Қарашлар, фикрлар, мулоҳазалар
Назаримда одамиятнинг онгли ҳаёти бошланган кундан ер юзида курашлар даври бошланди. Яратган зот улуғ Китобида дарж этганидек, улар бир-бирларини танишлари ва дўст тутишлари учун халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйгандан бошлаб эса бу курашларнинг кўлами кенгая бошлади. Асрлар келди… бутун бошли миллатлар ер юзидан супуриб ҳам ташланди. Айримлари миллат сифатидаги қиёфасини йўқотиб қўйди. Баъзилари таланди, ўлдирилди, қул қилинди. Аммо кураш шу билан тўхтаб қолгани йўқ. У шаклан бўлмаса-да, моҳиятан давом этмоқда.
Эндиликда бу курашнинг усуллари ўзгарди. Ғанимлар билвосита инсонлар қалбига, онгига ҳужумга ўтдилар. Ҳозирда турли мафкура ва маданиятлар ўртасида кураш авжига чиқди. Дунё аҳлининг бир бўлаги сифатида биз ҳам бу талотўплардан четда турганимиз йўқ. Душманлар минг йиллар давомида шаклланиб келган, энг асосийси, имон ва ислом булоғидан сув ичиб камолга етган миллий маданиятимизни, ўзлигимизни йўқ қилиб, ўрнига ўзларининг ғайриинсоний маслаклари сингдирилган маданиятини жорий қилишга уринмоқдалар. Бу иш учун жуда катта маблағлар ажратилмоқда, сармоялар тикилмоқда, ўқув муассасалари ташкил этилмоқда. Миллионлаб ададда китоблар, газета ва журналлар нашр қилиняпти. Бу ҳам камдек, эшикма-эшик юрадиган миссионерларни тарбиялашдан ҳам эринмаяптилар. Натижада, озгина моддий манфаат эвазига ҳар икки дунёсини сотиб юбораётганлар ҳам пайдо бўлди ва бу мудҳиш “савдо” ҳамон давом этмоқда.
Демак, маънавий уруш шарпаси қулочини кенг ёйиб, тобора яқинлашиб келяпти. Бу курашда шунчаки пистирмада туриб музаффар бўлмоқ мушкул. Шахс ва миллат сифатида бунга қарши чора-тадбирлар кўришга бурчлимиз. Маънавий жавобгарликни ҳис этмаслик, лоқайдлик ва кечикиш жуда хатарли оқибатларни келтириб чиқариши шубҳасиз. Аммо таҳдид солаётган хавфдан юзга ниқоб тутиб ёхуд вужудга вакцина юбориб қутулишнинг иложи йўқ.
Бу жараёнда инсон қалбини турли мафкуравий бўҳронлардан омон сақлашнинг фақатгина бир йўли бор. У ҳам бўлса, инсон онгида, юрагида аждодлардан мерос бўлиб келган маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашдан, бойитишдан иборатдир. Бу улуғ вазифани шак-шубҳасиз адабиётгина уддалай олади. Зеро, бадиий Сўзгина кўнгилларга нурдай сингади, киши дунёқарашини, дид-туйғуларни ўстиради. Шу боисдан ҳам адабиёт яралганидан буён унинг бирламчи вазифаси инсон қалбини тарбиялаш экани ҳақида кўп ва хўб гапирилган. Инсоният адабиётдан бир қадам орқага чекинган, минглаб одамлар “сариқ матбуот” орқали кенг ёйилаётган “оломон адабиёти”ни мукка тушиб ўқиётган бугунги кунда ҳам адабиёт ўз вазифасидан чекингани йўқ. Фақат адабиётга, унинг азалий қонуниятларига ёндошув бироз ўзгаргандек. Бу вазиятдан кўриниб турибдики, оммавий маданият ҳужумлари адабиётни ҳам четлаб ўтмаяпти. Демак, бугун миллий адабиётимизнинг бир бутунлигини, кўп йиллар давомида мустаҳкамланган пойдеворини асраб қолиш учун ижод аҳли онгида ўзига хос иммунитетни пайдо этиш эҳтиёжи туғилди. Шу билан бирга адабиёт зиммасига яна бир масъулият юкланди: бу – миллий маънавиятимиз учун хатарли бўлган ёт ғояларга қарши “антибиотик” вазифасини ўтовчи фикрларни шакллантиришдан иборатдир.
