Бегали Қосимов. Ғазалнавислик сирлари ва “Хамса” талқинлари

Кейинги йилларда шеъриятимизда ғазалчиликка мойиллик кучайганлигини сезмаслик мумкин эмас. Кўпдан ғазалнавис сифатида танилиб келаётган шоирларимизгина эмас, ёшлар ҳам унда ўз кучларини синаб кўрмоқдалар. Эркин Воҳидов қадим анъанани тутиб, девон тартиб қилди. Жамол Камол бир қатор манзур ғазаллар ёзди. Айрим ёшлар ҳатто ўзларининг шеъриятдаги биринчи қадамларини ғазалдан бошламоқдалар. Ғазалдай кўҳна ва дилбар бир жанрга ошиб бораётган бундай иштиёқнинг қувончли томонлари кўп, албатта. Лекин ҳар яхшининг бир лекини бўлганидек, унинг андак ташвишли томонлари ҳам йўқ эмас. Матбуотимизда у ҳақда жиддий баҳслар кетганлиги буни кўрсатиб турибди. Бу баҳсларнинг масалалари доираси бир хил эди. Яъни: ғазал бугунги кунда замон талабларига жавоб бера оладими ёки эскирдими? Ҳозирги тилимизнинг фонетик системаси арузга мос тушадими?

Ғазал Шарқнинг минг йиллик шеърияти тарихида мумтоз ўринни эгаллаб келди. Даставвал арабларда дунёга келган бу жанр кўпроқ форс-тожик шеъриятида шуҳрат топди. Улуғ Навоий ғазалда уч йўл – уч раҳнамо устоз мавжудлигини айтган эди:

Ғазалда уч киши тавридур ул навъ
Ки андин яхши йўқ назм эҳтимоли.

Бири муъжизбаёнлиқ соҳири ҳинд,
Ки ишқ, аҳлини ўртар қилу қоли,

Бири Исо нафаслиқ, ринди Шероз,
Фано дайрида масту лоуболи.

Бири қудси осорлиқ, орифи жом,
Ки Жоми Жамдурур синғон софоли.

Демак, бири – Хусрав Деҳлавий. У ўз фикрини мўъжизавий бир тусда баён қилади. Унинг шеъриятидаги ҳар бир нуқта ишқ аҳлининг кўксига лахча чўғ бўлиб тушгандир. У оддий шоир эмас, сеҳргар. Сеҳргар бўлганда ҳам ҳинд сеҳргари. Иккинчиси, ўликка жон бахш этгувчи афсонавий Исо нафасига эга бўлган фоний дунёнинг сармаст куйчиси, шерозлик ринд – Ҳофиз. Учинчиси – Абдураҳмон Жомий. Унинг ҳар бир сатридан муқаддаслик ҳиди анқиб туради. Унинг қўлидаги синиқ, сополи Жамшид жомига арзигуликдир. У чинакам донишманд,  “орифи жом”дир.

Эътибор қилинган бўлса, Навоий уч буюк устод ғазалиётининг характерли томонларини кўрсатиб ўтмоқда. Маълум бўлганидек, Хусравда эҳтирос, оташангизлик кучли. Ҳофиз эса ҳур фикрга мойил. Жомийда фалсафийлик, донишмандлик бўртиб туради. Айни пайтда булар ХIV–ХV асрлар ғазалиётининг ҳам муҳим хусусиятлари эди. Ҳолбуки, ғазалда дастлаб ишқий мазмунгина ифодаланарди. Ахир “ғазал”дан ясаладиган  “муғозала” феълининг луғавий маъноси ҳам аёллар билан ёқимли гапларни гаплашмоқ, хушторлик қилмоқ дегани эди-да. Ғазал жорий бўлгач, адабий термин сифатида ишқий шеър деган маънони бера бошлади. Замонлар ўтиши билан унинг мавзу доираси кенгайиб борди. Масалан, айрим олимлар ХIV–ХVI асрлар ғазалиётини ошиқона, орифона, қаландарона ғазалларга бўлиб ўрганадиларки, бу бежиз эмас.

Ўзбек шеъриятида ғазални ҳеч ким Навоийчалик “кўп ва хўб” (Бобур) ёзган эмас. Улуғ шоир қаламида ғазал ўзининг янги босқичига кўтарилди. Унинг “Чор девон” номи билан шуҳрат топган “Хазойин ул-маоний” девони биргина маънолар эмас, инсон руҳий оламининг ҳам бой хазинаси эди.

Шоир шеърияти авлодлар ва замонлар учун улкан дарсхона бўлиб қолди. У ғазалнинг мавзу ва ифода имкониятларини кенгайтирди. Ғазалга замон ва аҳли замон дардини олиб кирди, умуминсоний ғояларни шеъриятимизнинг асосий мазмуни даражасига кўтарди.

Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким эрур ёрлиғ иш.

Ёки:

Кўнгулни олса малоҳат била тафовут йўқ,
Хитои ўлсуну ё армани ва ё ҳинду.

Шоирнинг деярли ҳар бир ғазалида учрайдиган бундай фикрларнинг эскириши мумкинми?! Йўқ, улар бугун ҳам хизматда. Демак, ғазалдан ҳам мурод аввало  “маъни” (Навоий)дир, фикрдир. У эса унча-бунча эмас, муҳим, мазмундор бўлиши керак.

“Қаро кўзум”даги машҳур сатрларни эсланг:
Хазон сипоҳига, эй боғбон, эмас монеъ,

Бу боғ томида гар игнадин тикан қилғил.

Эй боғбон, ҳаётинг боғи томига игнадин тикан қилсанг ҳам хазон сипоҳини тўсиб қола олмайсан. Умрнинг шиддатли оқимини, ниҳоясини ҳеч нарса сақлаб қола олмайди. Бинобарин, уни завқу шавқ, билан ўтказмоқ керак – хулоса чиқаради шоир.

Бу гулшан ичраки йўқтур бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур чиқса яхшилик била от.

