҳларга мана бундай “зарба” беради: “Истеъдод фақат ва фақат халқ эътирофи билан аниқланади. И.Бродскийга келсак, бундай эътироф йўқ ва бўлиши мумкин ҳам эмас”. Е.Воеводин ва И.Бродский ўша кезларда мавжуд бўлган икки қарама-қарши адабиёт – яккаҳоким мафкурага мутеларча хизматда бўлган “мўмин” расмий адабиёт ҳамда виждон амридан бошқа ҳеч нарсани тан олмайдиган “саркаш” норасмий адабиётга мансуб эдики, улар бир-бирига тоқат қилолмаслиги ўз-ўзидан аён эди. Е.Воеводин ҳам А.Николаев каби “сафдош”ларидан ортда қолмай И.Бродскийни кескин қоралаб ва ҳатто инкор этиб ўз сўзини якунлайди: “Бродский ёшларни меҳнатдан, дунёдан ва ҳаётдан бездирмоқда. Унинг жамиятга қарши каттакон “хизмат”и ана шундан иборат”. Шармандали суд поёнига етгач, Н.Грудинина уни ташқарида тутиб олиб, бундай гувоҳлик сабабини суриштирганда: “Мен бор-йўғи буйруқни адо этдим, — дейди у хижолат чеккан алфозда. –Нима ҳам қилардим, ахир, оддий аскарман!”
Суд охирлаб бораётган вақтда И.Бродский сўнгги сўз учун рухсат олиб “Мен бу ерда айтилганидек, текинхўр унсур эмасман, балки кун келиб Ватанини шон-шарафга бурковчи шоирман”, дея баёнот беради бошини адл тутиб. Лекин худди шу тобда унга хайрихоҳ бўлган озгина кишилардан бошқа ҳамма — судья, маслаҳатчилар ва айтарли бутун зал қўққис хо-холаб кулиб юборади.
ХХ аср улуғ рус композитори Д.Шостакович судга йўллаган, лекин, афсуски, ўқиб эшиттирилмаган телеграммасида бундай деб ёзган эди: “Мен шоир Бродский ишини кўриб чиқиш чоғида қуйидаги ҳолатни ҳам ҳисобга олсангиз, дея қаттиқ илтимос қиламан: Бродский шак-шубҳасиз катта истеъдод соҳибидир. Бинобарин, унинг ижодий тақдири ва қолаверса тарбияси билан ҳам Ёзувчилар уюшмаси шуғулланмоғи керак. Агар суд ана шундай ҳукм чиқарса, адолатли йўл тутган бўларди”. Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли Ленинград қамали кунларида улуғвор 7-симфонияси билан Нева бўйидаги шаҳар аҳли қалбига матонат ҳиссини жойлаган бу зотнинг фикри ақл-идрок саси эди, албатта. Бироқ судья И.Савельева ҳамда унинг соясига айланган маслаҳатчиларнинг гунг қалби, афсуски, бу овозни эшитмайди ва И.Бродскийга РСФСР Олий Совети Президиуми фармонида кўзда тутилган энг оғир жазони белгилаш ҳақида қарор чиқаради. У текинхўрлик орқасида кун кечирган дея топилиб, меҳнатга мажбуран жалб қилиш шарти билан 5 йиллик муддатга Ленинград шаҳридан бадарға этилади.
Суд И.Бродский устидан ҳукм ўқиш билан бирга унинг фойдасига гувоҳлик берган кишиларга ҳам якка тартибда ажрим чиқарган, бироқ таомилга зид равишда бу ҳақда эълон қилмасдан баайни орқадан келиб куракка ханжар урган эди. Шу муносабат билан ушбу инсонлар Ленинград Ёзувчилар ташкилоти котибият мажлисида муҳокама этилади ва уларга бир бошдан ҳайфсан эълон қилиб чиқилади. Энг қаттиқ калтак Н.Грудинина бошида синади – у “Светлана” заводи ва Пионерлар саройидаги иш жойидан маҳрум этилади.
Ўз-ўзидан аёнки, И.Бродский тарафдорлари суднинг эртасиданоқ адолат илинжида югур-югурларни бошлаб юборади. “Иосифнинг отаси Александр Иванович билан … шаҳар суди раиси Ермаков ҳузурига кирдик, – дея хотирлайди яна З.Топорова. – У Александр Ивановичга юзланиб: “Сиз яхшиси Москвага боринг, балки ҳақиқатни ўша жойда қарор топтириб бўлар”, дея маслаҳат берди. Бу шундан далолат берар эдики, ҳатто суд раисининг ҳам оёқ-қўли чирмаб ташланган, обкомнинг кўрсатмаси шу қадар қаттиқ бўлган эди. Ҳатто у ҳам ҳеч нима қила олмасди”.
