Умрбой Утеулиев. Бақачаноқли кулбадаги қария (новелла)

Олдини кўрган суринмайди,
ортига қараган адашмайди.

(Ҳикматли гап)

Бир пайтлари дарё денгиз томон мавж уриб оқарди. Жағи отникидек, лаби дўрдоқ Сейдулла эсини таниганидан буён шундоқ кўз олдида ястанган дарё, денгизини кўриб-кўрмай, билиб-билмай улғаяверибди. Қумга тўкилган сувни кўзага қайтариб бўлмагани сингари бу қадрдон наҳрларнинг ҳозирги аҳволи унинг хаёлига шу ўйни солди. Кўнгли чўкканга кулги ёқмас, деганларидек, шундан доим қовоғи солиқ юради. Гўёки қадрдон нарсасини йўқотгандек, юзи қизарган, юраги алғов-далғов. Азалдан хулқ-атвори оғир, кам гапириб, кўп тинглашга одатланган. Юпунгина хонадонда ўсиб, етар-етмасни кўп кўрганиданми, ақли расо, феъли кенг. Эшитганига эмас, кўпроқ кўрганига ишонади. Болалигидан дарё, денгизга эш бўлиб ўсди. Бу бошидан қаттиқроқ бақирса, у бошидан эшитиладиган мўъжаз овулда ҳамма бир-бирини яхши билади. Овулдан денгиз бўйига, денгиздан овул томон ким ўзарга от чопишганини эсласа, юраги ҳаприқиб кетади. Айниқса, Жеткербой йилқибоннинг, югурганники эмас, буюрганники, деганларидек, бутун от уюрини қувиб келиб, букир тойини қўрасига киритгани, шунда онаси бояқишнинг “оёғи билан келган давлатни ўзгага қалай берайин” деган гапи худди кечагидек эсида.
Мактабни тугатганига ҳам уч йил бўлди. Нукус пединститутига ҳужжат топширган дастлабки йили омади чопмади. Кимга ҳам гина қиларди. Ўқиганнинг ўқимагани, ўқимаганнинг ўқигани бўлгани каби, саводи ҳаминқадарлигига ўзи айбдор. Онасининг нафақаси нимага етсин? Ўзига тўқ оилаларнинг болаларидай репетиторда қўшимча дарс ололмайди. Эгнидаги кийимини янгилаш тугул шаҳарга боришга йўлкиранинг ўзи муаммо.
Саёқ юрган таёқ ейди, дейишади. Бўш юрмай, бирор касбнинг бошини тутай деб кўп жойларга иш сўраб борди. Тани жони соғ, қорувли одам учун бекорчилик оғир дард. Ота-боболарининг кори бўлган балиқчилик билан шуғулланай деса, денгизнинг аҳволи бу. Лекин, балиқ сувда тирик бўлганидек, инсон ҳам сувсиз яшолмайди. Ҳали ҳам, овул ўртасида теранлиги етти қулоч “Жамбой” қудуғи бор. Одамлар шу билан жон сақлаб келишмоқда. Соҳилдаги эски булоқларнинг ҳам кўзлари ёпилган. Сувсиз жойга қуш ҳам қўнмас экан. Ўтиримли элга дарз кетиб, одамлар кун кўрган томонларига тарқалди. Кунлар илий бошласа, бекор юрган Сейдулланинг қўлига иш топилади. Овулдошларининг уйи, қўрасини ямайди, молларига ўт ўриб беради. Тандирларига ўтин ёради, қишнинг қировли кунларида ёқиш учун юлғун чопади. Баъзан баридан безиб, чет элларга иш излаб кетмоқчи бўлади. Бироқ, кейинги пайтда тез-тез оғриётган онасини кўзи қиймайди.
Бир куни армияга чақирув қоғози келди. Бироқ, шифокорлар “айиқтовонсан” деб яроқсизлар сафига қўшди. Ўз қўли билан ҳаётида кес­кин ўзгариш қилгиси келиб юрган кунлардан бирида уйига Турдибой тоғаси келиб қолди. “Оч қолиб, ўлганимиз йўқ, халқ қатори тирикчилигимиз бор…” дея ҳасратланадиган онасини тоғаси унча хушламаса-да, лекин жиянини кўнглига яқин олади. Тоғасининг саводи ўрта, бироқ ўзи ўқимишли. Сейдулла олтинчи синфдалигида Даниель Дефонинг ўзбекчага ўгирилган “Робинзон Крузо”, Жюль Верннинг қозоқча “Сув остида 80 минг километр” китобларини бериб, “ўқигин, дунёни англайсан” деган шу Турдибой тоғаси бўлади.
Бошида китобларнинг сўзларидан кўра, суратларига қизиқиб, анча варақлади. Кейинчалик воқеалар, саргузаштлар сеҳрлагандай ўзига тортиб, кўзи мошдек очилди. Ҳатто китобларнинг анча-мунча қисмларини дафтарига кўчириб олди. Шу пайтгача дарсликлардан бошқа нарса мутолаа қилмаганига роса ўкинганди. Баъзан қўшниси Ўринбой муаллимнинг уйига бориб, унинг глобусидан Робинзон яшаган оролни излайди. Гоҳи, дарё бўйида ёлғиз яшаган Хонда исмли кореецни, гоҳида денгиз соҳилида умргузаронлик қилган “қор одам”ни қидириб топгиси келади. Сув остида сузувчи кема Оролга келганмикан, дея бошини қотиради. Айниқса, Сейдуллага бундай хаёллар уйи олдида тўнкарилиб ётган қайиққа ўтирган кезида келаверади. Бир умр ушлаб-тутган нарсанг яроқсизланса, ўз қўлинг билан йўқ қилишни кўзинг қиймас экан. Қўшнисининг ана шундай қайиғини калтафаҳм боласи болта билан чопиб ўтин қилганида, қайиқдан анқиган мой иси бутун овулга тарқалган эди. Шунда овул ёшуллилари “Совқотсанг оёғингни ёқ, энди қайиқни чопганларингни кўрсак…” дея пўписа қилишган, ўшандан бери овулда жимжитлик.
Тоғаси берган китобларни қўшни Ўринбой муаллимга кўрсатувди, “Бу ажойиб китобларни қаердан топдинг, одамни одам тарбияласа, қинғир йўлга бошлаши мумкин, аммо китоб адаштирмайди, сендан икки китоб, мендан битта, алмашлаб ўқиймиз” деб қўлига ўша Жюль Верннинг “Ўн беш ёшли капитан”ини ушлатди. Шунда кўз олдида яна бир сеҳрли дунё эшик очгандай бўлди.