Хўш, замонавий ўзбек адабиёти бугунги глобаллашув даврида зиммасидаги бу масъулиятни кўнгилдагидек адо эта оляптими? Сўнгги пайтларда “мустақиллик даври адабиёти” деган атама пайдо бўлди. Бу атаманинг пайдо бўлишига қандай асосларимиз бор? Мустақиллик даври адабиёти кечаги адабиётдан нимаси билан фарқ қилади?
Абдулла Орипов, Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири:
– Аввало, Инсон – номукаммал. Буни эътироф этмоқ лозим. Яъни, биз фаришталар эмасмиз. Махлуқотда нафс деган эҳтиёж мавжуд. Ҳайвонлар тўйганига қаноат қила олади. Чунки унда онг, режа йўқ. Одам боласи эса асло тўймайди. У жамғаришга ўч. Шу боисдан одамни “кўзи оч” ҳам дейишади. Бироқ, нафс фақат тўйғизиш, кийим-кечак, уй-жой таъминоти билангина қондирилмас экан. Энг ёмони, маънавий нафс ҳам бор. Инсон сийратидаги юзлаб қусурлар маънавий нафснинг белгиларидир. Уларнинг кўриниши турфадир: ҳасад, муғомбирлик, худбинлик, гуруҳбозлик, айирмачилик, адоват ва ҳоказолар. Айни чоғда, маънавий ташналик (нафс)га эзгулик, адоват, садоқат, савоб ва бошқалар ҳам мансубдир. Асрлар мобайнида инсонлар тафаккури ва қалбидан жой олган юқоридаги икки жиҳат – моддий ва маънавий эҳтиёж – нафс учун кураш чексиз-чегарасиз тўқнашувларни келтириб чиқарди. Улар икки одам орасида ёхуд оилада, жамиятда, мамлакатлар, миллатлар орасида ҳам келишмовчилик, худбинлик тариқасида намоён бўлаверади. Мана шу зиддиятда инсонга энг яқин кўмакчи албатта баркамол маънавият, илм ва холисликдир.
Бугун дунёнинг маънавий руҳияси ўзгариб кетди. Баъзи бир жамиятларда инсон табиатига, инсоний фазилатларга зид кўникмалар пайдо бўлмоқда. Улар ўзларининг бу чиркин ҳаёт тарзларини “демократия”, “инсон ҳуқуқлари”, “тенглик” сингари чақириқлар билан ниқобламоқдалар.Мана шундай таҳликали бир даврда ёшларимиз онгини, миллатимиз маънавиятини ҳимоя қилмоқ эҳтиёжини теран ҳис этмоғимиз керак. Бунинг учун эса халқимизнинг миллий ўзига хослигини тараннум этадиган адабий асарлар яратишимиз, кинолар, сериаллар чиқаришимиз керак.
Сўнгги йилларда замонавий истилоҳ билан айтганда “бозор адабиёти” пайдо бўлди. Исми-шарифини ҳеч ким эшитмаган “ёзувчи”лар кўпайиб кетди. Уларнинг қалин-қалин “асарлари” нашр этилди ва бу жараён ҳамон давом этмоқда. Шунчаки олди-қочди, жиддий адабиётга мутлақо дахли бўлмаган бундай “асарлар” ҳақида ҳам ўйлаб кўриш фурсати келди. Чунки бу “асарлар” китоб ҳолида халқимиз орасига кириб бормоқда. Демак, адабиётшуносларимиз, адабий синчиларимиз эндиликда яна-да диққатлироқ бўлмоғи керак. Ҳаммасини вақтнинг, ўқувчининг ҳукмига ташлаб қўйиб бўлмайди.