Ф.Вигдорова Ленинграддан Москвага қайтиб келибоқ иш чиқарса бўлади, деб тахмин қилинган барча маҳкамалар эшигини бир-бир қоқишга киришади. Шу кунларда И.Бродский қисматидан ташвишга тушган бошқа машҳур ва софдил адиблар, масалан, А.Ахматова КПСС Марказий Комитетига, К.Чуковский эса СССР Бош прокуроратурасига мактублар йўллайди. К.Чуковский мактубида, жумладан, куйинчаклик билан айтилган қуйидаги сўзлар бор эди: “Ватанимиз зиёлиларини чуқур хавотирга солган бу иш албатта адолатли ҳал этилади, деб умид қиламан. Мен Ғарб билан мулоқотда бўлиб турувчи бир инсон сифатида “Бродский иши” хориждаги дўстларимиз кўзи олдида одил совет судининг обрўсига ниҳоятда катта путур етганидан қайғурмай туролмайман…”
Суддан сўнг И.Бродский бир вақтлар ўзи санитар бўлиб ишлаган турмада бир ҳафта ҳибсда сақланади ва 22 мартда ўзига ўхшаш бир гуруҳ маҳбуслар билан сургун муддатини ўташ учун поездда олис шимолга жўнатилади. И.Бродскийни кузатиб қўйиш учун вокзалга чиққан З.Топорова 80-йиллар адоғида бу лаҳзаларни эсга олиб, “Унинг ўша пайтдаги аҳволи чиндан-да аянчли эди, – дея ҳикоя қилган эди. – Иосиф оёғига чийбахмал шиппакни апил-тапил илиб олган ва чўнтагига онаси тутқазган бир жуфт апельсинни жойлаган кўйи сургунга йўл олган эди. У Ленинградни тарк этаётганидан жуда эзилар, кетишни сираям истамасди…”
Совет тузумининг И.Бродскийга қарши “тажовуз”и ёш шоир ва таржимоннинг Иттифоқ ҳамда чет элдаги довруғини бениҳоя ошириб юборади. Бунда Ф.Вигдорова ёзувларининг дастлаб “самиздат” орқали мамлакатга ёйилиши, сўнгра хорижий тилларга ўгирилиб, Франциянинг “Fugaro litteraire” ва Англиянинг “Encounter” нашрларида тўлиқ чоп этилиши катта роль ўйнайди. Шу асно ер юзининг барча тарафидан И.Бродскийга озодлик берилишини талаб қилувчи овозлар янграй бошлайди. Уни адолатсиз равишда жазолашга бош қўшганларни очиқ-ошкор айблаш ва ҳатто маломат қилишга қадар борилади. Бу ҳақда Н.Грудинина мана бундай гувоҳлик беради: “Прокофьев бир гал Расул Ҳамзатовдан ҳол-аҳвол сўраб борса, Александр Твардовский ҳам унинг ёнида экан. Прокофьев дабдурустдан қаёқдаги бир ишёқмас, дангаса, текин-хўрни деб боши ташвишдан чиқмай қолгани, ёзувчилар унга ҳадеб ёвқараш қилаётгани ҳақида нолиб гапира бошлабди. Шунда Твардовский: “Сен бутун шоир халқига хиёнат қилдинг!” дебди унинг юзига тик боқиб. Бу воқеани менга Яков Козловский айтиб берганди”, дея илова қилади Н.Грудинина.
- СУРГУН
И.Бродский суд хукмига кўра, сургунни Архангельск вилояти Коноша тумани Норенск қишлоғида ўтказиши лозим эди. Бу қишлоқ темир йўлдан ўттиз километр чамаси узоқда жойлашган бўлиб, ботқоқзор шимол ўрмони билан қуршалган эди. И. Бродский ўз умрининг бу ерда кечган бир “бўлаги” ҳақида кейинчалик қуйидагиларни ҳикоя қилади: “Норенскда аввалига бир хушфеъл сут соғувчи аёлникида яшаб турдим, кейин кекса бир деҳқондан ижарага ҳужра олиб кўчиб ўтдим. Мен меҳнат қилиб топган озгина пул ҳам ижара ҳақига сарфланар, араққа деб уч сўм сўраб чиқадиган уй эгасига онда-сонда қарз ҳам бериб турардим”.
