Ансориддин Иброҳимов. Бобурий маликага эҳтиром

1992 йилда Бобур халқаро жамғармаси ва унинг илмий сафари ташкил этилган эди. Ҳар бир илмий сафар давомида буюк ўтмишдошлари-мизнинг нодир мероси, хусусан Бобурийлар яратган илмий-адабий, тарихий мерос, салтанатнинг улуғ вакилларига бағишланган асарлар юртимизга кела бошлади. Ҳозирги кунда юзлаб ана шундай асарлар, уларнинг қўлёзмалари, таржималари, турли нашрларидан иборат улкан хазина Андижонда, Бобур боғида ташкил этилган «Жаҳон маданияти» номли жамғармада сақланмоқда ҳамда имкон қадар илмий муомалага киритилмоқда. Бобурийларга бағиш-ланган асарлардан бири инглиз адибаси Румер Годен (1907-1998) қаламига мансуб «Гулбадан» номли тарихий китобдир. Яқинда Бобур халқаро жамғармаси ҳомийлигида мана шу китобнинг ўзбекча таржимаси чоп этилди.

Аввало, муаллиф ҳақида икки оғиз сўз. Таниқли инглиз адибаси Маргарет Румер Годен нафақат тарихий асарлар муаллифи, балки шоира ва журналист сифатида ҳам ном қозонган. Унинг номи Буюк Британия ва Ҳиндистонда яхши маълум. Адиба баракали ижод қилган — олтмишдан ортиқ китоби нашр этилган.

Маргаретнинг отаси XX аср бошларида Калькуттада жойлашган кемачилик компаниясининг вакили бўлиб хизмат қилган. Адибанинг болалик йиллари Ҳиндистонда ўтади, у бу сирли ва сеҳрли юртни севиб қолади. Годенлар оиласи 20-йилларда Англияга қайтиб кетади, лекин Маргарет Ҳиндистонга тез-тез келиб туради. У 1929 йили Калькутта шаҳрида байналмилал рақс мактаби-ни ташкил этади ва шу даврдан эътиборан дастлабки асарларини ярата бошлайди.

Маргарет ушбу даргоҳда 20 йилдан ортиқ ишлайди. 1949 йили Англияга қайтиб боради ва Ҳиндистонда жами ўттиз йилдан ортиқ давр мобайнида олган билим ва тажрибаси, истеъдод ва куч-ғайратини бадиий ижодга сарфлайди. У кўплаб асарлар ёзади, уларнинг айримлари унга катта шуҳрат келтиради. Жумладан: «Дарё», «Ҳинд қуёши остидаги икки киши», «Шиванинг кабутари», «Қора тулпор» ва ҳокозо. Мазкур асарларнинг кўпчилиги асосида бадиий фильмлар суратга олинган.

«Гулбадан» асари 1980 йилда яратилган. У Бобурнинг қизи Гулбадан- бегимнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган бўлиб, қизиқарли илмий-публицистик усулда баён қилинган. Муаллиф Ҳиндистонда уч асрдан кўпроқ давр мобайнида ҳукмронлик қилган бобурийлар салтанатининг ёрқин вакилларидан бири Гулбаданбегим шахсиятини даврнинг мураккаб ва чигал воқеалари, тож-тахт учун курашлар, инсон руҳининг чексиз ғалаёнлари билан узвий боғлиқ ҳолда ўзига хос тарзда акс эттирган.

Темурийлар сулоласида етук истеъдод соҳиблари бўлмиш шаҳзо-далар билан бир қаторда тарих зарварақларида ўчмас из колдирган машҳур маликалар ҳам талайгина. Масалан, Сарой Мулкхоним, Гавҳаршод-бегим, Хадичабегим, Гулбаданбегим, Нуржаҳонбегим, Аржуманд Бонубегим, Зебуннисобегим ва бошқалар. Булар орасида Гулбаданбегим алоҳида ажралиб туради. Бобуршоҳнинг суюкли қизи Гулбаданбегим номини дунёга машҳур қилган асар «Ҳумоюннома» дир. Гулбаданбегим асарнинг бошида китобнинг яратилиш тарихини келтиради. Асар унинг жияни Акбаршоҳнинг фармонига кўра ёзилган эди:

«Бисмиллаҳ-ир раҳмон-ир раҳим.