Бир замонлар товламачи, чайқовчи деб аталган кимсалар бугунги кунда зукко топармонларга айланиб кетгани бошқа гапдир, лекин илмдаги, ижоддаги “ишбилармон”ликнинг намойишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Яқинда бир “сариқ” матбуотда ўқиб қолдим, гўёки ер юзидаги бирорта тилда тиззанинг орқа томонининг номи йўқ эмиш. Ваҳоланки, бизнинг тилимизда буни “тақим” дейдилар. Чунончи, кўпкарида улоқни тақимга олишади, қизнинг сочи тақимига тушган, дейишади ва ҳоказо. Чумчуқни ҳам қассоб сўйсин экан-да…
Ана энди саволнинг давомига келсак, “Мустақиллик даври адабиёти” ибораси ҳақида гап кетганда, айтиш лозимки, бу тарихий жараён юз берган воқелик сифатида ўз таржимаи ҳолига эгадир. У катта адабий бир босқич сифатида, янги тузумнинг бевосита инъикоси сифатида ҳатто ҳужжатга айланиши ҳам мумкин. Бора-бора бу жараён адабиётнинг умумий яшаш тарзи билан қўшилиб, уйғунлашиб кетади. Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилган асарларнинг умри боқийдир.
Аҳмад Аъзам, ёзувчи:
– Мустақиллик даври адабиёти деб мен фақат вақт, давр нуқтаи назаридан ажратаман. Адабиёт оқаётган бир дарё, у ери ё бу еридан чизиқ тортиб, буниси бу ёққа, униси у ёққа, деб айириб бўлмайди. Энди, табиий, унинг усти сокин, туби теран жойлари бор, баъзи жойларида саёзликка чиқиб шағиллаб қолади. Шағиллаб бўлдик! Менингча, умидим ҳам шу, дарёмизнинг теранлиги айни бошланаётган палладамиз.
Ана шу оқаётган дарё лабида ўтириб ўйласангиз, ўй сизни ҳар ёқларга тортиб, ҳушёрлантиради. Биринчиси: миллат – тафаккури билан миллат, тафаккур эса тил билан. Миллат ўзини тафаккур билан кўтаради, тафаккур билан ривожланади ва айни шу тафаккур билан ўзини ҳимоялай олади. Ўзлигининг қўрғони – тафаккур. Айни шу қўрғонни миллатнинг афкор қисми қўриқлаши, ҳимоялаши ҳам керак. Ёт таъсир, ёт оқим, ёт ақида, ҳаттоки дунёнинг ёт қонунларидан ҳам. Бу шунчаки сиёсатнинг зарурати эмас, миллатнинг яшаб қолиши, бузилмаслиги ва шу глобал гирдобга ютилиб кетмаслик шарти. Дейлик, дунёдаги барча динлар, барча илмлар қарши бўлгани ҳолда инсон табиатига зид, башар зотига мамну бир жинсли махлуқлар никоҳи яна ўша инсон ҳақ-ҳуқуқлари тенглиги бандларига паналаб, бугунги кунда ўн тўртинчи мамлакат парламентида қабул қилинди. Ўша мамлакатлар аҳолисининг кўпчилиги қарши бўлишига қарамай, бу жирканч ҳаёт тарзи қонунан тасдиқлаб қўйилди. Биз учун бу гапни айтиш ҳам ҳазар! Ўша томонларда ҳали бунақа мамлакатлар сони кенгаяди, чунки ОАВ тинмай жаврайди, ТВ ҳар куни ўнлаб марта кўрсатади, тарафу бетарафларни тортиштириб, шу билан ҳам тарғиб қилади, ана шу биз отини тутишга ҳам ҳазар қиладиган табиат, инсонга зид ҳайвоний нарсаларнинг ҳаммаси сўз эркинлиги байроғи остида қилинади, оқибатда шу сарамас билан оғриганлар сони кўпая боради. Улар тинмай намойиш қилади, тўполон чиқаради, кўчада турган машиналаргача ёқади, уларнинг сарамаслик талабларига бўйсунмайман