И.Бродский шон-шуҳрати бутун дунёга ёйилган 80-йиллар адоғида журналистлар норенсклик ўша хушфеъл сут соғувчи аёл – Таисия Ивановнани излаб топишга ва унинг қувғинди шоирга доир эсдаликларини ёзиб олишга муваффақ бўлади. Бу аёлнинг И.Бродский паноҳ топган пастаккина кулбасини Х1Х асрда унинг катта бобоси тиклаган эди. Уйнинг И.Бродский истиқомат қилган хонаси узунига беш, энига тўрт қадам келар, унга диван билан стол аранг сиғар эди, холос. Хона деворига бошдан-оёқ энли тахта қопланган, арча ғўлаларини қоқ иккига бўлиб пол қилинган эди. Ундаги биттаю битта деразадан қишлоқдаги бош кўчанинг шапалоқдай қисмию рўпарадаги учта-тўртта кулба кўриниб турар, ҳув нарида эса ўтлоқзор ва ўрмон кўзга ташланарди.
И.Бродскийнинг яқинлари ва дўстлари уни сургун йилларида ҳам ёлғизлатиб қўймайди. Я.Гордин олтмиш тўртинчи йил кузида ёзувчи И.Ефимов билан Норенскка келганида, И.Бродский ғалла омборига ишга қўйилган ва буғдой қизимасин деб белкурак билан ағдариб турарди. Е.Рейн ва А.Найман эса улар ортидан сургундаги шоирга А.Ахматованинг изтиробга тўла мактубини ҳам ола келади. Шуни қайд этиш лозимки, расмий доиралар унчалик хуш кўрмаган бу шоира Иосиф мен билан яқин бўлгани сабаб шу балога гирифтор бўлиб турибди, дея ўзини ўзи беаёв айблар эди. И.Бродский ҳаётидаги ўша нажот фариштаси – Ф.Вигдорова бисотидаги биттаю битта мўъжаз ёзув машинкасини Норенскка танишлар орқали бериб юборади. Унга қалбан яқин бўлган бошқа бир аёл – Л.Чуковская эса сургундаги шоирга ҳар нарсадан ҳам қиммат бўлган китоблар жўнатиб туради. Дарвоқе, дарди бедаво касал – саратонга чалинган Ф.Вигдорова ўшанда ўз умридан фақат бир йилгина қолганини ҳали билмас эди. У ана шу сўнгги йилни ҳам ноҳақ бадарға этилган ёш шоир ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга сарф этади.
Ниҳоят, ярашиб олишгандан сўнг М.Басманова ҳам Норенскка келиб, И.Бродский билан бирга яшай бошлайди. Лекин бу икки ёш муносабати ҳали ҳам, афсуски, ўта чигал ва ғоят зиддиятли эди. Бу жуфтлик орасида Д.Бобишевнинг гоҳ-гоҳ пайдо бўлиб қолиши ҳар гал асабий жанжални келтириб чиқарарди. Марина бўлса бу икки рақиб ўртасида бир қарорга келолмай, гоҳ униси, гоҳ буниси ёнига чопади. Ана шундай беқарорлик чангалида қолган Марина охир-оқибат Иосиф билан никоҳ риштасини узади ва улар 1967 йилда Андрей исмли ўғил кўришгандан сўнг бир-бирини абадий тарк этади. Лекин Марина ҳали узоқ вақтгача унинг тақдиридан бош олиб кетмайди — у Иосифнинг ўйларига такрор ва такрор бостириб кирар, бунинг оқибати ўлароқ “М.Б.га” деган бағишлов остида янгидан-янги шеърлар дунё юзини кўрарди. (Дарвоқе, орадан ўн йилча вақт ўтиб И.Бродский ҳаётида бошқа бир аёл ҳам пайдо бўлади. У 1991 йили Парижда отаси итальян, онаси рус бўлган зодагон аёл Мария Соззани билан танишади ва шу йилнинг ўзидаёқ у билан оила қуради. 1992 йилда бу никоҳдан Анна-Александра-Мария исмли қиз дунёга келади. И.Бродский устози Анна Андреевна, отаси Александр Иванович, онаси Мария Моисеевналар шарафига қизини ана шу ном билан атаган эди).
