Аҳмаджон Мелибоев. Она сайёра – ягона кема

Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига

Ижодкорнинг умри унинг бу фоний дунёда умргузаронлик қилган йиллари билан ўлчанмайди. Бу гап бошқа касб эгаларига ҳам тегишли, аммо қалам аҳлига бевосита дахлдордир. Чунки ёзувчининг маҳорати ва заҳматли меҳнати билан битилган асарлар салобатли қасрлар, маҳобатли иншоотлардан кўра ҳам кўпроқ яшайди. Тош емирилиши, ғишт кўчиши, пойдевор нураши мумкин, аммо мукаммал санъат асари, ундаги қуйма фикрлар асрдан асрга, даврдан даврга, қитъадан қитъага ўтиб ҳам маъно-моҳиятини йўқотмайди. Аксинча, ҳар янги авлод ундан баҳраманд бўлиб, ўзи учун зарур хулосалар топа олади. Улуғ бобомиз Алишер Навоий бош бўлиб қурдирган иморатлар, қаздирган ариқлар, ўз даврида барқ уриб яшнаган боғ-роғлар ўрнини бугун топиш қийиндир, лекин бу табаррук зот қаламига мансуб  асарлар бугун бизга  ҳам, келгуси авлодларга ҳам маънавий ҳамроҳлик қилиши, ҳаётнинг мураккаб чорраҳаларида тонг юлдузидек инсониятга нажот йўлларини кўрсатиб туриши шубҳасиз.

ХХ аср адабиётининг ёрқин сиймоларидан бири Чингиз Айтматовнинг муаллифлик умри, ижодкор тенгдошлари  қатори собиқ тузум тамойиллари барча-барчанинг қон-қонига, ўй-фикрию турмуш тарзига сингиб кетган  йилларга тўғри келди. У адабиётга ҳукмрон фирқа мафкураси тамойиллари сиёсатда ҳам, адабиётда ҳам ягона олий қадрият сифатида кўкларга кўтарилган пайтда кириб келди, аммо бошқа ижодкорлар юрган текис, беозор йўлдан эмас,  ўзига мақбул чағир сўқмоқчадан бўй кўрсатди.

Миллий мавзуда ёзилган тоғ ва дашт қиссалари Айтматовга мислсиз шуҳрат олиб келди. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарига келиб, дунёнинг турли минтақаларида, жумладан, ўзи туғилиб ўсган Ватанида ҳам юз бера бошлаган ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий зиддиятларга, тузум таназзулига, мантиқсиз талотўпларга гувоҳ бўлди. Кўз ўнгида “зўр билан бўлган иморат” – шўролар салтанати қулади. Айни шу йиллари  матбуотда  инсон ва жамият муносабатларининг авваллари мутлақо қаламга олинмаган, бошқалар ёзишга, айтишга журъат этмаган қирралари тўғрисида ўткир публицистик мақолалари эълон қилинди. Улар бадиий мукаммал, таъсирчан ва кучли мантиқий мушоҳадага асослангани, ҳаётга, конкрет воқеликка, одамларнинг ўй-хаёлларига бевосита боғлиқлиги билан ажралиб турарди.

Муаллиф ўз бошидан кечирган, ўзи бевосита гувоҳ бўлган, идрок этган, онг-шуурига сингган муаммоларни қаламга олди. Ёзувчилик виждони, инсонийлик бурчи жим туришга, бефарқ бўлишга йўл бермади ва бу ҳолатни ўқувчига ҳам юқтиришга ҳаракат қилди. Айтматовни ўқиган ўқувчининг бефарқ кўзлари очилгандай, виждони уйғонгандай бўлади. Она табиатни, ноёб ўрмонларни, дарё, кўл, тоғу тош, неча минг йиллик музликларни  асраш тўғрисидаги ташвишли мулоҳазаларидан кейин ўқувчи адибнинг “Тўғри-да, ўрмонда дарахтлар ўзи униб, ўзи ўсиб ётибди, гўё эгаси йўқдай, хоҳлаган киши кесиб, пайхонлаб кетаверади. Ҳар бир дарахтнинг тагига биттадан қоровул қўйишнинг иложи йўқ. Қоровул одамнинг виждонида, имон-эътиқодида бўлиши керак”, деган фикрларини худди ўзининг хулосасидай қабул қилади.

Чингиз Айтматов публицистикасида, бадиий асарларида бўлгани каби, урушни лаънатлаш, инсониятни бу ёвуз хатардан халос қилиш, ўтмишда содир бўлган мислсиз қирғинбарот жанглардан сабоқ чиқариш ғояси бўртиб кўринади. Иккинчи жаҳон уруши, унинг даҳшатли ҳалокатлари тўғрисида Одил Ёқубов, Матёқуб Қўшжонов, Иброҳим Раҳим, Назармат, Мавлон Икром ва бошқалар ҳам ёзишган. Аммо  Айтматов бу борада ҳам ўзининг ўта дангал, бугунги ва келажак авлодларга сабоқ бўларли огоҳлик сўзини айта олди, асарларида жанггоҳлардаги тенгсиз олишув, танк ва снарядларнинг даҳшатли ўкириклари, бомба портлашлари, олов ичида ёнаётган шаҳар ва қишлоқлар тутуни батафсил тасвирланган бўлмаса-да, публицистик мақолалари, ҳикоя ва қиссалари орқали урушнинг инсон онг-шуури ва тақдирида намоён бўладиган битмас-туганмас фожиаларини кўрсатиб берди.

Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари охирида Болгария ёзувчилар уюшмасининг ташаббуси билан София шаҳрида “Ёзувчи ва дунё: Хелсинки руҳи ва маданият арбобларининг бурчи” мавзусида дунё адибларининг халқаро учрашуви бўлиб ўтади. Шу нуфузли анжуманда қирғиз адиби сўзлаган  нутқни, ҳеч муболағасиз,  юксак гражданлик жасорати деб баҳолаш мумкин. Негаки, Айтматов кутилмаганда жаҳоннинг икки қудратли давлати ўртасида олиб борилаётган қуролланиш пойгасининг халқ турмуш тарзига аянчли таъсиридан баҳс очди. Адоқсиз ва мантиқсиз бу пойганинг тинчлик, тотувлик, манфаатли ҳамкорлик алоқаларига мутлақо хизмат қилмаслигини, аксинча, қурол-яроғларнинг кўпайиши ва уларнинг тинимсиз такомиллашуви ер юзида ҳаётни, омонликни  сақлаб қолишни  хавф остида қолдиришини исботлаб беради.