Тоғаси икки ҳафталардан сўнг, бир танишидан мактуб жўнатибди. “Сейдулла, оққан сув оқмай қолмайди, бир жойда тиниб қолса бузилади. Ноумид шайтон, мавж урган сувларни орзулаб яшайлик, ҳозирча Оролнинг табиий ҳолига қайтишини кўриш бизлар учун даргумон. Сув ўрнини босган тузли қум одамзот учун хавфли. Ўрмончилар қанча куч солишса ҳам, офатнинг кўлами улкан бўлганидан неча минг гектарга саксовул экишга улгуролмаяпти. Эшитишимга қараганда, дунёда биринчилардан бўлиб немис, французлар ёрдамга келишмоқчи. Улар саксовул экишга маҳаллий аҳолини жалб қилишармиш. Шуларга тез хабарлаш”, деб манзилигача ёзибди.
…Денгизнинг чанг-тўзонини ютса-да, ишга жойлашганидан Сейдулланинг кўнгли чоғ. Сув оқиб келмаса, уни ўзинг излаб кетасан, деганларидек қанча одамлар бу ерлардан кўчди. Ахир, денгизнинг қуриган тубидан тез-тез кўтариладиган қум тўполонига ким чидасин. Бундай пайтда теварак-атроф зимистонга айланади. Кўзу қулоққа, оғизга кирган қумдан тишлар ғичирлайди, бўғизлар заҳардек ачийди.
Учарга қаноти бўлса, учиб кетишга тайёр Сейдулла эса онасининг “Кишининг гапига қулоқ сол, лекин ўзингнинг билганингдан қолма, бало-қазодан омон бўл, болам, Яратганнинг ўзи асрасин”, деган гапларини эслаб, қўйдай ювош тортиб қолади…
Чет эллик одамлар кўмагида денгиз тубига саксовул экилармиш, деган гапларга овулдошлар аввалига ишонишмади. Зеро, қумлоқда ўсадиган бу ўсимлик ҳеч қачон қўлда экилган эмас-да. Табиий ҳолда ўсиб, узумдек товланган уруғи кузда ён-атрофга сочилади. “Томар астау”, “Айирқабан” томонлардаги кўп йиллик саксовулларни чала-чулпа ёқиб, қумга кўмилса, кўмирдек қизғин чўққа айланади. Ҳатто саксовулни туяга ортиб, бозорда сотганларнинг қанчаси бойиб кетди.
Куннинг кўзи кўринса ҳам, танингни илитмайдиган баҳор ойлари бошланди. Бу хайрли ишга Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси қошида тузилган Техника маркази мутахассиси, ёши элликдан ошган, гавдали, кўзи кўк Франк исмли немис раҳбарлик қиларди. Турқи совуқ бўлса-да, ўзи юмшоқ табиатли, одамларга меҳрибон экан. Кўп йиллар элчихонада ишлагани боис ўзбек, инглиз, рус тилларини яхши билади. Бир ойга бормай қорақалпоқчани ҳам ўрганиб олди. Яп-янги тракторлар, ёнилғи мойлаш материаллари, сеялка, уруғ каби керакли нарсалар етиб келди. Дастлабки пайтларда одамларнинг қўли ишга ўргансин, бир-биримизни тушуниб олайлик, деган маънода овулдаги сув келадиган ерларга ғалла эктириб, ҳосилини меҳнат қилганларга бепул тарқатди.
Нам ерда ётманглар деб, ишчиларга букланадиган каравот берди, кўрпа-тўшаклар ҳар ҳафтада алмашлаб турилди. Уч маҳал иссиқ овқат, чой-сув ишнинг бошига етказиб берилди. Кузга томон саксовул уруғи йиғиштирилиб, икки гектарча кўчатхона бунёд этилди.
Навбат билан дам олишга уйларига юборади. Шундай пайтда урушда қатнашган Дарменбой, Бухарбойдай қариялар, “Ҳали бизга душман бўлган немиснинг қўлида ишлаб, ундан маош олиб юрибсизларми”, деб қаттиқ койишарди. Шунда “Отахонлар, гумон иймондан айиради, унинг ёмонлигини кўрмадик”, деб қутулишади.
Денгизнинг қуриган тубига саксовул экиш учун аввало узун-узун ариқлар қазилар экан. Баҳоргача ариқлар тоза қумларга тўлади, шунда экилган уруғу кўчат яхши унармиш. Бу тажрибада синалган экан. Ишга бориб-келишда вақт бекор кетмасин, деб иш жойида ертўлалар қазилиб, брезент палаткалар қурилди. Бир пайтлари тепадан келган сирқинди сувни денгизга қуйдириш учун қурилган коллекторларга кўприклар солинмай қолган экан. Айланма йўлларда юравериб, чарчаган ишчилар янги қурилган кўприкка, “Франк кўприк” деб ном қўйиб олишди.
Аждодлар айтишганки, бойликнинг кўзи сув билан ерда, дарё ёки денгиз бўйида яшаган одам ҳеч қачон оч қолмайди. Ана шундай жойларда қўним топганлар ўз масканларига “Оқ тумшуқ”, “Порлитов”, “Қизил жар”, “Қоражар”, “Қорамуш”, “Сирлитош”, “Жилтирбош” деб ном қўйиб олишган.
Томоғига тош тиқилгандай бетоқат юрган Сейдулланинг кейинги пайтларда кўнгли ғаш. Кўнгли тўқ бошқа, томоғи тўқ бошқа. Овулини соғинган. Ахир, той-ғунонлар ҳам туғилган жойини қўмсайди. Шунданми, шўртупроқ масканда бўй тиклаган овулига ҳар келганда яйраб кетади. Овул ёшуллиларининг “У ёқларда нима қилаяпсизлар”, деган саволига қилаётган ишларини бирма-бир айтиб беради. Шунда улар “Орол тепа”га яқинлашиб қолибсизлар, аммо қишин-ёзин суви қуримайдиган “Дўнгалак кўл”да чўмилманглар” дейишади, бироқ сабабини айтишмайди.
Бир пайтлари дарё сувидан, қор-ёмғирдан тўлган “Дўнгалак кўл” ҳеч қуримасмиш. Кўпдан бери инсон изи-назари тушмаганидан кўлнинг қурт-чавақлари ўсиб-униб, қушларга ем бўлмоқда. Институтга ҳужжат топшириб юрган кунларидан бирида Сейдулла Нукусдаги тирик балиқ сотиладиган “Орол” дўконига бориб қолди. Ўшанда улкан сув идишдаги биланглаган одам бўйли лаққа кўзини бақрайтириб, гўё унга шундай деганди: “Мени излаб келдингми, Сейдулла, қушдай қанотим бўлганда, денгизимга учиб борардим. Денгиз суви қуриса балиқлари ҳам қирилади, деган гапга ишонманглар, чунки сувга сочилган уруғларимиз қушларнинг оёғига ёпишиб дарёдан кўлга, денгизга ўтади. Шу тариқа ҳаёт давом этаверади”. Сейдулланинг ўшанда ҳам томоғи тиқилган эди.