Бу гулшан (олам) ичра ҳеч бир гул (инсон) боқий эмас экан, яхшилик билан от чиқариш ажаб саодатдир (шунинг ўзи боқийликдир). Шоирнинг яхши от қолдириш, инсониятга наф етказиш ҳақидаги ҳикмат даражасига кўтарилган маълум ва машҳур байтларидан бири. Айни пайтда у муаммо усули билан ёзилган. Агар уни муаммо амалига солиб текшириб кўрсангиз, саъд – бахт деган сўз ҳам чиқади. Булар қадим шеър илмида бир сўз – нукта билан ифодаланган. Ноёб бир фикр, нодир ифода, ажиб маъно касб этган топилдиқ сўз – булар ҳаммаси нукта. Буларсиз шеър ёзишга киришиш айб саналган.

Бир ой ўтди мани маҳзунға бир ой интизоринда…
“ой” – муддатми, дилбарми? Ёхуд ҳам муддат, ҳам дилбарми?

Ҳалиги  “Қаро кўзум, келу мардумлиғ эмди фан қилғилдаги  “қаро кўзум” ва “мардум”-чи? Сўзлар қандай товланмоқда! Улар ўзларининг жамъи маънолари билан намоён бўлмоқдалар. Оҳанг-чи?! Ритм-чи?!

Ўтган кеча мен эрдиму ул сиймтан эрди,
Гулшан тўрида масканимиз бир чаман эрди…

Ғазал тарихида кам учрайдиган Навоийнинг бу ғазал-ҳикояси кўпинча вазмин, ғамгин мазмунни ифода қиладиган ҳазаж баҳрида ёзилган. Лекин шоир танлаган ушбу вазнда ногаҳоний бир ўйноқилик бор. Унинг тўла номи ҳазажи мусаммани ахраби маҳфуз. Яъни, 8 рукн (ҳижо дастаси – ритмик бўлак)дан ташкил топган бўлиб, улар – мафъувлу мафоийлу мафоийлу фаувлундир.

Умуман, ғазалнинг вазни масаласи унинг оҳангдор, равон, ҳар қандай сактаъликдан (вазний нотамомлик)дан холи бўлиши муҳим шартлардан ҳисобланган. Катта шоирлар аруз илмининг пухта билимдонлари ҳам эдилар. Навоий туркий арузнинг биринчи тадқиқотчиси бўлди. Бобур махсус асар ёзиб, арузнинг 537 вазни ҳақида тўхтаб ўтди.

Унинг

Манга сенча ёр топилмағай,
Санга менча зор топилмағай.

Ёки:

Сарви ноз сенча қани?!
Ишқибоз менча қани?!

Ёки:

Қилғил манга сен, қулмен санга мен,
Қулмен санга мен, келгил манга сен –

каби серишва, сероҳанг сатрларида юксак аруз илмининг роли кам эмас эди. Ғазал ҳақида гап кетар экан, бу масалага бир оз батафсилроқ тўхтамай бўлмайди. Минг йиллик шеъриятимиз, хусусан, ундаги етакчи жанр ғазал арузда яратилди. Адабиётимиз тарихида бармоқда яратилган ғазаллар ҳам бор, лекин улар бармоқ билан санарли даражада оздир. Бинобарин, ғазалнинг бирдан-бир вазни аруз. Қадим оғзаки ижод намуналари, қўшиқларимиз бармоқда эди. Ёзма адабиётимиз аруз йўлида кетди. Шеър вазни сифатида аруз ва бармоқнинг муштарак томонлари йўқ эмас. Масалан, ҳар икки вазн учун ҳам асос ҳижо. Ҳижолардан туроқлар – рукнлар майдонга келади. Уларнинг муайян такроридан оҳангдорликка, мусиқийликка эришилади. Фарқ шундаки, бармоқ ҳижоларнинг сонигагина суянади. Ўшалардан тузилган туроқлар қайтариғидан ритм, оҳанг ясалади. Аруз эса ҳижолар сонидан ташқари уларнинг кайфиятини, сифатини, яъни унли ёхуд ундош билан тугаганлиги, қисқа-чўзиқ айтилишини ва улардан ясалган рукн-туроқларнинг муайян инверсияда келишини ҳам кўзда тутади. Ҳатто бу унинг бош хусусияти ҳисобланади. Шунинг учун ҳам у бениҳоя мураккаб бўлиб, ХIII аср адабиётшуноси Қайс Розийнинг  “Ал-мўъжам”идан буён илми аруз сифатида ўрганилиб келинади.

Биз ғазалга хос хусусиятларнинг, унга қўйиладиган талабнинг энг муҳимлари ҳақида жуда қисқа тўхталдик. Улардан шу нарса аён кўриниб турибдики, ғазал ҳам ҳикмат, ҳам санъатни талаб қиладиган жанр экан. Ғазалнавислар ҳам, ғазалхонлар ҳам ҳамиша унга шундай юксак мезон билан ёндошганлар. Устоз Шайхзода бир муносабат билан шундай ёзган эди:  “Бизнинг замонавий шеър маҳсулимиз кўп, ҳаддан ошиқ кўп ва сўлғун мисралар китоб бозорини қоплаб ётипти. Ҳолбуки уларга қўйилатурган талабларимиз бўш, ғайри жиддий, адабий малака даражасидан анча пастдир. Навоий даврида битта ғазални баҳолаш учун устозлар унинг 10-15 белгисини текшириб кўрар эди. Бизнинг шеършуносларимизга, ноширларимизга, тақризчиларимизга ва лирик шоирларимизнинг ўзларига бу талабчанлик етишмайди”.

Шеъриятга қўйилган талаб ва ўлчовлар асрлар давомида шаклланиб илм ҳолига келди. Навоий замонасида шеърият ҳақидаги илмнинг асосини уч бирлик – илми аруз, илми қофия, илми бадеъ ташкил қиларди. Биринчиси шеърнинг вазнини, иккинчиси қофия тузилишини, учинчиси поэтик усуллар доирасини қамраб оларди. Булар ҳар бир шеърнинг ғоявий баркамол бўлишидан кейинги талаблар эди.