БМТ махсус қўмитасининг апартеид сиёсатига қарши махсус сессиясида қатнашган адиб бу сиёсатни ХХ асрнинг энг шармандали воқелиги, деб атади. Бу сўзни минбарда туриб айтди. Унинг фикрича, халқлар тарихи ва тақдири, маданияти, турмуш тарзи, урф-одатлари билан боғлиқ муаммоларни қурол кучи, снарядлар даҳшати билан ҳал этиб бўлмайди. “Эзилган одамгина қул эмас, уни эзаётган, хўрлаётган эзувчининг ўзи ҳам қул. У ўз зўравонлигининг қулидир. Кимки ўзгалар эркини чекласа, у ўзининг эркини ҳам чеклайди. Бундай зўравонда ички эркинлик бўлмайди”, дейди адиб. “Жамила”, “Юзма-юз”, “Момо ер”, “Эрта келган турналар” ва бошқа асарларида урушни бор овози билан лаънатлайди. “Инсонга азалдан нозил қилинган Эзгулик энергияси ва унга қарши қаратилган Ёзузлик энергиясини ўзгартириб бўлмайди. Булар бир-бирига тенг миқдорлардир. Лекин, инсонга абадийликнинг мангу ҳаракатини ўзида мужассам этган ақлий афзаллик ато этилганки, агар одамзот омон қолишни, яшашни, тараққиётнинг баланд чўққисига кўтарилишни хоҳласа, ўзидаги ёвузлик устидан ғалаба қозонмоғи зарур”. Яна бир фикри шуки, содир этилган ёзузлик бу ишни қилган киши билан бирга ном-нишонсиз йўқолиб кетмайди. Ирсият қонунлари уни сақлаб қолади ва бир куни қасос ўтлоғида қайта униб чиқиб, ўша ёвузнинг бўйнига ёпишади.

Адибнинг  “Момо ер” қиссасини урушни лаънатловчи асар дейиш мумкин. Овулдаги қўлига милтиқ ушлаши мумкин бўлган эркакларнинг бари фронтга кетган. Далани ҳайдайдиган, шудгорга уруғ сочадиган, экинга сув тарайдиган одам қолмаган ҳисоб. Экин экилмаганидан кейин даладан ҳосил йиғилмайди, хирмон ҳувиллаб қолади. Ўғри, муттаҳамлар кўпаяди, “Худони ҳам унутиб юборадиган вақт” бошланади. Асар қаҳрамони Тўлғаной  фарзандларини фронтга жўнатади, аёл боши билан хўжаликка раҳбарлик қилади. Уйма-уй юриб, бир кафт-ярим кафт  уруғлик йиғади. “Айланайинлар, чайнаб турганларингни, тишларингни орасидагини  бўлса ҳам беринглар, ерга сепайлик, амаллаб пишиқчиликка етиб олсак бўлди”, дейди. Қўшниси – касалванд Ойшанинг уйига кириб, ундан ҳам уруғлик сўрайди. “Икки-уч кундан бери оғриғи зўрайиб, уйда ётган экан, дарднинг зўридан ранглари синиқиб кетибди. “Эл қатори берадиганингни бергин, Ойша”, деган эдим, “Бори-будимиз шу”, деб тўрвачани кўрсатди. “Шуни бўлса ҳам бергин. Уруғликка ер тайёр, сепмоқчимиз” десам, Ойшанинг қовоғи уюлиб, индамай қўя қолди. Лаънати йўқчилиги-ей, одамни қандай хор қилади. “Ойша, бу билан кўп бўлса ўн кун тирикчилик қиларсан, лекин ҳали қаҳратон қиш турибди, келгусини ҳам ўйлаш керак дедим. Ойша ерга тикилиб туриб, ялиниб-ёлворди: “Бор бўлса аяйди дейсанми, Тўлғаной, ўзинг кўриб турибсан-ку, мен бундай яримжон бўлсам, охиратли қўшнимсан-ку”. Кўнгилчанлигим тутиб, бўшашиб кетдим, бироқ шу заҳотиёқ кўнгилчанликни йиғиштириб қўйдим: “Мен ҳозир қўшнинг эмасман!”, деб қаттиқ гапирдим. – Мен бригадирман, кўпчилик учун шу донингни олиб кетаман! – дедим-да, ўрнимдан туриб, тўрвачани қўлимга олдим. Ойша индамай тескари қаради”.

Шундай азобда йиғилган ғаллани ўғрилар уриб кетишади. Тўлғаной зим-зиё тунни, еру кўкни ларзага солиб: “Тўхта! Тўхта, юзи қоралар” дея ҳайқириб, ўғриларнинг ортидан от солади.

“Чўққида қолган овчининг оҳи-зори”да ёш Чингиз – оиланинг тўнғич фарзанди, сигирларини ўғирлаган ўғрилардан қандай ўч олишга қасд қилгани ҳақида ҳикоя қилинади: “…бошимизга тушган кулфат учун ўч олмоғим, курашмоғим лозим эди. Ўша пайтдаги тушунчам бўйича фақат бир нарса қўлимдан келарди: ўғриларни ўлдириш керак, вассалом!  Қўшниларимиздан бири бўлмиш Темурбек тракторчининг уйига милтиқ сўраб бордим… У кўрпага ўраниб, терга ботиб ётарди. Бетоб экан. Темурбек бошимизга тушган мусибатни эшитган экан, “Милтиқми, ана, деворда осиғлиқ турибди. Патронлар михга осилган сумкада, деди. – Бетоб бўлмаганимда-ку, ўзим бирга бориб, ўша муртадларни учратган жойимдаёқ отиб ташлардим”, деб қўшиб қўйди.Темурбекнинг уйидан вужудимда қасос руҳи ёниб, милтиқни олиб чиқдим. Қалбимни ғам-алам чулғаб олганди… қандай қилиб бўлса-да, ўғриларни топиб, жазолашим керак. Худди осмондан тушгандай, қўлимда милтиқ билан рўпарасидан чиқаману икки кишими, уч кишими – ҳаммасини  пешонасидан отаман… Бошқача бўлиши мумкин эмас… Милтиқни маҳкам ушлаганимча юрагимда қасос ўти ёниб борардим…”