Ул фирдавсмакон (Бобур) ва жаннатошиён (Ҳумоюн) билан боғлиқ воқеалардан нимани билсангиз, ёзингиз, деган буйруқ бўлганди. Ҳазрати фирдавсмакон фоний дунёдан боқий дунёга йўл олганларида, бу ҳақир (Гулбадан-бегим) саккиз ёшда эдим, шу сабабли бўлиб ўтган воқеаларнинг камроқ қисми хотирамда қолган эди. Подшоҳнинг амрига биноан, нимаики эшитган ва хотирамда қолган бўлса, қоғозга туширдим».

Гулбаданбегим ўз асарида қисман отаси Бобур шоҳ даври, асосан акаси Ҳумоюн подшоҳнинг ҳаёти ва фаолиятини ёритган. «Ҳумоюн-нома»нинг ўзига хос томони шундаки, уни аёл киши ёзган, эркаклар билмай-диган ёки эътибор қилмайдиган жиҳатларни тасвирлаган – саройдаги турли-туман икир-чикирлар, шаҳзо-далар, умуман кишилар орасидаги муносабатлар, воқеа-ҳодисалар, сарой аҳлининг ҳаёт тарзи, Бобуршоҳ хонадонига оид хусусиятлар, оилавий шароитлар, тўй ва аза билан боғлиқ урф-одатлар, уй-рўзғор жиҳозлари, кийим-кечак ва бошқаларга аёл кўзи билан қараган ва улар ҳақида муфассал маълумот берган. Мазкур сабабларга кўра асар беқиёс тарихий аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан «Ҳумоюннома» асари «Бобурнома»ни тўлдиради, унинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Таниқли бобуршунос олима Сабоҳат Азимжонованинг таъкид-лашича, Ўрта ва Яқин Шарқ халқ-ларининг ўрта аср тарихида фақат биргина аёл — Гулбаданбегим тарихий асар яратган, бинобарин, у ягона аёл тарихчидир. Гулбаданбегим мазкур асарни яратиш учун отаси Бобуршох, сингари кундалик тутмаган, хотираси асосида, кўрган-билганларини ёзган. Лекин услуб борасида, тилининг содда ва равонлиги масаласида отасининг йўлидан борган.

Асар форс тилида битилган ва унинг ягона нусхаси «Британия музейи»да сақланмоқда. Инглиз адибаси «Гулбадан» асарини мана шу китоб асосида ёзган.

Адибанинг бобурийлар, хусусан Гулбаданбегим шахсига ниҳоятда самимий, илиқ муносабати бутун асар давомида яққол сезилиб туради. Жалолиддин Акбарнинг Бобуршоҳ ва Ҳумоюншоҳ ҳақида нимаики билсан-гиз, ёзингиз, деган фармони хусусида сўз юрита туриб Р. Годен мана бундай дейди: «… Бундай фармон яна икки кишига — Ҳумоюншоҳнинг яқин мулозимларидан бўлмиш Жавҳар офтобачи ва содиқ вазири Шайх Боязидга ҳам берилган эди. Ўрта асрларда сарой маликалари орасида саводхон аёллар, эҳтимол, кўп бўл-магандир, лекин Гулбаданбегим ўз даврининг энг мукаммал билимли, фозила аёлларидан эди. У ҳамиша мутолаа билан машғул, таъби назм эгаси бўлса-да, бироқ тарихий асар ёзишга илк бор қўл урмоқда эди». Адибанинг бу гапидан икки нарса маълум бўлади: биттаси, Бобур ва Ҳумоюнга бағишланган асар ёзиш бошқа кишиларга ҳам буюрилгани ва Гулбаданнинг шеър ёзгани. Кези келганда айтиб ўтиш керакки, Гулбаданнинг шеър ҳам битгани ҳақида Мир Маҳди Мирзонинг «Тазкират-ул хавотин» асарида ҳам маълумот келтирилган.

