Аҳмаджон Мелибоев. “Ўткан кунлар”нинг ўтмаган тили

Ўқувчилик йилларимиз қишлоқ оқсоқоли Абдуллажон бува маҳалла ёшларига Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романидан парчалар ўқиб берарди. Бунинг эвазига биз у кишининг экин-тикинларига қарашиб турардик.  Ўшанда бизни икки кундош ўртасидаги жанжал эмас, Ҳомид бошлиқ жиноятчиларнинг қилмиши, Отабекнинг бир ўзи уч кишини ер тишлатиши кўпроқ қизиқтирган. Кейинчалик университетда талабчан домлаларимизга имтиҳон топшириш учун романни тезоб ўқиб чиққанман. Орадан йиллар ўтиб, адабиёт газетасида ишлаётган кезларим уни ўзим учун астойдил ўқиб чиқдим. Бу – чинакам ўқиш бўлди. “Учинчи ўқиш” сарлавҳали мақола  ёздим. Бугун карантин боис уйда ўтирар эканман, асарни яна қўлимга олдим.  Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг: “Отабек, кетдингиз, айта-айта, бек, Бу миллат яралди қайта-қайта, бек.  “Ўткан кунлар”ни-ку, ўқиб турибмиз, Ўтмаган кунлари қайда, қайда, бек?”, деган сатрлари туртки бердими, қўлимга қалам олиб,  асарнинг то ҳануз ўтмаган, ўтмайдиган, ҳеч қачон хира тортмайдиган тилига қизиқдим.

“Шарқ” НМАК Бош таҳририятида чоп этилган  тўпламга адибнинг икки романи – “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” ҳамда кичик асарлари жамланган. Ёзувчининг тили ўқувчини ўзига оҳанрабодай тортади. Ҳар бир сўз, ибора, қиёс, қочирим, тагдор фикр узукка кўз қўйгандай ишлатилган. Тилимизнинг бойлигидан фахрлангинг келади. Қодирийшунослик илмига ҳисса қўшиш қийин, аммо бугунги ўқувчилар, айниқса, ёш ижодкорлар адибнинг бадиий ифода маҳорати, сўз танлаш санъатидан баҳраманд бўлсалар, деган мақсадда алоҳида дафтарга ўзим учун қайдлар қилиб,  ўқишда давом этаман.

“Ўқуш – ўрганиш” сарлавҳали мақолада муаллиф Чеховнинг кичик асарлар ёзганда сўзни ортиқча исроф қилмаслик ҳақидаги фикрини келтиради ва бу хусусиятни “Буқаламун” ҳикояси асосида кўриб чиқади. Унинг фикрича, “Чеховнинг сўзга хасислиги ўқувчига малол келмайди, айтмоқчи бўлган фикрининг тушунилишини оғирлаштирмайди”. Ғоят нозик кузатув. Фақат шу ҳикояга эмас, Чехов домланинг барча асарларига хос хусусият бу. Қодирий фикрини давом эттиради: “Ҳикояни “сер сув” (кўп сўзли) қилатурған нарсалардан бири – кўрсатиш ўрнига сўзлаб беришдир. Агар Очумиловнинг “Буқаламун” эканини унинг сўзлари орқали кўрсатилмаса, автор томонидан таърифланса, дунё-дунё сўз кетар эди. Чехов буни ўзи айтиб бермасдан, Очумиловнинг ўз сўзи билан кўрсатади”.

Ҳикоядан бир парча:

“Очумиловнинг дастлабки фикри: “Итни ўлдириш керак, қутурған бўлса ҳам ажаб эмас”.

Ит генералга қарашли, дейилганидан кейин: “Ит нозик, сен ҳўкиздай, бўйнингни қара!”.

Яна, ит генералники эмас, дейилгандан кейин: “Генералнинг итлари қимматбаҳо нарсалар эди. Бу бўлса, эгасиз дайди итга ўхшайди Эпақалик юнги ҳам йўқ. Шундай бемаъни итни ҳам сақлайдими киши!”.

Яна, ит генералники, дейилгандан кейин: “Балки қимматбаҳо зотли итдир”.

Ошпаз, ит генералники эмас, дегандан кейин: “Бу эгасиз дайди ит”.

Ит генералнинг акасига қарашли экани маълум бўлганда: “Яхшиғина ит кўринади. Ўлгунча югурдак кўринади”.

Қодирийнинг ёзади: “Бу диалогларга авторнинг ҳеч қандай изоҳи керак эмас. Улар ҳам воқеани силжитади, ҳам ҳикоя қаҳрамони Очумиловни характерлайди”.

“Совет адабиёти” журналининг 1936 йил 3-сонида эълон қилинган бу мухтасар мақола сўнггида муаллиф Лев Толстойнинг “Табиъатни тасвир қилғанда майда бўлаклар олиш ва буларга шундай тартиб бериш керакки, ўқиб кўзингни юмганингда кўз олдингга бир манзара келсин”, деган фикрини келтиради ва “Буқаламун” ҳикоясидан бирон сўзни чиқариб ташлаш ёки унга бирон сўзни қўшиш мумкин эмаслигини урғулайди. Юқорида келтирилган иқтибос буни яққол исботлаб турибди.

Тўпламнинг 4-саҳифасида “Ёзғучидан” сарлавҳали кичик изоҳ сўзи бор. Ундаги “Мозийға қайтиб иш кўриш хайрлик дейдилар. Шунга кўра мавзуъни мозийдан, яқин ўткан кунлардан, тарихимизнинг эр кирлик, қора кунлари бўлған кейинги “хон замонлари”дан белгиладим”, деган жумлалар китобхонга ёд бўлиб кетган. Аммо ушбу сўзбошининг иккинчи хатбошисидаги “Ёзмоқға ниятланганим ушбу – “Ўткан кунлар” янги замон рўмончилиғи билан танишиш йўлида кичкина бир тажриба, яна тўғриси, бир ҳавасдир”, деган камтарлик ҳамманинг ҳам ёдида бўлмаса керак. Лев Толстой, Чехов каби забардаст адиблар ижоди ва бадиий ифода маҳоратидан бохабар бўлган адиб, ўзининг фикрича, “кичкина бир тажриба”ни қоғозга шундай туширадики, “Буқаламун”га ўхшаб, унга ҳам бирор сўз қўшиш ёки матндан бирор сўзни олиб ташлашнинг иложи йўқ. Асар воқелиги  аста-аста  ёришиб боради, муаллиф ўқувчини бўлажак хуш-нохуш ҳолатларга эҳтиёткорлик билан тайёрлайди. Ўзи ҳам, ўқувчи каби, гоҳ қувонади, гоҳ адоқсиз изтиробга тушади.