“Лирик” чекинишга нуқта қўйсак-да, шоирнинг сургундаги ҳаёти лавҳаларига қайтсак. И.Бродский ўз ҳаётининг суд ва сургун билан боғлиқ воқеалари ҳақида эслаш ва сўзлашни унча хуш кўрмас, бунинг сабаби – ўзига жабрдийда деб эмас, балки шоир деб қарашларини хоҳларди. Шу боис ҳам сургун даврида кўпдан-кўп машаққатларни бошдан кечирган бўлса-да, аммо булар ҳатто эслашга ҳам арзимайди дегандек, уларни осонгина четлаб ўтиб, фақат ҳаловатли онлар хусусида сўз юритади. Орадан ўн йилларча вақт ўтиб, АҚШлик журналист М.Скаммеллнинг “Суд ва сургун Сизнинг ижодингизга қандай таъсир кўрсатди?” деган саволига ҳам И.Бродский ана шундай руҳда жавоб қайтаради: “Биласизми, буни ҳатто ўзим учун фойдали бўлган, деб ўйлаб қоламан. Чунки, қишлоқда кечган ана шу икки йил ҳаётимнинг энг ажойиб давридир. Мен ўшанда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ижод қилганман. Гарчи эртадан кечгача билакка зўр бериб ишлашга тўғри келган бўлса ҳам, бу заводдаги меҳнат эмас, балки даладаги юмуш бўлгани боис, баъзан ишнинг ўзи қолмаган пайтларда дам олишга ҳам анча-мунча фурсат бўларди”. Дарҳақиқат, олис шимол заминидаги сургун даврида у қалин бир китобга жо бўларли ажойиб шеърлар ёзади. Водариғ! Шоир табиатининг энг жумбоқли томони ҳам аслида шу: у қанчалар оғир аҳволга солинса, шунча қизғин ижод қилади.
И.Бродский сургун даврида шоирлик бурчи ва эътиқоди ҳақида чуқур ўйлаб, бу борада ўзи учун зарур бир хулосага келади. У дўсти И.Томашевскаяга 1965 йил 19 январь куни ёзган хатида илгари қандай бўлган бўлса, бундан буён ҳам ана шундай бўлиб қолишини маълум этади ва “Сирасини айтганда, менинг бу ёруғ оламда ҳеч бир айб-гуноҳим йўқ,– деб таъкидлайди қатъият билан. – Буни такаббурликка эмас, хокисорликка йўйинг, бироқ бу – бамисоли тоғнинг осмон олдидаги хокисорлигидир. Ўзимни шунча тупроққа қорганим етар. Қайғу ҳасратга эмас, қаҳрга айланиши лозим ва мен энди чиндан-да қаҳрлиман”.
Хилват қишлоқ бўлмиш Норенскда И.Бродский ўз ижодига бутун умр бўйи катта таъсир кўрсатган ХVП аср инглиз руҳонийси ва шоири Жон Донн шеърияти билан аслиятда муфассал танишади. И.Бродский ўша кезларни эслаб, 70-йиллар бошида мана бундай деб айтган эди: “Ушбу китоб менинг қўлимга қандай қилиб тушиб қолди – мана шуниси қизиқ. Аввалига бу шоир асарларини қидириб қанчадан-қанча антологияни тит-пит қилиб чиқмадим, дейсиз! …Сургундалик вақтимда Лидия Корнеевна Чуковская туғилган кунимга совға тариқасида — чамаси, отасининг кутубхонасидан олган бўлса керак — Жон Донннинг ”Модерн лайбрери” да чоп этилган нашрини юбориб қолса бўладими?! Ўшанда бу шоир шеърларини биринчи марта битта ҳам қўймай ўқиб чиққанман, ўқиганда ҳам росманасига, жиддий ўқиб чиққанман.” Барокко адабиётининг бу улуғ вакили И.Бродскийнинг назм бобидаги тасаввурларини бениҳоя кенгайтириб юборгани ҳақида унинг ўз оғзи билан айтган эътирофли сўзлари адабиёт мухлисларига маълум, албатта. Айни чоғда Жон Донн ижодидан қилинган таржималар ёш қаламкаш учун чинакам адабий маҳорат мактаби бўлди – авваламбор унинг шеъриятига метафизик мазмун бахш этди, қолаверса, банднинг ифодавий имкониятларини кенгайтирди, уни янги ритм ва интонациялар излаб топишга илҳомлантирди.