деган номзод, ҳар бир овоз ҳисобда бор, сайловдан ўтолмай қолади. Худо сақласин бизни бунақа тенгликдан! Бизга гоҳ табиий оқим билан, гоҳ эса бу оқимларни тагимиздан зимдан оқизаётган ҳар хил лойиҳа-ю жамғарма, кўрик-танлову шафқат ташкилотлари (булар юзлаб, минглаб), эътиқодсизлик, фаҳш, очиқ шаҳват, беиболик, динсизлик каби талай-талай “таълимот”ни ошкора ҳам, яширин ҳам киритиб ётибди. Миллий руҳ, миллият тубдан емириляпти бунинг оқибатида. Ғанимларимизга ҳам инсоф берсин деб, ўзимизни фақат Худога ташлаб, оғзимизни очиб ўтираверсак, ўша ёқдан келган чиркинлик оғзимизга ҳам кириб кетади. Шусиз ҳам кўп нарсаларнинг сопини ўзимиздан чиқаришяпти, билиб-билмай эргашиб кетадиганларни топаётирлар, сийловлар билан сийлаётирлар. Бу иркит нарсалар чексиз-чегарасиз ахборот технологияси шарофати билан ҳар куни, ҳар соатда уйимизда меҳмон. Бугун телевизорга қараганда нафратимизни келтираётган ёт исқот беш-ўн йилдан кейин эшигимиздан сўрамай ўзи кириб турган бўлади. Агар ўзимизни асрашни, дунёнинг яхшиси билан ёмонини фарқлашни ўрганмасак. Нима демоқчилигим тушунарлидир? Бу – нечадан бир мисол, холос. Мен ўзимни жуда демократ ҳисоблайман, лекин демократиянинг чиройли пардасини кўтариб, қани бунинг орқасида нималар бекиниб ётибди деб қарайман ҳам. Қонуну ҳуқуқларни юзига чаплаб гўзал нозанин бўлиб олган ялмоғиз чилтон кампир шу ёқда эмасми, деган шубҳага бораман. Бўянган, нозанин ялмоғизнинг човут солишидан хавфсирайман доим.
Нуқул ўзбеклигимизга фахрия ўқийвермай, ҳақиқатда ўзимизни ўзбек деб билишимиз ва бундан ғурурланиб иш кўришимиз шарт!
Тафаккур ўзлигимиз қўрғоними, о-о, унинг деворлари қандай баланд қурилган, қандай кунгура-ю миноралар бор, ота-боболаримиз ғайратига балли, деб салламно айтавермай, нураётган, тўкилиб бораётган жойларини тузатиб ҳам туришимиз керак. Глобаллашув – маънавиятга интервенция. Биргина бизда эмас, бутун дунёда, ҳатто ўзини энг ривожланган ҳисоблайдиган мамлакатлар ҳам унинг истилосида. Замон шамоли гоҳ илиқ, гоҳ аччиқ, лекин муқаррар эсяпти. Шамол тоғларни ҳам қум қилган. Шуни унутмайлик. Оддий ҳақиқатлар эсимизда турсин: келажагини ўйламаган миллатнинг бугуни йўқ, у фақат ўтмиш мозорларини улуғлаш билан қолиб кетади.
Кўп асрлар таназзулда, кейин юз йилдан ортиқ мустамлакада яшаганимиз учун ўтмиш ва бугунимиз Шарқдан ҳам, иқтисодиёт, технологияда илгарилаб кетган Ғарбдан ҳам ўзимизни паст оламиз. Ўз қадриятларимизни уларчалик қадрламаймиз, Шарқдан оппоқ кўринган тегирмончини бувам деб ўйлаб, кўзимизга ёш олиб эргашиб кетамиз, Ғарбнинг ашқол-дашқолидан тортиб чиқитга ташлаб юборганларигача ҳавасда юрамиз. Таъсирларнинг қайси яхшию қайси ёмон эканини аввал ўз танамизга ўйлаб олайлик. Балки ҳаммасидан ҳам яхшилари ўзимизда бордир. Бор, лекин кўрсатиш учун аввало ўзимиз билишимиз – ўзлигимизни билишимиз зарур. Бошқалар буни биздан олдинроқ билган ва ҳавасини яширмайди ҳам.