Ғазал Навоийдан кейин ҳам тараққий қилиб борди. Машраб қаламида инсон шахсини ҳар қандай чеклашга қарши исёнкор руҳ олди, Турди ва Махмурда феодал бошбошдоқлик, зўравонликни саваловчи қамчига айланди. Огаҳийдан бошлаб демократик изга туша бошлади. Муқимий ва Фурқат замонида ғазал озодлик ҳақидаги орзуларни ифода этди. Ҳамза ва Авлонийлар эса унга инқилобий мазмун киритдилар. 20-йиллардан аста-секинлик билан шиддатли замон руҳини ифодалашда нисбатан бирмунча қулай, полифоник оҳангга эга бўлган шеъриятимизннг аслий вазни бармоқдаги шеърларга жой бўшатиб, ўзи иккинчи планга ўтди. Маълум даврларда ҳатто унинг овози шеъриятимизнинг умумий оҳангида сезиларсиз даражага ҳам тушди. Ниҳоят 60-йиллардан бошлаб ғазалчилик яна жонланди. Бу, табиийки, унга истеъдодли шоирларнинг қўл уриши билан изоҳланадиган ҳолдир. Унинг босиб ўтган йўли, тараққиёт босқичлари, истиқболи, бугунги муаммолари ҳақли равишда ўрганишни талаб қилади.

Ғазал ёзиш, бу ҳали ўзлигича бирор нарса англатмайди. Асосий гап қандай ёзишда, маҳсулотнинг сифатида. Арузни билмасдан туриб ғазал ёзиш мумкин эмас. Гап аруз илмини чуқур билиш, ундаги юзлаб вазн турларини бекаму кўст эгаллаш ҳақида кетаётган йўқ, албатта. (Аслида унга нима етсин). Гап ўшандаги энг муҳим вазнлар оҳангини ҳис этишда, фарқлашда, улардаги хиёл ўзгаришни ҳам илғай олиш лаёқатини эгаллашда. Ғазалда аслида 5-10 та кўп ишлатиладиган вазн бор. Лоақал ўшаларни мукаммал билиш шарт.

Навоий даврида ҳар бир бўлажак шоирдан ўтган шоирлар ижодидан қирқ минг, замондошлари ижодидан йигирма минг сатр ёд билиш талаб этилган. Улуғ шоирнинг ўзи эса юз минг сатрни ёд билган. Эҳтимол, бу қадар ёдхонликка зўр бериш шартмасдир, лекин шеър кўчасига кирган ҳар бир ҳаваскор классикани билиши шарт. Ғазал ва арузнинг сир-асрорини ўрганишда эса бу бирдан-бир йўлдир.

 

“ХАМСА” ТАЛҚИНЛАРИ

“Хамса” – ниҳоясиз бир уммон, ХV аср туркий оламининг бетимсол бир қомуси, ундан ҳар ким ўз меҳнатига, ўз истагига, ўз иқтидорига яраша нарса топа олади. Бу шундай бир асарки, ундан барча замонлар, барча авлодлар ўзларига керакли жавобларни топа оладилар.

Буюк адиб ақли, тафаккуригина эмас, фавқулодда жасорати билан ҳам сизни ҳайратга солади. Мен унинг шоҳлар ҳақидаги фикрларини кўзда тутяпман. Маълумки, “Ҳайрат ул-аброр”нинг 3-мақолоти “Салотин боби” – султонлар ҳақида.

Эй фалак авжидин ўтуб, рифъатинг, яъни эй улуғворлиги осмоннинг тоқидан ошиб кетган одам, деб мурожаат қилади шоир ва

Бил муниким, сен дағи бир бандасен, –

деб унинг ҳам ҳамма қатори оддий одам эканлигини, ундан зўрроқ, ундан ақллироқ кишилар ҳам борлигини таъкидлайди. Сенга бу имтиёзни Тангри берди. Аввало, Оллоҳнинг бу неъмати учун шукр этмоқ керак. Айни пайтда сенинг бўйнингга боғбонлик, чўпонлик масъулиятини юклади. Боғбон боққа қарамаса, боғ қурийди. Чўпон қўй-қўзиларига қарамаса, бўриларга ем бўлади. Буларнинг ҳар бири учун эса сен Худо олдида жавоб берасан. Ҳар бир хатонг учун охиратда юз азоб бор.

Гарчи синиқ игна ҳасунносдур,
Бағринг аро ханжари олмосдур.

Бир кишининг бир синиқ игнасига хиёнат қилган бўлсанг, нариги дунёда у бағрингга олмос ханжар бўлиб қадалади. Шундан кейин шоир зулмга авж берган элнинг қони, жони эвазига айш-ишратлар қилаётган шоҳларнинг кирдикорларини чизади.“Ҳайрат ул-аброр”нинг сўнгги 64-бобида шундай бир ҳикоят бор. Бир саховатли подшоҳ шулон берарди. Нима бўлади-ю баковул қоқилиб, овқатга ўтирган шоҳнинг бошига иссиқ таом тўкилади. Ҳамма унга ўлим жазоси берилишини кутади. Шоҳ эса завқ ва лутф билан, “Йўқ, бир марта у хижолатдан ўлди. Ҳеч ким шу пайтгача ўлган одамни ўлдирган эмас”, дейди.

Навоий ўзини ўша қулга ўхшатади, бу билан “Салотин боби”даги гаплар замондошларига дахлдорлигини яна бир бор таъкидлагандек бўлади.

Иккинчи мисол.

“Сабъаи сайёр” достони Баҳромнинг фожиаси билан тугайди. Айш-ишратни яхши кўрадиган шаҳаншоҳ авжга чиқади. Улкан бир ўтлоқ. Сонсиз қўшин. Беадад ваҳший ҳайвонлар. Ов авжига чиқади. Шу пайт ҳаво айниб жала қуяди. Хуллас, таги бир вақтлар ботқоқ бўлган ўтлоқнинг кўзи очилиб, Баҳромни бутун сипоҳи билан, аркони давлати билан ўз қаърига олади. Бошқача айтганда, ер ютади.

