Нажмиддин Комилов. Аҳли камол корхонасининг комили (2005)

Низомиддин Амир Алишер Навоий ҳаётлиги давридаёқ ҳам одил давлат арбоби, ҳам улуғ шоир сифатида шуҳрат қозонган эди. Шоирнинг кўплаб ижодкор замондошлари буни фахрланиб тилга олганлар ва унга асарлар бағишлаб, нажиб инсоний хислатлари, саховату ҳиммати, фавқулодда нодир қобилиятини таъриф-тавсиф этганлар. Бу бағишловлар замирида улуғ шоирга бўлган меҳр-муҳаббат билан бирга, юрт ободончилиги, халқнинг маданий-маънавий юксалиши, илму фан, адабиёт, санъат равнақидан қувониш ва қониқиш туйғуси ҳам ифодаланган. Зеро, Навоий асрлар давомида йиғилиб келаётган орзу-армонлар, гуманистик ғояларнинг рўёбга чиқиши тимсоли, халқ идеали эди. Тарих гўё зарурат ва намуна сифатида мукаррам бир шахс сиймосида эзгулик ғояларини мужассам этиб, саҳнага олиб чиққан, у маърифат қуёши каби порлаб дилларни яйратар, ижод аҳлининг қалбини илҳомга тўлдирарди, сўз санъати эса, улуғвор бир илоҳий қудрати билан шуурларни банд этганди.
Чунончи, Аҳлий Шерозийнинг ҳазрат Навоийга бағишланган форсий қасидасини ўқиганда ана шундай фикрлар кўнгилдан кечади. Аҳлий Шерозий — Навоийнинг кичик замондоши. «Мажолис ун-нафоис»да Навоийнинг ўзи таъкидлаганидек, у ҳали «толиби илм» бўлса-да, бироқ «ҳар синф (жанр) шеърда маҳоратлиғ кишидур». Хусусан, унинг қасидалари эл орасида шуҳрат топади. Навоий яна ёзади: «Неча қотла Шероздин рангин қасидалар айтиб юбориб эрди. Бу яқинда Хожа Салмон Соважийнинг маснуъ қасидасиға жавоб айтиб, бир ғариб (ажойиб) рубий доғи изофат қилиб юборибдур. ҳоло онча чоғлиқ қувватлиғ киши демасларки бўлғой».
Маълум бўладики, Аҳлий Шерозий ўз асарларини ҳиротга юбориб, Алишер Навоий назаридан ўтказиб турган, яъни улуғ ўзбек шоирини ўзининг устози деб билган. Салмон Соважий услубида ёзган қасидасини бўлса бевосита Навоийга бағишлаган. Ушбу асар «Қасидаи маснуъ дар мадҳи Амир Алишери Навоий» (Амир Алишер Навоий мадҳида ёзилган маснуъ қасида) деб номланади. Изоҳ бериб айтиш жоизки, махсус нозик санъатлар қўлланиб яратилган қасидалар «маснуъ қасида» дейилган. Бунда шоир фақат байтлардаги сўзлар оҳангдошлиги, тасвирийлик жиҳатидан алоҳида мураккаб бадиий санъатларни намойиш этибгина қолмай, балки, шу билан бирга, аруз вазни баҳрлари, қофия, радиф ишлатишда ҳам турли услублар қўллайди. Яъни бир маромда давом этадиган қасиданинг ҳар бир байтида ўзгача бир санъат, ўзгача бир баҳр ишлатилади. Бундан ташқари, баъзан бир, баъзан икки ёки уч байтнинг мазмуни ва калит сўзларидан фойдаланиб, янги вазн ва қофияда бошқа бир байт шеър илова қилинади. Зеро, қасиданинг ўзини ташкил этувчи байтлар усул (асллар) деб аталса, улардан ҳосил қилинган қўшимча байтлар фуруъ (шохлар) деб номланган. Чунончи, Аҳли Шерозийнинг мазкур маснуъ қасидаси қуйидаги байтлар билан бошланади:

Насими кокули мушкин кирост чун ту нигор?
Шамими сунбули пурчин кужост мушки татор?
Шамим хезад аз оҳу, вале на з-ин хуштар,
Насими гул вазад, аммо чунин на анбарбор.

