Абдулла Аъзамов. Дунёларни илкида тутган шоир

Шундай тарихий ҳодисалар борки, улар, хоҳ тайин миллат тақдири билан боғлиқ равишда ўрганилсин, хоҳ умумжаҳон мезонлари билан ўлчансин, идеал деб эътироф этилиши лозим. Бундай ҳодисалар ҳусусида бахс юритганда “ҳар йўсинда — бир қусур” деган мақолга таяниб ёндашиш ўзини оқламайди. Алишер Навоий сиймоси ва ижоди — ана шундай феноменлардан биридир. Демоқчимизки, Навоий ижоди — бирон бир сакталикдан холи. Агар бадиий ижод умуман идеал бўлиши мумкин бўлса, бу сифат, бизнингча, биринчи навбатда Навоий шеъриятига тааллуқлидир.
Тўғри, буюк шоир ўзи тузган дастлабки девонининг “Дебоча”сида “баъзи абётеким, хомроқ ва баъзи ғазалиётеким, нотамомроқ эрди” дея, ғазаллари турли савияда эканлигига қарамай девонга киритишни лозим топганини изҳор қилади:     

Гул бўлса, тикан доғи бўлур бўстонда,
Дур бўлса, садаф доғи бўлур уммонда,
Сукр (cархушлик) ўлса, хуммор (бош оғриғи) ҳам бўлур давронда…

Лекин улуғ шоирнинг бу эътирофи унинг бадиий-маънавий меросига муносабатда “Навоий ҳам камчиликларга йўл қўйган” деган тезисга асос бермайди. Чунки, биринчидан, Навоийнинг зикр этилган эътирофи — ислом дунёсининг барча буюк намояндаларига хос камтарлик аломати сифатида қабул этилиши лозим. Шеърларини бир гул, бир тиканга ўхшатган шоир ҳудди шу ерда ўзи ҳақида “гар худ бўлай булбул, вагар зоғ” дейдики, буни азбаройи камтарликдан ўзгача тушуниш гуноҳу гумроҳликдир. Ҳарқалай, шоир юқоридаги рубоийни шундай якунлагани бежиз эмас:
Айб айлама, сода байт бу девонда.
Навоий бўстонининг тикани ҳам аслида гул. Қолаверса, “Бадойиъул – бидоя” билан “Хамса” орасида катта давр ўтганини ҳам ҳисобга олиш лозим. Девонлар қайтадан, демак, шоирнинг эстетик талаби яна ҳам юксалган пайтда тартиб берилган “Хазоинул – маоний” “Дебоча”сида эса “хомроқ” байтлар, “нотамомроқ” ғазаллар ҳақида сўз юритилмаган.
Яна бир мушоҳада. Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Мен ҳам бир инсонман, хато ва камчиликларга йўл қўйишимиз мумкин” дегани тўғрисида ҳадислар бор, аммо бундан Оллоҳ элчисининг нафақат пайғамбарлик фаолиятини, балки оддий турмушдаги ҳатти-ҳаракатларини ҳам тафтиш қилиш ҳуқуқи келиб чиқмайди. Албатта, Навоий пайғамбар эмас, лекин ўзбек адабиёти учун, ҳатто жаҳон адабиёти учун ҳам пай¬ғамбар мақомидаги зотдир.
Иккинчидан, адабиётнинг маҳорат чўққиси сари юксалишда — сўз санъатини эгаллашда бошқа ижодкорлар ўн йиллар ичида босиб ўтган масофани Алишер Навоий ўсмирлик давридаёқ ортда қолдириб кетган, ўзининг дастлабки девонига тартиб берганда даҳо санъаткор мавқеига кўтарилиб улгурган эди.