Достоннинг сўнгида туш эпизоди бор. Шоир туш кўрганмиш. Мулозимлар саккиз пояли тахтни олиб ўтадилар. Бу – машҳур Баҳромнинг тахти. Мулозим келиб, шоирни шаҳаншоҳ йўқлаётганини айтади. Борса, шоҳ Баҳром, ёнида Дилором ва етти қасрнинг маликаси етти Дилором. Шоҳ ўрнидан туриб шоирнинг истиқболига чиқади. Бағрига босиб, заррадек қадрини, ўзи айтмоқчи, қуёшга етказади, қўймай ёнига ўтқизади. Дунёни забт этган мен эмас, аслида сен. Сен уни қалам билан олдинг, дейди шоҳ.

Сен бизни ёздинг, унинг васфидан тил ожиз. Бошқалар ҳам биз ҳақимизда ёздилар. Лекин эшитганларини ёздилар. Сен эса бизни тадқиқ этдинг, текшириб, сўнг ёздинг.

Овозим ўчаётган эди, унга қайта руҳ бердинг.

Агар менинг замонимда бу ишлар бўлганда эди, мен сени тақдирлаган бўлардим, давом этади шоҳ. Лекин икки иш мени бу ўринда хижолатдан қутқарди. 1. Сенинг бойликка, мол-дунёга, мансаб-мартабага ҳушинг йўқ экан. 2. Кўнглинг буюрмаган нарсани ёзмас экансан. Яна бир нарсадан кўнглим хотиржам. Сен Султон Ҳусайнга мулозимсан. Султон Ҳусайн – шавкатли шоҳ. Лекин кўп жиҳатлари билан мен уни ўзимга яқин кўраман.

Биринчидан, у ҳам шижоатли;иккинчидан сипоҳлари унга ҳам хиёнат қиладилар; кейин оз киши билан у ҳам салтанатни қайтариб олди. Шоҳингнинг феъли ҳам ўхшаш, давом этади Баҳром. Мен Хаворнакдай қасрлар қурдирдим, у ҳам жаннатмисол боғлар бино қилди. Балки мендан зиёда қилди. Ниҳоят, у ҳам мен сингари айш-ишратга мойил. Шунинг учун мен уни ўзимга фарзанд дея оламан ва тақдирига бефарқ эмасман. Шоҳингга саломимни айт, дегилки, бу дунё ҳеч кимга вафо қилмаган, ўлим ҳақ. Фақат биргина йўл – яхшилик қилибгина ном қолдириш мумкин.

Бу гапларни жон қулоғи билан тинглаб, жавобига оғиз очмоқчи эдим, ундан бурун кўзим очилди, дейди шоир.

Навоий бу ерда замондошларидан ҳеч бири қила олмаган ишни қилди. Ҳусайн Бойқарога танбеҳ берди. Агар шоҳ раиятдан хабардор бўлмас экан, айш-ишратдан воз кечмас экан, унинг тақдири фожиалидир, деган гапни айтди.

Иккинчидан, ўзининг ҳар қандай ҳолда ҳам ҳақиқатни ёзиш, холислик каби ижодий-эстетик принципларини тасдиқлатиб олди.

Булардан бошқа ҳам “Хамса”да замоннинг долзарб масалаларига оид гаплар кўп.

“Фарҳод ва Ширин”даги Фарҳод ва унинг отаси билан бўлган муносабатларини олинг.

“Садди Искандарий”даги:

Агар шоҳсен – огоҳсен сен
Агар огоҳсен – шоҳсен сен –

деган лейтмотивни олинг.

Хуллас, “Хамса” шоирнинг сўзларини ўзига нисбатан ишлатадиган бўлсак,

Айтиб совумас тарона сенсан,
Олиб қурумас хазона сенсан.

 

“Лайли ва Мажнун”

Шарқ адабиётида “Лайли ва Мажнун”дай машҳур иккинчи бир қиссани топиш қийин. Унинг шуҳрати Европадаги “Ромео ва Жульетта”дан қолишмайди. Агар “Ромео ва Жульетта” саҳна орқали бу шуҳратни топган, орттирган бўлса, “Лайли ва Мажнун” қиссаси тилдан-тилга, оғиздан-оғизга ўтиб нашъу намо топди.

Жаҳон адабиётида бу қиссадай кўҳна бир қиссани топиш қийин. У, эҳтимол, “Ромео ва Жульетта”дан ҳам кўҳнароқ. “Ромео ва Жульетта” асосан Шекспир қалами билан шуҳрат топди. Шекспир бу сюжетни итальян адабиётидан олган эди. Итальян адабиётига эса Шарқнинг таъсири жуда катта бўлган эди. Масалан, машҳур Дантенинг “Илоҳий комедия”сида Ибн Сино, Ал-Фарғоний, Ибн Рўшд образлари борлигини, ундаги поэтика, фалсафа, умуман, асарнинг қурилиши Ибн Сино ва Саноийдан олинганини эслаш кифоя. Боккаччонинг “Декамерон”ида эса Шарқ фольклоридан, масалан, “1001 кеча”дан олинган ҳикояларга дуч келгансиз. Бу гаплар “Лайли ва Мажнун” қиссасини бошқалардан ажратиб олиш учун эмас, қадимийлигини таъкидлаш учун.

Бу қисса, дарҳақиқат, 1380-1400 йиллик тарихга эга. У 13-14 асрдан буён ишланиб келади. У саҳройи араблар, бадавийлар ҳаётидан олинган эди.