“Момо ер”га қайтамиз. Тўлғанойнинг урушга жўнатган ўғилларидан бирови ҳам қайтмайди, келини Алиман бошқа бировдан ҳомиладор бўлиб қолади. Қўшни қўшнининг уйига ўғриликка тушади. Бу – қаттол урушнинг даҳшатлари. “Урушга даъвоим кўп, – дейди Тўлғаной. – Отилган ўқ, тўкилган қон тарихнинг ҳисобида, лекин одамларнинг завол топган умри-чи? Уни кимнинг бўйнига қўйиб, тарихнинг қайси бетига ёзамиз? Бунинг учун ким жавоб беради? Ўққа учрамаган бўлса ҳам, Алиманнинг тақдирини эслаганимда, юрак-бағрим куйиб чўғ бўлади. Унинг уволи кимга? Унинг дардини кимга айтаман? Бечора келиним,  гул севган келиним!”

Асарнинг бош ғояси – инсоннинг буюклиги, ҳаёт чархпалагининг тўхтовсиз айланиб туришини кўрсатишдан иборат. “Уруш одамни қаттиққўл қилади, тошбағир, шахсиятпараст, ҳайвон қилади, деб ким айтади? Йўқ, уруш,  қирқ йил қирғин келтирсанг ҳам, неча-нечаларнинг ажалини етказиб, ўртаб, қийратиб яксон қилсанг ҳам, одамни сен тобе қилиб, бўйсундира олмайсан. Одам умид қилган ҳамма яхшиликларидан ажралса ҳамки, қандай бўлмасин, бировга яхшилик қилсам дейди, уни суяб, турғизсам дейди, уни озгина бўлса ҳам бахтли қилолсам дейди”.

Асар қаҳрамони Тўлғаной тилидан айтилган бу ҳайқириқ, аслида,  пуб­лицист-ёзувчининг қалбидан отилиб чиқаётган  ҳайқириқдир. Юраги ғам-ғуссага тўлган Тўлғаной Ер билан дардлашади:  “Оҳ, баҳорни қўмсаб, доннинг сепилишини орзиқиб кутаётган деҳқон далам! Намиққан  юзларинг кўкимтир ранг олиб, оламнинг чор атрофига ястаниб, аллақаерларингда кумуш ранг таратиб, тўшакда ётган жувондек балқиб турганингдан айланайин, бепоён далам!”, “Ажойиб азаматлар, тоғ нураса бўлмасмиди, кўл қуриса бўлмасмиди! Сувонқул билан Қосимим, ота-бола иккови  қандай деҳқон эди! Дунёнинг таянчи шунга ўхшаш заҳматкашлар эмасми: элни тўйғизганлар ҳам, ёв келганда қўлга қурол олиб, мамлакатни қўриқлаб, қон тўкканлар ҳам ўшалар. Агар уруш бўлмаганда, Сувонқул билан Қосимим қанча одамларга ризқ-рўз бериб, мушкулини осон қилиб, экин экиб, қанча хирмон кўтариб, қанча ишни бажарган бўларди. Ўзлари ҳам эл меҳнатидан ҳузур-ҳаловат кўриб, одамнинг қанча роҳатига шерик бўлишар эди. Ўйлаб қарасанг, қизиқ, айланайин она-Ер, уруш бошланар экан-у, у урушда одамзотнинг энг асл, ҳунари бор азаматлари ўз ишини ташлаб, бирининг қонини бири тўкиб, бирини бири ўлдиришга сафарбар бўлишар экан. Мен бунга кўникмайман, умрбод кўника олмайман. Табиат томонидан яратилган энг олий мавжудотларнинг энг буюги – одамзот, дунёни ўзига бўйсундирган ким – одамзотми, шундай экан, бир-бирига бунчалик зиён келтирмай, тинч-тотув яшолмайдими? Сирдош далам, жавоб бер, айт жавобингни”.

Бу саволга она Ернинг жавоби:  “Қийин савол бердинг-ку, Тўлғаной. Мен билганимдан бери, одам одам бўлиб  яратилганидан бери урушгани урушган. Баъзан урушда мутлақо қирилиб, ном-нишонсиз кетган эллар ҳам бўлган, кули кўкка совурилиб, тирик жон қолмай, хонавайрон бўлган шаҳарлар ҳам бўлган. Неча асрлар одамзот изига зор бўлиб, бўм-бўш ётган вақтларим ҳам бўлган. Ҳар гал уруш чиққанда, гап уққанларга, урушманглар, қон тўккунча ақл ишлатинглар, деб айтаман. Ҳозир ҳам айтадиган сўзим шу: “Эй, одамлар, дунёнинг тўрт бурчагида яшаётган одамлар, сизга нима керак,  Ерми, мана мен, Ерман, барча одам боласига етаман, талашишларингнинг кераги йўқ, менга иноқлик керак! Меҳнат керак! Шудгорга битта дон ташласаларинг, юз дона қилиб бераман, хипчин санчсаларинг, чинор қилиб бераман, боғ қилсаларинг, мева тугиб бераман, мол ёйсаларинг,  пичан бўлиб бераман, уй қурсаларинг, девор бўлиб бераман, уруғ-аймоқларинг кўпайса, ҳаммаларингга жой бўлиб бераман. Мен тугамайман, мен хасис эмасман. Мен конман,  ҳаммаларингга етаман…”