Миллатнинг билик борлиғи тафаккур, тафаккур эса меҳрталаб нозик тилдан тикланган, тил билан мустаҳкамланади, тил билан ўсади, теранлашади. Аслида барча бадиий, маънавий, руҳий, фалсафий, илмий – жамики бойликларимиз тилимизда. Унинг ўзи энг бебаҳо, қутлуғ маданий обида, ёт таъсир, бузилишлардан қўриқчимиз! Масаланинг ана шу томони ўйлантиради – ўзбек руҳияти қўриқчиси, валинеъматининг ўзини асрамаяпмиз, давлат мақомига кўтариб, қонун билан ҳимоялаган ҳолимизда биз, қалам аҳли, афкор омма уни ўз ҳолига ташлаб қўйдик ва ҳатто уни бузувчилар чанқаганда сув ҳам ташиб турибмиз.
Тили ғарибланган халқнинг тафаккури ҳам ўтмас бўлиб қолади, айни тафаккурнинг мағзи-мағизигача заха етади, бугунги замон талаблари даражасида фаолият кўрсата олмайди, шунчаки ҳавойиланиб қолади. Худога шукр, кўп ишлар қилиняпти, лекин ундан-да кўп ишлар қилинмай қолиб кетяпти. Бу эса бизни тутиб турган заминни бўшаштириб қўяётир. Шулардан бири – тилга бепарволик оқибатида адабиётда орқага кетиш. Албатта, мустақиллик руҳиятимизга, кўнглимизга эркин кенгликлар берди, лекин моддий сиқинтилик анча ижодкорларни “бортнинг у ёғига” чиқариб ташлади – қанча издошлар бўлгувчи эди, улар ҳам бўлмади. Аммо… халқнинг фикрлайдиган қисми, афкор омма айни халқ олдидаги масъулиятини ҳар қандай шароитда ҳам унутмаслиги лозим. Ҳозирга келиб бу сиқинтилик даври ҳам ўтяпти шекилли, янги адабий авлод шаклланиб бошлади. Бу, табиий, яна тафаккурнинг жонланиши, тилимиз аслиятларига қайтиб, уни дунёнинг фаол тил муҳитига қўшилишига, бинобарин, ўзлигимизни кўрсата олишимизга олиб келади.
Луқмон Бўрихон, ёзувчи:
– Гапларингизда жон бор-ов… инсоният тарихи курашлар, урушлар тарихи, деган экан кимдир, шу чинга ўхшайди. Назаримда, тала-тўплар, қирғинлар қаъридан адабиётгина омон чиқиб келаяпти. Марҳум, куюнчак адибимиз айтганидай, адабиёт ўлмайди, шекилли. Аммо бу ўлмайди, жони тошдан, деб унинг ҳоли забунига томошабин бўлиб ўтириш ҳам ярамайди. Айниқса, бугун. Аҳволни кўриб турибмиз. Глобаллашув. Маънавиятлар, фикр-ғоялар ўртасида зимдан, беаёв кураш кетяпти. Сиз билағонлик билан таъкидлагандай, оммавий маданият, деганлари юртимизга, онгимизга ёпирилиб киряпти. Бузуқ ғоялар, ахлоқсизлик, ғайриинсоний турмуш тарзи тарғиб қилиняпти. Қандай, қай йўсинда тарғиб этиляпти? Киндигингни кўрсатиб юр, қулоқ-бурнингга сирға тақиб ол, бутга сиғин, деб биров-бировни кўча-кўйда зўрлаётган, қўлидан тортқилаётгани йўқ-ку?! Бундай бузуқчиликлар адабиёт ва санъат орқали тарғиб қилиняпти! Шунинг учун улар ёшлар онгига тез сингаяпти, тез тарқаяпти. Тан олиш керак, бундай ёт ғояларни ташувчи асарларнинг аксарияти бадиийлик, санъаткорлик нуқтаи назаридан олиб қаралганда, хийла юксак, ҳавас