У ҳақдаги дастлабки манбалар VIII–IX асрларга бориб тақалади. Илк манбалар Мажнун тахаллусли шоир ўтганлигини, унинг асл исми Қайс Ибн Мулавваҳ бўлганлигини, у Лайли исмли қўшни бир қабиланинг қизини яхши кўриб қолганини ва унинг шаънига ғазаллар битганини ва улар ўртасидаги муҳаббат фожиа билан тугаганлигини нақл қиладилар. Шу тариқа, VIII асрлардаёқ бу севги можаросининг қаҳрамонлари – иштирокчилари ҳақидаги гаплар ўртага тушган эди. Бошқа бирларида эса бу хил можаролар тарихда жуда кўп бўлгани хабар қилинади. Бошқача айтганда, улар Лайли ва Мажнунни реал тарихий шахслар эмас, йиғма образлар шаклида талқин қиладиларки, бундай ёндашиш ҳақиқатга анча яқин, албатта.

Шарқ адабиётида биринчи бўлиб бу қиссани буюк Низомий Ганжавий достон ҳолига келтирди. 1188 йилда 4 ойда бу достонни ёзди. Бу пайтда у 47 ёшда, авжи камолот ёшида эди. Бу достон унга катта шуҳрат келтирди. Шундан сўнг бу мавзуда ёзилган ўнлаб достонлар майдонга келди. Лайли ва Мажнун образлари бахтсиз муҳаббатнинг тимсолига айланиб кетди.

Профессор Бертельс бундан 40 йилча илгари “Лайли ва Мажнун” қиссаси асосида ёзилган достонларнинг ададини 40 та деб кўрсатган эди. Яна бир олим эса унинг ададини 94 та деб белгилаган эди. Туркманистонлик олим Гуллаев бу рақамни 118 та деб кўрсатади. Шарқ адабиётида 118 та “Лайли ва Мажнун” достони ёзилган. 60 таси форс-тожик тилида, 37 таси туркий тилда, 8 – курд тилида, 7 – ўрду тилида ва биттадан араб, арман, афғон, грузин тилларида.

Шуниси қизиқки, шу қисса майдонга келган арабларнинг ўзида бор-йўғи биттагина достон яратилган экан.

Яна бир гап. Бу сюжет фақат Шарқ адабиётида ишлангани йўқ, Ғарб адабиётида ҳам ишланган. Бу ҳақда П.Тартаковскийнинг “Социально-эстетический опыт народов Востока и поэзия В. Хлебникова” (1987) деган китоби чиққан. Хлебников – ХХ аср рус шоири (Маяковский уни “рус шеъриятининг қироли”деб баҳолаган). Мана шу шоир ҳам 1911 йилда “Медлум и Лейли” номли достон ёзган экан ва у Тартаковскийнинг гувоҳлик беришича, Низомий, Навоий анъаналарига асосланган, суянган.

Бу – ҳалиги ҳисобдан борсак, 119-си.

Бу рўйхатни давом эттириш мумкин. Лекин шуларнинг ўзиёқ бир жойга жамланса, бир кутубхонани ташкил қилади.Табиийки, буларнинг ҳаммасини бир хил баҳолаб бўлмайди. Уларнинг орасида бадиий жиҳатдан бўшроқлари бор, катта истеъдод ва ниҳоят улкан санъат намунаси дейиш мумкин бўлганлари ҳам бор. Бу, албатта, мазкур сюжет қиссанинг такомил босқичлари ҳақида фикр юритишга имкон берди. Шу жиҳатдан бундай босқичларни тўрттага ажратиш мумкин. Ва булар Низомий, Хусрав Деҳлавий, Алишер Навоий, Муҳаммад Фузулий.

Лекин барча “Лайли-Мажнун”ларнинг сюжет-йўналишини, мазмун-моҳиятини бу йўлда биринчи достон ёзган Низомий Ганжавий белгилаб берган эди.

Дарҳақиқат, бу достоннинг мавзуи ҳам, мазмуни ҳам, дарду оҳанги ҳам – ҳаммаси ишқ. Умуман, Навоий инсонлар муносабатини ишқ асосига қурмоқчи бўлади. “Ҳайрат ул-аброр”даги сатрларни эслайлик:

Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасун,
Икки жаҳон демаки, жон бўлмасун.

Лекин бу ерда бахтсиз ишқ, натижасиз фожиа билан тугалланувчи ишқ ҳикоя қилинади. Достоннинг марказида ҳар жиҳатдан мукаммал бўлган, лекин жамият ўз бағрига олмаган, аксинча, ўз орасига сиғдирмаган икки бахтсиз ошиқнинг қисмати туради.

Низомийнинг асарида (яна Низомийга мурожаат қиляпмиз, чунки Навоий дос­тонидаги жуда кўп масалаларни Низомийсиз тушунтириб бўлмайди) шундай бир ҳикоя келтирилган. Бу жуда ихчам ҳикоя ва у асосий сюжет билан ёндош туради.

Марв шоҳи итлар сақлар эди, деб ҳикоя қилинади унда. Бу итлар чуқур, катта бир чоҳда сақланар эди. Шоҳ ўлимга буюрилган кишиларни мана шу итларга ташлатар эди. Одам гўштига ўрганган итлар бирпасда ўлимга маҳкум кишиларни тилка-пора қилиб ташлар эдилар.

Бир ёш болани шоҳ хизматига бердилар. У ҳар куни бу мусибатни кўрар эди. Итлар ёнидан ўтар экан, уларга қўлидаги нонми, бир парча гўштми ташлаб ўтар эди. Шу тариқа ўн йил ўтди. Бир куни шоҳ нимадан ғазабландию ҳалиги болани (энди у навқирон йигит) ўлимга буюрди. Уни итларга ташладилар. Одамхўр, девдек-девдек итлар йигитга тегмади. Уни ҳидлаб-ҳидлаб, унга эркалана бошлади, уни ўз ораларига олди. Шоҳ эртасига ғазабдан тушганда, ўтган ишдан афсусланди. Умидсиз бир ҳолда ҳалиги йигитнинг аҳволидан хабар олишни буюрди. Шоҳнинг юборган мулозими йигитни соғ-омон, иззат-икромда туришини кўриб, шоҳга югурди. Шоҳ ҳайрон. Йигитни чоҳдан чиқариб олдилар. Шоҳ олдига олиб бордилар. Подшоҳ сўради: “Бу қандай сир-синоат?”