“Ўткан кунлар”да бугун истеъмолдан чиққан ёки кам ишлатиладиган, маънолари ёдимиздан кўтарилган ғоят кўп сўз ва иборалар тилимизнинг нақадар бой, нафис ва латофатли эканидан далолат беради. Истеъдодли адиб Хайриддин Султонов бу муаззам асарнинг ҳар бир сатри ҳақида биттадан ҳикоя ёзиш мумкин”, дейди. Ҳа, шундай, адибнинг баъзи сўз ва иборалари жиддий тадқиқотга асос бўла олади. Таниқли олим Нурбой Жабборовнинг Юсуфбек ҳожи тилидан айтилган бир жумладаги “ҳам” боғловчиси хусусида нозик кузатуви бор. Филология фанлари доктори Баҳодир Каримовнинг “Бобурнома”дан “Ўткан кунлар”га” сарлавҳали тадқиқот мақоласида Абдулла Қодирий романларининг “бетакрор жозибаси, тилидаги гўзаллик, образлилик, аниқлик, тасвирийлик каби фазилатлар ҳозиргача ўқувчиларни ҳайратга солиши, адибнинг бадиий маҳоратини, асарлари умрбоқийлигини барча бирдек эътироф этиши” ҳақида гап боради. Мен эса асарда ишлатилган ноёб сўз ва иборалар, гўзал ташбеҳлар, ўхшатишу қиёсларга ҳавасланиб қарайман. “Ўткан кунлар”нинг ўтмаган тили” деганда  бу машҳур асар воқелиги ўтган асрда қолиб кетган бўлса-да, тили қолиб кетгани йўқ, у бугун ҳам бор жилоси билан яшамоқда, миллий адабиётимиз, бадиий тафаккурмиз ривожига хизмат қилмоқда, демоқчиман. Бунга ҳамма беистисно ишонч ҳосил қилади. Мана, ўша қайдлар.

“Ҳасаналининг Отабеклар оиласида қулликда бўлғаниға элли йиллар чамаси замон ўтиб, энди Отабеклар оиласининг чин бир аъзоси бўлиб кеткан. Хўжаси Юсуфбек ҳожига, айниқса, хўжазодаси Отабекка тоат ва ихлоси том бўлиб, бунинг эвазига улардан ҳам ишонч ва ҳурмат кўрар эди (Б.6).

Зиё шоҳичиникида Отабекни меҳмон қилиш учун уюштирилган зиёфат. “Аҳли мажлис Отабекни кўкларга кўтариб махтар эди, лекин Ҳомид бу махташларға иштирок этмас ва нимадандир ғижинғандек кўринар эди. Шу орада қутидорнинг “уйланғанми?” деб Ҳасаналидан сўраши Ҳомидга яна бошқача ҳолат берди. Ҳасаналининг сўрағучига бекнинг  қиз ёқтирмаслигини сабаб кўрсатиб, шу кунгача уйланмай келганлигини тафсили билан ҳикоя қилиб беришидан сўнг ул тоқатсизланғандек бўлди:

– Балки бегингизнинг таъмалари хон қизидадир,– деди истеҳзо билан Ҳомид, – бундоғ йигитлар уйланганларида ҳам киши қизини умр бўйи азоб ичида ўтказадирлар…

Сабабига тушиниш қийин бўлган бу истеҳзога қарши Ҳасанали сукут қилмади.

– Мен унинг хон қизини олиш мақсади борлиғини билмайман, – деди кулимсираб,– бироқ у хон қизини олса арзимайдирган йигит эмас… Ҳатто зархарид қули бўлганим ҳолда менга ҳам қаттиғ сўз айтишдан сақланған бир йигит ўз никоҳида бўлган озод бир қизға, албатта, заҳмат бермас, деб ўйлайман. Баъзи хотин урадирган, хотин устига хотин олиб, хотинларига зулм қиладирған ҳайвонсифат кишилардан бўлиб кетиши, менимча, эҳтимолдан жуда узоқдир, иним мулла Ҳомид…

Ҳасанали ўткан фаслда Ҳомиднинг ўз оғзидан хотинларига қарши қамчи ишлатганини эшиткан эди. Шунга биноан унинг бу охирги жумласи Ҳомидни ерга қаратиб, лом дейишка мажол бермай қўйди. Зиё шоҳичи қайниси Ҳомидга “Тузлатилдингми?” дегандек қилиб қаради ва Ҳасаналидан афу сўради:

– Кечирасиз, ота, – деди, – Бизнинг Ҳомидбой шунақа қўланса гаплар учун яратилған одам” (Б.15).

Китобхоннинг Кумушбиби билан илк танишуви: “Шу вақт кўрпани қайириб ушлаган оқ нозик қўллари билан латиф бурнининг ўнг томонида, табиъатнинг ниҳоятда уста қўли билан қўндирилған қора холини қашиди ва бошини ёстиқдан олиб ўлтурди. Сариқ рупоҳ атлас кўйнакнинг устидан унинг ўртача кўкраги бир оз кўтарилиб турмакда эди. Туриб ўлтургач, бошини бир силкитди-да, ижирғаниб қўйди. Силкиниш орқасида унинг юзини тўзғиған соч толалари ўраб олиб, жонсўз бир суратка киргизди. Бу қиз суратида кўринган малак қутидорнинг қизи – Кумушбиби эди” (Б.22).

Жон ўртовчи, азоб берувчи маъносидаги “жонсўз” ибораси асарнинг ўртасида ҳам (Б.131) учрайди: Кумушбиби Отабекнинг тилидан ёзилган сохта талоқ хатини ўқир экан: “…ул бу мактубни ўзининг сўнг томчи кучи билан ўқуб тамом қилди-да, жонсўз бир товуш ила “уятсиз!” деб қичқирди ва ерга йиқилиб ўзидан кетди…” Бу жумладаги  таъсирчан   “қичқирди” сўзидан аввал  адиб “жонсўз”ни ишлатиб, Кумушбибининг ногаҳоний зарбадан кейинги ҳолатини аниқ тасвирлаган.

“Кумушбибининг сезилар-сезилмас  кулимсирашидан ёқутдек иринлари остидаги садафдек оқ тишлари кўриниб кетди эрса-да, бироқ унинг бу ҳоли тезлик билан тундлиққа алишинди (Б.24).

Офтоб ойим Отабек ҳақида: “Ўзим кўрмадим, аммо кўргучиларнинг сўзларига қарағанда ўхшашсиз кўркам, тенгсиз ақлли бир йигит эмиш (Б.40).

Отабек Кумушбибининг лаблари устидаги қора холиға ишорат қилиб: “Шу ердан бир ўпиш берсангиз сиз ҳам катта эсдалик ҳозирлаган бўлур эдингиз, – деди. Кумушбиби қизаринди (Б.47).

“…Бу кун соат ўн иккида Отабек ва қутидорнинг исёнчилик гуноҳи билан дорга осилишларини жарчи шаҳарга хабарлаб юрар ва халқ оғзида Отабекларнинг эмиш-мемиш ҳикоялари эди… Қўрбоши ниманидир сўзламоқчи бўлса ҳам, негадир унинг тили осонлик билан ҳаракатга келмас ва ўзи ҳам бир турлик ўнғайсизликда эди. Ниҳоят қўрбоши ўзига бир турлик жасорат берди: “Боболар: “Дунёники мири кам икки” деганлар,– деди, – тўғриси ҳам шундоғ: ўзингни юз ёққа урсанг ҳам  тирикликнинг яна бир бошқа ямоғи чиқиб турадир… (Б.69).