Биз Навоий шеърлари, адабиётнинг энг инжиқ ёндашувидан келиб чиққанда ҳам, барча мезон ва меъёрлар талабларига қатъий жавоб беради, улар зиғирдай бўлса-да сакталикдан мутлақо холи, дея даъво қилишга журъат этамиз. Мабодо, Навоий шеърларининг қўлёзмаси ёки наш¬рида сакталик учраса, бу муаллифдан эмас, балки хаттот ва ноширларнинг бефарқлиги, балки малакасидаги етишмовчилик оқибатидир. Мабодо, унинг шеърларида адабиётнинг юксак мезонларига мос тушмайдиган байт ёки мисра учраса, даставвал ўша мезонларнинг ўзи тафтиш қилиниши, ҳеч бўлмаганда аниқланган номутаносиблик сўнгги ҳақиқат тарзида эмас, балки муаммо тариқасида баён этилиши мақсадга мувофиқ.
Фикрми, туйғуми, кайфиятми ва ҳоказо — шеър бўлиб қоғозга қуюлганда, сўз излаш, қофия танлаш, сўзларни вазнга тушуриш, бадиий санъат билан безаш каби муаммолар Навоий учун бегона бўлган — бундай муаммолар билан сўз мулкининг султони болаликдаги машқлари чоғида йўлиқса йўлиққандир, аммо шеърнависликнинг бундай даражаси “Навоий” деб аталадиган чўққининг пойидан ҳам анча пастда туради.
Навоий шеърлари аруз вазни ҳамда мумтоз адабиёт меъёрларига қатъий мувофиқлиги бугунги кун нуқтаи назаридан ғайриоддий ҳодиса, англаш қийин тилсим бўлиб туюлади. Лекин унинг асарларида сўз бойлигининг фавворадай қайнаши, жумлаларнинг арузга марварид шодасидай терилиши, мисраларнинг равонлиги, сўзларнинг бир-бири билан бирикиб, энг нозик маъноларни касб этиши — буларнинг бари Навоий учун нафас олишдек жўн ва табиий ҳолатга айланган. Шунинг учун Навоий хаёлида қандай фикр, дилида қандай туйғу туғилган бўлса, тоғ чанғиси чемпиони мунтазам машқини олган трассада сирпанганидек, бир йўла ва равон шеърда ифодалаб кетилган, дейилса, ҳақиқатга хилоф бўлмайди. Лўнда қилиб айтганда, Навоий учун арузда шеър айтиш “она тили”дек бўлган.
Навоий мисралари талқини устида қайта ва қайта фикрлашга етарлича фурсати ё ҳафсаласи бўлмаган ёки мақсад йўналишини тўғри олмаган, хилма-хил нуқтаи назарларни жалб қилмаган китобхон — у ғарблик тадқиқотчи бўладими ёки шарқлик таҳлилотчи — Навоий шеър¬ларида камчилик, номукаммаллик кўриши мумкин. Кимдир Навоийни “форсчадан таржимон” дея айблаган, кимдир “мазмун шаклга қурбон қилинган” дея таъна тошини отган, яна кимдир “ижодида асосан ўша давр учун анъанавий бўлган мавзулар етакчилик қилади” деб танқидга олган, яна кимдир бошқа нуқсларни топган.
Аслида бундай иддаоларнинг барчаси нисбий, Навоий шеърияти эса мутлақ.
Навоий шеърларининг ичида бирон бир байт йўқки, у нимаси биландир оригинал, қайсидир жиҳати биландир бетакрор бўлмасин. Навоий ижодида бирон-бир шеър йўқки, унда гўзал туйғулар, самимий инсоний кечинмалар, нозик фалсафий мушоҳадалар, бир сўз билан айтганда, уммон қадар тубсиз ва осмон қадар кенг мазмун бўлмасин.
Аслида Навоий ижодида шакл мукаммаллиги билан мазмун муаззамлиги ўзаро уйғун ва чамбарчас боғлиқ: Навоий учун шеър ёзиш она тилида сўзлаш, нафас олишдек табиий жараёнга айланган экан, ижод жараёнида унинг фикри, ўйи нима билан банд бўлган? Табиийки, мазмун билан! Фикримизни ойдинлаштириш учун жўнроқ бўлса ҳам бир мисол: футболчининг диққати ўйин давомида тўпни бошқаришга қаратилади. Лекин Пеле сингари ўйинчида футбол маҳорати, ҳусусан, тўпни бошқариш техникаси шундай босқичга етадики, энди унинг диққати кўпроқ майдондаги вазиятни кузатиш, фикри эса фавқулодда комбинациялар ижод қилишга йўналади. Аслида бу хусусият — маҳорат такомиллашуви жараёнида миқдорнинг сифатга ўтиши ҳайкалтарошликда Микеланжело, бастакорликда Моцарт, созандаликда Турғун Алиматов каби даҳо ижодкорларнинг барчасига хос қонуниятдир.