Йигит жавоб берди: “Мен ўн йилки, сизда хизматдаман. Ўн йилки, мана шу даҳшатли воқеани кўраман. Изтиробга тушаман. Ўтганда-қайтганда мана шу итларга бирор емак ташлаб ўтардим. Улар мени танишди, қилган арзимас хизматимни қадрлашди. Мен сизга, салтанатга 10 йил хизмат қилдим. Садоқат билан хизмат қилдим. Бироқ билмайман, нима учун ўлимга маҳкум қилиндим. Хўш, қайси бирингиз адолатлироқсиз?!”

Подшоҳ, табиийки, лол қолди.

Мана шу савол Лайли ва Мажнун муҳаббати фожиасининг асосий моҳиятини ташкил қилади. Навоий ўз асарининг бошидан охиригача мана шу саволни ушлаб туришга ҳаракат қилди.

Мана, Қайс. Бани Омир қабиласининг фахри. Ҳар жиҳатдан мукаммал. Ақлли, хушмуомала, келишган йигит. Лайли – иккинчи бир қабила – Ҳай қабиласининг ҳамма ҳавас қилгулик қизи. Уларнинг ҳеч кам-кўсти йўқ. Ниҳоят, улар севгидай бениҳоя юксак инсоний туйғуга эгалар – бир-бирларини севадилар. Бироқ худди мана шу юксак инсоний туйғулари туфайли жамият бағрига сиғмайдилар. Қайснинг ақли – феълига тан берган Лайлининг отаси унинг ўз қизига ошиқлигини эшитиши билан ўзгаради. Уни телба деб атайдилар. – “Мажнун” номини олади. Ва аҳвол шу даражага бориб етадики, у одамлар орасидан бош олиб кетишга мажбур бўлади. Ваҳший ҳайвонлар уни ўз паноҳларига оладилар.

Бу ерда, менимча, иккита муҳим масала бор. Биринчиси – табиат ва жамият масаласи. Табиатнинг поклиги, беғуборлиги, ҳамма нарсага онадек ғамхўр, меҳрибон эканлиги. Иккинчиси жамиятнинг – ижтимоий муносабатларнинг кишининг бахтли бўлишига имкон бермаслиги. Бу – шоир кузатган, кўзда тутган асосий масаладир.

Достондаги энг муҳим жиҳатлардан бири мавжуд тартиб-удумларга, инсоннинг инсонлик шаънини ерга урувчи ҳар қандай чеклашларга қарши исён руҳидир.

Менимча, асарнинг номланишининг ўзидаёқ эрксизликка, шахс эрксизлигига, биринчи навбатда, муҳаббат эрксизлигига қарши исён бор. Ахир, Мажнуннинг сарлавҳага чиқарилишида қанчалар мазмун бор.

Асардаги Каъба эпизодини олайлик. Қайсни (у энди Мажнун) ота-онаси Каъбага олиб борадилар. Нажот излаб, Оллоҳ унинг кўнглидаги дардни олса, муҳаббат дардидан фориғ қилса деб. У эса илоҳий қудратга қарата, бутун вужуди билан:  “Мен ҳузурингга келдим. Илтижом шуки, дардим оз бўлса, кўп қил!” деб мурожаат қилади:

Эй ишқ ўтин айлаган жаҳонсўз,
Андин мени нотавонни жонсўз…

Ишқ ичра букун мени шикаста,
Келмишмен асиру пойбаста…

Демонки мени тарабға хос эт,
Афзун қилу, қилма зарраи кам!

Дардимға хаёлини табиб эт!
Жонимға висолини насиб эт!..

Онсиз мени бирдам этма мавжуд,
Будумни қил онсиз ўлса, нобуд!

Бу фикр, табиийки, Мажнуннинг ота-оналари тилагига ҳам, Каъба ақидасига ҳам зид эди. Бинобарин, бу исёндир. Уни тавбага олиб борган эдилар. У исён билан қайтди.

Асарда психологизм кучли. Навоий Мажнуннинг руҳий дунёсига кенг эътибор беради.

Бошланишини олинг. Ҳайбатли тун тасвири берилади. (Лайли – тун дегани). Ишқ дашти чизилади. Зимзиё тун. Гувиллаган бўрон. Ёмғир бирдан қуйиб қолади. Гоҳо яшин ярқ этади-ю, Тур тоғи кўриниб кетади. Яна бир ёришади-ю, Ҳай қабиласи кўриниб кетади. Ўқувчини шоир воқеага шундай тайёрлаб боради.

Навоий образларнинг хатти-ҳаракатини далиллашга, психологик асослашга аҳамият беради.

Мажнуннинг – Қайснинг ошиқлигидан хабар топган Лайлининг отаси руҳияси тасвирини олайлик.

Қайснинг ошиқлиги воқеаси ёйилган. Лайли отасининг 2-3 яқинлари секин гап бошлайдилар:

– Бани Омирдан бир йигит бор эди – Қайс – биларсиз. Ақлдан озибди. Одамлар битта қизнинг орқасидан дейдилар…

– Бечора, – дея жавоб берди ҳали масаладан тўла хабардор бўлмаган қизнинг отаси. – Кўз тегибди-да, яхши йигит эди. Билардим. (Бирдан ота-онасини ўйлайди. Табиий туйғу).

– Бошладим, айтақолай, – давом этади хабаркашлар. – У қиз ҳам бизнинг қабиладан дейдилар. Тўғри, яхши йигит, одоби ҳам, ўзи ҳам. Шоирлигини айтмайсизми! Лекин шеърларида ҳам бир исм доим такрор эмиш. Лекин айтиб бўлмайди-да у исмни.

Эшитгувчи илондек тўлғанади. Гап мўлжалга тегади. У қиз ўзининг қизи эканлигини англайди. “Тез бориб отасига айт! Бу ишлар унга ҳам, бизга ҳам муносиб эмас!” дейди. Овоз аста-секин кучайиб боради. Дўққа айланади.