“Ҳой йигит, деб бақирганди ўшанда дўкон эгаси, нега қоққан қозиқдай қаққайиб турибсан, киссангда пулинг бўлмаса, жўнаб қол-чи, ҳамма-ҳамма ҳам балиқ еявермайди. Пули борларга насиб қилади. Мўйноқчининг овига тушган балиқ ўн икки қўлдан ўтиб, қурби етганларнинг қозонида қайнайди. Катта балиқларга харидор оз. Бизга эса тарозида тош босадигани керак. Шаҳарликларнинг балиқдан насибаси баланд, бир куни балиқ, яна бир куни Устюртда отилган кийик гўштидан ейишади…”
– Бунча катта балиқни қаерда овлабди?
– Денгиз кечган бола кўлга чўмилмайди, чамаси балиқчининг боласимисан, дейман?
– Ҳа…
– Менга етгунча бу лаққа қанча қўллардан ўтганини Худо билади. Ким овлади, ким қайси кўлдан тутди, бу мени қизиқтирмайди.
Эсанкираган Сейдулланинг юраги санчгандай бўлди. Пастки лабини қаттиқ тишлар экан, яна ўша товуш эшитилгандек бўлди: “Сени сабр­сизлик билан кутаяпман. Тезроқ мени сотиб ол-да, “Дўнгалак кўл”имга ташла”. Сейдулла энди чидаб туролмади. Дўкондан отилиб чиқди-да, бу кўрганларини кимга айтишни билмай шитоб билан юриб кетди.
Ўша кунлари уйидаги ити ҳам болалаган эди, кўзини эрта очганига “Оқжўл” деб ном қўйди. Тили бўлмаса ҳам, одамдек ақлли, эркаланиб, кўрпанинг ичига кириб ётади. Ишга кетаётганида тракторининг ортидан кузатиб қолади, келадиган куни эса, қаердан биларкан, думини ликиллатиб кутиб олади.
Денгиз тубида ишлаётганлар вақт ўтиши билан сеҳрланиб қолишларини хаёлларига ҳам келтиришмайди. Куннинг қисқа пайтларида иш қумурсқанинг инидек қайнайди. Очиқ осмон чошгоҳгача кўк шишадек ярқираса ҳам, бирданига турган шамол ҳамма ёқни ямлаб-юлқиб кетади. Урчиқдек зир-зир айланган қуюн бурқираган тўзонга дўнади. Оппоқ туманда одамлар бир-бирини кўрмайди.
Бундай қиёмат қойим пайтида ҳар ким турган жойида жилмасликка келишиб олишган. Бир-бирини йўқотмаслик учун белларига арқон боғлаб олишади. Агар у ечилиб кетса, тамом деявер…
Табиат тўнини тескари кийган ана шундай пайтларда Франк бўйнидаги фотоаппаратини, видеокамерасини ишга қўшади, юз бераётган барча ўзгаришларни эринмасдан блокнотига ёзиб олади.

* * *

Мактабда тарих-география фанларидан жонига раҳми келмайдиган, жингалаксоч, юзи бужмайган Ўринбой муаллим дарс ўтарди. Қўли бўшади дегунча, белидан қум кечиб, денгиз-дарёни кунига бир марта айланмаса, кўнгли жойига тушмайдиган нақ дала-даштнинг одами эди у.
Онасининг айтишига қараганда, у эрта хотинидан ажралибди. Ўзи ориққина кўрингани билан тани жони соппа-соғ. Йўқни излаган топганидек, доимо денгизга кетиб, бедарак йўқолганларни пойлаб юради. Инсон устихони билан бирга лаққа, жайин қолдиқларини қопга солиб ташишдан чарчамайди. Уйида то тонггача чироқ ёниб турганини кўрганлар “ўлганларнинг руҳлари билан гаплашиб чиқади”, деган гап тарқатишарди. Бунинг устига, кўча-кўйда ўзи билан ўзи ғудраниб юрганини кузатган одамлар анчагача қаторларига қўшмай қўйишарди. Хулқ-атвори ҳам ўзига яраша, бирданига жаҳлга минади-ю, тезда қайтади. Кимга гап қотса, жуфт учган, “Дўнгалак кўл”га макон босган оққушлардан сўзлайди…
Кўпинча, баҳор пайтлари балиқ овлашга ботинганлар дарё, денгизга боради. Ваҳоланки, минган музлари сув ўртасига борганда тўсатдан синиб, ғарқ бўлганлари қанча. Айримлари кейинчалик болалари суякларини излаб юришини ўйлаб, уларнинг мушкулини осон қилмоқ ниятида ўзлари танларини чанага боғлаб қўйишади. Орадан анча вақтлар ўтиб, суяклари топилганда, яқинларига обориб топширган ҳам шу Ўринбой муаллим бўлади. Бедарак кетганларнинг яқинлари олдига ялиниб келишганида, умидларини сўндирмайди, яхши гаплари билан кузатиб қўяди.
Муаллимнинг уч ҳужралик кулбасининг ашқол-дашқол турадиган хонаси “Мактублар солинган шишалар”га тўлган. Одамларнинг ўн икки мучаси, жағ суякларидаги озиқ тишлари шундайлигича тўплаб қўйилган. Сейдулла шу муаллимни негадир ўзига яқин олади. Кўлларга ғоз-ўрдаклар ёпирилган кез отаси чала ўқ еган иккита ғоз олиб келганди. Қушларнинг оёқларида тамға бор эди. Буни кўрган Сейдулла ғозларни бағрига босганича муаллимнинг уйига югурди.
– Сенга катта раҳмат, Сейдулла, ғозларга Хитойда тамға босилибди. “Оқ денгиз” томон учиб, Оролга етганида бераҳм мерганларга дуч келишган. Табиатни муҳофаза қилиш бўйича халқаро шартномага бизнинг мамлакатимиз ҳам қўшилганини биласанми? Тамғали қушларни отиб, зарар келтирганлар жиноий жавобгарликка тортилади. Жароҳатланса тез даволаб, тегишли жойларга маълум қилиш бурчимиз, – деган эди ўшанда муаллим.