«Ҳумоюннома»нинг услуби ҳақида инглиз адибаси бундай фикр билдиради: «Муаллифнинг ифода услубида отаси Бобуршоҳнинг хотираномасида табиат манзара-лари, гул-чечаклар, мева-чева ва паррандалар дунёсини тасвирлашда қўлланган содда, аниқ ва ихчам иборалар кўзга ташланади». Р. Годен «Ҳумоюннома”ни инглиз тилига таржима қилган таниқли шарқшунос А.С. Бевериж хонимнинг «…Муаллиф мулоҳазаларининг самимийлиги сарой тарихчиларининг кўпларини лол колдириши ва уялтириб қўйиши ҳам мумкин» деган гапларини келтириши диққатга сазовордир.

«Гулбадан» асарини ўқиган киши учта улуғ бобурий – Заҳириддин Бобур, Насириддин Ҳумоюн ва Жалолиддин Акбар тўғрисида, улар яшаган давр, воқеа-ҳодисалар, саройдаги аёллар ўртасидаги муносабатлар ҳақида қизиқарли ва муҳим маълумотларга эга бўлади. Масалан, Бобурнинг хотин-ларидан бири хусусидаги қуйидаги парчага эътибор берайлик: «Ҳарамда Биби Мубориканинг ҳурматини жойига қўйишарди, чунки у Бобурдан фарзанд кўрмаган эди. Айниқса, Дилдор оғача бегим унга нисбатан рашк ўтини сочиб турарди.

Гулбадан Биби Муборика билан тез-тез кўришиб турарди ва уни «Афғоний оғача» деб атарди. Бу ҳол унинг аслзодалар оиласидан эмаслигига ишора қилса керак. Бобурнинг қолган учала хотинлари «бегим» ёки «малика» деб аталарди. Шайбонийхон ҳарамида ўн йил яшаб келган аммаси – Бобурнинг опаси Хонзодабегимни «оқажоним», «хоним ҳазратлари», «истарали хоним» деб атаса, Моҳимбегимни «бегим ҳазратлари» дея эҳтиром билан тилга олади.

Маълумки, Ҳумоюншоҳ билан Гулбаданбегим ота бир, она бошқа – Ҳумоюннинг онаси Моҳимбегим, Гулбаданники эса – Дилдорбегим. Лекин шундай бўлса-да, Гулбадан-бегим ҳар гал акаси ҳақида гап кетганда, уни ўта эҳтиром ва самимият билан тилга олади. Бу қадар иззат-ҳурмат ва самимиятнинг сабаби нима? Тарихга назар таш-ланса, «она бошқа»ларда бунақа иноқлик, бунақа ҳурмат кам учрайди. Р. Годен бунинг сабабини кўрсатиб, Ҳумоюн волидаи муҳтарамасини жуда эъзозлар эди, уни Гулбадан билан боғлаб турган ришта ҳам аслида шу эди, дейди. Гулбадан саккиз йил давомида Моҳимбегимнинг тарбиясида бўлган-лиги инобатга олинса, ака-сингил орасидаги самимиятнинг сабаби ойдинлашади.

Гулбаданбегим китобида ўзи ҳақида жуда кам маълумот берган. Жумладан, ўзининг ҳаж сафари тўғрисида ҳам хотираномасининг сўнгида қисқа хабар беради. Лекин инглиз адибаси бошқа манбалар асосида мазкур сафарни анча батафсил баён қилади – ундан ҳаж сафари жами 7 йил давом этгани, Гулбадан шундан уч ярим йил давомида Маккада истиқомат қилгани ҳамда 4 йўл ҳаж амали бажарганини билиб олиш мумкин.