- ҚАЙТИШ
РСФСР Олий Суди Президиумининг 1965 йил 17 августдаги қарори билан И.Бродскийнинг сургун муддати шу вақтгача ўталган муҳлат – бир йилу беш ойга қисқартирилади ва унга Ленинградга қайтиб келиши учун расман ижозат этилади. Бу, бир томондан, ХХ аср улуғ француз ёзувчиси Ж.П.Сартр бошлиқ соф виждонли Ғарб зиёлиларининг собитқадам саъй-ҳаракати самараси бўлса (бу адиб СССР Олий Совети Президиуми Раиси А.Микоян номига оташин мактуб ёзган эди), бошқа томондан эса, К.Чуковский бошлиқ Иттифоқ зиёлиларининг бетиним елиб-югуриши натижаси эди (бу шоир 22 нафар бообрў ёзувчи билан бирга И.Бродскийни васийликка олиш ҳақида мактуб тайёрлаган эди). Дарвоқе, бу вақтга келиб мамлакат тинч йўл билан амалга оширилган сиёсий тўнтаришни бошдан кечирган, Н.Хрушчёв КПСС Марказий Комитетининг 1964 йил октябрь пленумида ўз лавозимидан истеъфо беришга мажбур бўлган эди. Хуллас, СССР бўйлаб янги сиёсий раҳбар – Л.Брежневнинг бора-бора нон сероб бўлиб кетадиган, унинг ортидан эса сиёсий латифалар ҳам болалаб кетадиган даври бошланиб улгурган эди.
И.Бродский сургундан қайтиб бошдан ўтказган илк мусибатли воқеа 1966 йил 10 март куни А.Ахматовани дафн этиш маросими бўлди. Рус шеъриятининг бутун тарихи мобайнида бирор-бир шоира (М.Цветаевани истисно қилганда, албатта) А.Ахматова қадар юксакликка кўтарила олмаган эди. Танҳо А.Пушкиннигина тан олиб, ёлғиз унгагина эргашган бу шоира И.Бродскийнинг ўзиникига мутлақо ўхшамайдиган шеърий услубидан қаттиқ таажжубга тушарди. Зеро, бу икки шоир шеъриятининг бирида руҳий ҳолат нозик “чизиб” берилса, бошқасида инсон ҳаёти фалсафий идрок этилар, бири сўзга ўта “зиқна” бўлса, бошқаси уни аямай, аммо сеҳргарона ишлатар, бири метафорага онда-сонда “илтифот” кўрсатса, бошқаси эса унинг жамшидона “базм”и ичра яшарди. Дарҳақиқат, И.Бродский А.Ахматова назмини жуда яхши кўриб баланд қадрласа ҳам, аммо у орзу қилган шеърият мутлақо бошқача эди. И.Бродский кексайиб қолган устозидан хабар олгани тез-тез келиб турар, ҳар гал у билан узоқ-узоқ суҳбатлашиб ўтирар, бу гурунгларда, шоир ўзи кейинчалик таъкидлагандек, сўз очилмаган бирор мавзу қолмас, аммо шеърият ҳақида энг кам гапириларди. И.Бродский А.Ахматова портретига мана шундай қисқа, аммо аниқ чизги берган эди: ”Унга боқиб туриб, Россиядек салтанатни қандай қилиб аёл император идора эта олганини тушуниб етасан киши”.
И.Бродский сургундан келасолиб ўзини тағин адабий жараён бағрига уради. У мумтоз рус шеъриятини сабр-бардош билан ўрганишда давом этади. Ўзига замондош шоирлар ижодини ҳам таҳлил қилиб, ютуқ ва камчиликларидан сабоқлар чиқаради. Шу даврда ҳар хил сабабга кўра, Москва, Паланга, Ялта, Гурзуф каби шаҳарларга сафар қилади. Бу сафарлар И.Бродскийни янгидан-янги таассуротлар билан бойитади ва, табиийки, шеърий оламига ҳам ёпирилиб киради.
И.Бродскийнинг бу давр ижодига хос етакчи жанр бирмунча чўзиқ элегия ҳисобланиб, уни ярим достон деб аташ ҳам хато бўлмас. Унинг шеърияти учун етакчи хусусиятлар сифатида эса ҳикматга монанд фикр юритиш, ғам-андуҳга йўғрилган кайфият, одам ва оламга ўткир киноявий нигоҳ ва ниҳоят, узуқ-юлуқ, аммо жуда соф поэтик тилни таъкидлаш лозим. Унинг “Фаввора”, “Т.Б. хотирасига”, “Натюрморт”, “Генерал Z га мактуб” каби шеърлари ҳамда “Горбунов ва Горчаков” достони ана шундай хулосага келиш учун асос беради.