Навоий эса даҳоларнинг даҳоси. Шунинг учун ҳам унинг шеърлари мумтоз адабиётимизнинг бошқа вакиллари шеърларига ўхшамайди. Шунинг учун ҳам Навоийнинг ижодий мероси умумжаҳон адабиёти миқёсида ҳам беқиёслигича қолиб келмоқда.
Учинчидан, Навоий асарлари мазмунан чуқурлигидан ташқари, қайд этиш лозимки, ўта мураккаблиги билан ажралиб туради. Кўпинча унинг айни бир шеърида дунёвий, фалсафий, тасаввуфий ва яна биз билган ва билмаган бош¬қа маънолар мужассам бўлади.
Навоий нафақат буюк шоир, айни пайтда яна ҳам буюкроқ мутафаккир, файласуф, замонасининг улуғ алломаси эди. Мисол учун, Аристотел асарларини мутолаа қилган киши уларни шундай — бир неча бор ўқигани билан тушуниб кетавермайди. Ҳатто юнон тилини ниҳоятда яхши билган Форобий, Ибн Сино, Беруний каби буюк иқтидор соҳиблари уларнинг мағзини чақиш учун кўп йиллар сарфлаган, шарҳлашга интилган. Кейинги авлод алломалари бу шарҳларни ўқиб ҳам тагига етавермаганларки, шарҳларга шарҳ — ҳошия битиш урф бўлган.
Навоий бир неча мадраса кўрган, юнон фалсафасини ҳам, Шарқ фалсафасини ҳам ўрганган, яхши билган. Буюк иқтидор соҳиби учун Самарқандда — ўша даврнинг энг олий илмий даргоҳларидан бири бўлмиш Улуғбек мадрасасида фан билан шуғулланиш имконияти туғилган экан, у бундан албатта самарали фойдаланган, Темурийларнинг бой кутубхонасида мутолаа билан машғул бўлган, етук алломаларнинг маърузаларини тинглаган, илмий суҳбат ва баҳсларда тафаккурини тоблаган. Унга араб тилининг етук билимдони сифатида шуҳрат қозонган Фазлуллоҳ Абу Лайс Самарқандийдай олим устозлик қилгани ҳам бежиз эмас. Навоий шеърларида арабизмлар (арабча сўзлар) кўп қўлланишининг боиси, бир томондан, у бу тилни мукаммал эгаллагани бўлса, иккинчи томондан, араб тили нафақат Қуроъни карим ва ҳадислар тили, айни пайтда Шарқ фанининг илмий тили эди. Хусусан, фалсафий тушунчалар арабча сўзлар билан ифодаланган. Бизга бугун Навоий қўллаган кўпгина сўзларнинг маъноси нотаниш ёки мавҳум бўлиб туюлади, улар матнни тушунишни оғирлаштиради, “Нима учун Навоий соддароқ тилда ёзмаган?” деб таажжубга солади. Лекин том маънодаги фалсафа умуминсоний ҳодиса бўлгани учун бундай ҳолат маълум даражада мажбурий эди. Рус тилида ҳам фалсафий тушунчаларнинг мутлақ кўпчилиги юнонча сўзлар билан ифодаланади (мисол тариқасида “демократия” тушунчасини ёки “фалсафа — философия” сўзининг ўзини олиб кўриш мумкин). Мисол учун:

Эй, етти манзар тарҳига меъмори сунъунгдин бино,
Маснуълар фоний, вале маслуби сониъдин фано,

байтидаги мазмунни соддароқ баён қилиш учун бус-бутун рисола ёзишга тўғри келарди.