(Сен каби мушк ҳиди таратадиган нигор кокули яна кимда бор? ҳалқа-ҳалқа сочидан татор мушки ҳиди келадиган яна қаерда бор? Оҳудан хушбўй мушк ҳиди келади, аммо бундай ёқимли эмас, гулнинг насими — хушбўй ҳиди келади, аммо бундай ёқимли эмас.)
Энди шоир икки байтдаги умумий маънодан фойдаланиб ва насим, кокул, мушкин, киро, хезад, хуштар, шамим, пурчин, чунин, анбар сўзларини қўллаб, қуйидаги қўшимча байтни ҳосил қилган:

Насими кокули мушкин киро хезад аз ин хуштар.
Шамими сунбули пурчин кужо резад чунин анбар.

(Мушкин кокилнинг хушбўй ҳиди бундан яхшироқ таралмас, ҳалқа-ҳалқа сочларнинг бундай анбар ҳиди бошқа жойда бўлмас.)
Қасида бошидан охиригача шу усулда давом эттирилган. Боз устига, бутун асар мувашшаҳ санъати асосига қурилган бўлиб, ҳар бир мисра аввалидаги ҳарфлар йиғиндисидан мадҳ этилаётган шахснинг сифатлари ҳосил қилинади ва бу қитъа шаклида охирда илова этилади.
Хуллас, маснуъ қасидада мумтоз адабиётнинг бадиий санъатлари гўё бир жойга йиғилиб, ажойиб сўз сеҳрхонасини ташкил этгандек бўлади. Аҳлий Шерозийнинг маҳорати шундаки, 216 байт — 129 «асл», 70 «фуруъ» байтлар ва 17 байт қитъалардан ташкил топган асарда нотабиийлик ва маънисиз сўзбозликка йўл қўймасдан, ҳазрат Амир Алишер Навоийнинг поэтик образини ярата олган. Қасиданинг ҳар бир байти ўқувчига алоҳида завқ бағишлайди, ҳайратга солади, айни вақтда Навоийнинг буюк тарихий хизматлари, эзгулик йўлидаги ишлари, ижодий мўъжизалари муносиб равишда таърифу таҳсин этилади, ёрқинлаштириб ўқувчи қалбига сингдирилади.
Аҳлий Шерозий қасида муқаддимасида Навоийни «давлат, дунё ва диннинг низомини сақловчи ҳақ таолонинг вакили», дея таърифлаб, қуйидаги шеърни келтиради:

Он ки нашъу намойи гулшани даҳр,
Ҳама аз офтоби ҳиммати ўст.
Сурхрўйии аҳли фазл имрўз,
Чун ақиқ аз Суҳайли давлати ўст.