Ўн йилдан сал кўпроқ вақт мобайнида И.Бродский ақлни лол қиларли даражада тез камолга етади ва рус шеърини бутун фасоҳати билан эгаллаган сўз устасига айланади. Бироқ , шунга қарамай, у шеърларини чоп эттиришда цензуранинг қаттиқ тазйиқига дуч келар ва ҳар гал бу хилдаги тажовузга муросасиз қаршилик кўрсатарди. Бу ҳақда ҳозирги замон таниқли рус шоири Е.Евтушенко қуйидагиларни ҳикоя қилади: “Биз Аксёнов билан бирга анча уриниб “Юность” журнали бош муҳаррири Полевойдан Бродскийнинг саккизта шеърини чоп этишга розилик олдик. Шу баҳона бўлиб унинг тақдири ҳам ўзгариб кетса ажаб эмасди. Бироқ Одам боласи ўз қисматини ўзи танлайди, деганларича бор экан. Полевой ўша сон босиладиган бўлиб турган бир пайтда “Менинг тараллабедод, маст-аласт халқим” деган ягона мисрани ўзгартириб бериши ёки шу саккиз шеърдан биттасини олиб ташлашини сўраганида, Бродский йўқ деб оёқ тираб туриб олди”.
Эътиқодида собит қолган И.Бродский сургундан кейин ҳам совет тузумининг ўзига, ўзининг эса совет тузумига бегона эканини ҳар дам ҳис этиб яшайди. Бироқ ташна руҳини обиҳаёт каби қондирган муаззам рус маданияти ҳамон уни шу заминга, шу халққа маҳкам боғлаб турарди. 1972 йил 12 май куни И.Бродский Ленинград шаҳар ОВИРига чиқирилиб, унинг олдига икки йўлдан бирини танлаш шарти қўйилади: ё ватанни тарк этиш, ё умрини қамоқхона ёки жиннихонада ўтказиш …
- МУҲОЖИРЛИК
1972 йил 4 июнь куни тонг палласида СССРни тарк этиш учун Пульково аэропортига отланаётган И.Бродский КПСС Марказий Комитети Бош котиби Л.Брежневга очиқ хат ёзади. Бу мактубда шоир ўзининг 15 йиллик адабий фаолияти фақат ва яна фақат рус маданияти равнақи учун хизмат қилажагини таъкидлаб, мана шу хизмати ҳаққи-ҳурмати адабий жараёнда бундан кейин ҳам ҳеч бўлмаса таржимон сифатида иштирок этиб қолишига розилик беришини сўрайди.
“Россиядан бош олиб чиқиб кетиш менга жуда-жуда алам қилади. Негаки, мен шу ерда туғилдим, ўсдим, яшадим ва қалбимда неки эзгу туйғу бўлса, бари учун фақат унинг ўзидан қарздорман. Менинг чекимга тушган барча ёмон кунлар улардан ҳам кўпроқ бўлган яхши кунлар остида қолиб, кўмилиб кетган ва ўзимни ҳеч қачон Ватаним томонидан камситилган деб ҳис қилмаганман, ҳозир ҳам бундай ҳисни бошдан кечираётганим йўқ. Зотан, мен бундан буён СССР фуқароси бўлиб қололмасам-да, барибир, рус шоири бўлиб қолавераман. Бир кунмас бир кун албатта қайтиб келишимга ишонаман: шоирлар хоҳ вужудида, хоҳ қоғозда бўлсин ҳар гал албатта қайтиб келган. Мен унисига ҳам, бунисига ҳам умид қиламан. Инсоният кимнинг билаги зўр бўлса, ўшанинг гапи ҳақ, дея ҳукм чиқарадиган палладан аллақачон ўтиб бўлган. Аслида ҳам бундай йўл тутайлик дейилса, дунёда кучсизлар қанчадан-қанча. Наздимда, бирдан-бир ҳақиқат бу – эзгуликдир. Хусумат, ғазаб ва нафратдан – улар ҳатто адолатли бўлса ҳам – ҳеч кимга фойда йўқ. Биз ҳаммамиз бир заруратга – ўлимга маҳкуммиз. Бу сатрларни битаётган одам – менга ҳам, уларни ўқиётган одам – Сизга ҳам ўлим ҳақдир. Ортимизда фақат қилган ишларимиз қолади, холос, аммо улар ҳам емирилишга маҳкум. Шу боис ҳам ҳеч бир одам бошқа кишига ўз юмуши билан машғул бўлишида тўсқинлик қилмаслиги зарур. Ҳаёт кечириш ўзи шундоғам жуда сермашаққат, уни янаям оғирлаштиришдан нима наф?!.”
И.Бродский учиш олдидан, эски расм-русумга кўра, уннаб қолган жомадони четига бир дақиқа чўкади. Сураткаш М.Мильчик томонидан тасмага муҳрланган бу оний ҳолат кейинроқ бутун дунёни айланиб чиқади. СССР парчаланиб кетганидан сўнг – 2005 йилда Санкт-Петербург университети ҳовлисида И.Бродскийга атаб Россияда дастлаб ўрнатилган ёдгорликда ҳам айнан шу жомадон тасвирланади.