Отабек билан қутидор исёнчиликда айбланиб, жаллоднинг қўлига топширилган пайтда Кумушбиби қайнотасининг ўғлига ёзган мактубини топиб, уни ўрдага олиб келади. Ҳар иккисини дор тагидан қайтарадилар. Отабек қушбегидан сўрайди: “Қўлингиздаги мактуб билан эҳтимол биз оқланған чиқармиз?– Қушбегидан тасдиқ ишорасини олиб давом этди: – Ҳозир биз сизнинг адолатлик ҳукмингиздан бир нарсани сўраймиз: ул шулдурким, бизнинг тўғримизда ёмон мақсад билан сизга чақимчилик қилгучи эъвогар ва ғаразгўйлар бу мажлиска ҳозирлансинлар-да, ўзларининг машъум кашфларини ва ё кўрган-эшитканларини исбот қилиб, бизни қайта бошдан дор остиға юборсинлар. Билъакс, исбот қила олмас эканлар, бизга қазиған чуқурлариға ўзлари йиқитилсинлар…”

– Талабингиз ўринлик,– деди қушбеги, аммо хасмингизни бу мажлиска ҳозирлаш учун вақтимиз оздир ва лекин бу кун уни қўлға олармиз ва бириси кун бешовингизни бир ерга жамълаб ўз ҳукмимизни берармиз,– деди” (Б.79).

Ушбу жумладаги “хасм” сўзига Қодирийнинг изоҳи: душман, рақиб. “Қиз бола – бировнинг хасми”, деган мақолимиз бор ёки уни шундай айтамиз. Таниқли адиб Комил Аваз қаламига мансуб китобчада кўрдим: “Қиз бола – бировнинг хасми” эмас, хасби. Хасб – омонат”. Демак, “Қиз бола – бировнинг хасби” дейиш ҳам мумкин.

Романнинг “Ота-она орзуси” бўлаги муаллифнинг Ўзбек ойимни китобхонга таништиришдан бошланади. Ўқувчи кўп ҳолларда уларга жиддий эътибор бермай, ўқишда давом этаверади. Асардаги асосий фожиа айни шу характер боис юзага келгани кейинроқ маълум бўлади: “Ўзбек ойим элли беш ёшлар чамалиқ, чала-думбул табиатлик бир хотин бўлса ҳам, аммо эрига ўткирлиги билан машҳур эди… Ўзга хотинлар унинг соясига салом бериб, тўйларида, азаларида, қисқаси, тиқ  эткан йиғинларидағи уйларининг тўрини Ўзбек ойимға атаган эдилар.  Бир бугина эмас, қиз чиқаратурған, ўғил ўйлантирадирған, суннат тўйи қиладирған хотинлар ўз тўйларини Ўзбек ойим кенгашидан ташқари жўната олмас эдилар… “Ўзбек ойим шундоқ буюрдилар” деган сўз эрлар учун ҳам фарз каби эшитилиб, Ўзбек ойимнинг айтканича ҳозирлик кўрила бошланар эди…” (Б.98)

Романнинг якунроғида Ўзбек ойимнинг ўзи ҳақидаги фикри бундан-да баландлиги айтилади. Офтоб ойим қизини олиб қутидор билан бирга Тошкентга келади. Кундузи меҳмондорчилик авжига чиқади. “Шомга яқин меҳмонлар тарқалишдилар. Меҳмонхонада ҳожи, қутидор, Ҳасанали ва Отабек қолған эдилар. Ичкарида Ўзбек ойим меҳмонларни кузатиб бўлиб, Кумуш билан онасидан ҳўппак олар эди: “Мен сизлардан жуда хафа бўлған эдим. Сизларни чурук латтага тугиб, тоқчага ташлаш даражасига етган эдим. Наҳотки уч йил бўлса-ю, бир йўли ўз билгуларингизча келмасаларингиз… Ахир маним ҳам ўзимга яраша обрўм бор. Тошкандда кимсан Юсуфбек ҳожи деганнинг кўчиман. Худоёрхон ҳам бир кун кечаси келиб бизга меҳмон бўлдилар…. Қушбегининг уй ичлари бўлса, бир ишни маним кенгашимсиз қилмайдилар… (Б.258).

“Кимсан Юсуфбек ҳожи деганнинг кўчиман” деган жумлага қайтамиз. Баҳодир Каримов юқорида зикр этилган мақоласида “кўч” сўзининг кўламини изоҳлайди: “Адабий асар ўқилиб, бадиий матнга эврилар экан, ундаги семантик элементлар – товуш, бўғин, сўз каби увоқ унсурлар поэтик ғоя ва мантиқ воситасида бирлашиб муҳташам семантик майдонни бино қилади. Матн ичида сўз тирилади, товушлар жонланади;  сўзнинг қадр-қиймати ортади ва маъноси кенгаяди. Турли замонда яшаган икки адиб қўллаган нодир, очқич-калит  сўзларнинг ўхшашлиги, такрори ва маъно уйғунлиги типологик-интуитив таққосга асос беради… “Бобурнома”да қўлланган бир қанча нодир сўзларни Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар”да ишлатади;  ўз ўрнига тушган жонсўз романга жозиба бағишлайди… Эсга оламиз: Отабекнинг қутидор эшигидан қувилиб, Тошкентда нисбатан узоқ қолиб кетган кунларининг бирида Ҳасанали ундан Марғилонга кетмай юриши сабабини сўрайди: Отабек: “Ҳавсала йўқ”, дегач: “Қайин отангиз кўнса,  кўчингизни олиб келсангиз ҳам маъқул эди қатнаб юрғандан”, дея таклиф айтади. Бу ўринда “кўч” – хотин, оила маъносида… “Бобурнома”да ҳам “кўч” сўзи “оила, хотин” маъносида келади: Бобур 1497-1498 йиллар воқеаларида ёзади: “Беклар ва ичкилар ва йигитларким, мени била қолиб эдилар, аксарининг кўчлари Андижонда эди”.

Ўзбек ойимнинг тарифи давом этади. Бу аёл, аслида чала-думбул  бўлса-да, ҳукмфармолик чўққисини эгаллаб, “ковшим кўчада қолған эмас”, дея унча-мунча жойга бормайди, ўзидан бошқа ҳеч кимни менсимайди. Халқ тилида шунга ўхшаш: “Қозони занг босганлардан эмас”, “Йиртиғининг ямоғини ипак билан тикадиганлардан”, “Ош емаса ҳам мўйловидан ёғ аримайди” каби сифатлашлар бор. Роман асосида суратга олинган ҳар икки  фильмда Ўзбек ойимнинг чала-думбуллиги унча кўринмайди. Ота-бола қипчоқлар қирғини хусусида баҳслашиб қолганда, Юсуфбек ҳожи ўғлига: “Баъзи енгил муҳокамаларинг онангникидан қолишмайдир, Отабек”, дейди (Б.230). Шунга қарамай, муҳтарам актрисаларимиз Ўзбек ойимни ақл-фаросат бобида етук қилиб тасвирлаганлар. Балким, шундай бўлиши керак бўлгандир. Негаки, чала-думбулларнинг баланд мавқега эга бўлиши ўтмишда қолиб кетган ҳодиса эмас. Бундайлар (хоҳ хотин, хоҳ эркак), ажабки, мансаб ва мавқе пиллапояларидан жуда тез кўтариладилар. Бунисига чидаса бўлади, аммо  чала думбулликлари ўзларига аён бўлгани ҳолда,  ақли расоларга йўл-йўриқ кўрсатишларига дош бериш қийин.