Ҳайратул-аброр”, “Садди Искандарий”, “Лисонут-тайр” — булар нафақат бадиий достон, айни пайтда, балки аслида ҳам фалсафага оид чуқур илмий тадқиқотлардир.
Тўртинчидан, Навоий шоир ва мутафаккир олимгина бўлиб қолмай, ўша давр жамияти ҳаётидаги, оддий одамлар орасидаги муносабатлардан тортиб то умумдавлат, умуминсоний муаммоларгача дуч келган, фаол ижтимоий жараёнда ўзи бевосита иштирок этган арбоб ҳам эди. Навоийнинг болалигида кўрган давр ал¬ғов-далғовлари, ҳали ўсмирлик ёшида йўлиққан ташвишлар, йигитлигида бошига ёғилган бало-қазолар бир неча тарихий шахс таржимаи ҳолини бойитиш учун кифоя қилган бўларди. Лекин тақдири азал бу билан кифояланмай, Навоийни умрининг сўнгги дамларигача “сахийлик” билан хилма-хил синовларга рўбарў этиб турган. Бугун биз уларни тасаввур қилишимиз ҳам осон эмас.
Буларнинг бари қор сувлари баҳорда тоғ бағрига симирилгани каби шеърларига сингиган, ёзда тош ёриқларидан отилиб чиққан чашмадай навоийона ғазал, қитъа, рубоий, достон боблари бўлиб қоғозга тушган. Гоҳ муножот, гоҳида фарёд бўлиб, гоҳ дардли ўй, гоҳо эса аччиқ киноя тарзида: “Ишқим ошуби (кўнгил ғалаёни, ҳаяжон) туғёнида ҳар суубатким (қи¬йинчилик) юзланур эрди, чун бир ҳамдард рафиқим йўқ эрдиким, дардимдин шаммае (бироз бўлса-да) изҳор қилғаймен, бирор байт бирла ул ҳол мазмунини назм қилиб кўнглумни холий қилур эрдим ва жунуним шиддати (ўзни унутиш, экстаз) ғалаёнида ҳар ошубиким, оллимға келур эрди, чун ҳамзабон мушфиқим йўқ эрдики, махфий ўтумни ошкор этгаймен, бирор матлаъ била ул маънони адо қилиб, қаттиғ ҳолимни шарҳ этар эрдим”.
Буларнинг бари Навоийнинг инжа ва безовта қалбининг тубига шароб қуйқасидай чўкиб борган, юрагида чандиқлар қолдирганки, алал-оқибат, ҳали олтмишга тўлмай оламдан кўз юмишига сабаб бўлган.
Навоий ўзини “ўз куйининг оловида куйиб кул бўлган қақнус қушига” ўхшатиши ҳам шундан. Ўсмир ёшида ўзига “Навоий” тахаллусини танлаганида ҳам ўзига хос тилсим мавжуд. Зотан, наво — шунчаки мусиқа тури эмас, у аслида “қалб изтиробларидан иборат куй” маъносини билдиради (йирик навоийшунос ва таржимон С.Н.Иванов шоир тахаллусини “Вдохновенно поющий” деб изоҳлайди).
Навоий айтадиганини айтиб, ёзадиганини ёзиб қолдирган — буюк хазина яратиб кетган. Эндиги вазифа — бу хазинани истифода этиш. Бунинг йўлларидан бири—талқин ва шарҳлардан иборат.
Навоий шеърларининг кўпчилигига хос ҳусусият бу — улар турлича талқин қилиниши мумкинлигида. Аслида Бетховен симфониялари, Пикассо картиналари каби санъатнинг бошқа турларига оид асарларига ҳам шундай табиат ёт эмас. Бир қарашда сўз санъати мусиқа, тасвирий санъатга нисбатан конкретроқ мазмунга эга бўлиши керакдай туюлади. Аммо Навоий шеър-ларида ранг ҳам бор, оҳанг ҳам бор. Устига устак нутқда маъно борлиги эса уни соддалаштирмайди, аксинча, тагмаъно қатламларини пардалаб, уни янада мураккаблаштиради, ранг-баранглик турли бурчак остидан қараганда турлича товланиш хусусиятини беради.
