Акмал Саидов. Гёте – тафаккур шоири

http://n.ziyouz.com/images/gyote2.jpg

ИЖОД ВА ҲУҚУҚ

Тарихдан маълумки, кўп асрлар мобайнида ҳуқуқ илми ҳам шеърият либосида бўлган. Ҳуқуқ куч-қудратининг манбаи ҳам қалб тўридан отилиб чиқадиган эҳтиросли ва сеҳрли сўзда эди. Афлотун таърифи билан айтилса: ҳуқуқ – илоҳиёт туҳфаси бўлган санолар шаклида дунёга келган.

Ҳуқуқда назмий анъаналарнинг талайгина намуналари ва ёдгорликлари сақланиб қолган. “Авесто” Тангри санолари шаклидадир. Қуръондаги ваъз ва фарзлар, кароматлар, шариат ва ахлоқ-одоб қоидалари, худди “Инжил”да бўлганидек, саноларда битилган.

“Ҳуқуқни англаб етиш калити”ни нафақат ҳуқуқшунослар, илоҳиётчилар, файласуфлар ҳам излаганлар. Бу қидирувни кўплар: ўтмишнинг буюк адиблари ҳамда халқ достонлари, эртак ва ривоятларнинг номсиз муаллифлари ҳам олиб борганлар. Улар қаторида руҳият даҳолари Алишер Навоий ва Алигьери Данте, Эразм Роттердамский ва Вильям Шекспир, Умар Хайём ва Фридрих фон Шиллер, Фёдор Достоевский ва Лев Толстой… Бошқа яна кўплаб буюк номларни келтириш мумкин.

Жаҳон адабиётининг ана шу намояндалари орасида Гёте алоҳида мавқега эга.

Иоганн Вольфганг Гёте – буюк немис шоири, Уйғониш даврининг сўнгги намояндаларидан бири ҳисобланади. Унинг адабий ва илмий мероси асарлар тўпламининг 143 жилдини қамраб олади. Уларда бадиий ижоднинг барча намуналари – эртаклардан тортиб пьеса ва романларгача бор. Адиб 82 ёшида дунёвий ва илоҳий илмлар файласуфи бўлиш билан бирга қалб ёшлиги, яшаш ва севиш хоҳишини йўқотмаган ҳолда ҳаёт мазмуни ва муҳаббат ҳақида ажойиб шеърлар битарди.

Гёте ижодиёти маънавий ҳаётнинг ҳамма соҳаларида ифода усули учун намуна ҳисобланади. Фридрих Вильгелм Йозеф Шеллинг шарофати билан у фалсафа оламига кирди. Фридрих Карл фон Савинье уни ҳуқуқшуносликка етаклади. Гётенинг табиий фанларни эгаллашида Александр фон Гумбольдтнинг, фалсафада эса Вильгельм фон Гумбольдтнинг ҳиссалари катта..

Шу билан бирга Гёте бутун умри давомида фақат бадиий ижод билангина машғул бўлмаган. Унинг онгли ҳаёти – университетда таҳсил олишидан бошлаб, мукаммал билимга эга бўлиш учун мустақил ўз устида иш олиб боргунга қадар ҳуқуқшунослик билан узвий боғлиқ бўлган.

Гёте давлат хизматидалигида ҳуқуқшунослик фаолияти даврида тўплаган анча бой тажрибасини умумлаштирган. 1776 йил 11 июндан у 1200 талер миқдоридаги маош билан махфий ҳуқуқ маслаҳатчиси лавозимида ишлаган. У Хуфиёна кенгашда иштирок этиш ва овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган. Гёте 1779 йил 5 сентябридан вазир мақомидаги хуфиёна маслаҳатчиси, 1815 йилдан бош вазир лавозимига тайинланган, 1782 йилда дворянлик унвонини олган.

Ҳақиқатан ҳам Гётенинг Франкфуртда адвокатлик амалиёти вақтида эгаллаган ҳуқуқшуносликка оид билимлари унга герцог Карл Август хизматида эканида (1757-1828) жуда қўл келган. Чунки Хуфиёна кенгашда унинг зиммасига талайгина вазифалар юклатилган эди: Гёте бир неча махсус ҳайъатларда иш олиб борар ёки уларга раҳбарлик қиларди. Масалан, у ҳарбий ҳайъат раиси бўлган. Герцог унга йўл қурилиши маъмуриятига ҳамда шаҳар маҳаллий йўллари маъмуриятига раҳбарлик қилишни топширганди. У молия бошқармасига ҳам раҳбарлик қилган.