Отабек онасининг қистови остида уйланишга рози бўлади ва тўйдан олдин Марғилонга жўнайди. “Ҳар гал Марғилон борғанида олиб боратурған нафис совғалари бу гал жуда заҳарлик, ортиқча аламлик бир совғага айланган, Кумушбиби бу совуқ кундаш совғасини кўрганда эҳтимол… нималар бўлар ва қандоғ ҳолларга тушар эди” (Б.105). Бу жумладаги “кундаш” сўзида бугунги ўқувчи учун одатдаги “о” ҳарфи ўрнига “а” ишлатилган. Илмий манбалардан бирида, “кундаш” (ҳасадгўй, ғайирлик қилувчи)  деб ёзилиши тўғри дейилади. “Кундош”да бир кунлик ҳамроҳ деган  маъно ҳам бор.

Отабек Марғилонга қайтади. Адиб кўклам пайтини Толстой бобо таъкидлаганидек, ўқиб кўзни юмсангиз ҳам хаёлингизда аниқ манзара ҳосил бўладиган  даражада, мўйқалам устаси каби тиниқ тасвирлайди: “…қирлар, тоғлар, сойлар; кўк-қизил, оқ-қора, сариқ-зангор, пушти-гўлас ва тағин аллақанча ранглик чечаклар билан устларини бежаб, қиши билан тўнггиб, аранг етишган ошиқлариға янги ҳаёт, янги умид берадилар. Қиш бўйи аллақайси гўр остларда жунжиб чиққан қуш зотлари: чумчуқлар, читтаклар, тўрғайлар, саъвалар ва бошқа аллақанча қуш дуркумлари ўз тўплари билан вижир-вижир, чуғур-чуғур сайраб куладирлар, ер юзини тутган чечак гиламлари устини ўпиб ялайдирлар, ётиб чўқийдирлар, сапчиб учадирлар… (Б.105-106).

Муаллиф “қулоғи қушлар нағмасида бўлган” Отабекнинг ҳолатини шу қадар  моҳирлик билан тасвирлайдики, китобхон унга маҳлиё бўлади: “Ҳов ана бир қалдирғоч, тўғрига қараб ўқдек отилиб борадир… Бахтли қалдирғоч: олған совғаси ҳам қўрқунч эмасдир, ота-онасининг ҳам орзу-ҳаваси йўқдир. Уларнинг турмуш қонунлари жуда енгил, икав-икав суйган-суйганни оладирлар-да, тоғларда, ерларда, кўкларда учиб юруйберадирлар… Унинг қалдирғочлик қаноти ота-она мукофоти билан қайрилган. Унга учкали эрк бермайдирлар” (Б.106).

Юсуфбек ҳожининг Мирзакарим қутидорга ёзган мактубида оилада юзага келган муаммо моҳияти қутидорга ўзаро ҳурмат мақомида сиполик билан тушунтирилади. Ҳожи қудасидан Отабекни уйлантиришга изн сўрар экан, қизларини Тошкандга юбормаганликларидан озроқ гина қилади, айни чоғда, тарози палласини ўзи томонга кўп оғдирмайди: “Каминалари бу хусусдаги айбни сизнинг устингизга бутунлай юклай олмаймиз, зероки, бизнинг бошимизда бўлған “ёлғиз туёқлик” савдоси сизнинг ҳам бошингизда бордир (Б.110).

Романнинг “Иситма орасида” бўлими Марғилоннинг шимол тарафидаги маҳаллалардан бирининг “томонлари бузилиб-ёрилиб ётқан хароба иморатлари” тасвири билан бошланади: “Ҳавлининг ўрта ерида паканагина балиқ тут ўсиб, остиға кул ва бошқа ахлатлар тўпланган эди…” (Б.137). Бундай навли тутни билмас эканман. Луғатларга қарайман: “Шотут (қора тут), Балхи (оқ) тут, Марварид тут, Мажнун тут (ерга қараб ўсадиган тут), Қўноқ (ёввойи) тут. Балиқ тут ҳақида маълумот топа олмадим. Балким халқ тилида шундай айтилар.

Иши фисқ-фасоддан иборат кўримсиз  Жаннат пучуқнинг тавсифи: “Ул ердан бичиб олгандек пак-пакана, бурни юзи билан баробар деярлик теп-текис, кўзи қоққан қозиқ ўрнидек чуп-чуқур, оғзи қулоғи билан қошиқ солишар даражада жуда катта, юзи қирқ йиллиқ оғриқларникидек сап-сариқ, қирқ беш ёшлар чамасида бир хотин эди” (Б.131).

“Ўткан кунлар” воқелигида иштирок этадиган ҳар бир кишининг мукаммал “портрети” ижодкорларимиз учун ноёб тажриба мактабидир. Улуғ адиб “шунчаки тажриба тарзида” бошлаётган ишига катта тайёргарлик кўргани, асар қаҳрамонларини ҳаётда мавжуд реал инсонлар (маҳалладошлар, йўлчи-йўлдошлар) каби аниқ тасаввур қилиб, худди улар билан ҳар куни, ҳар кеч мулоқотда бўладиган танишларидай тасвирлагани, чиндан ҳам ўқувчини ҳайратлантиради. Ўзбек ойимни айтиб ўтдик. Юсуфбек ҳожи: “Тўла кўркам юзли, катта малла кўзли, узун мош-гуруч соқоллик мулланамо бир зот”, Зайнаб: “Ўн етти ёшлар чамалиқ, кулча юзлик, оппоққина ўртача ҳуснлик”, Ҳомид: “Узун бўйлик, қора чўтир юзлик, чағир кўзлик, чувоқ соқол… кўримсиз бир киши”.

Кўз таърифи бир-бирига ўшамайди: Юсуфбек ҳожи малла кўзли, Отабек ва Ҳасанали қора кўзли,  Ҳомид чағир кўзли, Уста Алим қўй кўзли, Ўтаббой қушбеги оғир қарагучи кўзлик, Райимбек додхоҳ ичига ботиқроқ, аммо қон қуйилғансимон кўзлик…” Баҳодир Каримов бу рўйхатни “Бобурнома”дан олинган мисоллар билан янада бойитади: Умаршайх мирзо – қўба кўзлик, Бойсунғур мирзо – улуғ кўзлук. Халқ тилида кўз билан боғлиқ яна кўплаб  ўхшатмалар бор: ғар кўз, ўғри кўз, синчи кўз, қийиқ кўз, илон кўз, писта кўз, мош кўз, чачвон кўз ва ҳоказолар.

Отабек Тошкентда узоқ туриб қолгач, Кумушбибига совчилар кела бошлайди. Қутидор билан Офтоб ойим уларга  қизларининг кўнглига қараб жавоб беришади. Кумушнинг ҳолати: “Бурунғи тўлалиғи кетиб, озғинлаған, ва лекин бу озғинлик унинг ҳуснига камчилик бермай, билъакс юқорилатқанлар. Камон қошлари ортиқ мавж уриб ўзини кўрсаткан, бироз бота тушкан шаҳло кўзлар тағин ҳам тим қоралиқ.., бироқ… бурунғидек ўйнаб турмас ва сўнг чекдаги бир оғирлик билан ҳаракатланар эди…”

Отабек уста Фарфидан Ҳомиднинг жамики ифлос ишлари ҳақида, жумладан, сохта талоқ ҳатини Қутидорнинг уйига киргизганини билиб олгач, ўзини қўярга жой топа олмай қолади, “ҳаётидаги фожиаларнинг манбаъи бўлған бир ҳабисни (нопокни) ниҳоят биринчи марта таниб турар эди”.