(Дунё гулшанининг яшнаши унинг ҳиммати қуёшидандир; бугун фазл аҳли юзининг қизиллиги унинг давлатининг лаъли конидандир.)
Мана шу ғоя, яъни Навоийнинг мамлакат маънавий камолотининг сардори ва мададкори эканлиги қасидада ғоят таъсирчан чиройли тасвирлар воситасида изчил очиб берилади. Асарни шартли равишда икки қисмга бўлиш мумкин: 1) муаллифнинг ўзи мадҳ этаётган зотга меҳру муҳаббати изҳори, ундан узоқлиги, дийдори, суҳбатларини соғинганини ифодаловчи байтлар ва 2) Навоийнинг инсон сифатидаги мукаррам хислатлари, саховати, ижод соҳасида амалга оширган улуғ ишларининг таъриф-тавсифи ва баҳоси.
Албатта, қасида, бу — васф жанри. Унда мадҳ, мақтов оҳанги етакчилик қилади, шунга мувофиқ сўз-иборалар, санъатлар танланади. Аммо шуни айтиш керакки, Аҳлий Шерозий қасидасидаги таърифларда ҳеч бир муболаға йўқ эди, унинг таърифлари Навоий сифатларининг айни ўзи эди. Шерозлик шоир бирор-бир тамаъ юзасидан эмас, балки улуғ ўзбек шоирининг амалга ошираётган жаҳоншумул ишларини муносиб баҳоламоқда эди. Чунки Аҳлий Шерозий баҳолари билан Жомий, Хондамир, Бобур баҳолари ўзаро ҳамоҳангдир. Аҳлий назарида Навоий шоир сифатида сўз жисмига янги жон ато этган, давлат арбоби сифатида эса адолат байроғини кўтариб, зулм уйини вайрон этган жасур инсондир.
Чунончи у ёзади:

Яқин, ки ҳам алами адл барафрозудий,
Яқин, ки ҳам жигари зулм гудозад зор.

(Аниқки, ҳам адолат байроғини баланд кўтартирдинг, аниқки, ҳам зулмнинг жигарини ёндирдинг.)
Навоийнинг тадбирлари туфайли мамлакатдан жабру ситам қувилди, чунки унинг фармонининг тиғи ситамкорлар қўлини кесди, «қаламингнинг ҳаракатидан вилоятлар обод бўлмоқда, сен туфайли ҳамма жойда ҳақнинг барака ёмғири ёғмоқда», деб ёзади Аҳлий Шерозий. Навоий бенаволар, ҳақоратланган кишилар ҳимоячиси ва ҳомийси сифатида тасвирланади. Шу боис «Жаҳон мулки унга (Навоийга) банда» бўлгиси келади, Навоий замони — саодат замонидир, деб ёзади муаллиф.
Навоий ҳам туркий ва ҳам форсийда бебаҳо асарлар ижод қилиб, сўз додини берган даҳо шоир: «У сўзга янги жон бағишлаган шундай соҳибқалам санъаткорки, буни ақлу тасаввурга сиғдириш қийин», у «ақлларни лол қолдирди». Ёки қасиданинг мана бу байтларига диққат қилайлик:

Ягона он суханатро чу пайки бод орад,
Диле, ки мурда бувад зинда кунад он гурфтор.
Расондаи ту бад-он пояи сухан, ки имрўз,
Жаҳон гирифта қиёмат зи сияти истишҳор.

(Агар шамол даракчиси ул нодир сўзингни етказса, бу сўз хабари ўлик дилларни тирилтиради. Сўзнинг пойдеворини бугун шундай жойга етказибсанки, унинг шуҳратидан жаҳонда қиёмат қўзғолди.)
Навоий сўзини кўкда малаклар, ерда инсонлар эшитиб роҳатланади, завқ олади, у ҳам назм ва ҳам насрда дурлар сочди. «Бундай ҳар ерда, ҳар замонда ҳурларга сўз гавҳарини нисор этган яна ким бор?», дея тўлқинланиб ёзади Аҳлий Шерозий.
Сўз гавҳарини сочиш — улуғ саховат. Аммо Навоий илму фан аҳлининг ҳожатбарори, ўнлаб маърифат масканлари, мадараса-хонақолар қурдириб, толиби илмларнинг моддий таъминотини таъминлаган беназир сахий инсон сифатида ҳам ном қозонган эди. Аҳлий Шерозий буни ҳам назардан қочирмаган. У Навоийнинг сахий қўлини Нил дарёсига ўхшатади. Зероки, Нилнинг суви юзлаб анҳорларга бўлиниб, бутун бир мамлакатни обод этади, юз минглаб кишилар бу дарё туфайли фаровон ҳаёт кечирадилар.