Ёзувчининг болалик хотираларида уруш йиллари Шакер овулида почтальонлик қилгани, солиқ йиғувчи “финагент” бўлиб ишлагани жуда таъсирчан ифодаланган: “Овулдан бирор оилага қора хат келса, оқсоқолларнинг олдига бориб, уларга тушунтирар эдик, – деб ёзади адиб. – Улар аввал ҳалок бўлган кишининг қариндошларини чақириб, бўлган воқеадан хабардор қилиб, ўзаро маслаҳатлашгач, сўнг мени эргаштириб, марҳумнинг уйига боришарди. Мен оила аъзоларига қора хатни ўқиб берардим… Овулимиздагилар мени яхши танишарди. Улар менга ёмонликни раво кўришмасди, кимгадир қора хатни топширмоқ, ўлимнинг совуқ хабарини етказмоқ зиммамга юкланган вазифа эканини тушунишарди. Аммо, гоҳида ўз ишим билан кўчаларидан ўтиб бораётган бўлсам, аёллар мени кўриб уввос солишарди: “Яқинлашма бизникига, йўқол, қоранг ўчгур. Қани, даф бўл-чи…”

Адибнинг “Жамила” қиссасида ҳам урушни лаънатловчи таъсирчан пуб­лицистик хитобларга дуч келамиз: “Ў, жонажон бепоён далам! Қозоқ жондошимнинг ери билан пайванд бўлган азамат далам. Мана, тоғларимизни икки ёққа айириб ташлаб, қамиш ва шувоқларга кўмилиб, буюк бир денгиздай чайқалиб ётасан. Нималарга қодир эканингни ким билади сенинг! Қароғим, сиртингдан қараса қимирлаган жон йўқдек бўзариб ётганинг-ётган. Аммо кечагина қон-қардошларинг униб-ўсган бағрингда уруш бошланиб, душманлар ўлкамизга чанг солганда, қучоғингдаги гиёҳлар ёниб, довюрак чавандозларинг душман устига шердек ташланганида, мусаффо осмонингни иссиқ чанг қоплади, еру кўк ларзага келди. Ўшанда қирғоқнинг нариги бетидан от ўйнатиб келган қозоқ хабарчиси: “Отлан, қирғиз, отлан! Ёв келди!”,  деб саратон қуюни ичида яна қаёққадир отини елдек учириб кетди… Йигитлар жангга отланганда осмону замин титраб, ёвни маҳв этишга чорлаб бонг урилди… оналар ва жувонлар: “Кенг даламиз мададкор бўлсин! Хосиятли она ер мадад берсин! Буюк Манаснинг руҳи ёр бўлсин!” – деб бўзлаб қолишди”.

Публицистнинг “Қанотларимиз озод бўлди, аммо оёқларимиз ҳамон турғунлик тушовида”[1] деб номланган мақоласи кучли танқидий руҳи билан “очиқ осмонда чақин чаққандай” бўлган эди. Ўтган асрнинг сўнгги чорагида икки йирик мамлакат – АҚШ ва Совет иттифоқида космик фазони ҳарбий мақсадларда ўзлаштириш, атмосферага жосус сунъий йўлдошларни жойлаштириш мусобақаси авж олганди. АҚШ ҳукмрон доираларининг “самовий урушлар” режасига қарши советлар ҳам тегишли чора-тадбирларни кўраётганди. Бу қалтис ҳаракатларнинг ҳаммаси ер юзида тинчликни сақлаш, “душман” томоннинг ногаҳоний зарбасига муносиб жавоб қайтариш ниқоби остида амалга ошириларди. Аслида эса, ҳар икки томон ҳам ўзларига тегишли бўлган аждаҳо янглиғ ҳарбий-саноат комплексининг манфаатлари таъсирида эди. Табиийки, бу режалар иқтисодиётга, одамларнинг турмуш  тарзига салбий таъсир кўрсатар, маданият, маориф, соғлиқни сақлаш тизимида жиддий муаммоларнинг пайдо бўлишига олиб келганди. Давлат бюжетининг қанча қисми ҳарбий харажатларга сарфланаётгани ҳар икки  томонда ҳам сир тутиларди. Чингиз Айтматов биринчи бўлиб, космосни ўзлаштиришга сарфланаётган ҳаддан ташқари кўп, астрономик харажатларни қисқартириш тўғрисида жиддий ўйлаб кўриш кераклигини ўртага қўйди. Мамлакат иқтисодиётининг ачинарли аҳволи, аҳолининг деярли ярми қашшоқ кун кечириш даражасига тушиб қолгани хусусида аниқ фактларни келтириб, бундай пайтда  космосни ўзлаштириш билан боғлиқ  қимматбаҳо лойиҳаларнинг ўринсизлигини, кўрпага қараб оёқ узатиш лозимлигини  исботлаб берди. Унинг “Юқори давлат органи бўлмиш Олий Совет мудофаа эҳтиёжларининг реал меъёрини аниқлаши керак. Ўз вақтида қўшинлар Олий Совет билан мутлақо маслаҳатлашмасдан Афғонистонга киритилди. Қўшинларни мамлакат ташқарисига олиб чиқишни қатъиян  маън қилувчи қонун зарур. Ҳеч бир сабаб,  таклиф ким томонидан киритилганига қарамай, бундай ўзбошимча қарорнинг  қабул қилинишига асос бўла олмайди. Мана энди, Афғонистонда қанча кишимиз ўлдирилди,  қанча киши майиб-мажруҳ бўлди, асирга олинди – булар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинаётир. Чуқур ўйланмаган, аввал бошдан хато, қанчадан-қанча оилаларга ғам-ғусса, жудолик олиб келган бу  акция халқимизга нечоғли қимматга тушганини билсак эди”, деган жасоратли сўзлари Кремлнинг энг катта хизмат хоналарида ҳам чақмоқ янглиғ акс-садо берди.

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарига келиб, узоқ йиллар давомида инсоният онг-шуурига чирмашиб келган халқаро коммунистик ҳаракат таназзулга юз тутди, шарқий Европада, собиқ иттифоқдош рес­публикаларда кечаётган тарих, келажак ва, умуман, инсоннинг умри, дунёқараши,  тақдири билан боғлиқ жараёнлар ошкоралик эҳтиёжини юзага келтирди. Бу эҳтиёж маълум вақт кун тартибига қўйиладиган шунчаки сиёсат эмас, ҳаётнинг туб моҳиятини белгилайдиган зарурат эди. Айни шу зарурат ижодкор-зиёлилар, публицистларни ижтимоий фаолликка,  баҳс-мунозара майдонига бошлади. Айтматовнинг айни шу йиллари ёзган публицистик асарларида жамиятнинг тузалмас “касалликлари” тўғрисида дадил мулоҳаза юритилади. Айтматов, гарчи расмий сиёсатни тўла рад этмаган, унинг “танлаб олса бўладиган” томонлари борлигига ишончи сўнмаган бўлса-да, жамият танаси ва руҳиятида маънавий айнишлар  мавжудлигини матбуот саҳифаларига  олиб чиқди. Ўқувчини йигирманчи аср адоғида дунёда юзага келган мураккаб вазият моҳиятини тўғри англаш ва тафаккур қилишга, “оммавий маданият” деб номланган офатнинг инсоният бошига олиб келаётган ташвишлари тўғрисида фикрлашга даъват этади, ер юзида ҳаёт-мамотни сақлаб қолишда ҳар ким ўзининг бурч ва масъулиятини англашини, бу борадаги саъй-ҳаракатлар дунё миқёсида бирлашиши зарурлигини қайта-қайта  такрорлашдан чарчамади.