Сўзнинг кўпмаънолиги яхши маълум ҳодиса. Рус филологи Д.Н.Шмелев сўзнинг бу хусусиятини янада бўрттириб, “чекланган воситалар билан инсон тажрибасининг чеку чегарасизлигини ифода эта олиш” хоссасини урғулайди (Проблемы семантического анализа лексики. Москва, 1973). Л.С.Переломов “Конфуций. Лунь юй” китобида (Москва, 1998) буюк хитой донишмандининг рус тилига “Учиться и своевременно претворять в жизнь — разве не в этом радость?” деб таржима қилинган ўгити юзга яқин маънодаги талқин этилганини бирма-бир санаб келтирганки, бу мисол ҳам Шмелев фикрини тасдиқлайди.
Навоий шеърларида фалсафа бадиийлик билан йўғрилгани сабабли талқин учун имконият яна ҳам кенгроқдир.
Албатта, ҳар қандай талқин — субъектив, матн¬дан ташқари талқин қилувчининг тушунчасига, ёшига, ҳатто кайфиятига боғлиқ бўлади. Натижада биз айни бир шеърнинг турлича, ҳатто бир-бирига зид мазмундаги талқинларини ўқиймиз. Масалан, “Қаро кўзим” деб бошланувчи ғазалнинг ҳозиргача ўнга яқин талқини берилди.
Бир ғазал ёки байтни турлича талқин этиш ижобий ҳодиса эканлигини эътироф этиш лозим. Кимнинг талқини тўғрироқ, деган саволга келсак, бу ҳал этилиши мураккаб муаммо. Навоий асарларининг талқинига нисбатан бугун бу масалада ким ҳам қозилик қила оларди? Балки кўпчилик эътироф этадиган талқинни тўғрироқ дея тан олиш лозимдир? Умуман олганда, бу — дуруст принцип. Лекин юзлаб одам ноҳақ-у, бир одам ҳақ бўлиб чиққан ҳоллар тарихда оз эмас. Мансур Халлож ҳақмиди ё унинг устидан ҳукм чиқарган шайхлар? Орадан 11 аср ўтиб ҳам унинг атиги икки сўздан иборат “АНА-Л-ҲАҚҚ” ибораси устида мунозаралар давом этади… (Бу ибора араб ёзувидан ҳозирги ёзувга “ана-л-ҳаққ” деб ўгирилса ҳам, ёки “ана-л-Ҳаққ” деб ёзилса ҳам маънога путур етади — биринчи ҳолда ҲАҚҚ тушунчасининг талқин доираси тораяди, иккинчи ҳолда эса конкретлашиб қолади.)
Мазмуннинг матнда акс этиш қонунларини, талқин воситаларини ўрганиш ҳозирги замон фанининг жадал ривожланаётган соҳаларидан бирига айланган. Давлат арбобларининг интервью чоғида айтадиган фикрлари ҳар доим ҳам бир қийматли бўлавермаслиги, тагмаъноли иборалар, сўз ўйинлари қўллаб турилиши муаммонинг амалий аҳамияти ҳақида тасаввур берса керак. Матн¬ни бир тилдан иккинчи тилга компьютер воситасида автоматик таржима қилиш масаласи ҳам бу муаммонинг долзарблигини кўрсатади.
Навоий шеърларини фаннинг энг замонавий услублари воситасида тадқиқ этиш ҳали олдинда турган вазифалигича қолмоқда. Ҳозирча эса биз субъектив, ҳатто эмоционалликдан холи бўлмаган ёндашувларга таянишга мажбурмиз.