Латойифи карамаш коми халқ шаҳде дод,
Кафи инояти ў чу баҳре аз эсор

(Карамининг лутфу марҳамати халқ муродини ҳосил қилиб, шаҳду шакарга етказди. Унинг иноят кафти сахийлик вақтида денгиз мисол кўпириб, дур сочади.)
Навоийнинг қалби пок ниятли одамлар интиладиган Каъбага, ўзи эса соликлар (тариқат аҳли)нинг раҳнамоси Хизрга ўхшатилади. Навоий фавқулодда нобиға бир шахс сифатида гавдалантирилган. Аҳлий Шерозий тасвирига кўра, Навоий руҳияти Аршга боғланган, дили эса ҳақ субҳонаҳу таолонинг файзи билан йўғрилгандир. Навоий гарчи тариқат йўлини босиб ўтмаган бўлса-да, аммо Абу Бакр Шиблий ва Жунайд Бағдодий каби шайхлар мартабасини қозонган одамдир, чунки улуғ шоирнинг камолоти, нажиб хулқи, амаллари шунга ҳидоят этади:

Ту Хизри раҳравони ба донишу таҳқиқ,
Ту Шиблию, ту Жунайд аз далойили атвор.
Шаку яқин набарад роҳ дар камолотат,
Ки дар мақоми иноят намуд истиқрор.

(Сен илму дониш ва таҳқиқда йўловчилар Хизрисан, тариқат далилу исботи бўйича Шиблий ва Жунайдга тенгсан. Камолотинг ҳақида шак-шубҳага ҳожат йўқ, чунки иноят мақомида барқарорсан.)
Навоий каби ҳиммати баланд, мард ва покиза хулқли одамни жаҳон кўрмаган, унинг замонида ҳунар ва ижод гуллаб-яшнади, ёшу қари унинг дуосини қилади, душманларининг кўзи кўр, қўлининг калта бўлишини Худодан сўрайди, деб хулосалайди шоир. Аҳлий Шерозий ўз фикрларини қасида охирида келтирилган қитъаларда яна ҳам равон ва гўзал ташбеҳ-истиоралар билан умумлаштириб баён этади. Алишер Навоий комиллик тимсоли, улуғ мададкор ва ижодкор шахс сиймоси бўлиб гавдаланади. Чунончи:

Сарвари мулки карам, ҳокими даҳр,
Комили коргаҳи аҳли камол.
Ҳукми ў доди маҳомид дода,
Адли ў карда адам гарди малол.
Марҳами дарди дили мардуми даҳр,
Маслаҳи ҳоли ҳама дар ҳама ҳол.

(Саховат мулкининг султони, замон ҳокими, камол аҳли корхонасининг комили. Унинг ҳукми эзгулик оламини яшнатди, адолати ранжу малол гардини йўқ этди. У замона кишиларининг кўнгил дардига малҳамдир ҳам ўзи ҳамманинг аҳволини ҳар дамда тузатишга тайёр экандир.)
Аҳлий Шерозийнинг мазкур қасидаси улуғ бобокалон шоиримиз ҳазрат Амир Алишер Навоий номини шарафлаб, авлодларга мужда бўлиб келган нодир асарлардандир. «Навоий номи абадий, унинг фазлу карами асрлар оша пойдор бўлғуси», деб якунлайди қасидани муаллиф. Дарҳақиқат ҳам шундай: асрлар ўтгани сари Навоий ғояларининг қудрати янада ёрқинлашиб намоён бўлмоқда, амалга оширган эзгу ишларининг аҳамияти, салобати аниқроқ кўзга ташланмоқда.
Сўзимнинг охирида Аҳлий Шерозий қасидаси бадииятини ўрганиб, нашр эттирган ва бу китобни каминага лутфан тақдим этган Эроннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходими муҳтарам жаноб доктор Аббос Али Вафойига ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 13-сонидан олинган.