Бир куни Ўринбой муаллим дарсга келмай қолди. Сейдулла бетоқатланиб уйига йўқлаб борса, муаллим тўрда тўшак тортиб, эшикка қараб ётган экан. “Тунда қўрқинчли туш кўрибман, Оролнинг бир ютим сувини қандайдир бир баҳайбат махлуқ ичиб қўйибди. Неча асрлардан бери Шотландиядаги Лох-Несс кўлида макон босиб, ора-сира бўй кўрсатадиган жонзот ёдимга тушди.
– Балки, кўзингизга махлуқ бўлиб кўринган денгизнинг “жони”дир?
– Тўртинчи асрда яшаган олим Иони кўл бўйида юрганида ўша жондорни илк бор кўрган. Ҳеч бир ҳайвонга ўхшамайдиган бу жондор сув юзига қалқиб чиқибди. Кўлда беҳадик чўмилаётган одамга баҳайбат оғзини очиб ташланмоқчи бўлган. Шунда қўлини кўкка очган уламо нималардир деб ўқиган экан, махлуқ яна сувда кўринмай кетибди.
1325 йилги атлас харитада Лох-Несс кўлида кўпдан бери тирикчилик қиладиган, боши бўйни билан қўшилиб кетган махлуқ тўғрисида илк маълумотлар берилган. Бир гал, кўлда сузаётган елканли кемани думи билан уриб ағдарибди. Кемадаги одамлар сувга ғарқ бўлибди. Маҳаллий аҳоли орасидан чиққан Мен Дональд дегани ортидан сувга шўнғиб, анча изласа ҳам, қўлга тушира олмабди.
Махлуқ ўзининг бор-йўғини билдирмай, 1930 йилгача кўл тубида ётаверибди. Соҳилдаги қалин тўқайзор чопилиб, темир йўл қурилиши бошланганда, у яна эсга тушиб, назорат пунктлари ўрнатилибди. Шундан сўнг у олис ва яқин жойларда бир неча маротаба кўзга тушибди. Қирғоқда пайқалган изларидан нусха олиниб, Лондондаги фан-тадқиқот институтига таҳлил учун жўнатилибди. Зоологлар уни сиртидан “гиппотама” деган сут эмизувчиларга қўшибди. Йиллар ўтгани сари Лох-Несс тўғрисидаги ҳар хил гаплардан одамлар зерика бошлабди. 1957 йилларда Лох-Нессга атаб чиқарилган китобда махлуқни ўз кўзи билан кўрган 117 нафар гувоҳнинг кўрсатмалари ҳамда олис ва яқиндан туширилган суратлари босилибди. Соҳилда кучли портлашлар юз берганда сув юзасига чиққан махлуқ кинотасмаларга олиниб, ҳужжатли фильм яратилибди.
Таркибида кучли зоолог, ихтиолог ва адвокатлар бўлган махсус комиссия йиллар давомида бу борада иш олиб бориб, якуний хулоса сифатида “Илон тарзли узунлиги 15 метрга яқин, тўрт оёқли, орти тош ўркачли, думи тумтоқ, сирли махлуқ яшайди”, деган қарорга келибди.
Мезазой даврига оид археологик тадқиқотларда узунлиги 15–20 метр­лик калтакесакка ўхшаган жониворлар яшагани маълум қилинади. Йирик танали махлуқнинг ХХ асргача тузли сувларда яшагани ҳақиқатга зиддир.
Илм-фан кучли ривожланган даврларда бу борада кўплаб экспедициялар ташкил қилинган. Айниқса, “Огонёк” журналининг “Очилмаган сирлар” клубида рус археологи Н.К.Зинкеевич 1954 йилда “Петрход” траулеридан Лох-Несс кўлига эхограммалар юборишда раҳбарлик қилгани ёритилгани эътиборлидир. “Кўлда баҳайбат келбатли жондор махлуқ бор”, деганга ўхшаш фикрларни тасдиқлаб, калаванинг учини топгани билан сир ҳалигача ёпилган қозондек очилмасдан келмоқда…
Дунёни англамоқ учун файласуфларнинг фикрига таянсак, оламда қотиб қолган нарсанинг ўзи йўқ. Ҳар қандай ҳодиса яхши-ёмонига қараб, муттасил эврилишга учрайди, лекин у ким қандай тушунгани, қандай қабул қилгани билан аҳамиятлидир.
“Орадан анча йиллар ўтиб, катта шаҳардаги муаллимларнинг билимини ошириш институтига ўз ихтисослигим бўйича ўқишга борганимда китоб дўконларига кирардим. Излаганимни кўпинча букинистларнинг дўконларидан топардим. “Бутун олам мўъжизаларини бирга томоша қиламиз” сериясидаги “Табиатдаги ажойиб жараёнлар ва сирли ҳодисалар” номли ўқилавериб ҳарфлари ўча бошлаган икки томлик эски энцикло­педияни бир ойлик маошим миқдоридаги пулга қувона-қувона сотиб олгандим, сен ҳам ўқиб кўр”, деб Сейдулланинг қўлига китоб ушлатди.
Сейдулла китобни бағрини ерга босганича ўқишга тушди. Қорақум билан Қизилқум чўллари орасида кўзнинг ёшидек ялтираб, қақраб ётган Оролнинг тарихидан бохабар бўлди. Бир неча бор қуриган ва яна сувга тўлган денгизни Амударё билан Сирдарё сув билан таъминлаб келган. Улар ҳам ўзанларини бир неча марта ўзгартиргани табиатга хос ҳодиса эканини англагандай бўлди ва анча енгил тортди.
– Сендан бошқа кимга ҳам керакман, Сейдулла! – деган Ўринбой муаллимнинг илтижоси хаёлини бўлди. – Ёмонни ҳам, яхшини ҳам айтиш керак, кўзимдан уйқу қочган, тупроқ тортиб юрибди. Қадримни оширмоқ учун ўлиб ҳам кўрайин, эртаклардаги Сулаймон подшонинг денгизости гумбазли қасрларига бориб мангу-боқий яшайман… Олислаганим сари кайфиятим кўтарилса-да, беўлжа қолган овчидек излаганимни топа олмадим. Денгизда тунаб қолдим. Шунда, тунги аёздан совқотдиммикан?..
Орол қуриса ҳам, ости-устидаги тирикчилик ўзгача тус оларди. Урушдан кейинги йилларда овулимизга қишин-ёзин оёқ яланг юрадиган “Досан тошоёқ” лақабли биров кўчиб келди. У қотирмоч бўлиб кетган товонини пичоқ билан кесганида, қон чиқмасди. Кўзлари қашқирнинг кўзларидек ўткир, тунларда бемалол игнадан ип ўтказа олар, бизга китоб, газета-журналлар ўқиб берарди.
