Янги бангол адабиётининг асосчиси, умумҳинд маданиятининг улуғ намояндаси, Оврўпа лаҳжасида Тагор номи билан машҳур бўлган Рабиндронатҳ Тҳакур (1861-1941) дунёга келганига юз эллик йил тўлди. Лекин даҳо ёзувчининг асарлари бугун учун ёзилгандек, биз билан ёнма-ён яшаб келмоқда. Тҳакур Шарқдан биринчи бўлиб Нобел мукофотига сазовор бўлган ёзувчи. Унинг ҳикоя ва қиссалари, роман ва пиесалари жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Бизда ҳам Тҳакурга қизиқиш ХХ аср бошларидаёқ бошланган эди. Буюк шоиримиз Чўлпон ҳали ёшлик пайтидаёқ янги, реалистик ўзбек адабиётини яратиш ҳақида қайғурар экан, ана шундай янгиликни у Рабиндронатҳ Тҳакурда кўради. Тҳакурга бир эмас, уч мақола бағишлайди.
Тҳакурнинг эстетикага доир мулоҳазалари асосан «Гўзаллик», «Гўзаллик ва адабиёт», «Гўзалликни идрок этиш», «Адабиётда оламнинг акс этиши» каби рисола ва мақолаларида ўз ифодасини топган. Унинг эстетик қарашлари асосида ўзи бутун умр амал қилган ғайризўравонлик ахлоқ фалсафаси тамойиллари ва браҳманчиликнинг ахлоқий ақидалари ётади. У гўзалликнинг мақсади, вазифалари ва зарурлиги ҳақида фикр юритар экан, шундай ёзади: «Шубҳа йўқки, гўзаллик ҳиссини ривожлантириш – уйғун камол топган шахс тарбиясининг ажралмас шарти. Гўзаллик зарурийдир». Лекин ҳақиқий гўзалликка эришиш, уни том маънода идрок этиш учун инсон муайян комиллик соҳиби бўлмоғи лозим. Гўзалликка олиб борадиган йўл енгил-елпи туйғулар орқали ўтмайди, бу ғоят мураккаб, сабрни, қунтни талаб қиладиган йўл. Шу боис гўзалликни яратиш ва идрок этиш ўзни тута билиш, босиқлик билан боғлиқ. Зеро, «Инсон қўли билан яратилган гўзаллик доимо уни яна бир бошқа – қудратли гўзалликка чорлаб туради», деб ёзади адиб. Гўзалликнинг асосий қуроли истисноликдир. Гўзаллик қувончи ҳақиқатни тўғри идрок этишдан юзага келади.
Тҳакур гўзалликни идрок этиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтади. У гўзалликни фақат ҳиссий идрок этиш мумкин эмаслигини таъкидлайди, акс ҳолда биз бор-йўғи ўткинчи ёқимлиликни кузатган бўламиз. «Шундай қилиб, – деб ёзади буюк бангол мутафаккири, – аниқки, гўзаллик фақат кўз учун манзара бўлиш ҳолатидан то ақл учун озуқага айланиш даражасига кўтарилмагунча муҳимлик касб этолмайди. Ақл учун ана шу озуқани ола билиш – алоҳида тарбиянинг иши. Зеро, ақл жуда кўп босқичларга эга. Агар танқидий ақл ҳиссиёт билан ёнма-ён турса, бизнинг қувваи ҳофизамиз кенгаяди. Биз яна ҳам узоқни кўра оламиз, агар бизнинг қарашимиз юксак ахлоқий идеаллар билан нурланган бўлса, бундай руҳланган нигоҳ чегара билмайди». Бунинг асосий сабаби шундаки, гўзаллик бахт билан боғлиқ. Агар биз бахт ҳақидаги тасаввуримизнинг воқелик билан тўла мос келганини англасаккина, гўзалликни кўра биламиз: бахт, бу – аслида инсоннинг теран ботиний гўзаллиги. Бахтни англаш эса доимо эзгулик ва ёвузлик томонидан бўладиган зарбани кутиш ҳолатидир. Ана шу кураш икки қирғоқ орасидаги дарёнинг ҳаётига ўхшайди. То дарё денгизга етиб келмагунча, икки қирғоқ орасидаги кураш давом этаверади, фақат у денгизга қўшилгандагина кураш тўхтайди. Гўзаллик ҳам ана шу тахлит намоён бўлади: у ҳақиқатга келиб қўшилгандагина ҳақиқий ўзлигини, бетакрор кенглигини топади. Шундай қилиб, ҳақиқат – бахт ва олий гўзалликнинг уйғунлигидан иборат эканини биз тушуниб оламиз.
Тҳакурнинг илҳом, тасаввур ва хаёлот борасидаги фикрлари ҳам гўзаллик тўғрисидаги мулоҳазалари билан ҳамоҳанг. У илҳомни алоҳида, ҳеч бир тилга ўхшамайдиган, ноодатий ҳиссиётни ифодалайдиган сирли тилни яратувчи мўъжизавий ҳодиса, деб атайди. Илҳом яратган бу тил теран мазмунни оҳанг билан уйғунлаштирган тарзда ниманидир очиқ сўзлайди, ниманидир яшириб қолади. У реал олам инсонда уйғотган туйғуларни тўғридан-тўғри эмас, балки тимсол ва истиоралар пардасига ўраб тақдим этади.