Шершоҳ билан бўлган бир жангда катта талафот ва қурбонликлар кўрилган ҳамда Ҳумоюннинг икки хотини ва қизи Ақиқа дом-дараксиз йўқолган эди. Гулбадан бу ҳақда «Ҳумоюннома»да ўкинч билан ёзган. Р. Годен мана шу шармандаларча мағлубият хусусида ёза туриб, Гулбаданнинг ўкинчига шерик бўлади: «Темурийлар олиб борган жанглар тарихида биринчи бор аёллар ва болалар ўлдирилди ёки бедарак йўқолди», дейди инглиз адибаси.

Гулбадан акаси билан бир неча йилдан кейин кўришганда, у Гул-баданни танимай қолади: «…Гаурга юриш қилган пайтда сен тоқи кияр эдинг, ҳозир лачак (рўмол) ва қасавада кўрганим учун танимай қолдим» деган. Р. Годен Ҳумоюннинг мана шу гапини шарҳлайди: «Бу малика Гулбаданнинг никоҳда эканининг биринчи аломати эди. Куёвга узатилган қизлар, одатда, маржон ва укпарлар билан безатилган ҳарир қасава ёки лачак боғлашарди». Ушбу шарҳ инглиз адибасининг ўша даврдаги удумлардан яхши хабар-дор эканидан дарак беради. Муаллиф удумларни яхши билишига яна битта мисол: «…Маликалар фил устидаги маҳофадан тушадиган бўлсалар, фил чодир ичига киритилар ва номаҳрам бўлгани боис, филбонлар юзларини қалин мато билан ўраб турардилар.»

«Ҳумоюннома» асари Комрон Мирзонинг кўзига мил тортиш билан боғлиқ «Подшоҳ ҳазратлари мил тортгандан кейин…» деган ерга келиб узилиб қолган ва бизгача бир мўъжаз китоб ҳолида етиб келган. Китобнинг ҳажми аслида қанча бўлганлиги, унинг нима сабабдан тўла эмаслиги хусусида ҳеч қаерда маълумот сақланиб қолмаган. Лекин инглиз адибаси бу масала юзасидан ҳам ўз фикрини билдиради: «…балки қолган қисми йўқолган бўлиши мумкин ёки ўз биродарига раҳми келганидан, юз берган кейинги воқеаларни тасвир-лашга муаллифнинг журъати етма-гандир».

«Гулбадан» асари катта қизиқиш билан ўқилади. Таржиманинг тили равон, матбаа ижроси, безаклари бекаму кўст. Лекин китобда айрим камчиликлар кўзга ташланади. «Ҳумоюннома»да ҳам «Бобурнома»даги каби ҳиндча сўзлар – исмлар, жой номлари, турли атамалар, асар номлари учрайди. Шуларнинг имлосида чалкашликлар бор. Масалан, Рано Санго эмас, Раана Сангаа, Фотеҳпур Секри эмас, Фатуҳпур Секрий, рупий эмас, рупия, «Айни Акбарий» эмас, «Ойини Акбарий» ва бошқалар. Таржимада баъзи ноаниқ-ликлар мавжуд — …раққосаларнинг билаклари ва болдирларига тақилган қўнғироқлар… деган жумлада болдирларига эмас, тўпиқларига бўлиши керак. Китобнинг айрим ерларида услубий хатолар бор. Масалан, фарзанду аржуманд эмас, фарзанди аржуманд бўлиши керак. Машҳур ўзбек мақолининг шакли ўзгариб қолган: …шўрвадан оғзи куйган одам қатиқни ҳам пуфлаб ичади… ва ҳоказо.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Р. Годеннинг «Гулбадан» асари бобурийларнинг беназир намояндаси Гулбаданбегим ҳақидаги тасаввуримизни бойитади. У бобурийлар даврини ўрганишга қўшилган муносиб ҳиссадир.

Ансориддин Иброҳимов, филология фанлари номзоди, доцент

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2007 йил, 9-сон