“Тарихнинг нотантилиги шундаки, – дейди адиб суҳбатларидан бирида, – инсоният тарихида бўлиб ўтган не-не қирғинбарот урушларнинг миллион-миллион қурбонлари, қатлиомларнинг бегуноҳ жабрдийдалари унут бўлиб кетади. Унут бўлиб кетди ҳам. Ҳар қандай уруш, энг аввало, тинч аҳоли бошига беҳисоб кулфат, азоб-уқубатлар олиб келади. Уруш келиб чиқишига мутлақо алоқаси бўлмаган бегуноҳ кишиларнинг, норасидаларнинг ёстиғи қурийди. Афсуски, бу қурбонлар умумий бир тарзда эсланади, холос. Гитлер, Наполеон, Македонский ва шунга ўхшаш каттаю кичик фотиҳлар эса тарихда қолади. Нима учун шундай? Нима учун биз ўша қурбонларнинг ҳар биттаси ҳақида қайғурмаймиз? Улар ичида Ватан, миллат тақдирини ҳал қилишга қодир буюк истеъдодлар, улуғ саркардалар ҳам бўлиши эҳтимоли тўғрисида ўйлаб кўрмаймиз. Бунинг мутлақо иложи йўқ. Урушнинг энг катта даҳшати  шунда”.

1968 йилнинг апрель ойида АҚШда негр халқининг ажойиб фарзанди, инсон ҳуқуқлари, ижтимой тенглик учун курашнинг толмас жангчиси Мартин Лютер Кинг ваҳшиёна отиб ўлдирилади. Бу хунрезлик публицист Айтматов қалбини ларзага солади. “Яна қотиллик. Яна Америка. Снайперлар винтовкасидан яна ўқ узиш. Бу милтиқнинг оптик мўлжали қаршисида виждонли Америка ҳимоясиз турибди”– деб ёзади у “Оптик мўлжалли винтовка” сарлавҳали памфлет-мақоласида. – Ўқдонга навбатдаги патрон жойланди, навбатдаги қурбон нишонга олинди, қотилнинг бармоғи илмоқда… Қаёққа қараяпсан, Америка? Яхши ўғлонларингни ўлдиришларига нега йўл қўйяпсан? Мана, остонангдан кимнингдир норози оҳангдаги ёвуз овози эшитилмоқда: “Биродар, сизга нима? Юрт бизники, ҳуқуқ бизники, демократия – бизники, сизга нима дахли бор бу ишнинг?” дегандай.

Дахли бор! Она заминда бўлаётган жамики воқеаларнинг бу дунёга дахли бор. Дахли бўлмаса дунё телба, телба ва яна бир бор телба бўлиб кетади”.

Публицист бундай ёвузлик ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашаётган негр халқи иродасини бука олмаслигини, аксинча, бу курашлар янада авж олишини таъкидлайди: “Кинг ваҳшиёна ўлдирилди. Уни баҳорда ўлдиришди. Олдинда эса – ёз. Иссиқ ёз! Негрлар ҳаракати ёзи. Намойишлар, курашлар, озодлик ёзи! Биз эса, албатта, ана шу иссиқ ёз тарафидамиз”.

Публицистик айбнома шундай якунланади: “Американинг яна бир виждонли фарзанди ҳалок бўлди. Ўқдонга эса навбатдаги патрон жойланди. Огоҳ бўл, Америка!”. Орадан икки ой ўтар-ўтмас, ўқдонга жойланган нав­батдаги ўқ сенатор Роберт Кеннедининг кўксига қадалди…

Бу машъум воқеалар тўғрисида жаҳон матбуотида, хусусан, Америкада ҳам жуда кўп мақолалар ёзилган. Аммо Чингиз Айтматовнинг огоҳликка даъвати ҳамон ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Чунки қонли отишмалар бугун ҳануз давом этмоқда. Қудратли Америка бу хунрезликни тўхтатиш олдида ожиз қолаётир. 2015 йил 14 декабрь куни АҚШнинг Кентукки штатида жойлашган Ньютаун шаҳарчасидаги “Сенди Хук” бошланғич мактабида юз берган фожиа нафақат Американи, диёнатли, ақлли-ҳушли дунёни ларзага келтирди. Адам Лэнза исмли шахс эрталаб, аввал шу мактабда сабоқ бераётган онасини, сўнг йигирма нафар ўқувчиларни ҳамда мактаб ўқитувчиларини отиб ташлади. Мамлакат Президенти Барак Обама фожиа муносабати билан Америка халқига мурожаат қилар экан, бундай мудҳиш жиноятларнинг олдини олиш учун самарали чоралар кўришимиз керак, деб таъкидлади. Нью-Йорк шаҳри мэри Майкл Блумберг “Ньютаун фожиаси биз қандай дунёда яшаётганимизни яна бир бор кўрсатди деди, аслида у “Бу фожиа биз қандай жамиятда яшаётганимизни кўрсатди” деса, тўғрироқ бўлар эди.