Тасаввурни эса мутафаккир инсон қалбининг энг ажойиб ҳусусияти сифатида талқин қилади. Инсон қалби шундай улуғворки, у реал мавжуд бўлган оламни ўзининг субъектив мулкига айлантира олиши мумкин. Дунё билан қалбан бирлашув инсонни изтиробдан қутқаради. Оламга фақат ҳиссиёт воситасида эмас, балки теран маънавий-руҳий жиҳатдан боғлиқ бўлишимиз учун ана шундай ҳолат – тасаввур зарур. Айнан тасаввур ботиний «мен»имизнинг ўзидан ташқаридаги мавжудлик билан қондош эканини ҳис этишига имкон яратади: биз ўзимизники бўлмаган нарсаларни маънавий жиҳатдан ўзимизникига айлантирамиз. Санъат ана шу тасаввурнинг маҳсули. Зеро, адибнинг таъкидлашича, «воқеалар қачонки реаллик тўридан озод бўлгандагина ва биз унга тасаввур призмаси орқали қарай олганимиздагина, бизга тўғридан-тўғри бадиий таъсир кўрсатади».
Ана шу тасаввурга асосланган хаёлот бизнинг ўз оламимизни яратишга кўмак беради. Хаёлот кучи реал дунёни ўзимиз учун қайтадан яратади. Зеро, инсон табиатан яратувчи мавжудот, Бируборнинг яратганларига қаноат қилмай, ҳамма нарсани ўзига мослаштиришга ҳаракат қилади ва ўз ижоди орасида яшайди. Инсон ўз оламини, ўз олами манзарасини ўз қўли билан яратади ва бундан теран қувонч ҳиссини туяди. Буюк санъаткорлар яратган ўлмас бадиий қиёфалар шу тахлит вужудга келган.
Тҳакур реализм услубида бадиий қиёфа яратишда типиклаштиришнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтади. Бадиий қиёфадаги индивидуаллик умумлаштирувчилик хусусиятига эга. Зеро, бадиий ижод табиатдан, воқеликдан нусха кўчириш билан шуғулланмайди, балки реал ҳаётда сочилиб ётган ҳодисаларни муайян бадиий тизимга, бизнинг қалбимиз, маънавий оламимиз билан уйғунлашиб кетадиган тартибга солади. Шу боис адабиёт ва санъат доимо умумникига айланган шахсий фикр ва ҳиссиётлардан иборатдир, дейди буюк бангол мутафаккири. У адабиёт мисолида реализмнинг қудратини тавсифлар экан, айни пайтда реалистик адабиёт ва санъатнинг вазифасини қуйидагича белгилаб беради:
«Реалистик адабиётда биз ўз фикримиз, қайғуларимизни нафақат замондошларимиз учун муҳрлашга интиламиз, балки уларни абадийлаштиришга уринамиз, – деб ёзади Тҳакур. – Демак, уларнинг аҳамияти вақтнинг шу улкан даврига мос келмоғи лозим. Гарчанд абадийлик замонавий воситалар билан тикланса-да, лекин замонавий миқёслар билан чегараланиб қолиши мумкин эмас. Шу сабабли воқеликнинг адабиётдаги инъикоси моҳиятан тор долзарбликдан фарқланади.
Адабиётнинг вазифаси – ботинни зоҳирга, фикрни сўзга, хусусийликни ижтимоий аҳамиятли ҳодисага, бугунни адабиётга айлантиришдан иборат».
Тҳакурнинг фикрига кўра, реализмдан чекиниш – оқилона, босиқлик билан ҳақиқий гўзаликни идрок этиш ўрнига тасодифан жунбушга келган инстинкт воситасида қандайдир бир муддат учунгина гўзал бўлиб кўринган нарса-ҳодисани топиб, ундан завқланиш, кичик билан каттанинг, қисм билан бутуннинг фарқига бормасликни келтириб чиқарди; бундай ҳолатда инсон жунбушни – завқ, хунукликни – гўзаллик деб хатога йўл қўяди; бундай нотўғри ёндашув замонавий Оврўпа адабиёти ва санъатида тобора кўпроқ учраётгани ачинарли ҳол.
Кўриниб турибдики, бу ўринда гап баъзи бир модернистик йўналишлар санъати ҳақида бормоқда. Тҳакур бундай модернизмни ўткинчи ҳиссиётга, шов-шувга асосланган услуб сифатида танқид қилади. Чунки унда юксак идеал йўқолади, унинг ўрнини бир зум бизни ҳайратга соладиган оппоқ дунёдаги қора доғ эгаллайди, олам ўз гўзаллиги ва улуғворлигини йўқотиб, майдалашиб, хунуклашиб кетади. «Афсус-надоматлар ва ёмонликлар ортида инсоннинг улуғлиги кўринмайдиган адабиёт билан фахрланиб бўлмайди», деб ёзади буюк мутафаккир ёзувчи.
Шундай қилиб, Рабиндронатҳ Тҳакурнинг эстетик қарашлари гўзалликнинг ўзига хос талқинидан тортиб, санъат ва санъаткор масалаларининг атрофлича, реалистик таҳлилини ўз ичига олган маънавий бойлик сифатида ҳам миллий-минтақавий, ҳам умумбашарий жиҳатдан диққатга сазовордир. Унинг гўзаллик фалсафаси бугунги кунда, оммавий санъат авж олган асримизда алоҳида аҳамиятга эга.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 21-сонидан олинди.