Шунақанги лўнда ҳикматли сўзлар ёки мақоллар борки, уларни ҳамма билади ва ҳамма фойдаланади. Агар бундай ҳикматли сўзларга барча кишилар ишонишмаганда эди, улар асрлардан-асрларга ўтиб келмасди.
КВИНТИЛИАН
Лўнда фикрлаш халққа хос…
М. ГОРКИЙ
Мен мақоллардан жуда кўп нарсани, бошқача қилиб айтганда,— лўнда фикрлашни ўрганганман.
М. ГОРКИЙ
Инсон тафаккури ва тажрибасининг боқий хазиналари минг йиллар оша сўзда жамланади ва абадул-абад яшайди.
М. А. ШОЛОХОВ
Кўчирмалар, нодир фикрлар ва шу сингарилар серқирра шишага қиёс — улар ёзувчиларнинг асарларида сочилиб ётган ақл, билим ёғдуларини бир ерга жамлайди ва бу ёғдуларни ўқувчи онгида ўзгача куч ва жонли тарзда мужассамлаштириб беради.
Ж. СВИФТ
Айрим фикрлар бир ерга жамланган нур оқимидек одамни у қадар чарчатмайди.
П. БАУСТ
Афоризмлар — фалсафий мушоҳадаларни ифодалашнинг деярли энг қулай шаклидир.
Л. Н. ТОЛСТОЙ
Ахлоқ узундан-узун гап, насиҳатгўйликдан кўра ихчамгина ҳикматли сўзларда яхши ифодаланади.
К. ИММЕРМАН
Афоризмлар ҳаёт дарахтида етилган мевадек бўлиши керак.
Ж. НИЗАР
Афоризмлар — ихчам шаклдаги донолик, фикр ва туйғулар жавҳари.
У. ОЛЖЕР
Мақоллар улкан маънонинг уч-тўрт оғиз сўз билан ифодаланган шаклидир.
Т. ФУЛЛЕР
Жамики ҳикматли сўзларда тугаллик маълум даражада қисқа ифода шаклига қурбон берилади.
С. ЖОНСОН
Ақл фикрнинг бир тутамгина нури ва ёғдусини тўплаб олиб, шу беозор лаззатни ҳамма нарсани системага солиш ва ҳамма нарсани муҳокама қилиш касали билан хароб этмагани ҳолда ундан завқланган маъқул.
А. ФРАНС
Шундай фикрлар борки, уларни бениҳоя кенг маънода қўллаш мумкин; шу сабабдан бундай фикрлар қанчалик кўпчиликка мос шаклда ифодаланган бўлса, ақл ва юракка шунчалик кўп озиқ беради, улар шу даражада чуқур ҳис этилган фикрлар бўлиб чиқади.
Л. Н. ТОЛСТОЙ
Ахлоқий афоризмлар маънавиятдаги мустаҳкам негизларни, инсон фаолияти ва онгидаги сабр-бардош асосларини белгилаб берувчи ҳаётий мажбуриятларни, турмуш донишмандлиги, нуқтаи назарларни қисқа шаклда баён этади.
ГЕГЕЛ
Классиклардан ўрганиш ажойиб натижа беради, дарвоқе, уларда ҳаммавақт нимадир учрайдики, у миянгга қаттиқ ўрнашиб қолади, қон ва жисмингга ўтади.
Я. КОМЕНСКИЙ
Мутафаккирларнинг фикрлари билан танишиш мия учун тенгсиз машқ: ақлга ақл қўшади ва фикрни чархлайди.
И. ГЕРДЕР
Мухтасар ифодаланган ўткир фикрлар ҳаётни яхшилашга кўп хизмат қилади.
ЦИЦЕРОН
Теран фикрлар — ақлга ўрнашган пўлат михдек, уларни суғуриб бўлмайди.
Д. ДИДРО
Сўзлар — асрга, фикрлар эса асрларга татийди.
Н. М. КАРАМЗИН
Лўнда ҳикматли сўзлар кишиларнинг миясига сингиб қолади, илдиз отиб, гуллайди, ҳосил беради ва ҳамиша таъсир кўрсатиб боради.
Ф. БОДЕНШТЕДТ
Фикр, ва ҳикматли сўзлар, хонани безаб турган гул сингари кўнгилни безайди.
Э. КАПИЕВ
Гўзал ташбеҳлар гўзал фикрга ярашиб, уни авайлаб туради.
В. ГЮГО
Ҳикматли сўз китоблари ақлнинг мустақил фаолиятига нафақат тазйиқ ўтказади, аксинча, мустақил фаолиятга чорлайди.
Л. Н. ТОЛСТОЙ
Лўнда фикрларнинг афзаллиги шундаки, улар жиддий китобхонни ўзича ўйлашга мажбур этади.
Л. Н. ТОЛСТОЙ
Аксари ҳолларда ёшларнинг мен бировнинг ақли билан яшамайман, деган гапларини эшитасан. Ўйлаб кўрилганларни ўйлаб ўтириш сенга не ҳожат? Тайёрини олиб, олға кетавер. Инсониятнинг қудрати шунда.
Л. Н. ТОЛСТОЙ
Ўзи билан ўзи ўралашиб, ҳеч кимни тан олмай қўйганларга таъна бўлмасину, яхши фикр қаердан олинганидан қатъий назар, ўзингнинг нодон фикрингдан кўра афзалроқдир.
Ф. ЛАМОТЛЕВАЙЕ
Мен, айниқса, зиддиятли ҳодисаларга синчковлигимни уйғотувчи ва ўша зиддиятларни ҳал этиб берувчи ҳар турли ихчам ҳикматли сўзларни қадрлайман.
И. ГЁТЕ
Ақлли одам доимо буюк кишилар синовидан ўтган йўлни танлаши ва энг ажойиб шахсларга тақлид қилиши керак, чунки у мабодо ўша буюклик даражасига кўтарилолмаган тақдирда ҳам ҳар нечук қиттай бўлсада, унинг ёғдусини эмади.
Н. МАКИАВЕЛЛИ