Ўша вақтда Гёте расмийлаштирган ҳужжатлар матни ҳуқуқшунос услубини акс эттирса ҳам, уларда Гётега хос иборалар учраб турарди. Шуниси қизиқарлики, Карл Август 1875 йилда идора тилини соддалаштириш ва айрим баёнларни қисқартиришга уринганида, Гёте бу янгиликларга қатъий қарши чиққан. У расмий идора тили сақланиб қолиши тарафдори эди.

Гётенинг бадиий, ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий фаолияти ўзаро уйғунликда кечган. Ўзи Кнебелга 1782 йил 21 ноябрда ёзган мактубида ифода этганидек, уларни худди “бир муқаддас тугунга” боғларди. Шу муносабат билан “ҳуқуқшунос Гёте” гўёки “шоир Гёте” йўлига ғов бўлганлиги, бунда назмнинг лозим қофиялари дағаллаштирилганлиги ҳақидаги даъволар мутлақо асоссиздир. Ҳа, у том маънода профессионал ҳуқуқшунос олим эмас эди. Бироқ унинг амалий ҳуқуқий тайёргарлиги жамиятда рўй бераётган воқеалар – зиддият ва низоларни ҳуқуқшунос нигоҳи билан кўриш имконини берарди.

Гёте ўзининг шоҳ асарида Фауст тили билан ҳуқуқшуносликни ўрганганлиги учун эмас, балки илоҳиётдан таҳсил олгани учун таассуф билдиради.

Мефистофел Фауст қиёфасига кириб, толибга ҳуқуқ илмини эгаллаш юзасидан шайтоний маслаҳат беради.

Т о л и б:

Ҳуқуқ унча ёқмас кўнглимга.

Ф а у с т:

“Балли! Бўлинг бу фандан нари
Қуруқ қоғоз даста-дасталик.
Кўҳна қонун-қоидалари”
Бамисоли ирсий хасталик.
Беш-ўн авлод яшар гоҳ қонун,
Ўтиб борар аммо давр эса –
Бир вақтда қонун – кори хайр эса,
Ул кори хайр кулфатдир бу кун.
Тирикликнинг қонуни ўзга,
Аммо уни илмаслар кўзга.

Мефистофель “Қонунлар маълум муддатга яратиладими ёки асрларга?”, “Ҳуқуқ дин ва ахлоқ учун кулфатми?”, “Хоқон қонунларга итоат этадими?” каби саволлар билан талабанинг миясини айнитади.

Гёте “табиий ҳуқуқ” тўғрисидаги сатри билан китобхонларни таажжубга солиб, Тангри қонунларининг инсон ҳаётий муаммоларига нисбатан бесамара эканлигини намоён этиш билангина чекланиб қолмайди. У аввало авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қонунлар ва одатларнинг қонунийлик нуқтаи назаридан мунтазам текшириб туриш масаласини кўтарган. Яъни бу қонунларда ўйлаб топилган жиноятлар, масалан, афсунгарлик ва куфр учун жазо белгиланган бўлса, уларни алмаштириб ўтирмасдан узил-кесил бекор қилиш ёки қонунлар давр талабига жавоб бермайдиган бўлиб қолса, янгилари билан алмаштириш керак, дейди.

У инсонлар ҳаётига оид қонунларни нариги дунё номидан тиқиштираётганлар, айниқса, кеча қандай ваъзхонлик қилган бўлсалар, бугун ҳам шуни такрорлаётган руҳонийлар туфайли пайдо бўлмайди. Спиноза ғоялари таъсирида Гёте: “Табиат абадий, зарур ва шу қадар илоҳий қонунларга мувофиқ равишда амал қиладики, Тангрининг ўзи ҳам ундаги бирор нарсани ўзгартира олиши мумкин эмас”, дейди. Инсон – табиий жонзотдир. Табиийлик, онглилик, инсон ҳуқуқлари табиат ижозат этган ҳуқуқ сифатида, табиий ҳуқуқ сифатида намоён бўлади.

Гётенинг инсоннинг табиий моҳияти, “табиий қонунлар” хусусидаги шеърлари, фикрлари бебаҳо ва мангудир. Агар Гёте лутф этаётган инсон ҳуқуқлари синчиклаб таҳлил этилса ҳамда унинг “жозибали ҳурлик ва мўътабар тенглик” тўғрисидаги “Санолар саноси” халқ ижодиёти тилига ўгирилса, моҳият жиҳатидан эркинлик тенглик шарти эканлиги аёнлашади. Аммо у шундай тенгликки, мулк дахлсизлигини таъминлайди. “Жамият ҳеч ҳам эркинлик тушунчасида эмас, балки тенглик тушунчасидан ўзгача ҳолда вужудга келмайди”. Бироқ бу тенглик жамият шундай ташкил этилишига асосланганки, унда жамиятни “сен кимсан” деган тушунча эмас, фақат “сен нимага эгасан” тушунчаси қизиқтиради .