Ёки бошқа бир эпизод: одамларнинг таъна-дашномлари, қиз отасининг дўқ-пўписаларидан кейин Қайснинг отаси ўз ўғли қўлига кишан солишга, уни занжирбанд қилишга мажбур бўлди. У – занжирбанд. У тақдирга исён қилади.

Мана, бу бор-йўғи 2 сатрли тасвир ва маънога эътибор қилинг:

Ул кўзда не навъ турғай уйқу,
Ким бир нафас анда турмағай сув.

Бир лаҳза сув турмаган (ёшдан аримаган) кўзда уйқу қандай турсин?!

Мен хастани айламакта мавжуд,
Не эрди экин қазоға мақсуд?

Жисмимға қадарки руҳ берди,
Бермаса эди не бўлғай эрди?

Чун жисмима руҳ бўлди йўлдош,
Туққон нафас ўлсам эрди, эй кош…

Жонимни халос этиб анодин,
Қутқорсалар эрди минг балодин.

Жисмимни талашса эрди итлар,
Қонимни ялашса эрди итлар…

Йўқ-йўқ, уларни азобга қўймаслик керак, деб нола қилади у. Улар ҳам гўштимга тегиш билан қутурар эдилар. Одамлар уларни ўлдиришарди. Яхшиси, ўтга ташласалар эди. Лов-лов ёнсам, кулларимни осмон-фалакка совурсалар. Йўқ. Унда офат булутлари пайдо бўлиб ерга бахтсизлик ёғар эди. Яхшиси, онадан туғилишим билан кўзларим кўр бўлса эди.

Мажнун инсонлар орасида яшаб инсонликдан маҳрум қилинган. Мажнун ўз бахтсизлигини мана шундай тасаввур қилади.

Ўт-олов, инсонни покловчи, айни пайтда куйдирувчи олов детали Мажнун образи тасвирида доим йўлдош. У образдаги фожеий ҳолни яна кучайтиради.

Эвоҳки, бу ўтдин ўлди тобим,
Йўқ-йўқки, ичинда изтиробим.

Кулбамдаву масканимда бу ўт,
Жонимда бу ўт, танимда бу ўт.

Ўт ичра бировники солурлар,
Бандини аёғидин олурлар.

Ўт банд ила бўлди жилвагоҳим,
Мундоқму азим эмиш гуноҳим.

Навоий “Лайли ва Мажнун”ининг энг таъсирчан, жуда катта маъно ва мазмун ташувчи нуқталаридан бири уларнинг ёзишмаларидир. Лайли ва Мажнун ёзишмаларида ҳам теран фалсафа, ҳам эпистоляр маҳорат намоёндир. Айниқса, Лайли мактуби. Унда ҳам меҳр, ҳам муҳаббат, ҳам садоқат бор. Ҳам аёл кишининг жамиятдаги ўрни ҳақида нотинч, безовта ўйлар бор у ерда.

– Сен ғаминг қанчалик кўп бўлмасин, эр кишисан. Ҳайт деб кетсанг, этагингни тикандан бошқа нарса тута олмайди, – дейди Лайли Мажнунга хитобан.

Асар қаҳрамонлар ўлими билан тугайди. Лекин бу биз тасаввур этадиган ҳол эмас, бошқачароқ. У теран мазмунга эга бўлган ўлимдир…

Навоий “Лайли ва Мажнун”и – қисса такомилида алоҳида бир босқич. Биз бу қиссанинг ишланишида Навоий традициялари ҳақида бемалол гапира оламиз. Мутахассислар буюк Фузулий “Лайли ва Мажнун”идан кўпроқ Навоий устуворлиги ҳақида гапирадилар.

 

“Сабъаи сайёр”

“Сабъаи сайёр” биргина Навоий ижодида эмас, умуман, адабиётимиз тарихида алоҳида ўринга, қадр-қимматга эга достонлардан. У жуда қисқа муддатда – тўрт ойда ёзиб тугатилди. Ва бу 1484 йилнинг июнь ойига тўғри келади.

Навоий ўз асарини “Сабъаи сайёр” деб атади. Бу ном ҳам етти сайёра – планета маъносини билдиради, ҳам етти жаҳонгашта маъносини англатади. Асарнинг марказида Баҳром ва унинг тақдири туради. Қайсидир бир томони билан тарихга бориб боғланадиган, лекин номи афсоналар билан тўлиб тошган Баҳром ҳақида биринчи бўлиб кўҳна Шарқнинг буюк шоири Фирдавсий ўз “Шоҳнома”сида ёзган эди. Фирдавсий Баҳром ҳақидаги афсона ва ҳикояларни, шу жумладан, унинг канизаги Озода билан орасида ўтган можарони ҳикоя қилиб берди. Уни мард ва танти, айни пайтда ишқпараст ва бодапараст, овга ва ҳар хил саргузаштларга ружуъ қўйган бир шоҳ сифатида талқин қилди.

Сўнг у ҳақда достон ёзилди. “Ҳафт пайкар” (етти гўзал, етти тимсол) деб аталган бу асарни XII асрнинг буюк шоири Низомий Ганжавий ёзган эди. Низомий достонида иккита сюжет чизиғи кўзга ташланади. Бир томонда Баҳром тақдири, канизаги Фитна билан саргузаштлари берилса, иккинчи томонда етти қасрда, етти иқлим маликасиининг етти ҳикояси берилади.

Юз йилча кейин (1302) Баҳром ҳақида яна бир достон майдонга келди. Унинг номи “Ҳашт беҳишт” (саккиз жаннат) эди. 6688 сатрдан таркиб топган бу достоннинг муаллифи Амир Хусрав Деҳлавий эди.

Навоийнинг “Сабъаи сайёр”и Баҳром ҳақида ёзилган энг машҳур достонларнинг учинчиси. Аввало шуни айтиш керакки, улуғ шоир ўз “Хамса”сини, шу жумладан, “Сабъаи сайёр”ни туркий тилда ёзди.

Мен туркча бошлабон ривоят
Қилдим бу фасонани ҳикоят –

дейди “Лайли ва Мажнун”да.