Орадан вақт ўтиб, Ҳомид муаммоси ҳал бўлгач, Отабек Кумушга бўлган воқеаларнинг тафсилоти билан хат ёзади. Ҳамма сирлар, кимнинг кимлиги ошкор бўлади. “Эру хотин (Қутидор билан Офтоб ойим) маънолиқ қилиб, бир-бирларига қарашиб олғач, орада узоққина сукут бошланди… “Қизинг ҳар қайси ерда бўлса ҳам соғ бўлсин,– деди хотинига қутидор. – Эрига топшириб, сен билан маним тинчкина дуо қилиб ўлтурганимиз маъқул ўхшайдир.

– Энди қизингизнинг бир ками кундаш балоси эдими? – деди сапчиб Офтоб ойим. Қутидор хотинига кулиб қаради:

– Эри яхши бўлса, кундаш балоси нима деган гап?”

Қутидор хотинига эмас, бизнингча, жамиятга, чиркин даврнинг чиркин иллатига муносабат билдирмоқда. Шу боисдан ҳам хотинининг, барибир кундаш кундашлигини қилади, деган сўзларига: “Ҳамма вақтга эмас, қўрқма”, деб жавоб қайтаради. Бу билан у “Нима дейсан, хотин, таомилда бор-да, ахир”, демоқчи бўлади.

Романнинг учинчи бўлими Мусулмонқул истибдодига хотима бериш воқеасидан бошланади. Ўқувчилар яхши билишадики, Юсуфбек ҳожи уч-тўрт мунофиқни деб қипчоқларга қарши қирғин бошлаш таклифини маъқулламайди: “Ҳожи ўзини тутолмай, кўз ёшисини оқ соқолига қуйиб, давом этди: “Мана биродарлар! Сиз ўз қипчоғингиз учун қабр қазиган бир фурсатда, сизга иккинчилар тобут чопадир. Биз қипчоққа қилич кўтарганда, ўрис бизга тўп ўқлайдир. Сиз дунёда ўзингизнинг ягона душманингиз қилиб қипчоқни кўрсатсангиз, мен бошқа ёвни ҳар замон ўз яқинимға еткан кўраман! – деди ва рўймоли билан кўз ёшисини артиб ўрнидан турди. – Агарда дунёдан ўтаёзган бир кексангизнинг маслаҳатига қулоқ берсаларингиз, бу фикрингиздан қайтинг, буродарлар! Илло Юсуфбекни ўлдига чиқариб, бу шум ишингиздан мени ташқарида ҳисоблангиз!– деди ва мажлиснинг ўлтуринг, тўхтанг сўзига қулоқ солмай, ўлтуришни ташлаб чиқди. Ҳожи дарбозадан  чиқмаған ҳам эди, Ниёз қушбеги хохолаб кулиб юборди:

– Вой ваҳминг қурғир, ҳожи! Бу кун кўкнори ичкан экан, шекиллик! – деди.

Бошлиқдан кулгига рухсат берилгач, бошқалар ҳам кулишиб, орада ола-ғовур бошланди.

– Йўқ, – деди Қамбар шарбатдор, – ҳожи аканинг ёши қайтиб, кўнгли жуда бўшашиб кетибдир!

– Вой хувари ҳожи, – деди Ниёз қушбеги, – олдидағи овни кўрмай, узоқдаги ёвни кўрадир!” (Б.219).

Абдулла Қодирий Ниёз қушбегининг сўнгги сўзлари билан аслида ким кўкнори ичганлигини кўрсатмоқда.

Латифалардан бирида айтилишича, ота-бола кўкнорихўрлик қилиб ўтиришган экан, бир жуфт товуқ келиб, дастурхондаги майизларни чўқилай бошлабди. Отаси: “Ўғлим, кишт деб қўйинг, секин бўсаям кишт денг”, деса, ўғли: “Ташвиш қилманг, ота, еб тугатса, кишт демасангиз ҳам кетади”, деган экан. “Оч товуқлар” Оқмачитга яқинлашиб қолганида ҳам парво қилмаганимизга ишора эмасми бу?! Мажлис аҳли бўлса ҳожини “Кеча бироз хомсиган (иккиланган, шубҳаланган) эди деб устидан кулишади.

Отабек Тошкентда, Кумушбиби Марғилонда. Орадан анча вақт ўтган. Баҳор келади. “Бу кун қуёш очиқ ҳавода кезиши учун жим-жим товланиб, ер юзига кулиб қаради. Икки кундан бери қуёш бетини қоплаб, турли ерларга жон суви сепиш ила чарчағон баҳор булутлари бурчак-бурчакка тарқалиб борар эдилар. Уяларидан чиқиш биланоқ чумчуқлар чирқиллашиб, мусичалар ку-кулашдилар. Анови ар-ар теракка уя қўйишға ўйлаған бир жуфт карруклар ҳам виждир-вижир қилишиб кенгаш очдилар. Подачининг товшини эшитиб, далаға ошиққан онасиға эргашиб қашқа бузоқ ҳам мағраб юборди. Модасига тегишкани учун томдаги каптар бўқоғини чиқариб, рақибининг теварагида яғрин бера бошлади…” (Б.225).

Сўнгги жумлада Марғилон соғинчи борми? Бор, албатта.

Романда тасвирланган мудҳиш воқеалардан бири қипчоқ қирғинидир. Шу ерда биринчи марта “шайтанат” сўзига дуч келамиз. Юсуфбек ҳожи қатлиомнинг олдини олишга кўп ҳаракат қилади. Қушбегига, ҳеч бўлмаса, бу хунрезликни эртадан бошлашни таклиф этади. Бу билан у кўплаб бегуноҳларнинг умрини сақлаб қолишни ўйлайди. Аммо Қаюм понсод ҳожининг ниятини тушуниб, бунга қарши туради. Бу тўғрида ўғлига тушунтириш бераётган ҳожи Қаюмнинг сўзлари “менга ҳамма шайтанатни очиб берди ва ўзимнинг иблислар томонидан алданганимни билдим”, дейди (Б.231)

Бошқа бир ҳолатда ҳам ота-ўғил ўртасидаги сўзлашув ғайриоддий тус олади. Юсуфбек ҳожи Отабекнинг Марғилонда қилиб келган ишларидан хабар топгач:

– “Одам ўлдириш учун сени ким зўрлаб мажбур қилди? – дейди ўғлига.

– Ҳали билмайсизми?

–  Билмайман, – деди ҳожи, – айтишларига қарағанда, сени ҳеч ким мажбур қилмаған.

– Мени зўрлаған ва мажбур қилған эдилар, дада, – деди заҳарханда билан. – Йўқса сизнинг ўғлингиз бўлған бир йигитнинг шаънига, албатта, одам ўлдириш уят ва номусдир.

– Ким сени мажбур қилди, ахир?

– Сиз, онам!

– Эсинг ўзингдами, йигит?