Қурол нима учун ишлаб чиқарилади? – Одам боласини ўлдириш учун! Бу воситадан бошқа ҳеч бир мақсадда фойдаланиш мумкин эмас. Қурол бор экан ва у кундан кунга, йилдан йилга такомиллашиб бораётган экан, фожиа одамлар ҳаётидан асло узоқлашмайди. 11 сентябрь воқеаларидан кейин дунё ҳамжамияти англаган бир ҳақиқат шу бўлдики, иқтисодий қудрат, ҳарбий салоҳият деганлари осмон қадар буюк бўлса ҳам, бу воситалар инсоннинг энг оддий ва жўн муаммолари ечими олдида ожиздир. Минг километр наридаги нишонни бехато мўлжалга оладиган ракета билан мақтаниш мумкин, аммо бу фахр билан бир кўнгли хуфтоннинг дилига чироқ ёқиб бўлмайди. Ойга етиб бориш мумкин, аммо инсон кўнглига етиб бориш мушкул иш.  Ҳарбий куч-қудрат билан исталган жойда чанг-тўзон кўтариш, исталган жойга байроқ қадаш мумкин, аммо инсон қалбини назоратга олиб бўлмайди. Публицист Айтматов ўз асарларида айни шу ҳақиқатни такрор-такрор урғулайди.

Шу ўринда 1989 йилнинг июнь ойида Берлин шаҳрида диний ва дун­ёвий олимлар иштирокида ўтказилган  бир давра суҳбатини ёдга олиш жоиз. Ўша пайтда Европада марксистик ғоя инқирозга юз тута бошлаган, коммунистик идеология тўғрисида танқидий фикрлар ошкора айтилаётган, бунга қўшимча, Чингиз Айтматовнинг диний мавзудаги “Қиёмат” романи хусусида баҳс-мунозара айни авжига чиққан эди. Давра суҳбатига диншунос олимлар, диний арбоблар қаторида Чингиз Айтматов ҳам таклиф этилади. Суҳбатни бошлаган В. Анастасьев ушбу мулоқотда материалист, коммунист Чингиз Айтматов ва католик Грэм Грин иштирок этаётгани, уларнинг ўзаро суҳбати қовушганини айтиб, “Гапнинг қовушгани ҳали ҳеч нарса эмас, балки, улар шунчаки бир-бирларини ҳурмат қилишаётгандир. Менинг назаримда, “Монсеньора Кихота” муаллифи билан “Қиёмат”нинг муаллифи ўз қарашларида собит қолганлари ҳолда бир-бирларини тушунганлари ғоят муҳим. Агар биз фақат бугун ҳақида эмас, бу ёруғ оламда яшаб қолмоқликнинг келажаги тўғрисида гапирадиган бўлсак, бу тушуниш сиёсатдонлар ва генералларнинг бир-бирларини тушунишларидан кўра аҳамиятлидир”, дейди.

Давра суҳбатида сиёсий қутблар ҳамда динлар ўртасидаги муносабатларга оид ўта чигал масалалар ўртага қўйилади. К.Фюссель Германия Федератив Республикасида анча йиллардан бери насронийлар билан коммунистлар ўзаро ҳамкорлик қилаётганини айтади. Таниқли драматург ва публицист  Фридрих Хитцер (Айтматовнинг болалик хотираларини ёзиб олган муаллиф) Ғарбда узоқ йиллар мобайнида турли диний эътиқод вакилларининг ўзаро мулоқотларига йўл берилмаганини айтиб, бу масала Шарқда, яъни собиқ Совет иттифоқида қандайлигига қизиқади. Давра суҳбатининг бошқа иштирокчиларини эса Чингиз Айтматов ижодида диний мавзу қандай пайдо бўлгани, бетайин, дайди, фикрлари ҳеч бир қолипга тушмайдиган семинарист Авдий Каллистратов қаердан келиб қолгани, умуман, бошқа диний муҳитга мансуб Айтматов ижодидаги бу кутилмаган “бурилиш”нинг сабаби нимада эканлигини билиш қизиқтиради. Олима Доротея Зёлле саволни янада очиқ қўяди: “Қиёмат” устида кучли теолог ишлагани кўриниб турибди. Айтматов ўз асарида дунёни диний ва мифологик анъаналарда, халқ донишмандлиги ва адабиётда тўпланган маънавий тажрибадан фойдаланишга даъват этмоқда. Мен ундан бу даъват замирига қандай маъно юклаганини сўзлаб беришини сўрамоқчиман. Ва яна билмоқчиман:  биз учун Худо керакми, масалан, Чингиз Айтматов учун Худо керакми?”

Ушбу суҳбат собиқ тузум ўз мақомида яшаб қолиш учун жон-жаҳди билан курашаётган бир пайтда бўлиб ўтганини эътиборда тутмоқ зарур. Бу ҳолат Чингиз Айтматовнинг жавобларида ҳам кўзга ташланади: “Назаримда, бизни бу ерга тўплаган қандайдир тарихий куч борлиги тўғрисида гапириш ўринлига ўхшайди. Қандайдир куч турли диний эътиқодга амал қилувчи одамларни худди бизнинг бугунги учрашувимиздек, бирлашишга чорламоқда, – дейди адиб. – Бора-бора, бундай учрашувлар одатий ҳолга айланиб қолади, аммо ўшанда ҳам,  биз – совет жамоатчилиги вакиллари учун улар фавқулодда муҳим аҳамият касб этаверади. Бунинг боиси шуки, бундан бир йил аввал бундай учрашувни – турли дин вакилларининг бир жойга тўпланиб, бир-бирларини тушунишга ҳаракат қилишлари мумкинлигини ҳатто хаёлимизга ҳам келтирган эмасмиз. Бунинг боиси, биз марксистик дунёқараш дунёни руҳан идрок этишнинг энг юксак чўққиси, барча-барча шу чўққига интилиши керак деб ўйлаганмиз. Бунга шу қадар ишонганмиз ва бу ишончга шу даражада берилганмизки, марксистик категорияларга мос келмайдиган ҳамма нарсаларни зарарли ва умрини яшаб бўлган нарсалар деб инкор этганмиз. Айни мана шу ҳолат турли динлар ўртасида узоқ вақт давом этган шафқатсиз  қарама-қаршиликка сабаб бўлди… Зёлле хоним мендан Худо ҳақида сўради. Жавоб тариқасида айтишим керакки, барча диний таълимотлар, насронийлик бўладими, ислом ёки буддавийликни оламизми, барчаси инсонни меҳр-мурувватга, саховатга даъват этади. Олий ахлоқий меъёр шундан иборат. Таассуфки, тарихда одамларни ўзимизникилар ва ўзгаларга ажратиб юборадиган воқеалар кўп бўлади. Бунинг натижасида олий ахлоқий меъёрларни ўзимизникиларга қўллаш мумкину ўзгаларга тадбиқ этиш мумкин эмас, деган мажбурий тушунча юзага келади. Қандай мақсадларда бўлмасин, сиёсийми, синфийми, бунга тоқат қилиб бўлмайди. Бундай қараш халқ бошига қандай оғир кулфатлар олиб келишини уруш кўрсатиб берди. Эҳтимол, мен соддаларча умидворлик қилаётгандирман, ҳаётнинг ўзи ҳақ ёки ноҳақлигимни кўрсатар. Аммо ишончим комилки, бизнинг жамиятимизда, мамлакатимиз тарихида ноёб бурилиш содир бўлади. Қайта қуриш ва ошкоралик халқнинг тафаккурини ўзгартириб юборди. Биз янги куч, янги илҳом қидирмоқдамиз. Бизда иқтисод билан боғлиқ муаммолар бор, шунга қарамай, бу ҳолатдан чиқишнинг йўлини топамиз”.