Тўғри, Гёте моҳияти жиҳатидан ҳуқуқшунослик устувор бўлган дунёқарашини ривожлантирмади, қонун бўёқлари билан жаҳон манзарасини яратмади. Аммо юқорида қайд этилганлар Гётенинг бадиий ижодиётида ҳуқуқий таълимнинг аҳамияти ва ўрнига оид кенг тарқалган хато қарашларни рад этиш учун етиб ортади. “Менинг адабий ижодим ҳаётга бўйсундирилган”, – деб ёзган эди у 1780 йил 14 майда Кестнерга. Ўз навбатида, Гётенинг бадиий ижодиёти бўлажак ҳуқуқшунослар шаклланишига сезиларли таъсир кўрсатган. Гёте шеърияти Европа маънавий дунёсини шакллантирган. Уйғониш давридан эътиборан ҳуқуқий онг бу дунёқарашнинг таркибий қисми ҳисобланган. Бу эса, ўз навбатида, ҳуқуқшунослик равнақига қудратли таъсир кўрсатган.

”БЎЛДИМ ЯНА АДОЛАТШУНОС…”

“Мен жуда қунт билан, ҳатто серҳафсалалик ва тиришқоқлик ила адвокатлик қилмоқдаман…”

Иоганн Вольфганг Гёте таржимаи ҳоли билан муфассал таниш бўлмаганлар учун унинг юқоридаги эътирофи кутилмаган бўлиши мумкин.

Ваҳолонки, Гётенинг бутун онгли ҳаёти – университетда таҳсил олиш ва ҳар тарафлама билимга эга бўлиш учун ўз устида мустақил иш олиб борган йилларигача ҳуқуқшунослик билан боғлиқ бўлган. У университетда махсус юридик таълим олган, адвокат сифатида амалий фаолият кўрсатган.

У ҳуқуқшунос касби билан онаси томонидан ҳам, отаси томонидан ҳам (амакиваччаси ҳуқуқшунос эди, бундан ташқари ўзининг ўғли ҳам ҳуқуқ илмини эгаллаган1 ) боғлиқ бўлиб, ўн олти ёшлигида Лейпциг университети ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирган, бироқ касаллиги сабабли уни тамомлай олмаган. Гётенинг университетга кириши тасодифий бўлмаган, собитқадам инсон бўлган отаси ўғлини барвақт ҳуқуқшуносликни ўрганишга даъват этган.

Гётенинг отаси Иоганн Каспер (1710-1782) ҳуқуқшунослик доктори илмий унвонига эга бўлиб, ҳаётидаги муваффақиятларига бевосита юристлик касби туфайли эришганини эътироф этиб, яккаю ягона ўғлининг яшашдан мақсади одил судлов тангриси – Фемидага хизмат қилишда, деб билишини хоҳлаган.

Гёте ўз юридик таълимини Страсбург университетининг ҳуқуқшунослик факультетида ниҳоясига етказиб, ҳуқуқшунослик лиценциати унвони учун диссертация ҳимоя қилган.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, Эркин Воҳидовнинг беназир таржимонлик истеъдоди туфайли Гётенинг шоҳ асари – “Фауст”ни ўз она тилида мутолаа қилишга муяссар бўлган ўзбек китобхоналари немис мумтоз шоирининг ҳуқуқий таълим ҳақида Фауст тилидан баён этган қуйидаги сатрлари билан таниш:

Илоҳиёт ила банд бўлдим,
Фалсафада хирадманд бўлдим.
Бўлдим яна адолатшунос,
Ҳаким бўлдим – табиатшунос.

У ҳуқуқшунос дипломи билан Страсбургдан Франкфуртга қайтиб келгач, адвокатликка қабул қилиш тўғрисида илтимоснома тақдим этган. Бир неча кундан кейиноқ бу мурожаати ижобий ҳал қилиниб, Гёте 3 сентябрда ҳам шаҳар суди адвокати, ҳам Франкфурт адвокати сифатида қасамёд қилган. Ёш Гётенинг адвокатлик фаолияти муваффақиятли бошланишида оила аъзолари, дўстлари, жумладан, бўлажак куёвининг отаси Шлоссерлар оиласи ёрдам қўлини чўзган.