– Ўзимда, – деди ўғул. – Сиз ўзингизнинг орзу-ҳавасингиз йўлида мени мажбур қилдингиз ва душманларимға йўлни катта қилиб очиб бердингиз. Мен бу жониворлиқни хоҳ-нохоҳ ишлашга мажбур қолдим (Б.234).

Романнинг учинчи қисм, бешинчи бўлагида Кумушбибининг Отабекка ёзган гина-андуҳли мактубини ўқиймиз.  Айтиш ўринлики, “Ўткан кунлар”даги мактубларнинг ўзи бир дунё.  Бадиий адабиётда мактуб жанрида ёзилган сон-саноқсиз асарлар бор. Бу жанр, айниқса, шарқ адабиётида машҳур. Абдулла Қодирий бундан яхши хабардор бўлгани аниқ. Унинг Москвадан “Муштум” журналига ёзган хатлари фикримизга далил бўла олади. Мана, улардан  бир парча: “Муштум! Ҳузурингдан чиқар чоғимда манга берган ваколатинг ҳамон бўйнимда тумордир. Бироқ, сипоришингни (тапшириғингни) қайси йўсун билан бажаришка ҳайронман. Чунки Масковнинг барча ишлари олипта, санга ярарлиқ ерини тутиб бериш қийин; кўз тиниб бош айланган, мия ишламайдир. Сен бундаги узоқ-яқиндан бир оз чақ-чақ қилмоқчи эдинг шекиллик? Лекин бир оз янгишкан эканмиз; негаки, Масковнинг ўзи жуда серчақ-чақ одамлар эмас. Озгина айбингни тутиб кулабошлайдилар. Иштони йўқ тиззаси йиртиқдан кулган… бу тўғри гап: бир чорак упа, ўн пайса элик, бир плакун атир, бўйнингга пайтава, отаси ғиж-ғиждан, онаси жим-жимдан келган, шовдирама энгил кийиб, довдирама бўлиб кўчага чиқмасанг иш кашал (чатоқ). Акс ҳолда мойлиқ кийимингни модмозелга, қадоқлик қўлингни баринга тегизиб бўлмайдир. Ишчи халқ устида чақ-чақ бўлиши мумкин эмас. Чунки, ул сан айтмасанг-да завод ҳам фабрик, тутун ва чириклари билан ҳозирга қорайған, вақтинча кайфу сафони бу охират кишиларига топшириб, ўзи шу гўрсўхталарга қабр қазиш билан овора”,

Мутахассислар эпистоляр жанр маҳсули бўлмиш ёзишмаларни таниқли сиёсатдонлар, жамоат арбобларига очиқ хат тарзида ёзилган мурожаатлар, ижтимоий юкли таҳлилий мактублар, жамият ҳаётига оид бирор муаммо, ҳолат ёки бирор хавф-хатардан огоҳ бўлишликка чорловчи куюнчак мушоҳададар, талабнома, раддия ва ишқий номаларга бўлишади. Бундан ташқари, жаҳон адабиётида, шунингдек, ўзбек адабиётида ҳам мактуб шаклида ёзилган, қаҳрамонларнинг бир-бирларига дил изҳорлари асосида битилган асарлар бағоят кўп.

Беҳбудий ўзининг “Хат ёзмоқ шартлари” мақоласида бадиий асар ёзишда бўлгани каби, хат ёзишда ҳам маълум қоида ва шартларга амал қилмоқлик лозимлигини уқдиради: “Хат бориб тегадургон одамни мулоҳаза қилиб, они фаҳм ва билишиға мувофиқ ёзмоқ лозим. Хатни камсўз, серъмано ёзмоқ керак. Ғазаб ва хафалик ва ё ниҳоят хурсанд ва беҳушлик вақтинда хат ёзмай, ҳолоти даражи эътидолға келганда мактуб ёзмоқ авлодур”.

Ғайбулла Саломов ва Сайди Умировнинг “Толибнома” китобида қуйидагиларни ўқиймиз: “Мактубнавислик ўзи бир санъат. Иншо, муншаот ҳам ижод. Абдураҳмон Жомий ҳамда Алишер Навоийларнинг бир-бирларига ва бошқа азиз инсонларга ёзган мактублари ниҳоятда нозик ва зариф, нуқтадонлик ва меҳрибонлик туйғулари билан суғорилган. Биз бу сингари инсонлардан улар ёзиб қолдирган бениҳоя гўзал бадиий асарлари учунгина эмас, балки бир-бирларига ёзган номаъи амол ҳамда хатлари, буларни жамлаб борганлари ва махсус мажмуа ҳолига келтириб, биз авлодларга туҳфа этиб қолдирганлари учун ҳам тоабад миннатдор бўлишимиз даркор. Сабаби, юксак бадиий ижод соҳиблари хатда ёзиб бўладиган нарсаларни бошқа бирон восита билан айта олмас эдилар. Ижод қанчалик ижод бўлса, ижоднинг сирлари, ижодхона мўъжизалари, иқрор ва инкор, тасдиқ ва раддия, муҳаббат ва нафрат… булар бари, аксарият, шу хатларнинг қатига битилган бўлади”.

Мактубларда ишлатиладиган сўз ва иборалар, гина, андуҳ, нозланиш, ўпкаланиш, умидворлик ёки бунинг акси – ёзғучининг руҳий ҳолатини ғоят аниқ ифодалайди. Кумушбибининг хати: “Сиз – қочқоқсиз, нари-бери тил учида менга бир нарса ёзгандек бўлиб қочқансиз, икки йил бўйи Марғилон келиб юришларингизни мен ўзимча ешдим, лекин топиб ешдим: сизнинг барча машаққатларингиз – душманларингиздан ўч олиш учун бўлғанини онгладим. Йўқса, мени кўрар эдингиз, кўргингиз келмаганда ҳам бошқалар кўрар эдилар, тўяр эдилар… Мен каби бахтсиз, мен каби ғовғаси кўп сизни зериктириб, жондан тўйдирған бўлса ажаб эмаски, қоча бошлағансиз… Қочсангиз қочиб кўрингиз, аммо мен бу кундан бошлаб биравларни қувишқа бел боғладим: отам билан онам рафоқатларида (ҳамроҳлигида – адиб изоҳи) хизматингизға – чўрилиғингизға эрта-индин юраман, суйганингиз кундашим олдида қадру қийматимнинг нима бўлишини ҳам биламан… Сиз олийжанобсиз: эски қадрдонлиқ ҳурматига кўнгил учун кулиб боқарсиз… Лоақал шугина билан ҳам бахтсизни маъсуда қиларсиз. Аммо… суйганингиз – кенжангизнинг жекиришларидан, қарғанишларидан беҳад қўрқаман… Хатим охирида шуни ҳам айтиб қўяй: ўч қайтиб, мен ҳам кўчадан ҳайдалмасам эди, деган хавф ҳамиша кўнглимда. Агар худо ярлақаб эшикингизда ўринлашиб олсам, уёғини ўзим билар эдим…” (Б.236-237).

Роман воқеаларининг яна бир ҳаяжонлиси – Тошкандда марғилонлик қудаларни, табииийки, бош келин Кумушбибини кутиб олиш. “Ҳасанали йўлакка қараб имлади. Қип-қизил қизарған ҳолда Кумуш кўринди: паранжиси қўлида, қора атлас кўйлак эгнида,  зангор латта мурсак устида, оқ шоҳи рўймол бошида эди. Шаҳло кўзлари кулимсирашга яқин ҳолда уятлик эдилар.