Ушбу баҳс бундан салкам ўттиз йил аввал бўлиб ўтган. Ўшанда таниқли руҳшунос олимлар ҳам яқин-келгусида турли диний эътиқод вакилларининг эзгулик, бағрикенглик йўлида бир-бирлари билан маънавий яқинлашишлари мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмаганлар. Чингиз Айтматов  мамлакат ҳаётида улуғ бурилиш, маънавий тозариш, эътиқод эркинлиги содир бўлишига қатъий ишонган. Бугунги авлод ана шу буюк бурилишнинг ҳаётбахш самараларидан баҳраманд бўлиб яшаётгани адиб тафаккурининг нечоғли теранлигидан далолат беради. Ёзувчи таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан шу йил 4-7 октябрь кунлари ўтказилган Иссиқкўл форумида бу фикр такрор-такрор тилга олинди.

1986 йили Чингиз Айтматов дунёнинг Петр Устинов, Федерико Майор, Лисандро Отеро, Дэвид Болдуин, Артур Миллер, Клод Симон, Александр Кинг ва бошқаларни умуминсоний муаммоларни биргаликда муҳокама қилиш ва уларнинг ечимини топиш учун мовий Иссиқкўл бўйига таклиф этади.  Ушбу форум адибга янада катта шуҳрат келтиради.

“Иссиқкўл форумини ўтказиш ғояси дабдурустдан пайдо бўлгани йўқ, албатта, – деган эди адиб суҳбатларидан бирида. – Биз бунда бугунги кунимизнинг реал воқелиги ва ҳолатидан келиб чиқдик. У ўзида, аввало, инсон тафаккурининг янгиланишини мужассамлантиради. Очиғи, бундан ўн-йигирма йил илгари даврнинг энг долзарб масалалари юзасидан гаплашиб олиш мақсадида бутун жаҳондан  маслакдошларни бир жойда тўплаш, фикр-мулоҳазаларни эмин-эркин баён қилиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаганди. Бу муҳим ғоя ўз  вақтида пишиб етилди ва амалга ошди. Гарчанд бизлар тамомила бошқа-бошқа одамлар, сиёсий, маданий тузумларимиз фарқли, дунёвий воқеа-ҳодисаларга муносабатларимиз айрича бўлса-да, мен барибир бир-биримиз билан тил топишишимизга, бутун инсониятга дахлдор муаммолар ечимини топиш йўлларини қидиришда фикран  бир жойдан чиқишимизга ишонган эдим. Бу ишонч тусмол ёки таваккалга асосланмаганди: мен бу одамларнинг имконият даражасини, дунёқарашини, онг-сезимини яхши билардим, аксарияти таклифимни рад этмаслигини юрак-юрагимдан сезардим, чунки бизлар тез-тез турли халқаро анжуманларда, расмий маросимларда учрашиб, суҳбатлашардик, фикр-мушоҳадаларимиз инсониятни жиддий хавотирга солаётган муаммоларга, мантиқсиз ҳарбий пойгага, сохта даъват ва чақириқларга бориб тақаларди.  Худди шу суҳбатларнинг мантиқий ривожи сифатида сайёрамиз ва, умуман, инсоният тақдирига боғлиқ глобал ташвишлар ҳақида ўйлайдиган, нималарнидир таклиф этишга қодир, ўз атрофига бир-бирларига руҳан яқин одамларни уюштирадиган, уларнинг сўз ва бошқа имкониятларидан унумли фойдалана оладиган норасмий бир уюшма тузиш зарурлигига эҳтиёж туғилди. Айтишим керакки, ижодкор зиёлиларнинг ижтимоий маънога эга публицистик сўзида, таъсирчан нутқида гўзаллик, эзгулик, юксак инсонийлик туйғулари улуғланади. Бу –  исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Муҳими, бундай чиқишлар  ижтимоий адолатнинг қарор топишида, гражданлик масъулиятини ҳис этишда, нималарнидир бошқалардан кўра аввалроқ сезишда ва огоҳ бўлиб яшашда чўнг аҳамият касб этади”.