Ишим келишмай юрган кезларда яхшилик қилган одамни қандай унутайин. Худо қўлласа, эртадан кейин денгизни бирга кезиб, кўр­маганларингни кўрсатиб, билмаганингни билдириб келаман. Тиш-тирноқлаб йиққан “ўлик дунё”ларимни қўлингга ушлатиб кетсам, армоним қолмасди, деб муаллим юмган кўзини қайта очмади…
Гапдан гап чиқади, сираси унинг ўзи ҳам анойи эмас. Апил-тапил юрган кезларида тани куйиб-ёниб, тинмай йиғлайверганидан жағлари қайишди. Шифохонада онаси назоратида ётганида, еган садаф ва олган санчқи дорилари фойда бермади. Шифокорларнинг, “Болангизни уйингизга олиб кетаверинг, бироз дамини олсин”, деган гапларига эътибор қаратмади, фарзандини ўлимга раво кўрмади. Ювинтириб, тобутга солишаётганида жасадини пайпаслаб кўрувди, тириклик нишонини сезгандай бўлди. “Болам тирик, тирик”, деб юзини очтирган эди, кўзлари очиқлигини ва қайишган жағлари ўрнига келганини кўрди…
Боласига “ўлик арвоҳ” ёпишганини англаган она уни мусулмончилик йўли билан эмлади, етти уйнинг ит оёғига чўмилтириб соғайтирди…

* * *

Тириклик манбаи бўлган оддий сувда хосият кўп эканини билсак-да, эътибор беравермаймиз. Томчиси тошни тешиб, пўлатни эритса, кир нарсаларни тозаласа, бу ўзи қанчалик қудрат!
Ўша кўнгилсиз воқеа юз берган тунда осмонда юлдузлар жимирлаб, об-ҳаво бузила бошлади. Кўзни очтирмаган қора ел бетиним увлаб, ой кеч туғди. Юраги ҳаприқди, устидаги ёпинган кўрпага ўранса-да, бетоқатланаверди.
Тун ярмида, ўн икки одамлик палатканинг эшиги бехос очилиб, ичкарига оёғи учида юрган, узун кўйлакли, юзини рўмол билан ўраган, 45–50 ёшлардаги хотин ортидан балоғат ёшидаги, сочлари патила қизини эргаштириб кириб келди. Худди карлардек бир-бирига имо-ишора қилиб, ўтиришди. Аллакимни излаётгандек, чуқур уйқуда ётганларнинг юзларига бир-бир қарашди. Ўнги ё туши эканлигини англамаган Сейдулла ўрнидан туришга интилар, тўши устига миниб олган кампирнинг бўйнига ботган тирноқлари дастидан нафас ололмасди. Қўлларини силкита-силкита, бўғриқиб, ўлар ҳолга келди.
Ҳали нимасини кўрибди, арвоҳли денгиз одамларни тинч қўймайди. Турли ҳодисаларнинг бўлмаслигига ким кафолат беради? Эртасига ёнидагилардан секин суриштирса, арвоҳлар ҳеч бирини аямабди. Балодан машойих ҳам қочганидек, қуён юраклилари уйларига кетиб, қайтиб келмабди.
Сабр-тоқатли одамлар диёнатли бўлади. Франк саксовул экувчилар орасида сирли ҳодиса юз берганини билса-да, билмагандай юраверди. Кеча, бугун туғилган авлод орасидаги фарқ осмон билан ерча бор. Коинот кенглигидаги сунъий йўлдошларга боғланган интернет тармоқлари, радиоузаткичлар ҳамда телевизорлар саксовул экувчиларнинг анча саводини оширди. Яқинда қазилган артезиан қудуқларнинг суви гоҳ ширин, гоҳо аччиқ бўлиб чиқмоқда.
Ён-атрофларда ариқлар қазилиб, бўйларига мевали ва манзарали дарахтлар экилди. Олти қанотли ўтов олдидаги ҳовузда асранди ва ёввойи ўрдаклар сузади. Ҳаммом, ҳожатхона қурилди, тозаликка, озодаликка эътибор қаратилди. Кундалик турмушда керак бўладиган барча нарсалар тайёр бўлгач, ичида игнадек сир сақламайдиган Франк Германиядаги шаҳарлардан бирида мединститутда ўқийдиган Софья исмли қизи меҳмон бўлиб келаётганини маълум қилди. Софья чиққан самолёт Тошкентдан Нукус аэропортига эрталабки пайт қўнганида, Франкнинг ўзи йўл танламайдиган қора рангли “Мерседес” машинасида қизини олиб келди. Кечқурун макон босган “Кўксув”га келишларини кўзлари тўрт бўлиб кутишди. Ўқиган, дунё кўрган одамнинг садағаси кетсанг арзийди. “Ассалому алайкум! Хуш кўрдик!” дея кулиб турган, юзлари оппоққина ­Софья ишчилар билан бирма-бир сўрашди. Худди табиат ҳам қизга маҳлиё бўлгандек, осуда. Бошқалар қатори Сейдулла ҳам қизни бир кўришдаёқ ёқтириб қолди. Ўн тўртида туғилган ойдек Софьяга кўзлари тўймай тикиларди. Барча кечқурун ёқиладиган гулхан атрофига таклиф этилди. ­Софья “ҳамма дарё, денгиз ҳақида билганини гапирсин, сўнгра ашула айтиб ёки рақсга тушиб берасизлар”, деб шарт қўйди.
Отасиз ўсгани камдек, асқар тоғдек суянчиғи, ётган жойи ёруғ бўлгур, қабри нурга тўлгур, овқатдан сўнг доимо фотиҳасига қўшадиган муаллимидан ҳам айрилгач, тамоман тундлашган Сейдулла, ўзига навбат етганда: “Орол, Амударё – булар менинг тириклигим! Уларсиз келажагим йўқ”, деб йиғлаб юборди. Кўнгли эзилди, денгиз тубидаги “Адоқ”, “Орол тепа” сингари сеҳрли калъалар, “Дўнгалак кўл”да дупурлаб чопган сутдек “Оқбўз” отни тилга олди…
Ой ёп-ёруғ. Юлдузлар ҳам йириклашган, жимирлашган. Парча-парча булутлар орасида ботиб-чўмган чўлпон юлдузга телмилиб, кенг даланинг ҳавосини симираркан, Софья гап қотди:
– Тошкентда, Чирчиқ дарёси бўйида боғчали ҳовлимиз бор. Мевалари пишарга яқин қора доғ тушади-ю, чирий бошлайди. Бир таниқли боғбон, олим билан фикрлашганимда, “қора доғ” Оролнинг тузи эканини айтди…
Қизлар синовчан бўлишади. Софья кўнгли қаварган Сейдуллани вақтинча иш топилганига қувониб, фақат маош оладиган кунларга ошиқадиган йигитларга ўхшатмади.