Ҳасанали танитди:

– Мана бу киши қайин онангиз бўладирлар.

Кумуш салом берди ва қўлидағи паранжисини ерга ташлади, югириб келиб ўзини Ўзбек ойимнинг қучоғига олди. Ўзбек ойим ҳам уни маҳкам сиқиб қучоқлаб олған, юзидан шап-шап ўпиб, айланиб, ўргулар ва тикилиб-тикилиб нима учундир йиғлар эди…. Кутиб турган хотинлар, Моҳира ойим, Хушрўй ва Ҳанифалар Кумушни кўрган он бир-бирларига қарашиб лабларини тишладилар” (Б.246).

Бу парчада энг муҳими ва муаллифнинг юксак бадиий маҳорати шу “лабларини тишладилар”да кўринади. Адиб “Кумушга кўзи тушган аёлларнинг оғзи ланг очилиб қолди”, деб ҳам ёзиши мумкин эди, ҳеч ким буни қусурга йўймасди. Йўқ,  ёзувчи  кимнинг кимлигини аниқ, борлиғича кўрсатишнинг ягона тўғри йўлини топа олган.

Юсуфбек ҳожининг миарғилонлик келини билан кўришиши. “Қани, бек отаси, кўрманани беринг-чи! – деди Ўзбек ойим Кумушни имлаб. Кумуш уялиб зўрғағина салом берди ва Юсуфбек ҳожининг яқиниға келиб бўйин эгди. Ҳожи қўли билан Кумушнинг елкасига қоқиб суйди ва Кумушнинг манглайиға  текизиб олган ўз қўлини ўпди:

– Бизнинг Марғилонда ҳам шундай келинимиз бор экан-ку, биз билмай юрган эканмиз-да, – деб теварагига қараб кулинди ва қўлини дуога очди…”

Бу парчада муҳим иккита детал мавжуд. Биринчиси “Марғилонда” сўзидан кейин келган “ҳам” боғловчиси. Ҳожининг иқроридаги “ҳам” ни тушириб қолдириб ўқисак нима бўлади?  Маъно бутундай бузилиб кетади, асар сюжети панд ейди. Қудаларни кутиб олиш маросимида Зайнаб ҳам бор. У ҳам келин, орзу-ҳавас билан туширилган. Шундай пайтда ҳожи бобонинг “Бизнинг Марғилонда шундай келинимиз бор экан-ку, биз билмай юрган эканмиз-да”, дейиши мумкинми? Йўқ, асло.

Иккинчиси қайнота ва келиннинг кўришуви. Ўзини китобхон, маънавиятчи, мураббий деб ҳисоблайдиган ҳеч бир киши “Ўткан кунлар”ни ўқимаганман, киноларини кўрмаганман, демайди. Ҳамма ўқиган, кўрган. Турли ташкилот ва идораларда маърифат дарсларини ўтар эканман, тингловчилардан ҳожи ва келиннинг кўришуви қандай бўлганини  сўрайман. Аксарият киши  “Ҳожи Кумушнинг пешонасидан ўпади”, деб жавоб беради.  Юсуфбекнинг ўз қўлини ўпиши миллий маънавиятимизнинг бузилмаган, айнимаган, оҳори тўкилмаган, айрим тўйларда келин билан қайнота, куёв билан қайнона вальсга тушишидек шармандали “удум” кашф этилмаган пайтдаги ноёб намунаси эканлигини тушунтираман.

Кумуш ва Зайнабнинг дастлабки муносабатларида мавқе учун яширин кураш боради:

– Неча ёшқа кирдингиз, Зайнаб опа?

– Ўн тўққузга шекиллик.

– Ҳали сиз бола экансиз, – деди Кумуш.

– Сиз нечага кирдингиз?

– Мени сўраманг, мен энди қариб қолдим…

Зайнаб унга ҳасадланиб қаради ва кучланиб айтди:

– Ҳали ёшқа ўхшайсиз-ку?

– Неча ёшқа кирган деб ўйлайсиз?

Зайнаб Кумушнинг тўлиб етмаган гавдасига ва ўн олти ёшлар чамалиқ ғубор тегмаган ҳуснига ҳайрон бўлиб, мулоҳазасини айтишдан қўрқди. Зайнабка қолса, эҳтимолки, Кумуш ўзидан ҳам ёш чиқар эди.

– Мен қаёқдан билай…

– Йигирмага кирдим.

– Мендан бир ёш катта экансиз.

– Сиздан албатта каттаман, – деди Кумуш” (Б.261).

Кумушнинг “Мен энди қариб қолдим” деганидан кучланган Зайнабнинг сўзларига Кумушнинг “Сиздан албатта каттаман” дейиши замирида  кучли маъно бор. Ёзувчининг ўзига сўз берсак, “Ёзувчиликда бир қонун бор: ҳаммадан илгари маъно, ундан сўнг шу маънони – фикрни ифода қилиш учун сўз қуриш, сўз эмас – санъаткорона, яъни шундоғ сўзки, айтмоқчи бўлган фикрингизни ифодаси учун махсус яратилган бўлиб, ясама бўлмасин”, дейди адиб. Устоз Умарали Норматов ўтмишда яратилган талай асарлардаги, жумладан “Бобурнома”даги реалистик хусусиятларни камситмаган ҳолда “Ўткан кунлар”да ўзбек халқи ҳаёти илк бор ўзининг тўлақонли реалистик ифодасини топганини эътироф этади.

Романни ўрганишда давом этамиз. Қудалар Марғилонга қайтмоқчи бўлганларида Ўзбек ойим: “Нега бундоқ шошмоқ, ёв қувладими, ақалли бир ой бўлсин… Марғилон деган юртдан от-отлаб, туя қўмлаб (туя эгарлаб – адиб изоҳи) кел эмиш-да, бир ойғина турмай кет эмиш”, дейди. Кумушни ҳам койийди: “Уят эмасми, келин? Кеча келдинг сурилиб, бугун кетгин бурилиб”. Офтоб ойим  ичидаги дардини ошкор қилади: “Кумушингизнинг феъли-хўйи ўзимга маълум: эрка ўскан, лавзи тез, кундашликка чидайдирган сиёқи йўқ, ҳар кун Зайнабингиз билан (“Зайнаб билан”эмас) ғиди-биди қилабериб сизни қийнаб қўярмикин дейман… Тана бузоқнинг турқи туқғаниға тамға деганларидек, албатта, менга равшан”. Ўзбек ойим бу гапларга “Ўз боласини ёмонлағучини умримда биринчи мартаба кўрдим” дейди. Офтоб ойим нима десангиз ҳам шу, дегандай фикрини якунлайди: “Қозонимдағини сизга сузиб қўйдим…”(Б.277)

Она – она-да, Офтоб ойим шундай деса-да, Кумушни пишиқлайди: “Кундашингни кўриниши баёвға ўхшаса ҳам, аммо ўзи писмиқ экан… Бундай одамдан албатта ҳазар керак…” (Б.279)