Хулллас, Навоий ижоди шу қадар мураккабки, ҳатто улуғ шоирнинг бир байтигина анча-мунча мубоҳаса объектига айланиши мумкин. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2002 йилги саҳифаларида (№34 ва №50) фаол адабиётшунослардан Сувон Мели билан Иброҳим Ҳаққул “Ҳайратул-аброр” достонидаги бир байт ҳақида, Фитратнинг қуйидаги мушоҳадаси муносабати билан баҳс юритдилар: “Навоийнинг

Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасун,
Икки жаҳон демаки, жон бўлмасун,

деганидағи қайтиш (санъати) мана шундай кераксиз қайтишлардандир. Чунки бу “икки жаҳон бўлмасун” деганига рози бўлмай, “йўқ, жон бўлмасун” дейдир. Ҳолбуки, иккинчи фикри биринчисидан кучсизракдир”.
Бу байт талқинига муносабатда ҳар икки муаллифнинг мулоҳазалари билан бирга ёндашувлари ҳам ўзига хослиги билан диққатни тортади: олимлардан бири кўпроқ Ғарб тафаккури хазинасидан далиллар изласа, иккинчиси, асосан, Шарқ мутафаккирларининг бой меросига мурожаат этади. Бугун Сувон Мели ва Иброҳим Ҳаққулдай адабиётшунослар борлиги қувончлидир. Қани энди уларнинг сафи кенгайса, республикамизнинг ҳар бир университетида, ҳар бир академик лицейида фидойи навоийшунослар тўгараги мавжуд бўлса…
Шу ўринда матбуот саҳифаларидаги баҳслар шарқона такаллум билан бўлса, деган истак билдирмоқчимиз. Ҳарқалай, мазкур мақолаларда сарлавҳасидан бошлаб (“Ҳазиллашманг даҳо билан” ва “Англаш заковати”) баҳсдошга нисбатан эҳтиромга нисбатан полемика тамойили устунроқ туюлади.
Яна баҳс мавзуи — Навоийнинг юқорида келтирилган байтига қайтайлик. Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, Фитрат Навоийни буюк даҳо деб билган. Масалан, у “Навоийнинг форсий шоирлиғи ҳам унинг форсий девони хусусида” мақоласида шундай ёзади: “Навоий энг улуғ форс шоирларининг энг машҳур, энг қийин асарлариға форсийча жавоблар, назиралар ёзған. Машҳур Хисрав Деҳлавийнинг… бир қасидаси бор: оти “Баҳрул-аброр”дир. Жомийнинг унга бир назираси, ўхшатмаси бор, оти “Лужжатул-асрор” бўлиб, Хисравникига кўра кучсизракдир. Навоий ҳам буларға “Туҳфатул-афкор” отли 26 байтдан иборат бир ўхшатма ёзған: “Оташин лаъли ки тожи хусравонро зевар аст/ Аҳгаре баҳри хаёли хом пухтан дар сар аст” деб бошланған қасида Жомий, Давлатшоҳ каби танқидчиларнинг шаҳодатлариға кўра Хисравникидан қолишмайди”. (Асли 99 байтли бу қасиданинг бироз қисқартирилган таржимаси 1977 йилда Шоислом Шомуҳамедов нашрга тайёрлаган “Алишер Навоий шеъриятидан” китобига, яна бир тўлиқ ҳажмдаги янги таржимаси 2002 йилда Абдуқодир Ҳайитметовнинг “Ишқим чечаклари” китобида берилган.)
Қатор мисолларни шу тарзда таҳлил этиб, Фитрат домла шундай хулосага келади: “Навоийнинг бошқалар билан бўлған адабий мунозаралари ва мана бу чиройлик намуналар Навоийнинг форс тилида ҳам теран, уста бир санъаткор эканин кўрсатади. Унинг форсийчада кучсиз бўлғани тўғрисида Бобурнинг маълумотини кўб-да қабул эткусимиз келмайди”.
Таъкидлаш лозимки, Навоий — даҳо. Навоийдан сўнг Бобур, ундан кейин Фитрат ҳам даҳо.