– Сени, ўзига-ўзи қарши тура оладиган дугонам Луиза билан таништираман. Ёшлигида у альпинизм билан шуғулланди. Барча фанларнинг отаси – осмон жисмларини ўрганадиган астроном бўла олмаганига ҳалигача ўкиниб юради. Тибет тоғининг энг баланд чўққиси Эверестга чиқиш учун Непал мамлакатига кетди. Мен эса Оролнинг тубида саксовул экаётган отамнинг ёнига келдим. Сув тангриси Сулаймон подшонинг денгиздаги сеҳрли қалъаларига обор мени, “Дўнгалак кўл”га обор, “Оқбўз” отга миндир! – дея йигитга гап қотди.
Худонинг қудрати, узоқлардан бўз инган сигирлар елинлари шишиб, ҳар куни соғиладиган пайти яқинлашганда соллана-соллана келишганида, челагини қўлига олган Сейдулла: “Манг-манг босган, манг босган, Новдаларин чанг босган”, дея бошланадиган қўшиғини айтар, Софья эса сигирларни орқа-бўйинларини уқалаб ийдирарди.
Кўз кўрганини кўнгил тўқийди. Севсанг ва севилсанг, ишқ деганлари уйғоқ қалбда яйраб етилаверар экан. Йигит ўғринча қарагани сайин қизнинг юзлари гул-гул ёнади, ўзларини йўқотиб, типирчилаб қоладиган даражага етдилар…

* * *

Денгизнинг туби мудом туманли, чанг-тўзонга бурканиб туради. Саксовул экувчилар тўполон босилсин дея Яратгандан шаррос ёмғир ёғишини тилашади. Денгизнинг чуқур жойларида туриб қолган сувда ўсган қарағай қамиш, юлғунлар яшин уришидан куйиб қорайиб қолган. Қушнинг полапонидан тортиб, то тўрт оёқли қашқир, шоқол, тўнғиз, йилқи, туяларгача, шохлари қуриган ёввойи ҳўкизларгача уюр-уюр бўлиб муз сангидек тўқнашади. Ҳар бири ўзининг сувга яширинча келиб-кетадиган сўқмоқларини асрайди. Сув қуриса, она биялар туёғи билан ер ковлаб, булқиллаган булоқларнинг кўзини очади…
Шумлиги ортган йилқилар оёқдан, бўйиндан тузоққа тушмаслик учун бирининг изини бири босиб юради. Қум барханларда қоровулдек кеккайиб, қулоқларини тикрайтиради, хавф-хатар дўнса, қаттиқ кишнаб, пишқиради-ю, қорасини кўрсатмай қочиб қолади.
Хайрият, Софья от устида ўсган, моҳир чавандоз экан. Германияда от спорти билан мунтазам шуғулланиб, инглиз, туркман арғумоқларини жиловлаб минибди.
Сейдулла унинг ортидан бир кунлик йўлдаги ишига қўш бурни пир-пирлаган букир тойини миниб борадиган бўлди. Франкнинг илтимосига кўра, қизига тойлардан бирини бир амаллаб ушлаб миндирди. Силтовидан ўт чақнайдиган қамчининг кучи билан отни ўзига зўрға бўйсундирди.
Отлар гулдираб кишнашса, ҳаво дарҳол айнийди. Қора ел дуч келган томонга эсса ҳам қуёш ўз маромида отаверади-ботаверади. Сейдулла йўлбошловчилик вазифасини иштиёқ билан адо этар, отга қизни қўлтиғидан тутиб миндиради, узангини босиб тушириб олади. Кўз – юракнинг кўзгуси. Сейдулла энди қизга тамомила меҳр қўйган, уни салга хафа қилиб қўйишдан қўрқарди. Жуда бўлмаганда, дўст сифатида қолишни истайди…
…Саксовул экилаётган жойга каноп қопи ямоқ-ямоқ, дарвешсифат, кўсанамо биров оёғини чала-чулпа босганича келаверди. Уни йироқдан қора бошининг ташвишида юрадиган Досберган саёққа ўхшатишди. Юзида қони қолмаган бу қария буларга, “Баракалла, баракалла!” дея яқинлашди.
– Ҳорманг, йигитлар! Тангри ёрлақасин, товонингиз тегиб турган қумлоқ денгизнинг олтмиш беш қулочлик энг чуқур жойидир. Бу жойларда тўққиз познали кемамда кўп эшкак эшганман, бу ерларнинг суви тиниқ бўларди, сув остидаги бор нарса кўзга яққол кўринарди. Худо асрасин, дўстга ҳам, душманга ҳам инсоф берсин, кўнгилларига яхшилик солсин, зеро, қайғу-мунгсиз одамни кўрмадим, деб қария барчани ҳайратга солди. Қочган – қутулишни, қувган – етишни истайди. Ёмон от ҳам тилини топсанг, тулпорга айланади. Ўғри – ғарнинг шериги. Мен бир инига тиқилган кўрсичқонман.
Суф десам, дарё сувини тескари оқизадиган, тўлғонган денгиз қоқ айрилиб, устидан йўл очтириб берадиган арвоҳим мендан қочди. “Дўнгалак кўл”нинг тўлқинлари қайтиб, дамини ичига тортганидан қўрққандим. Қайнаган оби-ҳаёт шифобахшдир. Эски қўрғонча ёнидаги тепаликдан ер остига кирадиган йўл ҳам бекилиб қолди. Отанинг кўргани болага, боланинг кўргани отага насиб қилмайдиган замонларга қолдик. Қанотлари елпиллаган “Оқбўз”га эгалик қилмоқчи бўлганларнинг қанчаси нобуд бўлди. Меники ҳам қуруқ бир тентираш!
Қария шу гапларни айтди-ю, бирданига кўздан ғойиб бўлди. Қум тепаликда фақат чангги қолди.