Иоганн–Георг Шлоссер (1739-1799) айни вақтда империя маслаҳатчиси, бургомистр бўлиб, улар оиласидаги ҳуқуқшунослар катта адвокатлик амалиётига эга бўлганлар.

Гёте ўз адвокатлик идорасини отасининг Гроссер-Хиртграбендаги уйида очган. У ҳуқуқшуносликка оид ишларни бировдан ёрдам сўрамасдан ўзи муваффақиятли олиб борган. Отаси империянинг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси бўлганлиги сабабли амалда бу ишларга қўли тегмасди.

Гётенинг таржимаи ҳолини ўрганганлар унинг мижозлари майда фермерлар эканлиги ҳақидаги хулосага келганлар. Бу мижозлар орасида қарздорлар ва судхўрлар, акционерлар ва мулк эгалари, ижарачилар ва меросхўрлар учраган.

Гётени қандай қилиб бўлса ҳам ҳуқуқшунос қилишга қарор қилган отаси уни 1772 йил май ойи ўрталарида Франкфурт яқинидаги Вецлар шаҳарчасидаги Империя суд палатасига тажриба орттирувчи сифатида жойлаштирган. Ўша даврда Кассация палатасига ўхшаш бу олий мақом суд идораси энг бефойда адлия муассасаси ҳисобланган. Агар отасининг Гётеда суд фаолиятига салбий муносабат туғдириш нияти бўлса, у бундан-да яхшироқ йўл тутмасди. Бу суд идорасида ўн олти минг иш ҳал этилишини кутиб ётарди. Айни вақтда бу ерда порахўрлик авжига чиққанди1.

Гёте уч ой тажриба орттирганидан сўнг Франкфуртга қайтиб келиб, адвокатлик амалиётини давом эттирган ва бир неча суд жараёнида иштирок этган2. Аммо бу жойда унинг бутун ўй-хаёлини адабий фаолият қамраб олган. Ижодида биринчи ўринда “Гец фон Берлихенген” турган бўлса-да “Прометей”, “Фауст” асарларининг режаси билан ҳам банд бўлган.

Айрим суд жараёнлари унинг хотирасида, эҳтимол қалбида ҳам чуқур из қолдирган. Жумладан, 1771-1772 йилларда Франкфуртда фарзандини ўлдиришда айбланган хизматкор аёл Сюзанна Маргарита Брандтнинг катта шов-шувга сабаб бўлган суд жараёни гувоҳ бўлган. Савдо-сотиқ билан шуғулланувчи бир кимса бу хизматкорни маст қилиб, номусига теккан. Бахтсиз аёл судда “ноқонуний” (никоҳсиз) фарзанд кўриб, шарманда бўлиш ва одамлар гап-сўзидан қутулиш учун шайтон васвасаси таъсирида боласи жонига қасд қилганлигини” очиқ тан олган. 24 ёшли жиноятчи Франкфурт қамоқхонаси олдидаги майдонда одамлар кўз ўнгида қатл этилган3.

Бу суд жараёни акс-садоси “Фауст”да ўз ифодасини топган:

М а р г а р и т а:

Халойиқ юради қатлгоҳ томон
Каттакон майдонга сиғмас оломон.
Мен учун чалинар сўнгги қўнғироқ,
Жаллод бошим узра синдирар таёқ.
Чўкаман, тегади бошим кундага,
Даҳшат ичра боқар йиғилган одам
Мендек маҳкум бўлган осий бандага.
Кўзларида қўрқув, гўё хаёлда
Уларнинг бошига тушмоқда болта.

Ф а у с т:

“Сенинг ҳукмингдаман, тангрим хоқоним”.

Ўша вақтда Германияда бошини танадан жуда қилишдан иборат ўлим жазоси одатда ўз фарзандини ўлдирганлар учун (бу никоҳда бўлмасдан ўз фарзандини туғаётган пайтда ёки туққандан кейиноқ дарҳол ўлдирганларга тааллуқли эди) қўлланарди. Шу муносабат билан Гёте: “… фикримча, эҳтимол ўлим жазосини сақлаб қолиш одилдир”, деган хулосага келган.

Бундан Гёте ўз асари қаҳрамонидек бечорага ачинаётгандек туюлиши мумкин. Тағин ким билади дейсиз! Ўз асридан ўзиб кетган бу инсон худди бизлардек фикр юритгани ва ҳис этганлигига ишонгинг келади…

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 9-сон.