Биринчи форум тинчлик-тотувлик, яхши қўшничилик, сайёрамизда инсон ҳаётини сақлаб қолиш, ер, сув ва ҳавони келгуси авлодларга мусаффо ҳолда қолдириш масалаларида маънавий жиҳатдан бирлашиш, бефарқ бўлмаслик, имкониятлардан мақсадга мувофиқ ва ҳамманинг манфаатларига мос равишда фойдаланиш зарурлигини кўрсатди. “ХХI аср маданиятининг глобал ва миллий аспектлари” мавзусида ўтган бу йиғинда Чингиз Айтматов маъруза қилиб, ер юзида тирикликни сақлаб қолишда бундан буён миллий маданиятлар ва уларнинг ўзаро уйғун ҳолда ривожланиши ҳал қилувчи аҳамият касб этади, деган, авваллари ҳеч қаерда айтилмаган фикрни ўртага ташлади. Дунё бу дадил фикрни эшитди ва унга эътибор қаратди. 2004 йили Иссиқкўлда ЮНЕСКО шафелигида ўтказилган Евроосиё саммитида, адиб вафотидан сўнг 2013 йили Бишкек ва Чўлпон-отада бўлиб ўтган “Чингиз Айтматовнинг Иссиқкўл форуми: миллий маданиятлар диалоги ва цивилизацияларнинг ўзаро яқинлашуви” шиори остидаги мулоқотда  айни шу ғоя яна бир бор ўз тасдиғини топди. Бу тасдиқ инсоният ҳаётини жиддий хавф остида қолдираётган муаммолар ечимини топиш йўлидаги амалий ҳаракатларни бирлаштиришда янгича, “умумбашарий тафаккур  зарурлигини” англатгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Бу муҳим ғоя Чингиз Айтматовнинг кўплаб асарлари, публицистик мақолалари, халқаро анжуманлардаги нутқлари, давра суҳбатларида  ҳам мавжуд бўлиб, адиб дунёқараши нақадар кенглигидан,  дунёда кечаётган мураккаб жараёнлардан яхши хабардорлигидан  далолат эди.

Чингиз Айтматов умрининг сўнгги дақиқаларигача миллий ва умум­инсоний қадриятларнинг  уйғун  ривожланиши тарафдори бўлиб яшади. Бугун адиб таваллудининг 90 йиллиги дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан Ўзбекистонда ҳам  давлатимиз раҳбарининг қарори асосида  кенг нишонланаётган экан, адибнинг мовий Иссиқкўл бўйида туғилган, маданий дунё эътирофига сазовор бўлган –  муаммоларни фақат бугунни эмас, эртани, олис келажакни  ўйлаб биргаликда ҳал этиш зарурлиги ҳақидаги фикрлари янада яққол кўзга ташланади. Зеро,  дунёнинг бугунги ижтимоий-сиёсий, маданий-маънавий ҳолати адабиёт, маданият, санъат соҳалари намояндаларининг аниқ мақсад йўлида бирлашишларини, бамаслаҳат ҳаракат қилишларини тақозо этмоқда. Шу боисдан ҳам Иссиқкўл диалогларининг қайта тикланиши дунё маданий жамоатчилиги эътиборини ўзига қаратди.

Анжуман Чингиз Айтматовнинг уй-музейи билан танишиш, Ота-Бейит қабристонида ёзувчи хотирасини ёдга олиш маросими билан бошланди. Ҳаяжонли ушбу дақиқаларда виқорли Олатоғ этагида, ўттиз еттинчи йилги сиёсий қатағонда ҳалок бўлган ватандошлари, жумладан, отаси Тўрақул Айтматов билан бирга мангу қўним топган адиб бугун ҳам бутун вужуди, қолдирган бебаҳо ижодий-фалсафий мероси билан тоғларнинг қуламаслиги, инсон ўзининг маънавий қиёфасини йўқотмаслиги, бу она заминда ҳаёт ва тириклик қўшиғи сўнмаслиги ҳақида ўй суриб ётгандай туюлди менга. Зиёратгоҳдаги ёзув – Чингиз оғанинг “Бугун инсон олдидаги энг қийин вазифа – инсонликни сақлаб қолишдир”, деган сўзларини ўқиб, кўнглимдан шу мулоҳазалар ўтди.

Йигирма беш мамлакатдан келган таниқли  жамоат арбоблари, ёзувчи ва олимлар, маданият ва санъат намояндалари тўрт кун давомида Чингиз Айтматовнинг бу дунёда инсон ҳаётини, инсоний фазилатларни асраб қолиш, миллий-маънавий меросни ривожлантириш, бошқаларга нисбатан куч ишлатмаслик, зўравонлик қилмаслик, инсон эрки ва туйғуларини ҳақоратлаш, диний эътиқодни менсимаслик каби ғайриахлоқий иллатларга бефарқ бўлмаслик ҳақидаги даъватларини янада кучайтириш йўлларини муҳокама қилдилар. Маърузаларда дунё минтақаларида уруш ҳаракатлари кучайиб бораётгани, қонли тўқнашув ва можаролар туфайли минглаб бегуноҳ одамлар уй-жойидан, мол-мулкидан ажралиб қолаётгани, атроф-муҳитга жиддий зарар етказилаётгани, оқибат натижада дунёни иқтисодий манфаат нуқтаи назаридан қайта  бўлаклаш, ижтимоий-ҳуқуқий принципларга амал қилмаслик ҳаракатлари, маънавий қашшоқланиш, худбинлик, миллий туйғуларни менсимаслик иллати юзага келаётгани айтиб ўтилди. Форумда иштирок этган ўзбекистонлик олимлар Иброҳим Ғафуров, Ҳамидулла Болтабоев, Зуҳриддин Исомиддинов, Тўланбой Қурбонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид Чингиз Айтматовнинг адабий-маънавий мероси  дунёда юзага келаётган ижтимоий муаммоларни ҳал этишда бундан буён ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Қирғизистонлик ҳамкасбларимиз Ўзбекистонда Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодини илмий жиҳатдан ўрганиш, асарларини тарғиб қилиш, таваллуд кунининг 90 йиллигини мамлакат миқёсида нишонлаш борасида амалга оширилаётган ибратли амалий ишларга, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик, иқтисодий, илмий, адабий-маданий ҳамкорлик алоқаларини ўзаро ҳурмат-эҳтиром руҳида кучайтириш борасидаги янги халқчил йўлига юксак баҳо бердилар. Давлатимиз раҳбарининг махсус қарори асосида тайёрланган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” хотира китоби, шунингдек, адибнинг янги сайланмаси, “Чингиз Айтматов: Давр. Инсон. Ҳақиқат”, “Чингиз Айтматов ва ХХI аср” монографиялари адибнинг уй-музейига, Қирғизистон Давлат Миллий кутубхонаси, Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа ижодий ташкилотларга, айтматовшунос олимларга топширилди.

Форум якунида анжуман қатнашчиларининг дунё мамлакатлари раҳбарлари, маданият ва санъат арбобларига мурожаати  қабул қилинди.

Тошкент-Бишкек-Чўлпон-ота.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 9-сон

____________

[1] “Правда”, 1989 йил, 2 апрель.