Денгизнинг тандирдек ҳовурлаган елвизаги алдамчи бўлади. Қақраган саҳро худди гўдак йиғисидек, араванинг мойланмаган ғилдирагининг товушидек қўрқинчли сасларга тўлади. Осмоннинг тешиклари очилиб, уч кун, уч тун тинмасдан ёмғир ёққанидан, кўпчилик сув тўфони бошландими, деб қўрқди. Еру кўк ларзага келиб, осмон қоқ айрилди. Кундузи қуёш, тунга томон ой тутилган бир пайтда қиз ва йигит, “Ё, Оллоҳ” деб отларининг белларига минишди. Йўрта-йўрта неча қирлардан ошса ҳам, саҳронинг сарҳадига ета олишмади. Баъзан қумга белидан ботган кема, елкан, мотофлюгаларнинг узун мачталари кўзга ташланади.
Одамсиз жойда ит ишончли ҳамроҳ. Изларидан эргашган Оқжўл қумларни ҳидлар, гоҳо ниманидир сезгандек тепаликларга қараб вовиллар, ана шунда булар итнинг ортидан ошиқади. Бир тепалик ортидан “Дўнгалак кўл” ойнадек ярқираб кўринди. Қумга қоришган олтиндек ялтиллаб кўзни қамаштиради. Худди симобдек ўйноқлайди, бармоқлар орасидан сувдек томчилайди.
– Кейинги пайтларда қиш қаттиқ, ёз эса жуда иссиқ келмоқда. Шундай кетаверса, Антарктидадаги, баланд тоғлардаги мангу музликлар эриб, ер юзини сув босиш хавфи бор…
Денгиз шимолнинг совуқ шамолини ушлаб турадиган қалқон вазифасини бажаришини, ҳудудда иқлимни барқарорлаштириб туришини барча билади. Ер ўз ўқидан чиқиб, ағдарилиб кетганми, бир жойларни сув босаётган бир пайтда, бизда қурғоқчилик. Қумлар ҳужумга ўтмоқда. “Қумбосган” деган атамалар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Қара, сут пишгудек вақтда қум тўпиғимизгача чиқди. Тиззамиздан ўтиб, белимизгача етса, ҳаракатлана олмай қолишимиз тайин, – деб Софья хавотирга тушди.
Денгизнинг бўрсиллаган тупроғи жунбушга келган. Бундай пайтда оғизларни қулоқларга тақаб гапирмасанг, овозингни ўзинг ҳам эшитмайсан. Чавандозлар эгарларига илинган термосларидан гоҳи-гоҳи сув ичишгани бўлмаса, оч-тўқлигини ҳам унутишган.
Сейдулла Софьяга денгизда йўлдан адаштирадиган “мамалак” бўлишини айтиб берди. Бироқ оч қашқирлар дуч келишини гапириб ўтирмади.
Ер силкинтирган қора ел тинганда, мияни айлантирадиган даражада жим-житлик ҳукм сура бошлайди. Ичига дам тўлдирилса, сувда сузса бўладиган резина қайиқни ҳам ўзлари билан олишганди, аммо унга эҳтиёж бўлмади. Компас билан орқа-олдларини аниқлашгач, бир тепаликка чиқишди, қўлларини кўзларига кўлагайлаб, йироқларга тикилишди. Тонгги шафақ билан кечки шомга ишониб бўлмайди. Қум бағрида нурга чўмилган қояга яқинлашдилар. Шунда шифтига одам бўйи тегмайдиган кулбага дуч келишди. Ким бўлса-да, эпчил, ҳунарманд одам қурибди. Шапалоқдай-шапалоқдай бақачаноқларни бир-бирига шундай улаб кулбага ёпиштирибдики, ичкарига бир томчи ҳам ёмғир суви ўтмайди. Эшик-деразалари ҳам зичлаб ёпилган. Кулба куз-баҳорда чўпон, овчиларнинг жон сақлайдиган бошпанасига ўхшарди. Эшик олдида отлар дупурлашса ҳам, кулбадан ҳеч ким чиқмади. Шунда булар отдан тушиб, ичкари киришди. Қарашса, кулба ичида ўзларига, “Ҳорманглар”, деб кетган ўша қария ерўчоққа орқа суяганча ўтирибди. Оёқ-қўллари ёриқ-ёриқ, ажин босган юзи кунга куйиб, аёзга пўрсилдоқ очган. Зўрға нафас олади. Остида қамишдан тўқилган тўшама. Соқол-мўйлови, сочлари оппоқ. Кўзларини очиб-юмар, боши қалт-қалт титрайди. Худди гўрдан қазиб олингандек, одам сиёғи қолмаган. Тарам-тарам ёриқ қўлларини кўтариб туширар, тишсиз оғзини очиб эснагандай бўлади.
– Уйқуси девнинг уйқусидек қаттиқ экан, – дея шивирлади Сейдулла. Шунда Софья: “Бизнинг келганимизни билди. Инсон ҳаётининг учдан бирини уйқуда ўтказади. Уйқунинг летаргия деб номланган тури ҳали тиббиётда тўла тадқиқ қилинмаган. Балки, “Қор одам”га дуч келдикмикан? – деди.
Қиз-йигитнинг гапларига қулоқ солиб, ҳаракатларини кузатиб ўтирган қария йўтала бошлади. Оғзидан япроқдек қон отилиб чиқди. “Сизлар кимсизлар ўзи, мен бу ерларда алмисоқдан бери борман”, дея йиғлай бошлади.
– Барчамиз Одам Ато, Момо Ҳавонинг фарзандларимиз. Луқмони Ҳаким ҳам минг йил яшамаган. Дунё мангулик, бироқ одамзоднинг умри қисқа. Аввалнинг охирини берсин, Аллоҳ ўлчаб берган дами тугамаса, бандаси ўлмайди. Бир тутам булутдек кўчгувчи фоний дунёнинг олди сайрон, изи вайрондур… Менга сиёсат қилманглар, ошаримни ошаб, яшаримни яшаб бўлганман. Бир ёмоннинг дастидан мавж урган дарё қурийди. Пайти келса, оққан дарё ҳам, тўлқинли денгиз ҳам ўлади. Синмасни уста ясамас, ўлмасни Худо яратмас. Бағри совуқ қора ер – онам, кўк осмон – отамдир. Худо қарғаган бандаман. Уят ўлимдан кучли, бурунги тирикчилигигимга қайтиш номақбул. Бир оёғим ерда, бириси гўрда. Ўлсам, иймонимни ўгирадиган одам топилмас, балки кафан, ўн икки мучам сиққудек чуқур ҳам буюрмас. Мусулмончилик тилида бўлса-да, дилида бўлмаган, Худодан қўрқмаганлардан қўрқайлик…
Бир пайтлари уйқум қуш уйқусидек, қирқ кишининг қувватидек кучим бор эди. Шиддат билан оққан дарёнинг гоҳ у бетида, гоҳ бу бетида қушдек учдим. Кўлларга қанотлари потирлаб қўнадиган оққушларга зор бўлдим. Оқ кўпиги осмонга сачраган, отларда сузган дарём нега бугун ортга қайтмоқда? Шўр сувга қанотини чайган, овози ер ёрадиган чағалайларим қани? Уйимизнинг олдида гуллаганда хуш ис таратадиган жийда бўларди. Етти йилда бўй чўзадиган оқтерак уч йилда санчқимга соп бўларди. Сен йигитни кимгадир ўхшатаяпман. Ёнингдаги қиз эса ғайри юртдан…
Ўтган умрим киприк қоққандек бўлмади. Дунёни сув босса ҳам ўрдакка не бўлур ғам, деганларидек, бақачаноқли кулбам сувда қайиқдек сузади. Одамнинг тани тўзса ҳам, жони тўзмас экан. Қанча пайтлардан бери силлам қотиб, ухласам ҳам, уйқум қонмайди. Бешик билан тобут ораси узоқ йўл…
Шундай деб қария унсиз қотди. Ўйлана-ўйлана ўйига етолмаган йигит билан қиз чалажон қарияни ғафлатдан уйғотолмай, бақачаноқли кулбадан ташқарига чиқишди.