Ушбу мақола устида ишлар эканман, “Ўткан кунлар” билан боғлиқ бир қанча тадқиқотларни, жумладан, Умарали Норматовнинг “Қодирий мўъжизаси”, Собир Мирвалиевнинг “Абдулла Қодирий кашфиёти” китобларини, адибнинг суддаги нутқини (“ЎзАС”, 1989, 1 декабрь) ўқиб чиқдим. Аммо… ҳамма ёзилганлардан хабардор бўлиш, ёдда тутишнинг иложи йўқ. Балким  кўрмагандирман, назаримда “Ўткан кунлар” билан боғлиқ  бир муҳим жиҳатга эътибор кам бўлганми, дейман-да. Нега дейсизми? Негалиги шундаки, қайси даврада “Ўткан кунлар” хусусида гап очилса ёки баҳс бошланса,  Отабек, Кумуш, Зайнаб, Ҳомид, ундан кейин Юсуфбек ҳожи, Ўзбек ойим, Мирзакарим қутидор, Ҳасанали ва бошқа қаҳрамонларнинг номи тилга олинади. Асар сюжетининг фавқулодда таъсирчанлигини таъминлаган, Кумушнигина эмас, икки оилани заҳарлаб, ер билан яксон қилган Хушрўй негадир четда қолади. У  Зайнабнинг оддийгина опаси эмас эди-ку, ахир.

Халқимизда “Бир палакда – минг хомак”, деган мақол бор. Абдулла Қодирий шаддод Зайнабни ўқувчига бошқа қаҳрамонларга нисбатан анча чуқур таништиради: “Гарчи бу икки эгачи-сингил бир қориндан талашиб тушкан бўлсалар ҳам, сажия – характерда таниб бўлмаслик даражада бир-бирларидан фарқлик эдилар… Хушрўй узун бўйлик, қотмароқ ва зарча танлик эди.., кўзи ўйнаб, ҳар секунтда ўн ёққа аланғлар эди.., (унга) болалик чоғидаёқ  уй ичи ва қўни-қўшни “шаддод” деб исм берганлар, чунки ул кимдан бўлса-бўлсин, айтканини қилдирмай қўймас, агар бирарта иш унинг тилагига тескари кетса шовқин-суронни худди бошиға кийиб олар эди. Шунинг учун Хушрўйнинг раъини билмасдан қозон осилмас, унга ёқмаған гапка оғиз очилмас, ул бор жойда қадам ҳам саналиб босилур эди”(Б.281).

Хушрўй Нусрат исмли бекка иккинчи хотин бўлиб турмушга чиқади. Биринчи куниёқ “чой ташиб хизмат қилиб юрган кундашига кесатуқ билан ҳужум бошлайдир. Иккинчи ва учунчи кунларда тўппа-тўғри кундаш устига сапчийдир… Иккинчи ва учунчи ҳафталарда ўчоқбошини ўз қўлига олиб, кундашини иккита боласи билан томоқ важидан ҳам сиқа бошлайдир… Иккинчи ойлардан бошлаб Хушрўй кундашини бўғиб уриш одатини чиқарадир ва ўрим-ўрим кундаш сочини алафдек юлиб олишдан ҳам тортинмайдир…” (Б.283).

Хушрўй ҳақидаги маълумотлар шу билан тугамайди. У фарзандсиз, эри: “Олти йилдан бери туғмайсан, кўрсатмаган товупинг қолмади. Энди нима қиламиз?” деб кулганида (масалани қатъий қўйганида эмас, шунчаки айтганида), Хушрўй эрининг мақсадини пайқаб: “Боласиз киши дунёда туролмайдирған бўлса, бир оз заҳарни бошлаб сизга бераман, ундан кейин ўзим ейман!”, дейди. Зайнаб билан суҳбатлашганида унинг моғор босган ички дунёси очилади: “Мен йиғлашни билмайман! Кишилар йиғлаганда, маним кулгим қистайдир… Сенинг ерингда (ўрнингда) бўлсам, биласанми, нима қилар эдим, Зайнаб, – дунёсини ост-уст қилар эдим, бир томчи ёшимни юз томчи заҳар билан қўшиб ташлар эдим…” (Б.286)

Бир қарашда, Хушрўйга меъёридан ортиқча қора бўёқ сарфланаётгандек. Аммо бундай эмас. Ёзувчи ўзини ҳам, ўқувчини ҳам асарнинг мудҳиш якунига тайёрламоқда. Лев Толстой Анна Каренина ўзини поезд ғилдираклари остига ташлаганидан ўпкаланиб, “Мен Аннадан буни кутмаган эдим”, деганидай, адиб Кумуш заҳарланганида уйга сиғмай, кўчага чиқиб кетиш, адоқсиз ҳижрон зулматига енгилроқ ботиш учун шундай қилмоқда.

Асар ниҳоясига етди. “Юсуфбек ҳожи хатми қуръон қилиб, юртка ош берди, Ўзбек ойим қора кийиб таъзия очди”. Одатда, бундай пайтлари чарчаган кўзларга дам берилади, увишган тана аъзоларини ҳаракатга келтирасиз, катта бир китобни ўқиб битирганингиздан, ўтмишга хос катта бир ҳикоя вужудингизга сингганидан мамнун бўласиз. Аммо менда  бутунлай бошқача ҳолат юз берди. Мақсадим нима эди? Улуғ адибнинг бадиий ифода маҳоратини ўрганишга бел боғлагандим, ниятимга ета олдимми? Йўқ, асло. Ҳайқириб оқаётган дарёнинг муздек суви шабадасидан  озроқ баҳраманд бўлдим, холос. Адиб асарлари тилини ўрганиш бир ҳафталик, бир кишилик ёки бир мавсумлик иш эмаслигига амин бўлдим. Бу хусусда ёзувчи дўстларим, адабиётшунос олимлар, танқидчилар билан фикрлашдим. Кўпчилик бу улуғ ишга ҳануз тўлақонли қўл урилмаганини эътироф этишди. “Жуда мушкул иш, турли нашрлар боис, ноаниқликлар, ўзгачаликлар мавжуд”, дейишди. Бир вақтлар адиб тилини “ўнглаш” ҳаракатлари бўлганини, “Ўткан кунлар” ғаройиб “таҳрир”лардан ўтганини эслашди. Демак, шунинг учун ҳам бу ишга зудлик билан киришиш керак, деган хулосага келдим. Бу иш  адабиётимизнинг бугуни ва эртаси учун бағоят зарур. Абдулла Қодирий ушбу романни ёзиш мақсадида неча бор Марғилонга боргани, маълумот тўплагани, Худоёрхоннинг ўша пайтлари ҳаёт бўлган хотинларидан бири Розиябегим билан учрашгани маълум. Машҳур раққоса Тамарахоним биргина хоразмча рақсни ўрганиш учун Хивага бориб, шу ерда бир неча йил яшаган, хоразмлик ҳофизлар Фарғонага келишган ва шу ерда муқим қолиб кетишган. Абдулла Қодирий асарлари тилини мукаммал ўрганиш, махсус луғат тузиш ёш ижодкорларга, йилига беш-ўнтадан “асар”ни пешма-пеш думалатаётган  лағмончи адибларимизга, бундайларни ҳаволантириб, иштаҳа тегирмонига сув қуяётган шитобли ноширларимизга асл адабиёт, боқий умрли асар қандай ёзилишини ўргатиш, шу аснода  улуғ адибга яна бир бор ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш учун ҳам зарур.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 7-сон