Ёки “Фарҳод ва Ширин”даги машҳур сатрларни эслайлик:

Низомий олса Бардаъ бирла Ганжа
Қадам Рум аҳлиға ҳам қилса ранжа.

Чекиб Хусрав дағи тиғи забонни
Юруб фатҳ айласа Ҳиндустонни.

Яна Жомий Ажамда урса навбат
Арабда доғи чолса кўси шавкат.

Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур
Муайян турк улуси худ менингдур.

Олиб мен тахти фармонимға осон
Черик чекмай Хитодин то Хуросон.

Бу шунчаки шоирона муболаға эмас эди. Унинг тагида катта ҳақиқат бор эди. У биринчи бўлиб ўз тилининг форс ва араб тилларидан ҳеч бир қолишмаслигини фавқулодда бир жасорат билан исбот қилиб берган эди. Шу сабабли ҳалигидай дейишга тўла ҳақли эди.

Энди конкрет асарнинг ўзига келинадиган бўлса, улуғ шоир ўша даврларда камолотнинг ўзига хос мезони ҳисобланган буюк “Хамса”ни ёзар экан, такрорлаш, маълум гапни айтиш йўлидан бормайди. Унинг ўз принциплари бор. “Фарҳод ва Ширин”даги сатрларни эслайлик:

Бировким бир чаманда сойир эрди
Неча ким гул очилғон кўрди, терди.

Ҳам ул ерда эмас гул изламак хўб
Бу бўстон саҳни кенг, гул кўп, чаман кўп.

“Сабъаи сайёр”да ҳам бу масалага қайтади ва

Бир деганни икки демак хуш эмас,
Сўз чу такрор топди дилкаш эмас –

деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам Навоий Баҳром ҳақидаги ўз асарини унинг шоҳлик давридан бошлайди. Олдинги хамсанавислар кенг ва батафсил тасвирлаган ёшлигини тушириб қолдиради. Шуниси муҳимки, Навоий, Низомий ва Хусрав Деҳлавий анъаналарини давом эттирар экан, уларнинг буюк хизматларини қайта-қайта такрорлаган ҳолда асарлари ҳақидаги айрим танқидий мушоҳадаларини ҳам айтиб ўтади. Ва ўзи шуларни тузатишга ҳаракат қилади.

Афсонавий сюжет шундай эди: Баҳром Эрон шоҳлари орасида мустабидлиги билан машҳур Яздигарднинг ўғли. Яманда тарбия топади. Унинг севимли канизаги бор. Ўзи овга жуда ўч. Бир овда у канизагидан ранжийди ва уни ўлимга маҳкум қилади. Вақти-соати етиб тахтга чиқади. Етти иқлим унга тобеъ бўлади. Унинг айш-ишрати учун етти қаср қурилади. Етти иқлим шоҳининг етти қизи келтирилади. Баҳром ҳафтанинг ҳар бир кунида маликаларнинг биридан ҳикоя тинглайди. Ва вақти-соати етгач, вафот этади. Низомийда ов изидан бориб ерга кириб кетади ва қайтиб чиқмайди. Хусрав Деҳлавийда эса чоҳга йиқилиб ҳалок бўлади.

Навоий Баҳром ҳақидаги достонларни синчиклаб кузатар экан, шундай эътироз билдиради:

Бири буким, йўқ анда мояи дард,
Қилдилар ишқ сўзидин ани фард.

Ким биров меҳрдин бари бўлғай,
Боқма гар меҳри ховарий бўлғай.

Демак, Баҳромни етакловчи катта бир дард йўқ. Шу сабабли унинг хатти-ҳаракатлари маъно-мазмундан холи бўлиб қолган. Шу сабабли Навоий бу линияни кучайтирди. У билан канизаги Дилором ҳақидаги сюжет чизиғини эҳтиросли, ўзаро икки томонлама кечган муҳаббат чизиғига айлантирди. Шу сабабли Баҳром Дилоромни мастлик билан йўқотганидан кейин қаттиқ қайғурди. Шу тариқа асарнинг қурилиши ва етти маликанинг келтирилиши мантиқий асосланди.

Яна бир буки анда баъзи иш,
Зоҳиран номуносабат тушмиш;

Бўйла туҳматки айш учун Баҳром
Ясади етти қаср сургали ком.

Навоий бу тарзда етти ҳикоянинг етти малика тилидан ҳикоя қилинишини кўзда тутади. Дарҳақиқат, Навоийда ҳикояни жаҳонгашта мусофирлар айтдилар. Олайлик, шанба куни. Баҳром мушкин қасрда ҳинд маликаси ҳузурида. Лекин у Дилоромни қўмсайди. Айш-ишрат татимайди. Ҳеч ким, ҳеч нарса тасалли бера олмайди. Мулозимлар унинг фармони билан шу қаср йўлидаги бир мусофирни олиб келадилар. У Ахий ва Фаррух ҳақидаги ҳикояни айтиб беради. Ўзининг ўша Ахий авлодидан эканлигини маълум қилади. Шу тариқа бу деталлар ҳам ҳаётий тус олади.

Навоий образнинг тарбиявий жиҳатига, замона масалаларига жавоб бериши лозимлигига диққатни қаратади.

Бўйла нодон учун ёзиб авсоф,
Анга қилғайлар ўзларин вассоф.

Мен де олманки саҳвлар тушмиш,
Бехабар тушмиш, ул агар тушмиш,

Ишқ ила шоҳлиғ мувофиқ эмас,
Ишқ лофида шоҳ содиқ эмас.

Шу ғоя асарнинг бошидан-охиригача давом этди. Асар охирида эса айш-ишратга, маишатга муккасидан кетган, эл-улусини буткул унутган шоҳ бутун салтанати билан ҳалок бўлади. У Навоий замонасида жуда катта акс садо бериши табиий эди. У Ҳусайн Бойқаро тақдирига ишорат эди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, биз Навоий анъанавий сюжетга новаторона ёндошди, салафларидан кескин фарқ қилувчи янги эстетик қарашлар асосида иш кўрди, дея оламиз.