И.Бродский муҳожир сифатида заминига илк бор қадам босган бегона юрт Европанинг юраги — Австрия бўлади. Унинг пойтахти Вена бутун дунё бўйлаб муҳожирларни аввал тўплаб, сўнгра яна тарқатиб қоладиган ўзига хос “қўналға” эди.
И.Бродский Исроил визаси билан жўнаб кетган бўлса ҳам, АҚШни ватан тутиб, шу ерда яшаб қолади. Унга хайрихоҳ бўлган ғарблик зиёлилардан бири – профессор К.Проффер таклифи билан аввал Энн-Арбордан бошпана топиб, Мичиган университетида рус адабиётидан дарс бера бошлайди. Кейинчалик эса Нью-Йорк шаҳрига кўчиб ўтади ва Колумбия ҳамда Нью-Йорк университетларида фаолият кўрсатади. Талабалар уларга юзма-юз турган бу ўта зукко олим атиги етти синфни тамомлагани ва фақат мустақил мутолаа туфайлигина шу даражага эришганидан бехабар эди, албатта.
Ота-онасини ўғиллари олдига албатта юборишади деб қаттиқ ишонган ва улар келганида кенг-мўл яшаса деб орзу қилган И.Бродский Энн-Арборда каттагина бир уйни ижарага олади. Бироқ, афсуски, СССР раҳбарияти Александр Иванович ва Мария Моисеевналарнинг хоҳ биргаликда, хоҳ якка ҳолда бўлсин, ўғиллари билан дийдорлашиш учун рухсат сўраб қилган илтимосини ўн икки бор ҳам рад этади. 1983 йилда онасидан, бир йилдан сўнг эса отасидан жудо бўлган И.Бродскийнинг ўзи ҳам ана шундай рад жавоби туфайли азиз кишиларининг дафн маросимида қатнаша олмайди. Бу тақиқлар олиб ташлангандан кейин ҳам унинг киндик қони тўкилган юртига келишни ортга суравергани балки ўша аламли хотиралар билан изоҳланар?!
И.Бродский гарчи мана шундай жабру ситамлар тортган бўлса ҳам, СССР шаънига ҳар хил нолойиқ сўзлар айтишдан ўзини тияди. У айниқса, ўзининг муҳожирлик қисматига сиёсий тус беришни хоҳламас, бу ҳақда сўз очилгудек бўлса, “Мен бор-йўғи бир макондан бошқа маконга, бир салтанатдан бошқа салтанатга кўчиб ўтдим, холос”, дейиш билан кифояланар эди, холос. Кейинги макон ва салтанатнинг аввалгисидан фарқи эса, унинг наздида, фақат бир нарсадагина эди. У 1987 йилдаги интервьюларидан бирида: “АҚШда ўтказилган ўн беш йил менинг ҳаётимдаги ажойиб бир давр бўлди, чунки ҳеч ким менинг тинчимни бузишга қасд қилгани йўқ, – деб айтган ва ортидан шундай қўшиб қўйган эди. – Мен бу ерда шундай ҳаёт кечирдимки, аслида шоир худди шундай кун кечириши лозим – ҳаёт лаззатларию одамлардан бир чеккада… Балки, қувғин шоир тақдири учун бирдан-бир табиий шарт-шароитдир. Бу борада романнавислар йўриғи бошқа – улар ўзлари қаламга олаётган жамият қурилмасининг нақд ичида юриши керак. Мен ҳаёт шароитим ва кундалик машғулотимнинг бундай мувофиқлиги борасида омадим келганини фаҳмлаб турардим, албатта. Ҳозир эса кейинги “яхши томонга ўзгаришлар”дан қўрқувга тушиш ҳисси борки, кимдир биров менинг ҳаётимга зўрлик билан бостириб киришни мўлжаллаб тургандек туюлаверади. Бу нарса одам бозорни айланиб юрганида, лўли аёл қўққисдан унинг олдига келиб, қўлидан ушлаши ва кўзига тикилиб, “Энди сени олдинда нималар кутиб турганини айтиб бераман…” дейишига ўхшайди. Мен бир чеккада яшашга одатланганман ва бу одатни тарк этиш ниятим ҳам йўқ”.