қилса арзийди, катта истеъдод, иқтидор билан яратилган, ҳойнаҳой, шунинг учун ҳам таъсири тез, юқумлилик даражаси баланд. Модомики, ғояга қарши ғоя билан курашиш керак экан, биз нима қиляпмиз? Мафкура майдонида олишишга қурби етадиган асарларимиз борми? Тегирмонга қарши жангга чиққан Дон Кихотга ўхшаб қолмаяпмизми? Афсуски, шундай. Ўзимизча миллий қадриятларни, анъаналарни тарғиб қилаётган асарларимиз насиҳатгўйликдан, маиший икир-чикирлардан, бетўхтов кўз ёшлардан нарига ўтаётгани йўқ. Айниқса, кино асарларимиз! Бадиий баркамолликдан, ҳақиқий санъатдан жуда-жуда йироқ. Улар миллий, ахлоқий, қандайдир эзгу қарашларни гўё тарғиб қилган бўлади-ю, аслида, айнан ўша қадриятлардан ҳаммамизни бездиради.
Гап “оммавий маданият”га қарши кураш ҳақида бораркан, аввало, бу бало олдида оммавий бирлашишимиз зарурга ўхшайди. Бугун адабий муҳитда айирмачилик, гуруҳбозлик, маҳаллийчилик кайфияти йўқ, деб ким айта олади? Бу Шўро давридан бери давом этиб келаётган бир иллат. Бизни тегирмон қаршисидаги Дон Кихотга айлантириб қўяётган аслида шу иллат эмасми? Оммавий бирлашишимиз учун энг аввало оммавийликдан қочишимиз керак. Оммавий мақтовлар, жўровозлик, оммавий лоқайдлик – адабиёт ва санъатнинг биринчи душмани. У ичимизда, олдин шуларни бартараф этмай туриб ташқи ёвга қарши курашиш қийин.
Мустақиллик даври адабиёти, деган ибора пайдо бўлди, деб қандайдир ажаблангандай гапирибсиз. Бунинг ҳеч бир ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Ўтган асрнинг тўқсон биринчи йилидан буёғи – Истиқлол! Йигирма бир йилдан бери шоиру адибларимиз яхшими-ёмонми қалам тебратиб келишяпти. Бу вақт мобайнида кўплаб асарлар яратилди. Ана шу Мустақиллик даври адабиёти, деб аталади. Мамнуният билан қайд этиш керакки, бу даврда цензура деган балои азимдан қутулдик. Таҳдид-тазйиқлар йўқ. Ҳали шу пайтгача эркин фикрлари, кескин қарашлари учун қувғинга учраган бирор бир ижодкорни учратмадик. Шоиру адибларимиз олдига фақат битта вазифа қўйилган: бадиий баркамол асарлар яратиш, халқимиз маънавиятини бойитиш. Модомики, ижодкорларимиз бу борада оқсаётган экан, бунинг учун кимларнидир айблаш, маломатга қўйиш инсофдан эмас. Ҳолбуки, муҳтарам Президентимиз, ҳукуматимиз аҳли қалам учун ҳамма шарт-шароитларни яратиб бериб қўйибди. “Ижод” жамғармаси, Дўрмон ижод уйи, нашриётлар – барча-барчаси шоиру ёзувчиларимиз хизматида. Мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланишимиз керак, холос. Юқорида тилга олиб ўтилган иллатларни бартараф этиб, ҳар хил майда-чуйда, икир-чикир гап-сўзлардан баланд туриб ижод қилишимиз зарур. Ана шундагина ёзган асарларимиз ҳам юксак бўлади.
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 4-сон.