“Гап-сўзлари жойида, ўй-хаёли тузук, мард одам эл-юртига хиёнат қилмайди”, деган Сейдулланинг гапини маъқуллагандек қиз бошини эгди.
Шимолдан совуқ шамол эсиб, осмоннинг у ер, бу ерида юлдузлар кўрина бошлади. Ортида оқ из қолдириб оққан бир юлдузга қараб, “Юлдузим баланд бўлсин”, дея хаёл қилган Сейдулла: – Мусулмонлар, “Ерда яшовчи одамларнинг жони осмондаги юлдузларда”, деб тушунишади. Кимнинг юлдузи оқиб тушса, эгаси ўлган бўлармиш. Шу дегандек, “юлдузим баланд бўлсин”, дея яхши тилак тилашади, – деди.
Бундан ҳайратга ботган Софья, “Менга қорақалпоқларнинг урф-одатлари, иримлари жудаям ёқади, дала халқи хаёлпараст, донишманд бўлади”, деди. Сўнгра улар, “Темир қозиқ” юлдузини кўзлаб юришда давом этишди. Қоп-қоронғи тунда саксовулзор орасига тиқилган мов мушуклар йўлбарсларга ўхшайди, буталиклардан сакраб қочган юмронқозиқлар одамнинг этини жунжиктиради. Улар отлари бошини озод қўйганларича, сеҳрли маскандаги қўналғалари – палаткаларини адашмасдан топиб келишди…

* * *

Одам умри осмондаги ойдек, гоҳ тўлин бўлса, гоҳи яримлаб қолади. Қиз билан йигит бўш пайт топилди дегунча, қўл ушлашиб, денгиз томон кетишади. Сейдулла онасининг, “Кун чангитиб, довул турса сув тошади”, деган гапи тасдиқ топмаганидан эзилади.
Қандайдир воқеани кўрган-билган топилмаса, эшитганни гувоҳ санайди киши. Устози ўз қўли билан васиятнома битиб: “Уйим, ичидаги бор нарсаларим Сейдулла шогирдимга берилсин”, деб ёзибди ва биратўла нотариусга тасдиқлатиб кетибди. Уй эшигини калит билан очиб кирганида, бурчакда тахлаб қўйилган ялпоқ тошларга кўзи тушди. Улардаги инсон қўли билан чизилган кийик, от, туя, ҳўкизларнинг қиёфалари қайси асрларга тегишли эканини билолмай қийналди…
Техника маркази иш режасига кўра, қийин шароитда яшаб меҳнат қилаётган саксовул экувчиларнинг бўш пайтини мазмунли ўтказиш мақсадида бир қатор тадбирлар ташкил этилар экан. Тошкент шаҳрига уч кунлик саёҳат уюштирилиб, вақтни тежаш учун самолётга чипталар олинаркан. “Беш юлдуз”ли меҳмонхоналарга жойлашиш, ресторанларда овқатланиш, кинотеатр, музейларга бориш кунма-кун, соатма-соат режалаштирилди.
– Тошкентга бирга борсак, сени Чирчиқ дарёси бўйидаги дала ҳовлимизга таклиф этаман, – деди Софья Сейдуллага юзланиб. Сен тўғрингда айтганим учун онам, дўстларим сиртдан яхши билишади. Қорақалпоғистондан сўнг Германиядаги ўқишимга кетаман.
Қизнинг кўзда ёш билан айтган бу гапларидан Сейдулланинг юраги ачиша бошлади. Ўзини зўрға босиб, севгилисига гап қотди: “Раҳмат, Тошкентга оёғим тортмайди. Ундан кўра, “Оқбўз” отга миниб, тезроқ “Дўнгалак кўл”га борай” деб хайрлашди-да, уйига ошиқди. Уйига келиб, бағрини ерга босганча, ётиб қолди.
Бир куни Франк қизи Софья номидан Сейдуллага замонавий телефон совға қилди. Экранида кўриб гаплашса бўладиган ушбу матоҳда улар ажралганларидан бери илк бор суҳбат қуришди: “Сейдулла, мени кечир, бетоб бўлганингда ёнингда бўла олмадим. Бугун қишки сессиянинг сўнгги куни. Кечки самолётда Тошкентга, эрталаб эса Нукусга қанот боғлаб учаман. Соғинч билан кўришган қандай яхши. Денгиз ўртасидаги бақачаноқли кулба, ундаги қария тушларимга киради. Агар тирик бўлса, ҳомийликка олайлик. Ваҳоланки, Оролнинг сири билан тарихини яхши биладиган одамлар оз қолмоқда…
Айтганча, Эверест чўққисига чиққан дугонам Луиза баландлардан бизларга бахт тилаб, оламга жар солибди. Хитой билан Мўғулистон орасидаги Гоби, ундаги кўчма Лобнор кўли тўғрисида айтганларини бирга тингласак эди. Орол денгизи томондан ишончли дўст топганимга унинг қувончи ичига сиғмаяпти…
Сейдулла, эсингдами, денгиз тубини отда кезганимизда тепамиздан учиб ўтган жуфт ғозларга қараб, адашиб топишган мунгли ошиқларай, дея шивирлагандинг. Ҳа, бизни Орол тубида Яратганнинг ўзи учраштирди…”
Ширин суҳбатдан сўнг Сейдулла соғинган овозини эшитгандек сергак тортди. Юзига қон югурди, оёқларига қалқди…

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 8-сон