Аҳмаджон Қуронбеков. Аллома

Замонамизнинг теран билимли ва зукко тилшунос олими, Алишер Навоий асарлари тилининг истеъдодли тадқиқотчиси академик Алибек Рустамов баракали умр кўрди, умрининг энг сўнгги дамларини ҳам зое кетказмади. Инсон бу дунёга омонат, бир кун келиб боқий дунёга сафар қилади, фақат яхши амаллари ва ёзган китоблари барҳаёт қолади. Шу маънода домланинг сўнгги — “Ҳазрати Навоийнинг маънавий ва суварий шароблари” (“Наврўз”, 2013) китоби унинг умрбоқийлигига дахлдордир.

Олим илмий фаолиятининг илк даврлариданоқ Ҳазрат Навоий асарлари тадқиқи билан шуғулланган ва буюк бобомизнинг руҳий олами, ақидалари, ўша давр ижтимоий, иқтисодий, диний ҳаётига ва мавжуд ғояларига қарашлари, орзу-армонларини англаб етишга интилган.

Алибек Рустамов илмда тўғри ва бир умрлик йўлни танлаб олди: у ўзбек классик тилини – ўзбек тилининг асосчиси Алишер Навоий тилини ўрганиш ва ёш авлодга таълим беришга бел боғлади.

1954 — 1958 йиллари ўзбек классик тили тадқиқига бағишланган кўплаб мақолалари газета-журналлар ва илмий тўпламларда эълон қилинди. Бу изланишларнинг мантиқий натижаси сифатида 1958 йили “Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарининг баъзи бир грамматик хусусиятлари” мавзусида номзодлик дессертациясини ёқлади.

Бу даврга келиб Навоий асарлари тилининг луғат бирликлари маъно таркибини, унинг грамматик ва фонетик ўзига хосликларини биладиган кишилар бармоқ билан санарли эди. Классик тил хусусиятларини ўрганиш ва уни ўз халқи онгида қайтадан тиклаш олимнинг ўз олдига қўйган муқаддас бурчи, дил амри эди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар қандай асарнинг ғоявий мазмуни ва бадиий ўзгачаликлари, услубини англаб етиш, айниқса, Навоийдек буюк сўз устасининг асарлари мазмун-моҳиятини англаб етиш учун, биринчи навбатда, тилнинг фонетик, морфологик ва семантик хусусиятларини ўрганиш лозим эди.

Олим ўз илмий изланишларига сабаб бўлган омилларни кейинчалик шундай изоҳлайди: “Коммунист раҳбарлар қардош халқларни бир-биридан ажратиш ва уларни тарихи, мероси, дини, урф-одатларидан жудо қилиш сиёсатини истибдод йўли билан амалга оширди. Туркистон халқини кирилл ёзувига ўтказиш шу сиёсат билан боғлиқ амаллардан бири эди. Бунинг натижаси шу бўлдики, ҳазрати Навоийни тушунмайдиган адабиётшунос ва тилшунос профессорлар (таъкид бизники — А.Қ.) олий ўқув юртларида дарс берадиган бўлдилар. Мактабда ва олий ўқув юртларида тарихий, илмий, диний ва адабий меросни ўқиб-ўрганишдан маҳрум бўлган олим ва адибларимиз неча минглаб сўзларни билмас ҳолга келдилар. Билган сўзларининг асл маъносини англамайдиган бўлдилар” (Алийбег Рустамий. Ҳазрати Навоийнинг маънавий ва суварий шароблари”.

Бу йиллари олим матбуотда эълон қилган “Классик асарларнинг пухта таҳлили учун” (“Шарқ юлдузи”, 1954), “Ўзбек классик асарлари учун луғат” (“Шарқ юлдузи”, 1955), “Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асаридаги баъзи бир эски ўзбек тилига хос хусусиятлар”(илмий тўплам, 1958), “Навоий асарлари муқаддимаси тилининг бир хусусияти ҳақида”(“Ўзбек тили ва адабиёти”, 1961), “XV аср ўзбек тилининг вокализми” (“Ўзбек тили ва адабиёти”, 1962), “Сабъаи сайёр” тилининг хусусиятлари” (илмий тўплам, 1964) ва бошқа мақолалар айнан юқорида зикр этилган юксак мақсадларни амалга оширишга қаратилган эди.

Бу изланишларнинг йирик бир умумлашмаси сифатида 1966 йили олим “Алишер Навоий асарлари тилининг фонетик-морфологик хусусиятлари” мавзусидаги докторлик диссертациясини тугаллайди. Аммо бу диссертацияни ёқлаш тадқиқотчидан катта куч, сабр-тоқат, ирода ва билим талаб қилди. Диссертацияни ёқлашга тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатган баъзи ўша давр олимларининг қаршилигини енгиб ўтишга ҳам тўғри келади.

Алоҳида эслатиб ўтиш керакки, Алибек Рустамовнинг бу илмий муваффақиятлари замирида форс тили, кейинчалик араб тилини пухта ўрганиш ва қадимги туркий тилни теран ўзлаштиришдек катта меҳнат бор. Ана шу мақсадда олим аввал Ўрта Осиё давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) шарқ факултетидаги форс бўлимини битириб, кейинчалик иккинчи мутахассислик — араб тилини ҳам ўрганган эди.