Энди Навоийнинг мазкур байтига қайтсак, у аслида ҳар жиҳатдан мукаммалдир. Байтнинг бош ғояси — ишқ. Бу сўзнинг мумтоз адабиётда учрайдиган жуда ранг-баранг маъноларига тегинмайлик-да, эътиборни “жон” ва “жаҳон” сўзларига қаратайлик. У қайси бир “жон”у бу “икки жаҳон” қайси? “Жон” сўзи ҳам, “жаҳон” сўзи ҳам индивидуал маънода — тайин шахсга боғлаб тушунилиши ёки глобал маънода — “умуман жон” ва “умуман жаҳон” маъноларига эга деб қаралиши мумкин. Мана шу маъноларнинг қай бири танланишига қараб, 4 хил контекстга эга бўламиз:
Биринчи контекст шундай талқинни беради: Ишқдан маҳрум одам учун икки жаҳондан ҳам маъно йўқ — у дунёда, бу дунёда ҳам саодатдан маҳрум // икки жаҳон эмас, ҳатто у тирикликка — одам бўлиб яшашга ҳам арзимайди.
2- контекст Фитрат домла талқинига мос келади: Одам ишқдан бебаҳра бўлса, унга у дунёнинг ҳам бу дунёнинг ҳам кераги йўқ // икки дунё тугул у жондан воз кечгани яхши”.
3-ва 4-контекстга мос талқинлар: Ишқ бўлмаса, на фақат бу дунё ва у дунёнинг қадри қолмайди // ҳатто ҳаёт (глобал “жон”)нинг маъноси йўқолади.
Таъкидлаймизки, биз “жон” ва “жаҳон” сўзларининг энг юзадаги (лекин бош) икки маъносини қарадик, холос. Агар уларнинг бошқа маънолари ҳам жалб қилинса-чи? (Бундай имконият жадвалчада уч нуқта билан кўрсатилди.) Яна “ишқ” сўзининг, айтайлик, “Маҳбуб ул-қулуб”да санаб ўтилган уч (дунёвий, платоник ва тасаввуфий) маъноси бирма-бир контекстга жалб қилинса, талқин вариантлари ортади.
Хуллас, бир байтда — бир олам мазмун! Энг оддий муҳаббатдан то ишқи илоҳийгача; энг индивидуал туйғудан то инсониятнинг неча минг йиллик фалсафий тафаккури тажрибасигача.
Ва буларнинг бари атиги икки мисра — олти ўзакдан ташкил топган 10 та сўзда!
Ҳолбуки, бу “Хамса”дан атиги бир байт, холос.
Аслида, бу қадар чексизлик Навоийнинг ҳар бир байтига хос, дейилса, ҳақиқатдан йироқ бўлмайди. Чунки ҳазрат Навоий шеърни бир ўзлари ёзмаганлар — қўлларига қалам олганларида фаришталар довот тутиб турган, неча буюк пирларнинг руҳи поклари бошлари узра парвона бўлган. “Садди Искандарий” достонининг ниҳоясида шундай байтлар битилган:

Тутиб Жомию Хисрав икки қўлум,
Низомий сори бошладилар йўлум.

Тўкуб ашк — мендек асири ғаме,
Вале ҳар қўлумға тушуб оламе,
Вале мен бўлуб гарчи ўздин ниҳон,
Кириб икки илгима икки жаҳон.

Сўнгги байтда “жаҳон” фақат глобал маънода эканлиги равшан.
Навоийнинг тафаккур коинотини кўз олдига келтирмоқчи бўлиб, у зотнинг икки жаҳонни икки қўлида тутиб турганларини кўз олдимизга келтиришга уриниб кўрайлик. Эътироф этамизки, тасаввуримиз ожиз. Лекин хулоса шулки, икки жаҳонни икки илкига кирита олган шоир “Ишқ бўлмаса, икки жаҳон демаки, жон бўлмасин” дейишга ҳам батамом ҳақли, албатта.
Ижод чоғида шоирнинг ўз “мен”идан ниҳон бўлиши эса, Навоийнинг ижодкор ва мутафаккир сифатида энг юксак мақомларга етишганига яна бир далилдир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 4-5-сонидан олинган.