И.Бродский “яхши томонга ўзгариш” деганда 1987 йилда адабиёт соҳасида Нобель мукофотига сазовор бўлишини назарда тутган бўлса, ажабмас. Бу нуфузли халқаро мукофот туфайли И.Бродский истеъдоди бутун дунёда тан олинади ва бу даврга келиб ичдан емирила бошлаган СССРда ҳам унинг шахси ва ижодига муносабат ўзгаради. Янги Нобель совриндорини дунё адабиётига туҳфа этган заминда И.Бродский шеърлари 80-йиллар охиридан чоп этила бошлайди, 90-йиллар бошидан эса китоблари ҳам дўкон пештахталарида пайдо бўлади. Шоирнинг ўзи бир вақтлар айтгани каби, бу унинг қоғоздаги қайтишидан далолат бўлиб, энди эса ўзининг қайтишига навбат келганди. 1995 йилда илгари Ленинград номи билан аталган, энди эса Санкт-Петербург деган ном билан юритила бошлаган шаҳар мэри А.Собчак И.Бродскийга фахрий фуқаро унвонини бериш ҳақидаги фармонга имзо чекади. Шу йили Нью-Йоркдаги “Уолдорф Астории” меҳмонхонасида А.Собчак ва И.Бродскийнинг юзма-юз мулоқоти бўлиб ўтади, унда шоир она шаҳрига ташриф буюриш юзасидан расмий таклиф олади. Нева бўйидаги шаҳарга ташриф И.Бродскийдан жуда катта жисмоний ва руҳий кучни талаб этардики, бу вақтга келиб бир мунча ҳолсизланиб қолган шоир бундан қаттиқ хавотирда эди. Қолаверса, она юртига у бутун шаҳар аҳолисини оёққа қалқитган ҳолда дабдаба билан қайтишни ҳам истамасди. И.Бродский А.Собчакка узрхоҳлик билан ёзган мактубида агар тақдир насиб этса, бир куни Санкт-Петербургга ҳеч бир овоза қилмай кириб боражаги ва даставвал унинг остонасида қўққис пайдо бўлажаги ҳақида ваъда берганди.
Бироқ унинг умр кемаси бу вақтда, афсуски, сўнгги бандаргоҳ сари яқинлашиб борарди. Кетма-кет хуружларни бошдан кечиравериб ҳилвираб қолган юраги ташрифгача чидаб бериши душвор эди…
* * *
И.Бродский ёшлик чоғларида ёзилган бир шеърида: “Васильевск оролига ўлмоқ учун келаман”, деган эди ғайришуурий бир қатъият билан. Бироқ унинг бу истаги, афсуски, амалга ошмай қолди. Шоир жасади Италиянинг кўҳна ва мафтункор шаҳри – Венеция заминига, унинг Сан-Микеле оролидаги қабристонга дафн этилди. Ҳозир И.Бродский мангу уйқуда ётган қабр мармартошига антик Рим шоири Проперцийнинг қуйидаги мисраси ўйиб битилган: “Letum non omnia finit”. (Таржимаси: “Ўлим билан ҳамма нарса ҳам тугай қолмайди”.– М.Р.) И.Бродский ҳаёти ва ижодига татбиқан бу фикр нақадар тўғри, нақадар ҳаққоний!
Шоир жасадининг бу заминга қўйилишида ҳеч қандай тасодиф йўқ, чунки у 1989 йилдан буён Венециянинг фахрий фуқароси эди. Санкт-Петербург каби сув ёқасида қад ростлаган бу маскан унга она шаҳрини эслатиб турган бўлса ҳам, ажаб эмас. Шоир тўрт аср муқаддам ўзи каби қувғиндилар асос солган бу шаҳарни жуда қадрлар ва меҳр билан “Менинг Венециям” дея атарди. Ушбу шаҳар билан боғлиқ кечинмалар шоирнинг талай шеърларига кўчгани алоҳида эътирофга муҳтож эмас. Бир вақтлар мушфиқ Флоренция Данте Алигьеридек беназир фарзандини бадарға қилиб, уни қайта бағрига ололмаган. Энди эса саховатли Венеция И.Бродский тимсолида ўша жудолик ўрнини тўлдирган бўлса ҳам эҳтимол… Аммо Санкт-Петербург-чи, у И.Бродскийдан қолган машъум жудолик ўрнини кимга илтифот кўрсатиб тўлдиради?!
Мақолани Л.Лосевнинг «Иосиф Бродский. Адабий таржимаи ҳол тажрибаси» (2006 й.), С.Волковнинг «ИосифБродский билан суҳбатлар» (2007 й.), В.Полухинанинг «Иосиф Бродский замондошлари нигоҳида» (Икки жилдлик, 1997; 2006 й.й.) китоблари ҳамда интернет материаллари асосида Муҳиддин Раҳимов тайёрлади.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 3-сон.