Агар олим туркий, форс ва араб тилларини пухта эгалламаганида Навоий асарларини тилини ўрганиш ва илмий-тадқиқотларида бунчалик муваффақиятларга эришмаган бўлур эди. Чунки Навоий асарларининг тили ўша давр ўзбек тили меъёрларига кўра, форсий ва арабий ўзлашмаларга бой, диний ва тасаввуфий ғояларга йўғрилган, Қуръон ва ҳадислардан иқтибослар билан безалган эди.

Ундан ташқари, Навоий асарлари мазмун-моҳиятини чуқур англаб етиш учун ўрта аср классик адабиётининг ўзига хос бадиий воситалар системаси: илми баде, илми маоний, илми балоға, илми аруз, Илми қофия ва бошқа бадиий санъатларни пухта эгаллаш лозим эди.

Алишер Навоий тилини, унинг ижтимоий-сиёсий, диний-тасаввуфий ғояларини, бадиий маҳоратини теран ўрганиш ва бугунги ўқувчига тўғри етказиш учун ўша даврда ёзилган араб, форс тилидаги қўлёзмаларни мутолаа қилиш ва тилшунослик, адабиётшуносликка доир ўнлаб қўлёзмаларни таҳлил этиш зарурати турарди.

Алибек домланинг кейинги илмий изланишлари айнан мана шу мақсадларга қаратилганди. У классик тил ва адабиёт бўйича тадқиқотларини давом эттириб “Алишер Навоийнинг тил ва услуби” (1966), “Навоий тилида замону макон келишиклари”, “Навоий тилининг фонетик хусусиятлари”(1966) мақолаларини эълон қилади.

Бундан кейинги тадқиқотларида олим асосий эътиборни тилшунослик ва адабиётшунослик бўйича ўрта аср манбаларини ўрганиш, тил ва бадиият масалаларига қаратади. Мана шу сайъ-ҳаракатлар натижаси ўлароқ “Маҳмуд Замахшарий” (1971), “Ҳабибий шеърларининг вазни” (1971), “Аруз ҳақида суҳбатлар” (1972), “Қофия нима?” (1975) рисолалари, бу изланишларнинг мантиқий давоми сифатида эса 1978 йили “Навоийнинг бадиий маҳорати” монографияси вужудга келади. 1981 йили Атоуллоҳ Ҳусайнийнинг “Бадойиъ ус-санойиъ” ­китобини форс тилидан ўзбек тилига ўгириб, чоп эттиради.

Бу даврга келиб, Алибек домла ўзининг кўпйиллик изланишлари самарасини кўпчиликка етказиш мақсадида “Ўзбек совет энциклопедияси” нашриёти билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, ўтмиш алломаларимиз ҳақида “Жавҳарий”, “Жамолиддин Туркий”, “Жамолиддин Ибодий”, “Жамол Қарший”, “Канз ул-канз” мақолаларини, сўзшунослик ва луғатшунослик бўйича “Сўз”, “Тил”, “Тилшунослик”, “Туркий тил”, “Туркшунослик”, “Толиъ Имоний Ҳиравий” каби туркум мақолалар тайёрлаб, энциклопедияга киритади.

Алибек домла булардан ташқари яна шу йиллар мобайнида “Ёш куч” журналида “Навоийхонлик” рубрикасини, “Гулхан” мажалласида “Алибобо ўгитлари” рубрикасини ва Ўзбекистон телевидениясида “Навоийхонлик” рубрикасида туркум суҳбатлар олиб боради. Бу суҳбат ва мақолалар халқимизнинг буюк алломаларимиз меросига, айниқса, ҳазрат Алишер Навоийнинг адабий меросига бўлган қизиқишини қайта жонлантиришга, кенг талабалар оммасига тарғиб қилишига омил бўлди.

Замонамизнинг етук ва билимдон олими Алибек Рустамовнинг учинчи босқич изланишлари Навоий ҳазратларининг эътиқоди билан боғлиқ бўлиб, бу йўналишдаги тадқиқотлари Навоий давридаги диний-тасаввуфий ғоялар ва фалсафий қарашлар бўйича бир қанча мақола ва рисолалар ёзилиб нашр этилишига сабаб бўлди. “Сўз гавҳари” (1995), “Нур-и Муҳаммадий ва Нурнома” (1996) ва ниҳоят, “Ҳазрати Навоийнинг эътиқоди” (2010), “Ҳазратнинг диёнати” (2010), “Ҳазрати Навоийнинг “Масти аласт”и” (2012) ва “Ҳазрати Навоийнинг маънавий ва суварий шароблари” (2013) рисолалари шулар жумласидандир.

Албатта, бу ерда номи келтирилган мақола ва рисолалар Алибек домланинг барча илмий меросини қамраб олмаган. Унинг илмий мероси 200 дан ортиқ мақола, рисола, монография ва таржималардан иборат: уларнинг ҳар бири алоҳида эътиборга лойиқдир. Шу тариқа, Алибек Рустамов замонамизнинг теран билимли тилшунос олими, зукко адабиётшунос ва мутафаккир, синчков манбашуноси ҳазрат Навоийнинг ва классик адабиётимизнинг бугунги кун авлод учун тушуниши қийин бўлган тили, ­бадиий маҳорати ва кўпчилик олимлар ­олдида ҳануз муаммоли бўлиб ­турган диний ва тасаввуфий ақидалари ҳақида ҳар томонлама жиддий ­ўрганилган, мукаммал бир илмий ­мерос яратиб кетди.

Бу яратилган теран ­илмий мерос ҳозирги ва келажак авлод навоийшунослари, мумтоз адабиётимиз мухлислари учун ишончли манба бўлиб ­хизмат қилгусидир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 9-сон